Ер юзида ғайритабиий қобилиятли болаларнинг туғилиши тобора кўп кузатилмоқда. Францияда уларга умумқабул қилинган ўзини тутиш қоидалари «ёпишмаган»лиги учун бу кичкинтойларни «тефлонли», Британия оролларида «мингйиллик болалари», Россияда эса «нур фарзандлари» деб аташади. Яна уларга индиго болалар номи ҳам берилган. Эътиборлиси, кимдир улар янги инсоният даври фарзандлари деб жар солса, қолганлар бу болаларда изоҳлаб бўлмас хавфни кўради. Бироқ бу икки тараф ҳам индиго болалар ажойиб, мутлақо янгича психологик фазилатларни намоён этувчи ўғил-қизлар эканлигини инкор этолмайди.
Катор ривожланган мамлакатларда бундай болалар билан ишлаш ҳукумат даражасидаги масалага айланиб улгурган. Миллий интеллектуал салоҳият масалалари бўйича комиссиялар ноодатий қобилият, юқори даражадаги заковатга эга индиголарни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқишни йўлга қўймоқда. Хўш, нега энди турли нодир қобилиятли болаларни айнан «индиго» деб аташ урфга айланди?
«Янги ирқ» вакиллари
Психологлар луғатига индиго болалар атамаси америкалик экстрасенс Ненси Энн Тепп томонидан 1982 йили «Ҳаётингизни яхшироқ тушунишда рангларнинг ўрни» номли китоби ёзилганида киритилган эди. Асарда инсонлар аурасининг рангини таърифлаётган муаллиф илк маротаба инсон қайси психологик гуруҳга мансублигига қараб унинг атрофидаги қобиқнинг рангига эътибор қаратади. Шу ўринда айтиш ўринлики, бугун дунё олимларининг катта қисми инсон танасини қандайдир кўринмас қобиқ – аура ўраб туради, деган фикрга кўшилмоқда. Аниқланишича, сангвиникларда – қизил, меланхоликларда – мовий, флегматик гуруҳи вакилларида – оқ ва холерикларда – сариқ рангли аура бўларкан. Мана, энди инсон қалби ва руҳининг кўриниши ҳисобланган аурани ўрганиш борасидаги тадқиқотлардан ноёб қобилиятли болаларда у кўкимтир сиёҳранг (индиго) рангида эканлиги маълум бўлди. Бу амалда ҳам тасдиқланади: илм-фан ютуқлари бўлган энг сўнгги технологиялар ёрдамида кичкинтойлар суратга олинганида Кирлиан усули орқали уларнинг аура
лари бинафша рангдалиги кўринди. Шундан, «индиго болалар» номи туғилди. Қизиғи, авваллари инсоният тузилишида бинафшаранг аура кузатилмаганди. Шунингдек, «янги ирқ» болаларининг кўз қорачиғи ҳам юмалоқ эмас, ноодатий тарзда юлдузча шаклида экан.
Табиатан келажакни кўра олиш қобилиятига эга Ненси Энн Темп кўплаб психотерапевтлар билан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб боради, Сан-Диего ва АҚШ университетларида дарс беради. 20 йил давомида изланишлар олиб борган Ненси индиго болаларни 5-7 ёшлигидан кузатади. Темпнинг таъкидлашича, бугунги кунда 10 ёшгача бўлган болаларнинг 97 фоизи, 15дан 25 ёшгача бўлганларнинг 70 фоизи индиго тоифасига киради.
Улар қачон пайдо бўлган?
Гениал шахслар ҳар доим бўлган, ҳар бир тамаддунда кузатилгани маълум. Моцарт, Леонардо да Винчи, Винсент Ван Гог, Абу Наср Форобий – булар индиго тоифасидаги инсонлар бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Аммо ҳозирча «янги авлод вакиллари» деб юритилаётган индиголарда мислсиз тафаккур иқтидори билан биргаликда экстрасенсорика, телекинез ва ҳатто телепортация қилиш қобилиятлари ҳам кузатилади.
