1. ЭРТАКЛАРДАГИДЕК ШАҲАР. БИРОҚ…
Бир туп мевали дарахтга болта кўтарган одам минглаб кишилар дастурхонидаги ризқни оёқ ости қилаётганини билармикан?
Абдулатиф ота Турсунов, кекса боғбон
Ҳиндистон ярим оролининг улкан шоири, ҳинд тараққийпарвар Ёзувчилар уюшмаси президиумининг раиси, яқин дўстимиз Ғулом Раббоний Тобон жаноблари яқинда шаҳримизда меҳмон бўлиб, қизиқ бир гап айтиб қолди:
— Мен Тошкентга келиб, ҳассасини йўқотган одамга ўхшаб қолдим. Адашиб қолишдан қўрқиб, мусофирхона атрофидан нари кетолмаяпман. Чунки шаҳар шу даражада ўзгариб кетибдики, тасаввур қилиш қийин. Бугун мени бутун Тошкент бўйлаб бир айлантирсангиз!
Кун бўйи шаҳар кездик. Осмонўпар иморатлар, маъмурий бинолар, санъат кошоналари, бежирим кварталларни томоша қилиб юрарканмиз, меҳмон жўшиб кетар, нуқул: «Тошкент эртакдагидек шаҳар бўпти, қойил!» дерди.
Кечқурун шоир Тошкентга бағишланган янги ғазалини ўқиб берди. Кўп ўтмай бу ғазал Ҳинд элида матбуот саҳифаларида эълон қилинди. Бутунҳиндистон радиоси мушоирасида ўқилди.
Гўзал пойтахтимиз шаънига айтилган бу мадҳияларни эшитиб ғурурланмай бўладими!
Аммо ҳар кимда таъб ҳар хил бўларкан: Тошкентнинг шундоқ биқинига жойлашган пансионатда дам олаётиб эр-хотин Черновлар билан танишиб қолдим. Улар Олтойдаги М. И. Калинин номли трактор заводининг илғор ишчилари экан.
Валентин Лаврентович Чернов олдинлари ҳам иш юзасидан республикамизда кўп бўлган. Энди ўн йиллардан сўнг дам олиш баҳонасида рафиқаси билан биз томонларга яна келибди.
Бир куни шаҳар айланиб юриб, у менга ёрилиб қолди:
— Тошкент жуда ўзгариб кетибди. Сизларга қандай билмадиму менга бир томони ёқмади…
Гапни унинг турмуш ўртоғи давом эттирди:
— Бу ерлар ҳақида тасаввурим бошқача эди. Бозорларни айланиб ҳайрон қолдик: мевалар нархи бизникидан қолишмайди.
— Ҳа, мен Тошкентнинг боғкўчалари, бозордаги тўкин-сочинлик ҳақида Алла Васильевнага кўп гапиргандим. Лекин, боғлар қолмабди. Кўчалар ўзимизнинг шимолий шаҳар кўчаларини эслатади — мевасиз дарахтларга тўлиб кетибди. Бу гапни шунинг учун айтяпманки, қонимда оз-моз боғбонликка иштиёқ бор. Бизда мева етиштириш осон эмас. Аммо, мана, хотиним айтсин, бу соҳада дурустгина миришкорман. Бироқ, гап унда эмас! Эҳ, сизлардаги ер, шарт-шароит бизда бўлганда эди…
Узоқ шимоллик оддий завод ишчисининг бу сўзлари беихтиёр менга фарғоналик боғбон Абдулатиф ота Турсуновни эслатди.
Фронтдан бир оёқсиз, ўнг қўли ногирон бўлиб қайтган бу одамни бутун Водийда яхши билишади. У киши Бешариқнинг бирон туп гиёҳ униб-ўсмайдиган, нуқул тошлоқдан иборат чексиз Шаварда даштига бориб, худди окоп қазигандай эмаклаб юриб чуқурчалар кавлаган. Аравачада тупроқ ташиб, шу чуқурчаларни тўлдирган. Кўчат эккан. Бочкаларда сув келтириб суғорган… Шундай қилиб, бир неча йил давомида қақроқ дашт бағрида ақл бовар қилмайдиган 83 гектарли боғ яратган. Халқ ҳозир у ерни «Латифобод боғлари» деб атайди.
Мана шу киши ўтган йили бизникида меҳмон бўлиб бир гап айтиб қолди: «Тошкентга келсам, олтинга тенг сара ерларни мевасиз дарахтлар қоплаб ётганини кўриб ачиниб кетаман, йиғлагим келади. Озгина меҳнат сарфлаб бу ерлардан дур ундириб олиш мумкин-ку! Дод деб шаҳар бошлиқлари ҳузурига кирай дейману ўйланиб қоламан: балки шаҳарларда боғдорчилик қилиш мумкин эмасдир!..»
Бу гаплар «Шаҳар боғдорчилиги» хусусида кўп йиллардан буён қораламалар тушириб юрган ёндафтаримни варақлаб чиқишга бир туртки бўлди. Шаҳарда мевали дарахтлар ўстириш мумкинми?
Мумкин. Ҳатто ҳозирги пайтда зарур ҳам!
Дарвоқе, олтойлик меҳмон аёлнинг гапларида жон бор. Бизнинг бозорларимиз тўкин бўлгани билан мевалар нархи шимолий минтақалардаги шаҳар бозорларидан кам фарқ қиладиган бўлиб қолди.
Бундан бир йилча олдин марказий Олой бозорига янги бошлиқ бўлиб келган киши сотувчилар билан йиғилиш ўтказаётгани устидан чиқиб қолгандим. У куйиниб гапирарди:
— Олма уч-тўрт сўм. Ёнғоқни беш, беш ярим сўм деб ўтирибсизлар. Нок етти сўм-а! Инсоф борми ўзи сизларда! Бу мевалар яқин-яқингача Тошкентнинг ҳар бир даҳасида ўсиб ётарди, ҳеч ким қарамасди!
Шундай орқароқдан кимдир «Қани ўша мевалар», дея луқма ташлади.
2. ШАҲАРНИНГ БОҒУ БОҒКЎЧАЛАРИ ҚАНИ?
«Баъзан ҳаётда шундай бўладики, кимдандир чиққан номақбул гап тош босиб кетади, кейин ёмон ярадай авж олаверади. Бир пайтлар бизнинг архитекторларимиз орасида ҳам шунга ўхшаш иллат пайдо бўлган, улар мевали дарахт замонавий иморатларга кўрк беролмайди, одамлар синдириб юборади… деган бемаъни гапларга маҳкам ёпишиб олгандилар. Бу «гап» Ободонлаштириш бошқармасидаги ўртоқларга ёқиб тушди, уни авж олдирдилар. Натижада шаҳар боғлари бу ёндану у ёндан туриб пароканда қилинди.
