…Ҳавонинг йилдан-йилга ифлосланаётгани ҳозирда кучли хавф туғдирмоқда. Бизда 1543 та саноат корхонаси ишлаб турибди. Бундан ташқари 8 мингга яқин ёрдамчи саноат корхоналари мавжуд. Барча саноат корхоналари ҳавога ҳар йили 2 миллион тоннадан ортиқ заҳарли модда чиқаради. Бу Ўзбекистондаги ҳар бир кишига 100 килограммдан тўғри келади.
Мутахассисларнинг маълумотларига қараганда„ XI беш йилликда тозаловчи иншоотлар қуввати 2 баравар ошди, самарадорлиги аса 15—20 фоиз кўпайди.
Шундай қилиб, ҳозирги вақтда 50 фоиздан сал ортиқроқ корхона чанг-газни ушлаб қоладиган қурилма билан таъминланган. Республикамизда ҳавони ифлословчи асосий корхоналар химия саноати, қора ва рангдор металлургия, қурилиш материаллари, микробиология саноати, иссиқлик электр станциялари ва пахта тозалаш заводларидир.
Бизда ҳозирги вақтда ҳавонинг сифати, санитария нормаларига жавоб берадиган биронта ҳам саноат райони, саноат маркази, шаҳар йўқ. Самарқанд, Фарғона, Андижон, Қўқон, Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ ва бошқа бир қанча шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси йўл қўйиш мумкин бўлган нормадан 1,5—2, айрим жойларда 3—6 баравар ортиқ. Газ ва қорамой (мазут) ёқиладиган 2114 та қозоннинг фақат бир нечтасигина тозаловчи қурилмалар билан таъминланган.
Ҳавога зарарли заҳар моддалар чиқарадиган корхоналар сони йирик шаҳарларда йилдан-йилга камайиш ўрнига, кўпайиб бормоқда. 1987 йил маълумотига кўра, Тошкентда шундай корхоналардан 117 таси ҳавога 51 минг тоннадан ортиқ заҳарли модда чиқарган, бу миқдор шаҳардаги ҳар бир кишига 23 килограммдан тўғри келади.
Ўзбекистонда ҳар йили 7,5 миллион тонна саноат чиқиндиси, 60 миллион тоннадан ортиқ кераксиз тоғ жинси ҳосил бўлади. Бироқ ишлаб чиқаришда чиқиндиларни ишлатиш бор-йўғи 3 процентдан ошмайди, бу Украинадагидан 4 ҳисса кам.
Шаҳарлар ҳавосига ва аҳоли соғлиғига автрмобиль транспорти ҳам жуда катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Республика автомобиль транспорти ҳавога ҳар йили 2 миллион тоннадан ортиқ заҳарли модда чиқаради. Бу эса ҳар бир кишига 100 килограммдан тўғри келади. Автомобиль чиқиндилари баъзи шаҳарларда саноат чиқиндисига қараганда 2—3 баравар кўп.
Сув ресурсларининг аҳволи бундан ҳам ёмон. Ҳозирги вақтда ўйламай амалга оширилган тадбирлар оқибатида ер усти ва ер ости сувларининг тозалигига хавф туғилди. Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё, Чирчиқ, Оҳангарон дарёлари суви айниқса хавф остида. Бу дарёларга ҳар суткада 5 миллион метр кубгача оқова сув, шу жумладан 0,5 миллион метр куби ҳеч бир тозаланмасдан туширилади.
Фақат Тошкент областида йилига 7,3 миллиард метр куб сув ишлатилади. Чиқинди сув миқдори 5 миллиард метр куб, шундан фақат 680 минг метр куб ёки бир процентдан ками тозаланади.
Чорвачилик комплекслари ва фермалар сувни ифлословчи муҳим манбалардир. Уларнинг кўплари сув бўйларида жойлашган ва чиқиндиларини тозаламасдан сувга оқизадилар. Масалан, Хатирчи ва Қизилтепа районларида 27 та сут-товар фермаси Зарафшон бўйида жойлашган ва уларнинг фақат тўрттасида шалтоқ тўпловчи қурилма бор.
