Севара билан Шерзоднинг ўртасидаги муносабатга ҳамманинг ҳаваси келарди. Йигит ҳам қиз ҳам ҳуснда, ақлу малоҳатда бир-биридан қолишмас, қолаверса, ёшлигидан бир-бирларига бешиккерти қилинганлари ёхуд бирга ўйнаб улғайганлари туфайлими, уларнинг бир-бирига бўлган муносабати нафақат севишганлар, балки бир-бири учун туғилганлардек, бир-бири учун яшаётганлардек эди.
Ҳамманинг ҳавасини келтирган тўй ҳам ўтди. Бу тўйда турмуш кўрмаганлар шундай малоҳатли келин-куёвлардек бўлишни орзу қилишса, оила кўрганлар дил-дилларидан бундай бахтни ўз фарзандларига ҳам тилаб қайтишди.
Гўзал ва дилрабо Севара холасига келин бўлиб тушиб, келин эмас, қиз бўлди. Хола-қайнона ҳам онадек бўлди. Севара тўйнинг эртасигаёқ ўзи келиб-кетиб ўрганган жойи эмасми, елиб, югуриб хизмат қилди. Маҳаллада ҳаммадан олдин шу ҳовли чиннидек супурилиб, сув сепилар, куёвнинг ҳам димоғи чоғ эди.
Орадан 15-20 кун ўтиб, Севара энг сўнгги имтиҳонларини топширгани сиртдан ўқиётган билим юртига вилоятдаги шаҳарлардан бирига жўнади. Қайнотаси унга анча пул тутқазди. Қайнонаси ҳам чеккага чақириб, топган-тутганини қистирди. Бу орада онаси ҳам укалари орқали асқотиб қолар деб бир-икки сўм жўнатибди. Хуллас, Севарани ҳаммалари жамулжам бўлиб бир ҳафтага кузатиб қолишди. Кетаётиб, Севара яқинларига жовдир-жовдир қараркан:
— Негадир сира кетгим келмаяпти, сира! – деди ёш боладек ҳиқиллаб.
Кузатувчилар келинчакнинг бу болалигидан гурра кулишди. Ўша куннинг ўзида пойтахтга кетишга тараддудланиб турган куёв ҳам бу кулгунинг орасида Севарага ҳазиллашди:
— Сен ўқишингни тугатиб кел, буёғига ўзинг мени ўқитасан.
Ниҳоят ўша бир ҳафта ҳам ўтди. Севаранинг қайноғаси эрталабдан онасининг қистови билан келинчакни кутиб олиш учун бекатга чиқиб бирин-кетин тизиллаб келиб- кетиб турган йўл мошиналарни пойлаб, келинни кутди. Аммо уларнинг бирортасидан Севара тушмасди. Бу ҳол қош қорайгунча давом этди. Келингинанинг қайтишини ишлари кўпайиб кетган, қуриб кетгур домлалари тўй сабабли бир-икки кун кечикканига баҳосини қўйиб беришмаётгандир, деган тахминлар билан яна уч кун кутишгач, ахийри хавотирланиб, уйидагиларнинг ўзлари уни ўша шаҳарга излаб кетишди.
Ва келинчакни ижарахонасидан топишди. Не кўз билан кўришсинки, бир ҳафта бурунги лоладек очилган келинчак хазондек қовжираб қолган, кўзлари қўрқинчли тарзда ич-ичига ботиб кетганди.
— Бир ҳафтадан бери ичимда бир нарса ўт бўлиб ёнади. Жойимдан туролмай қолдим. Дугоналарим уйга хабар беришмоқчи эди, сизларни хавотирга қўйишмасин деб унамадим. Қизлар бор пулимга имтиҳонларимни қўйдириб келишди. Энди мени уйга олиб кетинглар, — Севара бу гапларни зўрға, амаллаб гапирди.
Ҳаммалари ваҳима билан уни дўхтирга олиб чопишди. Муолажалар фойда бермади. Аксинча, гўёки соат сайин Севаранинг ҳаёт шами сўниб борар, нуқул:
— Уйга, уйга олиб кетинг, — деб қайнонасига ялинарди.
Дўхтирларнинг барча уринишларию на Cеваранинг касалини аниқлолмай, ва на унинг аҳволини енгиллаштиролмаганларидан ўзлари ҳам таажжубда елка қисишларидан кейин, Севарани қариндошлари кўзда ёш билан уйларига олиб қайтдилар. Келгач эса, Севара:
— Онамникига олиб бориб ташлангизлар, – деб туриб олди.
Келинчакни онасиникига олиб келишгач, биринчи бор унинг чеҳрасида табассум пайдо бўлди: ғалати, тушуниксиз табассум ва у қайнонасини ёнига чақиртириб, ҳансирай -ҳансирай янаям ғалати гап қилди:
—Холажон, шунча кундан буён айтолмай қийналдим. Ичимда нимадир фақат шу гапни айтишга ундагани ундаган: менинг сизларни кўрарга кўзим йўқ! Ўғлингизни бўғиб ўлдиргим келади! Уйингизга ўт қўйсам дейман! Ўзимдаги бу ўй-хаёлларни енголмаяпман. Сизларни жонимдан ортиқ яхши кўрардим. Аммо ҳозир кўзимдан даф бўлмасаларингиз, ёмон бўлади. Даф бўлинглар, даф!!! Йўқолинг! Йўқол ҳамманг! – жазавага тушиб бақира бошлади Севара.
