«Ёзнинг илк кунлари. Қуёшнинг тонгги нурлари юзимни чимчилаб уйғотар, субҳидамнинг мулойим шабадаси юз-кўзимни силаб, аллалагандай туюларди. Бир зум яна ўқишга кеч қолаётганим эсимга тушди ва ўрнимдан сапчиб турдим. Соат ҳар доимгидек ерда думалаб ётар, соат миллари эса ҳамон етти рақамини ушлаганича мени уйғотмоқчи бўлар, аммо бундан бир неча муддат олдин ширин уйқумни бузгани учун уни ерга улоқтириб, ҳаётининг мазмуни бўлмиш батарейкасидан айирган эдим.
Шу боис, соат «қўллари» ҳамон етти рақамини маҳкам ушлаганича нарига ўтолмас эди. Стол устида турган қўл соатим ҳар доимгидек йўлида давом этар, миллари бўлса тўққиздан ўтганини, яна ўқишга кеч қолаётганимни эслатар эди. Шоша-пиша ювиниб, кийимларимни кия бошладим. Онам уйғотганда, бунақа шошилмасдим, дея онамни хаёлан айбладим. Сизларга айтсам, онам бир неча бор уйғотганда, бақириб бергандим. Энди афсусга ҳожат йўқ.
Онам ҳар доимгидек эрталабки нонуштани тайёрлаб кетган. Мен эса яна, нон билан сариёғдан бошқа нарса йўқ бу уйда, дея минғилладим. Ҳар нарса бўлганда ҳам институт буфетида овқатланишни кун тартибимга киритгандим. Шошилганча пастга тушиб, бекат томон югура кетдим. Бир зумда автобус ҳам келди. Бугун онам пул ташлаб кетмаганлиги боис, таксида эмас, автобусда кетадиган бўлдим. Бой бўлмасак-да, ўзимни кўрсатиш учун таксима-такси юрар эдим. Автобус эшиклари очилди. Ҳаммадан олдин югуриб чиқиб, бир аёл ёнидаги бўш ўриндиққа жойлашиб олдим. Онам ўзининг талабалик пайтларида соатлаб автобус кутишини, автобус келгач, тиқилинчда қимир этмай манзилгача тик туриб боришини айтганди. Ҳеч кимга жой бергим келмай, қулоғимга наушник тиқиб, ўриндиққа суянган ҳолда мусиқа тинглаб кетар эдим. Бироз вақт ўтиб, пойлаган ҳолда секингина кўзимни очдим. Тепамда сумка ушлаган, қўлларини пўстинига тиқиб олган, терилари тортишиб-буришган бир эркак турарди. У нимагадир қалтирар, совқотаётгандай туюларди. Бу ҳолат унинг юзига қарашимга мажбур қилди. Сочларида қора кийимдаги аскарларни забт этиб келаётган оқ соч толалари кўпайган, ҳалок бўлаётган қора аскарларнинг оққан қонидай тер сочлари орасидан ёмғир сингари юзларига, ундан ўтиб пастга томчиларди. Ушбу томчининг бир нечтаси қўлим устига оқиб тушди. Худди баданимга санчилган ўқдай, менга нималарнидир эслатиб, ўрнимдан туришга мажбур қилди. Юзидаги нохушликни яшириб, жилмайган ҳолда менга нотаниш бўлган бу киши «ўтираверинг, ука, мен ҳозир тушаман» деб қўллари билан елкамни пастга босди. Шу пайт ёнимда ўтирган аёл тушишини айтиб, ўрнидан турди ва жойини тарк этди. Мен сурилиб унга жой бердим. У ўрнашиб олгач менга насиҳат қилаётгандай гапира кетди. Ёқмаса-да эшитишга мажбур эдим. У ҳикоясини шундан бошлади: «Исмим Равшан. Мен ҳам бир пайтлар институтда ўқир эдим. Нимадир сабаб бўлиб, автобусда кетишга мажбур бўлдим. Бекат тўла одам. Анча вақтдан сўнг автобус келди. Одамларни туртиб-суртиб бўлса ҳам жаҳл билан