Анри де Ренье. Учрашув (қисса)

Биз ҳикоямизда сўз юритмоқчи бўлган Палаццо Альтиненго, бу, олд кўриниши айлана шакллар билан безатилиб, серпент мармаридан ломбард усулида ишланган ва Нептун иккита уч тишли найза билан денгиз дарвозасини қўриқлаб, сайёҳларни лол қолдираётган Катта Каналдаги сарой эмасди. Қадимий ва қудратли Альтиненго уруғи Шавкатли Республикадаги энг атоқли уруғлардан бири бўлиб, Дожа шаҳридаги турли давр­лар ва турли даҳаларга сочиб ташланган биноларнинг анчагинаси айнан шу уруққа қарашли эди.

Бу, Венецияда тез-тез учраб турадиган ҳол. Биз ҳали Гриманийлар уруғининг – бири Сан-Полда, бошқаси Мария Формозада ва буларга қўшимча яна Гриман делла Виддагиларини ҳисобга олмаганимизда ҳам яна қанчадан-қанча қасрлари бор! Контаринлар қасрлари ҳам худди шундай. Контарин-Фазаннинг Контарин дельи Скринь, Контарин делле Фигур ва Контарин дель Баволо деган ака-укалари бор. Моченигонинг Катта Канал бўйлаб тизилиб турган учта қасри, Корнернинг Корнер Спинелли, Корнер делла Ка Гранд ва Корнер делла Режина қасрларидан ортиқ бўлса борки, улардан кам эмас.

Барча йўлбошловчилар Альтиненгонинг иккита саройини – Сан-Стаэ ва Сан-Бенедеттони тилга олардилар, холос, лекин негадир, уларнинг биронтаси учинчи қаср ҳақида лом-мим демасди, ҳақиқатда эса, ҳаётимда бўлиб ўтган ғайриоддий ва тушуниб бўлмас, ҳатто айтиш мумкинки, энг тушунарсиз ва ғалати ҳодисалар айнан ўша, деярли унутилаёзган қасрга тааллуқли эди. Альтиненго уруғига қарашли бўлган бу учинчи қасрнинг менга, Венециянинг мендек тиришқоқ тадқиқотчисига номаълумлигича қолганининг ҳеч бир ҳайратланарли ери йўқ эди, албатта. Неча марта Венецияда бўлгани ва қанча вақт у ерда яшаганидан қатъи назар, шаҳарни бошдан-охиргача биламан, деб ҳеч ким айтолмайди. Балки, дўстим Тиберио Прентинальядан ташқари, ҳеч ким… Бу ҳайратомуз иморатда мени бир қанча ой яшашга мажбур қилган жиҳатлар тўғрисида ҳикоя қилишдан аввал, 189… йил сентябрь ойи охирида кўнглимга яқин бўлган шаҳарга яна бир бор саёҳатга ундаган сабабларни тилга олиб ўтиш менга, чамамда, жоиздек туюляпти.

Мен бу масала юзасидан мухтасар фикр билдирмоқчиман, чунки “иқрорнома” ёзиш ниятим йўқ. Мен сирларимни ошкор этишни ҳеч қачон хушламаганман, ўзимни бегоналар эътиборини жалб этадиган қизиқарли одам деб ҳам ҳисобламаганман. Мен ғайриоддий дея хулосага келган ва ҳеч бир тайёргарликсиз, кутилмаганда гувоҳ бўлганим боис янада ғайриоддийроқ туюлган чин воқеани қоғозга туширишни лозим топдим, ростдан ҳам, мутлақо беихтиёрий равишда бу воқеада иштирок этишимга тўғри келди.

Мен ҳам эл қатори битта одамман, худди оломон каби, менинг ҳам диққатни тортадиган на бир тайинли лаёқатим ва на ақлий хизматларим бор. Мен ҳамма вақт фақат ўзим учун яшаганман, одамлар орасида оддий, кўзга ташланмай юриш каминага доим табиий туюлган. Ҳақиқатан, менда биронта фавқулодда хислат йўқ, ҳатто, гарчи бундан фойда чиқиш-чиқмаслигини ўйлаб ўтирмай, минглаб одамлар билан баҳам кўрмоқчи бўлганим, ўша, Венецияга бўлган ишқибозлик ҳам ажабтовур хислат эмас. Мен Италияни, шу жумладан, Венецияни ҳеч бир иззатталабликсиз, шунчаки яхши кўрганман. Менда ҳеч қачон Сан-Марко майдони ёки бўлмаса Прокураций минорасида зодагонлар орасида туриб, дунёвий йилномаларда қатнашишдек шуҳратпарастлик нияти бўлмаган. Йилнинг бундай пайтида бу ерда бўлиш яхшилик аломати ҳисобланса-да, киборлар журнали менинг кўрфазларда бўлганимни ҳеч қайд этмасдилар. Венеция менга башанг костюм ва галстукларда олифта кийиниб олиб, таассурот қолдиришимга сабабчи бўлмаган ва ўзининг шон-шуҳрати дардида йилда бир маротаба бўлса-да, Пьяцеттда тепасига Шер ва Тимсоҳ ҳайкали ишланган тош устунлари ёнида туриб олиб, ўзини кўз-кўз қилишни лозим топган санъат оламининг жаҳонга машҳур зотлари, ёзувчилар, молиячилар ва киборлар билан ошначилик ришталарини ўрнатишим учун воситачи бўлгани борасида-ку гап бўлиши ҳам мумкин эмас.

Яна шуни айтмоқчиманки, худди киборлар давраси каби Венеция осориатиқалари ҳам мени ўзига кам жалб қилса-да, бироқ шаҳарнинг ноёб санъат асарларига, гўзал биноларию ҳайкалларига бошқалар қатори мен ҳам баҳо бера оламан. Мен ўтакетган тошбағир ҳам, жоҳил ҳам эмасман. Ва камина ҳам Венеция ўз саёҳатчиларига таклиф этаётган ўша ҳузур-ҳаловатнинг мазасини тотиб кўрганман. Мени Дожалар қасри ҳам, Сан-Марко майдони ҳам бефарқ қолдирмаган. Ҳатто венецианча санъатнинг турли соҳаларида баъзи бир билимларни эгаллашга муваффақ бўлганман. Унинг ҳайратомуз нафис кунгураларию бенуқсон ишлов берилган нозик биллурларига ҳам беэътибор бўлмаган. Кўҳна Венеция тарихи, ниқоблар ва серенадалар Венецияси ўзининг майда-чуйда урф-одатларию расм-русумлари билан менга анча-мунча яқин бўлиб қолган. Мен президент де Броссни ўқиганман, Казанова билан яхши танишман, лекин, аслини олганда, Венеция – қандай бўлса, шундайича менга кифоя ва жўшқин Венециянинг бор жозибасини ҳис этишим учун унинг ўтмишига мурожаат этишга менда эҳтиёж йўқ.

Менинг Венецияга бўлган муҳаббатим, тап тортмай айтишим мумкинки, ҳар қандай димоғдорлик ва эстетизмдан[1], шунингдек, романтизмдан ҳам холи, эркин ва тагзамини чуқур муносабатлардан юзага келган табиий ва оддий туйғуки, уни ҳатто чин муҳаббат десам ҳам бўлаверади. Венеция ҳамиша мени ўзига асир этиб келган. Унинг иқлимини, унинг ўзига хос тусини, унинг ёруғлик оламини севаман. Яшашга имкон берувчи ва ҳатто ўзи йўл-йўриқ кўрсатувчи дидимга мос турмуш тарзини ҳам. Айниқса, кўзларим ва хаёлларимни ўзининг дилкашлиги билан банд этган бу ердаги минглаб ёдгорликлар ичида бўлиш менга ҳузур бағишлайди. Кунларим ҳеч бир ерда бунчалик сеҳрли осойишталикда равон кечмаган, бу ерда ҳатто ғариблик ҳам ўз изтиробларидан холи. Ер юзида ўзингга ўзинг яхшироқ эга бўлишинг мумкин бўлган ва сени хунобликдан иложи борича халос этгувчи бунақа жойни топиш амримаҳол. Венецияда бемалол ёлғиз яшашим сабабини у ердан топаётган ҳузур-ҳаловатимгина изоҳлаб бериши мумкин. Гарчи менга бундан осони бўлмаса-да, бу шаҳарда кўп маротаба бўлишимга қарамай, жуда кам таниш-билиш орттирганман, чунки камина ўз иштироки билан қизиқиш уйғотувчи одамлар тоифасидан эмасман. Яна шуниси ҳам борки, Сан-Марко майдонига йиғилиб олиб, нафис гўзаллигу башанглик ва мисли кўрилмаган назокат расм-русумларини бажараётганларига ўзлари астойдил ишонган жамиятнинг зебо аёлларию бекорчи олифталари ва гўзаллик ихлосмандларининг Венецияга тўпланиши удумга айланган йилнинг бундай пайтида мен ҳамма вақт у ердан жуфтакни ростлаб қолардим.

Яна қуйидагиларга эътибор қаратишни истардим. Мен Венецияда бошқа жойларга қараганда “ўзгача”, бениҳоя шод ва таърифга сиғмас бир кайфиятда яшаш жоиз деб ҳисобламаганман. Ундан ўзгача таассурот олишни ҳам ҳеч вақт ҳавас қилмаганман. Венеция мен учун ҳеч қачон “Орзулар шаҳри” бўлмаган (ҳозир, мана шу сатрларни қоралай туриб, энди унинг ундай эмаслигига унча имоним комил эмас, нега бундай экан – бу кейинроқ маълум бўлади); аксинча, мен фақат унинг бор жозибасини, ўзига хослигини ва лаззатбахш дунёсини хоҳлардим, холос. Гондолага ўтириш учун вагондан чиқишим, мен учун мутлақо одатий ҳол бўлиб, бундан заррача ажабланмадим. Гондолани мен бошқа шунга ўхшаш нарсалар каби ташиш воситаси дея тасаввур қилганман. Романсларда мадҳ этилган ундаги жозиба мени бефарқ қолдирмаган ва узукка кўз қўйгандек денгизга мос бежирим шакли ва сузиш учун қулайлигининг қадрига етсам-да, барибир, шаҳарнинг одам адашиб қоладиган тор кўчалари бўйлаб яёв сайр қилишни афзал кўрдим. Қисқаси, Венецияда бўлиш менга юксак ҳис-туйғулар инъом эта олди дея олмайман. Уни кўриб, на фахрланиш ва на мағрурланиш ҳиссини туйдим. Менга Венеция ёқарди, мен уни яхши кўрардим; у мени мафтун этганди ва ўзимни унинг ихтиёрига бажонидил топширишга тайёр эдим, бироқ барчага ва ҳар бир кимсага тақдим этаётганидан ортиғини ундан кутмаганман. Мен, Венеция ўзига элбурутдан шайдо қилиб, бармоғига ўзининг сеҳрли узугини тақиб қўядиган одамлар тоифасидан эмасман; ҳеч қачон Венеция романтизми ёпинчиғида ўзимни хаспўшламаганман.

Умуман айтганда, мени илк бора Венецияга хаёлга келтириш мумкин бўлган энг оддий вазиятгина етаклаб келганди. Бу ерда анча йиллардан бери оиламизнинг қадрдон дўстларидан бўлган хоним ва жаноб де С., яшаганлар. Улар Сан-Тровазо қасридаги энг қимматли қаватларидан бирига жойлашиб, уни ўзларининг дидига мослаб қулай жиҳозлаб ҳам олишганди. Бу қават қачонлардир антик буюм сотувчиларида ҳали топса бўладиган ўша асил Венеция мебеллари билан жиҳозланган жуда кўп хоналар унга ёндош бўлган кенг галереядан иборат эди. Галереяга катта жавонлар, пастак диванлару оромкурсилар, озми-кўпми мустаҳкам барокко услубидаги жавону, китоб учун мўлжалланган жавончалар қўйилганди. Иккала С. ҳам қолган саноқли кунларини ҳозир уларга сув ва ҳаводек зарур бўлган тинчлик ва осойишталикда ўтказишни истаб бу ерга келиб жойлашгандилар. С.хонимнинг соғлиғи жуда заиф эди. Эри эса бедаво дарддан азоб чекарди. Жаноб де С.нинг соғлиғи тўсатдан оғирлашиб қолиши мени Венецияга сафар қилишга мажбур қилганди, бироқ мен етиб келганда, жиддий хавф шу қадар ортда қолгандики, С.лар мени ёнида олиб қолишди. Ўзим жуда яхши кўрган бу ажойиб хонадонда нақ бир ойча меҳмон бўлдим.

Қандай оромбахш таътил! Сан-Тровазо қасри ва бу ширинсўз, меҳрибон оила даврасидан менга гўзал хотиралар эсдалик бўлиб қолди! Жаноб де С. ўзининг дармонсизлиги туфайли менинг Венециядан мириқиб завқ олишимга халал беришни истамасди ва С. хоним эса эрининг касали билан боғлиқ ташвишларга ўралашиб қолганига қарамай, менга йўл кўрсатувчи бўлишга рози бўлди. Бу аёл зукко, ўқимишли эди. Жуда кўп черков ва музейларни бориб кўрганимиз, ҳар нарсаларга қизиқаверишларим унга заррача малол келмади. Аёл қачон бўлмасин, Венеция санъати билан янада яқинроқ танишишим учун менда фақат истак уйғотадиган жойларнигина кўрсатарди, холос. Одатдаги сайрда эса унга шунчаки ҳамроҳлик қилганимдан мамнун эди. Ва бу, мен Венецияни барча жозибасини сайёҳ, гўзаллик шайдоси ёки қуруқ бир олифта сифатида эмас, балки ёруғликнинг, бўёқларнинг, ҳусн-латофатнинг самимий ишқибози, мафтункор, ажойиб, осойишта ва гўзал Венеция ҳаётига меҳри тушган кузатувчи сифатида англашимга сабаб бўлди.

Камина бу хушфеъл ва ёқимтой дўстларимга келаси йил келишни ваъда қилдим-да, уларни тарк этдим. Мен ўз ваъдамга вафо қилдим-у, бироқ уларни тирик кўриш бошқа насиб этмади. Жўнаб кетганимдан сўнг бир неча ой ўтиб, улар олдинма-кейин, деярли бир вақтнинг ўзида оламдан ўтган эканлар. Мен ўша вақт Россияда сафарда эдим; бу қайғули хабардан ҳам ўша ерда воқиф бўлдим. Эшитиб, кўнглим бузилди; бироқ бу йўқотишдан сўнг мен Венециядан узоқлашиш ўрнига, аксинча, унга янада маҳкамроқ боғланиб қолдим, – Сан-Тровазо қасри ёнидан гарчанд биринчи марта ўтаётган бўлсам-да, Венеция таомилига кўра, ёпиб ташланган дераза ромларига, бинони ижарага берилишини англатувчи бир парча узун қоғоз ёпиштирилган бўм-бўш қаватнинг ойналарига қараб юракларим эзилиб кетди. Ўшандан бери ҳар сафар бу ерга келганимда, сеҳрли ва гўзал Венеция ҳаётидан мени баҳраманд этиб, “каминани венециялик қилганларини” дўстона фахр билан такрорлашни хуш кўрувчи қадрдон дўстларим яшаган уй билан боғлиқ хотираларга миннатдорчилик юзасидан уни ҳар сафар зиёрат қилишни канда этмасдим.

Мен шу қадар венецияликка айланиб кетган эканманки, ҳатто меҳмонхонада яшаш ҳам энди каминага малол келаётганди. Хайриятки, саховатли дўстларимнинг Сан-Тровазодаги менга кўрсатган меҳмоннавозликлари мени бундай кўнгилсизликдан халос этарди; кейинчалик доимий бошпанамга айланиб қолган ижарага олган уйим учун ҳам улардан миннатдор бўлишим керак. Улар Сан-Тровазога кўчиб келгунларига қадар, аввал яшаган ерлари – Каза Трижани тўғрисида бир кун менга нима дейишганини эсладим. Фондамента Барбарода жойлашган бу Каза Трижанининг бир неча хонасини ижарага топширган иккита қари қиз томонидан банд этилганди. Хоналар тоза-озода, бемалол яшаса бўларди; улардан бирининг деразасидан, йирик оч-қизил маврак ўсиб ётган ерга яқин сарв дарахтининг ёнгинасида бир неча атиргул бутаси гуллаб ётган камбар боғ кўриниб турарди. Опа-сингил Трижаниларда менга ёқадиган қандайдир ажиблигу ожизлик бор эди. Мен уларнинг доимий ижарачисига айланиб қолгандим ва қачон Венецияга келсам, ўша ерга қўнардим; бу ҳол ўн беш йил мобайнида деярли ҳар йили давом этди.

