«Уй-жой қурилишига алоҳида эътибор берилиши лозим. Яқин беш йил ичида 67 — 68 миллион квадрат метр уй-жойни фойдаланишга топшириш, 6 миллиондан зиёдроқ кишининг уй-жой шароитини яхшилаш вазифаси қўйилди, бу эса ҳозирги беш йилликдагидан бир ярим баравар кўпдир».
(Ўзбекистон Компартияси XXII съезди материалларидан)
Бугунги кунда Ўзбекистон жумҳуриятининг қаерига борманг, шахсий уй-жой қурилиши қайнаётганининг гувоҳи бўласиз. Дарҳақиқат, жумҳурият партия ва ҳукуматининг шахсий уй-жой қурилиши учун ер ажратиш ҳақидаги қарори халқни ниҳоятда мамнун этди. Чунки 1 миллион 800 мингдан ортиқ хонадон уй-жой қуриш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун ер майдонига муҳтож эди. Айниқса Фарғона, Андижон вилоятларида бир оила хўжалиги учун ажратилган ерда уч-тўрт, ҳатто ундан ҳам кўп оилалар яшаётгани маҳаллий раҳбарларга минг тавалло қилиб ҳам бир парча ер ололмаганликларини кўпчилик яхши билади. Юқоридаги ҳаётбахш қарор амалга ошгандан сўнг 260 мингдан ортиқ гектар ер меҳнаткашларга уй қуриш ва томорқа учун ажратиб берилди. Хуллас, кўнгилдагидек иш бўлди — ер олинди.
Лекин афсуски, одамлар ерни олиб энди нима қилишларини билолмаётирлар. Уй қураётган бирор киши билан суҳбатлашиб кўринг-а! Фиғони кўкка чиқади. Ёғоч-тахта, цемент-ғиштни фалон пулга ҳам топиб бўлмайди. Шиферни айтмай қўя қолинг! Шундай шароитда ёнида ортиқча пули бор одам югуриб-елиб, минг хил йўллар билан бўлса ҳам қурилиш буюмлари топиб, уйини битказиб оларку-я, аммо жамғармаси йўқ оилаларга жуда қийин. Беш-олти йилдан бери чоғроққина уйини ҳам битказа олмаётган оилалар оз эмас. Давлатдан олган қарзига пойдеворни, нари борса деворни зўрға тиклаш мумкин.
Ана шундай бир оғир, ўнлаб муаммолар қийнаган оиланинг аҳволини кўз олдингизга келтиринг: барча бола-чақаси билан эзилиб кетади. Жойлардаги ноҳия Шўроси хўжалик ва қишлоқ Шўроси раҳбарлари: «Ер бердик-ку, қолгани билан ишимиз йўқ!» дегандек қўл қовуштириб, томошабин бўлиб ўтиришибди. Бу жумлани ўқиб, эли учун ичи ачимайдиган раҳбарнинг: «Энди одамларнинг шахсий уйини қуриб беришимиз қолувди!» деб лаб буриши турган гап! Ёки, бунга бизнинг иложимиз, имконимиз йўқ, деб осон қутулиш пайида бўлиши ҳеч кимга сир эмас.
Аслида эса сал изланиб бош қотирилса, анчагина имкониятлар бор. Мана, масалан, Фарғона, Андижон, Хоразм, Самарқанд каби вилоятларда ишсизлар сони кўплиги сир эмас, Хўш, нима учун ана шу иш билан таъминланмаганлар орасидан шахсий уй-жой қурилишини бажарадиган бригадалар тузиш мумкин эмас?! Бундай бригадалар қишлоқ Шўроси, хўжаликлар қошида тузилса, улар зарур яроқлар билан таъминланса бўлади. Бинокорлик материаллари етишмаслигига барҳам бериш учун эса, хўжаликлар Сибирдаги ёғоч тайёрлайдиган ташкилотлар билан битимлар, шартномалар тузиб, ўз аҳолиси талабини қондириши мумкин. Бугунги кунда ана шундай иш тутаётган хўжаликлар бор. Эли учун жони ачиган, ташаббускор, тадбиркор раҳбарлар бу борада оилаларга катта ёрдам кўрсатишлари мумкин.
Жумҳуриятимизда қурилаётган шахсий уй-жойларни кузатиб, яна бир муаммо устида ўйланиб қолдим. Кўпчилик уйлар ҳаддан ташқари бир-бирига ўхшаш, кўчалардан юриб, зерикарли, файзсиз манзарага дуч келасиз. Ваҳоланки, ҳар бир уй ўзига хос бир меъморчилик асари бўлиши мумкин эди-ку! Бир амаллаб бошпана қуриб олиш билан овора бўлаётган бечоралар эса, меъморчилик хусусида иморатлар ва кўчаларнинг ўзига хос манзараси, кўркамлиги ҳақида бош қотиришига имконлари, вақтлари йўқ. Жумҳурият меъморлар жамияти шахсий уй-жой биноларнинг лойиҳаларидан турли намуналар яратиб, ҳар бир шаҳар ва қишлоқнинг ўзига хос кўркам шаклда барпо бўлиши учун фаоллик, ташаббус кўрсатаётганлари йўқ. Одамларимизнинг меъморчилик диди, айтиш мумкинки, ҳали жуда юксак эмас. Дарвоқе, жумҳуриятимизда чоп этилаётган, меъморчиликка бағишланган журнал рус тилида босилгач, халқимизнинг бу борадаги диди қандай ҳам юксалсин?!
