— Қўлимда нима бор? Тополмадингиз. Келинг, энди бошқа савол бериб кўраман: Менинг компьютерим қайси томонимда жойлашган? Бунисиниям тополмадингиз. Ҳеч бўлмаса, телефонни қайси қўлимда ушлаб турганимни айтарсиз?
Мени ақлдан озипти, деб ўйладингиз, шекилли? Агар юқоридаги саволларни ўқиб, хаёлингизга ана шундай ёки шунга яқин фикр келган бўлса, хафа бўлмайман. Ажабланишга, “журналист деган масъулиятли номни орқалаб олиб, бунинг устига, тўғридан-тўғри оммавий ахбарот воситасидан туриб бонг уришга бундан ортиқ савол тополмаптими?” дея эътироз билдиришга ҳаққингиз бор. Лекин бу эътирозлар менга тегишли эмас, чунки саволлар меники эмас.
Тунов куни мумтоз қўшиқлардан тинглаб, бир ҳордиқ чиқаргим келиб қолди. “Машъал”ни излаб топгунимча кўпгина FM тўлқинларига қулоқ тутишга тўғри келди. “Sezam”, “Navro`z”, “Grant”, “Poytaxt”, “Vodiy sadosi”, “O’zbegim taronasi” ва шу каби бир қатор тўлқинларнинг кўпайиб қолгани одамни қувонтиради. Чунки тингловчиларда танлаш имконияти кўпайган, бир тўлқин ёқмаса, бемалол иккинчисини эшитиш мумкин. Аммо шундай тўлқинлардан бирида янграган юқоридаги саволлар қулоғимга чалинаркан, аввалига, булар болаларга бирор бир ўйин ўргатишаяпти, шекилли, деб ўйладим. Янглишган эканман. Бу бошловчи билан тингловчининг суҳбати бўлиб чиқди. Улар халққа “маънавий ҳордиқ” бериш учун хизмат қилаётган эканлар.
Ўзининг ва суҳбатдошининг қимматли вақтини совуриб, телефонда соатлаб бекорчи гапларни алжираб ўтиришнинг ўзи савиясизликнинг, маънавий саёзликнинг бир белгиси. Энди бу маънисизликнинг тўғридан-тўғри оммавий ахборот воситаларида намойиш этилишига, бунинг устига, бошловчининг ўзи шунақанги кераксиз гап-сўзлар билан минглаб тингловчиларнинг вақтини ўғирлаб ўтиришига нима дейиш мумкин? Тингловчига нима беради бунақанги суҳбатлар? Бир томондан, ҳафсалам пир бўлиб, иккинчи томондан, ичимдан зил кетиб, бошқа тўлқинларни бурашда давом этдим. Энди, бунисига чидаб бўлмайди. Ишонасизми, улар қайси куни нима иш қилсангиз, ўғил фарзанд пайдо бўлиши, қайси куни қиз бўлиши тўғрисида ўргатишяпти. Қолган кунларда эса ҳимояланувчи воситалардан фойдаланиш керак эмиш.
Ана шунуқа! Улар бу борада Худодан ҳам ўзишга ҳаракат қилаётган эканлар. Буниси ҳам майлику-я, қолган кунларда ишлатиш керак бўлган нарсанинг номини мен айтганчалик номлаганда ҳам бошқа гап эди. Уларнинг ошкора таърифини ишлатишга менинг тилим бормайди.
— Журналист деган сал эркинроқ бўлиши керак, акс ҳолда, мухлисларингдан айрилиб қоласан, — дейди улардан бири менинг эътирозимга жавобан. — Мақсад не эди, жаҳона келдинг, Кайфиятингни баён этиб кет.
Унинг оғзидан шоира Нодиранинг гўзал мисраларини эшитиш менга ёқади. Ундан олдинроқ айтган фикри ҳам хато эмас. Эркинлик, айниқса, сўз эркинлиги таъминланган юртда тафаккур ривожланади. Халқнинг кўнглидаги ҳақиқатлар юзага чиқади, фикрдан фикр туғилади. Тафаккур чархланади. Шуларни ўйлар эканман, уларнинг фикрлари анойи эмаслигидан мамнун бўлиб қўяман. Аммо шу лаҳзанинг ўзида мамнунлик ўрнини аянчли оғриқ эгаллайди. Чунки бу гапларни гапирган кимса мактаб ўқувчиси эмас, халқнинг дардию қувончига шерик бўлиш баробарида, унинг маънавиятини тарбияловчи журналист эди. Одамлар унинг гап-сўзларидан, хатти-ҳаракатларидан ибрат олади, унга эргашади, ҳали дунёқараши шаклланиб улгурмаган ёшлар онгидаги бўшлиқни бир қадар унинг қарашлари билан тўлдиради. У эса… унинг ўзи аллақандай бачканаликларни, беҳаёликларни эркинликка йўйаяпти. Эркинликнинг вазифасини мана шулардан иборат, деб билаяпти.