Шундагина улар Севаранинг руҳиятида қандайдир кескин ўзгариш юз берганини пайқаб етишди. Келинчакнинг «бир балога» гирифтор бўлганига шак келтирмай, фолчию дамчи ва муллаларга зир югуришди, чироқ ёқтиришди, бибимушкул, халос ўқитиш, бари-барини қилиб кўришди. Мана-ман деган фолчилар худди келишиб олишгандек нуқул бир гапни такрорлашарди:
— Бу келинчакка еттита ҳаром нарсани қўшиб қилинган дуои бад никоҳ сувига қўшиб ичирилган. Шу ишни қилган одамдан бошқа ҳеч ким унинг дуосини даф этолмайди.
Орадан икки ой вақт ўтиб кетса ҳамки, «чилтон суви» ичиртирилгани, неча бор пўстакларга ўралиб, вужудига ин қуриб олган жинларни ҳайдаш учун савалангани, чилла сақлатилганига қарамай, Севаранинг аҳволи бироз ўнглансада, ўша гапи ўша гаплигича қолаверди:
— Бормайман! Ҳаммаси чўчқа! Чўчқабашараларнинг ичида яшашдан қўрқаман. Қўрқаман! Онажон, мени жўнатманг, мени чўчқага эрга берманг! – ва ҳоказо.
Ҳаётда бундай воқеалар тез-тез учраб туриши табиий ҳолдек туюлади баъзан. Кўпинча кимнингдир фарзанди турмайди, кимнингдир боши дарддан чиқмайди. Яна бировни фалокатлар кетма-кет таъқиб қилаверади. Ажабланарлиси, уларнинг деярли бари дуоибад қилинганлар дейилади. Бундан ташқари фолларнинг бир-бирига ўхшашлигини айтмайсизми: «Бахтини дуо билан қулфлаб, дарёга ташлашган», «расмининг кўкрак қисмига дуоибад қилинган игна санчилиб, ўпирилган гўрга кўмиб ташланган», «Яшаётган ҳовлисига тирноқ, жондор тиши, итнинг ахлати, одамнинг харом тукидан аралаштирилиб, қилинган дуо кўмилган». «Фалон кўринишдаги бир одам чироқ ёқтириб, қасдлашгани туфайли чиллалининг устига келган» деган аниқ ва ноаниқ башоратлар.
Даҳшатга тушасан: одамзот шу даражада ҳам бир-бирига қасдлашадими? Севарадек ўн гулидан бир гули очилмаганлар кимни шунчалик ўзига душман қилиб улгуришди. Нега одамлар ҳасадми, аламми ёки бошқа туйғулар туфайли ғанимини дуоибад қилиб, унинг шамдек сўниб кетишига зўр бериб уринадиган бўлиб қолишган. Ва ниҳоят оддий, нотавон одамизотнинг қўлидан келмайдиган бу қабиҳликларнинг бошида турганлар Ким? Одамларми, жинларми?
— Нимаики бўлса, ўзимиз қилдик, ҳа, ўзимизга ўзимиз қилдик! – таассуфланади ёши 90 дан ошган Х. исмли табиб момо. Бу момо табиблик қилиш билан бирга фол ҳам очади, халос қилади, хуллас, дардим бор деб келган одамнинг мушкули кимнинг фойдаси ва кимнинг зиёнига бўлишидан қатъи назар жимитдеккина туморини ясаб беради.
— Ҳозир ҳамма жойни дамчи, токчи, фолчи босган. Аммо бу билан менинг ноним ёрти бўлаётгани йўқ. Фақат бир нарсага куяманда: ажабланарлиси, илгари икки-уч қишлоққа бор-йўғи биттагина табибнинг ўзи етарли эди. Ўша қишлоқ қушночлари томоқ босар, беморларнинг оғриқ бўғинларини силар, чиққан суякларни даволар, ҳеч қаэрда ўқимаган, ўрганмаган бўлса ҳам худонинг иродаси билан одамларнинг дардига дармон бўлардилар. Аммо ўша пайтлар одамлар дармон истаб бу қадар турнақатор бўлиб келишмасди. Баъзан пушаймон бўлиб кетаман: биз ўзимизнинг амалларимизда қатъий туролмадик деб. Масалан, садақага айтилиб сўйилган товуқми, эчкими бўлсин, аслида унинг гўштини фақат ўзимиз еб, қолганини кўмиб ташлашнинг ўрнига бола-чақамиз билан бирга баҳам кўрдик, қолган-қутган суякларни эса итга ташладик. Итлар бормаган, суйкалмаган, емаган нарса борми? Ўша итлар одамларга бақамти бўлдилар. Одамларга жин тега бошлади. Ажиналар итлар орқали одамларга юқа бошлади. Заифларни ўзига бўйсундириб, турли дардга чалдирди, вос-вос қилди. Охир оқибат улар дарров чилтон сувлари ичишга берилдилар, қушночликни ҳам таваккалига қабул қилишни ихтиёр қилиб қолдилар. Ахир ҳаммага ҳам жон ширин. Биз ҳам кўнгилчанлик қилиб қўл бераверибмиз. Энди эса… худо кўрсатмасин-а, кечаги келинчакми, у кечаги пиёнистами, каззобми, хотинбозми, ҳомиладор аёлми, ким-кимлар дейсиз – қушноч, дамчи, дуогўй бўлаверди. Мероси бўлгани эмас, жин текканидан шу ишларни қилаверишди: Жин-алвастиларнинг тутқуси остида ром кўришади, дуо ясашади, эзиб ичкилар, йўлни боғлаш, очиш…
Эй одамлар-а! Худони унутишади-да… Дўзахнинг борлигини тан олишмайди-я. Тўғри бундайлар орасида худо инъом этган қобилиятга эга бўлганлари ҳам бордир, аммо уларда ҳам на илож: бир банданинг кўнглини олай деб бошқасини азоблашга мажбурда.