Вилоят, шаҳар меъморчилик бўлимлари ҳам амалда кўринарли бир иш қилмаяптилар. Оқибатда беўхшов уйлар, ноқулай кўчалар борган сари кўпаймоқда.
Ер, тупроқ — бебаҳо бойлик. Шахсий уй-жой учун ажратилган майдондаги ердан ҳам унумли фойдаланиш, рўзғор учун зарур экинлар экиш керак. Бу халқнинг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан тобора ўсиб бораётган талабини қондиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам жумҳурият партия ва ҳукумати қабул қилган қарорда шахсий уй-жой қуриш учун илгаригига қараганда кўпроқ майдон ажратиш кўзда тутилган. Аммо кўпчилик қурилаётган уй-жойларни кўриб, бебаҳо бойлик бўлган ердан унумли фойдаланмаётганидан — кўпроқ майдон экин экиш учун қолдирилмаётганидан афсусланасан. Ахир, Японияда тупроқли ер етишмаслигидан сув остида шаҳар бунёд этилаяпти, тошлар устига экинлар экилаяпти.
Бизда ер кўп-ку, деб тупроқли ерни асрамай, режасиз қурилиш қилаверамиз. Шундай оилалар борки, ўзларига ажратилган майдоннинг тўрт тарафини зарур-нозарур бинолару деворлар билан ўраб олишади. Оқибатда ҳовли-боғларига қуёш кам тушади — экинлар яхши ривожланмайди. Хонадонлар ўз ерларида ўзларини таъминлаши мумкин бўлган мева-чева, сабзавот маҳсулотларини бозордан сотиб олишга мажбур бўладилар. Кўп ҳолларда мол ҳам боқа олмайдилар.
Баъзи оилалар эса, ҳар бир қарич ерни ҳисобга олиб, иложи борича ундан унумли фойдаланишни кўзда тутиб уй-жой қурадилар, ўз уйларини фақат ўзлари учунгина эмас, балки жамоатчилик, шаҳар, қишлоқ учун қулай, шинам бўлишини, шу билан бирга атроф-муҳитнинг ҳуснига ҳусн қўшишни, гузару маҳалла-кўйнинг тозалигини кўзлайдилар. Зотан, шарқ донишмандлиги, мусулмончилик маданияти ҳам шуни тақозо этади.
Биз шу пайтгача ўтмишимизга беписандлик билан қараш билан бирга тарихий уйларимизни ҳам назарга илмадик. Ваҳоланки, улар Шарқ билимдонлигига таяниб, узоқ йиллар синовидан ўтган тажрибалар маҳсули эди. Масалан, илгари ота-боболаримиз уйларни ички ва ташқи ҳовлили қилиб қурганлар. Бундай ҳовлилар кўп болали хонадонларга, шарқона маданиятга суянадиган оилаларга жуда қулай бўлиши билан бирга тиббий, маънавий-ахлоқий, тозалик-поклик нуқтаи назаридан ҳам жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Келган меҳмон ташқи ҳовлидаги алоҳида меҳмонхонада кутиб олинган, унга иззат-икром кўрсатилган. Бу мезбон учунгина эмас, балки меҳмон учун ҳам қулай бўлган. У бола-чақа, аёл-эркак олдида қисиниб-қимтинмайди. Бундан ташқари, у турли жойларда бўлиб келгани учун усти-бошида ташиб келган, турли инс-жинсларни (микробларни) ҳали ташқи таъсирга қобилияти кучли бўлмаган болаларга юқтирмайди. Ёки ўтмишда қурилган уйларнинг аксарияти (кўча томонга қурилганлари) олди айвонли бўлиб, кўча томонга дераза қўйилмаган, деразалар ўрнини турли чиройли шарқона токчалар, жавонлар, тахмон эгаллаган. Ертўлалардан ҳам унумли фойдаланилган.
Бу қисқа мақолада қадимги ўзбек уйларининг афзалликларию гўзаллиги, шинамлигини тўла таърифлаб ўтишим қийин. Лекин бугун меъморчилик ишлари билан шуғулланадиган масъул ўртоқлар бу масалаларни чуқур ўрганиб, халқимиз учун ажойиб намунали лойиҳалар яратиб берсалар, жуда эзгу ишга қўл урган бўлур эдилар. Баъзи вилоятлардаги уй-жой қурилишларини кузатганимизда ана шундай қадимий туркона уйлар ҳам барпо этаётганликларининг гувоҳи бўлдик. Албатта, бу уйлар меъморчилик жиҳатидан мукаммал ишланмаган. Шунинг учун ҳам уларга мутахассиснинг ёрдами жуда зарур.
Одамларимизнинг ранг-баранг табиатига, дидига маълум бир лойиҳаларни зўрлаб тиқиштиришлар керак эмас. Балки уй-жойларимизнинг гўзал, шинам, қулай қилиб қуришга эришиш, шу билан гўзал юртимизнинг ҳуснига ҳусн қўшувчи лойиҳаларни халқ эътиборига ҳавола қилиш лозим. Чунки гўзал қишлоқ, гўзал шаҳар деган тушунчанинг бир бутунлигини шахсий уй-жойларнинг қандай қурилганлиги таъминлайди. Шундай экан, азиз замондош, уйларимизни шундай қурайликки, келажак авлодлар ҳам улардан фахрланиб, руҳу кайфиятлари кўтарилиб яшасинлар!
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 8-сон