Ер ости сувларининг ифлосланиш даражаси ҳам юқори. Ҳозирнинг ўзида Қорақалпоқ, Хоразм, Бухоро, Самарқанд зоналаридаги сифатли ер ости сув жамғармалари ишдан чиқди. Самарқанд ва Қашқадарё областлари ғарбий районлари, Сурхондарё областининг жанубий районлари, Тошкент, Фарғона, Сирдарё областларининг айрим районлари ер ости чучук сувидан маҳрум бўлди.
Сувни тозалаш объеқтлари қуриш, саноат ва қишлоқ хўжалигида сувни тежаш планлари бажарилмаяпти. Ҳозирги вақтда сувнинг ифлосланиш даражаси ҳалокатли тус олган районларда республика аҳолисидан 3,5 миллион киши ифлосланиш даражаси хавфли бўлган районларда 6 миллион киши яшайди, умуман республика аҳолисининг деярли ярми шундай ерларда ўрнашган.
Биздаги 124 шаҳардан ва посёлкалардан фақат Тошкент шаҳари сифатли ичимлик сув билан таъминланган ва шаҳарларнинг 80 фоизи, қишлоқ жойларнинг 60 фоизи марказлашган сув билан таъминлашга жалб этилган. Ичимлик сув билан таъминлашда айниқса Орол атрофида яшайдиган аҳолининг аҳволи оғир.
Орол фожиаси вужудга келишининг асосий сабаби Амударё ва Сирдарё сувлари ҳисобига Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикаларида суғориладиган ерларнинг кенгайишидир. Кейинги 35 йил мобайнида Орол ҳавзасида суғориладиган ерлар 3 миллион гектардан ошиқроқ кенгайди. Йирик магистрал канал ва коллекторларнинг қурилиши, улкан сув омборларининг бунёд этилиши региондаги мавжуд дарёларни жиловлашга олиб келди. 1960 йилларгача Амударё ва Сирдарё орқали Оролга йилига ўртача 52—55 километр куб сув қуйилиб келган бўлса, 1980 йилларда бу рақам 0—10 километр кубгача қисқарди, сув кам бўлган йилларда (1982—1986 й.) Оролга бир томчи ҳам сув қуйилмади. Шу билан бирга денгиз сатҳидан сув буғланишининг давом этиши Оролнинг қуришини тезлаштирди.
1989 йилгача декгиз сатҳи 14 метргача пасайди, сув ҳажми 61 фоиз камайди, акваториясининг 3 дан 1 қисми қуриди, сувнинг шўрлиги 2,5—2,8 баравар ортди (илгари ҳар литр сувда эриган ҳолдаги тузлар 10 грамм бўлса ҳозир 25—28 граммга етди), қирғоқлари 30—80 километргача узоқлашди. 1981 йилдан бошлаб денгизда кема ҳаракатлари бутунлай тўхтади, чунки ҳамма портлар (Мўйноқ, Аральск, Учсой ва бошқалар) қуруқликда қолиб кетди.
Орол акваториясининг учдан бир қисмининг қуриши, миллион гектарлаб тўқайлар ўрнида қумтепаликлари ва шўрхокларнинг пайдо бўлиши, дарёлардан сув келишининг тўхтаб қолиши натижасида Орол атрофида микроиқлим ҳам ўзгармоқда. Куз эртароқ ва баҳорнинг кечроқ келиши кузатилмоқда. Қорақалпоғистоннинг шимолий районларида пахтанинг пишишига иссиқлик миқдори етишмай қолмоқда.
Илгари, 1960 йилларгача, Орол тўла турган вақтда қуёшдан келган иссиқликнинг катта қисмини Орол суви ўзига йиғиб олар эди. Сўнгра йил бўйи, айниқса, куз, қиш ва баҳор фаслларида Оролдан кўтарилган нам ва илиқ ҳаво атрофдаги ўсимликларнинг ўсишига ижобий таъсир қилиш билан бирга, шимол томондан келган совуқ ҳаво оқимини қисман бўлса-да, юмшатар эди. Эндиликда бундай жараённинг давом этишига Оролда имконият йўқ даражада. Менинг фикримча, агарда Орол тўла бўлса, Ўрта Осиёда, айниқса Ўзбекистонда 1989 йил апрель охири ва май ойи бошида бўлган совуқлар жуда бўлмаганда 1—3 даражага камроқ бўлар, бинобарин, кўп районларда пахта, сабзавот, мева, узумни совуқ уришдан сақлаб қолиш мумкин бўлар эди.
