Абдулла Қаҳҳор. Замона ва адабиёт (1964)

Ўзбек шўро адабиёти эски классик адабиётимиздан, халқ­­нинг оғзаки ижодидан, рус ва жаҳон адабиётидан озиқ, янги ғоядан қувват олиб ўсди дейишади. Бу ҳақ гап, лекин, буюк Навоий айтмоқчи, қуёш оламга баробар нур сочса ҳам, саҳрода қомғоғу тикан, бўстонда гул битади. Адабиётимизни гул қилиб етиштирган, шубҳасиз, юртимиздаги янги шароит – тузумидир. Бусиз мазкур манбалардан ҳеч бири адабиётимизнинг бу қадар тез суръат билан тараққий қилиши ва вояга етишувида ролини ўйнай олмас эди.
Янги даврдаги адабиётимиз, ҳақиқатан, жуда тез суръат билан тараққий қилди ва жуда тез вояга етди, яъни маҳорат чўққисига чиқиб олди. Бунга ҳеч йўл билан рад этиб бўлмайдиган далил – унинг бош ютуғи – адабиётимизда яратилган образларнинг сони ва салмоғидир.
Бирон давр, бирон халқ адабиётининг тараққиёт даражасини, унинг маҳорат кучини ёзувчиларнинг миқдори, нашр этилган китобларнинг сони эмас, унда яратилган образлар, китоб саҳифаларида яшамоқда бўлган «адабий аҳоли»нинг сони ва салмоғи белгилайди. Модомики шундоқ экан, ҳозирги адабиётимиз юксак даражадаги адабиётни, республикамиз доирасидан чиқиб, қоматини бутун Иттифоққа ва ҳатто жаҳонга кўрсатиб турган «адабий аҳоли»мизни яратган қаламкашларимиз катта маҳорат эгалари бўлган қаламкашлардир.
Ҳозирги адабиётимизнинг даражаси ва маҳорати кучини шу кунги ва яқин ўтмишдаги адабий тилимиз орасидаги тафовутдан ҳам қиёс этса бўлади.
Фурқатнинг 1891 йилда ёзган мактубидан:
«… хосса ул сиёдатпаноҳи карим табъ Муҳиддинхўжа қозийким, ҳоло номлари қазо девонининг дебочасиға туғродур, табиатлари фазилат аҳлиға мойил эрмиш бир дўст воситаси бирла шиносолиғ муяссар бўлди…»
1911 йилда чиққан бир китобдаги ҳикоядан:
«… вақтики мишиғ каклик билон чилнинг келгонини кўрди, дарҳол сажда қила бошлади… солус саждадин фориғ бўлғонидан сўнгра алар олдиға бориб ўз аҳволларини арз қилиб инсофни тиладилар. Мишиғ айтдики, э йигитлар, қарилик манго асар қилиб кўз ва қулоқ ва бошқа ҳавосимға сустлик ва наҳифлик пайдо бўлди, яқинроқ келинглар, токи ман сўзларингизни масмўъ қилиб мулоҳаза ва таъмил айлаб ҳукм қилгайман…»
Бошқа замон ва бошқа шароитда бу хилдаги тафовутни йўқотиш учун юз йиллар ҳам кифоя қилмас эди…

1964 йил