Эркин Воҳидов. Янги авлод овози (1980)

Шеъриятимизга янги авлод кириб келди. Оҳиста, ийманиб, улуғлар қошида чўчинқираб эмас, шахдам, дадил, бамисоли тўйхонага келган ўспирин куёвнавкарлардек олатасир ва сурон билан кириб келди.

Биз бу «босқин»ни кўпдан кутган эдик, интизорлик билан пойлаган эдик. Шундай кун келди. Куни кеча комсомол Марказкоми биносида ўтган шеърхонликда мен бунга амин бўлдим. Бугун шеъриятимизнинг тенг ҳуқуқли ёш авлоди бор. Бу — Усмон Азимлар, Азим Суюнлар, Шукур Қурбонлар авлоди, бу — Муҳтарамалар, Шарифалар, Дилбарлар авлоди.

Адабиётда қадимдан бир қоида бор: янги ёш авлод кириб келмагунча, уни эл авлод сифатида қабул қилмагунча сўнгги авлод сочи оқарса ҳам ёш авлод бўлиб қолаверади. Агар М.Солиҳ, Сулаймон Раҳмон, Фароғат Камоловалар бўлмаганда Омон Матжон, Муҳаммад Али, Ойдин ва Ҳалималар ҳали ҳам ёш шоир бўлиб юраверар эдилар. Бу — азалий қоида, негаки адабиётнинг доимо ёш авлоди бўлмоғи керак, бу унинг табиий эҳтиёжи. Ёш авлоди бўлмаган адабиёт гўдак боласи йўқ оиладек сокин, зерикарли бўлади. Гўдак боласи йўқ оилада эса кенжа фарзанд доимо суюк ва эрка. Мўйлаби чиқса ҳам отасининг тиззасидан тушмайди, онасига эркаланиб тилини чучук қилиб гапиради. Биз шу кунгача беш-ўн китоб чиқарган, элга танилган шоирларимизни ёш деб келганимизнинг боиси шу. Шунинг учун янги авлоднинг сурон билан, босқин билан кириб келишини узоқ, (ҳатто жуда узоқ) интизор бўлиб кутган эдик.

Инсон бир мартагина яшайдиган замонини танлаб дунёга келмайди. Бу қисмат деб аталган, бизга ноаён қудратнинг ихтиёрида. Бу танлаш ҳуқуқи шоирларга ҳам берилмаган. Истеъдод соҳибининг қандай даврда яшаши, қай даврда адабиётга кириши унинг инсон сифатидагина эмас, ижодкор сифатида ҳам қисматини белгилайди. Минг йиллик, асрлик тафовутлар ҳақида гапирмайман. XVI—XVIII асрлар ўртасида — уч юз йиллик зулмат ва турғунлйк замонида юртимизда дунёга келган юзлаб, минглаб истеъдод эгаларининг ижодкор сифатидаги қисматини айтиб ўтирмайман. Шоир тақдирида бир неча йилнинг ҳам фарқи бор. Эллигинчи йилларда шеъриятга кирганлар ичида чинакам катта талант эгаси бўлган шоирлар йўқмиди? Бор эди. Лекин эллигинчи йилларда шеъриятда дабдаба ва ҳамду сано удум бўлган эди. Ўша йилларда адабиётга кирган шоирларнинг кўпчилиги ана шу удумни қабул қилдилар, илк қадамдан бошлаб ана шу усулга ўргандилар, шундай шаклландилар. Сўнгра олтмишинчи йилларга келиб шеъриятдан мадҳиябозлик чекинганда уларнинг кўпчилиги янги нафасга дарров мослаша олмадилар. Шеъриятнинг байроғини тантанабозлик харобаларида туғилган авлод қўлга олди.

Бугун шеъриятга кириб келган авлод қисматига ҳар жиҳатдан ҳавас қилса арзийди. Улар инсон сифатида тинч, фаровон замон фарзандлари, қалбу хаёллари заҳмат ва ўкинчдан холи бўлган, дунёга шавқ тўла кўнгил билан, ойдин нигоҳ билан боққан йигит-қизлар. Улар шоир сифатида долғали, беҳаловат давр болалари, қалбу хаёллари анордек қонталаш курраи заминнннг изтиробу умидларига оғушта бўлган, дунёга ҳам завқу шавқ, ҳам хавотир кўзи билан боққан ёшлар. Улар, яна шоир сифатида, шеъриятда ҳаққоният ва самимият, инсонпарварлик ғолиб бўлиб турган, ҳақиқий истеъдод қадрланиб, насиҳат ўрнини бадиият, жарангос ўрнини ишонтириш қудрати эгаллаб турган бир даврнинг ижодкорлари.

Мен тавсия этурман сенга ўзимни,
Олам аро ойдин хаёллар,
Мовий шамоллар маскани юракка,
Табиатга, Унинг сухсур тоғларига,
Мевали, мевасиз боғларига.
Гулга, теракка;
Асов дарёлару мусаффо чашмаларга,
Ғалаёнлар, исёнлар ва сукунат ташналарига
Меҳр билан боққан кўзимни
Мен тавсия этурман сенга, шеърият.