Мен бир меъмор сифатида шуни айтаманки, ҳамкасбларим Бутуниттифоқ миқёсида улкан ютуқларни қўлга киритиш билан бирга, шаҳримиз шарт-шароитини ҳисобга олмай, қусур ишлар ҳам қилдилар. Минг афсуски, бу «иллат» ҳали ҳам давом этмоқда.
Обид Зайниддинов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитертор, Ҳамза номидаги республика давлат мукофоти лауреати
Юқорида, бозорда қулоққа чалинган луқмада айтилгандай бир пайтлар «Мингўрик» номи билан аталган, яқин-яқингача ҳамманинг кўз ўнгида яшнаб турган Тошкентнинг боғ-роғлари — мевазору нокзорлари қани?
Шу фикр хаёлимдан ўтди-ю, кечагидай ёшлигимизнинг унутилмас гувоҳи бўлиб гуркираб турган боглар кўз олдимда гавдаланиб кетди: шундоқ шаҳар билан ёндош Ленин номли хўжалик территориясига жойлашган музика билим юртида ўқирдик. Колхоз боғдорчиликка ихтисослашган эди. Ёз ойлари ҳашарга чиқардик. Мевазорлар шундай катта эдики, узоқроқ кетиб адашиб қолишдан қўрқардик… Ҳозир ўша боғлар ўрнида студентлар шаҳарчаси қад кўтарган.
— Мана шу янги ўқув корпусимиз орқасидаги иҳота дарахтлари экиб ташланган ерлар асрий ёнғоқзорлар бўларди… Анави ётоқхона атрофидаги бўш майдон ўрнида эса баҳайбат нашватилар ўсиб ётарди, — дея ҳикоя қилади ТошДУ биология факультетининг декани ўртоқ М. Н. Валихонов, — шу ерларда мева териб юрардик. Бир шабада қўзғалса ариқлар олма, ўрик, нокка тўлиб оқарди. Қурилиш бошландию зарурат бўлса-бўлмаса мева дарахтлари кесилаверди. Энди улар ўрнига ҳар йили манзарали дарахт ўтқазилади. Ариқлар қуриб ётибди. Ташқарида 43 градус иссиқ! Бизлар эса ўзимизни худди қўриқ ерда ташкил этилган ўқув юртини бошқараётгандай ҳис этамиз. Ҳайрон бўламан, нега энди меваларнинг ҳаммаси қўпориб ташланди, ҳеч кимга халақит бермасди-ку! Ё улар ўрнига мана шу мевасиз дарахтларни экиш зарурмиди! — суҳбатдошим кабинети деразаларидан кўзга ташланиб турган қақроқ майдонларга хомуш тикилиб қолади…
Тошкентдаги марказий кўчалардан бири Фурқат номи билан аталарди. Эрта баҳор паллалари бу кўчадан ўтган одамнинг баҳри-дили очиларди. Ҳовли ва кўча бўйларида чаппар уриб очилиб ётадиган турли-туман мева дарахтлари, ҳаммадан аввал етилиб, таъмлари тилни ёргудек, садафдай ҳосил билан бурканадиган «Марварид», «Балх» тутларини айтмайсизми! Маҳаллани қушларнинг чуғур-чуғури босиб кетарди… Шундан кейин гилос қизарарди… Хуллас, ҳақиқий бу боғкўчада баҳор билан бирга тўкин-сочин пишиқчилик бошланарди. Бу яқиндаги гап!
Ҳозир-чи, Фурқат кўчаси ўзгариб, катта магистраль бўлди. Маҳобатли иморатлар қурилди. Оқибатда генплан бўйича ҳамма мевали дарахтлар олиб ташланиб, ўрнига манзарали дарахт экилди. Ҳатто, пионерлар саройи учун «боғ» деб ажратилган ер ҳам қарағайзор бўлиб кетди.
Шаҳарда мевали дарахтлар билан «ҳисоблашиш» ана шундай йўлга қўйилган!
Айтмоқчи, бозорда нега мевалар қиммат? Сабаби нимада?
Бу ҳақда мана бир неча йилки, республика матбуот органлари ҳам бонг урмоқда. Ушбу масалани кўтармаган биронта газета ёки журнал қолмади. Қатор танқидий мақолалар, фельетонлар, рейд материаллари, мутахассисларнинг чиқишлари эълон қилинди.
Бироқ, ҳеч қандай силжиш бўлгани йўқ.
Нарх-навони тартибга солиш учун Олой бозори директорининг ўшандаги гапидан сўнг, тахтачаларга мева-чеваларнинг «қатъий» баҳоси ёзиб қўйилди. Аммо унга бирон сотувчи риоя қилмади.
Шундай экан, яна савол туғилади: «Хўш, меваларнинг қадр-қиммати бунчалик ошиб кетишига «лўндароқ» бирон сабаб борми, унинг илдизи нималарга бориб тақалади?»
Бизнингча бунинг сабабини соддагина қилиб «Ўзингда йўқ — ўзгада йўқ» деб айтилган ҳикматдан қидирмоқ керак. Яъни меровсирамай рўйирост тан олавериш лозимки, биз ўзимиздаги мавжуд йирик боғларни йўқотиб бўлдик.
Бу йўқотиш қачон, қаердан бошланди? Адашмасам, йигирма йилларча муқаддам Чилонзордан бошланди! Ўшанда шаҳар атрофларида ҳали ўзлаштирилмаган, қурилишбоп минг гектарлаб ерлар тургани ҳолда архитекторлар бу ердаги серҳосил боғлар атрофида айланиб қолишди. Соя-салқин жойларда ўтириб нималарнидир чизишди. Аслида эса уларнинг қўлида болта борлигини ҳеч ким сезмай қолди.
Кўп ўтмай бу ерда пойтахтнинг фахри бўлган янги массив қад кўтарди. Чиройли уйлар, кенг кўчалар хўп мақталди, ашулаларга тушди. Аммо, Чилонзор Тошкент аҳолисининг анчагина қисмини ширин-шакар мева билан таъминлайдиган тўкин боғлар, номи чиққан ўнлаб соҳибкорлар маскани бўлганлигини шу кунларда ҳам кўплар эслайвермайди. Тўғри, баъзан «Эҳ, Чилонзор боғлари қандай эди, ном-нишон қолмади-я», деб қўядиган одамларни учратамиз.
