Ҳайвонларда ва ҳашоратларда хар хил мулоқотлар, муносабатлар мавжуд.
Бу жумбоқ ҳам кўпдан бери одамларни қизиқтириб келади. Ҳайвонот оламида нималарни кузатиш мумкин? Яхшиси, ҳикоямизни эшитинг.
Қарағай ипак қуртлари озиқ қидирганларида саф тортиб юрадилар. Кетма-кет эргашиб борувчи қуртларнинг туклари бир-бириникига тегиб туради. Қуртлар ўргимчак толаси каби жуда нозик тола чиқаради, бу тола орқада борувчи ҳамроҳлари учун йўл кўрсатувчи ришта вазифасини ўтайди. Йўл бошловчи «саркарда» қурт оч қолган қуртлар галасини қарағай тепасидаги янги «ўтлоқ»қа бошлайди.
Машҳур француз табиатшуноси Жон Фабр «саркарда»нинг бошини қаторнинг энг охиридаги қуртнинг «думи»га яқинлаштирган экан, «саркарда» дарҳол йўл кўрсатувчи риштага ёпишиб олиб, бир пастда «оддий солдат»га айланган ва шу қуртга эргашиб бораверган. Шундай қилиб қуртлар сафининг боши билан охири уланган, бинобарин, туташ ҳалқа ҳосил бўлган ва ипак қуртлари бир жойда гандираклаб айлана бошлаган. Ҳиссиёт (инстинкт) қуртларни бу ноқулай вазиятдан чиқаришга ожизлик қилган. Ёнларига озиқ келтириб қўйилганда қам қуртлар бунга эътибор бермай, бир жойда айланаверганлар.
Орадан соатлар, кунлар ўтган, лекин қуртлар гўё сеҳрлангандек, айланишни давом эттирганлар. Бир ҳафтадан кейингина саф бузилган: қуртлар сулайиб, жойларидан ҳам қимирлай олмаганлар…
Саҳроларимизда кенг тарқалган гўнг қўнғизини кўп киши кўрган бўлса-да, лекин унинг гўнгдан соққа тайёрлашини камдан-кам киши билади. Бу қўнғиз гўнгдан соққа тайёрлайди-да, уни кейинги оёқлари билан итариб думалатади: баъзида соққа олдинга қараб думалайди, қўнғизнинг ўзи эса, уни кейинги оёқлари билан итариб, орқаси билан юриб боради. У соққани энг ёмон гўнгдан ясайди ва шу гўнг (соққа) билан озиқланади. Қўнғиз соққани инига олиб келгач, кўмиб қўяди, инида уни бир неча кун еб ётади. Уни еб тугатгандан кейингина инидан чиқади. Қўнғиз болалари, яъни ғумбак қуртларини озиқлантириш учун гўнгнинг яхшисини — одатда қўй қумалоғини танлайди.
Қўнғизлар қўй қумалоғини, қорамол тапписини талашиб, кўпинча жиққамушт бўлишади. Орада зўр жанг кетади, кучлиси соққани тортиб олади, ҳатто бир-бирининг қумалоғини ўғирлашади ҳам. Ўз соққасини сақлаб қолган (ёки қўшнисиникини тортиб олган) қўнғиз уни зудлик билан думалатиб, инига олиб кетади. Қўнғизнинг кучига, эпчиллигига ҳайрон қолса бўлади: вазни икки граммдан ошмайдиган қўнғиз деярли қирқ граммли соққани бемалол думалатади.
Инглиз олими, қизиқ одатлар тадқиқотчиси Р. У. Хингстон гўнгқўнғизнинг «ақлий қобилияти»ни бундай текширган: қўнғиз соққани инига думалатиб олиб келаётганида олим инга киритиладиган йўлини қалин қоғоз билан тўсган, қоғознинг чети инининг оғзидан фақат икки сантиметр четга чиқиб турган. Шундай ҳолатда қўнғизлар қоғозни тешиб ўтмоқчи бўлишган — биронтаси уни айланиб ўтишга уриниб кўрмаган, бунга уларнинг фаҳми етмаган. Ўтказилган тажрибаларнинг ҳаммасида қўнғизлар уч кун қаторасига қоғозни зўр бериб итариб тешмоқчи бўлишган. Тўртинчи куни уларнинг айримлари инга тўғри йўл топишдан умид узиб, кетиб қолганлар, лекин айрим қўнғизлар беҳуда уринишни бошқа кунлари ҳам давом эттирганлар.