 

* * *

Анъанага айланиб қолган бу қадрли одатни йўққа чиқариш учун бир текисда ўтаётган ҳаётимни остин-устун қиладиган биронта нохуш ҳодисага рўпара бўлишим керак эди. Шундай бўлди ҳам. Уч йил давомида менга жуда кўп азоб берган руҳий изтиробни бошдан кечирдим. Бор-йўқ гапим (аввал-бошда айтганимдек, мен иқрорнома ёзишдан мутлақо йироқман ва мақсадим туйғуларимни эмас, балки воқеа-ҳодисаларнинг ўзини тасвирлаб бериш), ҳаётимнинг бу даври азбаройи ҳаяжону ташвишларга тўлиб-тошганидан, мен, ҳатто кузмиди у, ё баҳормиди,  бир неча ҳафта Каза Трижанида меҳмон бўлган бахтиёр дамларимни бирон марта бўлса-да, эсга олмаганимни айтишим мумкин, холос. Мана шу уч йил давомида Венецияга сафарим ҳам таққа тўхтади, ва фақат машаққатли руҳий синовлар поёнига етиб, оғир дарднинг исканжасидан халос бўлганимдан сўнггина ўша дилкаш, беташвиш хотиралар мени чорлаётган фусункор шаҳар билан эски муносабатларни яна давом эттиришни орзу қила бошладим. Балки худди шу ернинг ўзида куч-қувватга тезроқ кирарман. Мени даволаётган шифокорларга ўз орзу-истакларим тўғрисида рўйирост гапириб бердим. Улар режаларимни бутунлай қўллаб-қувватламаса-да, қаршилик ҳам қилмади. Аҳволим саёҳат гўё ўйламасдан қилинган ишдек туюладиган даражада ёмон эмасди. Бу касаллик мени одамларга нафрат ва ёлғизликка бўлган кучли эҳтиёж билан қўшилиб кетган сурункали уйқусизлик ва асаблар зўриқиши дардига ҳам мубтало этганди. Венеция менга ўша ўзим истаган танҳоликни тақдим этиши мумкин эди. Чиндан ҳам, нега энди тажриба ўтказиб кўрмаймиз? Ёз ҳам ўзининг силлани қуритадиган жазирамаси билан ниҳоясига етганди. Сентябрь ойи охирлаб қолган ва мен  Венеция кузининг кўлдаги маъюс ва хотиржам чиройига маҳлиё бўлиш арафасида эдим. Бу менга ҳузур бағишларди. Мен Каза Трижанининг камбаргина боғида хаёлан яна сарв дарахтинию оч-қизил мавракни кўрдим. Яна опа-сингилларнинг дўстона қий-чувларинию Фондамент Барбаро тоштахталари устидан юриб бораётган ёғоч бошмоқларнинг тақ-туқини, дайди сотувчиларнинг бақир-чақиришинию чоққина сой муюлишидан айланиб ўтаётган гондола эшкакчиларининг “stai!”[2] деган хитоб­ларини ва Венеция аҳолисининг одатдаги барча шовқин-суронларини, осмонда эса – Салут ва Жезуат жомининг мўъжизавий овозини эшитдим. Бир тўхтамга келиб бўлгандим. Фақат опа-сингил Трижаниларга келадиган кунимнинг дарагини бериб, телеграмма жўнатишим қолганди, холос.

Шифокор кетиши билан телеграмма ёза бошлаганимни яхши эслайман. Мен уни кузатиш учун дивандан турдим ва стол ёнига қайтатуриб, хабарнома матнини ёзишга бир варақ қоғоз олдим; сўнг бошқа хатларга қўшиб, хабарномани ҳам тайинланган манзилга жўнатиши учун хизматкорга бердим, ҳар ҳолда шундай қилган бўлсам керак, деб ўйлайман. Бу қандай содир бўлганини билмадим-у, бироқ бир неча кун ўтгач, ўша варақа менинг ҳамёним бўлмаларидан бирида тўрт карра астойдил букланган ҳолда пайдо бўлиб қолди. Бу яна қандай эътиборсизлик? Аммо ўзимдан ўтган бу хатоликдан мен унчалик ҳам ранжимадим. Бу эса касаллик диққатимга ҳам ўз таъсирини ўтказганини ва ҳали бутунлай соғайиб кетмаганимнинг исботи эди. Мен бунга каминани Венецияга олиб кетаётган поездда, вагон деразасидан Италия манзараларига боқатуриб, фақат Верона ва Виченца оралиғига етиб келгандагина амин бўлдим ва ўшандагина хато қилганимни тушундим. Бироқ бу хатони тўғрилашга энди кеч бўлганди; ва бу унчалик муҳим ҳам эмасди. Опа-сингил Трижанилар ҳатто олдиндан хабардор бўлмасалар-да, эшиклари мен учун ҳамиша очиқ эди. Боққа олиб чиқувчи хона мабодо бўш бўлмаган тақдирда ҳам, улар менга бошқа хонани таклиф этишлари тайин эди.

Тан олиб айтишим керакки, бу ҳол мени бироз довдиратиб қўйди. Телеграммамга опа-сингилларнинг жавоб бермаганларининг асосий сабаби уни ҳали олмаганлари бўлса-да, уларнинг сукут сақлашлари ҳар ҳолда менга эриш туюлди. Бепарволигим учун ўзимдан ўпкаладим ва бироз жаҳлим ҳам чиқди. Умуман, бунчалик шошилинч сафарга зарурат бормиди? Саломатлигим бутунлай тиклангунча сабр қилишнинг иложи йўқмиди? Биров кетимдан қуваётганмиди? Ҳали ҳаловат топиб улгурмаган бу хаста мияю азобда қолган бу дардисар юрак билан мусофир юртларда ҳолим не кечади? Ёлғизлик мен излаган ўша хотиржамликни ато этиб, мени ғам-ғуссадан фориғ этолармикан? Тасаввурим кутилмаганда тақдим этадиган ҳодисалару инжиқликларга мубтало бўлиб, қаршилик кўрсатишга куч тополмай, била туриб унинг хиёнаткорона мафтункорлиги таъсирига тушиб қолмасмиканман? Ўкинч ва хотиротдан туғиладиган қайғули ва хатарли хаёлот қаршисида ўзимни ожиз бир аҳволда кўрмасмиканман?

Бу ўй-хаёллар сафарим охирини машаққатларга кўмиб юборди. Лекин поезд Местрдан чиқиб, кўлдаги ботқоқлик тошқини кўзга ташланиши биланоқ ташвишларим аригандек бўлди. Экспресс шаҳарни қаттиқ тупроқ билан бирлаштириб турувчи кўприкка соат бешда етиб келиб, ундан ўтаётган пайтда Венеция саёҳатчига ўзининг бор жозибасини кўз-кўз қила бошлади. Кўнглимдан жой олган бу шаҳарга яқинлашишим биланоқ, у ҳамиша менга тасвирлаб бўлмас ҳузур-ҳаловатни бахш этаётганини ҳис этардим… Агар шу сафар мен ҳузур-ҳаловатни бор мукаммаллигича ҳис этмаганимда ҳам, барибир, поезддан тушиб, вокзални тарк этишим биланоқ қирғоқ зинапояларига урилиб, уни юваётган канал сувинию тизилиб турган гондолаларнинг темир жимжималари тепасида кўкка томон юксалиб турган Сан-Симеонанинг думалоқ сурранг-яшил гумбазини кўрганимда, завқланишдан ўзимни тия олмаган бўлардим. Эшкак сувга урилиб, мени ўзи билан олиб кетаётган гондола оҳиста бурилган ўша лаҳзаларда қадимги Венеция тўсатдан хотирамда жонлангандек бўлди ва мен сукутга, нурга чўмиб, осойишталик ва сокинликда, ёддан чиқаришга берилиб, қайғуга тўла бутун ҳаётимни ортда қолдирган кўланкага айланиб қолгандек эдим гўё.

Бу ўй-хаёллар мени шу қадар банд этдики, яна қайта топган ўша Венециянинг ажойиб манзараларига бутунлай беэътибор эдим. Улар менга гондола тўғри Каза Трижанининг қаршисидаги Фондамента Барбаронинг зинапояларига келиб теккунига қадар бўлган лаҳзаларгача ҳамроҳлик қилди. Олд томони сарғиш-қизил рангга бўялган, дераза-эшиклари тим-қора, қўнғироғининг мис ҳалқачаси чоққина эшикка осиб қўйилган бу қадимги Каза ҳамон ўша-ўша эди. Мен қўнғироқ ҳалқачасидан тутдим-да, уни узоқ силкитдим. Ҳар доимгидек уй ичкарисидан жаранглаган овоз янгради. Ўша заҳоти зинапоядан қадам товушлари эшитилди. Эшикни очган кимса менга ва қўлимдаги юкимга ажабсиниб қаради. Мен опа-сингил Трижаниларнинг исмларини айтдим. У табассум билан жавоб қайтарди. Мана, опа-сингил Трижаниларнинг бемор акасини кўришга кетганларига ҳам ҳадемай уч ой бўларкан, бутун бошли уй эса ҳозир англия­лик оила ихтиёрида экан…

Бошқа пайт бўлганда, бу арзимас нохушликни енгиш менга чўт эмасди, бироқ хасталик боис нозиклашиб қолган табиатим нохушликни бироз ошириб юборганди. Умидларимнинг пучга чиққани мени роса дов­диратиб қўйганди, ваҳоланки, нохушлик кўрсатган таъсир уни келтириб чиқарган сабабга сира мос келмасди. Венецияда озми-кўпми Каза Трижанига ўхшаш йигирматача пансион бор эди; энди фақат улардан биронтасини танлаш қолганди; бироқ бу арзимас омадсизлик илк мусибат аломати бўлиб туюлди. Бу янгиланиш одатлар энди-энди пайдо бўла бошлаган бурунги аҳволимга қайтишга имкон туғдириши лозим эди, бироқ ишнинг юришмагани бутун одатларимни издан чиқаргандек эди гўё. Вақт-соати келиб, мени ўзининг кўринмас тўри билан чирмаб олишга шай турган ҳалқа таранг тортилди. Эътиборга арзимас бу омадсизлик мени ҳангу манг қилиб қўйганди.

Ўша куни меҳмонхонага йўл олишдан ўзга чорам қолмади. Янги тураржой излаш масаласини эртага қолдирдим. Эшкакчига калламга келган энг биринчи манзилни айтдим. Қандай қилиб оғзимдан чиқиб кетди билмадим-у, биринчи бўлиб тилимга “Виктория” меҳмонхонаси келди. У ерда бироз кутиб, сўнг хонага жойлашдим, гарчи у оддий бўлса-да, лекин ҳар жиҳатдан шинам эди. Ювиниб-тараниб, уст-бошимни тартибга келтириб бўлгач, яна ўшандай оддий ва шинам ошхонага тушдим. Тушлик пайти эди. Овқатдан сўнг тезроқ ётиб дам олгим келди, бироқ тушлик қилиб бўлгач эса аччиқ ҳидини мен хуш кўрадиган, ичи похолпоя билан тўлдирилган узун virqiniaни[3] олиб энди чека бошлаган ҳам эдимки, кўнглим бирдан сайр қилишни тусаб қолди.

Очиқ ҳавога чиқдиму танам яйради. Мен айқаш-уйқаш тор кўчаларида тез-тез адашиб қоладиган яна ўша тунги Венецияда эканимдан бахтиёр эдим. Чиндан ҳам серҳашам, зим-зиё Венециянинг эгри-бугри йўлларида дайдиб юрган кунларим кўп бўлган! Охир-оқибатда, мен бу шаҳарни шундай мукаммал ўрганиб олгандимки, кейинчалик дадил, деярли қўрқмай юрадиган бўлдим. Бироқ бу оқшом одатга айланиб улгурган йўл топиш маҳоратим энди менга панд бераётганини шу заҳотиёқ фаҳмладим. Йўлимга ишонмай, бир неча бор тўхташга мажбур ҳам бўлганман ва ҳатто бир сафар орқага қайтишга тўғри келадиган, чиқиш йўлининг тайини йўқ, тармоқларга бўлиниб, rio[4]га бориб узилиб қолувчи халтакўчаларга ҳам кириб қолганман. Бу арзимас хатолардан жиғибийрон бўлардим: тўғрисини айтганда, сайр қилишдан аниқ бир мақсадни кўзламагандим ва шошаётган ерим ҳам йўқ эди. Мен ҳали-ҳануз таваккалига битта-битта қадам ташлашда давом этардим. Саёҳатдан анча чиқиб қолганим боис, азоб бераётган асабларни тинчлантиришнинг бирдан-бир йўли менга шудек туюлмоқда эди. Меҳмонхонада муқаррар кўз тикиб турган уйқусизликни чарчоқ билан енгишга қарор қилдим. Боз устига, бу узоқ вақт давом этган сарсон-саргардонликлар менинг аввалги венецианча одатларимнинг бир бўлаги эди ва мен ирим-сиримларга ишонувчан инсон сифатида уни топиб, ўтмишдаги ёқимли дамларимга эришиш умидида ўша сандироқлаб юрган кунларимга қайтишни ихтиёр этгандим!

Бу орада тун ҳам яқинлашиб қолганди. Буни мен унинг барча calli[5] ва campi[6]ига тезда сукунат чўмиб, сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолганидагина пайқадим. Қачонлардир бундай танҳоликни баридан афзал кўрардим. Ўткинчининг илдам қадамига, сувда сирпанаётган гондоланинг овозига, пошналарнинг тақ-туқию эшкаклар зарбидан кўтарилиб-тушаётган сувнинг чайқалишига, овозига, қўшиғига, сукунатига “Венецияга хос сирлилик” дея зап топиб қўйилган ном ва яна деразалари ёритиб турган бинонинг олд томони менга завқ бағишларди, – бироқ мени мафтун этган Венециянинг бу сафарги тунидан олган таассуротимни англаш мушкул эди.

Турган гап, бу қўрқув эмасди. Мен Венецияда хийла узоқ яшадим ва бу ерда йўловчи хавфу хатардан мутлақо холи эканлигидан бохабарлигим, Венеция урф-одатларини яхшигина ўзлаштириб олганимда эди. Vigili нинг вазифаси, – бу ерда полициячиларни шундай атайдилар,– унча мураккаб эмасди. Уларнинг вазифаси бир неча арақхўрнию юрагида ўти бор vim nostrani[7] ишқибозларини ва онда-сонда бир нечта ўғрини қўлга туширишдан иборат. Бу арзимас ножўя хатти-ҳаракатларни инобатга олмаганда, венецияликларнинг ўзлари беозор, мулойим халқ ва сиз шаҳарнинг энг олис мавзеларида ҳам хатарга йўлиқишдан чўчимай, тунда ҳам худди кундузгидай кўнгилни тўқ қилиб юраверишингиз мумкин. Бирдан-бир хавф-хатар – йўлни йўқотиб, халтакўчага кириб қолишингиз. Бироқ, маълум бўлишича, йўловчиларни ўйлаб, шаҳардаги хушманзара ғира-шираликни бузмаган ҳолда кўчаларни ёритишнинг янги усуллари топилган ва барча нохушликларга барҳам берилган.

Шундай қилиб, қўрқув хавотир билан сира қўшилиб кетмаганди, сабаби менга сирлигича қолган хавотир эса, кўчага чиқиб, calliдаги ясси тошлар жарангини эшитиб туйган мамнуният ҳисси билан ўрин алмашганди. Бунга ўзгарувчан саломатлигим сабабмикан, ёки К.Трижани билан ўнгидан келмаган яқиндаги ишнинг оқибатимикан бу? Нима бўлганда ҳам, мени оз-оздан англаб бўлмас, тайинсиз – кутилмаган воқеаларга бой шароитга тушиб қолганингда юз берадиган қандайдир саросима аралаш ваҳима босаётганди. Бу сирли қўрқув кучаявергач эса қадамимни тезлатишга мажбур бўлдим ва тасодиф деймизми, ё савқи табиий деймизми, кўр-кўрона бурилишлардан сўнг тўппа-тўғри Сан-Марко майдонидаги чироқлар ёнидан чиқиб қолдим ва шундан сўнггина чиндан ҳам енгил нафас ола бошладим. Майдонни кўрдиму қўрқувдан асар ҳам қолмади, ва битта-битта қадам босдим-да, деярли кимсасиз, тирқишидан юлдузларнинг ёруғи тушиб турган, қуюқ булут босган оппоқ осмон остидаги Пьяцеттдан ўтдим.

Анча кеч кириб, Прокураций гумбази остида ўткинчилар сийраклашиб қолганди. Мен Венециянинг ёпиқ дўконларининг олд томонидаги ялтироқ ясси тошлар терилган машҳур ойнабанд айвоннинг узундан-узун ҳувиллаган йўлакларининг худди шу пайтдаги манзарасини яхши кўрардим. Флориан қаҳвахонасидан чиқатуриб, шу ерда неча маротаба адашиб қолгандим! Бироқ шу кеч, узоқ сайрдан толиқиб, таъсирчан сўққабош дарбадар ролини ўйнашга кўзим учмаётганди. Иккинчи томондан меҳмонхонага ҳам қайтгим йўқ эди. Мен тўғри Флориан қаҳвахонасига йўл олдим. Туни билан очиқ бу қаҳвахона, кечикиб қолган йўловчиларга тураржой берар ва тақсимлаб қўйилган ўзининг духоба диванлари бор танобийсидан бошпана сифатида жой ҳам таклиф этарди.