Ҳа, ўша боғлардан ном-нишон қолмади. Лоақал иморатлар орасидаги майдонларга, йўл бўйларига мевали кўчат экиб, озгина бўлса-да, йўқотилган боғлар ўрнини бутлаб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади.
Мана энди қарийб ўн йилдирки, генплан шаҳарнинг Юнусобод боғлари устида болтасини ўйнатиб юрибди. Колхоз-совхозларнинг қанча маблағию юзлаб кишиларнинг пешона тери билан барпо этилган мевазор-узумзорлар шу кеча-кундузда ҳам бульдозерлар ғилдираги остида пайҳон бўлмоқда.
— Экиб кўкартирган дарахтларимиз учун пул беришди. Лекин ҳақиқий боғбон ҳосил бериб турган ўз боғини олтинга ҳам алмашмайди, айниқса унинг йўқ қилинишини билса! — дейди идорасини ташлаб чиқиб кетаётган хўжалик раҳбари. Сўнгра ачиниш билан қўшиб қўяди, — ҳеч бўлмаса шу боғларнинг озгина қисмини янги уйларга кўчиб келадиган одамлар учун сақлаб қолинглар, деб қурувчилардан илтимос қилдик. Лекин улар қулоқ солишмади.
Ҳа, раис мурожаат қилган кишилар қурувчи! Улар «иш бошлашдан олдин атрофни шипшийдам қил» деган ақидага қатъий риоя қилишади.
Замонавий боғ қандай бўлишлиги эса, генпланда кўрсатилган. Бу планнинг бир нусхаси Шаҳар Ободонлаштириш Бош Бошқармаси деган идорадагилар қўлида. Улар Юнусободнинг «пули тўланган» собиқ боғлари ўрнида чинор, қайрағоч, қатранғилардан иборат шундай қурама дарахтзорлар яратиб қўйишибдики, кўриб ёқа ушлайсиз..
Бу аччиқ, лекин инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат!
Йўқотилган боғлар ўрнини «тиклаш» шундан иборат!
Бобокалонларимизнинг «бирини кессанг — ўнни эккин, шунда қиёмат қарзидан қутуласан» деган гапи бор! Мана шу ҳикматни чаппасига айлантириб юбориб, елкасини қиёмат қарзи босйб ётган шаҳарнинг айрим мансабдор кишиларига (улар бизни кечирсинлар) қаттиқроқ тегадиган гаплар айтиш пайти келганга ўхшайди. Чунки ҳамма «юмшоқ» гаплар айтиб бўлинган.
Шундай қилиб, Тошкент атрофидаги боғлар тугатилди ҳисоб. Энди навбат шаҳарнинг турли даҳаларида тасодифлар орқали сақланиб қолган боғларга келди. Бу борада ҳам шаҳарсозларимиз катта қурилишларни рўкач қилиб, айтганимиз — айтган, деганимиз — деган, деб туриб олмоқдалар.
Гапимизни исботловчи фактлар тўлиб ётибди.
Бундан бир йилча олдин журналист бир дўстим билан шаҳардаги энг катта маҳаллалардан бирида бўлдик. Бизга шу ерда яшовчи кишилар ташаббуси билан Улуғ Ватан уруши қатнашчилари шарафига барпо этилган чиройликкина боғни кўрсатишди. Бу ерда ҳар турли мевалар ғарқ пишиб ётарди. Кираверишдаги йўлак дарвозаси устига «Ғалаба боғи» деб ёзиб қўйилибди.
Боғда скамейкаларда ўтириб ҳордиқ чиқараётган ветеран отахонлар билан суҳбатлашиб баҳри дилимиз очилиб қайтдик.
Шундан кейин бу боғ хусусида бирон нарса ёзишни кўнгилга тугиб қўйгандик. Аммо ёзишга улгуролмадик.
— Боғ ўрнида иморат қуришмоқчи. Горисполкомга худди шу ер керак бўлиб қолибди. Боғни маҳаллий органлар билан келишилган ҳолда ташкил қилгандик десак ҳам, юқоридагилар генпланда йўқ, деб тан олишмаяпти! — деди шу маҳалла комитети раиси бизни хомушгина кутиб одаркан.
Эртасига маҳадла боғи ўрнида қурилиш бошлаб юборилди…
Тошкентнинг Оқтепа мавзеидаги «Зах» маҳалласида ҳам шундай ҳодиса юз берди.
— Кечагина бу ер яшнаб турган боғлар эди, — дея бизни ўйдим-чуқур қилиб ташланган катта майдон томон бошлади шу ерлик Улуғ Ватан уруши инвалиди Акбархўжа ота Муҳиддинов. — Бульдозерлар келиб дарахтларни қўпора бошлаганда, маҳалла қариялари уларга ялиндик: «Ҳеч бўлмаса мана шу йўл бўйидаги қадимий нок дарахтларидан ўн-ўн бештасини қолдиринглар. Янги уйлар қурилса, кўчиб келадиганларнинг ҳам болалари бордир, оғзи тегар», дея ялиндик. Қулоқ солишмади! Бир кунда нокнинг ўзидан бир юз йигирматасини қўпориб ташлашди. Кўчамизнинг кўрки эди бу дарахтлар. Бир юз ўттиз, бир юз қирқ ёшли ноклар эди!.. Ахир шаҳардаги мевалар шундай чиқариб ташланаверса, катталар-ку майли-я, болаларнинг кўзини «сўқир» қилиб қўямиз. Бунга чидаш мумкинми!..
Бир олам нохуш таассурот билан орқага қайтар эканмиз, беихтиёр бозор директорининг гаплари эсимга тушиб кетди:
«Инсоф борми ўзи сизларда!»
Бу сўз фақат деҳқонга тегишлими, ҳурматли шаҳар генплани мутасаддилари?
3. ЮРАКДАГИ ГАПЛАР. АСОССИЗ БАҲОНАЛАР
«Дарвозани кимдир тақиллатди. Эшикни очдиму, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Биринчи секретари Усмон ота Юсуповга кўзим тушди.
— Қизим, отангиз уйда бўлсалар, чақириб чиқинг, — деди у киши.
Отам чиқдилар. Сўрашишди.
— Биласизми,— дедилар Усмон ота дадамга маънодор қараб, — ўзбек халқи мевасиз дарахтни ҳосиятсиз деб ҳисоблаган. Бунинг тагида ҳар ким ҳам дарров илғаб олавермайдиган катта маъно бор: чунки мевали дарахт ҳосилидан бола-чақа, ўтган-кетган, хуллас, ҳамма баҳраманд бўлади. Мевали дарахт маъмурчилик нишонаси деб қаралган. Энди манави дарвозангиз ёнидаги дарахтга келсак, биргаликда кўчириб ташлаймиз! Ўрнига яхши навли бир туп мева кўчати ўтқазиб қўясиз! Кейин кўпчилик сиздан хурсанд бўлиб юради… Қани, болтами, аррами бўлса олиб чиқинг!
