Гулчеҳра Жамилова. Яхши сўзнинг қудрати

http://n.ziyouz.com/images/baxt.jpg

Эрталаб уйдан чиқаётиб, пастдан қаттиқ-қуруқ товушларни эшитдим. Биринчи қаватда эшиклари рўпарама-рўпара бўлган икки қўшним йўлакни супурмаганликда бир-бирини айблашарди. Зинапояда тўхтаб қолдим. Уйга қайтиб кирай десам ишга кечикаман. Пастга тушай десам, икковиям мени тўхтатиб “дарди”ни тўкиб солишади (илгари бундай ҳолатлар кўп бўлган). Бошим қотди. Жанжал анчага чўзилди, иккови уй-уйига кириб кетишгандан сўнг шошиб йўлга тушдим. Шу куни ишим ҳам унмади, эрталабки дилхиралик руҳиятимга салбий таъсир кўрсатган эди.

“Жанжаллардан четга қоч, яхшиларга эргашиб, ёмонлардан узоқ юр. Ҳалол ризқ топсанг соғлом бўласан, қаноат қилсанг хотиржам яшайсан. Ўзгаларга бахт тиласанг ўзингга ҳам қайтади. Ҳар нарсада меъёрни сақла, парҳезкор бўл”, дейилган Тибет донишмандларининг ўгитларида. Ўқиганларим болаликда Зулфизар момом айтган ҳикматларни ёдга солади. “Ўзингга шукр”, деган сўзни шеър қилиб ёдлаб олган момо ҳовлисида ўрмакда гилам тўқиган кезлари томоша қилгани борардик. Қўли ишдан, оғзи гапдан бўшамасди, мақол-маталларга уста эди. Бизга: “Асло уришманглар, қаноатли бўлинглар, одамлар бир-бирига яхшилик қилиши, тўғри яшаб ҳалол пул топиши керак, бу муқаддас китобда ҳам ёзилган”, дер эдилар.

Балки эшитгандирсиз, япониялик тадқиқотчи Масару Эмото махсус тажриба ўтказиб, сувнинг ҳам хотираси борлигини исботлади. Унинг аниқлашича, сув “кўради, эшитади ва таъсирланади”. Демак, биз ичадиган сув тирик биологик мавжудот экан! Япон олими икки стаканга тоза сув солади, сўнг идишларнинг бирига қараб жаҳл чиққанда тилга олинадиган сўзларни айтади, яна бирига меҳр билан тикилиб яхши гапларни пичирлайди. Кейин электрон микроскоп ёрдамида сув кристалларини суратга олади. Яхши сўзни “эшитган” идишдаги сув худди нилуфар гули каби чиройли шаклда кристаллашган, ёмон сўздан “таъсирланган” идишдаги сув кристаллари эса аксинча, булутдек қўнғир тусли, кўпроқ лой парчасига ўхшаш. Қаранг-а, оддий сувимиз айтилган яхши-ёмон сўзни ўз хотирасига жойларкан! Инсон танасининг етмиш фоизи сувдан иборат эканини ҳам ҳисобга олсак, унинг қалбида бу жараён қандай кечиши бизга кундай равшан бўлади.

Анча йиллар олдин маҳаллалардан бирида ёш эр-хотиннинг қўйди-чиқдисига гувоҳ бўлиб қолдим. Уларнинг ҳар иккиси маҳалла фаоллари олдида бир-бирини шунчалик қаттиқ ҳақоратлашдики, “Энди булар умрбод бир-бировининг юзига қарамаса керак”, деб ўйлагандим. Орадан бирор ой ўтиб яна шу маҳаллага йўлим тушди, ҳалиги келин-куёвни суриштирдим, “ярашиб кетишди” дейишди. “Хайрият” дея кўнглим ёришди, лекин ўшандаги жанжал пайтида мен эшитган сўзлар бирров қулоқларимни ёндириб ўтди.

