Барно Султонова. Уйингиздаги кутубхона энг катта бойликдир

“Ёшлар китоб ўқимайди” деган гап бугунги кунда ҳеч ким учун янгилик эмас. “Ўқиб шаҳар олиб берармидинг”, деб фикрлайдиганлар ҳам бор орамизда. Соатлаб вақтини кутубхонада ўтказган, чет эл адибларининг асарларидан тортиб, ўзимизнинг юзлаб китобларимизни ўқиб чиққан китобсевар каталакдек уйда яшаса-ю, умрида бир бет китоб ўқимаган қўшниси данғиллама уйлар қурса, йиллаб китоб титкилаган олим пойи-пиёда ишга бориб келса-ю, мактабни зўрға тугатган синфдоши сўнгги русумдаги машинада кўча чангитиб ўтиб кетса… китоб шаҳар олиб беролмаслигини исботлагандек гўё… Мана шундай пайтда кўпчилик китоб ўқимасак ҳам кунимиз ўтаяпти-ку, дейишади. Аслида-чи? Ҳаёт мезонини нима белгилайди? Маънавий бойликми ёки моддий бойликми? Бу дунёда кўп китоб ўқиган одам ҳам яшаб ўтиши… ва умрида битта китоб ўқимаган одам ҳам яшаб ўтиши мумкин. Демоқчиманки, китобсиз ҳам ҳаёт давом этаверади, лекин китоб ўқимаган одам ҳеч нарса билан изоҳланмайдиган қувонч — дунёни қалб кўзи билан кўришдан маҳрум бўлиб қолади.

Хўш, қалбимизни қандай тарбиялаяпмиз, тафаккуримизни нима билан бойитаяпмиз. Нима билан тўлдирса бўлади — кўнглимизни? Жавоби яна ўша китоб… китобга мурожаат қилиш.

Машҳур педагог В.Сухомлинскийнинг бир гапи бор: “Китоб — бу қудратли қурол. У бўлмаганида мен соқов ва дудуқ бўлиб қолар эдим… Китоб мутолааси билан ўтган ҳаёт — ихлос билан пухта дарс тайёрлаш дегани эмас. Бола мактабни аъло баҳолар билан тамомлаши мумкин-у, лекин интеллектуал ҳаёт нималигини, юксак инсоний қувонч — ўқиш ва фикр юритиш қувончи нималигини мутлақо билмаслиги ҳам мумкин. Китоб мутолааси билан ўтган ҳаёт — фикрлар гўзаллиги билан ошно бўлиш, маданий бойликдан ҳузур қилиш, ўз-ўзини юқори кўтаришдир”.

Болалар китобдан узоқлашиб кетяпти, деб жар соляпмиз. Бу ҳатто техникага муккасидан кетган, энг тараққий этган ғарб мамлакатларини ҳам ташвишга солмоқда. Техника мўъжизаларининг домига тушиб қолиш ёш авлоднинг қалбини майиб-мажруҳ қилиб қўймаяптими? Албатта, техника асрида фарзандларимиз телефон, компютердан фойдалана олиши, уларни мукаммал ўрганишига қарши эмасмиз. Муҳими, болага ундан қандай тўғри фойдалана олишни тушунтиришдадир. Аслида компютер билан китобни тенглаштириб ёки таққослаб ҳам бўлмайди. Ахир ҳар бирининг ўз ўрни бор. Соатлаб телефонда гаплашасиз, суткалаб телевизорнинг олдидан жилмайсиз, ҳафталаб компютерда ўйин ўйнайсиз, лекин барча-барчаси ўша куниёқ ёдингиздан чиқиб кетади. Бир ойда атиги биттагина китоб ўқидингиз ёки ҳў-ў неча йиллар олдин қизиқ бир асарни мутолаа қилгансиз… аммо ундан олган таассуротларингизни унутолганингиз йўқ. Ҳалиям китоб қаҳрамонларини эслайсиз. Бировнинг яхши ёки салбий хислатларини қайсидир асарингизда ўқиган қаҳрамонникига ўхшатасиз.

Э.Хемингуэй китоб ҳақида бундай ёзади: “Барча яхши китоблар бир жиҳати билан ўхшаш бўлади. Ўқиб тугатаётганингиз сари рўй бераётган воқеалар: яхшилик ёки ёмонликми, ҳаяжон, ғамгинлик ва афсус надоматларми, одамлар ва жойларми, ҳатто об-ҳаво қандайлигигача, шуларнинг бари сизда юз бергандек туюлаверади ва булар бир умрга кўнглингизга ўрнашиб қолади”.