Орол фожиасининғ асосий қисмларидан бири бу регионда яшайдиган 3 миллиондан ортиқ аҳолининг турмуш шароитининг йилдан-йилга ёмонлашиб боришидир. Орол бўйида экологик мувозанатнинг бузилиши, ирмоқлардаги катта майдонларнинг чўлга айланиш жараёнининг давом этиши, Амударё ва Сирдарёдан келадиган сувнинг ифлосланиши ортиб бориши натижасида аҳоли ичишга ярайдиган чучук ва тоза сув манбаларидан айрилди. Бу регионда ер юзидаги дарё, кўл, ер ости сувлари ҳам шўр ва санитария қоидасига биноан ичишга ярамайди. Хоразм области ва Қорақалпоғистонда ичимлик суви таркибидаги тузларнинг миқдори Тошкентдагидан 10 ҳисса кўп. Тошкентдаги водопровод сувининг ҳар бир литрида 0,3 грамм туз бўлса, Амударё этагида 3 грамм туз бор. Бунинг устига, сув таркибида гербицид, пестицид, дефолиант, саноат ва пахта далаларининг чиқиндилари борки, улар аҳоли соғлиғига кони зарардир. ЎзССР Фанлар академияси ишлаб чиқариш кучларини ўрганиш кенгаши маълумотига кўра, фақат ҚҚАССР атроф-муҳитни ўзгаришидан ҳар йили 600 миллион сўм зарар кўрмоқда, яқин йиллар ичида бу зарар бир миллиарддан ошади. Бунга аҳоли социал шароитининг ёмонлашуви қўшилмаган.
Орол денгизининг қуриб бориши нафақат Ўрта Осиё учун, бутун мамлакат учун ҳам салбий ҳодисадир. Орол сатҳининг пасайиши Қозоғистоннинг Қизил Ўрда области, Туркманистоннинг Тошовуз области, Ўзбекистоннинг Хоразм области ва ҚҚАССРнинг табиий имкониятларини камайтирди.
Оролни сақлаб қолиш мумкинми? Бу савол жуда кўпчиликни қизиқтиради. Шу саволга жавоб тариқасида бир неча фикр ва мулоҳазаларим бор. Оролнинг ҳозирги ҳолатини сақлаб туриш учун йилига унга 25—30 километр куб сув қуйиш керак. Шунча сувни қаердан олиш мумкин? Баъзилар Каспий денгизидан сув олишни таклиф қилмоқдалар. Буни амалга ошириб бўлмайди. Чунки, Орол сатҳи Каспийдан 81 метр баланд туради. Каспий денгизи ҳавзасининг ўзида сув егишмайди. Сибирь дарёларидан Оролга сув келтириш тўғрисидаги таклифлар ҳам илмий жиҳатдан етарли асосланмаган ва амалга ошириб бўлмайдиган вазифадир. Тянь-Шань ва Помир тоғларидаги музликларни эритиб, дарёлар сувини кўпайтириш ҳам ҳозирги ҳаётимиз ва келажак давр учун хавфли, чунки музликлар эритиб юборилса, Амударё ва Сирдарё келажакда сувсиз қолиши мумкин. Яна бир таклиф — бу Оролнинг тагида ва унинг атрофидаги 1—1,5 минг метр чуқурликдаги ер ости сувларини юқорига кўтариб Оролга қуйиш тўғрисида бўлиб, бу фикр ҳам етарли асосланмаган, ундан ташқари, ер ости суви шўр ва иссиқ. Ер ости сувини олгандан кейин унинг ўрни тўлдирилиши ҳам ўрганилмаган.
Шундай қилиб, Оролни илгариги ҳолатига келтириш учун имкон йўқ. Лекин унинг сатҳини маълум даражада сақлаб қолиш учун энг асосий йўл — Сирдарё ва Амударё ҳавзасида сувдан оқилона фойдаланиш ва уни иқтисод қилиб, Оролга қуйишдан иборат. Бунинг учун Ўзбекистон ва бошқа қўшни республикалардаги магистрал ва хўжаликлараро каналларни фойдали таъсир коэффициентини Ўзбекистонда ҳозир 0,63 бўлса, уни 70 га, Туркманистондаги Қорақум каналида ҳозир 55—60 бўлса уни ҳам 80 га кўтарилса, Ўрта Осиё йилига камида 25—30 километр куб сув иқтисод қилиш мумкин. Саноат ва коммунал хўжалик эҳтиёжлари учун сарфланаётган сувлардан ҳам 5—10 километр куб сувни иқтисод қилиш мумкинлиги асосланган. Бинобарин, бу таклифлар амалга оширилган тақдирда, Оролга 30—35 километр кубгача сув қуйиб уни ҳозирги ҳолатидан қисман бўлса-да, кўтариш мумкин бўлади.