Кўпчилик оилавий можароларда эркак ва аёлнинг ғазабу нафрати кучайиб, тилларига эрк беришади, бир-бирининг қалбларини аямай жароҳатлашади. Жаҳл келганда ўзини боса олган киши энг кучлидир, дейилади ҳадисларда. Кейинчалик ҳар эслаганда уялиб юрмаслик учун хаёлимиздан ўтган ёмон фикрни овоз чиқариб айтишдан сақланишимиз керакмикин, деб ўйлаб қоламан. Негаки, бу нарса фақат айни вақтдаги кайфиятимизга таъсир этиб қолмай, балки соғлиғимизни ҳам издан чиқаради. Шифокор олимларнинг таъкидлашича, юрагимиз хафагарчиликларга энг сезгир аъзо бўлиб, салбий таъсирлар туфайли унинг қисқариш мароми бузилади, қон ҳамда танадаги бир қанча суюқликлар таркиби ўзгаради, оқибатда иммунитет (касалликларга қаршилик кучи) сусаяди. Шундай кезда одамга бирорта хасталик “ҳужум” қилиши осонлашади.

Ривоятларга кўра, бурунги замонда аёлини ҳар қадамда айблаб, тинмай ҳақоратлайверадиган бир киши бўлган. “Бу одамнинг оғзидан чиққан сўзга илон ҳам пўст ташлайди, токайгача унинг сўкишларини эшитиб яшайсан”, дейишибди яқинлари аёлга. Лекин тошдан садо чиқса чиқаркан-у, аёл индамай яшайвераркан. Йиллар ўтиб эркак дардга чалинибди, меҳр билан парваришлаётган аёлига шундай дебди:

— Бир умр сўкишу ҳақоратларимдан бўлак ҳеч сўз эшитмадинг, қандай қилиб мендек одамга чидаб юрибсан-а?

— Қиёматда сабрлилар қаторида бўлмоқчиман, — дебди аёл.

— Соғайиб оёққа турганимдан сўнг сендек аёлим борлигига доим шукрона келтираман ва бу билан қиёматда шукрлилар қаторида бўлурман.

Аёл бунга жавобан шундай дебди:

— Тангрим шукрли бандаларига раҳмат назари билан қарайди, лекин сабрлиларини беҳад севади!

Ривоят замиридаги ҳикмат шундаки, сабрнинг адоғи — қувонч, лекин сабр учун ўзида куч топа олган инсонга ҳар қанча таҳсин ҳам озлик қилади!

Айтишларича, чет эллик олимлар баъзан оддий йўловчиларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ тутишаркан. Хўш, ким нимани гапираяпти? Кундалик сарф-харажатлар ва бозордаги нарх-наво ҳақида шунчаки сўзлашаётганлар кўпми ёки илм-фан ва келажакдаги ўзгаришлар хусусида куюниб гаплашаётганлар кўпроқми — шу ҳақда билишни исташаркан. Уларнинг назарида ўзаро мулоқотлар кишиларнинг кайфияти, орзу-умиди ва эртанги кунга ишончидан дарак беради.

Ривоятда келтирилишича, чўли биёбонда ёз жазирамасида ҳаллослаганча бир йигит кетиб борар эди. Орқасига осилган кўзачадаги сувига онда-сонда қўл теккизиб қўяр, сўнг яна илгари одимларди. Кўкда парвоз қилиб юрган бургут бу одамни кузатибди. Сўнг: “Эй, инсон боласи, кўзачангдаги сувни ичсанг-чи, акс ҳолда нобуд бўласан”, дебди. Шунда йигит: “Сувим борлигини биламан, лекин уни ҳозир ичсам манзилга етиб боролмайман, чунки шу сув мен учун умид ва куч-қувват”, деб жавоб қайтарибди.