 

* * *

Маълумки, Флориан қаҳвахонаси турлича жиҳозланган ва меҳмонхонага ўхшаш бир неча бир-бирига яқин кичкина хоналардан иборат эди. Улардан бирига мен алоҳида бир иштиёқни туяман. Унинг деворларини кўзгу ҳамда деворга ишланган суратлар безаб турарди ва бу гўзалликни тамаки тутунидану ҳар хил нохушликлардан сақлаш мақсадида ойна билан ҳам ҳимоялашганди. Деворга ишланган суратларда турли халқ вакиллари ўз миллий либосларида тасвирланган. Менда айниқса иккита сурат ажиб таассурот қолдирди: салла ўраган турк ва кокилли хитой. Хитойликнинг тагидаги қизил бахмал диван ёнига қўйилган тоштахтаси бир оёқда айланадиган юмалоқ мармар стол мен ёқтирган жой эди. Камина деярли қуппа-қуруқ танобийга кирганимда, у ерда ҳеч ким кўринмасди. Танобийнинг у бошида икки венециялик финжонда сув ичиб гурунглашиб ўтирарди, бурчакда эса бурни қизил қария рюмкадаги сўнгги томчи strega[8] ни маза қилиб симирарди. Мен пунш-алькермесга буюртма бердим. Буюртмани олиб келишгунча, икки суҳбатдош турди-да, чиқиб кетди. Бурни қизил қария қўлини кўтариб, улар билан саломлашди. Кўп ўтмай, хизматкор буюртма қилинган пуштиранг, хушбўй ва айни замонда бемаза пуншни олиб ҳам келди. Мен майдалаб бир неча қултум ютгандим, ғазабим тарқаб, кайфиятим кўтарилди. Қачонлардир неча маротабалаб оқшомларни ўтказган ва ўзим учун қадрдон, қалбимга яқин жой бўлган Флориан қаҳвахонасига қадам ранжида қилиб ва хитойликнинг пойига келиб ўтириб яхши иш қилгандим. Деворга ишланган сурат томонга оҳиста ўгирилдим. Хитойлик менга мулойимлик билан истеҳзоли боқарди; мен меҳмонхонага қайтишдан аввал мумкин қадар у ерда камроқ бўлишга қарор қилиб, ундан ҳол-аҳвол сўрагани кирганимдан хитойлик чамамда мамнун эди. Эртадан кечиктирмай Каза Трижанининг ўрнига бошқа бошпана қидиришга киришаман. Шу топда ихчамгина оилавий меҳмонхоналарнинг кўпи ёдимга тушяпти: Доменко Сан-Грегорио меҳмонхонаси, Кампо Сан-Виталдаги Чимароза меҳмонхонаси ва ҳоказо. Бироқ, ўша Каза Трижанида топган тинч-осуда турмуш тарзини у ерлардан топа олармиканман? Ёки безорижон қўшнилар ҳали мени тавбамга таянтиришармикан? Айтганча, нега энди бирон-бир эски саройнинг бир нечта хонасини ижарага олмайман? Мен уни камтарона жиҳозлардим-да, ўзимга хон, ўзимга бек яшайверардим. Бошпана топиш, жойлашиш, сарсонгарчиликларнинг ўрнини тўлдиришим учун ҳам бу ерларда ҳали узоқ вақт яшаб қолишимга тўғри келади. Бу фикрим ўзимга ҳам маъқул тушди. Мабодо тасодиф ҳожатимни чиқариб, ўзига чексиз садоқати туфайли ҳам ҳали фусункорлигини йўқотмаган Венециянинг бирон-бир алоҳида мавзеcидан кўнглимдагидек бошпана топилиб қолса ажаб эмас. Балки ўша сокинлик ва осойишталикда мен ва ниҳоят, тириклик лаззатини тотишга муяссар бўларман…

Шуларни ўйлаб хаёлга чўмган пайтим, бурни қизил қария жуфтакни ростлаб бўлганди. Прокураций атрофидаги ўткинчилар борган сари сийраклашарди. Ҳар замон-ҳар замонда улардан бири бир лаҳзага бўлса-да, тўхтаб, қаҳвахонага мўраларди, ё хиргойи қилганда овоз қаттиқ чиқадиган йўлкани таёғи билан уриб тақирлатарди-да, яна йўлида давом этарди. Дераза ёнида туриб қўлини силкитаётган баланд бўйли шарпа тўсатдан эътиборимни жалб этмагунича мен паришонхотир уларга қараб ўтиравердим. Бир лаҳза ўтар-ўтмай, бурни қизил қариядан қолган бўш финжонни ёмғирпўшининг этаги билан ағдариб юборишига сал қолган ошнам Тиберио Прентиналья аллақачон духоба диванда мен билан ёнма-ён ўтирар ва қўлимни сиққанча:

– Кимни кўряпман! Тушимми ё ўнгим! Келишингдан ҳатто мендек қадрдонинг Прентинальяни ҳам хабардор қилмабсан-а! Ростданам Венециядамисан? Қачон келдинг? – дея саволларга кўмиб ташлади.

Мен жаноб Тиберио Прентинальяни дўстим деб тан олдимми, демак, у бу номга ўзининг қатъияти, дадиллиги билан эришди ва унинг бу қадар кескин ва бу қадар зулмкор самимий ихлосига итоат этмай иложим қанча. Ростини айтсам, Прентинальяни мен бир неча йиллардан бери биламан, бироқ “дўстим” деган мартабага эришишига сабабчи бўлган орамиздаги ошначилик, бу ажойиб инсоннинг инон-ихтиёридан кўра кўпроқ мендаги хоҳиш-истак сабаб юзага келган десам тўғрироқ бўлади. Мен, қочиб қутулишнинг иложи йўқлиги сабаб итоат этардим, – негаки, мунтазам Венецияда пайдо бўлиб турувчи кимса учун Прентиналья билан ошначиликни четлаб ўтишнинг иложи йўқ эди. Прентиналья ўзини шундай тутардики, дийдоридан халос бўлишга сира имкон қолдирмасди. Ҳар ҳолда кўнгил олишни қойилмақом қилиб уддалайдиган Прентинальядек одам учун, биронта ажнабийнинг унинг дўстона рағбатидан четда қолиши, унинг обрў-эътиборига путур етказиши мумкин эди. Бошқача айтганда, Прентинальяни танлашингга сабаб, буни кўпроқ унинг ўзи исташида эди, бу ёғига эса ўз ихтиёринг билан қолаверардинг. Умуман олганда, Прентиналья шундай одам эдики, усиз Венецияда бўлишнинг ўзи ақлга сиғмас ҳол эди.

Тиберио Прентиналья – новчадан келган, ориқ ва бесўнақай одам бўлиб, у Шавкатли Республика даврида ҳам, Гоцца ва Казановлар даврида ҳам ҳақиқий венециалик деган номни сақлаб қололганди. У кенг кўйлакда, ёмғирпўшга бурканиб, бошига асил намат қалпоқ кийиб юрарди. Юзи узунчоқ ва малла, юпқа, илонизи оғзи тепасидаги бурни эса беўхшов, бирваракайига ҳам эзмаликни ва ҳам сир сақлашни уддаловчи, ўйнаб турган тийрак икки кўзи бир-бирига яқин жойлашган шундай бир тоифа эркак эди у. Бу кимса ўз юзидан ниқоб сифатида фойдаланарди. Шу туфайли ҳам у, чеҳрасида акс этиб турган тийраклик, айёрлик ва сирлилик билан Италия комедияларида учрайдиган нусхаларга ўхшаб кетарди. Ундаги уддабуронлик ва зийраклик ҳам сезилиб турарди ва гарчанд у шўх суҳбатдошига айёрлик қилишни хуш кўрса-да, чуқур мулоҳазали сўзамоллигида оқилона эҳтиёткорлик ҳам етарлича эди. Барига қарама-қарши ўлароқ у андак бетайинроқдек, тентакнамороқдек ва андак савдойироқдек ҳам кўринарди. У комедия ёки фантастик ҳикоя қаҳрамонларининг бир неча қиёфалари қўшилишидан пайдо бўлгандек эди гўё. Бу жанобнинг феъл-атворида бири бошқасини инкор этувчи хусусиятлар анчагина бўлса-да, бироқ улар бир-бирига жуда нозик иплар билан боғланганди.

Прентиналья бир вақтнинг ўзида ҳам хурофотчи, ҳам бетовфиқ, ҳам хаёлпараст ва ҳам ишнинг кўзини билувчи кимса эди. Унинг феъл-атворида бор қарама-қарши хусусиятлар рўйхатини санаб адоғига етиб бўлмасди. Пировардида, у – узоқ баҳслашса бўладиган қизиқарли суҳбатдош бўлиб чиқса-да, бироқ қайтиб, яна ҳамиша ўша-ўша битта хулосага келинарди: Венециянинг ўтмишини ва ҳозирги даврини, унинг санъатинию санъат асарларини, қадимийсидан тортиб то замонавий урф-одатларигача, ундаги ҳар бир тошни, кўз илғамас ҳар бир шуълани ҳеч бир кимса Прентинальядан яхшироқ билмасди. Яна қўшимча қилсак, – шаҳарда яшовчиларнинг бари, — бирон-бир кимса, бирон-бир нарса унинг диққат-эътиборию синчковлигидан четда қолмасди. Венецияга қадам қўйдингизми, тамом, сиз, қонуний равишда Прентинальянинг ихтиёрида бўласиз ва бунга сира ҳам афсус чекмайсиз, негаки, ундаги имкониятларнинг чеки йўқ, у сизга йўлбошчи бўлиб ҳам, воситачи бўлиб ҳам хизмат кўрсатаверади, шаҳарни томоша қилдиради, одамлар даврасидан баҳраманд этади, сайрга чиқсангиз йўлбошчилик қилади, кўнглингиз тусаган учрашувларни уюштиради, шунингдек, ҳожатингизни чиқаришга зарурат туғилгудек бўлса, унинг йўл-йўриқларидан ҳам сизни хабардор қилади. У Венециянинг тирик йилномаси, суратларни сотиб олишда қандай бўйин товламай воситачилик қилса, соябон харидида ҳам худди ўшандай беминнат хизматкор. Бу одам баридан, узунасидан то кўндалангигача тугал бохабар эди. У бориб турган венециялик, у Венецияда яшайди ва яшаганда ҳам том маънода яшайди, бунинг устига пок виждон билан кун кўради. Қўлида юзта ҳунари бўлса-да, лекин биронта тайинлиси йўқ. У фақат Венециядагина содир бўлиши мумкин бўлган ҳам оқилона ва шу билан бирга барча бемаъни режаларнинг амалга оширувчиси. Ошнам кўпроқ кўчмас мулк олди-соттиси билан шуғулланса-да, бироқ у расмлар ва санъатга алоқадор буюмларга баҳо бериб ҳам ҳожатингизни чиқариши мумкин. У бадавлат чет элликларга саройдан жой ҳам топиб берарди. Унинг олди-сотди борасидаги юмушлари мамлакатнинг қаттиқ тупроқли ерларигача бориб тақалганди, унинг Местрда, Фузинда, Долода, Мирда, Страдада, Паду ва Тревизода ҳам хизматлари етарли эди. Бу унга ичидаги исталган жиҳозни сотишга тайёр бўлган венецианча жиҳозланган ихчамгина гўзал қасрда яшаш имконини беради, – шундай бўлса-да, у ўзига тегишли буюмларнинг ҳаммасини яхши кўради, негаки дўстим Прентинальяни Худо диддан ҳам, билимдан ҳам қисмаган. У билан Архивга ва Академияга борганимизда, ўзининг аниқ ва мукаммал билими билан мени лол қолдиргани ҳали-ҳануз ёдимда. У шаҳар Музейига бир неча қимматбаҳо эҳсонлар ҳадя этганди, улардан бири – итальянча комедиялар ва карнавал иштирокчилари тасвирланган ажойиб қўғирчоқ театри эди.

Худди шу қўғирчоқлардан бири унинг ўзи эди ва бунинг устига энг аломати. Уни оқ ниқоб билан tabare e bauta[9]да, ясама соч ва учбурчак бош кийимда дея тасаввур қилиш мумкин эди. У ақлдан озмаганди, шундай бўлган тақдирда ҳам ўз сўзамоллиги билан ўрнини тўлдириб юборарди. У руҳланиб кетарди ва асабийлашарди, сўнг гўё уни ҳаракатга келтириб турган ип узилгандек узоқ вақт сукут сақлаб қоларди… Шундай пайтда ошнамнинг хаёлидан нималар кечаркин? Савдо билан боғлиқ бирон-бир ҳийла-найрангмикин? Ишқий саргузаштмикан? Балки янги фирибгарликни кўнглига туккандир (бу одам шундай ишларнинг ишқибози ва бу ҳам ундаги феъл-атворга хос хусусият), ёки пировардида ўзининг ҳам юраги ёрилгудек аҳволда ҳикоя қилиб берувчи эртаклардан бирини хаёлдан ўтказяптимикан, – аввал айтганимдек, у иримчи одамларданмикан? Ақл-заковатдан мосуво бўлишдан аввал инс-жинслар устида тадқиқот олиб борган марҳаматли Карло Гоцци уларга ишонгандек, у ҳам шайтонга, тасаввурдаги шарпаларга, у дунёликлару руҳларга ишонарди. У Кабаланинг билимдони эканини мақтаниб гапирарди ва ерости митти одамининг ва олов махлуқнинг барча сир-асрорлари ўзига маълумлигига ишонтирарди. У ҳатто, Казанова сенатор Бригадино ва унинг дўстлари учун ясаган “эҳром”ни қуришга ҳам қодирман, деб ўйларди. Балки Тиберио Прентиналья чиндан ҳам оз-моз жодугарликдан бохабардир, шундай бўлганда ҳам у ҳар ҳолда тирикчиликнинг барча қийинчиликларини енгиш учун унча-мунча хаёлот кучи ва маҳоратини ишга соладиган, хизматдан бўйин товламайдиган ёқимтой, ғалати феълли инсон.

Флорианда “хитойлик”нинг пойида мен билан ёнма-ён ўтирган кимса ана шундай антиқа киши эди. Модомики, мен у ҳақда муфассал тўхталмоққа жазм этган эканман, бу унинг ҳикоямда тез-тез кўриниб туришига тўғри келади, дегани эмас. Биз у билан, гарчи уни аралашиб қолган деб айтолмасам-да, ҳар ҳолда воқеа бошида бирмунча иштирок этишга муяссар бўлган бу ҳодисанинг фақат хотимасидагина учрашамиз. Шуниси ҳам борки, башарти у тасодифий ҳолга жон киргизиб кўрсата олдими, унда мен шу оқшом қайта учратиб, Венециядаги ҳаётимда топган қадрдон жўрамни етарли даражада мукаммал тасвирлашга ҳақли эдим десам арзийди.

Флориан қаҳвахонасида унинг тўсатдан пайдо бўлишига келсак, шуни айтишим керакки, бу ҳол менга каминани мушкул аҳволдан халос этиш учун ақлга сиғмас даражада ўз мавридида юз бергандек туюлди. Прентиналья, албатта, менга дарҳол бир неча манзилни тавсия этади ва мен ўзимбоп уйни топишим мумкин; бироқ бу ҳақда оғиз очишдан аввал баъзи бир саволларга жавоб беришимга тўғри келишини пайқаб қолдим. Прентиналья учрашувимизнинг илк дақиқаларида менга берган ўша саволини такрорлаб деди:

– Венецияда! Қачондан бери?

– Бугун келдим.

Бу жавоб Прентинальяни икки масалада хотиржам қилиши мумкин эди: каминанинг унга бўлган садоқатини ва ундаги ҳушёрликнинг бенуқсонлигини тасдиқлаши билан. Агар мен у билан учрашмай ва ўзим тўғримда лом-мим демай Венецияда бир неча кундан бери яшаб юраверганимда, ундаги дўстликни ҳақоратлаган ва синчковлигини қадрламаган бўлардим. Шуни ёдда тутингки, уч йиллик танаффусим пайти у мени бирон марта ҳам сўраб-суриштирмади. Прентиналья учун сиз фақат Венецияда бўлсангизгина мавжудсиз. Венециядан жўнаб кетдингизми, тамом, сиз унинг учун йўқсиз; қачон қайтсангиз ана ўшанда яна тирик инсонга айланасиз. Мен қайтдим ва яна тирикман. У буни енгил тортгандаги хўрсиниқ ва қониқиш билан тасдиқлади.

– Хуш келибсиз! Ҳали-вери кетмай меҳмонимиз бўласиз, деган умиддаман?

Мен мужмал ишора билан жавоб бериб қўяқолдим. Бор ташвишларимдан фақат биттасини Прентинальяга гапириб беришни истардим. Баридан уни воқиф этиб нима ҳам қилдим? Мен тортган азобларнинг унга нима қизиғи бор? Билганида ҳам қандай ёрдами тегарди? Шу топқирлигию зукколиги билан мени ўзимдан қутқариш учун қўлидан нима ҳам келарди? Мени асоратда ушлаб турган ёвуз сеҳр-жодуни унинг қуллари қандай дуо билан даф қила оларди? Оғиримни енгил қилишда унинг менга кўрсатадиган бирдан-бир ёрдами, бу – бир пайтлар биз Отто Гогенберг ва лорд Роберт Сперлинг билан деярли ҳар оқшом ўзимиз билган ўша Флориан қаҳвахонасида, “хитойлик”нинг пойида тўпланишган ёқимли ва гўзал дамларимизни жонлантирган ва ҳаётимда озми-кўпми у ҳам ўз ўрнига эга бўлган, ҳали хиралашиб улгурмаган Венециядаги ўтмишимни қайтариб берувчи бошпанани топиб беришдан иборат эди. Бу хотираларнинг ўзи менга Прентинальянинг саволларини бўлишга имкон берди. Мен сўнгги бор баҳор фаслида келганимда, биз ҳаммамиз – Гогенберг, Сперлинг, дўстим ва мен янгиликлар билан ўртоқлашиш учун йиғилганимиз ёдидамикан? Бир пайтлар Гогенберг ва Сперлинг ҳар иккови Кипр қироличаси Катарина Корнаронинг соясига хуштор бўлиб қолгандилар ва маликанинг хайрихоҳлиги ҳақида бир-бирлари билан талашиб-тортишгандилар. Хайриятки, бу низолар Жакомуццининг майхонасида муросага келиш билан якун топарди.