Ўзбекистон ва бутун Ўрта Осиё республикалари учун тупроқни, айниқса, обикор ерларидаги тупроқни муҳофаза қилиш, ҳосилдорлигини ошириш жуда муҳимдир. Тупроқнинг аҳамиятини шундан ҳам кўриш мумкинки, ер юзи аҳолисининг яшаши учун зарур бўлган озиқ-овқат ва энергияга бўлган эҳтиёжнинг 88 фоизини ҳайдаладиган ерлар, 10 фоизини яйловлар ва 2 процентини океанлар беради.
Ўзбекистонда мавжуд бўлган 28,4 миллион гектар қишлоқ хўжалик ерларидан фақат 4,1 миллион гектари суғориладиган ерлардир. Ана шу ерларда 5 миллион тоннадан ортиқ пахта, кўплаб дон, сабзавот, мева, картошка, узум, полиз экинлари етиштирилади.
Суғориладиган ерларни бундан буён кўпайтириш сув танқислиги туфайли чегараланган. Ҳар йили хўжаликларнинг айби билан 5 минг гектарга яқин ер ишдан чиқмоқда, уни йўллар, саноат ва коммунал қурилишлар банд қилади.
Агар 1970 йилда республикамизда жон бошига 0,24 гектар суғориладиган ер тўғри келган бўлса, 1985 йилдан 9,21 гектарга тушиб қолди. 2000 йилга келиб республика аҳолиси 26—27 миллион кишига етади. Суғориладиган ерлар эса амалда кенгаймайди ва ҳар бир кишига 0,15 гектардан тўғри келиб қолади. Шу сабабли, айниқса, ҳайдаладиган обикор ерларни асраш ва улардан оқилона фойдаланиш керак. Бироқ, пахта якка ҳокимлиги, алмашлаб экиш етарли эмаслиги, нотўғри ишлов бериш, минерал ўғит ҳамда заҳарли химикатлардан назоратсиз фойдаланиш тупроқ ҳосилдорлигини пасайтириб юбормоқда.
Деярли барча суғориладиган ерлар жуда ифлосланган, мутахассислар маълумотига кўра ҳар бир гектар пахта майдонига йилига 54 килограмм гербицид, дефолиант ва бошқа заҳарли моддалар ташланади. Бунда республикадаги умумий ҳайдаладиган ерларни ҳисобга олинса, ҳар бир гектарга 20—25 килограмм заҳарли модда тўғри келади. Ғўзага ишлов берилаётган вақтда аҳоли пунктларидаги ҳавода заҳарли химикатлар миқдори санитария нормаларидан 30—50 баравар ошиб кетади. Натижада ғўза экилган пайкалларга яқин жойларда яшайдиган одамлар ўртасида заҳарланиш кўпаймоқда.
Республикадаги 4100 минг гектар обикор ернинг 1200 минг гектари турли. даражада шўрланган. 3 миллион гектарга яқин ердаги тупроқ сув ва шамол таъсирида, турли даражада ювилиши натижасида ҳосилдорлиги камайган. Шулар оқибатида деҳқончилигимизда йилига пахта ҳосили 500 минг тонна, шунингдек, сабзавот, полиз экинлари, ем-ҳашак, мева, узум юз минглаб тонна кам олинади. Умумий зарар пул ҳисобида 500 миллион сўмдан ошади.
