Ғайбулла Ҳожиев. Содиқ бобонинг кетмони

“Қари билганни пари билмас”, дейдилар. Дарҳақиқат, кўпни кўрган, ҳаёт мактабини ўтаган инсонларнинг ҳар бир сўзи ҳикматга йўғрилган, хатти-ҳаракатлари ибратлики, уларга таассуб қилган, улардан ўрнак олганлар хато қилмайди.
Таниқли театр ва кино актёри, дубляж устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиевнинг хотира-битиклари билан танишар эканмиз, бунга яна бир бор амин бўлдик.

Бобом ўгити

Она тарафимдан бобомни Муҳаммад Сафо Махсум Бухорий дейишарди. У киши Самарқанд, Бухоро мадрасалари таҳсилини олган, ўзига етгулик донишманд, зукко киши бўлганлар. Шеър ёзганлар, лекин ўзларини шоир эмас, гулчин — шоирлар бўстонидан гул терувчи мухлис деб ҳисоблаганлар. Ажабки, шундай зиёли, илмли бобомни, мен эс таниб, оддийгина мактаб қоровули қиёфасида кўрганман. Истиқомат жойлари мактабимизга кираверишдаги қоровулхона — мўъжазгина кулбача эди. Сабабини кейин тушунганман: бу шўро қатағонига боғлиқҳолат бўлиб, аксари зиёли одамлар ўзларини саводсиз, оми кўрсатиб, назарногир (назар илмас) касб-корларда ишлашни маъқул кўрган эканлар.
Бобом қорачадан келган, ихчамгина тана-тўшли, мош-гуруч соқоллари калта кузалган, юзларида доим нимтабассум, қўллари кўксиларида, нуроний бир мўйсафид эдилар. Бир оёқлари хиёл оқсарди. Ҳар эрта саҳар бомдод намозидан сўнг мактаб ҳовлисига чиқиб, қишда қор кураб, йўлаклар очар, ёз бўлса сув сепиб, супуриб-сидириб озода қилиб қўярдилар.
Бобомнинг хотирамга қаттиқўрнашган ўгитларидан бири шу эдики, “болам, ҳаргиз пардадаррон бўлманг, ҳеч кимнинг пардасини йиртманг, айбига пириохан, яъни кўйлак (ёпинчиқ) бўлинг”, дердилар.
Мабодо ҳузурларига келган одам (у кишини йўқлаб келувчи кўп бўларди) бировни ёмонласа ёки ундан шикоят қилиб қолса, хомуш бўлиб эшитардилар-да, кейин беозор кулимсираб эътироз билдирар эдилар.
“Э, фалончи, сиз бекорга ранжиб юрибсиз, худди кеча эди, ўша фалончи инингиз келиб эдилар. Мана шу сизнинг ўрнингизда ўтириб, дуои жонингизни қилиб, обдон олқадилар. Ҳалиги хизматингиздан миннатдорки, қўяверасиз…”га ўхшаган гаплар билан суҳбатдоши кўнглидаги гина-кудуратларни тумандек тарқатиб юборардилар ва ҳалиги одам бобомнинг ҳузуридан қушдай енгил тортиб чиқиб кетарди. Бошқа бир сафар эса бу одам ҳақидаги шунақа яхши гапларни нариги кишига гапириб, уни ҳам қувнатиб ўтирганларини неча марталаб шоҳиди бўлганман.
— Болам, одамлар ўртасига кўприк ташланг, ҳаргиз жарлик пайдо қилманг, —дея насиҳат қилиб ўтирардилар раҳматли бобом.

