Яқин-яқингача мендан шеърият нима, деб сўрасалар, гўзал фикрнинг гўзал ифодаси деб жавоб берардим. Бу жавобим шеъриятнинг жамият ҳаётидаги курашчан вазифасини тушуниб етмагандан ёки шеърнинг ҳақиқат садоси, дардли юрак нидоси эканини билмаганимдан эмас, менинг руҳимга балки гўзаллик олами яқинроқ бўлганидандир, болаликдан шарқ шеъриятига қарийб мафтун бўлганимдан, шарқ шеърияти руҳида тарбия топганимдан бўлса керак.
Маълум бир жамиятда маълум бир давр «шеърият мана бундай бўлмоғи керак, адабиёт мана бундай бўлмоғи керак» деган ғоя мавжуд бўлади. Навоий замонида асл шеърият форсий тилда ёзилмоғи керак деган ҳоким фикр бор эди. Пушкин замонида шеърият қора халқ тушунчалари, қўшиқларидан баланд турмоғи керак деган ғоя ҳукмрон эди. Асримиз бошида — Маяковский замонида шеърият Пушкин шеъридек тиниқ, Лермонтов мисраларидек равон бўлиши керак деган тушунча яшар эди.
Навоий, Пушкин, Маяковский, Ҳамза Ҳакимзодалар миллий шеърият тарихининг бурилиш нуқталарида турган истеъдодлар. Уларнинг фаолиятида истеъдоднинг табиати яққол кўринади. Истеъдод — бу мумкин бўлмаганни мумкин қилиш, ҳукмрон эстетик принципларга янгилик киритиш, шеърият мана бундоқ бўлади, деб, янгича нуқтаи назар билан чиқиб, шунга одамларни ишонтириш демакдир.
Одатда улуғ истеъдодлар ижоди бир қанча вақтгача жамиятнинг дидини белгиловчи мезон бўлиб қолади.
Йигирманчи йиллар шеъриятининт момақалдироғи бўлган Маяковский оҳанги то бизнинг кунгача шеъриятда ўз акси садосиии сақлаб келмоқда. Бугунги машҳур шоирларимиз сатрларида Маяковский мисраларининг услуби, тафти сезилиб туради.
Лекин ҳаётда ҳеч бир дунёқараш, ҳеч бир эстетик принцип ўзгармас ва боқий бўлмаган, бўлмайди. Мана бугун рус адабиётида минбар шеърияти ўрнига «сокин шеърият» урф бўлмоқда.
Шеъриятнинг мавзулари, оҳанглари, ифода услублари ҳар даврда ўзига хос ўзгача бўлади. Лекин бир нарса ҳамиша устивор: шеърият инсон қалбининг ҳолати экани, унинг қувончи, муҳаббати, нафрати, соғинчи ифодаси экани — абадий. Ҳамма замонларда ҳамма халқларда одамлар бир хил дард чекади, бир хил севади, бир хил кулади. Инсон табиатидаги ҳислар мажмуаси ҳамма замон ва халқларда бир. Ҳайрат туйғуси, ғазаб, қўрқув, ҳаяжон барча халқларга хос. Тараққиёт жараёнида четда қолиб кетган, қадам етмас чангалларда яшовчи ярим ёввойи қабилаларда ҳам қиз-йигитлар бир-бирига кўнгил қўядилар, кексалар болаларни суйиб эркалайдилар, аёллар бир-бирини қитиқлаб куладилар.
Агар Алпомиш ва Одиссейлар, Барчинлар ва Пенелопалар образлари бир-бирига ҳамоҳанг бўлса ажаб эмас. Чунки ўша умумбашарий эҳтирослардан туғилган орзу-армонлар ҳам умумийдир.
Ҳар қалай халқларни бир-биридан ажратувчи белгиларга қараганда уларни бирлаштирувчи белгилар кўпроқ. Шунинг учун ҳам оламда энг илғор ғоялардан бири — интернационализм ғояси барқарордир.
Барча истеъдодлар каби шоирлик истеъдоди ҳам туғма бўлади ва болаликдан ўзини намоён этади. Бу кундуздек равшан, ҳақиқатнинг ўзидек аён. Туғма истеъдод эгаси бўлмаган, шеъриятга ҳавас туфайли адабиётга кириб қолганлар — умр бўйи ҳаваскор бўлиб қоладилар.
