Бир пайтлар буюк ҳинд адиби Робиндранат Тагор «Минбаъд бу заминга Мопассан қадам қўймасин», деб худога илтижо қилган экан. Бу ерда «Ҳиндистон виждони» буюк франсуз адибига эҳтиром сақлаган ҳолда унинг зинокорлик завқ-шавқ билан тасвирланган асарларини назарда тутгани сир эмас. Чунки инсоний фазилатларни емирувчи бундай иллатлар ҳар қандай жамиятни таназзулга етаклайди.
Бугунги глобаллашаётган дунёда санъат воситаларидан бошқа халқлар онгини заҳарлаш, ўзининг одат ва майлларини, мафкурасини сингдиришга интиладиганлар тобора кўпайиб бормоқда. Оммага тез таъсир этадиган санъат турларидан бири бу, шубҳасиз, сериаллардир. У ўзининг қамрови, таъсирчанлиги билан ажралиб туради.
Кейинги йилларда юртимиз телеканалларида Мексика, Колумбия, Венесуела, Корея, Туркия, Хитой каби бир қатор хорижий мамлакатларнинг сериаллари намойиш этиб келиняпти. Уларнинг ҳар бири ўзгача шакл-шамойил, ўзгача руҳий-маънавий хусусиятларга эга. Аммо барчасини ҳам ибратли ёки ижобий дейиш қийин. Масалан, бундан анча йиллар аввал, тахминан 2000 йилларнинг нари-берисида илк бор намойиш этилган, ҳозирда «томошабинлар талабига биноан» такроран эфирга узатилаётган Венесуела кино ижодкорларининг маҳсулоти бўлмиш «Морена Клара» сериалини кўра туриб, кўнглимда қуйидаги мулоҳазалар туғилди:
…Андаро ва Прадолар оиласи орасидаги келишмовчиликлар асосига қурилган бу филм маиший бузуқ одамлар ҳақида, десам янглишмаган бўламан. Назаримда, бугун ён-атрофимизда учраётган баъзи ноахлоқий воқеалар, айрим ножўя ҳолатларнинг илдизини ҳам айнан шу сериалдан топиш мумкиндек. Филм азбаройи қизиқ чиқиши учун воқеалар ривожи шу қадар чалкаштириб юборилганки, ким кимнинг хотини, ким кимнинг эри, ким кимдан бола орттирган … адашиб кетасан, киши.
Бош қаҳрамонлардан бири — Монсарат. У аввал сиёсатчи Эмилиано Андарога турмушга чиқади. Кейин Лисандро Прадога. Иккаласидан ҳам болалари бор. Сериалда қўй оғзидан чўп олмаган инсон сифатида гавдаланадиган Эмилиано Андора ҳам фаришта эмас. У Монсаратгача Розалинда Гусман билан «юриб», бола орттирган. Эмилианонинг иккинчи хотини Эухениянинг ҳам «сир»и бор. Унинг ҳам бировдан боласи бор. Яна кимдан денг — Людовико Прадодан. Бош қаҳрамон Эмилианонинг жияни Валентин Лисандро Прадонинг қизи билан «юриб қўйиб», унга уйланади. Аммо амакисининг қизи Кларани севишда давом этаверади. Валентиннинг дўсти Кристиан ҳам жуда «шўх» йигитлардан. Дўстининг ортидан югуриб, оғзи куйган жононларнинг дардман дилига «малҳам» бўлишга астойдил киришади. Ҳатто Валентин йўқлигида унинг хотини билан кайфу сафони авжига чиқаради. Клара эса болаликдаги дўсти ва қонуний эри Андинони ахмоқ қилиш, алдаш билан овора.
Лисандро Прадонинг ўғлига айтаётган гапига эътибор қилинг: «Онанг бошқа эркакларга кўзини сузмасин, яхшилаб тушунтириб қўй». Шу гапнинг устига ширакайф онанинг ўзи қийшанглаб келиб қолади ва эрига жавобни ўзи беради: «Сенга мумкин-у, менга мумкинмасми?» Энг даҳшатлиси, у буни кейинроқ амалда исботлайди.