Бу ишларни кўрган одам, қўнғизлар фаросатсиз, бефаҳм-ку дейиши мумкин. Лекин ерни қазиб ин қиладиган тукли арилар бажарадиган ишлар учун фавқулодда «ақл» керак бўлади. Бу арилар турли ҳашоратларни (кўплари ўргимчакни ҳам) овлайди. У ўлжасига наштар уриб, шол қилади-да, сўнгра инига тортиб кетади, инида «консерва» қилинган ҳашорат ёки ўргимчакнинг танасига аввало тухум қўяди, кейин уни кўмади. Р. X. Хингстон бундай абжир «жарроҳ»лар устида оддийгина тажриба ўтказиб, ҳиссиётнинг кўрлигини исбот қилади: олим арининг кўмган ўлжасини қазиб олади, унинг танасига қўйилган тухумларни ҳам олиб ташлайди. Ари шу пайт иннинг оғзини суваб беркитиш пайида юрган эди. Хўш, у ўлжасини ва тухумларини йўқолганини билдими? Билмади: у гўё ҳеч нарса юз бермагандек, бўм-бўш инининг оғзини беркитиб ташлади. Шундай тажрибалардан бирида инининг оғзини беркитмоқчи бўлиб юрган ари ўз инидан чиқариб ташланган ва ўша ердаёқ ётган ўлжасига эътибор бермаган. Гарчи ин бўшаб қолиб, у беҳуда уринаётган бўлса-да, пинагини бузмай инининг оғзини беркитган.
Ариларнинг баъзи турлари дарахтга ин қўяди ва уни усталик билан дарахтнинг пўстлоғи рангига бўяб ниқоблайдики, кейин пўстлоқдан фарқ қилиб бўлмайди. Баъзида бу арилар уйнинг ичида печка (камин)нинг, деворининг сирланган кошинига ёки жило берилган ёғоч безагига ин қўяди. Бу ҳолда инни одатдагича ниқоблашнинг фойдаси йўқ, чунки унинг ранги қалин ёки жило берилган ёғочнинг рангидан фарқ қилиб кўзга ташланиб туради.
Шундай вақтда инни одатдагича ниқоблаш мумкин эмаслигига уларнинг фаҳми етмайдими? Йўқ, албатта. Уларда фаҳм, фаросат нима қилсин! Улар табиий инстинктга бўйсуниб, инини одатдагича ниқоблайди, шунга кўра ин кўзга яққол ташланиб туради.
Ниқоблаш, шунингдек, дролин деган қисқичбақа (краб)ларнинг ҳам одатидир. Улар умр бўйи «ниқобловчи либоси»ни ечмайди. Баъзи қисқичбақалар денгиз тубида ётган бўш чиғаноқ топиб, ичига кириб жойлашади, бошқалари эса орқасини булут (губка) билан безайди. Шундай қисқичбақалар ҳам борки, улар сув ўтлари (гидрополиплар)нинг шох (бутоқ)ларини қисқичлари билан қирқиб олади-да, доимо орқалаб юради, тушиб кетмаслиги учун шохларини кейинги оёқлари билан ушлаб туради. Қарабсизки, қисқичбақа бир пасда «бута»га айланади-қолади.
Аквариумда ўсиб турган сув ўтлари, сув ўтлари бўлмаганида ҳам қисқичбақа сувдаги ҳас-чўпларни тўплаб, орқасига жойлаб олади ва, юқорида айтилгандек, ўзини ниқоблайди. Агар аквариумда ранго-ранг, ҳатто қизил латта-путталар бўлса, қисқичбақа шу нарсалар билан ҳам ўзини безайди, бунда у ниқобланиш ўрнига, кўзга яққол ташланиб турадиган бўлади, лекин буни сезмайди.
Кўпгина қушларни осонгина гангитиш мумкин. Бунинг учун улар уясидан учиб кетгандан кейин уя четроққа кўчириб қўйилса бас. Қуш қайтиб келгандан кейин уясини илгариги жойдан излайди, атиги бир ёки ярим метр четроққа суриб қўйилган ўз уясига эътибор ҳам бермайди. Уя илгариги жойга қайтариб қўйилса, у пинагини бузмай, яна уяга жойлашиб олади. Агар уя ўрнига қайтариб қўйилмаса, қуш янги уя қуради.
Паррандалар ўз тухумларини деярли танимайдилар. Масалан, бургут, товуқ, ўрдак тухумига ўхшайдиган ҳар қандай думалоқ нарсани босиб ўтираверадилар. Оққушлар уядаги тухумлар ўрнига қўйилган шишачани, балиқчи қушлар эса ҳатто коптокчаси ва консерва банкаларини, тош парчаларини ҳам тухумдан фарқ қилмай, бола очиш учун босиб ўтираверадилар…
Мойқутнинг уясидаги тухумлари бошқа сайроқи қушнинг тухумларига алмаштирилади. Шундан кейин мойқут яна битта тухум қўяди. Шу кейинги тухум бошқа тухумлардан фарқ қиларди, албатта. Мойқут бошқа тухумларга ўхшамаётган бу «шубҳали» тухумни уясидан чиқариб ташлайди.
