Ёзувчи бамисоли асаларига ўхшайди. Асалари учиб-қўниб, заҳмат чекиб турли-туман гуллардан, доривор гиёҳлардан нектар тўплаб, уни одамларга асал қилиб ҳадя этади. Ёзувчи эса олам кўриб, одам кўриб, улар билан муомалада бўлиб, ўзи яшаб турган замон ва заминнинг сиру асрорини одамлар билан баб-баробар ҳис этиб, унинг нозу неъматларини татиб кўриб, топган гапини ижодий лабораториясида қайта сайқаллаб, яна одамларнинг ўзига улашади.
Ёзувчи учун жумла грамматика дарсликларида таъриф қилинганидай: «Эгаси, кесими ва иккинчи даражали бўлаклари» ўз ўрнида бўлган жумлалар, тил эса одамларнинг бир-бирлари билан муомала қиладиган восита қуроли эмас. Ёзувчининг гапи бошқача, яъни, ёзувчининг гапида характер, ўй, фикр, истеҳзо, ўхшатиш, жонлантириш ва ҳатто, керак бўлса, ўйлатиб қўйиш қобилияти ҳам бўлади. Шундай бўлгандагина биз уни бадиий тил деймиз.
Баъзан топиб айтилган биттагина сўз бутун бир асарни безаб туради. Масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг «Тўйда аза» деган ҳикоясини эсланг. Ундаги мешчанка аёл бошига қизил беретка кийиб юради. Ёзувчи уни хўрозқандга ўхшатади. Шунинг учун бўлса ажаб эмас, ўқувчилар орасида у ҳикоянинг номи «Хўрозқанд» бўлиб кетди. Ёки Саид Аҳмаднинг «Ханка ва Танка» деган ҳикоясида Ханка лабини қизил помада билан бўяб юради. Уни ёзувчи қизил помидор тишлаб юрганга ўхшатади. Қаранг, шу биргина ўрнида ишлатилган сўз, ибора ҳикоянинг бадиий қимматини яна ҳам кўтариб юборган. Кейинги пайтларда анжуманларда, радио ҳамда телевидениеда ўринлатиб шеър ёки монолог ўқиган дикторларимизни тўғридан-тўғри «бадиий сўз устаси Қодир Махсумов», «…Муҳсин Ҳамидов» деб сўз берадиган бўлдик. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг: қотириб ёзган сўз устасими ё уни ўқиганми? Ўқиладиган асарларни яратган ёзувчилар. Ёзувчининг асарини қотириб ўқиш бошқа гап. Уни бадиий ўқиш устаси, деса бўлади, аммо бадиий сўз устаси эмас.
Тилга эътибор, элга эътибор, деган гап бекорга айтилган эмас. Баъзи ёзувчиларимиз мавзу топилса бас, буёғини уриб ёзаверса бўлади, энг муҳими, қоғозга тушгани қолади, буёғини редакциянинг ўзида тўғрилашади, деб тушунишади. Тўғри, мавзу бош масала, аммо асарнинг бадиий хусусиятлари ҳамиша муҳим, ҳамиша замонавий масала бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Модомики, гап танқидчиларга келиб тақалган экан, уларнинг тили ҳақида ҳам икки оғиз гап айтишни лозим деб биламан. Танқидчиларнинг шу бугунги тили мақтанарли даражада эмас. Буни рўй-рост айтиш керак. Баъзилар мақолаларини, тақризларини шунақа қуруқ, шунақа жўн тилда ёзадиларки, ё қийналиб ўқийсан, ё мутлақо ўқигинг келмайди. У ишлатган сўзларнинг баъзиларини ўқувчи тушунади, баъзиларини тушунмай луғат қидириб қолади.
Танқидчиларимиз сўнгги пайтларда «кашфиёт» деган сўзни кўп ишлатадиган бўлиб қолишди.
Бу сўзнинг вазифаси, назаримда, ҳозирги ишлатилаётган даражадан бирмунча юксакроқ бўлса керак. Фан ва техникадаги фавқулодда топилган замон янгиликларига, асримиз яратган улкан, халқ хўжалигимиз учун ниҳоятда муҳим ҳисобланган нодир ва ноёб янгиликларга нисбатан «кашфиёт» сўзини ишлатсак ярашади. Энди ўша сўзни пастга олиб тушиб, битта ўхшатиш ёки битта шакл топган адибга кашфиёт қилдингиз, деб ўтирсак, унда бу сўзнинг қадри тушиб кетмайдими?
