Саидаҳмад Ҳусанхўжаев. Ҳикоялар тўплами. Ўзнашр, 1940.
Бирон олим чиқиб, «Бўрининг тишига сера кислотасининг таъсири», деган мавзуда илмий асар ёзиши мумкин: бўриларни тутиб, тишини қоқиб олса бўлади, сера кислотаси сероб нарса, тажрибалар ўтказиш учун айрим шароит —ускуналанган катта лаборатория керак эмас. Олим истаганича тажриба ўтказиши ва бу тажрибалар асосида бирон ҳақиқатни тасдиқлаши мумкин. Қанча меҳнат сарф қилинган, балки хийла уддабуронлик билан тартиб берилган бу илмий асарни китобхон, эҳтимол, мароқ билан ҳам ўқир. Лекин илмий асарнинг илмий асар бўлиши учун олимнинг меҳнати, китобхоннинг мароқ билан ўқишигина кифоя қилмайди. Маълумки, илм қайси йўл билан бўлмасин бирон ҳақиқатни тасдиқлар экан, бундан кишиларнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган бир хулоса чиқаришни кўзда тутади. Ҳеч бир илмий фикр йўқки, бевосита ёки талай воситалар орқали бўлса ҳам одамларнинг эҳтиёжини қондиришга қаратилган бўлмасин. Зотан, илм эҳтиёждан туғилади эмасми?
«Тортиқ» тўпламидаги кўп ҳикоялар мана шунақа ҳожати йўқ «илмий» асарга ўхшайди. Олим қандоқ бўлмасин бир илмий асар яратишга урингандай, ёзувчи қандоқ бўлмасин ҳикоя ёзишга уринган. Олим қанча овора бўлиб тажрибалар ўтказганидай, ёзувчи қанча ўйлаб воқеалар яратган. Сиртдан қараганда, олимники илмий, ёзувчиники адабий асарга ўхшайди, лекин ҳар иккисининг ҳам китобхоннинг: «Бундан мақсад нима?» деган бир саволи билан чуви чиқади.
Тўпламдаги «Севинчи» ҳикоясининг мазмуни мана шундай:
Шоқосим деган бир киши идорасида ишлаб ўтирганида синглиси «туғиб қўйди» деган хабарни олиб келади. Хотини иккиқат бўлгани учун Шоқосим «хотиним туғипти», деб ўйлайди. У кечқурун ўртоқлари билан бирга уйига боради. Шунда маълум бўладики, Шоқосимнинг хотини эмас, сигири туққан экан.
Хўш, нима бўлипти? Ёзувчи асар ёзганида китобхонга айтадиган зарур гапи — дарди бўлади. «Севинчи»ни ёзишда ёзувчига нима илҳом берган? Ўқувчи Шоқосимни телба бир одам деб ўйлаши мумкин, чунки:
1. Синглиси «туғиб қўйди» деганда хотини туққанига амин бўлиб, синглисига суюнчи беради, лекин гўр оғзидан қайтган хотини ҳақида ҳеч нарса сўрамайди;
2. Тезда уйига бориш ўрнига идорада ҳар кимга мурожаат қилиб, ўғлига ном қўйиш ҳақида маслаҳат сўраб юради ва шу билан кунни кеч қилади;
3. Кечқурун уйига ўртоқларини эргаштириб боради ва шунда ҳам кириб, хотинини, боласини кўрмайди; ўртоқлари билан ўтириб синглисига «чақалоқни» олиб чиқ, деб буюради.
Шундай одам телба эмасми? Демак, ҳикоядан: «Оламда шундай телбалар ҳам бор», деган маъно чиқиши керак. Автор шундай демоқчими? Йўқ, автор буни хаёлига ҳам келтирган эмас. Бўлмаса нима демоқчи? Ҳеч нарса демоқчи эмас. Ёзувчи ҳеч қандай мақсадни ўз олдига қўйган эмас, ҳикоя сўз бўтқасидан иборат.
