Атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг барчамизга ёд бўлиб кетган шундай сатрлари бор:
Болалик кунларимда, Уйқусиз тунларимда, Кўп эртак эшитгандим, Сўйлаб берарди бувим. Эсимда ўша дамлар, Ўзи учар гиламлар, Тоҳир — Зуҳра, Ёрилтош Ойни уялтирган қош.Сезяпсизми, болаликда ошно бўлган эртакларини эслаяпти шоир! Кўринадики, ҳаётга, одамларга, китобларга, адабиётга муҳаббат айнан ўша пайтларда бошланган.
Ана энди савол туғилади. “Бизнинг китоб мутолаасига муносабатимиз қандай? Фарзандларимиз бугун “Учар гилам”лару “Тоҳир-Зуҳра” ё “Ёрилтош”ни билишармикан?»
“Муносабатимиз яхши, билишади”, дегинг келадию ўйланиб қоласан киши. Замонавий компютер техникаси ва интернетни сув қилиб ичиб юборган йигит-қизлар бадиий адабиётни севиб ўқишяпти, дейиш қийин. Таассуфки, айрим ёшлар китобхонликдан анчайин йироқлашиб кетишган.
Яқинда вилоятлардан биридаги коллежда бўлиб ўтган учрашувда талабалардан қандай китоблар ўқишаётгани ҳақида сўрадик. “Ўтган кунлар”, “Робинзон Крузо”, “Шум бола”, “Гарри Потер”, ”Шайтанат” ва ҳоказо” деган жавобни эшитиб хурсанд бўлдик. Кейин билсак, кўпчилиги ана шу асарларни улар асосида суратга олинган филмлар орқали билишаркан. Энг зўр бадиий филм ҳам ҳеч қачон китобнинг ўрнини боса олмайди. Китобнинг ўз нафаси, руҳи, ҳиди ва қуввати бор.
Соҳибқирон бобомиз Амир Темур таъкидлаганидек, китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир. Француз файласуфи Дени Дидро эса: “Одамлар ўқишдан тўхташлари билан фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”, деб айтган.
Демак, ҳаётни китобсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маънавиятимизнинг теран илдизлари, дунёнинг таянч нуқтаси, туриш-турмушимизнинг маъно ва мазмуни, энг аввало, китоблар билан муштарак бўлиб кетган.
Узоққа бормайлик, пойтахтимизда қад кўтарган муҳташам “Маърифат маркази”да Алишер Навоий номидаги республика Миллий кутубхонаси жойлашганининг ўзиёқ халқимиз маънавий бойлигига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътиборнинг намунаси.
Халқимиз азал-азалдан китобхон халқ. Китобни нондек азиз ва мўътабар деб билади. Дарҳақиқат, китоб одамзот ақл-идроки ва истеъдоди туфайли яратилган энг ноёб бойликлардан бири, таъбир жоиз бўлса, дунёнинг саккизинчи мўъжизасидир. У билимлар хазинаси, тафаккур қаноти ҳисобланади. Гарчи илдизи миллий заминдан озиқланса-да, шохларида умумбашарий мевалар унади. Китоб ҳар бир миллатга ўз маданиятини намойиш этиш, айни чоғда, бошқа халқларнинг урф-одатлари ва анъаналари билан танишиш имконини беради. Бинобарин, у тараққиёт ва маданий ранг-баранглик кўзгуси, ўтмиш билан бугунни, бугун билан келажакни боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Шу боис китоб ўқиган, айниқса, бадиий адабиётга меҳр қўйган одам эзгуликка ошно тутинади. Ўз билими, дунёқараши, руҳияти ва маънавиятини бойитиб, оламни теран англай бошлайди. Ҳаёт ва гўзалликни қадрлашни, аждодларимиздан қолган меросни асраб-авайлашни ўрганади.
Айтишларича, бир замонлар қарийб ҳамма ўзбек хонадонларида Сўфи Оллоёру Фузулий, Саъдийу Ҳофиз, Навоийу Машраб асарлари ўқилган, оилавий давраларда қиссахонликлар узун кечалар давом этган, “Калила ва Димна”, “Минг бир кеча”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” ва “Алпомиш”лар мутолаа қилинган экан. Шундан ҳам кўриняптики, маънавият халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Унинг томирлари олис мозийга бориб тақалади.
Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз Озод Шарафиддинов ҳақида телевизион филм суратга олган кунларимиз унинг ҳузурида бир неча бор бўлганимни яхши эслайман. У кишининг улкан кутубхонасини кўриб ҳайратда қолгандим. Бир шоир дўстимиз айтмоқчи, “Ер китоб, осмон китоб…” Озод ака ўзининг “Сардафтар саҳифалари” деган китобини менга совға қилиб, ичига “Эркин, бу китобни жавонга ясатиб қўйишга эмас, ўқишга бераяпман”, деб дастхат ёзиб берди ва ажабланганимни сезиб, ҳорғин кулимсираб қўйди: “Бир танишим бор. Зиёли одам. Шахсий кутубхонаси ҳам яхши. Жилд-жилд жаҳон адабиёти
намуналари бор. Бахтга қарши, уларнинг биронтасини ҳатто очиб ҳам кўрмаган. Ана шуниси алам қилади…”
Тўғри, китоб катта маънавий бойлик. Кутубхонаси бор уйнинг файзи бўлакча бўлади. Лекин, устоз айтганидек, агар “ўқилса!”
Яна бир воқеа эсимда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Солиҳов янги уйга кўчаётган кунлари ҳашарга боргандик. Китобларнинг ўзи бир машинага юк бўлди. Уларни тушираётганимизда балконда турган қўшнилардан бири “Кўчиб келаётган ким экан? Китобдан бошқа нарсаси йўқ -ку?” дея луқма ташлади.
“Ҳа, Солиҳов деган профессор экан”, дедим энсам қотиб. Бу гапни Равшан ака ҳам эшитди-да, “Шу китобларни умр бўйи йиққанман”, деб ғурурланиб қўйди. Ҳамкасбларининг хотирлашича, театр бирон вилоят, шаҳар ё туманга ижодий сафарга борса, актёрлар бўш пайтларида бозор ё дўконларни оралаб кетишар, Равшан ака бўлса, ўша ердаги китоб дўконларини излаб юраркан…
Бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Китобга муҳаббат одам боласига сут билан киради, йиллар оша шаклланади ва маънавий ҳаётимизнинг шох томири бўлиб қолади. Шу сабабдан ҳам китоб кўтарган одам худди шамчироқ кўтариб йўлни ёритиб бораётган кишига ўхшайди.
Маълумки, ҳар йилнинг 23 апрел санаси “Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни” деб белгиланган. ЮНЕСКО номли нуфузли халқаро ташкилот томонидан йўлга қўйилган бу хайрли иш дунё халқлари томонидан қувонч билан қарши олинди. Бу кунни том маънода “Халқаро китоб байрами” деб ҳам аташ мумкин. Чунки бу жаҳон аҳлининг диққат-эътиборини китоб деган мўъжизага қаратиш, буюк истеъдод эгаларини қадрлаш, ёшларда китобга муҳаббат уйғотиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид масалаларни кун тартибига қўйиш деган гап. ЮНЕСКО муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш борсида Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти каби қатор xалқаро ва минтақавий тузилмалар билан доимий ҳамкорлик қилмоқда.
Жаҳон миқёсида муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган асосий ҳужжатлардан бири Адабий-бадиий асарларни муҳофаза қилиш бўйича Берн конвенциясидир. У аъзо давлатларда тўғридан-тўғри ёки барча қоидалари соҳага оид миллий қонунчиликда акс эттирилган ҳолда қўлланилади.
Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2004 йили қўшилди. Нашр этилаётган асарларнинг бадиий савияси ва безагини яхшилашга, матбаа корхоналари моддий-техник базасини замонавий технологиялар асосида мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. 2006 йили республикамизда “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун амалиётга жорий этилди. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга доир бундай ишлар билан эндиликда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги шуғулланмоқда.
Сўзим адоғида сизга шундай дегим келади: ўйлаб кўринг, охирги марта қачон кутубхона ё китоб дўконига кирдингиз? Фарзандларингиз ё невараларингиз учун қандай китоблар харид қилдингиз? Охирги ўқиган китобингизни эслай оласизми? Хонадонингизда шахсий ё оилавий кутубхонангиз борми? Унутмангки, бу саволларга жавоб бериш ҳеч қачон ҳеч ким учун кеч бўлмайди…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 16-сон