Отам икковлари бақатеракни кўчириб ташлашди. Кўп ўтмай унинг ўрнида бир туп ўрик пайдо бўлди. Мана, орадан ўттиз йилдан зиёдроқ вақт ўтибдики, ҳар йили ўша ўрик мевасига ўтган-кетганни, қўни-қўшнини оғзи тегади, дастурхонимизни безайди».
Матлуба Ҳайдарова, врач-кардиолог. Тошкент шаҳри
Ёз бошлари эди. Йўлимиз тушиб қардош Тожикистоннинг Исфара шаҳар боғида озгина ҳордиқ чиқариб ўтмоқчи бўлдик.
Айни пишиқчилик, гилослар қонталаш бўлиб ширага тўлган палла. Боғнинг қаерига қарамайлик — мева! Очилиб ётган турфа гуллар. Хиёбонлар узра шода-шода ҳосилли гилос шохлари осилиб ётибди.
Бизнинг болалар бунақа шаҳар истироҳат боғини биринчи кўриши эмасми, чопганича бориб ўзларини гилос шохларига уришди. Хижолат тортдик. Ҳайҳайлаб уларни тартибга чақирмоқчи бўлгандик, кекса чойхоначи отахон йўлимизни тўсди:
— Уларга халақит берманглар. Меҳмонга ўхшайсизлар, бемалол чойни ичаверинглар. Ҳали замон кўзлари тўяди-да, кейин қарамай қўйишади. Болаларнинг табиати шундай!
Ҳақиқатан ҳам озгина вақт ўтгач, атрофни тўлдириб ётган мевалардан ҳафсаласи «пир» бўлган фарзандларимизнинг «кўзи тўйди» шекилли, нарироқдаги майдонга бориб, ҳайинчак уча бошлашди. Ўшанда мен ичимда, «қани энди бизнинг Тошкентда ҳам шундай шаҳар боғлари бўлса», деб қўйгандим. Бироқ, шуни ҳам яхши билардимки, бундай бўлиши амримаҳол.
Чунки бизнинг паркларда раҳбарлик лавозимида ишлаётган ўртоқлар мевали дарахт экмаслик хусусида «қонунлашган» аллақандай қарорлар борлиги ҳақида гапириб, сизни ҳам астойдил ишонтиришади! Эмишки, бу дарахтларни болалар синдириб юборармиш, унга чиқаман деб бирон жойини лат едирармиш ёинки тош отиб пешонасини ёрармиш ва ҳоказо!
Баҳонани қаранг! Мана шу хил мужмал важларга чиппа-чин ишониб боғ учун ажратилган ўз майдонларини турли мевасиз дарахт ва буталардан иборат чакалакзорга айлантириб юборган мактаб ҳамда мактабгача ёшдаги болалар муассасалари Тошкентда тўлиб ётибди.
Шу сабабли ҳам ясли-боғчаларда «барг териш машғулоти» билан шуғулланиб юрган болаларни тез-тез учратиб турамиз. Бу «машғулот»нинг эстетик тарбия бобида қандайдир фойдаси бўлса бордир. Аммо атроф-муҳит, она табиат ҳақида илк маротаба тасаввури шаклланаётган фарзандларимиз учун тўкин-сочин боғда сайр қилиш, турли мевалар териш янада фойдалироқ бўлармиди деб ўйлайман.
Бунинг учун юқоридаги одамда қандайдир шубҳа уйғотувчи ақидаларга чек қўйиш керак.
Зеро, чек қўйганлар ҳам йўқ эмас.
Шу йил кузда Тошкент марказидаги 426-болалар боғчасида ажойиб тантана — «ҳосил байрами» бўлиб ўтди. Бу ерда тарбияланувчи болалар мураббиялари раҳбарлигида олма, олхўри, шафтоли, узум каби мевалар теришди, ўзлари «деҳқончилик» қилиб ўстирган кичкина участкалардан турли сабзавот ҳосилини йиғиштиришди.
Бунинг ўзи болалар учун бир олам шавқ-завқ эди.
— Боғчамиз боғида, мана кўриб турибсиз, узум, ўрик гилос, олча, олма каби ҳар хил мевалар ўсиб ётибди. Бутун ёз бўйи дастурхоннмиздан ҳўл мева аримайди, — дейди мудира Мастура Мусаева. — Қишлик мева-чевани ҳам ўзимизга яраша ғамлаб олдик. Икки юз килограмм ўрик, олма қоқи қуритдик, компотлар тайёрладик. Буларнинг ҳаммаси ходимларимизнинг ташаббуси билан амалга оширилди. Яна ҳар бир группанинг деҳқончилик қиладиган кичкина ери ҳам бор…
Қанийди энди Тошкентдаги қарийб 600 дан зиёд ясли-боғчаларда ҳам шундай манзаранинг гувоҳи бўлсак!
Ёки шаҳардаги Аброр Ҳидоятов номли 14-ўрта мактаб коллективини олиб кўрайлик.
Мактаб боғи кичкина бўлса ҳам, одамнинг ҳаваси келади.
— Бир неча йилдирки, болалар ўзлари етиштирган ҳосилни ўзлари йиғиб олишади, ҳамманинг оғзи тегади. Ана шунда уларнинг хурсандчилигини бир кўрсангиз эди! — дея ҳикоя қилади кекса педагог, тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Юсуф ака Зоитов.
— Кечирасиз, саволимиз ғалатироқ: дарахтга чиқиб ёки тош тегиб бирон бола шикастландими?— деб сўраймиз у кишидан.
— Йўғ-е, — ажабланади Юсуф ака.
— Афсус, — дейди мактаб илмий бўлим мудири Маҳамаджон Зиёвиддинов, — янги жойга кўчяпмиз. Мактабимиз ўрнида қурилиш бошланармиш. Энди боғимизнинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаса керак!.. Мен яқинда ГДР, Венгрияда бўлдим. Ўқув юртлари, мактаблар атрофида, кўча бўйларида нуқул мевали дарахт. Биронта мевасиз дарахтга кўзингиз тушмайди. Ўзимча ўйланиб қоламан, нега бутун жаҳонга донғи кетган, яқин пайтларгача боғ-роғлар шаҳри бўлган Тошкентимиздан мева дарахтлари сиқиб чиқарилмоқда! Сабаби нимада?