Ҳимоячи

Менинг болалик даврларим (ўтган асрнинг эллик-олтмишинчи йиллари)да биз томонларда негадир етим болалар кўп бўлар ва уларнинг аксари мактабда тарбияси оғир ўқувчилар ҳисобланарди. Бир куни шундай ўқувчилардан учтаси мактаб буфети томини тешиб, ичкарига тушибди. Ўғирлашга нарса топилмаганми ёки бундай ниятлари бўлмаганми, улар каттагина идишдаги повидлони ўртага олиб, нонга суртиб еб турган ҳолатда қўлга тушиб қолишади. Тўдабоши Исмоил деган ўқувчи мактабдан ҳайдаладиган, қолган иккитасига ҳайфсан бериладиган бўлади. Шунда, ҳали айтганимдек, мактабимиз қоровули, истиқомат жойлари қоровулхона бўлган бобом ўртага тушадилар. “Томни ўзим тузатиб бераман, болалар еган нону повидло пулини моянамдан чегириб қоласизлар”, деб томтешар болалар гуноҳини сўраб оладилар.
Шу воқеадан сўнг Исмоилни ва унга ўхшаган ўн беш-йигирма нафар ўқувчи бола тарбиясини директор билан келишиб, ўз зиммаларига олган эканлар. Амак Махсумнинг (бобомга шундай мурожаат қилишарди) таъсирига берилган бу болалар ҳаммаси кейинчалик ҳаётда ўз ўрнини топиб кетади. Жумладан, Исмоил Ҳусайнов Тошкентда — консерваторияда таҳсил олади. Машҳур созанда (кларнет чолғусида) бўлиб етишади. Бухоро мусиқа билим юртида узоқ йиллар дарс беради. Исмоил ака бобомни ўз отасидай кўриб, ҳарбайрамда, хусусан Наврўз ва Ҳайит байрамларида бобом Муҳаммад Сафо Бухорийни йўқлаб, зиёрат қилиб кетганлари ёдимда.

Тугунча

Бобомнинг Ғуломжон деган дўстлари бўларди. Негадир шишаси тўқ яшил рангли кўзойнак тақиб юрар, зиёли, таъби назми тузуккина отахон эди. Лекин бир қусури бор эдики, қачон бобомнинг олдига келмасин, гапи орасида нохуш бир хабари бўларди: кимдир вафот этган, кимнингдир уйини ўғри урган ёхуд қай бир эр-хотин ажрашганга ўхшаган…
Бир сафар бобом қизиқ иш қилдилар. Ғуломжон дўстлари билан узоқ чақ-чақлашиб ўтирдилар-да, дўстлари хайрлашиб, йўлга отланган маҳали, “Ғуломжон бир нафас ўлтира турасиз”, дедилар. Кейин мени ёнларига чақириб, қўлимга пул бериб, гузарга чоптирдилар. Исмат ҳолвагардан ҳалвойи сабуний, лафз ҳалво харид қилдим. Новвойдан тўртта иссиқ нон олиб зумда ортимга қайтдим. Бобом буларнинг ҳаммасини янги белбоққа тугдилар-да, дўстларига тутқаздилар. Ғуломжон бобо ажабланиб сўрадилар:
— Э, Сафо Махсум, бунинг боиси не?..
— Боиси шулки, мулло Ғуломжон, бугун нохуш хабар келтирмадингиз, шунинг суюнчисига сизга ҳадя, — дедилар нимтабассум билан.
Ғулом отанинг ҳам шўхлиги тутиб, “Э, шундоқ бўлдими, бугунам биттаси бор эди, хотирдан чиқибди, яхши эсга солдингиз”, деди.
Бобом уни гапиртирмади.
— Худо хайрингизни берсин, бугун қайтариб кетинг хабарингизни, — дедилар. Икки дўст баралла кулиб юборишди.