Индиго болаларнинг кескин равишда кўп туғилиши ўтган асрнинг 70-йилларида бошлаган, бунгача улар саноқли эди. Бу тоифадаги болалар кундан-кунга кўпайиб бораётган бугунги кунда расмий статистикада кўрсатилмаган бўлса-да, уларнинг сони 60 миллионга яқинлашиб қолган деган маълумотлар бор. Ундан-да қизиқроқ фактларни ҳам келтириш мумкин: бугун эллик ёшлиларнинг 1 фоизи, ўттиз ёшлиларнинг 10 фоизи, 25 фоиз ўн-ўн икки ёшлилар индиго. Бироқ жаҳоннинг энг таниқли олимлари ўта юксак истеъдод, гениаллик доимо мия тузилиши, шахснинг психологик ривожида оғиш борлигини билдиради деган фикрда. Олдин бу каби юксак қобилият мингдан бир инсонга бериларди, миллиондан биттада у кераклича шаклланиб, ўн миллиондан фақат биргина шахс ҳақиқатда даҳога айланган.
Болакайларнинг энг умумий жиҳатлари улар ўз қадр-қиммати ҳақида заррача ҳам иккиланмай, ота-онасига ҳам очиқ айтадилар. Хатти-ҳаракатларини изоҳлашни лозим кўрмай, фақат фаолият эркинлигини тан оладилар. Ижодкорлигини сусайтириш, босим ўтказишга ҳаракатни сезганда ўзларини йўқотиб қўйишади. 3-4 ёшида баъзи 60 ёшлиларнинг қўлидан келмайдиган даражада компютер технологияларини ўзлаштириб олиш қобилиятига эга. Танбеҳ, тартиб-қоидаларни бузганликдаги айбловларга парво қилмай, нимага эҳтиёж сезаётганини яширмайдилар ва ҳ.к. Қолаверса, индиго рангдаги аурали болалар телепатик тарзда масофадан туриб бевосита алоқа қилиш, инсоннинг ички органларини рентген каби кўриш, китобни оёқлари, ҳатто товонлари билан ҳам ўқиш, коинотдан ҳам маълумот олиш қобилиятига эга бўлиши мумкин.
Аслида ким бу кичкинтойлар?
Бу болалар ота-оналари уларнинг ёшида бўлгандан ҳам ақллироқ эканлиги ростми? Нега унда дунёнинг энг истеъдодли болалари бугун «эътибор камлиги синдроми» (ADD) касаллигига дуч келган? Минглаб олиму мутахассислар (доктор, педагог, психолог ва ҳ.к) индиго болалар тўғрисидаги ҳақиқатни очиб беришга қаратилган ғояларни ўртага ташлаб, тадқиқотлар олиб борамоқдалар.
Айтиш керакки, ноёб қобилиятли болаларнинг ғайритабиийлиги чақалоқлигидаёқ сезилади, улар кичкиналигиданоқ кимлиги, ҳаётга нима учун келганлигини тез англашади. Докторлар уларнинг кўзларидаги катталарга хос нигоҳни кўриб ҳайратга тушадилар. Одатда янги туғилган чақалоқлар нигоҳини бир жойга жамлай олмаса, индиголар атрофдагилар кўзига болаларга хос бўлмаган синчковлик билан тикилиб турадилар. Улғайган сари ўзларини тутиши, хулқ-атвори тенгдошларига нисбатан ўша болаликда кузатилган қайсарлик ва шитоб билан ўзгариб бораверади.
Биз эса уларни борича қабул қилишимиз, тан олишимиз, улардаги қобилиятни ҳурмат қилган, меҳр кўрсатган ҳолда ҳаётга мослашишида ёрдам беришимиз даркор. Негаки, ҳаётга ижобий назар билан боқадиган, умуман олганда, ақлан ва жисмонан соғлом ҳар бир шахс зарур ҳолларда ўзидаги исталган хусусиятни ўзгартириши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, энг мислсиз, ақл бовар қилмас ҳар қандай ижтимоий ўзгаришлар ибтидоси маълум бир инсоннинг онги ва қалбидан бошланади.
Бир неча йил аввал турли ҳудудларда «магнит болалар» ҳақидаги маълумотлар тарқала бошлади. Масалан, Маша Епифанова (Нижний Новгород) ўз танасида турли металдан ясалган буюмларни ушлаб тура оларкан, танга, қошиқ ва санчқиларни ўзига «ёпиштириб» олиб кун бўйи ҳам юриши мумкин. Унинг дугонаси Таня Свирина эса майда нарсалардан ташқари метал ошхона жиҳозларининг қопқоқларини ҳам ўзида «ушлаб» тура олади. Саратовлик магнит бола Коля Тенкаев танасида дазмолларни кўтариб юради. Новосибирсклик Анна Зверева 12 ёшда бўлиб, у қўллар ва товонлари билан турли оғирликдаги нарсаларни ўзига тортиш қобилиятига эга. Эътиборлиси, улар бундай қобилиятларида ажабланарли жиҳатни кўрмайдилар.