«Тез ёрдам» ҳикоясида ҳам ҳеч бир маъно йўқ. Шу Шоқосимми, ё бошқа бир Шоқосимми, тўлғоқ тутиб ётган хотинига «Тез ёрдам» машинасини чақирмоқчи бўлади. Телефонда англашилмовчилик бўлиб, «Тез ёрдам» ўрнига ўт ўчириш командаси келади. Бунинг маъноси нима?
«Безовта» ҳикоясида бир пияниста ёйиб қўйилган кўйлакни кечаси ўғри гумон қилиб, тош отади, ўғри эмас, кўйлак эканини билгандан кейин хотиржам бўлади. Шунга ўхшаган бир латифа бор. Афанди кечаси уйғониб қараса, ҳовлида биров турганга ўхшайди. Афанди уни ўғри гумон қилиб, милтиқ билан отади; кейин билса, ўзининг кўйлаги экан. Шунда: «Хайрият ичида ўзим йўқ эканман, бўлмаса ўлар эдим», деб худога шукур қилади. Шундай чуқур маъноли латифа ёзувчининг қўлида ҳикояга айланиб, ҳеч-пуч бўлиб қолади.
«Дайди ошиқ» ҳам ҳеч қандай қимматга эга эмас, унда ҳам автор нима демоқчи эканини ўзи билмайди.
Эгамберди деган бир кишини хотини паранжи ёпиниб пойлайди, Эгамберди билмасдан ўз хотинига муҳаббат изҳор қилади, хотини юзини очиб ўзини танитганда гаранг бўлиб қолади. Бу ҳикоянинг маъноси шу бўлиши мумкин: хотинини алдаб бошқалар билан ўйнамоқ ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Агар авторга ҳикоянгдан шундай маъно чиқади десангиз, сочини юлади. Энди бу ёғига эътибор қилинг: Эгамберди паранжили хотин билан шунча гаплашиб, шунча муомала қилиб, ўз хотини эканини билмайди! Бу Эгамбердининг эмас, ёзувчининг гўллиги — китобхон ҳар нарсага ишонаверади деб ўйлайди!
Биз бу ҳикояларни «бемаъни», «сўз бўтқаси» деяётибмиз. Қўлига энди қалам олган кишига бу гаплар, албатта, оғирлик қилади. Лекин шуни эътиборга олиш керакки, Саидаҳмад ёзувчи сифатида ёш; ўзи гўдак эмас! Унинг ҳикоясида бўлган «адабий» камчиликларни ёшлиги туфайли кечириш мумкин, лекин адабий тажрибасизликка боғлиқ бўлмаган камчиликларни кечирмаслик керак. Ёзувчилик етти ухлаб тушига кирмаган бир колхозчи ҳам бирон ўртоғига хат ёзмоқчи бўлса, қўлига қалам олмасдан бурун хатда нима демоқчи эканини аниқлаб олади, «умуман хат» ёзмайди. Шундай бўлгандан кейин ёзувчиликка интилган, китоб чиқаришга журъат қилган Саидаҳмад нега нима демоқчи эканини аниқламасдан ҳикоя ёзади? Шу адабий тажрибасизликдан, «ёш»ликдан келиб чиққан нарсами? Ҳеч! Масъулиятсизликдан келиб чиққан. Бошқа соҳаларда, масалан, ёш доктор, ёш химик, ёш инженер ўзини шундай тутса, нима бўлар эди?..
Саидаҳмад қўлига тамбур олипти, қулоғини бурашига, парда босишига, чертишига қараганда тузук бир машқ чала оладиганга ўхшайди, лекин ҳали машқ чалгани йўқ, «Тортиқ»даги ҳамма ҳикоялар шуни кўрсатади. Тамбурни қўлга олиб, созлашдан мурод машқ чалиш эканини эсдан чиқармаса бўлгани!
1940 йил.