Сабоқ

Бу ибратомуз ҳангомани раҳматли отам Неъматжон мулла Ҳожи ўғли кула-кула сўзлаб берганди. У киши фин уруши, немис урушларида қатнашиб, қайта-қайта яраланиб, қайта-қайта тузалиб, ниҳоят урушни охирлатиб қишлоғига қайтган, фойдага қолган умри шукронасига ҳаммага яхшилик соғингувчи, яхшилик қилишга интилгувчи шокир бир зот эди.
У киши уйланиб, уч-тўрт йил муддатни ўтказгач, отауйидан кўчиб чиқадиган бўлади-да, шаҳарнинг қишлоғимизга яқинроқ бир мавзеидан иморат жойи ўлчатиб олади.
— Белги қозиқлар билан иҳоталанган иморатим жойини виқорла айланиб чиқдим-да, кейин битта кетмон топиб, “бисмилло” деб ишга киришмоқчи, ўйдим-чуқурларни текислаб қўймоқчи бўлдим, — деб эслайди отам кулимсираб. — Ғайратланиб таниш эшикни тақиллатдим. Ичкаридан ота қадрдоним Бобо Содиқий (Содиқ бобога шунақа мурожаат қилишарди) йўғон овозда йўталиб-йўталиб чиқиб келди.
Басавлат, оппоқ соқолли, қарашларидан одам ҳуркади….
Отам Бобо Содиқий билан қўшқўллаб кўришади.
— Келинг-да, писар, — дейди қария салом-аликни қисқа қилиб. —Ҳамсоя бўляпсиз экан деб эшитамизу, ўзингизни кўрмаймиз…
— Энди кунда-шундамиз, бобо, —дейди отам илжайиб, —фақат жонингизга тегиб кетмасак бўлди…
Ҳазилни иқи суймайдиган Бобо Содиқийнинг қовоғи уюлади. Отам дарҳол ҳушёр тортади-да, муддаога кўчади.
—Бобо, кетмонингизни бериб турсангиз.
—Кетмон?
—Ҳа, кетмон керак эди, ўйдим-чуқурларни текисламоқчи эдим. Кейин…
Содиқ Бобо отамнинг гапини охиригача эшитмай, ичкарига кириб кетади-да, андак ҳаяллаб, лаълидай келадиган, оғир бир кетмон кўтариб чиқади.
— Мулло Неъмат, мана кетмон…
— Э, Раҳмат, Бобо Содиқий, зўр экан ўзиям… Бир-икки кунда қайтиб бераман… — деб отам кетмонга қўл узатади. Лекин қўли ҳавода қолади. Бобо Содиқий кетмонни беришга ошиқмайди…
— Мана, кетмон, кўрдингизми, бор экан-а? Лекин, сизга кетмон йўқ, хафа бўлмайсиз… — дейди-да, отамни эшикда қолдириб, орқасига қайтади.
Умрида бу қадар иззаю мулзам бўлмаган отам қизариб-бўзариб, уйига қайтиб келади-да, онамни ёнига чақиради.
— Дафтар-қалам олиб кел. Бу ерга ўтир-да, ёз, — дейди.
Шу куни қўлида онам ёзиб берган рўйхат билан бозорга кетган отам иккита кетмон, иккита белкурак, яна болта, теша, арра, пойтеша, қўйингки, рўзғорга, иморат қурилишига нимаики керак бўлса, ҳаммасидан бир жуфтдан харид қилади. Кейин уста сақлаб, иморатни бошлайди.
Ёз охирларида иморат битади. Кўчиб киришади. Одатга кўра маҳалла-кўй қарияларини чорлаб, худойи қилишади. Бобо Содиқий ҳам келади. Ошу об, дуои фотиҳадан кейин чоллардан орқада қолган Бобо Содиқий отамнинг ёнига келиб, тирсагидан тутади.
— Мулло Неъмат, биламан, сиз мандан хафасиз. Лекин хафалигингиз нодуруст, — дейди салмоқлаб. — Агар ман ўшанда раъйингизни қайтармасам эди, эҳтимолки, иморатингиз бу йил битмай қоларди. Биласиз, раҳматли мулла Ҳожи энг яқин қадрдоним бўлган. Шундай одамохун, ҳамиятли қадрдонимнинг ўғли иморат солишга бел боғлаган бўлсаю, кетмон тиланиб юрса айб бўлади-да. Кетмон берсам, эртага пойтеша сўраб чиқардингиз. Ана шунақа ёмон хислат феълингизга ўрнашиб қоларди. Бу эса мулла Ҳожининг номига ярашмайдиган иш бўларди, писар. Мана кўриб турибман, ҳовлида ҳамма нарса бадастир, ҳатто офтобагача иккитадан олиб қўйибсиз. Асбоб-анжомлар ҳаммаси топ-тоза, мойланган, ялтираб турибди. Барака топинг, писарим, ориятли экансиз, мани хурсанд қилдингиз…
— Шу-шу бўлди-ю, Бобо Содиқийни худди отамдай яхши кўриб қолганман, — деганди отам ўйчан тортиб. — Уч-тўрт ой аразлаб, жаҳл қилиб юрганларим бир бўлди-ю, ўша кунги насиҳати бир бўлганди. Кўзимни очганди…
Улуғ бир ёшга кириб дунёдан ўтган Бобо Содиқийнинг бир пайтлар отамни изза қилгани отам орқали ўтиб менга ҳам таъсир этгани, сабоқ бўлгани шубҳасиз, деб ўйлайман…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 23-сонидан олинди.