Биз торгина флорианча даврамизни хотирга олганимизда, Прентиналья ўзини кулгидан тиёлмасди.

– Азиз дўстим, буни қандай унутиб бўлади! Шўрлик Гогенберг! Охири оиласининг тоқати тоқ бўлиб, уни ўзларининг бетартиб қасрларига чақириб олишганди. Унга пул жўнатишни ҳам бас қилишди. Ихчамгина саройни, кўнгилчан Карлони ва мўйсафид Пьеринони жўнатиб юборишга, Фенич театрининг ложасидан воз кечишга ва у бизга шундай антиқа саргузаштларни ҳикоя қилиб берадиган қасрнинг бу чегарасидан, ерости йўлидан, хилватгоҳлардан тамомила узоқлашишга тўғри келди. Боёқиш Гогенберг, – бераҳм Кипр маликасининг бепарволигини эсдан чиқараман деб пиводан аламини олганча у ерларда зерикиб хуноб бўлиб юргандир! Сперлинг бўлса, аксинча, бутунлай Венецияга кўчиб келиб қўяқолди. Кўп ўтмай, у ҳатто сизлар кетишингиз заҳоти Каза дельи Спиритини[10] сотиб олди ва уни қойилмақом қилиб қайта таъмирлади. Ҳали буни қадрдон дўстим, ўзингиз кўрасиз!

Каза дельи Спирити – кўрфазнинг “Ўлик кўл” деб аталувчи ва сувнинг кўтарилиши деярли сезилмайдиган қисмида, Сант-Альвизо ёнида жойлашган қаср эди. Тўртбурчак бу улкан бино кўп йиллардан бери одам яшамайдиган масканга айланган, чунки, айтишларича, бу ердан арвоҳларнинг кети узилмасмиш.

– Унда Сперлинг арвоҳлар билан қандай тил топишар экан?

Шу ерга келганда Прентиналья бирдан безовталана бошлади. У хаёлчан қиёфада қаншарини силади. Прентиналья кўпинча ўзини жиддий қилиб кўрсатиб, муғомбирлик қиларди ва шу баҳона бирорта кулгили лавҳани тахт қилиб қўярди, бироқ бу сафар унинг қиёфаси чиндан ҳам жиддий кўринарди. Уни биров кузатмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун Прентиналья теварак-атрофга шубҳали назар ташлади. Бундай бемаҳалда Флориан қаҳвахонаси ҳувиллаб ётарди, бироқ шундай бўлса-да, Прентиналья овозини пасайтирди.

– Сперлинг арвоҳлар билан қандай тил топишишини билмадим-у, бироқ азизим, сизга улар билан ҳазил-мазах ўйнашни маслаҳат бермасдим, негаки бу ерларда ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғалати воқеалар рўй беряпти. Прентинальянинг ор-номусини ўртага қўйиб қасам ичаманки, бир пайтлар марҳаматли Карло Гоцца ўзига тинчлик бермаётган арвоҳларнинг ҳийла-найрангларидан зорланиб юрган кунлар яна қайтиб келганга ўхшаяпти. Ҳатто ашаддий шубҳапарстга ҳам бош қотириш учун иш етарли.

У мутлақо жиддий кўринса-да, одамларни лақиллатишга мойиллигини билганим учун унга ишонмаётгандим.

– Нима гап ўзи, Прентиналья, гапириб берсангиз-чи.

Яна биронта бетамиз бизни эшитмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун атрофга аланглаб қўйди. Бу чиндан ҳам эҳтиёткорликмиди ёки менинг ҳавасимни келтириш ниятида қилинган шунчаки қитмирликмиди? Ва ниҳоят у ўзида журъат топди-да, овозини янада пасайтириб, сирли қиёфада гап бошлади:

– Биласизми, Худога ишонмайдиганлар билан баъзи бир воқеа-ҳодисалар ҳақида гаплашишни истамасам-да, бироқ мен сизга тилимни тийишнинг вақт-соати келгунча кўп ва хўп гапириб юбордим. Ҳа, чиндан ҳам бу ерда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган нималардир содир бўляпти. Ҳали бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз. Меҳмонхонага шошаётганингиз йўқмиди?

Мен йўқ дегандек бош чайқадим. У давом этди:

– Сиз Шаҳар музейи директори Таддео Тальвентини биласизми? Бу кимса шундай илтифотсиз, шундай индамас, журъатсиз ва хаёл қилишдан мосуво ҳафтафаҳмки, афсуски, бундайлар Италияда йўқ деб бўлмайди. Уч кун бурун у танг аҳволда қолганини айтиб, мени кенгашиш учун чақирди. Венеция республикасига Шоҳ Аббос томонидан тақдим этилган форс гилами осиб қўйилган, ўша, IV танобийдаги белдан юқориси юмшоқ қоришмадан ясалган ихчамгина ҳайкалли ойнаванд пештахта ёдингиздадир, албатта? ХVIII асрнинг ихчамгина мафтункор ҳайкалчаси, шундай маъноли ва жонлики!

Жонли деган сўзни Прентиналья алоҳида таъкидлади.

Мен уни чиндан ҳам яхши билардим. Ўзининг нафислиги билан мени ҳайратга солган бу ижод маҳсулидан тез-тез келиб завқ олиб турардим. Шубҳасиз, аллақандай венециялик оқсуяк тасвирланган бу ҳайкалнинг чеҳраси чиндан ҳам одамни ўзига тортарди. У узун ва ориқ, зодагонларга хос кўринишга эга, бурунлари катта, лаблари эса ҳиссиётларингга эрк бергудек эди. Бари унинг кайф-сафога, ишқ-муҳаббатга ўч одам ҳайкали эканини ошкор этиб турарди. Унда чиндан ҳам дабдабаю ҳашамни, тансиқ таомлару гулларни, аёлларни жонидан ортиқ кўрувчи инсон тасвирланганди. Бироқ, бундан ташқари, ҳар нарсани билишга ўлгудек ўрин-ноўрин қизиқиш ифодаси бу чеҳрада намоён эди. Бу олий зотни ҳар нарсага қизиқаверишга ундаган қалб сирлари сабаб бўлдимикан ёки Республика сирлари? Бу эътиборли ва оташин бичимда қанча нафислик мужассам-а! Унга қандай тақдир насиб этган экан? Бошидан қандай саргузаштларни ўтказди экан? Исми нима экан унинг? Бу ҳайкалнинг келиб чиқиши тўғрисида мен Прентинальядан неча маротаба сўрагандим. Бу ҳақда Прентиналья музей директоридан сўраб-суриштирганини ва бирон тайинли маълумот ололмаганини яхши эслайман. Ҳайкалнинг тарихий буюмлар қаторига қандай қўшилиб қолганини ҳам ҳеч ким билмасди. Унинг музейга келиб тушгани тўғрисидаги ҳужжат-варақа йўқолиб кетганди. Рўйхатдан эса на бир йўл-йўриқни ва на бир кўрсатмани топиб бўларди. У ҳақда бор-йўқ билганимиз унинг анчадан буён витринада тургани эди, холос. Асл нусханинг шахсига келганда эса у ҳақда ҳам бирон-бир маълумот йўқ эди. Нотаниш бу кимсанинг яширин ва андишали табассуми, афтидан унинг мазах қилаётганидан дарак берарди. Бу икир-чикирларнинг бари Прентиналья билан суҳбатимиз чоғи миямга келганди.

– Ҳа, ҳа, азиз дўстим, бу ҳайкал ёдимда. Бу анови, юзидан қадимги венецианча айёрлик кўриниб турган, илтифотли, сергак, шу билан бирга қалби муҳаббатга тўлиқ, ҳаётни севувчи чеҳралардан бири эди, шекилли?.. Хўш, ўша ҳайкалнинг тақдири нима бўлган?

Прентиналья диққат билан каминага тикилди-да, қалин қошларини чимириб, мен томонга энгашди.

– Нима бўларди, у кетиб қолди.

– Кетиб қолди?

Тиберио Прентиналья тасдиқлаб бош ирғади.

– Ҳа, кетди… Ғойиб бўлганига мана бир ҳафтача бўлса ҳам, қидир-қидирлардан бирон наф бўлмаяпти. Таддео Тальвенти мени чақирди-да, бўлган воқеанинг барини сўзлаб берди. Хўп денг, буларнинг бари жуда ғалати. Пештахта муҳри бузилмаган, қулфга ҳам қўл теккизилмаган. Бузишдан, синдиришдан ҳеч бир асар йўқ, мутлақо. Шунга қарамай, ҳайкал ғойиб бўлган…

Прентиналья етказган хабари қандай таассурот уйғотганини билиш ниятида гапдан таққа тўхтаб, менга тикилди-да, яна давом этди:

– Мана дўстим, сизга айтганимдек, сирли кучлар нағмалар кўрсатиб, уни қандай калака қилишганини ўз хотираларида ҳикоя қилиб берган, худди ўша, аллақандай ғайритабиий, тушунарсиз ва ақлга сиғмас воқеалар юз бераётган Карло Гоцца замонига қайтгандекмиз гўё. Ҳайкал билан боғлиқ бу можарони оддий ҳол, бирда бўлмаса, бирда бари ўз-ўзидан ошкор бўлади дея мени ишонтиришга уринманг… Йўқ, қидирув етарли даражада пухталик билан олиб борилмоқда, бироқ натижадан ҳали-ҳануз дарак йўқ. Сизни ишонтириб айтаманки, Таддео Тальвенти бу сафар жуда саховатли…

Мен диққат билан Прентинальяга назар солдим. У менга сўзлаб берган воқеа дарҳақиқат ғалати эди; бироқ у ҳақиқатга нечоғлик яқин? Ўзидан қўшиб-чатмадимикан? Мени лақиллатмадимикан? Йўқ, у шу топда юрагига ҳазил сиғадиган одамга ўхшамасди. Дабдурустдан у қалпоғини ечди-да, бир неча бор кафти билан пешонасини силади. У ўйга чўмиб, жим турган пайт мен соатимга қарадим. Соат тунги икки эди. Бирдан тинкам қуриб, оёғимда зўрға турганимни пайқаб қолдим. Тушликдан кейинги сайр вақти бошимдан ўтказганим ўша хавотир мени яна ўз комига тортаётганди. Ва ниҳоят, Прентиналья қўшни танобийда кўзи илинган хизматкорларни уйғотиш учун столни қарс урди-да, ўртадаги сукунатни бузди. Шу мақсад учун мўлжаллаб қўйилган тангаларни анави темир тақсимчага тўплар экан, Прентиналья менга шундай деди:

– Кетдик, азизим, кеч бўлди. Эртага тонг-саҳар Римга жўнашим керак. У ерда биргалашиб Сицилияга саёҳатга чиқиш учун лорд Сперлинг билан учрашаман. Бугун сиз билан учрашганим қандай яхши бўлди! Фақат нега энди сизга, жин урсин, бундай ғалати нарсалар ҳақида сўзлаб бердим? Ахир сиз ирим-сиримларга ишонмайсиз-ку…

Прентиналья буларни сўзлай туриб, менга сипориш билан ийманибгина боқди. Сўзлаб берганлари менда қандай таассурот уйғотганини билмоқчи бўлдими? Мен қандай аҳволда бўлсам, турқтароватимда ҳам ҳеч шубҳасиз, бари акс этиб турарди, шу боис у менинг қўлимдан тутди.

– Бу Прентиналья деганлари ғирт савдойи одам-да! Боёқиш дўстим, йигирма тўрт соат йўл босиб поездда келса-ю, камина барини унутиб, қандайдир бўлмағур гаплар билан сизнинг бошингизни оғритиб ўтирса! Ана золимлигу, мана золимлик! Мен сизни меҳмонхонагача кузатиб қўяман. Қаерга жойлашдингиз?

– Ҳозирча “Виктория” меҳмонхонасига. Ўзимбоп бир жой топсам, у ердан ўша заҳоти жуфтакни ростлайман.

Биз Фреццари муюлишини айланиб ўтгунимизча мен унга Каза Трижани билан боғлиқ омадсизликлар ва калламга келган баъзи бир режалар ҳақида сўзлаб бердим. У йўлкадаги тоштахталар устида қўлидаги таёқни у ёқдан-бу ёққа сургаганча гапимга қулоқ соларди. Биз меҳмонхонам эшиги ёнига шу тахлит етиб келдик.

– Бир неча хона… тинч-осойишта мавзелардан биридан… Ҳа, кўнглингиз нимани тусаётганини биламан ва эҳтимол, бу масалада ёрдам бериш ҳам қўлимдан келар. Бироқ, жўнаб кетишим ёнингизда бўлиб, мушкулингизни осон қилишга халал бераётганидан жуда афсусдаман. Шундай бўлса-да, эртага эрталаб мен сизга манзилни, ва унга қўшиб уй-жиҳозларини қаердан топишингиз мумкинлиги ҳақидаги йўл-йўриқни ҳам жўнатиб юбораман. Бир неча ҳафтадан сўнг қайтаман ва биз яна “хитойлик”нинг пойида кўришамиз. Сперлинг сизни шу ерда эканингизни эшитса, роса хурсанд бўлади. Ҳозирча, азиз биродарим, хайрли тун. Бўлмағур хаёлларга берилиб, кайфиятингизни бузманг, Венециямиз сиздан мурувватини дариғ тутмагай!

 

* * *

Саёҳат толиқтирдими, ё асабийлашишимга Венециянинг илк оқшо­мидан олган таассуротларим сабаб бўлдими, уйқум нотинч, узуқ-юлуқ бўлди ва эшик тақиллашидан сал олдин уйғондим.

Дарбон менга мактуб тутқазди. Мен Тиберио Прентинальянинг ажойиб ёзувини ва унинг конверт устидаги муҳрини дарров танидим. Сирли аломатлар ўйиб ишланиб, узукка ўрнатилган қимматбаҳо қизғиш тош муҳр вазифасини бажарганди. Тош, афтидан, қачонлардир ўтган аллақандай оккультизм илми ишқибозига тегишли бўлиб, бундайларни ХVIII асрда Венецияда кўп учратиш мумкин эди. Бу қимматли буюм жаноб Прентиналья ўзиники қилиб олишни яхши кўрган жодугарлар амалларига жуда мос тушарди; шунингдек, бу, кўп нарсадан хабардор ажойиб зотнинг яна бир қирраси эди. Ҳозирги вақтда мени кўпроқ унинг Венецияни жуда яхши билиши қизиқтирарди. Шугина нарсанинг шарофати билан кўнглимдагидек уйга эга бўлишимга заррача шубҳа қилмагандим.

Шундай ўй-хаёл билан мен муҳрнинг сеҳрли мумини буздим. Прентиналья менга шундай ёзганди:

“Азиз ва ардоқли дўстим.

Шундай қилиб, сиз бутунлай венециялик бўлишни ихтиёр этган экансиз, вақтни бой берманг-да, оёқни қўлга олиб, Фондамент Фоскарин, 796- уйга шошилинг. Сиз қадимги Альтиненго аи Кармин қасри эшиги тагига борасиз-да, қўнғироқни чаласиз. Верана хоним эшикни очади ва ижарага мўлжалланган хонаналарни сизга кўрсатади. Мен ХVIII аср услубидаги ҳавасни келтирадиган Венецияда бундан ортиқроқ жойни билмайман. Муносиб тарзда жиҳозланган, сизнинг mezzanino[11] қаватингиз назокатли Казановларгаю ажойиб Карл Гоццига арзирли. Сизга зарур барча нарсаларни мана шу манзилдаги одамлардан топишингиз мумкин. Нима керак бўлса, Верана хоним сиздан ёрдамини аямайди. Қайтганимдан сўнг сиздан ҳол-аҳвол сўраш учун янги истиқоматгоҳингизга, албатта ўтаман. Уйнинг муддатига келсак – биз венециаликлар айтганидек, Non so[12]. Қўлингизни француз таомилга кўра сиқиб қоламан”.

 Сизнинг

 Тиберио Прентинальянгиз.

