Биз кечаси кўчалар, бинолар, бозорлар, умуман, ҳаммаёқ жим-жит, кимсасиз бўлишини табиий қабул қилишга кўникканмиз. Тўғри-да, тунда ким ҳам (агарда кимнингдир қаердадир зарур иши бўлмаса) кўчага чиқарди, ахир сутканинг бу пайти уйқуга бағишланади. Лекин шаҳарда (сўнгги пайтда “шаҳарлашаётган” қишлоқларда ҳам) шундай жойлар борки, агар тунда у ерда ҳеч ким бўлмаса, кўпчиликнинг таажжубига сабаб бўлади. Бундай жойни дискотека ёки оддийгина қилиб, “тунги клуб” деб аташади. Ғарбча юриш-туришнинг салбий томонларини хуш кўрувчиларнинг айтишларича, “ҳеч кимнинг тергови ва қаршилигисиз, мириқиб дам олиш мумкин бўлган” дискотекалар баъзи ёшларнинг севимли масканига айланиб улгурган.
Дискотекага ким, нима учун боради?
Тунги клубларга айрим йигитлар кўпинча замонавий, ёшлар жаргонида айтганда, крутой бўлиш учун борадилар. Қолаверса, ана шу “крутойлар”га тақлид қилувчилар ёки улар олдида “обрўли” бўлиш учун борадиганлар ҳам оз эмас. Қизиғ-а, обрў олифтагарчилик билан белгиланса!
Қизларнинг эса тунги клубга боришларига яна бир сабаб бор: кўпгина дискотекаларга кириш қизлар учун бепул.
Дискотека ихлосмандларининг айтишларича, бу ерда улар «эмин-эркин», истаган ишини қила олишлари мумкин экан.
Авваллари дискотекага, асосан, 18 – 30 ёш орасидагилар боришарди. Кейинги пайтларда эса бундай клубларда ҳаттоки, ўспиринларни ҳам топиш мумкин…
Яқинда дискотека ҳақида аниқроқ тасаввур ҳосил қилиш учун ҳам у ерга бордик.
Тунги клубда…
… Номидан ғирт европача руҳ сезилиб турадиган клублардан бири ёнидаман. Бир тарафида бўйи узун барзанги турган кассага кўзимни чирт юмиб, анчадан бери асраб юрган пулимни узатдим. Шундан сўнггина ҳўмрайиб турган барзанги сал илжайгандай бўлиб, мени ичкарига киритди.
Киришим билан димоғимга «гуп» этиб сигарета ва ҳар хил атир-упа қоришиб кетган ёқимсиз, дим ҳаво урилди. Зал қоронғи, бир бурчагида Ди-Джей пластинкани чийиллатиб, «Ҳей биродар, говдейни кўтар!» деб бошланадиган Шаҳриёр реппернинг ашуласини қўймоқда. Ора-чорада Ди-Джейнинг «Йўу! Йўу!!!» деган «ҳайқириғи» йиғилган қизларнинг баланд чийиллашларига, йигитларнинг тушунарсиз қилиқларига (ҳарҳолда, уларнинг кўзни юмиб, қўлларни баландга кўтарган ҳолда «сўнгги урф»да ўйнаб, увиллашларини тўғри тушуниб бўлмайди) сабаб бўлаяпти. Билсам, бундай пайтларда, одатда, зал «жонланар» экан.
Аста-секин, шовқиндан том битай, деган қулоқларимни ушлаган ҳолда, четроққа ўтиб, бир жойга ўтирмоқчи эдим ҳамки… ҳамма жой «дил»ларидагини «рўёбга чиқараётган» «севишганлар» билан банд эканлигини кўриб, ўзимдаги «қанақасига ёшлар дискотекада эркин бўлишлари мумкин экан?» деган саволга жавоб топгандай бўлдим…
«Шовқин+сигарет+бир балолар» ҳидидан «бунёд бўлган» қуюқ туман,«эркин» ёшларнинг «эркинлик»лари, «рақс»га тушаётганларнинг бачкана қилиқларидан чарчаганимдан, бир пиёла сув ичиш учун барга яқинлашдим. Шундагина пулларимни кириш чиптаси учун сарфлаб бўлганим сезилиб қолди. Нархларни қаранг: «Кока-кола» (250гр.) – 500 сўм (1 литрлиги 1200 сўм. 1,5 литрлигини айтмай қўя қолай), «Нестле» суви (ярим литрлиги) – 600 сўм. «Балтика» пивоси «атиги» 2500 сўм турар экан. «Арзон» нархлар рўйхатини анча давом эттириш мумкин. Хуллас, йўлкирага ажратиб қўйган пулимни «Нестле»га сарфлашга мажбур бўлдим…
Томоша бошланди!
