Абдулла Қаҳҳор. Биринчи домлам (1952)

Мен биринчи сабоқни Гоголдан олган эдим.
Бундан йигирма етти йил бурун Тошкентда болалигимдаги бир ҳаммактабимни учратдим. Бу вақтларда мен сатира журналига қатнашиб юрган, битта «жиддий» ҳикоя («Ёш қизлар ўгай ота қўлида») ёзган, «Қизил Ўзбекистон» газетасига яқиндагина ишга кирган эдим.
Ҳаммактабимнинг уйига иккинчи марта борганимда у мени ўзимдан уч-тўрт ёш катта Павел деган бир йигитга «ёзувчи газетачи» деб таништирди. Ўртоғим университетга кирмоқчи бўлиб Ўрта Осиё давлат университетининг студенти шу Павелнинг ёрдами билан жадал тайёргарлик кўраётган экан. Павел менинг «ёзувчи»лигимни эшитиб кимнингдир қисқа бир шеърини шавқ-завқ билан ўқиди-да, рус ёзувчиларидан кимларни ўқиганимни сўради. Мен у вақтда рус ёзувчиларидан Пушкин, Толстой, Горькийларнинг номларинигина эшитган эдим, холос. Бу номлар ҳам «Пушкинни подшоҳ ўлдирган»и, «Толстой бўйи баравар китоб ёзган»и, «Горький Толстойнинг ўлимини эшитиб ҳушдан кетган»и учунгина ёдимда қолган эди. Павел менинг сатира-юморга мойиллигимни эшитиб бир қанча ёзувчилар, уларнинг машҳур асарлари тўғрисида гапирди.
Мен меҳмонхонада турар эдим; бир куни ишдан қайтиб келсам, Павел тўрт энлик хат билан битта китобча ташлаб кетибди. Бу китобча Гоголнинг «Иван Иванович ва Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтган низолар ҳикояси» эди. Мен бу китобни луғат билан ўқишга киришдим, жуда узоқ, бирон ой ўқиган эдим, шекилли. Воқеага унча тушунмадим, лекин нимадир бир қизиқ нарса борга ўхшади.
Китобни учинчи марта ўқиганимда шу парчага диққатим жалб бўлди:
«Иван Иванович кўп яхши одам. У киши қовунни жуда-жуда яхши кўрардилар; суйган емишлари шу. Обед қилиб бўлишлари биланоқ кўйлакчан айвонга чиқардилару дарров Танкага буюриб қовун олдирардилар. Уни ўз қўллари билан сўярдилар, уруғини қоғозга олиб қўйиб ея бошлардилар. Кейин Танкага қоғоз-қалам келтиришни буюрардилар ва қовун уруғи солинган қоғозга ўз қўллари билан: «Ушбу қовун фалон числода тановул қилинди», агар шунда бирон меҳмон бўлса: «Фалончи иштирокида», – деб ёзиб қўярдилар».
Нега? Шундоқ деб ёзиб қўйишига қандай зарурат бор?
Бу саволга топган жавобим мен учун катта бир кашфиёт бўлди. Шундан кейин луғат кўриб, кўпроқ Павелнинг ёрдами билан бу китобни олти марта ўқидим ва ҳар ўқиганимда янги бир нарса топар эдим. Китоб қарийб ёд бўлиб қолди.
Бу китоб менга, бир томондан, рус тилини ўрганишга биринчи дарслик бўлган бўлса, иккинчи томондан, мени янги бир оламга, китобга эмас, ҳаёт, одамларнинг товуши эшитилиб, қиёфаси яққол кўриниб турган, уларнинг ички дунёсини ойнадай акс эттирган адабиёт оламига етаклади.
Мана шу биринчи сабоқ менда Гоголнинг бошқа асарларини ҳам ўқишга иштиёқ туғдирди. Унинг бошқа кичик асарлари билан чала-ярим бўлса ҳам танишганимдан кейин сатира-юмор масалаларида ўша вақтлари газеталарда тез-тез бўлиб турадиган мунозараларга қатнашиш учун жасорат пайдо қилдим. Бир мақолада Гоголь асарларини ўқиб ўзимча чиқарган хулосаларимни умумлаштиришга ҳаракат қилдим.