Истеъдод инсон қалби ва онгининг жуда ноёб хусусияти бўлгани учун, жуда ранг-баранг бўлгани учун таърифга сиғиши қийин. Шоирона истеъдод — бир қараганда оламга ҳайрат кўзи билан боқиш санъати ва ўзгаларни ҳайратга солиш санъати бўлиб кўринади, яна бир қараганда эл дардига ошно бўлиш қобилияти бўлиб туюлади.
Истеъдод — бу аввало дид, яхши дид эгаси бўлиш қобилияти, дегувчилар ҳам бор. Истеъдод — бепоён тушунча. У таърифга сиққанда эди, уни маълум хусусиятлар доирасида чегаралаш мумкин бўлганда эди, одамлар йўқ истеъдодни тарбиялаб бор қилган бўлардилар. Горький, истеъдоднинг 99 фоизи меҳнат деганини туғма истеъдоди бўлмаган одам меҳнат билан чинакам шоир ёки бастакор бўлиши мумкин деб тушунмаслик керак. Ҳар қалай 99 дегани юз эмас. Сув нормал шароитда юз градусда қайнайди. 99 градус исиган сув — қайнаган сув эмас. Форс тилида қайнашни «жўшидан» дейди. Яъни жўшмоқ. Шеърият ҳам жўшмоқдир. Жўшмоқ учун эса 99 фоиздан ташқари ўша камтарин бир фоиз — яъни туғма истеъдод керак.
Шу маънода «кунларнинг созини чертиб юрувчилар»нинг таскини — биз улуғ эмас, бизга шу ҳам бўлаверади деб кўнгилни тинчитиши адабиёт учун фалокатдир. Шоирми, адибми, бу қутлуғ даргоҳга қадам қўйгач англамоғи керакки, бунда Низомийлар, Навоийлар, Шекспир ва Пушкинлар қалам сурган. У шу улуғ сиймолар даврасига киради. Ўз қалби, виждони олдида, бу улуғ зотлар олдида андиша қилмоғи керак.
Ким билсин, бизлар ҳам кунларнинг созини чертиб юрган нозимлардирмиз — бу масала элнинг ва фурсат деб аталган буюк ҳакамнинг ҳукмига ҳавола. Лекин мен ишонаманки, ўзи ҳар қанча камтар ва хокисор бўлмасин, шоир илҳом чоғида ўзини Пушкиндан кам сезмайди ва у тўғри қилади, тамоман ҳақли. Албатта, эл-юрт муҳаббатини қозониш учун туғма истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Шоир руҳан, фикран замон даражасида бўлмоғи, халқ ҳаёти тўлқинлари ичида кенг қулоч отмоғи керак.
Яна ўша гап, тўқсон тўққиз юз бўлмагандек, бир ҳам юз эмас.
Яқинда бир ёш шоир менга ғазаллар олиб келди. Туғма истеъдод эгаси эканига ҳеч шубҳа йўқ. Ғазаллар тиниқ, равон, маъноли, образларга бой, лекин гаплар ўтган аср руҳида. Шеърларга, масалан, Ҳозиқ-Ҳўқандий ёки Нодим-Намангоний деб имзо чекса ҳам бўлаверади. Албатта, бу тоифа шеърлар билан бугунги шеърият мухлисларини асир этиб бўлмайди. Биз Навоий ғазалларидан баҳраманд бўлганимизда ўн бешинчи аср фарзандининг бугунги кишилар руҳига қанчалик яқин келолганидан ҳайратланиб баҳраманд бўламиз. Албатта Навоий бугун яшаганда «Ашриқат мин акси шамсил каъс анворил ҳидо» деб ёзмаган бўларди.
Дарҳақиқат, чиройли ёзишнинг ўзи ҳеч қачон шеърият бўлган эмас, ҳозир ҳам шундай.
Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.Чиройли айтилган байт. Бу ерда гўзал санъат бор. Одам ва ғам — қофиядош сўзлар ҳар иккиси икки жойда икки хил маъно рангига эга.
Сен одам эрсанг, эл ғамидан ғами йўқ — яъни парвоси йўқ кишини одам дема — яъни махлуқ деб бил.
Ёки
Ўлтирмоқ эл ичра юқорироқдин, Ўлтирмоқ эл ичра юқорироқ бил.Икки сатр сўнгги икки ҳарфдан ташқари айнан такрорланган ва ажойиб санъат ишлатилган. Маъноси: элдан юқорироқ ўлтиришдан кўра эл ичида ўлтиришни афзалроқ-юқорироқ бил.