Мен мактубни букладим. Аслини олганда, илк дақиқаларда нимадан ҳафсалам пир бўлганини билмасам-да, тўғриси, умидворлик борасида ўзимни алдангандек ҳис этдим. Қисқа мулоҳазадан сўнг бунинг сабаби менга аён бўлди. Керакли маълумотларнинг барини Прентиналья менга берган, бироқ хатида орамизда кеча бўлиб ўтган суҳбат тўғрисида лом-мим дейилмаганди. Шу қадар сирли ҳолатда ғойиб бўлган ҳайкал ҳақида ҳам ҳеч гап йўқ эди. Муҳими, манзил қўлимда ва мен уни кийина туриб ҳам ўзимга-ўзим бир неча бор такрорладим: Альтиненго аи Кармини қасри, Альтиненго қасри…

Мен Венецияда иккита Альтиненго қасрини билардим ва тан олиб айтишим керакки, Прентиналья менга кўрсатган Карминига ёнма-ён учинчисининг мавжудлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Ўша номдаги ва унинг гўзал Тьепол фрескали қўшниси Scuola[13] туфайли Кармини черкови менга яхши таниш эди. Бино ичкарисига кириб, нақшиндор қубба зиналардан кўтарилиш ва бир вақтнинг ўзида ҳам шу ерга, ҳам ибодатхонаю рақс танобийсига ўзига хос файз бахш этиб турган, ҳиссиётни жунбишга келтирувчи ҳайкаллар безаб турган муқаддас танобийдаги яримшар шаклидаги лампаларни ҳузур билан томоша қилиш ниятида Скуол эшиги ёнида туриб, қўнғироқни қайта-қайта чалдим ва чипта олиш учун қоровулга бир лира бердим. Черков ва Скуола мени Венециянинг мана шу даҳасига тез-тез жалб этиб турарди, мен бу даҳани халққа яқинлиги учун яхши кўриб қолганим ва бу айниқса Кампо Санта Маргеритада яққол кўзга ташланарди.

Кампо Санта Маргерита Кампо Сан Поло билан бир қаторда Венециядаги энг улкан даҳалардан эди. У бирон-бир муҳим қадимий асари билан эътиборни қаратмаса-да, бироқ мен унинг тош ётқизилган ва атрофи камбағалларнинг уйлари билан ўралган майдонини, баққоллик, атторлик ёки чинни идиш-товоқлар ва мевалар билан савдо қилувчи чоққина дўкончаларини яхши кўриб қолгандим. Бу ерларга файз бағишлаб турган жулдур кийимли тиниб-тинчимас ўйинқароқ болалар тўдасию у ёқдан-бу ёққа ўтиб турувчи аёллар, қовурилган егуликлар ва calamai[14] билан савдо қилувчи дўкондорлару шу жойнинг ўзида жўхори унидан тайёрлаб, камбағалларга улашадиган итальянча полента сотувчилари ва ҳар замон-ҳар замонда бўлса-да, кўп ҳолларда қайиқларда Кармини ва Скуолга келишни афзал билувчи сайёҳларни учратиш мумкин бўлган, қайнаб-тошиб турган чайқов бозори менинг жону дилим эди.

Бироқ мен Альтиненго қасрини излашга бу тарзда киришишни истамасдим. Аксинча, узундан-узун сайрдан пиёда юрибгина ҳузур қилишни хоҳлардим. Бошимдан кечирган тунги саргардонликларим чоғи мени қуршаб олган ўша юракни ўртовчи туйғу ва аллақандай жисмоний зўриқишлар сабаб кўнгилда қолган дилхиралик энди бошқа такрорланмас деб умид қиламан; тоза ҳаво ва қуёшли кун бу нохушликка барҳам беради деб ишонаман.

Энг аввало ресторанда нонушта қилишга қарор қилдим ва меҳмонхонага яқин бўлганига қараб йўл олдим… Scampi[15] ли егулик ва бир шиша Valpolicella[16]дан буюрдим-да, юмшоққина бир нечта қисқичбақани жиғилдонга уриб, кетидан уч-тўрт пиёла вишилловчи шаробдан ютиб олганимдан кейингина руҳий осойишталигим яна бутунлай жойига тушгандай бўлди. Бу туйғуни аллақачон унутгандим ва осойишталикка эришганимни Венеция муҳитига қайтганимдан кўрдим. Меҳмондўст ва тинч бу шаҳардан бошпана сўраб тўғри иш қилдимми?

Бу ўй-хаёллар ҳисоб-китобни тугаллаб, похол пояси суғуриб олинган virqiniaмни ёндиришим учун хизматкор менга candeia[17]ни тутгунга қадар банд этди. Биринчи тортишдан сўнг соатга қарадим. Тош ётқизилган кўчалардан Карлинга ва Альтиненго қасрига жўнаш фурсати етганди. Ўрнимдан туриб йўлга тушдим. Сан Фантинони, Сан Маурицио ва Кампо Морзиндан ўтиб, катта каналнинг маҳобатли истиқболи кўринувчи ер бўлмиш Академиянинг Кўпригига етиб келдим.

Бу манзара менга жуда яхши таниш бўлса-да, барибир, уни ҳар сафар ҳаяжонсиз томоша қилолмайман. Сувли хиёбоннинг бу кўркам эгри-бугри манзарасини ҳам ҳеч қачон бефарқ кузата олмаганман. Ўша туйғуга ҳозир ҳам шундай астойдил берилдимки, энди фақат ўзимни мажбурлабгина йўлда давом этишим мумкин эди. Мен бир вақтлар тез-тез дайдиб юрган ўша соҳилбўйи кўчалар ёқалаб ўзим севган даҳаларимдан бирига етиб олдим. Бироқ ўша куни бамайлихотир дайдиб юриш кўнглимга сиғмаётганди. Қандайдир бетоқатлик мени Прентиналья кўрсатган Альтиненго қасрига тезроқ етиб олишга ундарди. Шу боис Кармин ибодатхонасига олиб борувчи энг қисқа йўлни танладим.

У ердан энди менга Фондамент Фоскаринни ҳам қидириб топиш қийин эмасди. У Санта Маргарита канали бўйлаб жойлашган ва черков кўринган жойдан бошланар эди. Бу энсизгина панжарали соҳил бўйлаб чўзилган йўл кўринишдан анчайин путури кетган, фақирона уйларга бориб тақаларди. Иккита бино бошқалар ичида ажралиб турарди. Улар қачонлардир афтидан қаср бўлган ва ҳозир эса ўзининг қадимги ҳашаматидан мосуво ярим вайрона бинога айланиб, бўлак-бўлак қилиб ижарага топширилганди. Фоскаринига тегишли бинолардан бирига соҳилбўйи кўча номи берилганди; вақтнинг таъсиридан шарти кетиб, парти қолган шунга ўхшаш чоғроқ бошқа иморат Альтиненго қасри эди. ХVIII асрдан қолган бу қаср болохонанинг устидан қад кўтарган уч қаватни ўз ичига олганди. Бинонинг олд томонини қоплаб турган кулранг сувоқнинг баъзи жойлари кўчиб тушган бўлса-да, бироқ гўзал меъморчилик услуби ва бир-бирига ҳамоҳанг деразаю кенг болохоналар қачонлардир бу иморатнинг қандай кўринишга эга бўлганини эслатиб турарди. Унинг олдида тошдан ясалган кўзалар билан безатилган устунли пештоққа ўхшаш нимадир бор эди. Устунларнинг биридан уйнинг барча қаватига қўнғироқ овози баравар таралар эди. Болохоналардан ўтказилган қўнғироқ устида Верана хонимнинг номи кўрсатилган ёзув бор эди.

Бу қўнғироқнинг темир ҳалқасини тортишдан бурун мен, Прентинальянинг кўрсатмаларига амал қилиб кўчиб келиш арафасида турган бир пайтимда, Альтиненго қасрини яна бир бор бошдан-оёқ назардан ўтказиш мақсадида панжарага етгунча орқага тисарилиб, ундан узоқлашдим. Болохона деразасидан бинонинг ижарага берилишини билдириб турувчи йўл-йўл қоғозларгина оқариб кўриниб турарди. Қолган қаватларда чамаси одам яшаса керак. Болохона айвонларидан бирига сариқ, бошқасига гулли туваклар расмига тўла парда осилганди, худди парда ўрнига қандайдир коҳуга тўла сават илиб қўйилгандек эди гўё. Болохонанинг ёпилган дераза-эшиклари роса ўнгиб кетган баргикарам рангига бўялганди. Уйнинг ғарибона ва кўримсиз умумий кўриниши унинг жуда эскирганидан дарак бериб турарди, бироқ шундай бўлса-да, мен ошнам Прентинальянинг дидига ишонардим, шу сабаб, Верана хоним билан юзма-юз бўлишимга ва Альтиненго қасрига киришимга имкон берувчи қўнғироқни дадил тортдим.

Сим ғижирлади ва шундан сўнг олисдан қўнғироқ овози эшитилди. Мен бир фурсат кутиб турдим. Ҳеч кимдан дарак бўлмади. Эшик очилавермагандан кейин яна қўнғироқни чалдим. Сас-садо йўқ. Верана хонимнинг, афтидан, қулоғи оғир бўлса керак. Бир неча қадам орқага тисландим-да, бинонинг олд томонига бошқатдан назар ташладим. Ҳозиргина булут панасидан чиққан қуёш бутун уйни ўз нурига кўмдию, ундаги бор вайрона ва майиб-мажруҳликни ошкор қилди-қўйди. Бироқ бундан заррача ҳафсалам пир бўлмади, аксинча, бу мени ҳатто ғалати бир тарзда ўзига жалб эта бошлади. Мен бирдан сўз билан таърифлаб бўлмас даражада вайрона, ташландиқ иморатдаги жозибани туйдим ва буни барибир ўзимга тушунтиришга уриндим. Бу Альтиненго қасри бир вақтнинг ўзида ҳам шундай олийҳиммат ва аянчли, шундай абгор ва рутубатли аҳволга тушиб қолганди. Атрофдаги жимжитликни айтмайсизми! Кармин черкови олдидаги майдон ҳувиллаб ётарди. Кўприк – тирик жондан холи эди. Сув йўлида занжир билан маҳкамланган иккита бўм-бўш юк кемаси аста инграрди. Cувда кесиб ташланган оқ сабзавот барглари сузиб юрарди. Буларнинг барига итоатлилик ва сирлиликнинг муҳри босилганди, – вақт таъсирида ўзининг тўзиб битган қозиқ оёқларида теб­ранишга шай турган эски, ярим вайрона қаср учун энг муносиб ҳошия! Верана хоним жавоб беришни қанчалик истамасин, барибир, Венециянинг бошқа ерига кўчиб кетиш ниятим йўқ. Яна қўнғироқни чалдим ва яна жавобдан дарак йўқ; охири сабр косам тўлди-да, бошқа қаватларга тегишли қўнғироқ ҳалқасини тортдим. Бу ерда яшовчиларни бир карра безовта қилсам қилибман-да, осмон узилиб ерга тушмас!

Бу сафар омадим чопди, негаки туртиб чиққан айвонларнинг биридан, сариқ, пишиқ газлама парда тагидан бир қария бошини чиқариб қаради-да, бу ўзига хос баланд “минбар”дан туриб, апил-тапил Верана хонимнинг ҳозир Местрда эканини, бироқ эртага тонгда, албатта, қайтишини тушунтирди. Бу хабардан кўнглим таскин топди: эрталабгача уйни ҳеч ким тортиб ололмайди, деб ўзимни юпатдим, чунки сабаби нима билмадим-у, бироқ бу уйни меники деб ҳисоблардим. Шунингдек, бу хабар ҳафсаламни пир қилди ҳам, чунки ҳозироқ қасрга киришни хоҳлардим. Бундай ҳовлиқишдан ўзим ҳам ҳанг-манг эдим. Ғам-қайғу бошимга тушиб, азоб-уқубатларим бошланганидан буён ва мен учун ҳаёт орзу-ҳавасдан холи, ўз такрорийлиги билан аҳамиятини йўқотгандан бери камина чинакам орзу-ҳавасни илк бора ҳис этаётгандим.

Верана хоним йўқлиги, унинг Местрга жўнаб кетгани аслида мени боши берк кўчага киритиб қўйганди; ва айни замонда ёпиқ эшик олдида бунчалик узоқ вақт туролмасдим, устига-устак яна ҳавонинг авзойи бузилиб, осмонни аста-секин қуюқ булут қоплади ва у бутунлай кўринмай қолди. Мен Альтиненго қасрига сўнгги бор назар ташладим-да, биноларнинг ижараси бўйича катта мутахассис ва сирли Венециянинг ажобтовур билимдони бўлмиш дўстим Прентинальянинг сеҳрли бармоқлари, қаерга ишора қилган бўлса, ўша томонга, менда бу ярим вайрона саройга тўсатдан пайдо бўлган ажабтовур қизиқиш тўғрисида ўйлаганча тусмоллаб қўшни “calli” дан кета бошладим. Хаёл шунчалик олиб қочибдики, бир неча томчи ёмғир мени ўзимга келтирмагунича, венецианча шевада Сан Зан Дегол, яъни Сан Жованни Деколлатога[18] бағишланган черков олдидан чиқиб қолганимни сезмай ҳам қолибман. Шунда Шаҳар Музейидан бир неча қадам нарида эканимни эслаб қолдим. Ёмғир тингунча ўша ерга кириб турсам бўлмайдими? Мабодо ёмғир тинмаса, унда Музей жойлашган ер, Фондако деи Туркда тўхтайдиган vaporetto[19] мени тўғри Сан-Марко майдонигача элтиб қўяди.

Шаҳар музейи танобийлари бутун кўҳна Венецияга жон ато этарди. Қачонлардир мен ҳам, венецианча урф-одатлар ҳақида чинакам тасаввур уйғотувчи тўпламлар бўлмиш эстамплар, қурол-аслаҳалар, газмоллар, кийим-бошу уй-жиҳозлари, китоб муқовалари ва бошқа минглаб буюмларни томоша қилиш учун кўп вақтимни шу ерда ўтказардим. Бироқ бу сафар ҳарбий ўлжалару байроқларнинг орасига жойлаштирилган Пиелопонеск Морозинининг портрети бор бош кўргазмага шунчаки кўз югуртирдим-да, кутилмаган шошма-шошарлик билан бир вақтлар неча маротабалаб завқ билан томоша қилган ойнаванд пештахта жойлашган ерга, яқиндагина сирли ғойиб бўлиши тўғрисида Прентиналья сўзлаб берган венеция асилзодасининг кичкина ҳайкалчаси томон йўл олдим. Жуда катта қизиқиш билан унинг ёнига яқинлашдим. Ҳайкалчанинг жойи бўм-бўш эди, бироқ уни ўраб турган барча нарсалар ўша-ўша аввалги ҳолида турарди. Жажжи манзаралари зарҳал билан безатилган Бассано ва Новнинг чинни кўзалари ҳам, оқ чинни пиёлалар ҳам ўша-ўша илгаригидек эди. Фақат сирли табассумли ажиб асилзодагина ғойиб бўлганди, холос. У кимларнинг қўлига бориб тушди экан? Музейда шунча қимматбаҳо буюмлар туриб, ўғри нега энди келиб-келиб айнан шуни танлади? Бундай ўзига хос талончиликка нима сабаб бўлди экан?

Негаки, шубҳасиз бу ерда ўғирлик содир бўлган ва Прентиналья ўз чўпчаклари билан мени алдашга беҳуда уринган. Бундай йўл тутишдан унинг мақсади нима эди? Бемаъни сафсатаси учун мен ундан бироз ранжидим. У мени яхшигина лақма деб ўйларди, бироқ мен, бундай сафсаталарга учиб, ўз ҳаловатимни бузишга имкон беришни мутлақо хуш кўрмайман. Ўғирлик ошнам Прентиналья учун жуда жўн ҳолдек туюларди. Бироқ ҳатто шунчаки оддий жиноят ҳисобланган бу ўғриликнинг ўзи ҳам ғалати бўлиб, замирида қандайдир аниқ мақсад яширинган бу ҳаракатни тушуниш мушкул эди. Дилтортар ижод маҳсулини қўлга киритиш ниятида биронта йиғноқчи атайлаб шу йўлни тутмадимикан? Прентинальянинг айтишича, Венецияда авжига чиққан ва менга ниҳоятда шубҳали кўринадиган ғайритабиий ҳодисаларга буларнинг нима алоқаси бор?

Ёнимдаги қоровулнинг йўтали хаёлларимни тўзитиб юборди. Ойнаванд пештахта олдида узоқ туриб қолганим унинг диққатини тортганди. Келиб-кетувчиларни назорат қилиш вазифаси, шубҳасиз, шу одамнинг зиммасида эди. Менинг кўринишим эса унда шубҳа уйғотганди. Ғайрати ичига сиғмайдиган бу кимса мени тўхтатиб қолишни хаёлига ҳам келтирмади. Бу эса эртага жўнаб кетиб, юзма-юз бўлишимга тўғри келадиган Верана хонимнинг олдида обрўйимни тўккан бўлурди; шу тариқа айёр венециялик оқсуяк ҳайкали мени мазах қилди. Бироқ мен бундай ич қораликни тақдирлаш учун ҳеч бир тадбир қўлламадим. Сирли равишда ғойиб бўлиши билан у шайтонга ҳам дарс беришини исботлаб бўлганди, энди бирон-бир бошқа ҳаракат ортиқча эди.

Меҳмонхонага қайтатуриб калламга келган бундай ўй-хаёллар кўнглимга тасалли берарди. Мен Флориан қаҳвахонасида ўтириб, оқшомда ҳам, тушдан сўнг ҳам фақат шулар ҳақида ўйлашда давом этдим.