Мен бу хилдаги саволни хизматлари юқори тақдирланган машҳур бир архитекторимизга бериб кўргандим, у киши кўп ҳамкасблари учун энг «оммавий» бўлган жавобни айтди:
— Ҳозирги Тошкентни бундан йигирма йил олдинги Тошкент билан солиштириб бўлмайди. Зилзиладан кейин шаҳар бутунлай қайта қурилди. Биринчи навбатда одамларни жой билан таъминлаш зарур эди. Қолаверса ҳозир Тошкент аҳолиси икки баробар кўпайпан. Архитектурада замон талабини ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳозир космик давр!
Украина учун жанг қилган Улуғ Ватан уруши қатнашчилари билан суҳбатлашсангиз улар Львов, Тернополь, Винница каби қатор шаҳар боғкўчаларини шавқ-завқ билан эслаб гапирадилар. «Баъзан қуршовда қолганимизда шу боғлар меваси, йўл бўйларидаги ёнғоқзорлар бизни боққан», деб эслашади.
Уруш жафосини тортган ўша шаҳарлар култепалар ўрнида бутунлай қайтадан қурилган. Урушдан кейинги даврларда уй-жойсиз қолган кишиларни бошпана билан таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам зарурроқ бўлган. Бироқ ҳеч кимнинг хаёлига йўллар атрофидаги мевали дарахтларни мевасиз дарахтларга алмаштиришдай, кўз қўяман деб қош чиқариш «идея»си келмаган.
Ҳозир Ғарбий Украинанинг ўнлаб шаҳар кўчалари ҳамда шаҳарлараро магистрал йўллари бўйлаб юрсангиз нашвати, олхўри, азим ёнғоқ дарахтларига кўзингиз тушади… Бозорда эса мевалар биздагидек килограммлаб эмас, жуда арзон баҳода пақирлаб сотилаётганининг гувоҳи бўласиз.
Айни пайтда «мумкин эмасдир-да, мумкин бўлганда биздан ҳам ақллироқ шаҳар раҳбарлари бош қотиришган бўларди», деб юрадиган муросасоз кишиларни ҳам кўрганман.
Деярли ҳаммани қизиқтириб келаётган «Тошкентда боғдорчилик нима учун бу даражада абгор ҳолатга тушиб қолди?» деган саволга жавоб беришга зиммадор, юқорида номи эслатиб ўтилган катта бир ташкилот мавжуд. Бу мўътабар даргоҳ бошлиғи ўртоқ Шамсиддин Исломов қабулига кириш осон бўлмади. Мажлис, йиғилишлар…
Ниҳоят учинчи кун қабулхона ходимасидан рухсат тегди.
Менинг хайрли иш хусусидаги кўпчиликни қизиқтираётган фикрларимни эшитгач, Шамсиддин Исломовичнинг ҳам чеҳраси ёришиб кетса керак, деб ўйлагандим. Афсус, тескариси бўлиб чиқди. «Бу масалада сизни қабул қилолмайман. Бир ҳафтадан кейин телефон қилинг», деди у киши.
Мен имкониятдан фойдаланиб қолиш йўлига ўтдим:
— Қисқагина икки-уч саволим бор, холос: нима учун бир вақтлар боғлар шаҳри деб таърифланган Тошкентда ҳозир мевали дарахт экилмаяпти. Мавжуд боғлар камайиб кетмоқда?
Ўртоқ Исломовнинг жавоби қисқа ва лўнда бўлди:
— Ҳали ҳеч бир шаҳарда мевали дарахт биздагидек кўп экилган эмас! Яқин ўн йиллар ичида ҳосилга кириб қолади.
Суҳбатимиз давом этади:
— Нега Тошкентда Исфара, Конибодом, Олмаота шаҳарларидаги каби боғлар йўқ?
— Конибодом, Исфарада бўлганман. У ернинг об-ҳавоси бошқа.
— Олмаотада-чи?
— Одамлари, шароити бошқа!
Ана холос. Шаҳар ободонлаштириш Бош Бошқармаси бошлиғининг бу гапларини шарҳлаб ўтиришга ҳам истиҳола қиласан киши.
Майли, ўртоқ Исломов айтганидай, шаҳар об-ҳавоси, унинг кишилари «бошқача» бўлиб қолгандир; Лекин ана шу «қийинчиликлар»ни енгиб, мевали дарахт экиш борасида бу идора ҳаммадан ўзиб кетган экан, ўша дарахтлар қани?! Қаерларга экилган?!
Шаҳарнинг ҳаммаси бўлиб саккиз минг гектар (!) ерини эгаллаб ётган қарағай, чинор, теракзорлар орасига ёки йўл бўйларидаги дарахтлар қаторига паналаб экилганмикан?! Ёинки шаҳардаги минглаб ишчи «боғбонлар» тер тўкаётган, энг сифатли ўғитлар билан ишлов берилаётган жами майдони 550 гектарни ишғол этган 15 та истироҳат боғларидан биронтасини мевазор қилиб юборишгандир деб ўйларсиз! Йўқ, бу ерлардан ҳам ўша «экилди» деган мевали дарахтларни қидириб тополмайсиз. Мабодо улардан биронтасида бир туп бўлса ҳам ўрик, гилос, олма, нок, олхўри, анор, анжир (эҳа, буларнинг тури қанчалик кўп-а) ниҳолига кўзингиз тушса, ўша ерга муҳофаза ва эсдалик тахтаси ўрнатмоқ зарур бўлади.
Ҳа, анор, анжир дедик! Бу дарахтлар йил сайин шахардан узоқлашиб, анқонинг уруғи бўлиб бормоқда. Ахир Шарқда нафосат рамзи сифатида шоирлар назмида куйланадиган анор гулларини, жой танламасдан самбитгулдай ўсаверадиган тансиқ мевали анжир ниҳолларини қайси декоратив дарахт ёки шаҳардаги кўпгина паркларда ардоқлаб ўстирилаётган хорижий буталардан камлиги бор! Буларни Тошкент заминида ўсмайди деб ким айта олади!
Хурмони олиб кўрайлик! Кўркамликда унинг қора арча, эман, қайрағочлардан нима камчилиги бор? Бу субтропик мевани бизнинг иқлимга мос нави яратилган. Тошкентдаги кўпгина хонадонларда, шаҳар четидаги боғларда хурмо гуркираб ўсмоқда, бир неча ўн йиллардан бери мўл-кўл шифобахш ҳосил бермоқда.
