Мен Ойбек билан жуда ёшликдан, остона ҳатлаб кўчага чиқа бошлаган кундан ўртоқман. Маҳалламиз бир-бирига яқин эди. Анҳорда, Эшвали аканинг қўш обжувози жойлашган ернинг қуйироғида, Опар тарновда бутун яқин маҳаллаларнинг болалари ичида мен ҳам, Ойбек ҳам бирга чўмилардик. Ёни-бери аллоф, аравакаш, бозорчиларнинг отларини чўмилтириб берардик. Оқшомлари ўғил-қиз болалар йиғилиб, минди-минди, қушим боши, ботмон-ботмон, оқ теракми-кўк терак, бекинмачоқ ўйинларини бирга-бирга ўйнардик. Ойбек Дегрез мактабида, мен Қўрғонтеги мактабида бошланғич эски таҳсилни олдик. Кейин у «Намуна» мактабига, мен «Ҳаёт» мактабига кирдим. Бу мактабдан кейин Ойбек Ленинградга ўқишга кетди, мен муаллимлик қила бошладим. 1924-25-26 йилларда мен маориф комсомоллари ячейкасииинг секретари эдим. Ойбек бизнинг ячейка ҳисобида эди, взносни менга тўларди. Ойбек русчага уста бўлиб кетди, мен нўноқ эдим, ҳавасим келар эди. Ойбек шеърлар ёза бошлаганда биринчи шеъри маориф комсомоллар ячейкасининг деворий газетасида босилган. Тахминан «Ўзбек қизига» деб аталган бўлса керак.
«Мўралама, ҳой ёш қиз, Эшигинг тирқишидан, Борлиқ куларми сенсиз, Чиқ энди уй ичидан!»,— деб бошланарди у.Биринчи китобларимиз чиқди. Шундан буён ҳар йили Ойбекнинг бир-икки янги китоби чиқиб туради, каминаники ҳам. Бора-бора халқимиз ўртасида танилган, эътироф қилинган эътиборли ёзувчилар бўлиб қолдик. Қирқ тўртинчи йили бир кунда баб-баравар Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо бўлиб сайландик. Бу сатрларни ўқиб, Ойбек тўғрисида ёзмоқчи бўлган Ғафур ака, ҳадеб нега ўзини қистираверди экан, деманг. Тақдиримиз шундай келди. Икки ғариб маҳалладан чиққан икки ғариб йигит шундай вояга етдик.
Олдинма-кетин лауреат бўлдик. Аммо тан бериб айтиш керакки, Ойбек ғоятда бардошли, қунтли, заҳматкаш ижодкордир.
Ойбекнинг серҳосил, ўткир ижодкорлигини бизнинг адабиёт тарихида кимга ўхшатиш мумкин?
Ойбекни ўзига, Ойбекка ўхшатиш мумкин.
Асарларини ўқиб улгуролмайсан, янги бир асар билан «мана ман» деб, рўпарангда табассум қилиб туради.
Қандай яхши, яхши…
Мен 50 йилдан ортиқроқ бирга-бирга ўсиб, камолга етган азиз дўстим билан яна шунча йиллар сиҳат-саломатликда дийдор кўришиб туришни орзу қиламан.
“Шарқ юлдузи”, 1965 йил 9-сон