(Сулаймон Раҳмон)

Янги авлод шеърияти баҳорда қирғоғига сиғмаган сойдек ҳайқириб, тошиб оқаяпти, адабиётнинг катта дарёсига ҳали тинмаган, хас-чўплардан холи бўлмаган, лекин ўзига хос оқим бўлиб қўшилиб турибди. Бу оқимнинг ўзига ва фақат ўзига хос бўлган хусусиятлари бор — янги авлоднинг таржимаи ҳоли билан, ёшига мос нафаси билан боғлиқ бўлган хос белгилари бор. Лекин бу хос белгиларни икки оғиз сўз билан жўнгина айтиб бериш қийин. Энг муҳимларини айтаман. Аввало, мазмун ва шаклдаги эркинлик. Вазндан тортиб фикрлаш услубигача анъаналардан чекинишга ҳаракат. Верлибр (сарбаст) ўзбек адабиётида ростмана етмишинчи йиллардан кўрина бошлади. Албатта, ҳозирги ёшлар шарофати билан. Мен гарчи верлибр ўзбек шеъриятига сингиб кетади деб унча ишонмасам-да, шарофати, деган сўзни мутлақо қўштирноқсиз айтаман. Сўнг, ҳаётнинг драматик лавҳаларини ҳаяжон билан тасвирлашга мойиллик, (Рауфнинг «Абдуллажон марсияси», Шукур Қурбоннинг «Шоҳ Машрабни осмоқдалар» шеъри). Бу белги ёшларнинг замон зиддиятларини нозик ҳис қилиши, уларда адолат туйғусининг ўткирлигини кўрсатади. Сўнг, тасвирда мураккаб усуллардан фойдаланишга уруниш, ўзига хосликка интилиш, турли «изм»лар тамғасидан қўрқмаслик хусусияти. Муҳаммадали Қўшмоқов, Рауф Парфи, М.Солиҳ шеърларини ўқиб кўринг. Булар умуман бир-бирига ўхшамайдиган, лекин юқорида саналган белгилари билан бир-бирига яқин шоирлар.

Шеъриятда муваффақият билан айтилган тайёр, жўн гапдан муваффақиятсиз изланиш афзалроқ деб биламан. Лекин изланишда ҳам изланиш бор. Истеъдод чироғи билан изланишнинг қоронғиликда тимирскиланишдан фарқи катта.

Ёшлар шеъриятининг ўзига хос яна кўп томонлари ҳақида гапириш мумкин. Лекин уларни таърифлаш, айтиб беришдан ҳис қилиш осонроқ. Шунинг учун ёшлар ҳақидаги гапни шу ерда тўхтатиб, улар учун кўнглимда тугиб юрган баъзи фикрларни айтмоқчиман.

Кўча-кўйда ўз хаёли билан банд бўлиб, фикран ўзи билан ўзи сўзлашиб бораётган шоирни кўрган кишилар: «Бу девона-дарвеш ниманинг хаёлини суриб кетяпти? На одам билан, на олам билан иши бор. Бошига бир иш тушган бўлса керак», деб ўйлашлари мумкин. Лекин бу девона-дарвеш одам юраги олам ташвиши билан ураётганини, кишилар қалби ва хаёлини уларнинг ўзидан ҳам шу одам яхшироқ тушуниши ва ифода қила олишини кўплар билмайдилар, тасаввур қилолмайдилар. Шоирнинг бахти ва «кўргилиги»ни, қувончи ва азобларини, роҳати ва машаққатларини бу ишга ошно бўлмаганлар тушунмаса ҳеч ажаб эмас.

Шоирликнинг «қора иши»ни кўз олдига келтирмай, бу номнинг ўзига, обрў ва шуҳратига қизиқиб шеърият майдонига интилганлар хато қиладилар. Кўпинча бундай хато жуда қимматга тушади. Хато қилган одам учун ҳам, шеърият учун ҳам. Шу сабабли «ёшларга ғамхўрлик» деганда фақат уларни қўллаб-қувватлаш йўғини бор қилиб кўрсатиш эмас, балки уларга рост гапни айтиш, янглишишдан қайтариш ҳам тушунилади. Овози йўқ одам ҳофиз бўлолмайди, мусиқани эшитиш, фарқлаш, англаш қобилияти йўқ одам бастакор бўлолмайди. Лекин икки сатрни бир-бирига жуфтлаш, саводли ёзиш қобилияти бўлган ҳар бир фуқаро шоирлик, ёзувчилик даъво қилиши мумкин. Бизнинг саводхон асримизда, айниқса, адабиётда истеъдод билан ҳаваскорликни ажратиш мушкул бўлиб қолди.

Талантли одамларнинг бошини қўшиш, ҳамкор қилиш қийин. Истеъдодсиз одамлар бир-бири билан топишиб оладилар ва катта кучга айланишлари мумкин. Негаки, талант доимо ҳар хил, истеъдодсизлик эса бир хил бўлади.

Бойлик ва шуҳрат тамаъида адабиётга кирганлар бошда кичкина илонга ўхшаб кичкина бир камгак жойдан шеъриятнинг иссиқ қучоғига кириб олиши мумкин. Бундай илончаларга бепарво бўлмаслик керак, чунки улар вақт ўтиши билан аждарга айланиб истеъдод эгаларига даф қиладилар.

Сўнгги сўз: Шоирлик фақат тимқоронғи хонага кириб олиб шеър ёзиш эмас. ёки элга фақат шеъри билан муаллимлик қилиш эмас. Шоир ҳамма замонда ҳам жангчи бўлган. Бу сифат унга айниқса бизнинг замонда жуда керак. Мен шоирнинг шахс сифатида ҳам баркамол бўлишини орзу қиламан. Одамлар фақат унинг шеърига қараб эмас, ўзига қараб ҳам ҳавас қилса, тақлид қилса.

Мен ёш шоир дўстларимга юксак парвозлар тилайман, ўзбек шеърияти бахтига омон бўлишларини, бу шеъриятни яна бир поғона юксакликка кўтариш учун беллари қамишдан боғлиқ бўлишини тилайман.

1980