Биомагнитизм устида изланишлар олиб борадиган олимларнинг фикрича, «магнитлик» қобилиятига эга болаларнинг дунёга келиши борган сари кўп кузатилмоқда. Ҳақиқий «магнит болалар инқилоби» юз берган давр эса ўтган асрнинг 90-йилларига тўғри келади. Илм аҳли замонавий болалар билан юз бераётган кўплаб бундай ҳодисаларни изоҳлаб беролмагани каби мазкур вазият бўйича ҳам аниқ асосли жавоб беролгани йўқ. Докторлар эса мутлақо нотўғри ташхис қўйишгача боришмоқда.
Шизофрениями ёки ажойиб қобилият?
Булат Ҳусаинов исмли ғаройиб бола Қозонда туғилган. Тўққиз ойлик пайтида юзгача санай олган бу болакай, икки ёшлигида рус, татар ва инглиз тилларида юзгача санашни билган. Бундан ташқари, у Ожеговнинг изоҳли луғатини ўқишни ёқтирган. Икки ёшга етмай боғчага борган Булат Шаинскийнинг қўшиқларини куйлаётганини кўрганда тарбиячилар ҳайратдан қотиб қоладилар.
Болакай ғоят ноёб хотирага эга эканлигини атрофдагилар у эндигина 1 ёшу 8 ойлик бўлганида сезишган. Биринчи синфга борганида эса унинг ота-онасига фарзандларини руҳий беморлар шифохонасида рўйхатдан ўтказишни маслаҳат беришади. Нима эмиш, болакай ғалатироқмиш?! Шифохонада эса «аутизм» атамаси билан таниш бўлмаган врачлар болага «болалар шизофренияси» деб ташхис қўйишади. Айтиб ўтиш ўринли, ғарб психиатриясида «аутизм» деган тушунча мавжуд бўлиб, бу касаллик эмас, аксинча инсон қалбининг маълум бир ҳолати сифатида изоҳланади. Биргина мисол, Билл Гейтснинг қўл остида энг юқори информацион технологиялар соҳасида фаолият юритадиган қатор истеъдодли аутист дастурчилар бор. Булатга келсак, у мактабда фақат аъло баҳоларга ўқийди, шеър ёзади, аквариумдаги балиқлар «суҳбати»ни тинглашни жуда-жуда ёқтиради.
Ана шундай ажойиб кичкинтойлардан бири Борис Киприянович Волгоградда яшайди. У уч ёшлигидаёқ ажабтовур тарзда чуқур астрономик билимларини намойиш этиб, Марс сайёрасининг тузилишини тўлиқ тасвирлаб берган. Қолаверса, у келажакни ҳам башорат қилади. Вундеркиндлардан яна бири Савелий Косенко 10 ёшида Бауман номидаги университетининг талабаси бўлади. Болакай икки ёшида ўқий олган, етти ёшида компютер дастурларини туза бошлаган. Экстерн ҳолда 5та синфни тугатади, ўн ёшида ўқишга кириш билан биргаликда физикадан дарслик ҳам ёзган, Гиннес рекодлар китобига ҳам киритилган. 16 ёшида Савелий университетни тугатади, қизиғи шундаки, ўсмир бир пайтнинг ўзида икки факултетда ўқиган эди.
Бугун 4 ёшидан бошлаб «фалсафий» шеърлар ёзган гениал истеъдодли Нина Турбина кўпчиликнинг ёдидан кўтарилган бўлса керак. У тўққизга кирганида «Қоралама» номли шеърлар тўпламини чоп эттириб, бутун собиқ иттифоққа донғи кетади. Шундан сўнг у эртаклардагидек машҳурликка эришди: шеърлари 12 та хорижий тилга таржима қилинади, ўзи эса «Олтин шер» («Золотой Лев») мукофотини олади. Унгача бундай нуфузли мукофотга рус ижодкорларидан фақатгина Анна Ахматова сазовор бўлган эди. Ушбу нодир қобилиятли қизчанинг келажаги порлоқ эканлигига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ эди, бироқ у 27 ёшида (2002 йил) руҳий тушкунликка дучор бўлади ва ўз жонига қасд қилади. Бундай мисолларни яна ўнлаб, юзлаб, хатто минглаб келтириш мумкин. Аммо муҳими бу эмас, асосийси уларнинг барчаси бугун индиго деб аталаётган болалар тоифасида эканлигидир.