автобусга чиқдим. Бу қилиғим учун катта ёшдаги одамларнинг бераётган насиҳатлари энсамни қотирар эди. Эътибор бермай, бўш жойга ўтириб олдим. Автобус бир зумда тўлдию юкини тортишга қийналган от сингари юра кетди. Ёши улуғ кексаларга жой бергим келмай, ўқиётгандай кўзимни китобдан узмасдим. Қандайдир норози гаплардан сўнг ёнгинамга бир аёл ўтирди. Кўзим бехосдан ҳалиги аёлга тушди. Шунда у менга: «Укам, хижолат бўлманг, ўқишда давом этинг, мен ҳам уч фарзандимни ўқитаман, рўзғорни ёлғиз ўзим бошқараман. Шу туфайли кўп юришимга тўғри келади, бироз оёғим дам олса, ҳали яна ишлашим керак», — дея кулиб қўйди. Мен эса нафратлангандай яна кўзимни китобга тикдим. Уйга етиб келгач, отамга «Қачонгача автобусда юраман? — деб бақира кетдим. — Бирон-бир касаллик юқтириб олсам, мендан қутуласизми? Тезроқ машинамни таъмирдан олиб келинг», дея зарда қилдим. Отам бечора ёлғиз фарзанд бўлганим, онам йўқлигини билдирмаслик учун мен хоҳлаган нарсани олиб беришга ҳаракат қиларди. Бир куни хурмача қилиқларимни ичига ютиб юрган отам тузалмас дардга чалиниб, даволанишга бораётганлигини мендан яшириб, узоқ сафарга кетаётганини айтиб, мени қаттиқ бағрига босди. Мен эса отамни бағримдан итариб ташладим: «Нима, сиз мени ёш бола деб ўйлаяпсизми? Хавотир олмасдан бемалол қаэрга кетсангиз, кетаверинг» деб, хурсандлигимча қўлимда пул билан кўчага чиқиб кетдим. Кейинчалик билсам, отам сафарни баҳона қилиб Москвага даво излаб кетган экан. Умид бўлмаса ҳам мени ҳеч кимсиз қолмасин, деб яшашни хоҳлаган экан. Мени охирги марта бағрига босгиси, мени эркалаб дийдоримга тўйгиси, ўғлим дея эркалагиси келган отажонимни ўз меҳримдан бенасиб қилиб, масхаралаган пайтларимни эсласам, сочларимни юлгим, ҳозир пайдо бўлиб қолса, оёқларини ўпиб, ёлвориб кечирим сўрагим келади. Уч ой уйда ҳар кимни олиб келиб маишат қилдим. Ўқишга ҳам бормай қўйдим. Отам лавозимдор бўлгани боис, қайтиб келса, ўқишимни тиклаб беришига умид қилиб, кайфу сафо билан кунларни ўтказдим. Ва мен кутгандай отам келди, — шундай дея Равшан ака йиғлаб юборди. — Лекин, афсус, унинг ўлиги келди, ўлиги. Ўлган устига тепгандай хушторларимдан бири мендан ҳомиласи борлигини, унга уйланишга мажбур эканлигимни айтиб, ўтириб олди. Буни билган қариндошларим менга таъна тошларини отиб, ташлана кетишди. Бири опам (чунки онам ҳам сиқила-сиқила юрак хуружи билан оламдан ўтганди), бири эса акам, дея ҳар қайсиси ўз жигарларининг ўлимида мени айблашарди. Шуниси камдай бу қилган ифлос ишим оиламиз шаънига доғ бўлиб тушгани учун мендан воз кечишди. Кейин эшитишимча, отамнинг маросимларини катта амаким уйида ўтказибди. Мен кечирим сўраб, тўғри йўлдан кетиш ўрнига яна, жирканч ниқобимни кийиб олиб, шу аёл билан яшай бошладим. Бир зумда ўғил туғиб берди. Уйдаги бор нарсаларни сотиб, топган пулимиз еб-ичишимизга бир йилга етди. Сотиладиган нарса қолмади. Уйимиз янги қурилган бинодай ҳувиллаб қолди.