Хитойлик”нинг пойида мен билан илгариги оғайниларимдан на Прентинальянинг, на Сперлингнинг ва на Гогенбергнинг йўқлигига қарамай, у ерда бир ўзим эмасдим. Истайманми буни, ё йўқ, у ерга мен ўзим билан сирли венецияликни етаклаб келгандим. Мен унинг зийрак ва истеҳзоли юзини аниқ-тиниқ кўрдим ва қизиқишга лиммо-лим саволларга уни кўмиб ташладим. Бу илтифотли ва маъюс табассумда ўз аксини топган қандай қилмиш бўлиши мумкин? Кўйлак бичимию ясама сочининг шакл-шамойилига қараганда, у, ХVIII аср Венециясига замондош бўлган ва ундаги бор ҳузур-ҳаловату лаззатлардан бебаҳра қолмаган. У шаксиз кўп ва хўп севган ва суюкли ҳам бўлган. Юзини, оқ картондан ясалган баут[20] ниқобига яширган бу одам Прокураций равоқлари остида сайр қила туриб нималарни хаёлидан ўтказди экан? У нимаики қилган бўлса ва нимада қатнашган бўлса, баридан бор-йўғи фақат истеҳзо билан боқиб турган кўзлару лаблари юпқа шу ҳайкалча, ғалати тарзда ғойиб бўлиши ундаги сирлиликка янада сирлилик бахш этувчи мана шу ажиб ҳайкалчагина қолганди.

Бу сафар Верана уйда эди, негаки қўнғироғимга қалъа дарвозаси занжирининг жаранг-журунги жавоб берди. Тирқишча қия очилганди, мен эшикни итардим ва торгина ҳовлида пайдо бўлиб қолдим. Ичкарида пештоқ тагидан кенг тош зина бошланарди. Ўнгда – бошқа, анча пастак, болохона деразасининг эшиги сингари оч яшил бўёқ билан безатилган эшик бор эди. Кўп ўтмай эшик ортидан вазмин ва бўғиқ қадам товушлари эшитилди. Бироздан сўнг қандайдир қўл лўкидонни кўтарди ва мен Верана хоним билан юзма-юз туриш шарафига муяссар бўлдим. Бу, паст бўйли, калтабақай, қорага бурканган, тўртбурчак юзли, кўзлари ичига ботган, сариқдан келган, оқ сочли, ёши олтмишлардаги аёл эди. Кўринишидан шубҳали ва камгап бу аёл менга хайрихоҳлик билан узоқ синчиклаб назар солди. Шундай бўлса-да, Прентиналья номини эшитиши биланоқ юзига табассум югурди ва ҳурматини сақлаган ҳолда букилиб таъзим бажо қилди. Шундан сўнг суҳбатимиз бошланди. Хоним ерга боққанча гапларимга қулоқ соларди. Камина бир амаллаб сўзимни тугатдим. Нега деганда, менинг венецианча шевам ҳали қусурдан холи эмасди, – Верана хоним яна жилмайди. Афтидан энди мен унинг кўзига илк дақиқаларга қараганда анча ёқимтой кўрина бошлагандим, у менга ҳамдардлик билдирди-да:

– Жаноб Прентиналья тўғри айтибди: mezzanino ижарага берилади. Бироқ, хонада узоқ вақт ҳеч ким яшамаганини ва қасрнинг бошқа бўлимлари билан алоқа йўқлиги боис у ерда бутунлай ёлғиз қолишингизга тўғри келиши ҳақида сизни огоҳлантирдими?

Чиндан ҳам мezzanino Верана хоним айтганидек, мутлақо ажралиб қолган уй эди. Унга биз остонасида суҳбат қилиб турган яшил эшикдан кириб бориларди. Торгина ҳовлининг ичкарисидаги менинг кўзим тушган зина эса бошқа қаватларга олиб чиқарди. Агар Верана хоним mezzanino нинг ўзи вақтинча эгаллаб турган битта хонасини топширгудек бўлса, унда шу қаватлардан бирига кўчиб ўтиши керак эди. Агар мабодо мен кўчиб ўтадиган бўлсам, хоним йиғиб-тозлашнию хонамдан кўз-қулоқ бўлиб туришни ва бу хизматлар билан боғлиқ ноқулайликларни бўйнига олишга қарши эмасди.

Верана хоним баён этган унчалик ҳам мақбул бўлмаган бу барча жиҳатлар мени сира иккилантиргани йўқ. Аксинча, бу емирилиб бораётган ғайриоддий уйнинг бутун хароба кўриниши қандай кўнглимга ўтиришган бўлса, қўшниларнинг йўқлигию ёлғизликка маҳкумлигим ҳам худди шундай менга маъқул эди. Барибир мен ўзимни саволга тутдим: Венецияда ижарага бериладиган шунча бинолар турганда, сенга муносиби шу дегандек, Прентиналья нега энди айнан шуни менга таклиф этди экан? Шаҳарнинг оддий одамлари истиқомат қиладиган мавзеларидаги хароба қасрларнинг аксарияти ўзининг қадимги бисотларидан ҳеч нимани сақлаб қололмаганди. У ерлар аллақачон антиквар ишқибозларининг чиғириғидан ўтиб бўлганди. Прентиналья менга йўллаган мактубида нималарни ёзмасин, Палаццо Альтиненго ўша қисматга рўбарў келиб бўлганди. Бундан ташқари, қасрнинг на ташқи кўринишида ва на унинг ҳолатида ҳеч бир гўзалликдан нишон йўқ эди. Шунга қарамай, мени Верана хонимга рўпара қилишдан Прентинальяда ўзига яраша важ-корсон борлигига энди менда шубҳа қолмаганди. Нима бўлганда ҳам болохонани бир кўздан кечириш керак.

Верана хоним истагимни бажо келтиришга рози бўлди. Мендан олдинга ўтиб, йўл кўрсатишига тўғри келгани учун у одоб билан мендан узр сўради. Эшик ортида деярли қоп-қоронғи зина бор эди; оёғим остидаги унинг пиллапоялари сийқаланиб кетганини сездим. Ундан кўтарилар эканман, деворларнинг шўралаб кетганини пайқадим. Альтиненго қасрининг жуда зах бўлиши турган гап эди. Яна йилнинг энг яхши даврида-я! Унда қишда аҳвол қандай бўлади? Верана хоним берк эшик олдида тўхтаганида, мен унинг эътиборини айни шу масалага қаратмоқчи бўлдим.

Остонада турганча бирмунча ажабланиш ва юзаки ишонч билан яхлит, серкўз ёғочдан ясалиб, мис гардиш қопланган, тарам-тарам йўлларига обдан ишлов берилган эшикка синчиклаб разм солдим, негаки у чиндан ҳам гўзал эди. Верана хоним ишдан чиққан лўкидон билан куймаланиб турганида, мен полдаги қора ва долчин рангли плиталар орасида нимадир ялтираётганини кўрдим. Зич қилиб қатор терилган майда мармар бўлаклари орасига садаф доначалари сийрак қилиб сепиб чиқилганди. Бу ғайриоддийлик мени қизиқтириб қўйганди. Шунда ёдимга Прентиналья тушди ва у нега Альтиненго қасрини томоша қилишга арзигулик жой деганини ва қадим замонлардаги аллақандай венецияликнинг ясама холига ўхшаш остонасига майда садаф доначалари сепилган, олис ва овлоқ Кармини мавзеидаги бу mezzanino ни Верана хонимдан нега ижарага олишни менга маслаҳат берганини ҳам энди англай бошлагандим.

Биз кирган йўлак кенгбаргина эди. Деворлар ганчкори бўлиб, қизғиш ранг устунлигидаги кўкимтир мураккаб ҳандасавий ва ислимий нақшлар билан дид ила безатилганди. Шифтида ҳам худди ўшандай, ғира-ширада қанақа мавзудалигини англаш мушкул бўлган ганчдан тумор шаклида ҳошияланган нақш бор эди. Бир қарашдаёқ, буларнинг бари ҳаддан зиёд эскириб, путурдан кетганни сезиш мумкин эди. Девордаги бўёқлар кўпчиб, сувоқлар ёрилиб кетган бўлса-да, фақирона ва маъюс, кўҳна Венеция уй-жойларининг мафтункорлигини намоён этиб турган нафосату назокатлар таназзулга юз тутгани муқаррар эди. Йўлакдан ўша, серкўз, тарам-тарам ёғочдан ясалган бир нечта эшик бинонинг турли ерига олиб чиқарди. Верана хоним кенг хонанинг эшигини ланг очиб юборди ва у ер қанчалик қоронғи бўлмасин, қадимги яшил мармартошдан ясалган, серҳашам каминни мен барибир дарҳол пайқадим. Хоним муқаддас Маргарита анҳори томонга қараган деразани очганида эса камин яна-да яққолроқ намоён бўлди. Хонада каминдан бошқа эътиборни тортувчи ҳеч нима йўқ эди, гулқоғоз парчалари деворда осилиб ётарди. Тўғрисини айтсам, бу ер яшашга мутлақо яроқсиз бўлиб, мен энди Альтиненго қасрига кўчиб келишдан қўрқа бошлагандим. Шу боис энди навбатдаги хоналарни кўргани Верана хонимнинг ортидан истар-истамай эргашдим. Аввалгиларга нисбатан таққослаб бўлмас даражада яхши сақланган бу иккинчи хона ўзига хос тарзда обдан пардозланганди. Тўғри, шифтида ёрилган жойлар анчагина эди, уни қачонлардир тўлдириб турган намоён (панно)нинг ҳам матоси тўзиб, кейинчалик устига бўёқ суртиб чиқилганди, бироқ маҳв этилган бу намоён ганчкори ислимий нақш билан ўралган ва энг тепаси ниҳоятда нафис ишланган афсонавий шакллар туширилган тумор билан безатилганди. Кошинли полда эса осмондан ёғилгандай хонанинг тўрт бурчагидан чиққан ёруғ дунёнинг мўл-кўл неъматларию гул ўрамлари тасвирланган жуда кўп нақшлар хонага кўрк бағишлаб турарди. Бари биргаликда меъморнинг диди нечоғлик нозиклигинию рангларнинг бир-бирига қандай ажойиб тарзда уйғун келганини намойиш этарди. Афсуски, булардан фойдаланиш имконини кўрмаётгандим, шу боис бу ердан фақат ёқимли хотираларнигина олиб кетишни ва маъбудчаларимни жойлаштириш учун эса бу ғалати mezzanino дан ва ҳаддан ташқари ноқулай Альтиненго қасридан бошқа бирон жойни излаб топиш фикри менга маъқулдек туюлди. Бу ҳақда Верана хонимга оғиз очмоқчи эдим, бироқ у ғойиб бўлганди, шу пайт мендан аввалроқ кирган хоним навбатдаги хонанинг деразасини шарақлатиб очиб юборди ва мен ҳайратдан донг қотиб остонада туриб қолдим. Оҳ, дўстим Прентинальяни мен шундагина тўғри англай бошлагандим!

Бу деярли чорси, иккита деразали танобий бўлиб, деразалар ўртасига сариқ мармардан камин ишланганди ва унинг устидан жимжимаси зарҳалли кўзгу илиб қўйилганди. Девор бўёғи мармартош рангига ва қадимий олтинга мос тушганди. Деворлар ёқимли малла рангга бўялган бўлиб, улардан асал ҳиди анқирди, бу мўъжизавор ва нафис рангнинг устидан чекилган барча услубдаги тенг ёнли жимжимадор безаклару оппоқ ганчкори нақшлар бир бутунликни ҳосил қилган эди. Шакл-шамойили кишини лол қолдирувчи бу жимжимадор нақшлар, тилларанг ва қора бўёқлар Хитой ҳаётининг манзараларини акс эттирган бўлиб, хонанинг учта деворини қамраб олган оқ чиннига туширилган улкан суратни ҳошиялаб турарди. Ҳар бир расмнинг ўнг ва чап томонида худди шундай ганч ҳошияли яна иккита чоғроқ бошқа намоён ҳам бор эди. Шифтига кам- кўсти al fresco шаклидаги қушлар, гуллар ва ҳашаротлар расми билан тўлдирилган ўшандай хитойча услубдаги безаклардан пардоз берилганди. Фарш қилинган полнинг у ер-бу ерига садаф бўлакчалари сочиб ташланганди ва меҳмонхона бурчакларидан бирига ўрнатилган сариқ мармартош ҳошияли маҳобатли кўзгудан эса хонадаги бор ҳашамату эртакнамо жилвадор манзаралар фавқулодда мафтункор ва сирли акс этиб турарди.

Венециянинг нафис ганчли нақшларини мен кўп маротаба ҳузур билан томоша қилганман, уларда венециялик ҳунармандларнинг маҳорати манаман деб турарди, бироқ ҳозир кўз ўнгимда намоён бўлган, киши хаёлини аллақаёқларга етакловчи беназир ижод маҳсулини ҳали ҳеч ерда учратмаганман. Кўзгулар, ислимий ва яна бошқа услубдаги жимжимадор нақшлар, шакллар, чиннилар – барчаси ўзининг нафислигию кўркамлиги билан тенгсиз нафосатни ўзида мужассам этганди. Олд томони кулранг ва шарти кетиб, парти қолган дераза қопқоғи яшил, кир ва ис босиб кетган эски ва аянчли кўринишдаги бу қадимги қаср ичида бундай тасодифий мўъжизани учратиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаса керак. Венециянинг бир тупкасидаги ташландиқ бу кўҳна қасрга каминани жўнатаётиб, Прентиналья мана шу нафосат мени асир этишини олдиндан сезган! Ўзининг олислигию осойишталиги билан мендек ғарибни ўз бағрига олиб, уни хушбўй бол исига тўйинган муҳити билан эркаловчи, орзулар томон етакловчи, нақшлари билан хаёлимни банд этиб, дилгир кезларимда ёқимли ўйинчоқлари суҳбатдошимга айлангувчи, хитойча тасвирлар билан мени юпатишга тайёр тургувчи бундай масканни мен яна қаердан топардим?

Мен Верана хонимга ўгирилдим-да:

– Бу жуда менбоп жой экан, Верана хоним. Марҳамат қилиб, шартномани ҳозирлайверинг, бу ерга мумкин қадар тезроқ кўчиб келмоқчиман, – дедим.

Келганимдан бери чурқ этиб овози чиқмаган Верана хоним хўп дегандек бошини ирғади. Бундай гунглик менга яхшилик аломати бўлиб туюлди. Хўжалигимни бошқариш арафасида турган хонимнинг эзмалигидан хавотирга тушишга ўрин йўқ эди. Уй бошқарувчиси бўлишга лойиқ бу ичимдагини топ дегувчи аёлни фақат орзу қилиш мумкин; ҳа, уни мен айнан шундай ном билан атагим келарди, негаки, Верана ўзини оғир-вазмин тутиши билан одатдаги хизматкорлардан жиддий фарқ қиларди. Тўғри, хушфеъл опа-сингил Трижаниларнинг қўлидан келадиган ноз-карашмаларни у эплай олмасди, бироқ, барининг эвазига, унчалик ҳам жозибадор бўлмаган, лекин боодоблиги юз-кўзида акс этиб турган бу мўътабар аёлнинг жиллақурса, одатлариму зарур талабларимни ҳурмат қилишига ишонардим.

Вестибюлнинг бошқа тарафида mezzanino таркибига кирувчи яна бир нечта хона бор эди. Верана хонимга эргашиб, мен ҳам ўша томонга ўтишимга тўғри келди. Унча катта бўлмаган ошхона билан ёнма-ён жойлашган шу хоналарнинг бирида хонимнинг ўзи вақтинча қўним топганди. Хоним, мен кўчиб келишим биланоқ қаср қаватларидан бирида яшовчи дўстлари ёнига кўчиб ўтишини айтди. Бинобарин, шу тариқа мен ўз маконимда бутунлай ёлғиз қолишимни аёл шу тариқа маълум қилиб, мени олдиндан огоҳлантириб қўйди. Хоним у ерга фақат мен ундан илтимос қилган майда-чуйда юмушларни бажариш учунгина келиб-кетиши мумкин экан. Яшашга бирмунча яроқли бўлган мана шу хонадан бошқа, саройнинг қолган ярми батамом хароб аҳволда бўлиб, ана тўкиламан-мана тўкиламан деб турарди. Менга тегишли жойнинг охири катта танобий бўлиб, ташқи зинасидан полизи ва бир қанча дарахтлари бор боққа чиқиларди. Боғ этагига антиқа бино тушганди. Ундаги устунларни ва безакларни кўриб ибодатхонами, дейсиз, аслида бу қасрга тегишли эски Казино[21] эди. Мен буларнинг барига хийла бепарво назар ташладим. Камина тезроқ ганчкори танобийга қайтишга ошиқардим.