Ўзини сиёсат оламининг режиссёри деб биладиган Лисандро Прадо исловатхона очиб олади. Ҳатто тўшакдаги «ўйинқароқлигини» видео камерага тушириб, ўртоқларига кўрсатади. Исловатхонанинг «маликаси» ҳам бегона эмас. Тунлари ўзига Эскарлата деб ном қўйиб оладиган Кларанинг онаси Розалинда Гусман…
Энди холисанилло баҳо беринг. Бундай филмнинг бизга қандай тарбиявий аҳамияти бор ва у ёнимизда экранга кўз тикиб ўтирган мурғак қалб эгалари — фарзандларимизга қандай маънавий озуқа бера олади? Уларга нимани ўргатади? Назаримда, ютуқдан мағлубиятимиз кўпроқ. Бу хулоса — ҳукмимиз мантиқан ва зоҳиран ўз асосига эга.
Сериал қаҳрамонларининг кийим-кечаклари ҳам модага айланмоқда. Ҳатто озиқ-овқат маҳсулотлари, спиртли ичимликлар ҳам сериаллар орқали яширин реклама қилинмоқда. Имиж, соч турмаклари, кийиниш маданияти, татиуровкалар — буларни теварак-атрофга боқиб, ўзингиз муқояса қилиб кўришингиз мумкин. «Сочларингни сариққа бўяб нима қиласан?» деган қўшиқни кўп бор эшитгансиз. Балки, бу фикрларим майдакашликдай туюлар. Хотин-қизларнинг сочини сариққа бўяб юришига аллақачон кўникдик. Нима, ўзлигимиз, қора қош, қора кўзлигимиздан уяламизми? Деярли ҳар сериалнинг ҳар бир қисмида кўзга ташланадиган ўпишиш, қучоқлашиш, жангарилик саҳналарининг ёшлар тарбиясидаги тузатиб бўлмас зиёнини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Дарвоқе, яқинда чет эл оммавий ахборот воситаларида 2012 йилнинг 1 майидан бошлаб Азербайжан Республикаси телеканалларида ёш авлодни миллий руҳда тарбиялаш мақсадида хорижий телесериалларни намойиш этиш бутунлай тўхтатилиши ҳақидаги маълумотга кўзим тушди. Мамлакатимизда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратиш вақти етди, назаримда. Негаки, бугун телеканалларимизда намойиш қилинаётган аксарият сериалларнинг савияси ва уларда илгари сурилган ғоялар «Морена Клара»дан баттар бўлса борки, пеш эмас. Масалан, «Муҳаббат қаҳваси» сериали орқали бир жинс вакилларининг, яъни икки эркакнинг «рисоладагидек» оила қуришлари ва яшашлари кўрсатиб берилди…
— Сериал кўрсам, негадир асабим бузилаверади, — дейди уй бекаси Муҳаббат Эркаева. — Кўрмайман дейману, воқеалар ривожи кейин қандай кўриниш олганини билишга бўлган қизиқишим устун келади. Табиийки, бу пайтда болаларим ҳам ёнимда бўлади.
Шу ўринда савол туғилади. Хўш, юртимизда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Тўғри, Истиқлол йилларида «Чархпалак», «Занжир», «Кўнгил кўчалари», «Домла», «Опа-сингиллар», «Ўзи уйланмаган совчи», «Яхши одамлар», «Шайтанат», «Сержантлар», «Сардор» каби кўплаб сериаллар яратилди. Катта ҳажмдаги ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, янги кинотехнология билан жиҳозланган “Медиамарказ”нинг ишга туширилиши имкониятлар кўламини янада орттирди. Лекин ҳанузгача қамрови кенг сериалларга қўл урилмаётганини ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди. Шунингдек, аксарият сериалларнинг охирига етмасдан тугаб қолаётгани, зўрма-зўракилик, эфир вақтини чўзиш каби ҳолатларга барҳам берилса, хориж сериаллари ҳамда унда илгари сурилган ғоялар чуқур таҳлил этилганидан кейин намойиш этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Зотан, маънавиятга, миллий тафаккурга дахлдор масалалар ҳеч қачон турли важ-карсонлар тарозисида ўлчанмайди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).