Агар яқин келажакда ҳам пахта якка ҳокимлиги сақланиб қолса, реепубликадаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашнинг имкони бўлмайди. Чунки, сўнгги йилларгача республикада ер усти тузилиши ва мелиоратив ҳолати жиҳатидан энг яхши ер майдонларининг ўртача 2 миллион гектарига пахта экилмоқда. XIII беш йилликда ҳам пахта етиштириш плани 5 миллион тонна ҳажмда сақланган, Бинобарин, унинг майдонини камайтириш жуда қийин ва камайтирилганда ҳам 50—100 минг гектардан ошмайди. Шунинг учун республикада озиқ-овқат программасини ҳал қилиш ҳам ўлда-жўлда қолиб кетаверади. Бундан ташқари минг-минглаб қишлоқ ва шаҳар аҳолисига уй-жой қуриш ва томорқа қилиш учун ер бериш вазифаси турибди.
Ерни муҳофаза қилиш, унинг унумдорлигини тиклаш ва оқилона фойдаланиш учун пахта майдонини тезда қисқартириб, бир ярим миллион гектарга келтириш керак. Қисқарган ер пахта — беда алмашлаб экишни амалга ошириш имконини яратади. Бу билан, биринчидан, ернинг унумдорлиги ошиб, чорвачилик учун ем-хашак базаси мустаҳкамланади. Бинобарин, гўшт, сут, етиштириш кўпаяди; иккинчидан, пахтадан бўшаган ерларнинг бир қисми ғалла, сабзавот, полиз зкинлари, узумзорлар, мева-боғлар майдонини кенгайтириш учун фойдаланнлади. Бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат программасини ҳал қилишга ёрдам беради; учинчидан, кўп миллионли заҳматкаш деҳқонларимиз, айниқса, хотин-қизларимиз пахта етиштиришдек оғир меҳнатдан қутулиб, «кўкрагига шамол тегиши» учун имкон яратилади ҳамда юз минглаб ишсиз юрган қишлоқ ўғил-қизлари учун деҳқончилик ва чорвачиликда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишловчи янгидан қуриладиган саноат корхоналарида иш жойи вужудга келади; тўртинчидан, бир ярим миллион гектар ҳосилдор тупроққа эга бўлган ерга пахта экилиши натижасида пахта ҳосилдорлиги ошади. Гектаридан 30 центнердан ҳосил олинганда,тўрт ярим миллион тонна пахта ҳосилини жамғариш мумкин. Пахта ҳосилдорлигининг ошиши, айниқса, унинг сифати тобора яхшиланиши ҳисобига, сўнгги йилларда пахтадан олинаётган пул даромади камаймайди, аксинча, кўпаяди; бешинчидан, қишлоқ хўжалик ерларида экологик шароит бирмунча яхшиланади, бинобарин, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, болалар ўлимини камайтириш учун имкон яратилади.
Ўрмонларнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлаш ва хўжалик аҳамияти тўғрисида кўп ёзилган. Илгари тоғ ва тоғ олди ерларининг 10—15 фоиз майдони табиий мевали дарахтлар ва арчазорлар билан, қумли чўллар эса саксовулзорлар билан қопланган эди. Ўрмонларнинг йўқ қилиниши натижасида ҳозир атиги беш фоиз ерда қалин дарахтзор қолган. Шундан бир фоизи воҳаларда. Булар канал ва ариқлар бўйидаги мевали дарахтлар ва тутлардир. Ўрмонларнинг йўқ бўлиши натижасида паррандалар ва ҳайвонлар ҳам камайди, баъзилари бутунлай йўқ бўлиб кетди. Онда-сонда сақланиб қолган ва янгидан ҳосил қилинган ўрмонлар сув сақловчи, тупроқни муҳофаза қилувчи, дам олиш учун фойдаланадиган ўрмонлардир. Республикамизда ҳар йили 100—200 минг гектар ерга ҳар хил дарахт кўчатлари экилади; Лекин булар жуда кам. Келажакда республикадаги ўрмонлар майдонини 5300 минг гектарга етказиш кўзда тутилган. Шунда ўрмон майдони олти фоиздан ортади.
Бизда 10 та қўриқхона, битта миллий халқ боғи, 7 та заказник ва бир қанча овчилик хўжаликлари ташкил этилган. Бу қўриқхоналарда 800 дан ортиқ ўсимлик тури, 50 га яқин ҳайвон тури ва 300 қуш тури муҳофаза қилинади. Қўриқхоналарда генофондни тиклаш, экосистемалар маҳсулдорлигини бойитиш юзасидан илмий ишлар олиб борилаяпти. Лекин, қўриқхоналар ва зоотехниклар хизматига лоқайд қаровчилар ёки шахсий манфаати учун эътибор берувчи кишилар ҳам кам эмас. Қўриқхоналар ҳақиқий илмий марказга айлантирилгандагина, келажак авлод учун соф ҳолдаги табиатга зарар етказилмаган жойларни қолдиришга эришамиз.