Қуёш нуридан унинг тилларанг жилоси яна-да мафтункорроқ бўлиб кетганди. Умидбахш ғамгинликка тўла танобийда баён этиб бўлмас ҳаяжондан нафасим сиқаётганини ҳис этдим. Бу ерларга мен қайси қонунга асосан бостириб кирдим? Эгасиз қолган бу ташландиқ ер менинг ташрифимга зор эдими? Аслини олганда, уларнинг сирли оламига суқилиб киришга мени нима мажбур этди? Эй воҳ, тортинчоқ мусофир бўлиш ҳар ҳолда менинг қўлимдан келмаса кераг-ов! Мен ўзим билан на ёшликка хос хурсандчиликнию ва на саломатлик йўлдоши бўлмиш табассумни ҳадя эта оламан. Ҳаёт билан деярли алоқани узганман, айни пайтдаги аянчли аҳволдан мени халос этувчи бу шаҳар билан ўтмишдаги муносабатларимни тиклаб, қайта жонланиш умидида Венецияга ташриф буюргандим! Беҳуда уринишу телбанамо орзулар! Эски Альтиненго қасри ўзининг чалажон сукунати бағридан оёғини гўр тортиб турган бир ғарибдан бошпанасини дариғ тутмас деб ўйлайман. Ва мен мармар ҳошияли улкан кўзгуда ўзимни жуда олисда, тушуниб бўлмас хира бир алпозда турганимни кўрдим, гўё вужудим тўсатдан безабон кўланкалар оламига тушиб қолгандек эди…

 

* * *

Янги бошпанамни эпақага келтириш учун роса бир ҳафта керак бўлди. Энг биринчи бажариладиган иш, у ерни обдан тозалаб чиқиш эди. Бу юмушларни Верана хоним иккита қўшни кампир кўмагида уддалади. Улар деворларни артишди, кошиндор фаршларни сувни аямай астойдил ювишди. Икки ёрдамчи шу ишлар билан андармон бўлиб турганда, қасрнинг бир бурчагидаги ўзимга тегишли уй учун зарур жиҳозларни излаб топишга киришиб кетдим. Жўнаш олдидан Прентиналья менга қолдирган маълумотлар ёрдамида тўшаги ҳали яп-янги, ўзи ялтираб турган темир каравотни ва барча асбоб-анжомларга эга пардоз курсисини ижарага олишга муяссар бўлдим. Ўзимга зарур ёстиқжилд ва чойшаблар ҳам сотиб олдим. Мебелга келсак, эртаклардагидек шундай ажойиб ­уйимни, қандайдир дидсизлик маҳсули бўлмиш жиҳозлар билан кўримсиз аҳволга келтириш фикридан кўнглим беҳузур бўлди ва мен ҳурматли Лоренцо Зотареллига мурожаат қилишга қарор қилдим.

Зотарелли – венециялик антиквар. Бу одамни бир вақтлар менга ундан мамнун бўлган дўстим С. тавсия этганди ва бундан сира афсус чекмадим. Тўғри, Зотарелли сотаётган буюмларининг барини чиндан ҳам қадимдан қолган деб бўлмасди, бироқ, буни очиқдан-очиқ тан олмаса-да, шубҳали буюмларни таклиф этатуриб, у одоб билан билинар-билинмас маъноли жилмайиб қўярди, чунки баъзи бир малакаси етарлиларга унинг моли сохталигини билиш чўт эмасди. Борди-ю, харидор огоҳлантиришни назар-писанд қилмай, ўз билганидан қолмайдиган бўлса, унда Зотарелли эътироз билдириб ўтирмасди. Ҳамма нарсанинг меъёри бўлганидек, ундан ҳам керагидан ортиғини талаб қилиш инсофдан бўлмасди. Ҳар бир касбнинг ўзига ярашиқли ахлоқ-одоб қоидалари бўлади ва булардан Зотарелли ҳам мустасно эмасди. Нодон ишқибозу ўзига бино қўйган ўзбилармонларнинг жазоси шу! Шундай қилиб, савдодаги бундай тушунмовчиликларни Зотарелли ўзидан соқит қиларди, бундан ташқари, у, ҳақиқатан ҳам жуда самимий ва илтифотли, буюрилган ишдан бўйин товламайдиган, ҳожатбарор инсон эди.

Унинг Спадарида, Сан-Марко майдонининг орқа томонида чоғроққина дўкони бўлиб, у ерда шиша буюмлардан тортиб, чинниларгача, тўрдан тортиб, майда-чуйда безак буюмларгача тартибсиз уйиб ташланганди; лекин унинг Санта Мария Формоза ёнида булардан каттароқ буюмларга мўлжалланган яна битта дўкони бор эди. Менинг Зотареллига жуда кўп ишим тушарди, негаки, камина гарчи ноёб буюмлар йиғишга ишқибоз бўлмасам-да, Венецияда бўлганимда, ундаги қадимдан қолган унча-бунча буюмларни жон-жон деб харид қилишдан ўзимни тия олмасдим. Шу боисдан айни вазиятда унга мурожаат этишим мутлақо табиий ҳол эди; мабодо жўнаб кетгудек бўлсам, уларни мен яна қайтариб олиши учун қадимий уй жиҳозларининг зарурини айнан унинг ўзидан сотиб олишни истардим.

Спадаридаги дўконга кирганимда, Зотарелли ўровдаги гулли шиша идишлар, ҳайкалчалар, балюстрадалар[22] ва устунли пешайвонлардан иборат мураккаб тузилмали сюрту детабель жамламасини битта-битта олиб столга териб қўймоқда ва стол устида ихчамгина, нафис, гўзал боғ вужудга келмоқда эди. Ўзининг сермашаққат ишига шўнғиб кетган антик­вар кириб келганимни сезмай ҳам қолди ва мен аввал бундай ишга ҳеч қўл урмаган бўлсам-да, уни узоқдан бемалол кузатишим ҳам мумкин эди, бироқ мени сотувчидан кўра унинг буюмлари кўпроқ қизиқтириб қўйганди. Зотарелли кўзимга калласи катта, қўллари чаққон, паст бўйли бақалоқ одам бўлиб кўринди. Унинг эпчил ҳаракатларига маҳлиё бўлиб қараб турарканман, бирдан менга кўзи тушиб, қувонганидан қичқириб юборди. Шундан сўнг ишга алоқадор қизғин суҳбат бошланиб кетди, унга Альтиненго қасри хусусидаги фикрларимни тортинмай, эркин баён қилдим. У ерга кўчиб боришим уни хиёл ажаблантирди, шекилли, менга ғалати қараб қўйди. Прентиналья номини эшитиши биланоқ афтида онийлик бужмайиш пайдо бўлди ва мен буни ўзимча бирон-бир можаро билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйладим. Юзидаги бу ўзгаришга у ҳеч бир қўшимча изоҳ бериб ўтирмай, мени зудлик билан Санта Мария Формозадаги дўконига таклиф этди.

Ўзимга энг маъқул мебелни танлаганимдан сўнг у деди:

– Демак, мен буларнинг барини Альтиненго аи Кармин қасрига, Верана хоним ҳузурига жўнатишим лозим.

Бундан чиқди, у Верана хонимни билар экан-да? Бу аёлнинг кимлигини билиш учун бундан яхши имконият бўларканми! Бу хотин ким ўзи? Унга ишонса бўладими? Ярим вайрона бу қаср қаватларидан бирини ижарага бериш ҳуқуқини у қандай қилиб қўлга киритди экан?

Одатда сергапгина Зотарелли саволларимга эриниб сукут сақлашни маъқул кўрган кишидек истар-истамас жавоб берарди. Верана хоним – яхши оиладан чиққан аёл, у кўп қийинчиликларни бошдан кечирган. Зотарелли аёлни биларди, десак ҳам бўларди, билмайди десак ҳам. У илгари Венецияни тарк этганди. Бу аёл, афтидан, анча ҳурматга лойиқ инсону бироқ, у тўғрисида Зотарелли узил-кесил бир нарса дейишга ботинолмаётганди. Одамларни билиб бўлармиди! Шубҳали нарсалар тўғрисида гап кетганда, киши қай аҳволга тушса, Зотареллининг ҳам юз-кўзида худди ўшандай ифода намоён эди. Ҳафсалам пир бўлди. Охирига етмай қолган бундай чала-чулпа гап кимга керак! Саволнинг кетидан қуваверганим унинг охири ғашига тегдими, хиёл қўрслик билан деди:

– Мен бошқа ҳеч нима билмайман. Саволларингиз ҳам бор бўлсин! Уларни сизни Альтиненго қасрига юборган ўша жаноб Прентинальяга беринг-да, ундан сўраб-суриштираверинг! Ҳа, дарвоқе, яна бир нималар ёдимга тушди: бу Верана деганлари, бир вақтлар Каза дельи Спиритда лорд Сперлингнинг қўлида хўжалик бошқарувчиси бўлган. Сўнг аёл у ердан кетган. Гап-сўзларга қараганда, аёл Альтиненго қасрида оилавий пансион очиш ниятида бўлган, бироқ бу уй омонат, устига-устак жиддий таъмирталаб ҳам эди. Ва бундан ташқари… бундан ташқари… Айтганча, сизга бошқа ҳеч нима керак эмасми?

Венециянинг ҳаёт қайнаб-тошган даҳасию Сан Марко ва Спадаридан олисда хилват бир жойдаги бу кўҳна қасрда яшашни ихтиёр этишим, чамаси олийҳиммат Зотареллини таажжубга солганди. У ҳеч бир гапни очиқ-ойдин гапиришга одатланмаганди, бироқ режаларим унга маъқул эмаслиги сезилиб турарди. Мебелларини Фондамента Фоскариндаги олис mezzanino га олиб кетишларини у маъюс ҳолда кўз олдига келтирарди. Шунга қарамай, у, жиҳозларни ўз манзилига эртагаёқ жўнатиб юборишга ваъда берди, бунинг устига, одатда, хизматга доим ҳозиру нозир бундай одамни, молларни шахсан кузатиб боришни, боргач эса жой-жойига қўйишга ёрдамлашишни таклиф этмагани мени ўйлантириб қўйганди. Зотареллида Прентинальяга, Верана хонимга ва Альтиненго қасрига қарши ҳали мен англаб етолмаган қандайдир янглиш фикр мавжуд эди. Венецияликларнинг қалби сир-синоатга тўла эди ва шу боис ҳам қимматли антиквар дўстимдан бундан ортиқ маълумот ололмаслигимга кўзим етганди.

Тушликкача менга ҳали бирталай ишлар мунтазир эди. Турар жо­йимни тартибга келтириб берган икки кампирга Риальтадаги дўкончадан шолрўмол харид қилмоқчи эдим. Энди ўша томонга йўл олай деб турганимда, бирдан мазам қочиб, ўзимни беҳол сеза бошладим. Бошим айланиб, назаримда, ўзимни ҳозир ташлаб юборай дердим. Бу пайтда мен Санта Мария Формоза черкови ёнида турардим. Rioда бўш гондола чайқалиб турарди. Мен гондолачига ишора қилдим. У қуйига энган зинапоянинг олдига келиб тўхтади. Яқин орада айланиб юрган rampino[23] гондолани ўзининг чангаги билан ушлаб қолиш учун югуриб келди. Ўзимни ёстиққа ташладиму бироз ўзимга келгандек бўлдим, бироқ бу воқеа ҳали тўла қувватга кирмаганимни англатиб турарди. Келган куним оқшомдаги ночор аҳволим кўзимни каттароқ очиб, ақл билан иш кўришим лозимлигидан дарак берганди. Кўл бўйлаб сайрдан сўнг аҳволим яхшиланиб қолса керак, деб ўйлагандим. Зўриққан асаблар учун бундан ортиқ даво борми!

Ҳузурбахш Венециянинг бундай саёҳатлари менга ҳамиша завқ бағишлаган. Мен фақат шу мақсадни кўзлабгина гондоладан фойдаланардим, бошқа пайт унга кўпам ишим тушавермаган, одатда кўпроқ яёв юришни маъқул кўрганман. Бироқ ҳозир кўчада юрадиган аҳволда эмасдим. Агар ёстиққа бошимни қўйиб, енгил қайиқнинг бир маромда тебраниши жонимга оро кирмаганида, дардманд аҳволим бундан бешбаттар бўлиши мумкин эди. Мен ижарага олган гондола ажойиб чиқди. У гондолалари таклиф этилиб, barcaroi[24]лари пойгада соврин олган гондолалардек premiata[25] эди. Менинг barcaroiим эса баланд бўйли, хушбичим, чаққон ва тажрибали эшкакчилардан бўлиб, билишимча, у эшкак эшишда биринчилардан эди. Биз, Санта Мария Формозани Фондамента Нуоведан ажратиб турган масофани тез сузиб ўтдик, бу ерда деи Мерканти дарёси кўкда ва сувда ўзининг қудратли ва улуғвор мармарсимон кўприги аркини намоён этганча кўлга қуйиларди.

Кўлга мана шу rio бўйлаб Мендикант кўприги тагидан кириб бориш менга жуда ёқарди… Унинг кетидан ўша заҳоти бир зайлда рангини ўзгартириб турувчи сув теп-текис, ёйилиб оқарди. Венецияни ўраб турган бундай ноёб ва кенг денгиз ойнасини ҳеч қаерда учратмайсиз. Ўлик кўл деб аталувчи кўлнинг бу қисмида сув кўтарилиши кам учрайди ва гўё ўз номини яхшироқ оқламоқчи бўлгандек, у Ўлик оролларни, тушимиздагина кўрадиган ўша қалъанамо, қирмизи кунгурали деворли қизил Сан-Микелни ювиб турарди. Яна шу кўл ўзининг мудроқ босган сувлари, мангу сукунати билан бошқа оролларни ҳам ўраб олганди ва Сан-Микел билан биргаликда, Венеция ороли билан қўшничиликда унинг бир-бирига яқин турган шимолий тўп ороллари (архипелаги)ни ташкил этарди: Мурано – улкан ўчоқларида шиша қайнайдиган маскан; Бурано – тўр тўқувчи аёлларнинг абжир қўллари венецианча тасаввурдаги энг гўзал нақшлар тўқийдиган ер; Торчелло ва Мазарбо – ўзининг франсис­кача сарвларини тенгсиз танҳо сувда акс эттирувчи, кишини талвасага солувчи Сан Франческо ин-Дезерто ин қурган маскан. Гарчи кўл нурнинг ажиб товланишидан баъзи-баъзида ранг-баранг тусда жилоланиб турса-да, бари ўзига хос тушкун кайфиятни бир бутунликда акс эттирарди. Мен у ерда рангларнинг ажойиб ва ғаройиб товланишини кузатишга муяссар бўлганман, бироқ, одатда у ерда ғам-ғуссадан холи қайғули таассурот, афсусдан холи умидсизлик, қўмсашдан холи ёлғизлик ҳукмрон эди, – бу маскан сокинликка, бир турлиликка ва хомушликка маҳкум эди.

Ўша куни, – айтиб ўтишим лозимки – бари бениҳоя маъюс кўринди. Ҳаддан зиёд нафис туман кўк билан об-ҳаёт ўртасида тўлқинланиб турарди. У Сан-Микелни сернам ва енгил чойшабга буркаб ташлаган, Муранони эса тасаввурдаги оролга ўхшатиб қўйганди. Бу кунни олис сайрга отланишга арзирли кун деб бўлмасди, очиқ кўлдан лаззатланиш эса, у, шунга ўхшаш қош қорайганда келгувчи ўзгача туйғу – ҳаётдан буткул алоқани узиш туйғуси. Бунинг устига анча кеч кириб қолганди ва мен гондолачига шаҳарни айланиб ўтишни, сўнг Канарежо бўйлаб қайтишни буюрдим. У дарров мен айтгандек қилди. Гондола эшкакнинг бир меъёрдаги шапиллаши остида майин сирпаниб борар эди. Мен чала юмилган кўзларим билан товушга қулоқ тутдим; кема қуйруғидаги қадам товушларини, дарахт ва сувнинг ҳар турли шовуллашини бепарво тинглардим. У мени, яна ҳис этишга тўғри келган ўша номаълум ғам-ғуссадан, ваҳимага ўхшаш асоссиз надоматдан чалғитарди. Бироқ бу бемаъни туйғунинг келиб чиқишига ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Шундай бўлса-да, қўзғалмас сув бўйлаб ҳаракатланиб борганимиз сари мендаги хавотир ортиб борарди. Мен хаёлларимни Зотареллидан олган жиҳозлару Альтиненго қасридаги нақшларнинг баъзи бир қисмларига ва ҳатто олдинда турган тушлик таомномасига қаратиб, ўзимни чалғитишга бекор уринган эканман. Барига қарамай, азоб бермагунча тинчимайдиган зўриқтирувчи бу туйғу менга ўз зулмини ўтказа бошлаганди. Азбаройи аҳволим танглигидан, юракни ғам-ғуссадан фориғ қилиш мақсадида гондолачи билан гурунглашишга қарор қилдим-да, унга томон ўгирилдим. Шубҳасиз, у бу ҳаракатимни биз қаердамиз деган саволга йўйди ва менга Венеция кўлидаги дўнгликнинг энг чеккасида, туманлар ичида юксалиб турган тўртбурчак бинони кўрсатди ва эшкакка энгашганча қичқирди:

– Бу – Каза дельи Спирити бўлади, жаноб.