Шу дарахтнинг ўзидан истироҳат боғларига ҳеч бўлмаса тўрт-беш тупдан экилганда эди, ўртоқ Исломовнинг гаплари сал-пал ҳақиқатга яқинроқ бўлармиди! Ахир, ҳайвонот боғларида одамлар кўрсин, завқлансин деб бутунлай бошқа иқлимли мамлакатлардан келтирилган ҳайвонларии асраб-авайлаб парвариш қилишади-ку!..
Шу ерда яна бир нарсани эслатиб ўтмоқчимиз: оромгоҳ жойларда боғдорчилик ишларини йўлга, қўйиш зарурлиги тўғрисида кўп гапирамиз.
Лекин шунга қарамай шаҳар оромгоҳ — паркларининг қиёфасида ҳеч қандай ўзгариш сезилмади…
Ҳар йили эрта баҳорда шаҳарнинг бир неча мўътабар кишилари «Тошкентни боғ-роғларга айлантирайлик» деган мурожаатнома билан чиқишади.
Газеталарнинг биринчи бетида йирик ҳарфлар билан эълон қилинадиган бу чақириқни ўқиб, хайрият-е, деворгингиз келади.
Шундан кейин шаҳарга турли-туман манзарали дарахт, айниқса чинор кўчатлари ёғилиб кетади.
Кўп ўтмай корхоналар, ташкилотлар пландан ошириб кўчат ўтқазганликлари ҳақида ҳисобот берадилар. Уларнинг аксарига ташаккурномалар эълон қилинади, мукофотлар ажратилади.
Баъзи вақтли матбуот саҳифаларида бу кўчат ўтқазиш ойлигига бош-қошлик қилиб турган кишиларнинг дезинформациядан иборат чиқишлари бошланади. Улар «Юнусободнинг чанги ўйнаб ётган ташландиқ ерларида боғ-роғлар яратдик» (бу жумлаларни обрўли бир газета саҳифасидан олдик) каби замини нобоп фактлар келтириб мақтанчоқлик қилишади. Аммо, ким қандай дарахт ўтқазганлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ! Кўчат эккан одам борки, ўзини шаҳарни боғ-роғга айлантираётган боғбон деб ўйлайди.
Ҳақиқатда шундайми?
Йўқ. Бу ерда катта чалкашлик бор! Энди бир нарсани аниқлаб олайлик. «Боғ» дегани нима ўзи?! «Боғ»нинг ўзбек тилидаги луғавий маъноси қуйидагича: «Мевали дарахтлар билан банд бўлган ер майдони боғ дейилади».
Демак, бақатерак билан гилоснинг, қарағай билан ўрик дарахтининг фарқи бўлгани каби, тўқай билан боғнинг ҳам ер билан осмонча фарқи бор. Буларни ажрата билиш керак!
Бу ёғига энди ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Эзгулик билан ҳамшаҳарларга қилинган мурожаатнома қаерда-ю, унга амал қилиш қаерда. Аравани ким қаёққа тортяпти?
4. ҚУШЛАР ШАҲАРНИ ТАРК ЭТМОҚДА
Мен чинор умрига ҳавас қилмай қўйдим,
Нега ҳавас қилай унинг бутоғига.
Қушлар ин қўймаса, яйрашолмаса,
Полапонлари-ла сайрашолмаса.
Соясида одам ёзмаса ҳордиқ,
Ҳаммадан аввало, ҳаммадан ортиқ
Чинор ўзин севса,
Ёқласа ўзин.
Оғу ишлаб чиқиб
Сақласа ўзин.
Нега ҳавас қилай?!
Гулчеҳра Нуруллаева
Биз шаҳарга маълум даражада оройиш берувчи манзарали, айниқса ҳар тупи фалон сўм турадиган арча каби дарахтлар ўтқазилишига бутунлай қарши эмасмиз.
Табиатда меъёр деган нарса бор. Ана шунга амал қилмаслик оқибатида кўп нохушликлар келиб чиқиши ҳаммага аён.
Чунончи, сон-саноқсиз кўчалар бўйи ҳамда шаҳардаги минглаб гектар майдонни эгаллаб ётган дарахтларнинг кўпчилигини чинор ташкил этади. Бу дарахт азалдан бизнинг Ўрта Осиё шароитида одамлардан нарироқ, қадамжо ерларга экилган. Шаҳарларда эса турли-туман мева дарахтлари, хусусан ўрик кўпроқ ўстирилган. Ҳамюртимиз Мирзо Бобур ўзининг машҳур «Бобурнома»сида ҳар бир шаҳарга таъриф беришдан аввал унинг боғлари ҳақида гап юргизиши бежиз бўлмаган.
Хўш, нега ҳар қандай қурғоқчилик, ноқулай шартшароитга ҳам бардош бера оладиган умри «боқий» чинорлар шаҳарга экилмаган?! Бунинг асрлар оша синовдан ўтган сабаби бор, албатта.
Чинор ўзидан заҳарли модда чиқариб туради. (Унча-мунча касалликка чалинмаслиги, узоқ яшашининг боиси шундан!) Апрель, май ойларида у «гуллаган» пайтда чангидан азият чекадиган баъзи кишиларнинг қай аҳволга тушишини шифокорларимиз яхши билишади.
Яна чинорга қора қарғадан бўлак бирон қуш зоти яқин йўламайди.
Эндиликда Тошкент нисбатан шу дарахт билан тўлдириб юборилди. Кейинги ўн беш йилча муддат ичида меваларсиз яшаш манбаи қолмаган бир юз ўттиз хил паррандадан эллик тури шаҳарни тарк этди. Боғу парклардан булбулларнинг хониши эшитилмай қолди. Улар ўрнини ҳар бири қора бароқ мушукдай келадиган қарғаларнинг ғала-ғовури эгаллади.
Мана, бир неча йилки, куз бошланиши билан сон-саноқсиз бу маҳлуқлар мўр-малахдай шаҳарга ёпирилиб келади. Бутун киш давоми ҳам гала-гала бўлиб чинордан-чинорга учиб юради. Улар дастидан қочиб қутулиш қийин. Тротуарлар, майдонлар усти ахлатга тўлиб кетади.
Тошкентлик кекса орнитолог олим Р. Н. Мекленбурцевнинг таъкидлашига қараганда ҳозир шаҳарга учиб келаётган қора қарғаларнинг сони бир миллиондан ошибди. Эндиликда улардан қутулиш йўллари изланаётганмиш. Тошкент Давлат Университетининг биология факультетидан ёш бир олим қарғаларга қарши «ҳуркитгич» ихтиро этиб, шаҳар советига тақдим қилибди.
Кулгили, шу билан бирга ачинарли ҳол!