Бир куни радиони эшитиб ўтирсам, дўстим А. Мулламуҳамедовнинг очеркини бериб қолди. Бу очеркда туячиликни ривожлантириш, Ўзбекистонда туя чорвасининг истиқболи ҳақида гап борарди. Кўриб турибсизки, бу мавзу ниҳоятда шу кунимиз учун зарур ва актуал масала. Қулоқ солиб ўтирсам, бир жойда «туянинг айрони» деган сўзни ишлатиб юборди. Буни қаранг-а, туянинг «айрони» эмиш. Туянинг сути бўлади, сутини ачитиб қимрон (чубот) қилишади. Чорва моллари маҳсулотларига халқнинг ўзи қўйган атамалари мавжуд: сигирнинг сутидан қатиқ, айрон, пишлоқ қилинади; биянинг сутидан қимиз; туянинг сутидан қимрон. Наҳотки ўртоғимиз шуни билмаса! Гоҳ матбуотда «ҳар бош она қўйдан…», «Она чўчқа балчиқда маза қилиб лорсиллаб ётарди…» каби жумлаларни ўқиганингда ўзингни қўярга жой тополмай қоласан.
Дунёда «она»дан ҳам мўътабар зот борми? Шунақа экан, чорва молларининг ўз атамалари турган бўлсаю, нима учун унинг ёнига «она»ни ёнма-ён қўйиш керак? Ахир халқимиз баъзи журналистлар тап тортмай айтаётган «она қўйни» «совлиқ» дейишади-ку!
Шунингдек, чўчқанинг урғочиси «мегажин», отники «бия» ва ҳоказо. Борди-ю, чорва молларининг эркакларини ёзиш керак бўлиб қолса, нима қиламиз? «Ота қўй», «ота чўчқа» деймизми? Йўқ, уларнинг ҳам ўз атамалари бор: қўчқор, серка, така, айғир, нор дегандақа.
Гап чорвачилик ҳақида кетаётган экан, бир гап эсимга тушиб қолди: қайсиям бир йили қўлимга «Алифбе» китоби тушиб қолиб, варақласам, «Т» қарфи қисмида бир от ва бир тойнинг расмини чизиб, тагига: «Мана бу катта той, мана буниси кичкина той», деб тушунтирилибди болаларга. Буни қаранг, «катта той», «кичкина той» эмиш! Буни ўқиган бола қандай қилиб отларнинг турини билсин! Уларни қандай қилиб фарқлай олсин! Шу муносабат билан менда, янги «Алифбе»ни бир кўрай-чи, қани, янги нашрида ҳам шу гап такрорланганмикан, деган қизиқиш туғилди. «Алифбе»ни топиб, варақласам, хайрият йўқ бўлиб чиқди. Аммо, китобнинг ўртароғига бориб, ёқамни ушлаб қолдим. Иккита сурат: бирида ариқ устидаги кўприкда иккита улоқ қарама-қарши келиб қолиб, ҳеч қайсиси бир-бирига йўл бўшатмай туришибди; иккинчи суратда эса, улар йўл талашишиб, сузишиб, сувга қулаб тушишади. Бу эртак-суратни ҳамма билади. Энди ўша сурат тагига изоҳ бериб, «эчкилар» деб ёзишганига нима дейсиз? Ҳали саводи чиқмаган болага улоқни эчки деб таъриф қилсак, буни ўқиган болалар ҳам ўзимизга ўхшаб чаласавод бўлиб қолмайдими?
Устоз Алишер Навоий отларнинг ёш жиҳатдан етти турга бўлинишини ўзининг рисолаларидан бирида аниқ-таниқ қилиб айтиб кетганлар: қулун, той, ёбоғи, қунон, дўнан, бешлик ва ниҳоят от. Қорамолга нисбатан сигир, бузоқ, тана, ғунажин, қочар, буқа, ҳўкиз. Чорва молларининг сифатлари ҳақида ҳам чалкашликлар жуда кўп. Масалан, баъзи ёзувчиларимиз отларни тасвир қилганларида оқ от, қора от, қизил от ва ҳоказо деб таърифлашади. Ваҳоланки, уларнинг халқда ўз атамалари бор: човкар, саман, тўриқ, жийрон, буврил,… дегандақа.