Гоголь асарлари билан танишиб, уларни бунчалик гўзал, бунчалик ўткир қилган «сир»ларини «кашф» қила бошлаганимдан олдин ёзган ҳажвий «асарларим» кўзимга шу қадар ғариб кўриндики, минбаъд бунақа асарлар ёзмасликка ўзимга ўзим сўз бергандай, ўша вақтдаги яширин имзом «Норин шилпиқ»дан воз кечиб, сўнгги фельетонларимга бошқа имзо («Мавлон куфур») қўядиган бўлдим. Кейинги фельетонларимдан бири – бир руҳонийнинг шўроларга сайлов мажлисидан қувиб чиқарилганлиги тўғрисида ёзилган фельетонимни ўқиган ўртоқларимдан бири: «Тилинг заҳарлашиб кетяпти», – дегани эсимда бор.
Гоголь асарларини ўқий бошлаганимдан кейин узоқ «жиддий» ҳикоя ёзолмай юрдим. Бунга сабаб, бир томондан, нима ёзсам ёш болалар деворга соладиган суратдай ҳазилакам кўринавергани бўлса, иккинчи томондан, Гоголь қаҳрамонлари менга халал берганлиги эди.
Ниҳоят, «Бошсиз одам» деган ҳикоя ёздим. Биринчи ҳикоям («Ёш қизлар ўгай ота қўлида») бир воқеа ҳақида ўқувчига маълумот берган ва бу воқеага ўз муносабатим қандай эканини хат сатрида таъкидлаган бўлсам, «Бошсиз одам»да ўзим «холис» туриб, ўша вақтдаги ҳаёт лавҳаларидан бирини кўрсатишга ва бунда биринчи марта одамнинг характерига қўл уришга ҳаракат қилган эдим:
«Нисобуви қизининг Фахриддиндан туғишини хоҳламас эди… У бетини қаттиқ қилиб куёвига айтди:
– Фахриддин, ҳали ёшсизлар, уч-тўрт йил бола бўлмагани яхши. Доктор шу ишларни ҳам билармикан?..
Фахриддин орқасида бирон қизиқ воқеалар бўлаётгандай орқасига қараб жавоб берди:
– Билмасам… дадам биладилар…
– Қўйинг, қўйинг, дадангиздан сўраманг, уят бўлади».
Фахриддин касалхонада ётган хотинини кўргани боради. «Фахриддин кирганда Меҳри уйқуда экан, у секин ёнига ўтирди.
– Э, ҳой!.. Яхшимисан?.. Ҳой!
Меҳри уйғонди ва секин:
– Келинг… – деди.
– Яхшимисан… уйда сен йўқ, дадам қийналиб қолдилар. Дадам бориб кўриб келгин дедилар…»
Ўттизинчи йилларнинг бошларида ёзилган «Рақиб», «Афлотун муҳаббати» ва бошқа ҳикояларда Гоголга тақлид жуда яққол кўринди.
Гоголдан кейин Салтиков-Шчедрин, Тургенев, Чехов, Горький асарларига буткул шўнғиб кетган вақтларимда ҳам Гоголга тақлиддан холи эмас эдим.
Қирқинчи йилларнинг бошларида ёзилган «Қизлар» ҳикояси шундай бошланади:
«Қани, бирон холис одам айтсин: бутун Ўзбекистонни қидирганда Нурматхонга ўхшаган йигитдан яна биронта топилармикан?
Баъзи одамлар – ҳазилми, чинми – ҳар хил гаплар тарқатишади: ёзда унинг кетидан пашша эргашиб юрар эмиш. Ёлғон! Нима қилади эргашиб?
Ҳаммадан унинг қоматини айтинг: афсус, минг афсуски, қўли иккита-да, йўқса, энг чиройли наша чилимига ўхшар эди…»
Бу приём рус ёзувчиларидан фақат Гоголь услубига хос приёмдир.
Рус тилини маълум даражада ўзлаштириб, китобни мус­тақил ўқишга қодир бўлганимдан кейин Гоголнинг зеҳнимда умрбод қолиб кетган образларидан бири Тарас Бульба бўлди: барваста, бақувват, иродаси темир, ўртоқларига меҳрибон, душманга беомон бўлган бу чол кўз олдимдан сира кетмайди, ҳамма вақт худди яқиндагина кўрганга ўхшаб тураман. 41-йилда немис босқинчилари Украина тупроғига бостириб кирган куни, назаримда, Тарас Бульба бақириб, сўкиниб, хиёнаткор ўғлини ўз қўли билан ўлдириб, икки ёндан иягигача осилиб тушган мўйлови хиёл титраган ҳолда, қўлига қурол олиб душманга қарши чиқиб кетаётгандай бўлди.