Бунёдкорми ёки вайронкор?
Психологлар «бинафшаранг» болалардан гениал рассомлар ёки шафқатсиз жиноятчилар, савдойи олимлару мантиқ чегарасидан осонликча ҳатлаб ўтадиган ғайриоддий шахслар етишиб чиқиши мумкин, деган фикрда. Боиси, индиголар ҳеч нарсадан тап тормайди, қўрқув ҳисси, тақиқ уларга ёт тушунча, ўз мақсади йўлида ҳеч нимадан қайтмайди, чунки фақат ва фақат ўзларига ишонадилар.
Мана бир неча йиллардан буён АҚШ ва Канада каби ривожланган мамлакатларда фаолияти индиго болаларни аниқлашга йўналтирилган махсус марказлар бор, махсус мактаблар ҳам ташкил этилган. Исроилда индиголар масаласи ҳукумат даражасидаги вазифага айланган. Францияда салоҳият даражаси (ИҚ) 130 дан юқори бўлган ёшлар давлат ҳисобидан исталган нуфузли олий таълим масканида таҳсил олиш ҳуқуқига эга. Россияда мазкур масалага бағишланган илк кенг доирадаги мажлис 2006 йил кузда ўтказилган, унда бундай болаларни тарбиялаш контсепциясини ишлаб чиқиш таклифи ўртага ташланган.
Бу ерда яна бир маълумот ўринлидир, сўнгги йилларда АҚШда онгли равишда ўзларини атрофдагиларга қарши қўйиб, норозилик билдираётган мактаб ўқувчиларига эътибор кучаймоқда. Боиси, АҚШ, Япония ва Германияда ўз мактабдошлари, устозларига қарата ўқ узган ўқувчилар индиго тоифасига кирадиган шахслар эканлиги сир бўлмай қолди. Сабаб эса оддий: атрофдагилар бу нооддий инсонларни борича қабул қилмаган эди, улар шу йўл билан қасд олишди.
Шундан сўнг кўпчиликни индиголар жиддий зарар, талофатлар ҳам етказиши мумкинми, деган савол қизиқтира бошлади. Аслини олганда, улар табиатан хавфли эмас, вайронкор мақсадларни кўзламайдилар ҳам. Бироқ агар жамият уларни қабул қилишни истамаса, уларга хос бўлмаган жиҳатларни мажбуран сингдиришга уринса ёки жазоламоқчи бўлса, индиголар тажовузкорликни намоён этиши эҳтимолдан холи эмас.
Индиголар алдашга бўлган ҳаракатни сезса ҳам агрессив муносабат билдириши мумкин, бундан кейин уларнинг ишончини қайтариб олиш жуда мушкул, баъзида эса имконсиз ҳам. «Бинафшаранг аурали» болалар ўта кузатувчан ва зеҳни ўткир, улар ота-онаси, атрофдагиларнинг камчиликларини жуда аниқ сезиб, бундан фойдаланишдан тоймайди, виждонан қийналмайдилар ҳам. Негаки, болалар уларга муҳим вазифа юклатилганига қатъий ишониб, тўсиқлардан қўрқмасдан, мақсадга эришиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдилар.
Ҳамма гап ген тузилишида (ми)?!
Индиго болаларнинг интеллектуал ривожланиш коеффитсиенти ҳозирда ўртача ҳисобда 130 кўрсаткичга тенг, 20 йил аввал эса бундай салоҳият даражаси 10 000дан биттагина одамда кузатилган ва даҳолик белгиси ҳисобланган. Бундан ташқари, бу тоифадаги кичкинтойлар шунчалик фаол, тиниб-тинчимаски, чеки йўқ. Кўпинча ҳамма нарсага қизиқувчан болакайлар бир севимли машғулоти билан мунтазам шуғуллана олмайдилар. Улардан фарқли «янги авлод болалари»ни ўзлари чиндан ҳам қизиққан нарсадан ажратиб бўлмайди, қийинчиликлар уларнинг шаштини сўндирмайди, аксинча, янада кўпроқ жалб этади. Улар танлаган йўналишидан четга чиқмай шитоб билан ҳаракатланиб, мақсади йўлида ақл бовар қилмас ютуқларга эришадилар. Қунт, серҳафсалалик билан фикрини жамлаган ҳолда ўз қизиқишини қондирмагунча тўхтамайдилар. Болаларга ёт тарзда чуқур тафаккур қилиб, дунёнинг тузилиши, борлиқ ҳақидаги мулоҳазали фикрларни билдиришади, энергия, куч-қувватни бемалол бошқара олишади.
