Анна Гагарина. Қалб хотираси (1986)

Яхши ниятли бутун Инсоният самога биринчи бўлиб қилинган тарихий парвознинг 25 йиллигини тантана билан нишонламоқда. Бу ҳайратомуз парвоз 1961 йил 12 апрель куни рўй берган эди, Совет Иттифоқининг фуқароси Юрий Алексеевич Гагарин одамзот тарихида биринчи бўлиб космик бўшлиққа йўл очди.

Космонавтнинг онаси — Анна Тимофеевна Гагарина оддий, заҳматкаш аёл эди. Умрининг сўнгги йилларида, у ўғли Юрий ҳақида катта китоб ёзиш билан машғул бўлди. Анна Тимофеевнанинг «Қалб хотираси» китоби ҳам Онанинг фарзандини, оламга машҳур бўлган, аммо умрининг охиригача камтар, оддий ва улуғ инсон бўлиб қолган фарзандини қўмсаш ҳисси билан тўлиқ. Айрим боблари эълон қилинаётган бу хотиралар Юрий Гагариннинг нақадар камтарин инсон бўлганидан далолат беради.

Арафа

Кўпинча мендан, Юра космик парвозга тайёрланаётганини сизга гапирганмиди, деб сўрашади. Йўқ, гапирган эмасди. Биз шунақа бўлишини билармидик? Йўқ, билмасдик. Тахмин қилармидик? Тахмин қилиш уёқда турсин, ўша пайтда космосга одам чиқиши етти ухлаб тушимизга кирмаган. 1961 йил 12 апрель куни ҳукумат ахбороти эълон қилингунча шундай воқеа рўй бериши хаёлимизга ҳам келмаган эди.

Юра уйимиздан кетиб, ўз қисмига қайтиб борганидан кейин бир ой ўтиб хат келди. Хатида «уйга кириб ўтсам керак», деб ёзибди. Бундан чиқди, уни яна Москвага чақиришган. Бу сафар у уйимизга фақат бир неча соатга келиб кетди. Лекин ота-она учун шунинг ўзи ҳам ғанимат эди. Юра яна медицина синовидан, жуда қаттиқ, батафсил, кўп кунлик синовдан ўтаётганини айтди.

— Нима бало, сендан нима излашяпти докторлар? — деб сўради Алексей Иванович.

Юра, яқин орада қандайдир жуда муҳим қарорлар қабул қилинишини кутган одамдек қайтиб кетди. Туғилган куни 9 мартни ўз оиласида, қизчаси билан нишонлашга шошилар эди. Кетидан полкка чақирув қоғози келди. 11 март куни Юра хотини Валя билан қизчаси Леночкани олиб, Москвага учиб кетди.

Мен енгил тортдим. Кўнглим сезгани бежиз эмас экан. Ўғлим ўзимизга яқин жойда хизмат қиладиган бўлди. Хайрият, ҳамма болаларимни бир ерга тўплай оламан.

Энди Юра учувчи ва парашютчилар шаҳарчасида яшар эди. Мен уларни кўргани бордим. Яслига навбат етгунча неварамни менга берақолинглар, ўзим қараб тураман, дедим. Шундай қилиб, қизалоқни уйга олиб келдим. Юра билан Валя ҳафта сайин хабар олиб туришди.

Ўғлимнинг иши ҳақида фақат бир нарсани билар эдик. У эртадан-кечгача иш билан банд, зўр бериб ўқияпти, спорт билан шуғулланаяпти, қандайдир синовлардан ўтаяпти. Ҳарбий учувчи сир сақлаши керак. Шу боисдан биз ҳар нарсани суриштириб уни қийнамасдик.

Энди эсласам, кунлардан бирида космосга тирик одамни чиқариш ҳақида гап айланибди. Ўша кезлари самога космик аппаратда итларни чиқариб, синашаётган эди.

Бир сафар Юранинг опаси Зоя гап қистириб қолди.

— Бу кетиши бўлса одам ҳам учади шекилли?

— Учади! — деди Юра баланд овозда.

Гапга Алексей Иванович аралашди.

— Нима, сен учмоқчимисан?

Йўқ, бу саволда Юранинг режаларини билиш истаги йўқ эди. Ҳамма гап шундаки, дадаси Юранинг гап оҳангидан мақтанчоқликка ўхшаган нарсани сезгандек бўлди. Шунинг учун гапга аралашди.

— Агар шу вазифани менга топширишса, учавераман, — деди Юра дадасига.

— Хай-хай-хай, учармиш! — деди Алексей Иванович таънаомуз оҳангда. — Бунақа ишларни олимлар эплайди. Сенга йўл бўлсин!

Юра хафа бўлмади. Кулиб қўяқолди. Алексей Иванович ҳам ҳарқалай ўғлини тартибга чақириб қўйганидан мамнун бўлди.

Ёзда Валяга отанг оғирлашиб қолди, деган телеграмма келди. Келинимнинг ғами ҳарчанд оғир бўлмасин, шундай қийин пайтда ҳам эрини аяди.

— Ойи! Мен Юрага ҳеч нима демадим. Ҳозир уларнинг группасида жуда масъулиятли парашют синовлари бўляпти. Эшитса, кўнгли бузилади.

Валя Оренбургга кетди. Иван Степановичнинг аҳволи оғирлашиб, бора-бора, июнь ойида қазо қилди. Валя буни эри командировкадан қайтганидан кейингина хабар қилди. Мен келинимнинг ақли расолигига, меҳрибонлигига яна бир марта ишондим. Ўғлимнинг пешонаси ярқирганидан хурсанд бўлдим. Аммо Юра қанақа группада, қанақа синов ўтказяпти, бунисини билмасдик.

1960 йил 16 июнь куни Юрани Коммунистик партияга қабул қилишди…

Ўша кезлари Юра космик парвозга тайёрланаётган экан. Аммо биз бундан бехабар эдик.

Бу сирни фақат битта одам — Валяга ишониб айтишган экан. Бўлажак космонавтларнинг хотинларини генерал суҳбатга чақирибди. Мўлжалланган программалар ҳақида гапирибди. Эрларингизни космик парвозга тайёрлашга ёрдам беринглар, уйдаги майда-чуйда рўзғор ташвишларига аралаштириб, овора қилманглар, дебди.

Юра бир нимани кутиб юрганини билар эдим. Лекин у буни сездирмасликка ҳаракат қиларди. Тез-тез уйга келиб, хўжалик ишларига қарашар, томорқада ер кавлар, картошка чопиқ қилар, бодринг суғорарди.

Кунлардан бирида у Валя ҳамда Леночка билан келиб қолди. Юрани танимай қопман. Ўғлим тўқ кулранг костюм кийган, кийими ўзига қуйиб қўйгандек ярашиб турарди. Фақат унинг ҳарбий кийимда эмаслиги одамни сал ҳайрон қолдирарди. Шуни сўрасам, ўзим ҳам гражданча кийимда юришга ўрганолмаяпман, деб жавоб қилди.

Ўша келишларида эр-хотин Клязмада дам олишганини тасвирловчи аллақанча фотосуратлар олиб келишди. Ўтган якшанба куни ўша ерда дам олишган экан. Юранинг холаваччалари бу ҳақда Клязмадан хат ёзишганди. Албатта, хатларда одамни ташвишга соладиган гап йўқ эди. Лекин бир нарсани ўқиб, анча бесаранжом бўлдим. Ёзишларига қараганда Юра дарёга сакраган экан, оёғини шиша кесиб кетибди. Яраси унча катта бўлмаса ҳам Валя кўриб қолиб, эрини жуда қаттиқ койибди. «Нима бало, иккалови ноаҳилми, дейман» деб ёзибди холаси.

Мен ташвишга тушиб қолдим. Ўғлим билан келиним эшикдан кириб келишганда разм солсам, йўқ, бинойидек. Ҳарқалай сўрагим келди.

— Оёғингга нима қилди, Юра?

Ўғлим хохолаб кулди.

— Қизиқмисиз, ойи, қачондан буён менинг ғурраларимни санайдиган бўлиб қолдингиз?

Мен гапимда туриб олдим. Ҳадеб сўрайверган эдим, ўтган гапдан хабардорлигимни билиб, тушунтирди.

— Ҳозир бизда жуда масъулиятли машқлар бўляпти. Юз процент соғлом бўлишимиз керак.

Гапга Валя аралашди.

— Ойи, айб менда. Ўзимни тутолмай қолдим. Ҳамманинг олдида Юрани койиб, хато қилдим.

Менинг кўнглим тинчиди.

— Яхши, — дедим. — Яра-чақа деган нарса босилиб кетади, арзимаган гап билан бир-бирларингнинг дилингни оғритманглар.

— Тўғри, — деди Юра. — Бундан кейин эҳтиёт бўламан. Ваъда бераман.

Валя жилмайди. Менинг ҳам дилим ёришди.

…Юра борган сайин тез-тез ва узоқ чўзиладиган командировкаларга борадиган бўлиб қолди. Бу пайтда «динамик» заводи кичик ўғлим Боряни Москвага, ўқишга юборадиган бўлди. Биз унга, акангнинг уйида турақол, деб маслаҳат бердик. Ҳарқалай, битта ёрдамчи кўпаяди. Юра командировкага кетса, хотини ёлғиз қолмаслигини ўйлаб, кўнгли тинчийди.

Боря гапимизга кирди. Тез орада Юрадан хат келди.

«Салом дада, ойи, Дмитрий, Зоя, Томочка ва Юрочка. Валентиннинг уй ичларига ҳам салом. Хатингизни олдим, катта раҳмат. Мана жавобини ёзаяпман. Вақтим жуда зиқ. Шунинг учун хатни қисқа қиламан.

Биз ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Лена яслига ўрганиб қолди. Хурсанд бўлиб бораяпти. Ўзим эртадан-кечгача ишдаман. Валянинг аҳволи яхши. Ой-куни жуда яқин қолди. Уй юмушларига қийналяпти, лекин чидаяпти. Бир ярим ҳафталардан кейин кўзи ёриса керак. Яқинда Борис келди. Бизникида турадиган бўлди. Борадиган жойи узоқроқ, лекин қолган ҳаммаси жойида.