Умуман, республика табиатни муҳофаза қилишга қаратилган ишлар амалга оширилаётганига қарамай, улар ҳозирги талаблардан жуда орқада қолиб келяпти.
Инсон саломатлигига жуда катта зарар етказувчи омиллардан бири радиациянинг ошиб кетишидир. Қуёшдан келадиган радиацияга инсон азалдан мослашган. Лекин айрим вақтларда бу радиациянинг қисман бўлса ҳам, ўзгариши миллионлаб кишиларга, айниқса, дардчил кишиларга сезиларли даражада таъсир қилади. Лекин инсон қўли билан яратилган атом электростанциялари, реакторлар ва ҳар хил корхоналарда ишлатилаётган радиоактив моддалардан чиқаётган радиоактив чиқиндилар инсон саломатлигига даволаб бўлмайдиган путур етказиши энди сир эмас. Чернобиль атом электростанциясининг бузилиши натижасида вужудга келган фожиа гапимизнинг яққол далилидир. Шунинг учун ҳам ҳукуматимиз қарори билан ишлаб турган Ереван атом электростанцияси, қурилаётган Қрим атом электростанцияси тўхтатилди.
Яқинда Москвада халқ депутатлари съездида мамлакатимизда таниқли қозоқ шоири депутат Ўлжас Сулаймоновнинг сўзи таҳсинга сазовордир. У нутқида Семипалатинск ёнида ядро синов портлашлари натижасида радиациянинг кучайиши, аҳоли соғлиғига етказилаётган зиёнлар тўғрисида куюниб гапириб бундай синовларнинг тўхтатилишини талаб қилди.
Бизда эса ҳамон сукунат.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш ва экологик мувозанатни сақлаш учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
— Табиий ресурсларнинг камайиб кетиши ва саноат, транспорт, қишлоқ ҳамда коммунал хўжаликлар чиқиндилари билан ифлосланишининг олдини олишнинг ҳар бир район, шаҳар ва хўжалик учун илмий асосланган тадбирларини ишлаб чиқиш. Бу ишни ЎзССР ФА институтлари, республика Табиатни муҳофаза қилиш комитети амалга ошириши керак: чиқиндисиз ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ифлос чиқиндилар чиқарувчи корхоналарни қурмаслик, заҳарли зарарли моддалар чиқараётган корхоналарни қайта қуриб, унда чиқиндиларни ушлаб қолувчи мосламалар ўрнатилгунча ёпиб қўйиш;
— Шаҳарларда ҳавони ифлословчи транспортни «тоза» транспорт билан алмаштириш, яъни электр энергияси билан юрувчи транспорт йўлини кенгайтириб, солярка, бензин ёқилғиси билан юрадиган транспортни газ билан алмаштириш;
— деҳқончиликни ва чорвачиликни химиялаштиришдан воз кечиш, жойларда зараркунанда ҳамда касалликларга қарши курашнинг биологик методларига ўтиш;
— йирик табиий — хўжалик регионларининг инсон таъсири оқибатида ўзгаришининг қисқа, ўрта ва узоқ даврларга мўлжалланган илмий асосларини ҳамда атроф-муҳити салбий ўзгаришининг олдини олиш.
Атроф муҳитини яхшилашда иқтисодий, техник ва ҳуқуқий тадбирлар билан бир қаторда, аҳоли ўртасида экологик тарғиботни кучайтириш ва кишиларга экологик билим бериш ҳам муҳим роль ўйнайди. Экологик билим боғчалардан бошланиши керак. Оддий ишчи билан колхозчидан тортиб, хўжалик ва партия раҳбаригача ҳамма экологик билимни эгаллаши шарт.