Мана энди мен учун оғир кунлар бошланди. Умримда оғир меҳнат қилмай, еганим олдимда, емаганим орқамда бўлиб, ўсиб катта бўлганман. Бирон ишни бошлашга бўйним ён бермас, бу ёқда хотин қайрагани-қайраган. Катта-катта еб юрган нафси тинчлик бермас, тезроқ бирон-бир йўлини топишимни хоҳларди. Ўйлай-ўйлай биринчи гуноҳ бўлган ҳаром ишга қўл урдим. Ишим силлиқ кечгани учун олиб келган нарсаларга роҳатланардим, шу йўл билан оиламни боқа бошладим. Кўплаб одамларни йиғлатиб, ёстиғини қуритдим. Пулларидан маҳрум қилиб, панжара ортига кетишга мажбур бўлдим. Амнистияга биноан озодликка чиқдим. Ўғлим ўн ёшдан ошган, хотиним бўлса ҳар хил нотаниш эркакларни уйга олиб келиб, улар берган пулларга ҳаёт кечираркан. Мен ҳаммасига кўз юмиб, эски ишимни давом эттириб, яшай бошладик. Қуш уясида кўрганини қилади, деган гап рост экан. Ўғлим олиб келган нарсаларимни еб, унинг қаэрдан келаётгани билан қизиқмаган. Мен қамоқдалигимда онасининг чиркин ишларини кўриб, ҳар қандай ишларга кўникиб улғайган экан. Мен яна қўлга тушиб, қамоққа равона бўлдим. Белгиланган муддатни ўтаб бўлгач, озодликка чиқдим. Уйга келиб, бўлиб ўтган воқеани эшитиб, ўз-ўзимдан нафратланиб, роса йиғладим. Ўғлим вояга етиб, бегона аёлларни уйга олиб келадиган одат чиқарибди. Қаршилик кўрсатган ўз онасига эса маст ҳолда қасд қилиб, кўп йилга озодликдан маҳрум этилибди. Меҳрибон ота-онамни, ўзимнинг гулдек ҳаётимни қабоҳат жарига итариб, хазон қилганимни, нафсимнинг қули бўлганимни, қилган барча гуноҳ ишларимни эслаб, ҳамон ўзимни кечира олмаяпман. Сенга бу гапларни нега айтаяпман, билмайман. Қандайдир бир куч бу гапларни айтишга ундади. Сенга қараб ўз ўтмишим эсимга тушди. Энди ҳаётни орқага қайтариб бўлмайди. Энди кеч бўлди. Мен бўлса ўғлимни кутиб, умид билан яшаяпман. Мана буларни унга олиб кетаяпман.» Шундай дея ўз қисмати битилган «фожеавий ҳаёт асари»га нуқта қўйди ҳамроҳим.
Буларни эшитиб, вужудимни қўрқув эгаллади. Қандайдир даҳшатли бир туйғу руҳимни қамраб олди ва ўтмишим хотирамдан ўта бошлади. Ҳамроҳимнинг ҳаётига менинг ҳам ҳаётим ўхшаш экан. Бу ҳикоя хатоларимни тушуниб етишимга туртки бўлди. Балки мен ҳам кимларгадир хатоларини тушуниб етишида сабаб бўларман, дея қўлимга қоғоз олдим.
Онам кечаю кундуз тиним билмас, уйдаги харажатлардан, ўзидан орттириб, менинг ўқишим, бировларга мақтаниш мақсадида сарф қиладиган пулларим учун ишларди. Менга бўлса, бунинг қизиғи йўқ эди. Отамни гўёки узоқ сафар билан юрадиган бизнесменга, онамни обрўли ишда ишлайдиган аёлга ўхшатиб, таксима-такси, курсдошларимни, айниқса қизларни совғалар бериб, кафема-кафе олиб юрардим. Ўзимга керак бўлмаса ҳам уяли телефон олгандим. Соатлаб гаплашганим-гаплашган, уйда телефон бўлса ҳам ўзимни кўрсатиш мақсадида мақтанар эдим. Бир куни абонент тўлови тугаб, гаплаша олмаганимда, ойимга роса бақирганман. У бечора мени тинчлантирар, мен бўлсам, қутурган итдай онамга ташланиб, отамдан мени ажратиб олганини, отам бўлганида бундай яшамаслигимизни юзига солиб йиғлатар эдим. Онам бир вақтлар отамни қаттиқ севгани туфайли унинг бизларни ташлаб кетганини айтмай, менга уни ёмонлагиси келмай, ўз ихтиёри билан ажрашганини гапирганди. Мен бўлсам, буларни тушунмай, икки гапнинг бирида онамни айблардим. Шунинг учун онам кўнгли ўксимасин, дея барча инжиқликларимни ичига ютиб, яхши шарт-шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эди. Ярим тунгача санғиб келиб, телевизор кўриб ўтирардим. Онам ишдан келганида, унга: «Сиз ёмон аёлсиз, ярим тунгача кўчада юрасиз», — дея заҳарханда қилардим. Онам бечора йиғлаганича, жойнамоз устида Худога ёлворар, йиғлаб ўтирганича ухлаб қоларди. Мен бирон марта ҳам уни жойига ётқизиб қўйишга, ақалли устига чойшаб ташлаб қўйишга ярамаганман. Бир куни ўқишдан қайтаётиб, дўстларим билан бозор ёнидаги ёзги ошхонада овқатланиб ўтирган эдик. Узоқдан оғир сумкаларда нарса кўтариб келаётган онамга кўзим тушди. Мени кўриб қолмаслиги учун бошқа томонга қараб ўтириб олдим. Онамни бу аҳволда ўртоқларим кўришини хоҳламагандим. Унинг эски кийимда эканлиги учун уялгандим.