Ойи, хатни олишингиз билан бизникига келсангиз. Индинга ойлик олишим билан пул жўнатаман. Лекин сиз мендан пул боришини кутиб ўтирманг. Йўлкира топсангиз бўлди. Қолганини шу ерда ҳал қилаверамиз. Жудаям шошмасак ҳам бўларди-ку, муддатдан олдин Валянинг кўзи ёриб қолса, нима бўлади, деб ташвиш қиляпман. Шунинг учун илтимос, тезроқ келинг. Чамаси ҳамма гапни айтдим шекилли. Хайр. Соғинчли салом билан Юра, Валя, Леночка ва Борис».

  1. 2.61.

Юранинг хатида хотинидан жуда ташвишланаётгани сезилиб турарди. Валянинг кўзи ёриб қолса, ёнида ким бўлади, деб хавотирланаётгани аниқ. Албатта, мен пул келишини кутиб ўтирмадим. Учувчилар шаҳарчасига келдим. Леночкага қарай бошладим. Қизалоқнинг эндигина тили чиқа бошлаган. Жуда ширин, шўх эди.

Келинимнинг ой-куни жудаям яқинлашиб қолди. Юрани бўлса, навбатдаги командировкага жўнатишди. Ўғлим, кетсам, хотинимнинг ҳоли нима кечади, деб жонсарак бўлар эди. Валянинг ёнидан жилманг, деб қайта-қайта тайинлади. Ҳай, бола-я! Ўзимнинг ҳам ақлим етади-ку бунга! Шундай бўлсаям ўғлимни юпатдим.

— Хавотир олма, болам. Керак бўлса, неварамга ўзим доялик қиламан.

Нима учундир келиним ўғил туғади деб ўйлардим. Юра бўлса, худди биринчи сафардагидек Валя яна қиз туғишига ишонарди. Валяни хотин-қизлар байрами арафасида туғуруқхонага олиб кетишди. Биз касалхона қабулхонасидан кетгимиз келмас, кутиб ўтирардик.

7 март куни Гагаринлар оиласида яна бир қизалоқ дунёга келди.

Юра ўзида йўқ хурсанд эди. Иши ҳарчанд кўп бўлмасин, уйга келиши билан хотинига кўмаклашар, аммо кечалари Валя уни қизалоқларнинг хонасига киритмас эди.

— Сен тўйиб ухлашинг қерак, — дерди.

Юра баъзи кунлари кечқурун Боря билан узоқ чойхўрлик қилар, уёқ-буёқдан гаплашиб ўтиришарди. Ака-ука болаликдан жуда аҳил эди ўзи.

Март ойининг охирида Юра навбатдаги командировкага кетди. Боламнинг қиёфасида бирон ўзгариш сезмадим. Фақат хайрлашаётганида бир гапни қайта- қайта айтди.

— Ойи! Валяни ёлғиз қолдирманг…

Биз келиним билан иккаламиз қолдик. Валя қандайдир асабийроқ вазиятда юргандек кўринар, худди таранг тортилган торга ўхшарди. Мен, шунча дард чекди, шунгадир-да, деб қўя қолдим.

Тўсатдан Гжатскдан телеграмма келиб қолди. Алексей Иванович қаттиқ бетоб бўлиб қолибди. Нима қилишга ҳайрон эдим. Вёля уйга бораверинг, деб қистай бошлади. Мен бўлсам, уни ёлғиз ташлаб кетгим келмасди. Лекин келиним, қўяверинг, «ўзимизникилар» ёлғиз қолдиришмайди, деб тушунтирди. Юранинг уйига ўртоқлари Алексей Леонов, Павел Попович, Андриян Николаев, Валерий Биковский, Павел Беляев, Владимир Комаровлар тез-тез келиб туришарди. Герман Титов эса Юранинг ён қўшниси эди. Гарчанд подъезди иккита бўлса-да, балкони ёнма-ён улфатларнинг хотинлари ҳам дугона эди. Ўшанда Николаев билан Биковскийдан бошқа ҳаммалари уйланган эди. Валянинг гапи мени қаноатлантирди. Ўғлимнинг илтимосини бажаролмадим, деб, кўнглим ҳарчанд алағда бўлмасин, Гжатскга жўнаб кетдим.

Алексей Иванович анча тузалиб қолди. Сал қаддини ростлаши билан ишга боргиси келиб қолди. Мен бўлсам, Юраникига тезроқ жўнагим, Валянинг, невараларимнинг олдида бўлгим келарди.

Бу кун 1961 йил 11 апрель эди.

Эртасига эски одатим бўйича каллаи саҳарлаб уйғондим. Нонушта тайёрлаб, ҳаммани иш-ишига жўнатишим керак эди…

Осмон тип-тиниқ. Тилларанг нурларини сочиб, қуёш чиқиб келарди. Ҳавода янги уйғонган куртаклар ҳиди кезади. Эрта баҳорни жудаям яхши кўраман. Ҳаммаёқда жонланиш, сен ҳам бир нимани кутиб яшаётганга ўхшайсан. Эҳтимол бу туйғу бир вақтларги деҳқончилик ҳаётимиздан қолгандир. Одатда деҳқонлар экин-тикинга тайёрланаётганда шунақа патагига қурт тушиб қолади…

Энг аввал дастурхонга Алексей Ивановични чақирдим. У ҳаммадан олдин ишга кетади. Ўзим ҳам ул-бўл еб олақолдим.

Чолим дурадгорлик қутисини кеча кечқуруноқ тайёрлаб қўйган эди. Фақат тушлик овқатни — пишган тухум, нон, картошкани тоза латтага ўраб, қути ичига солиб қўйдим.

— Бўпти, Нюра, мен кетдим! —деди Алёша хайрлашиб. Мен уни дарвозагача кузатиб чиқдим. Оёқ остида тунги совуқда музлаган ер қисирлар эди. Чолимнинг орқасидан анчагача қараб турдим. Алёша енгил-енгил қадам ташлаб кетарди. Борадиган жойи узоқ — ўн икки километр. Лекин у бу йўллардан кўп марта ўтган.

…Бошқаларни ҳам уйғотиб, олдига дастурхон ёздим. Уйда фақат Зоя иккаламиз қолдик. Қизим шу куни иккинчи сменага бориши керак эди. Уйдаги майда-чуйда юмушларни бажаришга киришдик, Уёқ-буёқни йиғиштираётган эдим, қарасам, кимдир кўча эшикни ҳовлиқиб тақиллатяпти. Қулоқ солсам Валентиннинг хотини Мария овози борича қичқиряпти.

— Ойи! Радио қўйганмисиз? Ойи! Нега индамайсиз? Радиони қўйинг, дейман! Бизнинг Юра…

Эшикка отилдим. Ўлик-тиригимни билмай, карахт бўлиб қолибман.

— Нима? Нима, Юра? Юрага нима қипти?

Мария эса ўзи ҳам эсанкираб қолган, нима гаплигини тузук-қуруқ тушунтиролмайди.

— Радиодан айтди, инсон боласи биринчи бўлиб космосга чиқибди. Бизнинг Юра космик кема командири эмиш.

Бойқўнғир

Анна Тимофеевна ўғли билан хайрлашган ўша 1961 йилнинг март кунида Юра ўз ўртоқлари Герман Титов, Андриян Николаев ва космонавтликка бошқа номзодлар билан космодромга учиб кетган эди. Улар бу ерда учувчисиз парвоз қиладиган сўнгги йўлдош кеманинг учирилишини кузатишарди. Шундан кейин инсон бошқарадиган биринчи кема парвоз қилиши керак эди. Хуллас бу, бош репетиция эди. Ўшанда Анна Тимофеевна космодром нималигини ҳам, космик кема учирилишини ҳам, ўғли ўзини бағишлаган янги иш нималигини ҳам билмас эди.

«Восток» типидаги бешта йўлдош — кемани синов учун учириб кўришга қарор қилинди. Баъзиларида жониворлар, баъзиларида одам маникенлари учириб кўрилди.

Биринчи парвоз шуни кўрсатдики, космос жиндай хатони ҳам кечирмас экан. Кема программани бажариб бўлганидан кейин ердан туриб радио орқали тормоз двигатели ишга солинганида кутилмаган ҳодиса рўй берди. Кема пастлаш ўрнига янги орбитага чиқиб кетди ва Ернинг яна бир сунъий йўлдошига айланиб қолди. Текшириб кўришса, ориентация системасида камчилик бор экан. Тормоз двигатели кема тезлигини камайтириш ўрнига қўшимча тезлик бериб, Кема Ердан узоқлашиб кетган.

С. П. Королёв хатоликни ниҳоятда синчиклаб текшира бошлади. Кема нима учун «ўзини бундай тутганини» ўрганди. У бу нарсани билар эди.

Хатолар одамни кўп нарсага ўргатади. Королёв бу ҳақиқатни ўзи ҳам билар, бошқаларга ҳам уқтирар эди.

Белка ва Стрелка лақабли итлар билан қилинган парвоз программа бўйича бехато ўтди.

1960 йил 1 декабрь куни учинчи кема учирилиб кўрилди. Парвоз муваффақиятли бошланди. Лекин кема Ерга қайтаётганда пастлаш троекторияси мўлжалдан адашиб космик кема атмосферанинг зич қатламига кирганида портлаб кетди.

Космонавтлар Бош конструктор бундай муваффақиятсизликлардан қаттиқ изтиробга тушаётганини билишар эди. Ёш учувчилар С. П. Королёвга азалдан маълум бўлган ҳақиқатни қайта-қайта гапиришарди. Янгилик ҳеч қачон сип-силлиқ рўёбга чиқмайди. Авиация практикасида ҳам шундай ҳодисалар бўлган. Учувчилар бу касбни танлаётганларида зиммаларида қандай хатарли вазифа турганлигини олдиндан билишган. Шу боисдан ҳар бири ўз маҳоратини ошириб боришар, хавф-хатарни иложи борича минимум даражасига олиб келишга ҳаракат қилишарди.

С. П. Королёв ҳам муттасил шуни ўйларди.

«Бизнинг шиоримиз одамларни асраш, — деб ёзар эди у хотинига, Илоё шунга муваффақ бўлайлик…»

Ўз дўстига ёзган хатида эса Королёв шундай деган эди: «Ҳамма нарсани текшириб бўлдим, деганингда ҳам албатта қандайдир хавф-хатар сақланиб қолади. Ана ўша хатар менга ҳеч тинчлик бермайди».

Инсон боласининг космик бўшлиққа учишига эса тўрт ярим ой вақт қолган эди…

Учувчисиз парвоз қилган тўртинчи космик кема синови муваффақиятли ўтди. Мана, ниҳоят, бешинчи кемани учиришда космонавтлар ҳам иштирок этадиган, кема парвозини кузатадиган бўлишди.