Китобнинг ана шундай сеҳрли кучи ҳақида бошқа буюк даҳолар ҳам хўп ва кўп ёзишган. Бироқ негадир болаларимиз китобдан анча узоқлашиб кетгандек, назаримда. Ота-оналарга “болангизга нега китоб олиб бермай қўйдингиз?”, деб савол берсангиз: “китоблар жудаям қиммат” ёки “яхши асарлар йўқ”, деган жавобни эшитасиз. Аслида-чи? Бу бир баҳона холос. Чунки китобдан ўн марта қиммат турадиган телефоннинг қимматлигига ҳам, яхши-ёмонлигига ҳам қарамаймиз. Боланинг китоб ўқимаслиги уят эмас, аммо телефони бўлмаслиги уят саналади. Бирор дарслигини вақтида топиб беролмасак бола ўксимайди, лекин телефон олиб бермасак у ўксиб қолади. Хўш, биз қаерда ютаяпмизу, қаерда ютқазаяпмиз? Болаларимизга китоб ўрнига қимматбаҳо телефон олиб бериш билан биз замонавий оила эканлигимизни исботлаймизми?

Хоналари кўп, кутубхонаси йўқ уйлар бугунги кун учун янгилик эмас. Ҳозир яхши меҳнат қилган одам катта-катта иморатлар соляпти. Бу яхши-да. Яқинда ана шундай данғиллама иморат солган қариндошимизнинг уй тўйига бордик.

Ўҳ-ҳў уйнинг лойиҳасини, жиҳозларини кўриб оғзингиз очилади. Танишим ҳамма хоналарга бир-бир бошлади. “Мана бу меҳмонхона, бу ошхона, ётоқхона, болалар хонаси, яна меҳмонхона…” Адашиб кетдим. Баъзи хоналарда иккитадан компютер, баҳайбат телевизорни кўриб ақлингиз шошади… Аммо негадир бу уйни кўриб завқланолмадим, завқ ололмадим… Чунки… чунки уйда бирортаям китоб кўрмадим, бирор хонасини кутубхона қилиб қўймаганига зил кетдим.

Бир оилани биламан. Каталакдай уйда яшайди… лекин кутубхонаси бор, яна ҳеч қаерда топилмайдиган нодир китоблариям бор. Оила бошлиқлари ота-она оддий ишчи бўлишган.

— Онам бечора бу китобларни ёнимиздаги қоғоз чиқиндиларини қабул қилиб оладиган шохобчадан сотиб олиб йиққан, дейди суҳбатларнинг бирида китобсевар танишим. — Бизлар ўқиёлмадик, мана шу китобларни ўқиб, ўрганиб, олим бўлинглар дерди онажоним…

Ростдан ҳам оиладаги тўрт нафар фарзанд ҳам ўқимишли, олимга тенглашгулик. Бири файласуф, бири тарихчи, бири журналист, яна бири филолог. Оила жамулжам бўлганида улар билан суҳбатлашсангиз эҳ-ҳе баҳслашиб, ҳангома қилиб тўймайсиз. Ҳаётнинг икир-чикири, майда-чуйда ташвишларидан узоқлашасиз.

— Бола китобга меҳр қўйиши учун “ўқи” деган гапнинг ўзи камлик қилади, назаримда, — дейди ушбу оиланинг тарихчиси — бунинг учун, авваламбор, кичкина кутубхонангиз бўлиши керак. Болага ёшлигидан эртак айтиб бериш керак, токи бола хат танигач эртак “хумори” тутиб ўзи китоб титкилай бошласин. Кейин яна у билан бирга китоб ўқиш, муҳокама қилиш, қандай ўқиш кераклигини маслаҳат бериш керак. Зеро, китоб дунёсига эндигина қадам қўяётган китобхон қўлига савияси паст, зерикарли китоб тушиб қолса унга меҳри уйғонмасданоқ сўниб қолмасин…

Ҳа, одамларни яхшиликка, эзгуликка ундовчи яхши китоблар чегара билмайди, дедик.

Баркамол авлодни вояга етказмоқ, қалбни тарбияламоқ учун уларни китоб билан ошно қилишимиз, китобни маёқ каби қўлларига тутқазмоғимиз керак. Қалб тарбиясини эса биз катталар ўзимиздан, шу бугундан бошлашимиз шарт. Уйга, фарзандларимиз олдига китоб билан кириб боришимиз эса уларни китоб оламига қайтариши шак-шубҳасиз.

Барно Султонова,

журналист

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 6-сонидан олинди.