Эътиборсизлигимиз натижасида баъзи чорвачилик билан боғлиқ нарсаларнинг атамалари ҳам аста-секин истеъмолдан чиқиб кетяпти. Масалан, эгар, тўқим, жазлиқ, айил, қўйишқон, юган, сувлиқ, нўхта, узанги, ўмровлиқ, кишан. Ёки молларнинг тана қисмларини англатувчи ўмров, ёл, қаптал, сағри, тақим деган сўзлар-чи?
Ҳатто, қариндош-уруғчилик даражасини билдирувчи сўзларимизда ҳам чалкашликлар учрайди. Ҳозир холанинг ўғлини ҳам, тоғанинг, ҳатто амакининг ўғлини ҳам «жиян» деб атайдиган бўлишган. Бизнингча, холавачча, амакивачча, жиян, бўла, хола, тоға, амаки, почча каби сўзлар ўз ўрнида, тўғри ишлатилгани маъқул. Бизнинг Туркистонда «бўла» деган (холаваччани билдирувчи) сўз бор. Мирзакалон Исмоилийнинг «Фарғона тонг отгунча» романида шу сўзга кўзим тушиб қолиб, қувониб кетдим.
Хўш, нима учун уни ишлатмаймиз? Ахир, бу бизнинг бисотимиз-ку! Бу сўз йўқ, у сўз йўқ, деб титкилайверсак, «Ўзбек тилининг изохли лутати»га ўхшаб ғариблашиб, камбағаллашиб қолмаймизми? Энса, қовға, кегай, ридвон, канор, қанора, декча, омоч, бўйинтуруқ, гупчак, тоқи, ўмиз, зўғата, танав, букса, ханик, четан, мўки, жуволдиз, сўнар, конжиға, қаптал… Ўҳ-ҳў, Бунақа истеъмолдан чиқиш арафасида турган сўзлар жуда кўп. Оддий шамчироқ билан замонавий электргача, оддий урчиқдан то ҳозирги замонавий ип йигириш дастгоҳларигача, оддий бўз тўқиш дастгоҳидан то тўқимачилик комбинатигача, чайладан кошона уйларгача, икки ғилдиракли қўқонаравадан то ҳозирги замон учқур машиналаригача, омочдан ҳозирги полвон «К-700» тракторигача… Ўтган давр ичида ишлаб чиқаришга оид қанчадан-қанча сўзлар яратилди. Қани улар? Улар халқнинг тилида.
Уларни олиш керак, ўрнини топиб ишлатиш, ишлата билиш керак!
Дарвоқе, луғатлар масаласида гап кетган экан, А. С. Пушкин номидаги тил ва адабиёт институтига ҳам баъзи бир истакларимизни айтиб ўтишни маъқул кўрамиз. Бошқаларни билмадим, менимча, тил билан шуғулланувчи олимларимиз жуда майдалашиб кетишганга ўхшайди. Масалан, битта олимдан: «Мана бу сўз қайси турга киради?» деб сўрасангиз, у: «Бу сўз феълга кирса керак, мен равишдош билан шуғулланаман», деб жавоб беради. Улар, назаримда, тилни нимта-нимта қилиб бўлиб олишганга ўхшайди: эга билан кесимни — биттаси, иккинчи даражали бўлакларни — биттаси, келишикларни — бошқа биттаси, ундов гап-у, сўроқ гапларни — бошқалари… Бунақада яхлит бир нима қилиб бўладими?
Хуллас, айтаверса гап кўп. Октябрь инқилобидан кейин тилимизнинг халқ жонли тили билан яқинлашгани адабиётимизнинг улкан ютуғи бўлди, деган эди устоз Абдулла Қаҳҳор. Шундай экан, ўша қўлга киритган ютуғимизни ғариблаштириб, жонли тилимиздан узоқлаштириб қўйсак, бу жиноят бўлмайдими? Тилимизнинг софлиги ва бойлиги ҳақида жиддий гаплашадиган пайт етди. Уни конференция, ҳатто пленум даражасига кўтариб, зукко адибларимиз-у, шу соҳа мутахассисларининг, мутасадди ташкилот раҳбарларининг маърузаларини эшитиб, уларнинг бундан кейинги ишларимизга йўл-йўриқ бўладиган маслаҳатларини олсак, деган умиддамиз.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1985 йил, 4-сон.