Бойқўнғир уларни тип-тиниқ осмони, майсалар қоплаган чўл, парвозни тайёрлаётган барча бўлинмалардаги амалий иш билан кутиб олди. Бўлғуси космонавтлар олтовлашиб космодромни кўриб чиқишди… Бешинчи кема парвоз қиладиган куни улар космик кема пассажири — Звёздочка лақабли итни лифтгача кузатиб қўйишди. Звёздочка Ерга омон-эсон қайтиб тушди.

Ўша командировкадан кейин Юра уйда бироз муддат бўлиб, яна Бойқўнғирга кетди. Бу сафар космодромга учирилаётган кемани томоша қилувчилар эмас, космик кема командири билан унинг дублёри бориши керак эди. Шунча одам орасидан биттасини танлаб олиш жуда мушкул эди. Ҳар бир учувчининг ўзига хос кучли томонлари бор эди. Ожиз томонлари эса йўқ ҳисоб. Медицина кўригининг натижалари солиштириб кўрилар, машқлар пайтидаги хулосалар таққосланарди. Ҳамма кўрсаткич баб-баравар эди. Бирданига эмас, аста-секин, бўлажак космонавтлар орасида бир одам алоҳида ажралиб кўзга ташлана бошланди. Бу — старший лейтенант Гагарин эди. Сурдокамерадаги мунтазам машқлардан кейин врачлар шундай деб ёзиб қўйишди: «ёпиқ бўшлиқда узоқ муддат ўтказилган тажрибалар Ю. А. Гагариннинг асаб-психологик сферасида функционал имкониятлар жуда юқори эканини кўрсатди. Топширилган вазифани адо этиш пайтида четдан кўрсатилган ўта салбий таъсирларга чидамли. Кутилмаганда рўй бериб қолиши мумкин бўлган вазиятларга реакцияси тез, атроф-муҳитни зудлик билан ориентировка қилади, оғир-босиқ, дам олиш учун берилган ўта қисқа муддатда асабларини хотиржам қилиб, ҳордиқ чиқара олишга қодир, дарров уйқуга кетиб, программа бўйича белгиланган пайтда мустақил уйғона олади… Танҳолик азобини осонгина енга олди… Шундан кейин бўлғуси космонавтларнинг ишдан ташқари пайтда ўзини қандай тутишини кузатдилар. Шунда старший лейтенант Гагариннинг атрофига ҳамиша дўстлари тўпланаётганини, ундан ўрнак олишга ҳаракат қилишларини пайқадилар.

— Норасмий лидер! — деди врачлардан бири.

— Коллективнинг маънавий йўлбошчиси, — деб таъкидлади учишга тайёргарлик кўраётган ташкилотнинг раҳбари.

С. П. Королёв бўлажак космонавтлар билан тез-тез мулоқотда бўладиган хизматчиларни тўплаб, суҳбатлашиб турар эди. У бўлғуси космонавтлар ўртасида рўй бераётган воқеаларни, инсоннинг маънавий қиёфасини кўрсатиши мумкин бўлган энг кичик ҳолатларни эринмай суриштирарди. Медиклар, техниклар, тренерлар ўз мулоҳазаларини айтиб беришарди. Центрефуга бўйича синов раҳбари космонавтларни танлаш пайтида рўй берган бир воқеани айтиб қолди. Учувчилардан бирини космонавтликка танлашда четлаштиришган. Шунда старший лейтенант врачнинг олдига келиб, ўша дўстини ҳимоя қилган. Дўсти қаттиқ ҳаяжонланганини, шу сабабдан унинг организмида ўша пайтда арзимас ўзгаришлар рўй берган бўлиши мумкинлигини айтган, ўртоғини яна бир марта медицина синовидан ўтказиб кўришни илтимос қилган.

— Бундан чиқди, эҳтимол ўзининг ўрнига космосга учиши мумкин бўлган «мухолифини» ҳимоя қипти-да? — деб қайта сўради С. П. Королёв. — Яхши, бундан чиқди, бағри кенг йигит экан. Фамилияси нима, ўша старший лейтенантни?

— Гагарин…

…Ер куррасининг биринчи космонавти қандай фазилатларга эга бўлиши керак эди? Кўп сифатларга! Аввало, ҳеч шубҳасиз, ғалабага ишончи қатъий бўлиши, чидамли бўлиши, мақсад сари тўхтовсиз интилиши, ҳамиша коллективни ҳис қилиши, меҳнатсевар бўлиши шарт. Агар у оғир вазмин бўлса, ҳарқандай вазиятда ҳам жиззакилик қилмаса, ўзини ҳақ деб билган пайтда нуқтаи назарини тортинмасдан ҳимоя қила олса нур устига нур!

Шундай қилиб, олти кишидан Гагарин билан Титовни ажратиб олишди. Икковидан қайси бири тўнғич космонавт бўлиши ҳали расмий равишда эълон қилинмаган эди. Сўнгги қарор космодромда қабул қилиниши керак эди.

Давлат комиссиясининг кенгаши Бойқўнғирда, 1961 йил 8 апрель куни бўлди. Космосга учиш ҳақидаги вазифа тасдиқланди. Мабодо кеманинг бирон жойи бузилиб қолса, қандай вариант қўлланиши ҳам эълон қилинди. Парвозга тайёргарлик раҳбари Н. П. Каманин космонавтликка номзодлар программани бажаришга, зарур бўлиб қолса, кемани қўл билан бошқаришга тайёр эканликларини баён қилди. Космонавтларнинг номини айтди. Командир сифатида Юрий Алексеевич Гагаринни, дублёр қилиб Герман Степанович Титовни тасдиқлаш таклиф қилинди. Комиссия бу таклифни бир овоздан қабул қилди. Парвоз 12 апрелга белгиланди. Кемани бошқариш старший лейтенант Гагаринга топширилди. 10 апрель куни навбатдаги якунловчи мажлис ўтказилиши, унда «Восток» кемасининг командири билан дублёр ҳам иштирок этиши керак эди.

9 апрель, якшанба куни Н. П. Каманин, гарчанд ҳозирча комиссиянинг қарорини космонавтларга айтиб, уларни бетинч қилмай қўяқолайлик, деган фикрлар ҳам ўртага ташланганига қарамай, Ю. Гагарин билан Г. Титовни ўз ҳузурига чақирди. У ноаниқлик одамни қанчалик эзишини яхши биларди. Кенгаш натижасини айтди. Ю. Гагарин мамнун жилмайишдан ўзини тиёлмади. Лекин ўша заҳоти дўстига қараб:

— Герман, яқинда сен ҳам учасан, буни ўзинг ҳам биласан-ку, — деди.

Космодромда барча системаларни текшириш давом этар эди. Шу куни С. П. Королёв ҳамма ерда ҳозиру нозир эди. Унинг қиёфасида муваффақиятга бўлган ишонч туйғуси уфуриб турар, шу туйғуни бошқаларга ҳам юқтирган эди.

…«Восток» кемасининг тормоз двигатель қурилмасини ёнилғи билан тўлдириш, ориентация системасидаги баллонларга газ тўлдириш бутун кеманинг барокамерадаги герметиклигини текшириш керак эди. Шундан кейин «Восток»ни элтувчи ракетага улаш лозим бўларди.

…10 апрелга мўлжалланган Давлат комиссиясининг кенгаши соат 16 да бошланди. Монтаж қорпусининг унча катта бўлмаган залига раҳбарлар йиғилди. Столлар «П» ҳарфи шаклида жойланган, ўртада комиссия Раиси, унинг ёнида бош конструктор С. П. Королёв билан космонавтика бўйича бош назариётчи М. В. Келдиш ўтирарди. Столнинг бир томонида кеманинг турли системалари бўйича бош конструкторлари жой олган, бошқа томонида Ю. Гагарин билан Г. Титов ҳамда уларни парвозга тайёрлаётган кишилар муҳайё бўлган эди.

Давлат комиссиясининг Раиси кенгашни очди.

— Элтувчи ракета ва «Восток» космик кемасининг парвозга тайёргарлиги ҳақида ҳисобот бериш учун сўз, Бош конструктор академик Сергей Павлович Королёвга.

С. П. Королёв шошилмасдан ўрнидан турди. Четдан қараганда у хотиржам кўринарди.

— Ўртоқлар! — деди-ю, ҳаяжонланганидан бир зум тутилиб қолди. — Программага биноан кўп босқичли элтувчи ракета ҳамда «Восток» йўлдош кемасининг парвозга тайёргарлиги якун топди. Тайёргарлик ишлари ва барча текширишлар шуни кўрсатдики, бугун инсоннинг йўлдош кемада фазога биринчи бор парвоз қилиши вазифаси рўёбга чиқарилиши мумкин.

Шу кунгача қилинган ишлар ҳақида қисқа ва лўндагина ахборот берилди. Шундан сўнг Ю. Гагарин ўрнидан турди. У энди космик кема командири эди.

— Ўртоқлар, Совет ҳокимиятини, Коммунистик партиямизни ва бутун совет халқини ишонтириб айтаманки, ўзимга ишониб, топширилган вазифани бажаришга, космосга йўл очишга бутун куч ва маҳоратимни сарфлайман.

Парвозга суткалар эмас, соатлар қолган эди. 11 апрель, старт олдидан охирги кун. Старт майдонида иш қатъий жадвал бўйича кетарди. С. П. Королёв ракета олдида айланиб юрар, тез-тез космодромдаги уйчага телефон қилиб, космонавтларнинг аҳвол-руҳиятини суриштириб турарди. Уйчада эса космонавтларни само сафарига тайёрлашарди.

…11 апрель куни кечқурун космонавтлар навбатдаги машқлардан кейин ўзларига ажратилган уйчага қайтиб келишди. Ю. Гагарин М. П. Каманинга ҳечам ҳаяжонланаётгани йўқлигини айтди. Парвоз пайтида бирон хатар рўй бериб қолгудек бўлса ҳам, бунга олдиндан ўзини тайёрлаб қўйганини баён қилди.

Соат 21 дан 50 минут ўтганда врачлар Гагарин билан Титовнинг қон босимини, тана ҳароратини, қон томирининг уришини ўлчаб кўришди. Гагариннинг медицина карточкасида бу кўрсаткич қуйидагича эди: қон босими 115 га 75, тана ҳарорати 36,7, қон томирининг- уриши — минутига 64.

