Болаларга кўйлак харид қилиш учун яқинда шаҳар айланишга тўғри келди. Аммо шу кунларда кўйлак ҳам камёб матоҳ бўлиб қолган экан. Биринчи дўконнинг болалар кийимлари бўлимида ўқувчилар кўйлаги умуман йўқ. «Болалар дунёси»да ёзгисини сотаяпти, Марказий универмагдаги кўйлаклар эса мактаб формасига тўғри келмайди… Ниҳоят, кўйлакни командировкага борганда четроқ шаҳардан топиб келдим. Топишга топдим-у, бу билан болаларни хурсанд қила олмадим. Кўйлаклардан бирининг қўлтиғи тор, иккинчисининг эса бўйи узун. Ёқаларини қанча дазмолламанг бир учи ёпишиб турса, иккинчи учи букланиб кетади. Наҳотки, ҳалигача болалар кўйлагини бир нав тикишга муваффақ бўлмадик, деб ўйлайман.
Дўппини олиб қўйиб, мушоҳада қилайлик-чи, хўш, ўзим кейинги йилларда мамлакатимизда тикилган бирор кўйлакни қониқиш билан кийдимми? Асло! Марказий магазинлар пештахтасига териб қўйилган Қўқондаги фабриканинг кўйлаклари бир-биридан ғариб, бир-биридан беўхшов. Ёки республикамизда тикилаётган пойабзаллар талабга жавоб бераяптими? Ё бўлмаса, шим-костюмлари, пальтолари қўлма-қўл бўлиб кетган фабрика борми? Бундай либослар талаб даражасидан паст бўлса-да, нега халқ харид қилмоқда, деган савол келиб чиқади. Чет элдан келтирилган буюмларни ҳамма ҳам топавермайди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган либосларни асосан қишлоқ аҳолиси харид қилади. Демак, бу — зарурат тақозоси.
Бу ҳол бугун дид, савия, маданият жиҳатидан бир қадар ўсган халқимизни зўрлаб беўхшов кийинишга мажбурлашга ўхшаб кетади. Кўйлак — тикиш технологияси жиҳатидан бир мунча оддий. Шуники уддасидан чиқолмаётган эканмиз, бошқа кийим-кечакларнинг сифати ҳақида гапириб ўтиришнинг ўзи ортиқча.
Кейинги йилларда ютуғу камчиликларимизни чет эл кўрсаткичларига таққослашга ўрганиб қолдик. Бу ошкоралик бизга берган имкон. Илгари чет эл кўрсаткичларини нореал, асоссиз деб ёзардик. Аслида ўзимиз хўжалик юритиш ишига панжа орасидан қарардик, камчиликларимизни рўй-рост айтиб, вазиятга ҳалол баҳо бермас эдик. Натижада нафақат саноатимиз, балки халқ хўжалигининг деярли барча тармоқларида самарадорлик пасайиб кетди…
Мамлакатимизда тўрт йилдан буён янгиланишлар давом этмоқда. Қайта қуриш инсон учун барча қулайликларни яратиш, кишиларимиз меҳнати самарадорлигини ошириш, барча чоралар билан ҳаёт тарзимизни яхшилаш, мўл-кўлчилик яратиш учун янада қатъийроқ курашга даъват этади. Шундай экан, хўжалик ишларимизни режалаштиришда самарали усулларни топишимиз зарур.
Муаммоларимизнинг асосий қисми, сўзсиз, кадрлар. Дейлик, кўйлак тикиш учун тикувчи дунё стандартидан, тикувчилик маҳоратидан, эстетика, экономика ва бошқа соҳалардан хабардор бўлиши керак. Шунда у стихияли тарзда ишламайди. Бизда ишчилар, токарлар ва бошқа касб эгалари меҳнат фаолиятини асосан шогирдликдан бошлайдилар. Уларга махсус билим бериш, мутахассислик малакасини ўргатиш керак. Шунда ҳам касбга лаёқатли бўлганларини топиб ўргатиш лозим.
Меҳнаткашлар билими савияси ҳар доим давлат эътиборида турмас экан, етиштирилган маҳсулотларда сифат ҳам, сон ҳам бўлмайди. Илгарилари бир авлод ишчиларига бир сериядаги техника тўғри келар эди. Ҳозир техника тараққиёти жадаллашган давр. Янги станоклар, янги ускуналарсиз ҳаётдан тез орқада қолиш мумкин. Янги станоклар янгича ишлашни талаб этади. Ортда қолмаслик учун яна ўқитиш керак.
Ишчи ва хизматчиларнинг малакасини ошириш ва қайта ўқитиш бўйича республикамиз Иттифоқда энг охирги ўринда туради. Яъни йилига меҳнаткашларнинг атиги 22 фоизи малака ошириш имконига эга. Бу кўрсаткич мамлакат бўйича 43 фоизни ташкил этади. Ҳиндистонда ҳар йили 100 миллион киши янги мутахассисликларга ўқитилади. АҚШда эса қайта ўқитиш учун кетган харажат кадрлар тайёрлаш учун кетадиган харажатга тенглашади. Бу фарқлар маҳсулотларимиз сифати билан боғлиқ муаммоларни ойдинлаштирса, ажаб эмас.
Бугун қишлоқ хўжалик техникаси ҳам, фабрика-заводларимиз ҳам инженерлар қўлида. Лекин ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, техника унумини оширишда уларнинг роли сезилмаяпти. Ваҳоланки, инженерлар барча олий маълумотлиларнинг 44 фоизини ташкил этади. АҚШда эса 12 фоиздан иборат. Лекин қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражаси бизда 30, Америка Қўшма Штатларида эса 80 фоиздир. Масалан, Тошкент Политехника институтида 44 минг талаба ўқийди. Уларнинг ярмидан кўпи шаҳарда қолиб кетади ва ўз соҳаси бўйича ишламайди. Ҳозир 13,5 минг олий, 87 минг ўрта-махсус маълумотли мутахассис оддий ишчи бўлиб ишламоқда. Улар сон жиҳатидан республикамиз олий ва ўрта-махсус ўқув юртларининг уч йилда тайёрлаган кадрларига тенгдир.