Маълум бўлишича, индиголарда бош миянинг иккала яримшари ҳам тенг ривожланган бўлиб, бу уларнинг имкониятлар уфқи ниҳоятда кенг дегани. «Янги ирқ вакиллари»нинг (шартли равишда уларни шундай атасак) иммунитет тизими ҳам оддий инсонларникига нисбатан анча такомил. Тадқиқотлардан маълум бўлдики, индиголар иммунитети оддий болаларникидан 25 баробар кучли экан. Ҳаётда ҳатто шундай воқеалар бўлганки, индиго болалар ўзларини СПИД касаллигидан даволай олган. Мана, масалан, АҚШда СПИД билан касалланган ота-онадан туғилган чақалоқнинг дастлабки тиббий текширувдан ўтказилган кичкинтойда ҳам инфекция борлиги аниқланади. Лекин бола олти ёшлигида яна бир марта тиббий текширувдан ўтади, шунда унда вирус буткул йўқолиб кетганлиги маълум бўлади. Бундан кейинги натижалар янада ҳайратланарли эди: болакай танасидаги ҳужайралар уларга вирус таъсир қилганига қарамай, касал юқмайдиган, таъсир қилмайдиган соғ ҳужайралар каби бўлган. Шунда олимлар ДНК таҳлили ўтказмоқчи бўлишади. Аниқ бо
ълишича, болакайда 24та кодон (генетик маълумот ташувчиси) фаолият юритиб, бу оддий одамларга нисбатан 4тага кўп дегани.
Шу сабаб, генетик олимларнинг фикрича, ҳамма гап ген тузилишидадир. Одатда одамларнинг ДНК молекуласида 64та кодон, яъни генетик маълумот бирлиги мавжуд бўлади. Янги ирқ вакилларида 35 ва ундан ортиқ кодонлари тўла фаолият юритса, оддий инсонларда фақатгина 20таси ишлайди. Афтидан, 64та кодондан «ухлаб ётган» 44таси заҳира бўлса керак, улар «уйғонган» заҳотиёқ инсонда янгидан-янги фазилатлар, қобилиятлар пайдо бўлади. Индиголарда туғма даволаш қобилияти бўлиб, улар бундан кўпинча ҳатто ўзлари сезмаган ҳолда тўла фойдаланишади. Бундай болакайлар ўзгалар фикри, ҳолати, қалбини очиқ китобдай ўқий оладилар, уларни бошқаришга бўлган ҳар қандай интилиш, ҳаракатнинг энг яширин шаклини ҳам дарҳол сезиб, бу ҳолатни илдизидан бартараф қилишга эришишади. Ҳайратга соладиган интуицияга эга индиголар энг мураккаб вазиятда ҳам ёшига хос бўлмаган тарзда оқил қарорларни қабул қила оладилар. Эътиборлиси, улар жуда мустақил ҳамда ҳақоратомуз вазиятларда ҳам ўзларини мағрур тутадилар. Индиголарнинг оддий инсонлардан фарқли томонларидан яна бири – ўта ботиний қарама-қаршиликлар, зиддиятларга тўла шахслардир. Уларда бир пайтнинг ўзида меҳр-муҳаббат ва нафрат, соддадиллик ва муғомбирлик, маълум билимларга зўр иштиёқ ва қолганларига нисбатан буткул бепарволик мужассамлашган бўлади. Ўзларини қизиқтирган нарсаларни яримта сўздан ўзлаштириб, айниқса, рақамли технологияларни жуда яхши тушунадилар Ўз қадрини жуда яхши англаган бу болакайлар ҳеч кимни тан олмай, буйсунишни ёқтирмайдилар ва улардаги айнан шу жиҳат атрофдагилар ғазабини келтиради. Реал ҳаётга мутлақо бошқача назар билан қараб, муаммоларнинг бошқалар сезмайдиган жиҳатларини эътиборга олган ҳолда ноанъанавий ва кутилмаган ечимларни таклиф этадилар.