Соат 22 да Гагарин билан Титов ухлаб ётишарди. Врач кечаси кириб улардан хабар олди. Иккаласи ҳам осойишта ухлаб ётган экан.

Кечаси соат З да уйчага С. П. Королёв кириб келди. Эшикни секин очиб, ётоқхонага қаради-ю, ором олиб ётган космонавтларни кўриб, эшикни яна оҳиста ёпиб қўйди.

Парвоз майдончасидагилар «жанговор жадвал» бўйича ишлашарди. Ҳамма системалар текшириб чиқилди. Юқори кўприкчада, «Восток» кабинаси олдида люкнинг оғир қопқоғи турарди. Қопқоқ полиэтилен қобиққа солиб қўйилганди. Бир неча соатдан кейин қопқоқ билан люкни ёпишади.

Ракетага ёнилғи қуйишяпти. С. П. Королёв пастда турибди. Юзи ҳорғин, кўзларида чарчоқнинг таранг ифодаси. У шу кеча ухладими?.. Тонг отар палласида бўлажак космонавтлар дам олаётган уйчага яна борди. Гагарин билан Титов жисмоний тарбия машқларини бажариб, нонушта қилиб бўлишганлар, энди уларга фазовий либосларни кийгизишаётган экан. Юмшоқ комбинезонлар, пуштиранг скафандрлар, бошига эса оппоқ шлемофон, унинг устидан «СССР» деган йирик-йирик ҳарфлар ёзилган гермошлемлар кийгизилди. С. П. Королёв командир ва дублёрнинг космик сарпо кийиб олганини кўриб, жилмайди.

— Кайфият қалай? — сўради.

— Аъло!—Гагарин жилмайди, —Сизники-чи?

Шундай деб, Бош конструкторнинг юзига қаради-ю:

— Сергей Павлович, Сиз ташвишланманг, ҳаммаси яхши бўлади, бизлар тайёрмиз!

Ҳаммалари биргалашиб соат 6 да бошланадиган Давлат комиссиясининг кенгашига йўл олишди. Кенгаш жуда қисқа бўлди. Ҳамма нарса тайёр эди. Соат 6 дан 50 минут ўтганида автобус Гагарин билан Титовни учиш майдончасига обориб қўйди. Давлат комиссиясининг Раиси, Бош конструктор, Бош назариётчи, «Восток» командирига сўнгги топшириқларни беришди. Гагарин Давлат комиссиясининг Раисига томон бир неча қадам ташлади ва ахборот берди.

— Учувчи старший лейтенант Гагарин «Восток» космик кемасида биринчи парвозга тайёр!

— Оқ йўл! Муваффақият тилайман? — деди қомиссия Раиси Ерда қолаётган барча кишилар номидан.

Гагарин ўзининг оғир кийимида ўнғайсиз қадам босиб лифт олдига борди, кузатувчиларга ўгирилди.

— Қадрли дўстлар, таниш ва нотанишлар, ватандошлар, барча мамлакат ва қитъалардаги одамлар! Бир неча минутдан кейин қудратли космик кема мени Коинотнинг олис манзилларига олиб кетади. Парвоз-арафасидаги мана шу сўнгги дақиқаларда сизларга нима дейишим мумкин? Ҳозир менинг бутун ўтган умрим гўзал бир лаҳзага ўхшаб туюляпти.

У бир зум жим қолди.

— Шу пайтгача қанча яшаган, нима иш қилган бўлсак, ҳаммасини худди мана шу дақиқалар учун қилганмиз. Ўзингиз биласиз, бизлар узоқ ва эҳтирос билан тайёргарлик кўрган мана шу синов палласи яқинлашиб қолган пайтда одам ўз туйғуларини ифодалаши осон эмас. Инсоният тарихида биринчи парвозни менга топширишганида қандай туйғуни бошимдан кечирганимни гапириб ўтириш шарт бўлмаса керак. Бу туйғунинг оти нима? Қувончми? Йўқ, бу фақат қувончнинг ўзи эмас. Фахрми? Йўқ, бу фахрнинг ҳам ўзи эмас. Мен ниҳоятда катта бахт ҳиссини туйдим. Коинотга биринчи бўлиб чиқиш, табиат билан миспи кўрилмаган яккама-якка курашга киришиш — бундан ортиқ бахтни тасаввур қилиб бўладими?

Шу қадар чуқур сукунат чўккандики, магнитофон лентасининг шиғиллаши аниқ эшитилиб турарди.

Гагарин сўзида давом этди:

— Аммо ўша ондаёқ мен зиммамга тушган жуда катта масъулиятни ўйладим. Қанчадан-қанча инсонлар авлоди орзу қилган ишга киришиш, космосга биринчи бўлиб йўл очиш… Бу — бутун совет халқи олдида, бутун инсоният олдидаги масъулият ҳиссидир. Космик парвозга жўнар эканман, бахтлиманми? Албатта, бахтиёрман! Ахир, ҳамма замонларда, ҳамма одамлар янгиликлар кашф қилишни энг олий бахт ҳисоблаб келишган. Ҳозир парвоз бошланишига саноқли дақиқалар қолди. Мен, сизларга, қадрли дўстлар, узоқ йўлга отланган одамлар ҳамиша бир-бирига айтганидек, кўришгунча, хайр, дейман. Шу топда ҳаммангизни, таниш ва нотанишларни, яқин ва йироқдаги барча одамларни бағримга босгим келади.

У бир неча қадам юриб, лифт майдончасига чиқди, кузатаётганларга яна бир марта қайрилиб қаради.

— Тез орада дийдор кўришгунча! — деди-да, қўлини кўтарди.

«Восток»нинг етакчи конструкторларидан ва автоматика бўйича мутахассисларидан бири Гагарин билан биргалашиб лифтга чиқди. Негаки у космонавтни кабинага ўтқазиши, барча системаларни улаб қўйиши керак эди. Люк қопқоғи олдида турган икки ишчи қопқоқ ўраб қўйилган плёнкани очди. Космонавт ўтирганидан кейин қопқоқни маҳкамлаш керак эди.

Шундай қилиб, «Восток» командири кабинага жойлашди. Радио алоқаси уланиши билан динамикда Х. П. Королёвнинг овози эшитила бошлади. Гагарин унга аниқ-равшан қилиб жавоб берар эди:

— Сизни яхши эшитяпман. Тушундим: скафандрни текширишга киришаман.

Системалар уланиб, текширишлар олиб борилар, бошлиққа бу ҳақда ҳисобот бериб туриларди.

Энди Ю. Гагарин билан лифтда биргалашиб кўтарилганлар ҳам хайрлашишди.

Конструктор люкка эгилиб, Гагаринни қучоқлади, елкасига эркалаб шапатилаб қўйди. Гагарин ҳаммаси жойида бўлади, дегандек жилмаяр эди.

Люк қопқоғини мустаҳкамлаб қулфлашга киришдилар. Уч киши, олти қўл — конструктор билан икки нафар ишчи чаққонлик билан қопқоқни маҳкамлар эдилар. Битта, бешта, саккизта, ўттизта гайка қотирилди. Худди шу пайт кўприкчадаги телефон аппарати тўхтовсиз жиринглаб қолди. Королёвнинг ташвишли овози эшитилди.

— Нимага ҳисобот бермайсиз? Ишлар қалай?

— Ўттиз секунд илгари қопқоқни маҳкамлаб бўлдик, — деб жавоб қилди конструктор енгил тортиб. — Герметикани текширишга киришяпмиз.

— Қопқоқ тўғри жойландими? Бирон ери қийшайиб қолмадими? — сўради С. П. Королёв.

— Сергей Павлович! Ҳаммаси жойида.

— Жойида эмас! КП—3 ни эшитмаяпман, деди С. П. Королёв. Унинг овози бош конструкторни чақмоқ ургандек эсанкиратиб қўйди. КП — 3 дегани махсус контактлардан келадиган сигнал. Сигнал эшитилмаса, бундан чиқди, ё контактлар бузилган ёки люк қопқоғи нотўғри жойланган бўлади. Бу эса, кабина герметизацияси носозлигидан дарак беради.

— Контактларни текшириш учун нима қила оласиз? — сўради С. П. Королёв ва ўша ондаёқ ниҳоятда осойишталик билан ўз таклифини айтди:

— Қопқоқни очиб, яна қайтадан ёпишга улгурасизларми?

— Улгурамиз, Сергей Павлович. Фақат Юрий Алексеевичга биз люкни очаётганимизни айтиб қўйсангиз.

— Айтиб бўлдик. Ишингизни шошмасдан бажаринг, шошманг.

Улар шошилмади. Ҳарқалай учовлашиб люкни очишаётганида шошилганга ўхшашмасди. Олти қўл ниҳоятда якдиллик билан ҳаракатга келган эди. Гайкалар бўшатилди, люк қопқоғи очилди. Бир лаҳза кабинага қараб қўйишди. Шунда конструктор Гагариннинг атрофни кузатишга қулайлик туғдириш учун скафандр енгига ўрнатиб қўйилган кўзгу орқали люкни очаётганларни кузатаётганини пайқади. Кабина ичидан қўшиқ товуши эшитиларди. Гагарин ашула айтарди:

Ватан тинглаяпти, Ватан билади,

ўғли самоларда парвоз қилади.

У шунчалик хотиржаммиди? Парвозга тайёргарликнинг бутун босқичи секундма-секунд ўлчаб қўйилганини, герметика системасидаги жиндай ноаниқлик қанчалик даҳшатли оқибатга олиб келишини аниқ билган одам нима учун бемалол қўшиқ айтяпти?

Йўқ, бу бепарволик эмасди.

Гап бошқа жойда эди. У — «Восток» командири вазиятнинг қанчалик нозиклигини тушуниб турарди. Мана шу тарихий парвоз ҳозир люк қопқоғини очиб қайта ёпаётган уч кишининг аниқ ҳаракат қилишига боғлиқлигини биларди. Шу боисдан ҳам шу уч кишини хотиржам қилиш, уларга ёрдам бериш учун қўлдан келган вазифани бажараётган эди.

Учовлон жиндай қийшиқроқ жойланган кронштейнни ўрнига қўйиб, қопқоқни иккинчи марта беркита бошладилар. Сўнгги гайка ҳам қотирилди. Ўша заҳоти С. П. Королёвнинг овози янгради:

— КП—3 жойида! Герметикани текшириб кўринг!

