Инсонга бир марта бериладиган ҳаётда у умридан, ўтган кунидан қониқиб яшаши керак. Виждонига хилоф иш қилмай яшаса — бундан улуғ бахт йўқ. Ҳар бир айтган сўзинг, ишинг ўзингнинг хоҳишингга мувофиқ бўлса — энг катта бахт шу. Аксинча, инсоннинг ўз ички интилишлари, қалби, эътиқоди, сўзи билан иши ўртасида зиддият пайдо бўлса, виждони буюрганини қилолмаса, бу — инсон учун жуда катта бахтсизликдир.
Адабиёт, санъат — қалбнинг ҳунари, юракнинг иши. Шоир, ёзувчи юрагининг сўзи, қалбининг амри билан қўлига қалам оладиган одам. Агар ёзувчи, шоир виждон сўзини айтолмаса фожеа юз беради. Адабиёт аҳли ҳамма замонларда инсон қалбининг эрки учун курашган. Замонлар бўлганки, унда рост гапни айтиш жасорат ҳисобланган. Биз эса шундай жамиятда яшаётирмизки, давлат, мамлакат манфаатлари билан халқ манфаатлари ўртасида зиддият йўқ. Бутун жамият ва шу жамиятнинг интилишлари, орзу-мақсадларининг ифодачиси бўлмиш ёзувчиларнинг нияти битта: халққа хизмат. Бинобарин, шундай бир даврда рост гапни айтиш жасорат саналиши жўяли ҳодиса эмас. Лекин биз шундай даврни бошимиздан кечирдикки, жамиятдаги айрим нуқсонларни кўрсатиш баъзи юқори лавозимдаги одамлар томонидан жамиятнинг илдизига болта уриш, жамият боғига тош отиш, деб талқин этилди. Камчиликларимизни баралла айтишимиз, бу — уйдаги гапни кўчага олиб чиқиш, тузумимиз мухолифлари олдида ўзимизни камситиш, деб баҳоланди. Бундай фикр ҳоким бўлган вақтда ёзувчининг ижод қилиши ниҳоятда мушкул.
Биз кейинги бир неча ўн йиллар давомида драматургиямизнинг оқсаб келаётгани тўғрисида очиқчаси-га гапириб келамиз. Лекин бунинг туб сабабларини ҳаммамиз сезиб, билиб турибмиз. Ахир, драматургия қарама-қарши характерларнинг, қарама-қарши қарашларнинг жуда кучли тўқнашувлари намоён бўладиган, жамиятни олға силжитувчи курашчан тафаккурнинг юксак нуқталарида намоён бўладиган санъат тури. Одамлар кўнглидаги кўп гапларни, кўз олдимизда рўй бераётган ноҳақликларни баралла айтиш мумкин бўлмаса, драматургиямиздан қандай жасоратни талаб қиламиз.
Бир мисол. 1969 йили «Олтин девор» комедияси асосида саҳналаштирилган спектакль қабули пайтида баъзи мартабали ўртоқлар асардаги салбий қаҳрамонларни таҳлил этар эканлар: «Наҳотки, биз совет врачи устидан, совет савдо ходими устидан шундай кулсак! Ахир, бу спектаклни кўрган заргар ёки врач норози бўлиб, бизларга мурожаат қилса, нима деб жавоб берамиз», қабилидаги гапларни айтган эдилар. «Олтинни яшириш совет кишиларига хос эмас, асарнинг биринчи кўринишидаёқ олтинни давлатга топшириш керак эди!», деганлар ҳам бўлганди. Енгил ҳазил асосига қурилган беозор спектакль ҳақидаки шундай фикрлар баён этилганда, масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг «Тобутдан товуш», Уйғуннинг «Парвоз» асарларидек кескин, жасорат билан ёзилган, ижтимоий адолат учун ошкора кураш руҳи билан йўғрилган асарларнинг тақдири тўғрисида гапирмасак ҳам бўлади.
Ўзбекда «Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади», деган гап бор. Бугун ушбу минбардан баралла айтилаётган айрим иллатларнинг авж олишида, айниқса, Ўзбекистонимизда содир бўлган — кадрларнинг айниши ва бузилиши деб рўй-рост баҳо берган — ҳодисаларни биз, ёзувчилар ўз вақтида очмаганимиз, гражданлик жасоратимизнинг етишмаганлиги ҳам бир сабабдир.