Бироқ бу ажойиб истеъдодли болакайларни универсал бўлишига қарамай, кўпинча кундалик ҳаёт ва мактабда муаммолардан холи деб бўлмайди. Индиголар таълимнинг авторитар усулларини кескин равишда инкор этиб, аксарият ҳолларда ўқитувчини эшитмайдилар, уларда тез-тез ахборот каналининг аудиал ва визуал ёпилиши юз беради. Улкан интеллектуал потентсиалга эга бўлса-да, имтиҳонларда қийинчиликларга дуч келади. Ўзлаштиролмаганлиги учун эмас, фанларни керак, кераксизларга ажратгани, кимнингдир олдида (ҳатто имтиҳонда бўлса ҳам) жавоб беришни ўзларига эп кўрмагани учун. Жамиятга мослашиш улар учун мушкул иш, одамлар орасида ўзини тутиш қоидаларига бўйсунишни истамайгина қолмай, ўзгаришни ва хатоларини тан олишни инкор қиладилар. Индиголар учун энг муҳими табиатан ўзларига ўхшаш инсонлар орасида бўлиш.
Буюк инқилоб яратувчилари
Мутахассислар бир саволни ўзларига беришдан чарчамаяптилар: хўш, индиголарнинг Ер юзидаги вазифаси нимадан иборат? Улар топган энг мақбул жавоб: оламга йўқолиб бораётган уйғунликни қайтариш индиголарнинг мавжудлиги мақсади. Афтидан, «янги авлод» ўз тафаккури оламига ғарқ бўлиб, руҳият имкониятларини тўла эгаллаб олиш, бошқача қилиб айтганда, фикр ва туюларини бошқара билиш, биоенергетик тузилмалар фаолиятини бошқаришни ўрганиш ва қолганлар (ҳаммани бўлмаса-да, ҳар ҳолда тайёрлар)ни ҳам бу каби янги билимларни ўзлаштиришга ўргатиш ниятида дунёга келган.
Индиголар атрофга ёрқин нур, соф энергия таратадилар, ҳукмронликни хуш кўрмай, табиатан яратувчанлик қобилиятига эга бўлишади. Улар бор жойда доимо ўзаро уйғунлик ва бир-бирини тушуниш туйғулари ҳукмрон. Энг юқори технологиялар – компютер, телевизор, мобил телефонлар, рақамли техник жиҳозлар оламида бўлса ҳам, ҳеч қачон техника тараққиётини инсонийликдан устун қўймайдилар. Бошқача қилиб айтганда, индиголарнинг борлиги адолат мезони мавжудлигини кўрсатади. Шу сабаб, қалбан нопок инсонларгина улардан кўрқиб, хавфли ҳисоблайдилар, самимий ва эзгу ниятли инсонлар учун эса индиголар эришилган ютуқлар сафини янгилари билан тўлдиришда айни муддао. Аммо ҳозирда яна бир муаммо юзага келиб, мутахассислар диққат марказида турибди. Аниқланишича, бошпанасиз, қаровсиз қолган болалар сони ошаётган ҳозирги даврда, уларнинг орасида индиголар ҳам йўқ эмас. Агар аҳвол шу тарзда давом этаверса, унда келгусида бизни нималар кутмоқда?
Индиголар ўзлари мисолида умр бўйи одамларга эзгу ниятли ҳаётни, яъни ҳар бир инсоннинг ҳиссаси қўшилиб, бошқалар билан ҳамжиҳатликда илм-фан ва маданиятнинг барча жабҳаларида улкан силжишлар амалга ошириладиган инсониятнинг Олтин асрини яратиш имконини кўрсатиб борадилар. Шундан, ҳақли равишда уларни янги давр, янги олам яратувчилари ва она сайёрамизнинг ижобий томонга ўзгаришдаги энг катта умиди дейиш мумкин. Катталардан талаб қилинадиган асосий нарса эса бу болаларнинг ҳаётга мослашишида кўмаклашишдан иборат. Зеро, Роберт Окер таъкидлаганидек: «Биз болаларга нимани эмас, қандай ўйлаш, фикр юритишни ўргатишимиз лозим. Вазифамиз билим берибгина қолмай, уларга оқилликни ҳам ўргатишдир. Оқиллик эса фақат билимлар мажмуи эмас, балки улардан самарали фойдаланиш ҳамдир. Шу нуқтаи назардан, болаларга дунёни кашф қилишга ва унда ўз нуқтаи назаридаги ҳақиқатни излашга ҳалақит бермаслик керак. Тасаввурни такомиллаштириш, виждонлилик ва масъулиятни шакллантириш, меҳр асосида тарбиялаш – ХХI аср таълим тизимининг асосий масалаларидан. Умуман олганда, инсониятнинг келажакдаги моҳияти ҳам шунда».
Наргиза Иброҳимова
“Маърифат” газетасидан олинди.