5. БАҲОНА ЭМАС, ИМКОНИЯТ ҚИДИРМОҚ КЕРАК
Ўзимиздаги Закарпатье боғ шаҳарларида бўлганман… Кўрганларимдан оддийгина бир мисолни айтиб бера қолай; ёз — пишиқчилик палласи эди. Тошкентда шафтолининг нархи отасининг баҳосида… Икки кундан кейин Венгрияда бўлдик. Кўча бўйларида шафтолилар ғарқ пишиб ётибди. Хоҳлаган одам тўкилганларини олиб еркан ёки йўллар бўйидаги махсус яшикларга солиб кетаркан. «Шаҳарда шунчалик мева дарахти ўтқазса бўларкан-ку», деган фикр хаёлимдан ўтди-ю, Тошкентимизнинг бир пайтлардаги Инжиқобод боғлари кўз ўнгимда гавдаланди. Ёшлигимиз ўша мевазорлар ичида ўтган. Ҳозир эса шаҳримизда бундоқ номини айтиб мақтагудай боғ қолмади. Болаларимизнинг ёшлиги ғиштин деворлар, бетон уйлар орасида ўтмоқда. Ҳайронман, бу ҳол қачонгача давом этаркин.
Шукур Бурҳонов, СССР халқ артисти
Соҳибкор олимларимиз ҳиммат кўрсатиб боғдорчиликда сермаҳсул турли гибрид мева дарахтлари яратиб беришди, шаҳарларни эса «илмий ёндошилган» манзарали дарахтларга тўлдириб юборишди.
Буёғига энди катта магистрал, парк ва хиёбонларбоп мева кўчатлари етиштириш хусусида ўйласалар ёмон бўлмасди. Ахир манзарали дарахтнинг қайси турини шаҳарга экиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида катта-катта илмий муассаса ходимлари бош қотираётган бир пайтда, нега энди мевали дарахт ҳақида ўйлаш мумкин эмас!
— Мумкин. Қисман бу масалага ҳам эътибор бериляпти, — дейди Ўрта Осиё Ўрмон хўжалиги илмий текшириш институти директори ўртоқ В. А. Абдураззоқов, — масалан, бир неча километрга чўзилиб кетган шаҳар ичкарисидаги ва атрофидаги магистрал йўллар четига ёппасига чинор, манзарали дарахтлар экавериш шарт эмас. Ёнғоқ билан чинорни, қайрағоч билан беҳини оралатма қилиб экилса бўлади. Улар ўрталиғида гилос ҳам, ўрик ҳам ўсавериши мумкин! Бу Шрейдер номли боғдорчилик илмий-текшириш институти далаларида синовдан ўтказилди, кутилганидан ҳам аъло натижаларга эришилди. Бироқ негадир бу тажриба боғ ичкарисида қолиб кетмоқда.
Хўш, шаҳар билан илмий-текшириш институти боғи ўртасидаги деворни ким қулатиши керак? Тажрибакор олимларми ёки шаҳар раҳбарларими?!
Энди шу ерда олим)ларимиз фикрларига қўшимча қилмоқчимиз. Шаҳар атроф йўл бўйларига фақат ёнғоғу беҳи экиш билан иш битмаса керак. Бошқа қатор имкониятлар ҳам бор.
Масалан, ҳеч иккиланиб ўтирмай экса бўлаверадиган ўрикни олиб кўрайлик.
Дарвоқе, Тошкент бир вақтлар «мингўрик» номи билан аталган, шаҳарда ўрик дарахтлари яхши ўсган деб юқорида таъкидлаб ўтгандик. Бунга тағин мисол тариқасида Чилонзор, Чўпонота боғларини эслатиш мумкин.
Аммо… «Ҳозирги пайтда нега ўрик экилмайди?» деб улгурмасингиздан оғзингизга урадиган мутасадди кишилар анчагина топилади. Сийқаси чиқиб кетган, ишлатилавериб кўпчиликнинг қулоғига қуйиб бўлинган баҳоналарни олдингизга ғиштдан териб ташлашади:
«БИРИНЧИДАН, — дейишади улар, — мева пишиб (айниқса ўрик) тагига тўкилса, шаҳар санитария ҳолатини бузади.
ИККИНЧИДАН: Мевали дарахтлар меҳнатталаб бўлади. Уларга доим қараб туриш керак».
Мана шу хил баҳоналарни рўкач қиладиган кишиларга айтадиган жавобимиз қуйидагича:
БИРИНЧИДАН: бу гап айрим маҳалла кўчаларида тасодифан экилиб қолган хашаки ўрикнинг палағда мевасини босиб олиб, бурнини жийириб ўтадиганлардан чиққан бўлса ажаб эмас. Чунки, ўша тоифадаги одамлар, она табиат яратиб қўйган беками кўст китобни ўзлари нотўғри варақлаб қўядилар-да, кейин ундан нолиб, айюҳаннос солиб юрадилар… Бизда ўрикнинг турлари кўп. Айниқса унинг «Субхон» нави шундай шаҳарбопки, бўйдорлигу салобатдан манман деган чинор билан беллаша олади. «Субхон» ўригининг эрта баҳорда чамандай бўлиб очилиб ётиши, ёзда йирик меваларининг лаълиранг бўлиб қизариши, унча-мунча шамолга тўкилавермай кўзни ўйнатиши… ва ниҳоят кузда Пушп деган Гулдарахтига ўхшаб баргларининг шафақдай ёниб туриши қайси одам юрагини тўлқинлантириб юбормайди дейсиз!
Наҳотки, шаҳар хиёбонларига мана шу гўзаллик ярашмаса!
Тасаввур қилиб кўринг: пойтахтимизнинг Бош майдонининг тўрт томонида тўрт туп ўрик қийғос очилиб ётибди… Кўриб, ким завқланмайди!
ИККИНЧИДАН: «Ишлашни хоҳлаган имконият қидиради, хоҳламаган баҳона қидиради», деган ажойиб гап бор. Ажабки Шаҳар Ободонлаштириш Бош Бошқармасидаги ҳамма ходимлар «меҳнатталаб» ишларни қиялаб ўтиб, осонига югурадиган бўлиб қолишган бўлса! Ахир оддий деҳқон ҳам меҳнатдан қочиб, ўз ерини бегона ўтларга бостириб юбормайди, йил — ўн икки ой пешона тери тўкиб, дур ундиради-ку!
6. ЕРИМИЗ ҚАНЧАЛАР САХИЙ…
Устоз Абдулла Қаҳҳор айтган гап яхши эсимда қолган. Ўшанда у киши Дўрмондаги ўз боғида саккиз навдасида саккиз тур мева пишиб турган бир туп шафтоли дарахтига қараб шундай деганди: «Еримиз қанчалар сахий. Кузда деҳқон кетмонини далада қолдирса, баҳорда унинг дастасида ғунча пайдо бўлади. Кузда мева узиб олади».