Беихтиёр яна кексаларнинг гапларини эслайман:
— Илгари култепа деган жойлар бўларди. Ҳамма уйидаги кулни, қўқимни ўша жойга обориб тўкарди. Ҳар бир уйнинг ахлат ўраси, мағзава тўкадиган чуқури бўларди…
Ҳозир-чи? Кўчалардаги уюм-уюм ахлатлар, исқирт латталар, олинган соч-тирноқлар… уюлиб ётган ҳаром нарсаларнинг ўзи эмасми дуоибад?
Яна қизиқ томони шундаки, қадимгилар жин-ажиналар ҳақида гапиришганда сариқ сочли, узун тирноқли қизларни, эчки бўлиб маъраб, чақалоқ бўлиб ингалаган, қиқир-қиқир кулиб, исмингни айтиб чақирадиган жинлар ҳақида гапиришарди. Ҳозир бунақа эмас. Аммо худонинг берган куни телевизорда гоҳ ириган мурдалар тирик одамларга даф қилаётгани, гоҳ вампирларнинг кимнингдир бўйнидан ғарчча тишлаб қонини сўраётгани, гоҳ ўлиб кетган гўдакнинг ота-онасини бўзлаб-бўзлаб ўзига чорлаётган ҳақидаги филму видеолар намойиш қилинади. Ўлишнинг, ўлдиришнинг, қўрқишнинг, қўрқитишнинг, даҳшатнинг, ваҳиманинг ҳамма турларини кўрсатишади. Газеталарни айтмайсизми? Ҳар бири зўр бериб НУЖлар дейсизми, руҳлар дейсизми, нариги дунёми, дажжолга қалбни топширишнинг усуллари тўғрисида ёзишади, айнан шундай адабиётларнинг бозоргир бўлиб қолганини айтмайсизми?
Чет-эл матбуотида ёзилишича, контрол ишини кўчиртирмагани учун 10 ёшли қизалоқни 2-3 нафар синфдош ўғил болалар ваҳшийларча қийнаб ўлдириб, қизалоқнинг кесилган кекирдагидан оқаётган қонни махсус шу маросим учун топиб келинган бош чаноғига оқизиб, «муқаддас ичимлик» деб ичишгани, ёхуд ўз умрини шайтони лаъин измига топширишга қарор қилиб ва ўзига ҳаммаслак дайди аёлни топгач, бу аёл ҳомиладор бўлганида унинг қорнини ёриб, ҳомиласини еб, ўзини истаган кишининг ҳаётига зомин бўла оладиган даражада буюк қудрат соҳибига айлантира олган йигит ҳақида дейсизми ёзаверишади, ёзаверишади.
Билмадим, мен руҳшунос, жиншунос ва ёки нужшунос эмасман. Балки оддий ҳаётимдаги баъзи кўргуликларимга ростдан ҳам дуо-тадбир, жин-пинлар ҳам сабаб бўлгандир. Аммо бариси Аллоҳдан.
Дарвоқе жинлар…
Ҳа, жинлар ҳақиқатдан ҳам кўпайган… балким шунинг учун ҳам ҳаром-хариш урчиётган ва ё аксинчадир.
Жинлар нега кўпайган?
Жинлар одамларгами ва ё одамлар жинларга хизмат қилаётирми?
Нега оддий нашаванд уни оғу қабул қилишга ичидаги нимадир ундашини рўкач қилади? Нега ўз қизининг номусини поймол этган оқ сочли ота «мени шайтон йўлдан урди» дейди. Нега ҳеч бир сабабсиз одамларни кетма-кет кекирдагидан олиб, бўғиб, зўрлаб ўлдираётган «манъяк» бу ишларга уни қандайдир «илоҳий сас» чорлаб, ундаб турганини таъкидлашдан толмайди.
Жин урсин мени агар гап фақат жинларда бўлса!
Дилфуза Қўзиева