Адабиётчиларнинг бадиий таржима масалаларига бўлган қизиқишининг чеки йўқ (бунинг сабаблари равшан, деб ўйлайман). Матбуот саҳифаларида таржима масалаларига бағишланган диққатга сазовор ҳар бир чиқиш жонли мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Н. Чуковскийнинг ўтган йилнинг охирларида «Литературная газета»да чиққан «Унинчи санъат илоҳаси» деб аталган мақоласи мазмундорлиги, таржима ишларининг аҳволи тўғрисида қайғуриб ёзилганлиги билан мени хурсанд қилди, айни чоқда унда кўтарилган айрим ғоят муҳим, лекин эътирозли мулоҳазалар билан баҳс қилиш фикрини уйғотди.
Ҳа, Н. Чуковский таржима санъатини сеҳргарлик деб атаганда, ҳақ. Лекин, деб давом этади у, агар таржима сўзларнинг маъносинигина эмас, улар ифодалаган энг нозик туйғулар ва кечинмаларни ҳам етказиб беролсагина, чинакам сеҳргарлик бўлиб ҳисобланади. Ҳа, ҳар бир йирик санъаткор миллий маданиятни жаҳон адабиётининг дурдоналари билан бойитишга ўзининг бутун куч-қувватини сарфлаши керак. Бадиий таржима ёзувчининг ўзи учун ҳам катта маҳорат мактаби бўлади. Буларнинг бари тўғри гаплар.
Мен Н. Чуковскийнинг: «Адабий танқидчилар муаллифлар ҳақида гапирашади-ю, таржимонга келганда миқ этишмайди, ваҳоланки, улар таржима тўғри ва яхши бўлган чоғдагина муаллиф ҳақида мулоҳаза юритишлари мумкин», деган фикрларини ҳам тўла қувватлайман.
Узоққа бориб ўтирмай бизнинг бадиий адабиёт нашриётимизни олиб кўрайлик. Нашриёт таржимонининг фамилиясидан уялгандай бўлиб, унинг китобхоннинг кўзидан йироқроққа яширади, кўп маҳалларда эса таржимоннинг номи китобнинг охирида техредактор ва корректор билан ёнма-ён қўйилади. Ўтган йили Тожикистон нашриёти менинг ҳикоялар тўпламимни чиқарди. Ноширлар таржимоннинг номини ҳатто китобнинг охирида ҳам кўрсатмай, олиб ташлаганлар. Китоб босилиб чиққандан кейингина уялишган шекилли, таржимоннинг номи муқованинг иккинчи бетига қўлда ёзиб қўйилди.
Республикамизда яна шунақа ишлар ҳам бўлиб ту-радики, агар биронта адабиёт атрофида ўралашиб юрган «ишбилармон»ларга моддий ёрдам бериш зарурати туғилса, унга дарҳол таржима тутқизадилар. Шундай қилиб, таржимонлар сафига тасодифий кишилар кириб қолади.
Мана шунинг учун ҳам мен Н. Чуковскийнинг куюниб айтган гапларига қўшиламан. Лекин у баҳсга берилиб кетиб шундай фикрларни ҳам ўртага ташлайдики, булар назаримда таржимачиликни яхшилашга ёрдам бермайди.
Айтайлик, у: «Мен уни (подстрочникни А. Қ.) рус тилида жуда ҳам хунук жаранглайдиган «индстрочникист» сўзини келтириб чиқарганининг ўзи учунгина ёмон кўраман. Бўлар-бўлмас товушларнинг йиғиндисидан иборат бўлган бу сўз менга нимаси биландир «компрачикос» сўзини эслатади. Бу сўзларнинг ўзида ҳам аллақандай ўхшашлик бор —«компрачикос»лар одамларнинг юзларини бадбашара қилиб ташлаганлари каби подстрочникчилар романлар, қиссалар, ҳикояларни бузадилар». Бу сўзлардан юқорироқда у ёзади: «Бу ўринда мен шеърий таржималарда подстрочникнинг ролига тўхталиб ўтирмайман…
В. А. Жуковский грек тилини билмай туриб, подстрочникдан «Одиссея»ни таржима қилди, унинг таржимаси ҳамон эскиргани йўқ… Лекин подстрочникдан романни таржима қилиб бўлмайди. Романнинг подстрочниги—оригиналга томон очилган ойна эмас, ўтиб бўлмас девордир. Бу деворнинг орқа томонида нима борлиги номаълум».
Қонуний бир савол туғилади. Нега энди ўтган асрда В. А. Жуковский «Одиссея»ни таржима қилибди-ю, ҳозирда Л. Пеньковский сингари шоирлар ҳам подстрочникдан миллий шеъриятларнинг энг яхши намуналарини таржима қилаётганлари ҳолда, нега энди гап прозага тақалганда подстрочник «ўтиб бўлмас девор»га айланади? Нима учун шеъриятда ҳар қандай подстрочник оригинални яхши таржима қилиш имконини беради-ю, прозада ҳар қандай подстрочникчи «компрачикос» бўлиб қолади?
Н. Чуковский бу саволга жавоб бериб ўтгандай бўлади: «Афтидан, шеър таржимасида таржимоннинг чет тилини билиши эмас, рус шеърини ғоят нозик тушуниши ҳал қилувчи роль ўйнайди».
Лекин бундай жавоб кишини қаноатлантирмайди албатта.