Бу образли гапда жон бор. Еримиз шунчалар танти, саҳий. Озгина меҳнат қилиб, тер тўкилса бўлгани, дур унади. Арзимас муддат ичида меҳнатингиз самарасини кўрасиз.
Одамлар эса юз йилда бир маротаба ғунча ёзадиган кактусни парваришлаб, гуллайдиган даврини умид билан кутишади.
Ери абадий музлик бўлган шаҳарларда боғдорчилик қилаётган кишилар ҳақида марказий матбуот саҳифаларида ўқиб қолдим. Совуқ иқлимли бундай жойларда мевали дарахт, хусусан олма вояга етиб, нишона кўрсатиши учун ўн-ўн беш йилдан зиёд муддат керак экан. Шунга қарамай, ўша шаҳар кишилари эзгуликка қўл уриб, боғбонликни касб қилибдилар. Тасанно айтмай бўладими! Шаҳар раҳбарлари уларни рағбатлантирувчи бир неча тадбирларни амалга оширибди.
…Республикамизнинг Марғилон шаҳри кўчаларида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга сазовордир.
— Боғкўчалар шаҳар кўрки бўлиши керак. Шунинг учун ўз ҳовлиси олдида кичкина боғ яратган соҳибкор боғбон ҳамшаҳарларимизни биз доим бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатамиз. Ҳатто улар учун махсус ҳурмат тахтаси ҳам ташкил этдик, — дейди Марғилон шаҳар ижроия комитети раиси Дониёр Ҳакимович Нурматов.
Ҳамманинг нигоҳи тушиб турган бизнинг Тошкентда эса бутунлай тескариси. Эшиги ёнига мевали дарахт экиб қўйиб, боши ғавғодан чиқмай келаётган кўпгина кишиларни биламан.
— Мана шу дарахт учун ҳар йили баҳор ва кузда ижрокомдан келиб жанжаллашиб кетишади. Акт тузишади, маъмурий чора кўрамиз деб қўрқитишади. — дейди эски танишим, оддий ишчи Ҳакимжон ака Охунов йўл бўйида беозоргина ўсиб турган икки туп мевали дарахтни кўрсатиб.
Мен бу одамни эски танишим дедим. Умуман Ҳакимжон аканинг дарвозаси ёнидан ўтган йўловчилар борки, албатта таниса керак. Чунки у киши катта магистрал кўчанинг гавжум йўлаги бўйига бежиримгина «дам олиш бекати» барпо этиб қўйган. Шундоқ ўтирган жойингизда олтиндай товланувчи узум бошлари, серҳосил олма шохлари осилиб ётади. Скамейка ёнидаги жўмракни бураб, муздай сув ичишингиз, салқинда бир лаҳза ҳордиқ чиқаришингиз мумкин.
Негадир шаҳарнинг оддий граждан ишчисининг мана шу ҳавас, иштиёқ билан қилинган эзгулик иши Бошқармадаги баъзи одамларнинг ғашини келтираркан. Улар дапқир-дапқир ғазаби жунбишга келиб, жанжал кўтариб туришаркан!
Ҳа, шаҳар бошқармасида гапи бошқа-ю, иши бошқа ўртоқлардан ташқари ўзимиз экмаймиз, эктиришга қўймаймиз, дейдиган ходимлар ҳам борга ўхшайди.
Сохта «боғлар» яратишга чек қўйиш пайти келди. Ҳар йили эрта баҳорда тантана билан шаҳарга экиладиган бир миллион саксон минг туп манзарали дарахт ва буталар эгаллайдиган майдоннинг бир бўлагини инсоф билан мевали ниҳолларга ажратиб бермоқ керак.
Миришкор боғбонларимизнинг хомчўтларига қараганда, агар минг гектар ерга олма, ўрик ёки нок дарахти экилса, тўрт-беш йилдан сўнг ўша ердан кам деганда 90 000 тонна ҳосил йиғиб олиш мумкин экан. Бу икки миллион шаҳар аҳолисининг ҳар бирига қирқ беш килограммдан мева тўғри келади демакдир. Ваҳоланки, территориясининг катталиги жиҳатидан Иттифоқда Москвадан кейин иккинчи ўринда турувчи Тошкентнинг 26 000 гектар еридан 8000 гектарини турли-туман манзарали дарахт ва буталардан иборат ҳосил бермас «боғлар» эгаллаб ётибди.
Шундай экан, шаҳарда мевали дарахтларни ўстиришдай хайрли ишга тўғаноқ бўладиган ҳар қандай баҳоналар пайини қирқиш вақти келди. Токи шаҳарда боғдорчилик билан ободончилик бир-бирини тўлдирсин. Чунончи, партия, ҳукуматимиз ўртага ташлаган Озиқ-овқат программасини ҳал этишда, табиат мутаносиблигини сақлашда ҳеч ким четда қолмаслиги керак.
Шаҳарда нима кўп, «бош-бош»дан бошланувчи муассасалар кўп. Шулар қаторида ҳақиқий миришкор деҳқон — «Шаҳарнинг бош боғбони» раҳбарлик қиладиган бир идора таъсис этилса, нур устига аъло нур бўларди.
Шунда шаҳардаги «ҳар бир туп мевали дарахт тақдири билан ҳисоблашиш» қонун тусига кирса ажаб эмас!
7. ЯХШИДАН… БОҒ ҚОЛАДИ
Энди юқорида шаънларига андак тил текизиб ўтган ўртоқларга айтадиган икки оғиз «шоирона» сўзимиз бор: ҳар баҳорда бир донадан мева ниҳоли олиб, шаҳарнинг қоқ ўртасига ўтқазинг. Сўнг орадан ўн йил эмас, икки-уч йил ўтди деб фараз қилинг.
Ана ўша дарахт остида ўтирибсиз. Шаҳар узра сарин ел қўзғалиб, бир дона оқ ўрик ёнингизга тушади. Уни шундоқ қаршингизда оқиб турган ариқнинг зилол сувида чайинг-да, енг! Қандай маза! Бу қадар ширин мевани умрингизда биринчи бор татиган бўласиз.
Бу хаёлот эмас, муҳтарам меъморлар!
Бу бор гап, ҳурматли қурувчилар!
Еримиз ана шундай сахий ва танти, ўртоқ ободонлаштириш раҳбарлари!
Унга ишонинг! Ахир халқимизнинг «Яхшидан боғ… қолади» деган ҳикматли сўзи бор-ку!