Чет эл журналистларининг ўзини тутиши, гапиришидаги эркинлигидан ибрат олиш кераклигини айтиб, ўзларини оқлагандек бўлади улар. Келинг, шу ўринда Жеферсон шаҳарчасидаги бир сенатор аёлнинг ўзбек журналисти саволига берган жавобини эслайлик: “Ойдан ерга тушган жонзот Америка сиёсий тизимини кўриб, ҳайрон қолган бўларди — биз, сенаторлар, Америка халқидан ҳам кўпроқ Америка журналистларидан қўрқамиз. Халққа ёқишдан кўра уларга ёқишга кўпроқ ҳаракат қиламиз”.
Мана буни эркинлик, дейиш мумкин. Мана бундан ўрнак олса бўлади. Чет эл журналистлари эркинликдан фойдаланиб, ҳақиқатни қарор топтирадилар, халқнинг ғамини ейдилар. Халқнинг ғамини ейиш орқали ўзларини машҳур қиладилар, газетасини, ТВ ва радио тўлқинларини танитадилар, шу йўл билан мухлислар орттирадилар. Бошқа миллатларнинг ўзини тутишию, улар менталитетига хос бўлган имо-ишораларни ўзлаштириб олиб, ўзини кўрсатиб қўйиш орқали эмас.
“Ўзини кўрсатиб қўйиш”, дея бекорга ишлатмадим. Кўпгина бошловчилар ўз маҳаллий шевасида олифталик билан шунақа бижирлайдиларки… Ўзбек адабий тилидаги сўзларнинг бу қадар бузиб айтилаётганини эшитиб, ўйлаб қоламан: болалигимда бирор бир сўзнинг ёзилиши ёки талаффузи хусусида ўртоқларим билан баҳслашиб қолсам, ўз фикримнинг тўғрилигини исботлаш учун уларнинг қўлига газета тутқазардим, телевизор кўриб, радио эшитишларини тавсия қилардим. Хаёлимда, журналист ҳеч қачон хато қилмайдигандек, уларнинг гапи — гап эди. Демак, ҳозир ҳам болалар уларга ишонадилар, уларга қараб тўғри ёзадилар, тўғри гапирадилар, уларга қараб хато қиладилар. Икки-уч бошловчининг шунчаки олифталиги она тилимиз учун қимматга тушиши мумкинлигини нега уларнинг ўзлари тушунмайдилар?
Бундан ташқари, уларнинг бекорчиликдан зерикибми, радиога, бошловчиларга ҳурмати баландлигидан, радиода гапиришга ҳавасманд бўлибми, қўнғироқ қилган тингловчини бемалол эрмак қилиб, ҳиринглаб ўтиришларини қандай баҳолаш мумкин?
Дарвоқе, боядан бери уларни журналист, бошловчи деб атаяпмиз. Улар ўзи шу номга лойиқмиканлар? Журналист деганлари сўз тополмай қолганда оғизга келганини алжираш ўрнига, гапирмай қўя қолмайдими? Қизиқ, нега энди FM каналлари эфирларини мана шунақанги одамлар эгаллаб ўтиришибди? Сўзамоллиги учунми?
Албатта, ҳар бир иш замирида шахсий манфаат ётади. Аммо бошланган хайрли иш шахсий манфаатни қондириш билан бирга бошқаларга ҳам асқотиши шарт!
Халқимизда, хоин душмандан ёмон, деган гап бор. Чунки душман душманлигини кўрсатиб ёмонлик қилади, хоин эса ўзини дўст кўрсатиб. Хусусий радио тўлқинларида узатилаётган савиясиз қўшиқлар, енгилтак алжирашлар туфайли ўша радиолар ижодкорлари ўзлари билмаган ҳолда хоинга айланиб қолмаяптиларми? Ахир ўшаларни тинглаб улғайган ёшлардан Ватан учун яроқли одам чиқиши гумон-ку. Нега улар, ҳеч бўлмаса, ўз фарзандлари тўғрисида қайғурмайдилар?
“Мевали дарахтга тош отилади-да”, дея тумшуғини кўтаради ўша радиожурналистлардан бири. Тўғри, FM тўлқинларида узатилаётган барча эшиттиришларни ва уларда фаолият юритаётган ҳамма бошловчиларни бирдек қоралаб бўлмас. Улар озми-кўпми изланаётгандир, янгиликлар яратаётгандир, мухлислар орттираётгандир. Фақат шунинг баробарида, бизнинг эътирозларимизга ҳам қулоқ тутсалар, фойдадан холи бўлмасди.
Ойдин Йўлдошева
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 24-сонидан олинди.