Ҳамма текширувлар ниҳоясига етди. Старт майдонида динамиклар уланди… Космонавт билан муттасил алоқа боғланган эди. Гагаринга майдончада нима ишлар бажарилаётганини хабар қилиб туришди. Космонавт эса ўзининг аҳволи-руҳиясини маълум қилиб турарди. Ҳаммаси жойида.

— «Заря», мен — «Кедр», кайфиятим яхши, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Стартга тайёрман.

Одамлар аста-секин ракета олдидан узоқлаша бошладилар. Энг охирида яқин ёрдамчилари билан С. П. Королёв нари кетди. Улар тезлик билан бункерга тушиб олишди.

— Космодромдаги барча бўлинмаларга бир минутлик тайёргарлик эълон қилинади.

Бункердаги сукунатни буйруқ овозлари бузиб турарди.

— Стартга калит солинсин!

Гагарин бу командани эшитиб, жавоб қилди.

— Менда ҳаммаси жойида, ўзимни яхши ҳис қиляпман, кайфиятим тетик. Стартга тайёрман. Приём.

— Баракалла! Ёқув системаси ишга тушяпти. «Кедр», мен — «Заря бир»ман.

Гагарин стартни кузатиб турарди.

— Гапингизни тушундим. Ёқув системаси ишга тушди.

— Бошланғич босқич!

— Есть, бошланғич босқич!

— Оралиқ босқич!

— Есть, оралиқ босқич!

— Асосий босқич! Подъём.

Шунда тўсатдан… Пульт олдида ўтирганлар двигателларнинг момақалдироқдек гумбурлаши орасида инсоннинг янгроқ овозини эшитишганини неча бор, қайта-қайта тасвирлашган.

— Кетдик!

Гагариннинг «Кетдик» деган хитоби. Кўплар бу хитобни дилкашликдан, жасоратдан, борингки, мардликдан нишона деб айтишади. Чамаси, бу, ерда бошқачароқ маъно бор. Гагарин парвозни бошқараётганларнинг асаби қанчалик таранг тортилиб турганини ўйламаслиги мумкин эмас эди. Шуни ҳис қилгани учун тарангликни юмшатишга ҳаракат қилди. Уларга далда бергиси, хотиржам қилгиси келарди. Гагариннинг «кетдик» деган тантанали хитоби ҳарқандай датчиклардан аниқроқ қилиб, командир ғалабага астойдил ишонганини исботловчи далил эди.

— «Кедр», мен — «Заря бир»ман! — С. П. Королёвнинг овозида илиқ меҳр бор эди. — Ҳаммаси жойида. Биз сизга омад тилаймиз!

— Хайр, тез орада дийдор кўришгунча, қадрли дўстлар!

Аслида-ку, барча командалар, савол ва жавоблар олдиндан аниқ белгилаб қўйилган эди. Лекин космик техника бош конструктори билан биринчи космик кема командирининг савол-жавоблари орасига бошқа сўзлар ҳам қўшилиб кетди. Буни интизомсизликка йўйиб бўлмасди. Бу сўзлар бир одамнинг оталарча меҳридан бошқа бир одамнинг Ерда қолган дўстларининг асабий таранглигини юмшатишга интидишидан дарак берарди. Пўлат иродали, мақсад сари оғишмай интиладиган кишиларда интизомсизлик бўлиши мумкин эмас.

Гагарин. Силкиниш тезлашяпти, шовқин анча кучайяпти.

Королёв. Вақт 70 (Стартдан бери 70 секунд ўтди).

Гагарин. Гапингизни тушундим, 70. Кайфиятим аъло. Учишда давом этяпман, зўриқиш кучаяпти, ҳаммаси жойида.

Королёв. Тезлик ва вақт мутаносиблиги жойида. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Гагарин. Ўзимни яхши ҳис қиляпман.

Королёв. Ҳаммаси жойида, машина яхши учиб боряпти.

Гагарин. Бош обтекатель ажралди… Ерни кўряпман. Зўриқиш яна бир оз кучайди. Кайфиятим аъло.

Королёв. Баракалла! Яшанг! Ҳаммаси яхши кетяпти.

Гагарин. Ер устида булутларни кўряпман. Майда, тўда-тўда булутлар. Уларнинг сояси ҳам кўриняпти. Чиройли. Мунча чиройли-а! Гапимни қандай эшитяпсиз?

Королёв. Сизни аъло даражада эшитяпмиз. Учишда давом этинг.

Гагарин. Парвоз яхши давом этяпти. Зўриқиш кучайиб боряпти… Ҳаммаси яхши кетяпти… Зўриқиш унча кучли эмас. Ўзимни аъло даражада ҳис қиляпман. Иллюминатордан Ерни кузатяпман. Борган сайин кўпроқ булут билан қопланяпти.

Королёв. Ҳаммаси жойида. Гапингизни тушундим, яхши эшитяпман.

…Улар эртасига Волга бўйидаги уйчада кўришдилар. Давлат комиссиясининг раиси, С. П. Королёв, М. В. Келдиш, конструкторлар, олимлар, инженерлар, медиклар, синовчилар ва Ернинг биринчи космонавти. Бу дийдор кўришув бошқа ҳеч қандай учрашувларга ўхшамас эди. Унда чексиз-ададсиз қувонч, эришилган улкан ютуқни ҳис этиш, бахти — ғалабадан қувониш ҳисси бор эди. Ҳамма Гагариндан ўзини қандай ҳис қилаётганини суриштирарди. Ҳар ким «ўз» система- сининг қандай ишлаганини билгиси келарди. Етакчи конструкторлардан бири яқин келганида Гагарин жилмайган кўйи унга иккала қўлини чўзди.

— Салом! Аҳволинг қалай?

Конструктор бир лаҳза ҳайрон қолди.

— Нега менинг аҳволимни сўрайсан? Бугун сенинг аҳволингни билишимиз керак.

— Йўқ, сенинг аҳволингни сўраш керак. Кеча люкни очаётганингдаги ҳолатингни ўзинг бир кўрсанг эди.

1961 йил 12 апрель

12 апрель куни мен учун радио ахбороти билан бошланди. Менинг ўғлим космик кема командири!

Бошқа ҳеч нима қулоғимга кирмади. Пахталигимни кийиб, темир йўл станциясига қараб югурдим. Қандай етиб борпанимни билмайман.

Вокзалга бориб, билет олганимдан кейингина ҳушим ўзимга келди. Поездларнинг қатнов жадвалини кўриш кераклиги эсимга тушди. Москвага борадиган навбатдаги поездни анчагина кутиш керак экан. Ўтирибман. Уёқ-буёғимга қараб, ўзим ваҳимага тушдим. Эгнимдаги кийимларни бир кўрсангиз! Оёғимда шиппак, эгнимда халат, устидан пахталик кийганман. Майли, бўлар иш бўлди. Уйга қайтиб ўтирмайман. Манзилга етиб олсам бас. Келиним ўзининг кўйлагини берар. Яна бирпас ўтирганимдан кейин кассага ўн сўм тўлаб, қайтимини олмаганим эсимга тушди. Ўрнимдан турай десам, мадорим йўқ. Ёнимда, скамейкада ўтирган қиз менга қараб-қараб қўяётганини сездим. Илтимос қилдим.

— Жон қизим, кассир хотинга бориб айтсангиз, анави ерда бир хотин ўтирибди, қайтими қолиб кетган экан, узр сўради, десангиз.

Қиз менга пулнинг қолганини олиб келди.

— Сизга нима қилди, ёрдам берайми? — деб сўради.

— Йўқ, жоним, ҳаммаси жойида.

Ўзим бўлсам ўтирибману икки қулоғим радиода. Яна ахборот бериб қолармикин, дейман. Вокзал устида шўх музика янграяпти. Лекин бошқа ахборот берилмади.

Хаёлимда нуқул бир гап айланади. Юрамнинг аҳволи қандай экан? Валя ҳозир нима қиляптийкин?

Поезд келди, ўтириб жўнадим. Деразадан қараб боряпман. Чоғимда, станцияларда ҳамма кулаётганга ўхшайди, лекин радиодан ҳали эшитган гапимга ўзим ҳам ишониб-ишонмайман.

Москвага келиб, поезддан тушсам, Белоруссия вокзалининг майдони худди байрамдагидек одамларга тўлиб кетибди. Кўпчиликнинг қўлида «Гагаринга ура!» деган шиорлар. Ҳамма ўйин-кулги қилади. Одамлар «Қайтиб тушди! Ура! Ерга қайтиб тушди!» деб қичқиришади. Мен йиғлаб юбордим. Метрога қараб кетдим.

Қандайдир хотин сўради:

— Сизга нима қилди? Бошингизга кулфат тушдими?

Мен жилмайдим. Куляпману кўзёшимни тия олмайман.

— Йўқ, жуда бахтлиман, — дедим.

Аёл ҳам кулиб юборди.

— Мен ҳам. Биласизми, инсон боласи космосга чиқди. Эшитдингизми?

— Эшитдим, — дедим бош силкиб, —Биламан.

Аёл бўлса, ҳамон гапириб ётибди.

— Унинг исми Юрий Гагарин. Эслаб қолинг.

— Эслаб қоламан, жоним, эслаб қоламан.

Метрога тушиб, Ярослав вокзалига бордим. Ундан электричкага ўтириб, учувчилар шаҳарчасига кетдим.

Бироқ электричкада яна бир ғалати воқеа бўлди.

Ўғлимнинг омон-эсон Ерга тушганини билиб, ўзимни тутолмай қолдим. Ўтирган жойимда:

— Ўғлим! Болажоним! — деб йиғлаб юбордим. Йиғлаяпману ўзим нуқул жилмаяман.

Ёнимда ўтирган хотинлар кимгадир ичимдагини айтгим келаётганини пайқаб қолиб, нима гап деб сўрашди. Юрий Гагарин менинг ўғлим, деган эдим, бирпасда атрофимга одам тўпланди. Ўғлимнинг ёшлигини, болалигини, ҳозир оилавий аҳволи қандайлигини суриштира бошладилар. Мен бўлсам, тўхтовсиз гапириб ётибман. Шунда хотинлардан бири менга шубҳаланиброқ қаради-да, сўроққа тутиб қолди:

— Ўзингизнинг отингиз нима?

— Анна Тимофеевна.

— Эрингизнинг оти-чи?

— Алексей Иванович.