Подстрочникни электр симига ўхшатиш мумкин. Сим қандай металлдан қилинганига қараб электр токини ҳам ҳар хил ўтказади. Худди шунга ўхшаш подстрочник ҳам уни ким ва қандай қилганлигига қараб, асл нусханинг мазмунини ёмон, ўрта, яхши ёки аъло даражада бериши мумкин. Мана шунинг учун ҳам ёмон подстрочник шеърий асарни чиройли қилиб беролмаганидай, яхши подстрочник ҳам романга путур етказиши мумкин эмас. Яна такрор айтаманки, гап подстрочникдагина эмас, балки уни ким ва қандай қилганида ҳамдир. Муваффақият ёлғиз подстрочникка боғлиқ бўлмаганидай, айни чоқда у кимга — чинакам санъаткоргами ёки оддий ҳунарманд қўлига тушадими, шунга ҳам боғлиқдир.
Назаримда, Н. Чуковский подстрочник хусусида ғоят ижирғаниб гапиради. «Подстрочникчи» «романни шоша-пиша жуда ҳам ғализ қилиб рус тилига кўчиради, ҳатто оддий грамматик қоидаларга амал қилинмаганлигини кўриб, сочинг тикка бўлиб кетади…»
Лекин бу ерда гап подстрочник ҳақида эмас, «подстрочникчи» ҳақида кетяпти-ку? Нега энди оддий бир «косиб»нинг айбини умуман подстрочникнинг устига ағдариш керак экан? Айни чоқда умумий гапларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, амалий ишга ўтадиган бўлсак, бадиий таржималарни тайёрлашда подстрочник ва унинг роли ҳақидаги гаплар бутунлай бошқача оҳанг касб этади.
Биз кўп миллатли, кўп тилли мамлакатмиз. Бизда ҳамма миллатлар тенг ҳуқуқли, уларнинг иттифоққа кенг танилган ўз маданиятлари, адабиётлари бор.
Шундай экан, рус адабиётида ҳамма катта-кичик қардош халқлар адабиётларини асл нусхаларида таржима қилувчи жуда кўп кенг маълумотли истеъдодли таржимонлар етишиб чиқишини қўл қовуштириб кутиб ўтириш тўғри бўладими? Шунча таржимонлар етишиб чиқса нур устига нур бўларди, албатта. Лекин ҳозирда биз уларга эга эмасмиз. Шунинг учун ҳам биз ҳозирда подстрочникдан воз кечолмаймиз, шунинг учун ҳам биз фақат шеърият бобидагина эмас, проза ва драматургияда ҳам подстрочникдан фойдаланаверишимиз зарур. Ҳамма қардош адабиётларни рус тилига ёки бошқа тилларга фақат асл нусхадан таржима қилиш мумкин дейиладиган бўлса, у ҳолда бу амалда адабиётларнинг бутуниттифоқ китобхонларига бўлган табиий интилишини сунъий равишда чеклаш билан баравардир.
Яна назаримда, Н. Чуковскийнинг «Мопассанни рус тилидан таржима қилиш Лев Толстойни озарбайжон тилидан таржима қилишдек ақлга сиғмаган ҳодисадир», деган фикрлари бизнинг шароитимизга мутлақо тўғри келмайди.
Ҳавойи гапларни гапириб ўтирмайлик! Агарда биз кўп миллий республикаларда ҳамма ёзувчиларни ва адабиёт мухлисларини тилларни ўрганишга, чет эл адабиётларини ҳамда қардош халқлар адабиётларини таржима қилишга сафарбар қилган чоғимизда ҳам асл нусхалардан таржима қилиш ишини тўла йўлга қўя олмаган бўлардик. Биз доим асл нусханинг ўзидан таржима қила биладиган таржимон бўлса деймиз. Лекин бундай таржимонлар бизда ҳозирча у қадар кўп эмас. Нега энди биз миллий адабиётларни рус тили орқали олаётган завқи, қувончидан маҳрум қилишимиз керак?
Лопе де Вега, Мольер, Шекспир, Гольдони асарлари саҳналаримиздан тушмай ўйналади; китобхонларимиз В. Гюго, Р. Тагор, Ж. Верн, Ж. Лондон, Э. Золя, Лу Синь, Г. Флобер, Р. Роллан, Т. Драйзер, Э. Хэмингуэй, Ю. Фучик асарларини ўз она тилларида ўқимоқдалар. Буларнинг барчаси ўзбек тилига рус тилидан таржима қилинган.
Грек ёзувчиси Костос Франческо ўзбек ёзувчисининг китобини таржима қилмоқда. Наҳотки биз унинг бу олижаноб ишини «ақлга тўғри келмайдиган ҳодиса» деб баҳоласак? Ахир у асл нусхадан ёки лоақал русчадан эмас, француз тилидан ағдармоқда-ку!
Назаримда, ҳозирги кунда подстрочникдан ва иккинчи тил орқали таржима қилишдан воз кечишни талаб қилиш партиямизнинг янги Программасида қўйилган мамлакатимизда миллий маданиятлар ва адабиётларни яқинлаштириш асосий вазифасига хизмат қилмайди. Биз бу ишда таржима ишларини ҳар томонлама кенгайтиришимиз, айни вақтда асл нусха билан иш кўрувчи таржимонлар сафини оширишимиз зарур. Кўп миллатли мамлакатимизда мавжуд шароитга кўра таржима қилиш иши ғоят масъулиятли эканлигини назарда тутиб, биз подстрочникдан юз ўгирмаслигимиз, подстрочник ҳам ҳар турли бўлишини унутмаслигимиз лозим».
«Литературная газета», 1962 йил 17 март