Паррандаларни анойи деймизу анча комил жонивор ҳисобланувчи сигир ҳам эндигина туғилган бузоғини қўпол ясалган бузоқ тулупидан фарқ қила олмайди. (Лекин кейинчалик ўз бузоғини яхши таниб олади). Британиялик табиатшунос Фрэнк Лейннинг шу тўғрида гапиришига кўра, бир сигирни бузоғидан ажратишган. Сигир бузоғини қўмсаб кеча-кундуз маърайверган. Сигирни тинчитиш учун ёнига бузоқ тулупи қўйишган. Шундан кейин сигир тинчланиб, бузоқни оналик меҳри билан ялай бошлаган. Тўхтовсиз ялайверганидан тулупнинг териси тешилиб, ёрилиб, ичидаги сомони тўкилган. Сигир эса сомонни бемалол ея бошлаган ва секин-аста бутун «бузоқ»ни истеъмол этган.
Каламуш энг «фаҳмли» кемирувчи ҳисобланади. Лекин унинг «фаҳми» қанчалик паст эканлигини қуйидаги қизиқ воқеадан билиб оласиз. Қафасдаги оқ каламуш ин қура бошлайди, инга берилиб кетади ва қафас ичида изғиб юриб, ин учун қўл келадиган қурилиш материаллари излайди. Тўсатдан ўзининг узун думига дуч келади ва уни тишлаб, инига олиб келади. Кейин яна материал излаб кетади: табиийки, думи ўзи билан бирга юради. Каламуш тағин думини топиб олиб инига олиб боради. У шу тариқа ўз думини ўн икки марта топиб, ўн икки марта инига олиб бориб «ташлайди»!
Ниҳоят, ҳайвонот оламида ақлли махлуққа дуч келгандек бўламиз. Америкадаги ўрмонларда Неотома деган кичкина каламуш яшайди. Бирон бир йиртқич ҳайвон унинг инига тумшуғини тиқишга журъат этолмайди: ғовни каламушнинг ўзи қуради. У кактуснинг тепасига чиқиб, тиканларини узиб (ғажиб) олади ва инга кираверишда деворчаларга уларни шундай усталик билан қадайдики, тиканлар учи найзадек тепага қараб туради. Бу ақллилик эмасми!
Лекин кактуснинг тиканлари ўрнига шиша, тўғноғичлар ёки майда михлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Бироқ бунга каламушнинг фаҳми етмайди.
Айтайлик, тўсатдан абжир йиртқич — сассиққўзан пайдо бўлади-да, уни кўрган каламуш ўз ини томонга югуради. Лекин ини узоқда. Шу пайт у орқасига қайтади-да, тиканли бутазорлар ичига шўнғиб, кўздан ғойиб бўлади. Бу нимаси? Ҳалигина ўзининг фаҳм-фаросатсизлигини намойиш қилган жонивор хавф туғилган пайтда қутилишнинг энг тўғри йўлини топа олади.
Жониворларнинг хатти-ҳаракатидаги бу сохта номувофиқликни фақат рус физиологи Иван Петрович Павлов тушунтириб берган. Олим олий хилга мансуб ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатини инстинктгина бошқариб қолмай, уларга шартли рефлекс ҳам ёрдам беришини аниқлади. Умуртқали ҳайвонлар ва баъзи умуртқасиз жониворларда ҳаётий тажриба натижасида орттирган қилиқ (одат)ларни эслаб қолиш қобилияти бор экан. Каламуш ҳам бир вақтлар тасодифан тиканли кактуслар орасига бекиниб ғанимидан қутилган бўлса керак. Ана шундан кейин у шундай пана жой излайдиган бўлиб қолган. И. П. Павловнинг изоҳлашича, каламушнинг миясида шартли пайдо бўлган тиканли бута йиртқич ҳайвондан яхши ҳимоялай олиши унинг хотирасида ўрнашиб қолган.
Хулоса қилиб айтганда, шартли рефлекслар ҳайвонларнинг доимо ўзгариб турадиган янги шароитлари мослашувига ёрдам беради. Уларнинг бошдан кечирганлари, кўрганлари эсида сақланиб қолиши, унинг ўзгарувчан шароитда аҳволни яхшироқ тушуниб, фаҳмлаб олишига имкон беради.
Тилов Ёдгоров, биология фанлари номзоди
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 11-сон