Аввалига аёлнинг сўроққа тутишига ҳайрон қолдим. Кейин пайқадимки, ўзим ҳам «ажабтовур» кийиниб олган эканман. Эгнимда эски пахталик, унинг тагида халат… Бояги хотин сўроқни кучайтирди.

— Космонавтнинг болаларини оти нима?

— Катта қизининг оти Леночка, кичкинасининг оти… Ҳали билмайман. Ўшанда борганимда ҳали исм қўйишмаган эди. Кичик қизалоқ 7 март куни туғилган. Мен эримнинг олдига боришим керак эди. Ўшанда кетиб қолганман, — деб тушунтирдим.

Хотин бош силкиб қўйди.

— Кичик қизининг оти Галя, — деди.

— Галочка бўлса бўлақолсин, — дедим мен, — яхши исм.

Вагонга одам тўлиб кетди. Чамаси космонавтнинг онаси кетяпти, деган шивир-шивир бутун поездга тарқалган шекилли, одамлар «Табриклаймиз! Бахт тилаймиз!» деб қичқиришар эди. Шу пайт учувчилар формасини кийган бир йигит одамларни уёқ-буёққа суриб, яқин келди. Қарасам, Юранинг ўртоғи — Витя Горбатко. Тўда орасидан амаллаб ўтиб, ёнимга келди.

— Мен сизга ёрдам бераман.

— Ёрдамни нима кераги бор, юк-пуким бўлмаса, — деган эдим, Витя атрофга аланглади.

— Одамлар тўпланиб кетганини кўрмаяпсизми? Бу ҳолда ўғлингизни уйига киролмайсиз.

Тўғри айтган экан. Борсак, Звездний шаҳарчасида одам тумонат. Юранинг квартирасини ҳалқадек ўраб олишган. Ёнига яқин бориб бўлмайди. Шунда Витя командирларга хос баланд овозда ҳайқирди:

— Ўртоқлар! Анна Тимофеевна Гагаринага йўл беринглар!

Шундан кейингина амаллаб ичкари кириб олдик. Квартирага ҳам одам тўлиб кетган экан. Булар — энг аввал уйга кириб олган қўни-қўшнилар, дўст-биродарлар, мухбирлар эди.

— Ўртоқ мухбирлар! Юрий Гагариннинг оиласига ҳордиқ чиқариш учун имкон беришларингизни сўраймиз. Илтимос, ҳаммангиз чиқиб кетинг.

Ишбошилар мен келганимни кўриб, хурсанд бўлишди. Улар аллақачон Гжатскка телефон қилишиб, космонавтнинг барча қариндош-уруғларини учувчилар шаҳарчасига жўнатишни сўрашган экан. Хабар олишса, космонавтнинг ота-онаси уйда йўқ, ташкилотчилар ташвишга тушиб қолишибди.

Келиним иккаламиз дарров қизалоқлар билан машғул бўлдик. Бегона одамларнинг келиши қизчаларни анча безовта қилган эди. Алдаб-сулдаб ётқиздик. Валя ҳам дам олиши керак эди.

Ишбошилар буни яхши билишарди. Ҳордиқ чиқаришимиз учун шароит яратиб беришди. Тез орада Гжатскдан ҳамма қариндошларни етказиб келишларини айтишди. Шундагина Алексей Ивановичга бу хабарни етказиш осон бўлмаслиги эсимга келди. Чолим қайси йўлдан кетганини яхшилаб тушунтирдим. Ҳозир у Клушин қишлоғида бўлиши керак. Уни ўша ердан топасизлар, дедим.

Бир ҳарбий киши келиб, Юранинг саломини топширди. Ўғлим ўзини яхши ҳис қилаётганини, бизлар билан кўришишни орзиқиб кутаётганини айтди. Уйга бегоналар кирмаслиги учун подъездга навбатчи кўйишди. Анча тинчиб қолдик.

Кечқурун алламаҳалда одам келиб, Валя билан мени телефон пунктига олиб кетди. Бир хонага кирдик. Аллақандай аппарат турибди. Ҳарбийлар кўп. Ичида каттароғи бўлса керак, биттаси ҳаммани огоҳлантирди.

— Ўртоқлар! Секин! Яқин кишилари Гагарин билан гаплашиши керак.

Худди шу пайт телефон жиринглади. Навбатчи трубкани қўлимга тутқазди.

Мен биринчи бўлиб Валяни олдинроққа итардим. Валя эсанкираб қолган эди. Трубкани олиб, фақат бир оғиз сўз айтди.

— Юра!

Чамамда ўғлим ниманидир гапирди шекилли, келиним нуқул бош силкир эди.

— Ойим шу ерда, — деди ниҳоят.

Мен трубкани олдим. Олдиму гапиришга мадор қани?

—Болам!

Қулоғимга ўғлимнинг овози кирди.

— Ойи! Ойижон! Ҳаммаси жойида. Ташвиш қилманг. Валяни, қизчаларимни, ўзингизни асранг. Биз тез кунда дийдор кўришамиз, ойи.

Ярим кечаси Гжатскдан Алексей Иванович, Валентин, Зоя, Борис билан Аза етиб келишди. Анчагача ухламай, гаплашиб ўтирдик. Ҳамма ўз таассуротини гапирар, янгиликни қаерда, қандай эшитганини ҳикоя қиларди.

Валянинг айтишича, парвоз ҳақида ахборот радиодан берилиши билан, унинг олдига «Комсомольская правда»нинг мухбири Василий Песков келибди. Ернинг биринчи космонавтининг хотини ва қизларини суратга олишга рухсат сўрабди. Валя розилик берибди.

Бирпасда квартира журналистларга, қўни-қўшниларга, таниш-билишларга тўлиб кетибди. Валя ҳамманинг саволига жавоб беравериб, ҳолдан тойибди.

— Сен қаерда эшитдинг? — деб сўрадим Алексей Ивановичдан.

— Кечувдан ўтаётганимда айтишувди, эътибор бермадим. Тасодифан исм-шарифи мос келиб қолган деб ўйладим, — деди Алексей Иванович.

Чиндан ҳам у уйдан жуда барвақт чиқиб кетган эди. Эрувгарчилик бошланиб, юришга қийналмаслик учун шундай қилган эди.

Алексей Иванович Афков қишлоғига етиб борганида, дарё кечувидан ўтаётган экан. Таниш паромчи ундан сўраб қопти:

— Алексей Иванович! Космосда учиб юрган сенинг ўғлингмасми? Радиодан ТАСС ахборотини беришди.

Алёша уёқ-буёғини суриштирган экан, дарға радиодан эшитганини айтибди.

— Майор Гагарин деб айтишди.

— Йўқ, менинг ўғлиммас. Меники старший лейтенант.

— Фамилясию исми-шарифи ҳам тўғри келяпти-ку. Юрий Алексеевич дейишди.

— Дунёда Юрий Алексеевич Гагариндан кўпи борми?

Алексей Иванович шундай дебди-да, дурадгорлик қутисини кўтариб, Клушинога жўнайверибди.

Яна бир соат юриб Клушинога етиб борибди. Қараса, туғилиб ўсган қишлоғида одамлар кўчага сиғмай кетганмиш. Қўшни хотин югуриб чолимнинг ёнига келибди.

— Алексей амаки, эшитдингми, сенинг Юрканг… Ҳозир радиодан айтишди.

Чолим унга таънаомуз қараб қўйибди.

— Эсингни еганмисан ҳамманг, менинг Юркам старший лейтенант.

Лекин қўшнилар қувонч билан ҳайқиришар, унга тушунтиришар эмиш.

— Ҳаммаси, ҳаммаси мос келяпти! Гагарин, Юрий Алексеевич, Смоленск областининг Клушино қишлоғидан! Ўзимизнинг Юра! Клушинолик.

Тўда орасидан колхоз раиси чиқиб келибди:

— Алексей Иванович, идорага киринг. Горкомдан телефон қилишяпти.

Горком секретари Москвадан қўнғироқ қилишганини, космонавтнинг барча қариндош-уруғлари учувчилар шаҳарчасига бориши кераклигини айтибди. Горком сизларга машина юборяпти, дебди. Алексей Иванович қуёш чиқиб, эрувгарчилик бошланганини билгани учун:

— Буёқларга машина ўтмайди, — дебди,

— Унақа бўлса, трактор юборамиз, кутинг, — дебди секретарь.

— Кутиб ўтиролмайман. Ўзим битта-битта юриб боравераман.

— Шошмасангиз-чи, ахир!

Секретарь ҳарчанд кўндиришга уринмасин, Алексей Иванович қайсарлик қилиб туриб олибди.

— Ўртоқ секретарь, йўлларимизнинг аҳволини ўзим биламан.

Колхоз раиси Алексей Ивановичга от берибди. Ёнига йўлдош қўшиб, йўлга солиб юборибди. Улар дарё бўйигача отда келишибди.

…Дарёнинг у юзида трактор кутиб турган экан. Ашковга етгандан кейин эрим «Газик»ка ўтириб, йўлда давом этибди. Уйга етиб боргунича роса ҳолдан тойибди. Олтмиш яшар одамга дам олмай шунча йўлни босиб ўтиш осонми!

Қишлоқдаги уйчамизда танишу нотаниш, аллақанча одам тўпланган экан. Мухбирлар Алексей Ивановични ўраб олишибди.

— Айтингчи, Юра қандай бола эди?

— Қанақа бола бўларди. Боладақа бола-да! Яхши бола. Мўмин-қобил. Оиласи ҳам ўзига тинч.

Лекин журналистларга бу камлик қилар, кўпроқ нарсани билгиси келармиш. Хуллас савол беравериб, чолимни роса ҳолдан тойдиришибди. Кечқурун райком секретари савол-жавобларни тўхтатишни талаб қилиб, қариндош-уруғларни машинага ўтқазибди-да, учувчилар шаҳарчасига жўнатиб юборибди.

Алексей Ивановичнинг гапларини эшитиб, койидим.

— Ўзи феълинг шунақа-да, Алёша. Болаларинг шунақа катта ишлар қилишини хаёлингга ҳам келтирмайсан. Юранинг космосга учганини Трубинда эшитган экансан. Ўша ернинг ўзидан орқангга қайтсанг бўлмасмиди? «Менинг ўғлиммас, исми-шарифи тўғри келиб қолган», деган гапларга бало бормиди?

Алёша менга тикилиб қолди. Кўзлари ҳорғин эди.