Истеъдодли, жасур, виждон сўзини айтадиган ёзувчилар турли йўллар билан камситилди, аммо ўртамиёна, замонасоз қаламкашлар кўкларга кўтарилиб, унвону мартабалар билан сийлангани ҳаммамизга аён. Лекин халқ ҳамиша одил! У иқтидорсиз, сохта ёзувчиларга доимо ўз одил баҳосини бериб келган. Бу тоифанинг китоблари дўконларда чанг босиб, омборларни обод қилиб ётибди! Шундай «асарлар» ҳозир ҳам китоб савдоси ташкилотларининг рўйхатлариии тўлдириб турибди. Бундай аҳволнинг юзага келишида адабиётнинг ҳаками ва виждони — адабий танқиднинг ҳам яхшигина ҳиссаси бор. Ёзувчига унинг истеъдод даражасига, асарига қараб эмас, балки эгаллаб турган мансабига қараб баҳо берилиши, ҳамма билиб кўриб турган барча жиҳатлардан ожиз асарларнинг мақталиб, кўкларга кўтарилиши адабий танқид деб аталган муқаддас соҳанинг обрўйини туширади. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон КП Марказий Комитетининг бюроси XVI пленумдан кўп ўтмай республикамизда адабий-бадиий танқидчиликнинг аҳволи ва уни янада яхшилаш тадбирлари тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Адолат туйғуси, холислик, ҳалоллик ва жасоратнинг етишмаслиги, тарафкашлик, ошна-оғайнигарчилик, майдагаплик, дидсизлик, яхши асар билан ёмон асарни фарқлай олмаслик каби иллатлардан, афсуски, танқидчилик ҳали қутулолгани йўқ.
Мен нашриётда хизмат қиламан. Маълумки, нашриётга келадиган ҳар бир қўлёзма холис тақриз этилиши лозим. Қўлёзма ё нашрга тавсия қилиниши, ё рад этилиши керак. Биз шундай ҳолларга дуч келаётирмизки, ёзувчиларнинг асарларига баҳо берадиган танқидчилар турли баҳоналар топиб, ўзларини масъулиятдан олиб қочадилар. Оқибатда биз айрим ўзи номдору, бироқ асари ҳар жиҳатдан заиф адибларнинг қўлёзмаларига тақризчи тополмай ойлаб овора бўламиз, танқидчиларга ялинамиз. Лекин улар ўзларини четга урадилар. Танқидчи душман орттираман, деб қўрқса ёки ундаги адолат туйғусидан шафқат туйғуси устун келса — адабий муҳитда ҳеч қачон адолат бўлмайди, ҳеч қачон партиямиз биздан кутаётган туб ўзгаришларни амалга ошира олмаймиз!
Жамиятимизнинг ҳамма соҳаларида кетаётган иж-тимоий адолат учун, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшилаш, инсон омили учун кураш адабий ҳаракатнинг ҳам марказидан ўтувчи тушунчалардир. Виждонни ўртага қўйиб айтганда, биз ахир ўзимиз неча йиллар орзу қилган муҳит ва шароитга етиб келдик. Халқимиз биздан чинакам ҳақгўй асарларни кутмоқда. Ахир, бадиий асарнинг яхши-ёмони ёки етук-ноетуклиги, ёзувчининг бадиий иқтидори барчага беш қўлдай аён-ку, нечун биз ҳамон андиша ва истиҳола деб аталмиш тўсиқдан ўтиб кетолмаймиз! Биз ўртамиёна ёзувчи ёки ҳаваскорга яхшилик қилиб, адабиётдан ҳақиқий, катта кашфиётлар кутган ўн минглаб китобхонларнинг дилига озор етказмаётирмизми?!!
Дўппини олиб қўйиб гаплашадиган вақт етди. Фақат гаплашадиган эмас, айтган гапларимизга амал қиладиган вақт етди. Ҳалоллик, ҳақиқат учун кураш ҳамиша жасорат, фидойилик талаб қилади.
Қуёш ўйғонмасдан уйғониб, кўз кўрмай қолгунча ишлайдиган, йил — ўн икки ой даладан қайтмайдиган меҳнаткаш халқимиз бор. Биз ана шу адолат туйғуси тийрак, зукко, юксак дидли, бағри кенг халқимизнинг ҳаётини ҳаққоний тасвирлаб берадиган, унинг жасорат ва қаҳрамонликларинибадиий улуғлайдиган, гўзаллик туйғусини ўстириб, ҳамиша адолат учун кураш руҳида тарбиялайдиган халқимизга муносиб асарлар яратишимиз керак. Қўлимизга қалам олар эканмиз, доимо кўз олдимизда ана шу қаҳрамон ва донишманд халқимиз турсин!
1986