Сўзларнинг маъно товланишларига эътибор беринг. Биринчи сатрдаги «эл ичра» нисбат маъносида, иккинчи сатрдаги «эл ичра» ўрин маъносида. Биринчи сатрдаги юқорироқ ўринни, иккинчисидаги юқорироқ — афзалликни, яъни нисбатни билдиради.
Ҳар икки байтда гўзал санъат бор. Лекин муҳими шундаки, гўзал санъатнинг ўзигина эмас. Ҳар икки байтда жуда муҳим ва сабоқли чуқур инсоний ғоя ўз ифодасини топган. Даҳо санъаткорларда доимо ана шундай бўлган. Санъат олижаноб ғояни ифода этиш учун хизмат қилган.
Бу ёнда мулла Насрулло, бу ёнда хўжа Фазлиддин Ики қомат алификим Адо қаддини дол этмишмисралари ҳам санъаткорлик билан битилган. Адо сўзи икки алиф ўртасида дол ҳарфи билан ёзилади. Икки алиф қомат ҳасрати мен Адо (шоир тахаллуси) қоматимни дол қилди дейиш ҳам чиройли санъат. Аммо Навоий байтидаги санъат устига қўйилган юк билан бу байт устига қўйилган юк ўртасида фарқ бор.
Менимча, анъанавийлик ўз ичига кўп тушунчаларни олади. Масалан, ғоявийлик, образлилик, мантиқий изчиллик, ички мусиқийлик ҳам анъанага киради. Умуман шеъриятнинг киши қалбига яқинлиги, инсон дарди, ҳасрати, қувончи ифодаси экани ҳам анъанавий ҳодиса. Демак, анъанадан қочиб бўлмайди. Шаклдаги, оҳангдаги изланишлар эса ҳамиша мавжуд бўлган. Янги-янги ифода шаклларини излашнинг ўзи ҳам анъана. Демак, анъанадан қочишга интилган ёшларнинг ўзи анъанавий бўлиб чиқади.
Бироқ, янгилик топаман деб инсон руҳиятига сингмайдиган, онг, қалб қабул қилмайдиган шаклбозлик ёки тумтароқлик — услуб эмас, оддий дидсизликдир.
Мен ўзим мусиқани севаман, шеърларим ҳам мусиқий бўлишини истайман. Лекин бу бошқача услубдаги шеърларни қабул қилмайман, деган сўз эмас. Менга мусиқийликдан узоқ, ҳатто озроқ ғализ бўлса ҳам Асқад Мухтор шеърияти жуда ёқади. Асқад ака шеърларида чуқур эҳтирос ва топқирлик бор, донишмандлик бор. Ҳусниддин Шариповнинг шеърларида ҳам оҳангдорликдан кўра дағаллик кўпроқ. Лекин унинг ижоди ўзига хос. У оддий қора сўзларни шеърият юксаклигига кўтаролади.
Менинг ғазалларимга басталанган қўшиқларнинг ижросига келсак, ёқадиганлари ҳам бор, ёқмайдиганлари ҳам. Абдулҳамид «Сенга бахтдан тахт тиларман»ни, Қобилжон «Дўст билан обод уйинг»ни, Шерали «Замон»ни яхши ижро этишган. Фахриддин Умаров ижро этган «Хаёл» ҳам менга ёқади. Куйдан омади юришмаган ғазалларим ҳам бор. Лекин бу бўладиган ҳодиса.
Шарқ адабиётида ҳам, ғарб адабиётида ҳам фахрия деб аталган услуб бор. Пушкин «Ҳайкал» шеърини шу услубда ёзган. Навоий ҳам «Хамса» муқаддимасида Фирдавсийнинг ўттиз йилда ёзган асарини ўттиз ойда ёзардим, мен турк тилида шеър битиб Турку Хитою Ажамни ҳайратга солдим, каби сўзларни айтган. Бу ўз ижодидан қаноат туйғусини сезган ижодкорда бўлади. Менда, ҳеч бир камтарликдан ташқари шундай қаноат туйғуси бўлган эмас. Кўнгилда доимо қилолмаган ишлар, ёзилмаган сатрлар изтироби яшайди.
Балки бу яхшидир, лекин қийин. Замон фақат шоирлик қилишни, уйда ёзиб ётишни кўтармайди. Ҳамиша қайноқ ҳаёт ичида бўлиш керак. Одамларга шоирнинг фақат шеъри эмас, сўзи, муносабати, кураши керак.
1978