……Бир маҳал, сув ича туриб, ҳамманинг баланд овозда бақиришларидан чўчиб, барчанинг нигоҳи қадалган томонга қарадим. Шундан кейингина боядан бери аллақандай труба ўрнатилган саҳна ёнидаги иккита қизнинг нега ўйнаб турганини тушуниб етдим. Улар аста-секин рақсга монанд, ўша трубага осилган ҳолда ўз кийимларидан «халос» бўла бошлашди… Йигитларнинг бундан оғзи қулоғида, ўртада эса «қиз»ларга «қистир-қистир» авж олиб кетди. Бироқ бояги барзангига ўхшаш биттаси «стрип-раққосалар»га ҳеч ким тегинмаслиги учун кўз-қулоқ бўлиб, «умидли кўзлар»нинг «ният»ларига тўсиқ бўлиб турди. Аммо шу пайт бирдан саҳнага томошабин «шоввоз» талпиниб чиқди. (Афтидан, у маст бўлса керак, йўқса, барзангидан қўрққан бўларди.) Ана шунда томоша бошланиб кетди-ку! Ҳалиги барзанги “шоввоз”ни кўчага олиб чиқиб, шунақанги дўппосладики, кўриб, “бояқиш, онасидан туғилганига пушаймон бўлиб кетди-ёв!”деб ўйладим.
Бироздан сўнг, томошадан катта “таассурот” олганлар залга қайтиб, ўйин-кулгуни давом эттиришди. (Бироқ менинг аҳволим дам олаётган инсонга ўхшамасди.)
Стрип-шоу “тадбир”нинг ҳали ҳолваси экан. Кейинги томошани бемалол майнавозчилик, деб атаса бўлади.
Иккинчи (ёки учинчи) томоша
Шоу бошловчиси саҳнага иккита бақувват йигитни таклиф қилди. Барча рақсга тушаётганлар саҳна атрофига йиғилдилар. Бошловчи тантанавор овозда икки “йигитнинг гули”ни таништиргач, уларга шарт қўйди. Шарт “моҳияти”га кўра, икки “қаҳрамон” ашулага монанд бирма-бир ўз кийимларидан халос бўлишлари керак эди. Ғолиблик – энг чиройли “ечиниш”ни амалга оширганга берилади. Шундай қилиб, “йигитлар” шунақанги бачкана, эркакка хос бўлмаган қилиқлар билан “қимирлай” бошладиларки, уятдан, менимча, фақат мен ерга кириб кетай, дедим.
Ва ниҳоят, “ғолиблик” ўзини Мусулмон(!) деб таништирган “йигит”га насиб этиб, у “Куннинг қаҳрамони”га айланди. Мусулмонга энди йил бўйи бу клубга истаган пайтида бепул кириш ҳуқуқини берувчи чипта берилди.
Шундан сўнг, кечанинг кейинги қисми бошланди-ю, “севишганлар” валсга туша бошлашди. Тўғриси, буни валс, деб ҳам бўлмасди. Уни кўпроқ “бир-бирига суйкалиш” маросими десак, ҳақиқатга ОЗГИНА яқинлашган бўламиз…
Дискотекадан кейинги ўйим
… Эртаси куни кечаги “байрам”дан бошим оғриб, уйқудан турдим. Уйга яёв қайтганимдан оёғим ҳам оғриб қолибди, бу ҳам етмаганидай, онамдан уйга кеч келганим учун “эшитганларим”нинг “давоми”дан ҳам баҳраманд бўлдим…
Бироқ дискотекага борганимдан афсусланмайман. Боиси, бу жойнинг қай даражада маънавий бузуқ жой эканлигини, миллатимизга хос бойликларни емираётганини чуқурроқ ҳис қилдим. Энг афсусланарлиси, ўзига кундан-кунга кўп ёшларни жалб этиб бораётган бу жойга қарши чора кўриш деярли мумкин эмаслигида. Демократиянинг, инсон ҳуқуқлари доирасининг маълум бандларига кирадиган тартиб-қоидалар ушбу масканларнинг Бизга дахлсиз бўлишига монеълик қилади. Ушбу қийин, чигал муаммонинг қандай ҳал қилиниши – жамиятнинг маънавий савиясига боғлиқ. Бас, бу муаммонинг қонуний ечими мураккаблигича қолаётган экан, уни бартараф этишнинг киши руҳига таъсир этувчи, миллий манфаатлар кўзланган йўллари изланиши лозим. Шу жумладан, муаммо ечими оилада, ота-она тарбиясида, маҳалла, ёшлар атрофидаги муҳитда, қолаверса, ўқув масканларида, таълим бераётган устозлар эътиборлилигида…
Жалолиддин Саъдинов,
“Маърифат” газетасидан олинди