— Борди-ю, учган бизнинг Юрка бўлмасаю, мен ҳамма жойда кўриб қўйинглар, Гагарин биз бўламиз, деб мақтаниб юрсам тузук бўлармиди? Ўзингга қолса, Нюра, сен ҳам бунақа қилмасдинг. Тағин мени койиганинг ортиқча. Лой кечиб шунча юрган бўлсам, нима қипти? Сен билан биз бундан кўп қийинчиликларни ҳам кўрганмиз. Шу пайтдан кўкрагимизга уриб, мақтанаверсак, Юра кимга эргашади? Шусиз ҳам ҳозир болани ҳар томондан осмонга кўтаравериб, бошини айлантириб юборишган бўлишса керак.

Начора, Алексей Иванович тўғри гапни айтди.

Эртаси кун ҳам югур-югур билан ўтди. Эрталаб, 14 апрель куни Кремлда бўладиган тантанали кечага таклиф билетлари олиб келишди. «Гагарин А. И.га, умр йўлдоши билан» деган ёзув ёзилган конвертни Алексей Ивановичга тақдим қилишди. У менга қараб, бош чайқаб қўйди.

— Умр йўлдоши! — Бу гап унга тантанаворроқ туюлди шекилли, жилмайди. — Кремлга нима кийиб борасиз энди, умр йўлдошим?

Мен карахт бўлиб қолдим. Бир хаёлим Гжатскка бориб келишга вақт етармикан, деб ўйладим. Лекин учрашувга таклиф қилаётган ишбоши огоҳлантирди.

— Ҳаммасини ўйлаганмиз. Раҳбарлик сизларни ясантиришга пул ажратган. Нима кераклигини айтсанглар, бас.

Бунақа таклифга кўнишимиз қийин эди. Шу пайтгача еб-ичишимиз, кийим-кечагимиз доим пешона теримиз билан топилган пул ҳисобига бўлган, аммо ҳозир бошқа чора ҳам йўқ эди. Вақт тиғиз. 14 апрель кунининг ҳар бир дақиқаси олдиндан белгилаб қўйилган экан.

Шаҳарчадан кетишимиз олдидан бизга СССР Олий Совет Президиумининг Фармони чиққан газетани келтириб беришди. Ёлғиз қолишим билан газетани қайта-қайта қўлга олардим.

«Восток» йўлдош-кемасида жаҳонда биринчи космик парвозни амалга оширганлиги учун Совет Иттифоқи граждани Гагарин Юрий Алексеевичга «СССР Космонавт учувчиси» деган унвон бирилсин».

Шу ернинг ўзидан:

«Ватанимизни шарафловчи қаҳрамонона жасорати, космосга биринчи бўлиб парвоз қилгани, бунда қаҳрамонлик, мардлик кўрсатгани, Совет халқига, бутун инсоният тараққиётига беқиёс садоқат кўрсатганлиги учун дунёда биринчи космонавт учувчи, майор Гагарин Юрий Алексеевичга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилсин, Ленин ордени ва «Олтин Юлдуз» медали топширилсин ҳамда Москва шаҳрида қаҳрамоннинг бронза бюсти ўрнатилсин», деган сўзлар ҳам ёзилган.

Мана шу юксак сўзлар наҳотки Алёша иккаламизнинг ўғлимиз шаънига ёзилган бўлса! Наҳотки боламиз бутун Совет кишиларига танилиб қолган бўлса! Наҳотки Юра Совет Иттифоқи қаҳрамони бўлса!

Менинг ўғлим, ҳов ўша март кунларининг бирида тонг соат беш яримда илк бор «инга-инга» деб овоз берган, бир ҳафтадан кейин Алёша чақалоқ билан мени Гжатскдан Клушинога олиб кетаётганида йўл бўйи бағримда миттигина, илиққина бўлиб ётган ўша болакай наҳотки шунчалик обрў-эътибор қозонган бўлса! Хаёлимга бир-биридан ғаройиб хотиралар ёпирилиб келар эди. Ҳа, бу — менинг ўғлим! Лекин шундай ажойиб воқеалар чиндан ҳам рўй берганига ҳамон ишонгим келмасди.

Дийдор

Бизни машинада Внуково аэропортига олиб келишди. Юра тушган самолёт шу ерга қўниши керак экан. Тумонат одамни бир кўрсангиз эди! Ҳамма хурсанд. Ҳамманинг дилида байрам. Ҳамма совет кишисининг ютуғидан кўкси тоғ бўлган…

Бизни юқорироқ жойга чиқариб қўйишди. Атрофга разм солсам, партия раҳбарлари, ҳукумат аъзолари ҳам кепти. Бутунлай довдираб қолдим. Алексей Ивановичга қарасам, у ҳам қандайдир ингичка тортиб қолгандай. Бироқ ёнимизда турганлардан аллаким ҳолатимизни тушунди шекилли, гапга солиб, далда берди. Атрофдаги одамлар Юрий Гагариннинг ота-онаси, қариндошлари эканлигимизни билиб, бизни янаям қулайроқ жойлаштиришга ҳаракат қйлишди.

— Лида билан Юра Ивановлар кўринмайди, буёққа ўтказишмабди, шекилли, — деб қолди Борис.

Синчиклаб қарасам, улар ҳам тўсиқ олдида туришган экан. Боря ўша томонга қараб, бу ёққа келинглар, дегандек қўл силтади. Лида билан Юра арқон тўсиқ тагидан ўтиб, биз томонга югуришди. Шундай қилиб, ҳамма қариндошлар жам бўлдик.

Узоқ чўзилган сукунатни яқинлашиб келаётган самолёт овози бузди. Кейинчалик кинооператорлар томонидан батафсил суратга туширилган ўша дийдор онларини телевидениеда, кинохроникада неча қайта томоша қилдим. Лекин ўша 14 апрель куни жуда ҳаяжонда эдим. Кейинроқ, кимдир мендан, эътибор бердингизми, ўшанда Юранинг ботинкасининг ипи ечилиб кетган экан, деб сўради. Ботинкасини кўрибманми?! Яккаш ўғлимнинг юзига тикилар, ҳаяжонланганимдан нафасим ичимга тушиб кетган эди.

У қизил гилам устидан юриб борди-да, партия ва давлат раҳбарларига рапорт берди. Кейин биз томонга юриб, Валяни қучоқлади. Менинг яккаю ягона ниятим шу эдики, ўғлимни бағримга боссам, мана, болагинам соғ-саломат экан, деб кўнглим жойига тушса! Юра мени қучоқлаб, оҳиста шивирлади:

— Йиғламанг, ойи, мана, ҳаммаси бўлди, мен ёнингиздаман!

Ўғлимга гуллар совға қилишди. У гулдасталарни олди-ю, лекин илгари бунга ўрганмагани учунми, хижолатда қолгани сезилиб турарди. Ҳамманинг ёнига бориб, саломлаша бошлади. Лиданинг рўпарасида бир зум тўхтаб қолди. Гулдастани унга берди. Нимага шунақа қилгани менга аён эди. 13 апрель — жиянининг туғилган куни эканини Юра унутмабди.

Биз Қизил майдонга қараб кетдик. Юра очиқ машинада турар, одамлар қичқиришар, табриклашар, у эса табрикларга жавобан нуқул жилмаяр эди. Фахр ва бахт билан тўлиқ шу дамларда юрагим ёрилиб кетмаганига ҳамон ҳайрон қоламан.

Валяни, мени, Алексей Ивановични Мавзолейнинг ёнбош минбарига таклиф қилишди. Мавзолей минбарида туришни менга ким қўйибди? Бироқ зинадан кўтарилиб бораётганимда Юра ёнимизга етиб келди. Менинг хижолат бўлаётганимни, Валя ҳам уялиб турганини сезди.

— Чиқмасанглар бўлмайди. Мен сизларга, сизлар менга далда бериб турасизлар.

Шундан кейин Қизил майдондан москваликларнинг намойиши ўтди. Улар мамлакатимизнинг Бош минбарида турган Юрани қутлашар, Юра қутловларга жавоб берар эди. Ўғлимдан кўз узолмайман. Чеҳрасида жуда майин, дилкаш, ҳалол табассум порлаб турибди. Икки кўзим ўғлимдаю нуқул йиғлайман. Алексей Иванович беозор дашном берди:

— Нюра! Яхшимас-да, йиғлашинг!

— Йиғлаётганим йўқ, кўзёшимни тиёлмаяпман. Одамлар тушунар ахир, аҳволимни…

Колонналар тўхтовсиз ўтиб борар, чамамда бутун Москва Қизил майдондан ўтишга аҳд қилгандек эди.

Намойишдан кейин бизни Кремлга кузатиб қўйишди. Никита Сергеевич Хрушчев таклиф қилди:

— Келинглар, тинчроқ жойда тушлик қилайлик. Сизлар уятчан одамсизлар. Ҳали қабул пайтида оч қолишинглар ҳеч гапмас.

Шинам безатилган хонада дастурхонга мазали рус таомлари тортишди. Биз Юрани саволга тута бошлаган эдик, ўғлим, аввал сизлар менинг саволимга жавоб беринг, деб кулимсиради. Қизчаларининг аҳволини суриштирди. Валядан сутинг етяптими, деб сўради. Нега жиянларим Тамара билан Юра, Валентиннинг қизчалари кўринмайди, деб суриштирди.

Менинг сингилларимни, холаваччаларини, Володяни — ҳаммани бир-бир сўраб чиқди. Ўша кезлари Мария юрак касали билан шифохонада ётган эди, Юра бориб кўриб келаман, деди.

— Сизларни шунақа соғиндимки! — деди у.

Юранинг илк парвоз пайтидаги таассуротларини ҳозир ҳамма билади, лекин 12 апрель куни айтган гаплари жуда катта янгилик эди. Ҳаммамиз унинг сўзларини бағоят диққат билан эшитардик.

Валя эрининг ёнида ўтирарди. Дам сайин Юранинг қўлини ушлаб-ушлаб қўяётганини, гўё эрим ростдан ҳам тирикми, дегандек бўлаётганини пайқадим. Келинимнинг аҳволи менга аён эди. Юра ҳаммамиз билан гаплашар, аммо ора-чора «эсингдами Валя», деб хотинига мурожаат қиларди.