Кўриниб турибдики, улкан хўжалигимизнинг барча муаммолари билим, малака масаласига келиб тақаляпти. Бирор ҳунарни ўргатиш, меҳнаткашларни ўқитиш учун мамлакатимиз буйича миллий даромаднинг 6 фоизи сарфланаётган айни пайтда, шу мақсад учун Ўзбекистонда миллий даромаднинг 3,4 фоизи сарфланишини нима билан изоҳлаш мумкин?
Маълумки, барча мамлакатларда одамларнинг хоҳиш-истакларини билиш учун тадқиқотлар олиб борилади. Японияда билим олиш учун чизиқадиганлар бошқа касб ихлосмандларига нисбатан кўплиги жиҳатдан иккинчи ўринни эгаллар экан. Ўзбекистонда эса билим олишни хоҳловчилар миқдор жиҳатдан еттинчи ўринда. Бу иқтисодий омиллар билан ҳам боғлиқ масала бўлиб, ҳаётимиз савиясини белгилайдиган кўзгудир. «Ҳеч қандай тўсиқлар олдида тўхтаб қолмаслик, босиб ўтилган йўлни эътибор билан таҳлил этиш зарур сабоқлар чиқариб олиш, ишимизга турмуш тақозо этаётган тузатишларни киритиш, қайта қуриш ишини сабот билан, қадам-бақадам илгари силжитиш лозим. Умуман, шундай демоқчиман: ҳар қандай революция каби қайта қуриш ҳам заиф ва қатъиятсиз одамлар учун бир машғулот эмас», деган эди М. С. Горбачев. Биз қатъият билан ҳаракат қилганда, қайта қуриш бошланган тўрт йил давомида, ҳеч бўлмаганда чиқараётган маҳсулотларимиз сифатини бирмунча яхшилашга улгурган, шаҳарларни мева-сабзавот, аҳолини гўшт билан таъминлашни йўлга қўйган бўлардик.
Қишлоқларимизда, айниқса, тоғли қишлоқларимиздаги ижтимоий фойдали иш билан банд этилмаган 2 миллион аҳоли ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўриш керак. Улар туғилган жойларини ташлаб кетмайдилар, томорқа ва шахсий хўжалигидаги чорвадан келадиган арзимас даромадга қаноат қилиб яшамоқдалар. Шаҳардаги тўқимачилик комбинатлари эса ишчи кучига муҳтож. Уларнинг қишлоқлардаги филиалларини очиш учун наҳотки йиллаб ўйлаш ва тайёргарлик кўриш лозим бўлса. Бу — меҳнаткашларимиз турмуш шароитларини яхшилаш учун ягона тадбир эмасми? Ойлик даромад киши бошига мамлакатимиз бўйича 100 сўмдан ошиб турган ҳолда республикамизда атиги 35 сўмга тўғри келади, холос. Бу ҳақда аввало район Советлари ўйлаб кўришлари зарур. Қайси районда аҳолининг қанчаси ишга жалб этилгани уларга аёнку! Тоғ қишлоқларида саноат корхоналари, жумладан, тўқимачилик ва гилам фабрикаларига ўхшаган корхоналар қуриш тўғрисида гапирадиган бўлсангиз, кўпчиликнинг энсаси қотади. Ортиқча ташвиш, харажатлар асос қилиб кўрсатилади. Аслида бу ерда ҳеч қандай асосли рад этувчи далил йўқ. Тўқимачилик цехлари қурадиган бўлсак, қишлоқлар пахтазорларга шаҳарга қараганда яқинроқ, гилам тўқиш фабрикалари учун хомашё ҳам асосан қишлоқда. Шунингдек, қишлоқ учун муносиб бошча кўплаб корхоналар қуриш мумкин. Гап фақат психологик тўсиқни енгиб ўтишда қолган. Масалан, Фориш районида 300 дан зиёд қишлоқ бор. Бахмал районидаги қишлоқлар ҳам ундан кам эмас. Қашқадарё, Сурхондарё областларида қанчадан-қанча ишчи кучи тўлиб-тошиб ётган қишлоқлар бор. Баъзида маҳаллий аҳолидан ишчи тайёрлаш мушкул, деган мулоҳазалар билдирилади. Аслида бу хом гап. Ўзбек чинниси жаҳонда довруғ таратган. Марғилонда атлас неча юз йиллардан буён тўқиб келинади. Ҳар қандай саноат маҳсулотларини юқори сифат билан республикамизнинг ҳар бир бурчагида ишлаб чиқариш мумкин. Бунинг учун аввало ишбилармон ташкилотчи раҳбарлар зарур.
Қайта қуриш ўтмишимизни танқидий таҳлил этишга изн берар, улардан хулоса чиқаришга даъват этар экан, камчиликларимизни рўй-рост айтишимиз, уларни бартараф этиш йўлларини қидиришимиз керак.
Баъзи саноат маҳсулотларнмиз сифат жиҳатидан оқсаётганининг сабаби эса Ўзбекистон аграр республика, пахтасини бераверсин дея бошқа соҳаларни ривожлантиришга дуруст эътибор берилмай келгани билан боғлиқдир. Пахтага муккасидан кетиш эса ўзини оқламайди. Энди кўзни каттароқ очайлик!
Тозабек Тошмуродов, иқтисод фанлари кандидати
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 14 апрель