Республикада табиатни муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш ва экологик тарбияни кенг кўламда олиб бориш учун етарли даражада иқтисодий имкониятлар мавжуд. Республика Фанлар академияси ишлаб чиқариш кучларининг тадқиқ этувчи кенгаш раиси академик И. И. Искандаровнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон халқ хўжалиги ишлаб чиқариши йилига республикада 23 миллиард сўмга тенг миллий даромад яратади, бундан ташқари, бошқа республикаларда 40 миллиард сўмли миллий даромад олиш учун имкон яратади. Бу сўмларга республиканинг бағридан қазиб олинадиган қатор рангли ва нодир металлар, шу жумладан олтиннинг қиммати кирмайди.
Мамлакатда яратилган миллий даромадни республикаларда тақсимлашда Ўзбекистонда меҳнаткашларнинг оғир меҳнати туфайли вужудга келган даромадлар тўлалигича ҳисобга олинмайди. Натижада адолатсизликка йўл қўйилади. Шунга кўра, даромад мамлакат аҳолиси жон бошига 2300 сўм тўғри келган ҳолда республикамизда 1200 сўмни ташкил қилади, яъни иттифоқникидан деярли икки марта кам. Ўзбекистон аҳолисининг нисбатан қашшоқ яшашини кўрсатувчи яна бир далилни келтираман. СССР Статистика давлат комитети маълумотига кўра, 1988 йилда мамлакатдаги жами аҳолининг 12,6 фоизининг ойлик даромади 75 сўмгача бўлгани ҳолда, Ўзбекистон 44,7 фоизни, 200 сўмдан ошиқ даромад оладиганлар СССРда 17,2 фоиз бўлса, бу кўрсаткич республикамизда атиги 2,8 фоизни ташкил қилади.
Умуман олганда, табиатни муҳофаза қилиш республикада оғир ва мураккаб ҳолатда. Табиий шароит ва бойликлардан фойдаланишни иқтисодий жиҳатдан бошқариш қоидалари ва йўл-йўриқлари етарли даражада асосланмаган. Шунинг натижасида министрликлар, бошқармалар республика табиий бойликларидан истаганча фойдаланиб, атроф муҳитини булғамоқдалар. Табиатни ифлос қилгани учун жарималар корхона раҳбарларидан эмас, шу корхоналар ҳисобидан олинади. Бинобарин, корхона раҳбарларида табиатни ифлос қилгани учун жавобгарликни ҳис қилиш йўқ. Шунинг учун завод ва фабрикалар чиқараётган чиқиндиларни ушлаб қолувчи мосламаларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш кўп корхоналарда йилдан-йилга пайсалга солиб келинмоқда. Бундай ҳолат давом этаверса, атроф муҳитини тоза сақлаш борасида айтарлик ютуқларга эга бўла олмаймиз.
Бизда, саноат корхоналарини қуриш жараёнида шу корхонани барпо қилишга сарфланадигаа капитал маблағни иқтисод қилишга ҳаракат қилишади. Маблағни иқтисод қилишнинг энг осон йўли қурилаётган завод ва фабрикаларнинг чиқиндиларини ушлаб қолувчи ва тозаловчи техникавий ускуналар ва мосламаларни қурмасликдан иборат. Чунки ҳар бир корхона қурилишига сарфланадиган капитал маблағнинг 25—30 фоизини чиқиндиларни ушлаб қолувчи мосламалар ташкил қилади. Шу сабабли химия саноати, цемент ва пахта тозалаш заводлари, иссиқлик электростанциялари рангли металлургия корхоналарининг кўпида ёпиқ технология нари турсин, ҳаттоки чиқиндиларни ушлаб қоладиган мосламалар йўқ. Бунинг устига, республикада табиатни муҳофаза қилишга жуда кам — йилига атиги 100 миллион сўм ажратилади. Бу ўзимизда яратилаётган моддий бойликдан томчи деган гап. Агарда шу маблағга қараб ўтирадиган бўлсак республикадаги экологик шароитнинг оғир ҳолати 2000 йилга қадар ҳам тузалмайди. Мугахассисларнинг ҳисоблашларича, республикадаги саноат корхоналарида чанг, газ чиқиндиларини ушлаб қолувчи мосламаларни қуриш учун миллиард сўмдан ошиқроқ маблағ керак. Шунга кўра, табиатни муҳофаза қилишга сарфланадиган маблағни кескин равишда кўпайтириш ва ундан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Чунки бугун юртимизнинг бойлиги табиатимизга боғлиқ бўлиб қолди.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил 10 август