Юра бир нарсани гапирса, ҳамиша оддий, ҳаммага тушунарли қилиб ҳикоя қиларди. Ўшанда ҳам шундай бўлди. Ўғлим гапиряпти-ю, гўё менинг ўзим қоп-қора бахмалдек осмонни, аллақандай нотаниш тикандек найзадор нур сочиб турган юлдузларни, узоқдан шарга ўхшаб кўриниб турган Ер куррамизни, чиқиб келаётган ёрқин ва улкан қуёшни ўз кўзим билан кўриб турганга ўхшардим. У шу пайтгача биронта инсон бошидан кечирмаган ҳолатни — вазнсизликни гапириб берди.

— Ўзимни аъло даражада ҳис қилдим, — деди Юра. — Нимаики қилсам, ҳаммаси оппа-осон кечаётганга ўхшарди. Оёқ-қўллёримнинг оғирлигини сезмайман. Кабинадаги нарсалар учиб юрибди. Ўзим ҳам креслода ўтиролмадим. Худди биров ҳавога учириб кетаётгандек, ўрнимдан силжиб, тасмаларга осилиб қолдим. Ерда машқ қилинган программага биноан овқат едим, сув ичдим — ҳеч қандай нохушлик сезмадим. Ёзиб кўрдим. Ҳуснихатим мутлақо ўзгармади. Фақат қалам, қоғоз устига енгилгина сурилиб борар, қўлим ўзимники эканлигини сезмасдим. Аммо ҳаракатларим хоҳишимга бемалол бўйсунарди. Кабинадаги нарсалар эса худди Мойдодир деган болаларга бағишланган шеърдагига ўхшаб, сендан қочиб кетаверади. Блокнотни, ручкани, нонушта жойланган тюбикларни маҳкамроқ ушламасанг «қочиб қолади». Қўйиб юборсанг, кабинада муаллақ учиб юраверади.

У кеманинг учиш ва, қўниш дайтидаги ҳолатларини батафсил айтиб берди.

— Юрка! Тўғрисини айт, қўрқдингми? — сўради отаси.

— Бўлмаса-чи! Кема атмосферанинг зич қатламига кирганда уланган чоклари ёниб кетди. Худди дўзахнинг қоқ ўртасида ўтирганга ўхшайсан. Иллюминатордан эса минг даражали аланга ланғиллаётгани кўриниб туради. Лекин мен ҳаммаси жойида бўлишига тамомила ишонардим. Техникамизнинг қудратига имоним комил эди. Бўлмаса Бош конструкторимиз инсоннинг учишига розилик бермасди.

Биз ҳам турли воқеаларни эсладик. Юра дадасининг «ўғлинг космосга учди» деганларида, ҳатто ТАСС ахборотини эшитганидан кеййн ҳам бари бир ишонмаганини эшитиб, мазза қилиб кулди. Отаси эса, кула-кула бир гапни қайтарарди:

— Тўғри-да, менинг ўғлим Юра старший лейтенант, учган одам эса майор бўлса…

Юра ғалати тасодифларни гапириб берди. Айтишича у Саратовга бундан олти йил илгари аэроклубда курсантлик қилиб юрганида самолётда дастлабки учиш машғулотларини, ўтказган жойига яқин ерга қўнибди. Биринчи ориентири — Волгани дарров танибди. У Дмитрий Павлович Мартьянов раҳбарлигида худди шу жойларда — улуғ рус дарёси соҳилларида илк бор самолёт штурвалига ўтирган эди… Юрий ерга қўнганида уни биринчи бўлиб ўрмончининг хотини Анна Акимовна Тахтарова деган хотин билан унинг невараси Рита деган қизалоқ кўриб қолишибди.

Шу ерга келганда Юра ҳикоясини тўхтатиб, менга қаради.

— Сизнинг адашингиз экан, ойи.

Аёл билан қизалоқ ола-була бузоқ олдида турганча, Юрага тикилиб қолишибди. Кейин унга томон қўрқиброқ яқин келишибди. Уларнинг ҳолатини тушуниш қийин эмасди. Юра қандайдир ғалати кийимда — пуштиранг скафандр кийиб олган эди.

— Наҳотки космосдан тушган бўлсангиз? — деб сўрабди Анна Акимовна шубҳаланиб.

— Буни қарангки, худди шундоқ! — дебди Юра.

Кейин нариги далада ишлаётган механизаторлар югуриб келиб, Юрани ўраб олишибди. Қучоқлаб ўпиб кетишибди. Юфицер бошчилигидаги солдатлар билан тўла машина етиб келибди. Юрага майор унвони берилганини шулар айтишибди.

…Тушлик тугади. Муқофотларни топшириш тантаналари яқинлашди. Ҳаммамиз залга кирдик. Атроф жимжит. Фармонни ўқиётган Леонид Ильич Брежневнинг овози сукунатда тантанали жаранглар эди. У Юранинг кўкрагига юксак нишонларни қадаб қўйди. Ўғлим Ватаннинг ҳар қандай топшириғини бажаришга тайёр эканлигини айтди.

Мукофотлаш тантаналари тугагандан кейин катта залга чиқишимиз билан Юра ёши ўзидан улуғроқ кишиларнинг олдига борди ва чуқур ҳурмат билан суҳбатлаша бошлади. Ўша одамлар орасида бир неча киши ажралиб чиқиб, бизнинг ёнимизга келди. Танишдик. Суҳбат бошланди.

* * *

1966 йил январь ойида Сергей Павлович Королёвни дафн қилишганидан кейин ғамдан адои тамом бўлган, юзида қон қолмаган Юра Гжатскка келган эди. Ўшангача ҳам у космик кемаларнинг Бош конструктори ҳақида эҳтиром билан, ҳаяжонланиб кўп гапларни айтган, бу одамнинг истеъдоди, иродаси, оптимизми, қалб саховати олдида доим таъзим қилишини гапирган эди. Ўғлим уни ҳамма қатори Сергей Павлович, СП, Бошлиқ деб атарди.

Ўша қаҳратон январь кунида у Сергей Павловични айниқса изтиробга тушиб эслади,

— Сиз уни танийсиз, ойи. Ёдингиздами, олтмиш биринчи йил 14 апрель куни у дадам билан сизнинг олдингизга келган, туриш-турмушингизни, қишлоқдаги аҳволни, оиламизни сўраган, бирон ёрдам керак эмасми, деб суриштирган эди.

Мен Сергей Павловични эслашга ҳаракат қилдим. Лекин ўша куни ўзимизни ўраб олган шунча одамлар орасида Королёвнинг чеҳрасини хотирлаб қололмаган эканман.

— Ойи, Сергей Павловични эслаб қолмаслик мумкинмас, уни ҳеч ким билан адаштириб бўлмайди, — деди ўғлим беозор дашном бериб…

Совет кишиларининг космосда эришган ютуғига бағишлаб энг яхши артистлар концерт беришди.

Биз ўзимизни қандайдир ноқулай ҳис қилардик. Чолимнинг ёнида ўтирган Анастас Иванович Микоян буни сезди. Саҳнага чиқаётганларни аста-секин таништириб, бизларни гапга солди. Шу пайтда жуда машҳур бир балерина рақс тушаётган эди. Анастас Иванович чолимнинг қулоғига эгилиб, гап қотди:

— Қоматни қаранг!

Чолим қовоғини солиб жавоб қилди:

— Ҳа-ҳа, узунроқ кўйлак кийса бўларкан.

Анастас Иванович кулиб юборди. Эрим иккаламиз ҳам маза қилиб кулдик.

Юра эса энди янги талаблар билан яшар эди. Фанлар Академияси ва СССР Ташқи ишлар министрлиги биринчи космик парвозга бағишланган матбуот конференцияси ташкил қилишди. Юра конференцияда сўзга чиқиш учун кетди.

Қайтиб келдию ҳазил-ҳузил қилиб укаси Борис билан кураш туша бошлади. Валя уни огоҳлантирди.

— Юра, сен машқ қилиб пишиб кетгансан, укангни қийнама.

Борис ҳам янги уйланган эмасми, келиннинг олдида уялиб қолмаслик учун бўш келмас, акаси билан баробар курашар эди. Кичик ўғлим ҳам бақувват бола эди. Юра вазиятни тушуниб, буйруқ берди:

— Старший сержант Гагарин! Майор Гагарин буюради: курашни бас қилинг!

Эртасига эрталаб биз уйга, қишлоққа қайтмоқчи бўлдик. Аммо Юра Гжатскка қачон боришини билмасди.

— Ўзимга қолса сизлар билан жон деб кетардим. Нима қилай, горкомдан шошмай туришни илтимос қилишди. Учрашув бўлиши керак экан. Хафа бўлманглар, мендан ҳам, горкомдагилардан ҳам.

Ўша кунлардаги қувончимизни бир нарса бузди. Москвадан уйга келсак, оилавий фотосуратларимиз, хатлар, Юранинг мактаб пайтидан буён ёзиб келаётган кундаликлари қутида йўқ.

Тамарадан, Юрикдан қоғозлар қани, деб сўрасак, болакайлар эсанкираб, елка қисишди. Аллақандай «амакилар» олиб кетишганини айтишди. Улар катта нашриётлардан, газета-журналлардан келишганини айтишибди, дарров қайтариб берамиз деб ваъда қилишибди.

Ҳалигача қайтаришгани йўқ.

* * *

Орадан бир неча йил ўтгач, Юра ҳалок бўлганидан кейин Надюша ўзига, акасига, Марияга Юра ёзган хатларни менга келтириб берди. Аза ҳам ўғлимнинг битта хатини топиб келтирди. Юранинг дўст-биродарлари бир қанча хатларни олиб келишди. Улар менга осон эмаслигини, боламнинг хатларини қайта-қайта ўқиб, озми-кўпми таскин топишимни билишган эди.

Яқинда Валянинг «108 минут ва бутун умр» деган китоби босилиб чиқди. Ўша китобда Юранинг менга ёзган хатидан бир қанча сатри келтирилган. Ўғлим бу хатни ёзганига кўп йиллар бўлиб кетган. Лекин ундаги сўзлар шу қадар майин, шу қадар меҳрибонки, ҳали-ҳануз ўқисам, кўнглим тўлиб кетади. Ўша хат лоп этиб кўз олдимга келади. «…Ойижон, мен сизни шунақанги яхши кўраманки, қўлингизнинг бўртиб чиққан томирларини ўпгим келади. Ҳаммаси учун минг раҳмат сизга».

Болагинам! Қанчалик меҳрибон эдинг менга! Раҳмат, болажоним!

Русчадан таржима.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 4-сон.