Орзу қилиб, умид билан яшаш ва ўз кучига ишониш инсонни олдинга етакловчи куч эканини биламиз. Шу учаласи ҳаётимизнинг мазмунини ҳам белгилайди. Кўзлари ожиз бўлса-да инглиз шоири Ж.Милтон бу ҳақиқатни уч юз йил аввал кўра олган ва “Инсон тафаккури қалбидадир, унинг ўзи жаннатни дўзахга, дўзахни жаннатга айлантира олади”, деган экан. Эшитиш, кўриш ва гапириш қобилиятлари бўлмаган америкалик машҳур адиб Элен Кллер эса: “Ҳаётим нақадар ажойиб ўтаяпти”, деб тинмай таъкидлаган. Ҳар қандай оғир даврда ҳам орзу қилишдан тўхтамаган, умидсизликка берилмасдан манзил томон дадил бораверган халқнинг фарзандларимиз. Томирларимизда жўш ураётган барча инсоний фазилатлар бизга аждодларимиздан меросдир. Ҳаётсеварлигимиз ҳам аслида шундан. Ўйлаб кўрсак, ҳаётимиз аслида у ҳақда нимани ўйлаётганимизнинг ўзгинаси экан. Агар биз бахт ҳақида хаёл сурсак, ўзимизни бахтли ҳис этамиз. Ўйларимиз ғамгин бўлса, тушкунлик гирдобида қоламиз. Нуқул касалликлар ҳақида ўйлайверсак чиндан ҳам дардга чалинамиз. Демакки, салбий фикрларимиз моддийлашиб бизни ёмонликка бошламаслиги учун ҳушёр бўлганимиз маъқул. Айтилажак ҳар бир сўз олдидаги масъулиятни унутмаслигимиз жоиз.

Сўзнинг қудратини қаранг! Жон олгувчи ҳам сўз, жон бергувчи ҳам сўз. Жонбахш сўзимиз билан дунёни безатиб яшасак қани эди? Қишлоғимиз донишманди Зулфизар момом эса: “Жонини сақлайин деб молини қурбон қиладилар, аслида бировга айтилган яхши сўз ҳам садақа ўрнига ўтади”, дер эдилар. Дунёни суяб тургувчи бизнинг яхши сўзимиздир, демоқчи бўлади момом.

Бир маҳалладан чиқаверишдаги кўча дарвозаси тепасига катта ҳарфлар билан “Оқ йўл, сизни оилангиз кутади”, деб ёзилган. Эрталаб йўлга отланган киши шу ёзувга, албатта, кўзи тушади. У қай ёшда бўлмасин, ёзувни ўқигач оиласига меҳри янада улғаяди, шу лаҳзадаёқ яқинлари ҳаётига масъул эканини яна бир карра фаҳмлайди. Оиласидагилар қувончи учун ўзини янада кўпроқ асраши лозимлигини тушунади.

Ўйлаб қоламан. Яшашдан асл мақсад ўзгалар юкини елкалашиб, ён-атрофдагиларнинг бахтли бўлишига кўмаклашиш экан, бунинг учун нечун сўз кучидан фойдаланмаймиз? Ахир, биз юзлаб-минглаб юракларга сўз билан кириб борамиз, уларни уйғоқ сўзимиз билан забт этишимиз мумкин-ку.

Албатта, ҳою ҳаваслар рўёбини бахт деб биладиган аёл илму ижод баҳслари қайнаган давраларга сиғмайди. Бордию у икки-уч бора шу давралар суҳбатини охиригача жимгина тинглаб ўтирса, шубҳасиз, дунёқараши ўзгаради. Рўзғоридаги камчиликларни гапириб адо қилолмайдиган ёхуд дуч келганга дардини айтиб кўз ёш тўкаверадиган аёлга: “Баъзи бировлар қайғуси олдида сеники ҳеч гапмас, ҳадеб обидийда қилавермай яхши кунлар ҳақида ўйла”, десак кифоя, аёл ўша вақтнинг ўзида бўлмаса ҳам уйига боргач бу гапнинг мағзини чақади. Гоҳо иши юришмай аламини ичкиликдан оладиган одамга кимдир: “Қўлингдаги шайтон сувини тўкиб ташла, ўзингни фалокатдан қутқар” деса, ҳарҳолда у кейинги сафар ичаётганида бироз мулоҳаза қилади, ёмон одатини ташлашиям мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳар биримиз ҳам ён-атрофимиздагиларнинг ҳаётини ўзгартиришга қодирмиз. Чунки биз айтажак сўз улкан қувват манбаи, кучли қудратга эга. Оламга гўзалликлар тиласак, у янада чиройли бўла боради.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 47-сон