Ватан уруши йилларида ёзилган «Асрор бобо» ҳикоясини ёзишда мен «шу ерда туриб Берлинга ўт қўяётган» Асрор бобо Тарас Бульбанинг Ўзбекистондаги ўртоғи бўлиши керак деб қўлимга қалам олган эдим.
Асрор бобо кампирига баъзан дағал гапиради: «Аммо, лекин хўп ҳам калтакбоб хотин бўлибсан-да! Бурунги замон бўлса, биронта ҳам қовурғангни соғ қўймас эдим», – дейди. Шу билан бирга, уни аяйди, қалбини ўртаб юрган оғир мусибат – ўғлининг жангда ҳалок бўлганлиги хабарини унга айтмайди, бу мусибатнинг ҳамма дард-аламига ўз қалбини тутиб беради.
Гоголь буюк рус танқидчиларидан Белинский асарлари билан танишувимга сабаб бўлди. Мен унинг асарларини ўқиганимдан кейин Белинскийга устозларимнинг устози деб қарайдиган бўлсам, унинг «Гоголга хат»и менга жуда катта сабоқ бўлган, мени чуқурроқ ўйлашга мажбур қилган, ҳаётдаги фактлар рудасидан ҳақиқат нуқрасини топишга ундаган ва бунга йўл кўрсатган мақолаларидан бири бўлди.
Гоголнинг саҳна асарларига тақлид қилиб бир нарса ёзишга уринган вақтларим ҳам бўлган, лекин бу уринишлар машқдан нари ўтган эмас эди. Бу машқларда Гоголга нақадар кўпроқ тақлид қилсам, қаламим остидан чиққан одамлар шу қадар сохта, шу қадар ўлик бўлар эди. Бунинг сабабини кейинроқ билсам: мен Гоголга кўр-кўрона тақлид қилган эканман. Шу хилдаги тақлиддан иборат машқлардан ҳафсалам совигандан кейин «Ревизор»дан ўзимга жуда ёққан парчаларни таржима қилишга киришдим, лекин бу асарни тўла таржима қилиб бировга кўрсатгани ботинолмас эдим.
«Ревизор»ни мен биринчи марта ўзбек саҳнасида 1935 йилда кўрган эдим, шекилли. Мен «Ревизор»даги персонажларни бутунлай бошқача тасаввур қилиб юрар эдим, спектакль мутлақо ёқмади. Актёрларнинг бир қисми ўз ролининг моҳиятини, айтаётган гапининг маъносини баъзан яхши англамаганлиги, баъзи актёрлар ролдан чиқиб бўлса ҳам томошабинни кулдиришга тиришганлигидан ташқари матн ҳам актёрларга ролни ўйнашга халал берар эди. Масалан:
Ҳ о к и м. Шу кунларда ўзимнинг кўнглим ҳам бир нарсалар сезиб юргандай эди. Бугун кечаси туни билан иккита каламушни туш кўриб чиқдим. Иккита ажойиб каламуш, мен бунақасини ҳеч кўрган эмас эдим… Иккови ҳам яқин келади-да, ҳидлаб-ҳидлаб яна қайтиб кетадир…»
Б о б ч и н с к и й. Уст-боши жойида, кийган кийими хусусий кишиларникидай. Уйнинг ичида у ёқ-бу ёққа юрадир, башарасида бундоқ фикр…»
Бу матн «аслига тўғри», лекин ўлик портретга бир чизиқ билан жон киргизадиган Гоголь услубига мутлақо ётдир.
Мен 1937 йилда «Уйланиш»ни таржима қилганимда, ке­йинчалик «Ревизор»ни таржима қилганимда бурунги таржималардаги шу камчиликни кўзда тутдим. «Ревизор» узоқ ўтмишдан бизнинг кунларга ўз тенгқурларидан кўпининг қабрини оралаб ўтиб келган ва узоқ келажакка йўл олиш учун етарли куч-қувватга эга бўлган асардир. Бу асарнинг таржимаси ҳам тобора мукаммаллашиб ана шундай куч-қувватга эга бўлиши керак.
Николай Васильевич Гоголнинг вафотига юз йил тўлган кунда ўзбек китобхони, ўзбек томошабини унинг номини зўр ҳурмат ва катта миннатдорлик билан тилга олади. Мен унинг номини эшитганимда биринчи домлам ҳурматига ўрнимдан туриб қўл қовуштираман.

1952