Ҳа, бу гапларни эшитиб, мендан нафратланаяпсизлар, мен ҳам бу воқеани эслагим келмайди. Эсласам, ўзимни-ўзим ура бошлайман. Бу воқеаларни эслаб, кўзимга ёш келиб, ёнимда ўтирган, афсус ва намдоматда яшаётган Равшан акага тикилиб қолдим. Бу сукунатни жаҳл билан бақиргандай жиринглаган телефоним бузди. Вужудим бир хабарни сезгандай қалтирар, телефонга жавоб бергин, дегандай туюларди. Ниҳоят жавоб бердим. «Тез 16-касалхонага етиб келинг, онангиз оғир аҳволда…» деган хабардан қандай қилиб автобусдан тушиб, касалхонага етиб келганимни билмай қолдим. Гўёки Равшан аканинг гапириб берган мудҳиш воқеаси менда бошланаётган эди. Афсуслар бўлсинки, шундай бўлди. «Онангиздан қолган нарса — мана бу», — деб врач аёл қўлимга бир парча қоғоз тутқазди. Унга «болам» деган сўз ва менинг телефон рақамим илғар-илғанмас тарзда ёзилган эди. Врачларнинг айтишича, онам камқон, қувватсиз бўлгани учун боши айланиб, серқатнов йўлга чиқиб кетган, тезлик билан келаётган машина уни туртиб юборган ва онам бечора ҳеч қандай сўз айтолмай, ақлдан озган одам сингари ерга ўтириб олган. Қаттиқ жароҳатланганига қарамай, сумкасидан бир парча қоғоз олиб, «болам», дея телефон рақамимни ёзиб, одамларга бермоқчи бўлган. Бироздан сўнг ўтирган ҳолда ерга тикилиб, қўлида қоғоз билан оламдан ўтган. Бўлиб ўтган воқеани эслаш менинг юрагимга чўғ босган билан баробар. Лекин нима қилай, дардкашим, ушбу ёзганларимни ўқиб, балки дардимга ҳамдардлик билдираётган ёки мени энг ёмон одам, деб баҳолаётган сиз, азиз юртдошларимдир. Тўғрисини айтсам, сизлардан илтимос, Худодан мени кечиришини, ҳеч бўлмаса, онажонимни тушларимда бир бор кўришимни сўранглар. Бир бор онажонимни тушларимда кўрсам дейман, дийдорига тўйсам дейман. Кечалари уйғониб, Худодан сўрайман. Мен онажоним кийиб юрган ўша эски кийимларини кўзларимга суриб, онажоним ҳидларини туйгим келади. Лекин онамнинг кийимлари ҳам мендан нафратлангандай муборак она исини мендан қизғанишади. Мен бўлсам, аламдан йиғлаб, олдимдан оққан тиниқ булоқ сувига тупурганим учун ўзимни ўзим қарғайман.
Сизларга насиҳат қилмоқчи эмасман. Равшан ака бундан бир неча йил илгари менда ўз ҳаётини кўргани каби мен ҳам баъзи бир юртдошларимизда ўзимнинг ҳаётимни кўргандай бўламан. Шунинг учун ҳар бир кунимизни қадрлаб, шукр қилиб, ҳеч нимани исроф қилмай яшамоғимизни Аллоҳдан сўраб қоламан. Афсус ва дард уммонига ғарқ бўлган юртдошингизман.»
Йигитнинг изтиробларини оққа кўчирувчи:
Саидаҳрор ХОЛСАИДОВ,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултети талабаси