Биз чиндан ҳам Каза дельи Спирити рўпарасида турардик. Мен уни сўнгги бор, лорд Сперлинг ҳар хил ҳангоматалаб кўзлардан яшириб, албатта, руҳий изланишлар лабораториясини жойлаштириш учун лорд Сперлинг сотиб олишидан аввал кўрганимда қандай бўлса, ўшандайлигича турарди, заррача ўзгармаганди. Негаки, Сперлинг оккультизмнинг[26] ашаддий мухлиси эди… Мен у билан илк бора танишган ўша кезлардаёқ у бу мавзу билан шуғулланарди. Каза янги вазифасию янги хўжайинига қарамай, ўзининг аввалги кўринишини деярли сақлаб қололганди. Ташқи кўриниши бирон-бир ўзгаришга учрамаганди; бинонинг олд томонига аввалгидек, сариқ рангли сувоқ тортилганди. Лорд Сперлинг илгари бекитиб ташланган бир неча деразани аслига келтириш билангина чек­ланди, ишдан чиққан айвонларнинг айрим кам-кўстини тўғрилади, италь­янча уй-жойларга бу қадар хос, баландда жойлашган, саллага ўхшаш қалпоқчали мўриларни қайтадан қуришни буюрди ва Прентиналья айтган ўзгаришларни фақат ичкаригагина киритди, холос. Эҳтимол, Каза, Сальвиццилар авлодининг қадимдан қолган бу қасри лорд Сперлингнинг кўнглидагидек кўринишини сақлаб қолгандир. Унда дид ҳам, билишга интилиш ҳам етарли эди. Мен унинг уйида бўлган ўша кезлар ёки биз, Гогенберг ва Прентиналья билан бирга Флориан қаҳвахонасида “хитойликнинг пойида” у билан учрашганимизда, унинг Венецияда ўз келажагини тиклашга тайёргарлик кўриш учун жуда кўп қадимий буюмларни сотиб олаётганига гувоҳ бўлгандим. Ўша пайтларда у меҳмонхонада яшарди ва сотиб олган бойликларини савдогарларнинг омборхоналарида сақларди. Энди улар чамаси, у ердан айвони кўлга қараган боғи бир вақтлар қаровсиз қолган, назаримда ҳозир нақшинкор панжаралар оша деярли сувгача осилиб тушган дарахтларию қалин атиргуллари обдан текисланган Каза меҳмонхоналарини безатиш учун олиб кетилган.

Туман сирли жозиба бахш этган Каза дельи Спирити, шундай гуллаб-яшнаган айвони бўлишига қарамай, ўзининг жозибали кўринишини сақлаб қололмаганди. Лорд Сперлинг шубҳасиз, машғулоти учун ўзига ғоят боп жойни топганди. Руҳларни чақиришда ва яна бошқа баъзи бир тажрибаларини ўтказишда унга халақит берувчи бирон зот бу ерга яқин йўламасди. Бу тажрибаларнинг табиати Сперлингнинг Вильям Крукс­нинг шогирди бўлганига ҳеч шубҳа қолдирмасди! Мен аввал тилга олганимдек, Сперлинг “хитойлар” давридаги нариги дунё муаммолари билан шуғулланган. Уни, вазн йўқотиш, нарсалар жойини ўзгартириш, сирли гулларнинг пайдо бўлиши, моддий тус бериш, фотографик пластинкага қайд этиб қўйиш каби ғалати ҳодисалар борасида Англия олимлари эришган ажойиб натижаларни ҳикоя қилиб берганини кўп бора эшитганман. Назариядан сабоқ олиб бўлгач, Сперлинг, энди, албатта, амалиётга ўтишни хоҳлаганди. Омма берган ва унга яхшилик аломати бўлиб туюлган ном, шубҳасиз, Каза дельи Спиритини сотиб олишга туртки бўлганди. Крукс бу барча “мўъжиза”ларга алоҳида ғайритабиий қобилияти ёрдамида эришганди ва Сперлинг ҳам унга шундай восита билан эришиши лозим эди. Бу масалада Венеция зарур одамларни етказиб беришга доим тайёр турарди. Зотареллининг айтишича, илгари Сперлингда хизмат қилган Верана хоним, Сперлингнинг баъзи бир руҳий тажрибаларида ҳам ўзи иштирок этмаганмикан, иккинчидан – Шаҳар Музейидан тасодифан ғойиб бўлган кичкина бюст билан Флориан қаҳвахонасида учрашганимизда иримчи Прентиналья сўзлаб берган фантасмагорик ҳодисалар ўртасида бирон боғлиқлик йўқмикан, дея ўзимга савол бердим. Нима бўлганда ҳам, бунинг менга кўпам дахли йўқ. Энг муҳими, Прентиналья менга Альтиненго қасрини кўрсатди ва яна бундан-да муҳимроғи – бу Верана хоним ўз зиммасига олган вазифани қанчалик пишиқ-пухта бажара олишида. Шаҳар Музейидаги мафтункор ҳайкалчага келсак, у ўз жойидан қандай йўл билан ғойиб бўлган бўлмасин, – бу ўғрининг ишими, ё сеҳргарнинг, – бунинг менга ҳеч қандай алоқаси йўқ! Ҳайкалчада тасвирланган назокатли венециялик асилзода, у ёки бу тарзда устомонлик билан жуфтакни ростлашнинг уддасидан чиқа олган. Турган гап, у ҳаётда кўп саргузаштларни бошдан кечирган, бироқ бу сўнггиси унинг истеҳзоли жилмайиб турган соясига мос тушган.

Буларнинг бари ҳақида фикр юритгунимча, гондола аллақачон Канарежога етиб келганди. Ортимизда туман босган кўл суви ястаниб ётарди, бирдан туз ва балчиқ иси димоққа урилди. Олдиндаги шовқин-суронли ва путури кетган бўлса-да, ҳали жозибасини йўқотмаган хушманзара қирғоқда кўҳна қасрлар савлат тўкиб турар, улардаги фонус ва дераза чироқлари бир-бир ёна бошлаганди. Ўлик тўлқинлар сукунати ҳаёт қайнаган даҳанинг шовқини билан ўрин алмашди. Биз оғир юк кемалари ва sandolo[27]ларга дуч келиб қолдик. Ҳаётга аста-секин, эшкакнинг ҳар бир зарби билан баравар қадам қўйиб борардик ва бундан ўзимни, шубҳасиз, енгил ҳис эта бошлагандим, шу боис Риальтога етиб келганимизда, қайиқчига тўхташ ишорасини қилдим. Меҳмонхонага яёв боришни хоҳлардим ва йўл-йўлакай кўприкдаги дўконларнинг биридан, Верана хоним бошчилигида ва ниҳоят, мен ҳадемай кўчиб бормоқчи бўлган Альтиненго қасридаги mezzanino ни саранжом-саришта қилиб берган иккита кампирга венецианча шолрўмол харид қилмоқчи эдим.

 

* * *

Кўл бўйлаб сайрнинг эртасига Альтиненго қасрига Зотарелли юборган жиҳозлар келтирилди. Жиҳозларни шахсан ўзим қабул қилиб олиш ва уларни қандай жойлаштириш ҳақида бош қотириш учун қасрга барвақт жўнадим. Тирсагимни дераза раҳига тираганча, ташқарига қараб уларни кута бошладим. Ташқарида ҳаво очиқ ва ёқимли бўлиб, кечаги тумандан асар ҳам қолмаганди. Аввалги касалликлардан қолган оғриқни сезмаётгандим. Умуман, зўрайган камқувватлигу нисбатан соғлом ҳолатим орасидаги ўзгаришга кўникиш пайти келмадимикан? Гарчи бетоб бўлмасам-да, майли, айтайлик, энди тузалаётган бемор бўлсам, батамом оёққа туришим учун жисмоний хасталигимга қарамай, мени таъқиб этишда давом этаётган ва бундай вазиятларда асқотувчи яхшигина ёрдамчи бўладиган ўша, ҳаётга ташналик ҳисси етишмаётганини асло ёддан чиқармаслигим керак. Менинг Венециядан бор-йўқ умидим бу – ҳаётни бус-бутунича қабул қилиш ва унинг бир хил, зериктирувчи, маъюс турмуш тарзидан таскин топиш. Хурсандчиликсиз бу қониқишни, бахтиёрликсиз осо­йишталикни яратиб бермоқ учун Альтиненго қасри ўзининг ғарибона ва тинч ҳаётини менга таклиф этганди. У мени меҳмондўстлик билан кутиб олади ва у менга қайсидир маънода тақдир томонидан ато этилган дея ўзимда ўша заҳоти унга нисбатан пайдо бўлган майлни туйдим. Эҳтимол, агар кейинчалик бу майл бузилмас дўстликка айлангудек бўлса, балки ўшанда бутунлай кўчиб келарман. Ҳозирча бу уйни тақдир туҳфа этган вақтинчалик бошпана дея қабул қиламан.

Кундузи соат иккилар чамаси Зотарелли жўнатган уй жиҳозлари ортилган юк кемасига кўзим тушди. Бу ҳапқат ва зил-замбил кема Фондамента зинаси ёнига келиб тўхтади. Зотарелли юкларни тушириб олиш учун менга иккита одамни ҳам қўшиб жўнатганди. Антиквар шахсан ўзи келолмагани учун мендан узр сўраб, уларнинг биридан хат ҳам бериб юборганди. У янги жойимда соғ-омон ҳаёт кечиришимни тилабди, бироқ бу тилак менга хиёл киноя билан ёзилгандек туюлганди. Чиндан ҳам қадрли Зотареллининг қалбида Альтиненго қасрига қарши “нимадир” пинҳон эди. Мен мактубни яширдим-да, юкларни туширишни буюрдим. Айтишим жоизки, бу кишилар венецияликлар таомилига қарши ўлароқ, ниҳоятда шошмашошарлик билан ишлашарди. Афтидан, улар ишни тезроқ тугатишни хоҳлардилар. Менинг кўрсатмам билан жиҳозларни хоналарга жойлаштиратуриб, улар атрофга олазарак қараб қўйишди. Ишни тугатиб, ҳақини чўнтакка урган ишчилар шитоб билан зинадан тушиб, жуфтакни ростлаганча ўзларини юк кемасига отдилар ва мен ўша заҳоти кема эшкакларнинг кучли зарби билан қандай жойидан қўзғалиб, канал суви бўйлаб узоқлашаётганини эшитдим.

Яшаш мумкин бўлган mezzanino нинг уч хонасини мана шу тарзда эгалладим. Камини яшил мармартошдан қурилган хонага уст-бошимни; тумор шаклидаги безаклар ичига афсонавий тасвир туширилган бошқа хонага – вақт ўтиши билан мўъжизакор антиқа мато тусига кирган қадимги Венеция қоғози қопланган ўн тавақали баланд парда ортига каравотимни жойлаштирдим. Улкан жавон, курси ва бир неча суянчиқли ўриндиқлар, қадама нақшли фаршга жуда мос тушган, ҳамма ёғига гул ва мевалар расми солинган пастак жавон билан биргаликда уйнинг кам-кўстини тўлдирганди. Девордаги безакларни бирон нима тўсиб қўймаслиги учун ҳаммасидан кўра кўпроқ ғамини ейишим керак бўлган ганчкори нақшли танобий учун мен Зотареллидан ХVIII асрда Венецияда жуда кўп ишлаб чиқарилган уч дона улкан ялтироқ курсилардан бирини танлаб олгандим. Унинг асосий сариқ ранги устига қорага олтин суви югуртирилиб, хитойликлар ва ибодатхона тасвирланганди. Бу ерда ўтириш мумкин бўлган фақатгина рококо усулида ишланган диван ва тўртта суянчиқли юмшоқ курсидан иборат жамламагина бор эди, холос. Бор-йўғи шу. Ёритиш учун эса Бассанодан тўртта улкан оёқли қандил ва муран шишасидан сурмаранг бир неча осма қандилларни, ихчамгина, ҳар бири ганчдан ва оқ сополдан ишланган расмларнинг устига жойлаштирдим, атрофни эгаллаб турган Карнавал байрамидаги Хитой билан Венециянинг ниқоблар даври қоришиб кетган серҳашам ва мафтункор улкан расмлар ғайриоддий бу ернинг асосий безаги ҳисобланарди… Уй ўчоғи – каминга келсак, у ўзининг сариқ мармар тошию рококо усулида ишланган олтин ҳошияли кўзгуси билан шундоқ ҳам жуда кўркам кўринарди.

Кўчиб боришим биланоқ Верана хоним жимгина ҳозир бўлди. Жойлашиб бўлгач, аёлга уч ойлик уй ҳақини олдиндан тўладим, шу баҳона унинг ғайрати жўшиб кетдими, билмадим, менга сандиқ ичидаги бор лаш-лушларни жавонларга тахлаб қўйишда ўз ёрдамини таклиф этди. Аёл бу ишлар билан машғул пайтда, худди аввал бўлганидек, унга диққат билан разм солдим. Верана хоним ўзининг миқти жуссаси, малла чорси юзи ва ичига ботган кўзлари сизга тешиб юборгудек тикилганда, гўё сиз мавжуд эмасдай ҳис этасиз ўзингизни. У ана шундай нигоҳлари ўткир ғалати аёл эди. Ҳа, Верана хоним ўзига хос тоифага мансуб аёллардан эди. Унда, ҳозир ўзи мансуб бўлган муҳитдан кўра, олий табақага хос хусусиятлар кўпроқ экани сезилиб турарди. Вайронага айланган қасрнинг қаровсиз қолган хоналаридан бир нечтасини қандайдир мусофирга ижарага беришга ва унда оқсоч ролини ўйнашга уни рози қилган бу қандай савдо экан? Тўғри, Зотареллининг айтишича, у лорд Сперлингнинг қўл остида аввал ҳам шу каби юмушларни бажариб юрган. Мен шу хусусда ундан сўрамоқчи бўлдиму бироқ тилимни тийдим. Верана хонимнинг энг яхши хислатлардан бири унинг камгаплиги эди. Лекин шундай индамаслар борки, уларни бир тақдирлаб қўйсанг борми, учига чиққан вайсақига айланишади. Хоним энди киришиши кутилаётган вазифа менинг ҳар бир босган қадамимдан унинг огоҳ бўлиб туришини тақозо этарди. Шу боис ундаги камгапликни мен жуда қадрлардим ва бирон-бир баҳона сабаб бу одатдан мосуво бўлишини истамасдим. Шундай қилиб, бу сафар ҳам ўзимни тийдим-да, бундан кейин савол бермасликка онт ичдим. Мен Верана хоним билан унинг келгусида бажарадиган вазифалари тўғрисида яна бир бора шартлашиб, гапни бир ерга қўйиб олиш билан кифояландим. Унинг вазифаси каминага тегишли хонани саранжом-саришта тутиш, чойшаб, уст-бошларни тоза-озода сақлаш ва эрталаблари менга шоколад келтириб беришдан иборат эди. Эрталабки ва тушки хўракка келсак, ресторанга боришни маъқул кўрардим. Бундай сайр узоқлик қиладиган айни кунларда, қўшни ердан топилган ихчамгина trattoria[28] мушкулимни осон қилди ва овора бўлиб Сан-Марко майдонига боришдан мени халос этди. Мабодо, уйдан чиқишга мутлақо хоҳишим бўлмаса, унда Верана хоним мени оч қўймасди: тухум, уй нони ва бир пиёла кьянти[29] билан сийларди. У билан барини узил-кесил келишиб олганимиздан сўнг Верана хоним чилчироқларга шамларни қўйиб чиқди-да, ғамлаб қўйилган шамлар қаерда сақланишини кўрсатди ва атрофга яна бир бор назар ташлаб, чиқиб кетди.

Янги хонамда ёлғиз қолдим, зориқиб кутилган бу дақиқалар эса мен учун ёқимли эди. Зотареллининг бўлмайди деган яширин ишораларига қарамай, мени бу кўҳна Альтиненго қасрига тортувчи жозибадор куч каминага таъсир ўтказишда давом этарди. Бироқ бу уйда кечиши мумкин бўлган машаққатли ҳаётим хусусида ўзимни ҳеч алдамаганман. Бу ер, айниқса қиш кунлари шинам бўлмаслигини ва ҳар жиҳатдан ноқулай бўлишини яхши билардим. Венеция қасрини иситиш жуда мушкул иш эди, айниқса мен жойлашган ер қаттиқ совуқ бўлишидан дарак бериб турарди. Деразалар зич ёпилмасди, сертугун дарахтдан ясалган путури кетган эшиклар эса елвизакнинг ғўриллаб туриши учун қулай эди. Боз устига, бирон-бир восита билан олдини олишнинг иложи йўқ, ёшини яшаб бўлган бу ердаги жиҳозларга энди намгарчилик ҳам хавф соларди; бунга аввалдан кўникиш лозим эди. Мен ҳатто ўзим яшаётган mezzanino нинг сувга бутунлай ғарқ бўлиши мумкинлигини ҳам назардан қочирмагандим. Қозиқоёқлар, шубҳасиз, ниҳоятда яроқсиз аҳволга келиб қолганди, полдаги баъзи бир қияликлар, деворларнинг олдинга туртиб чиққан ерлари ва шифт ёриқлари хавф-хатардан дарак бериб турарди. Нима бўлганда ҳам мен Венеция шаҳар бошқармасининг ҳушёрлигига таянардим. Венеция нураб, қаровсиз қолган ва қандайдир мўъжиза туфайли ўз мувозанатини сақлаб турган уйларни учратиш мумкин бўлган дунёдаги ягона шаҳар эди. Бу мўъжиза Альтиненго қасрини анчадан буён ўз паноҳига олганди ва умид қиламанки, шаҳар посбонларининг гарчи сезилар-сезилмас бўлса-да, ҳушёрлигию назорати остида бундан кейин ҳам ўз паноҳида сақлайди. Қолаверса, нима фарқи бор? Бундай хавф-хатар мени ташвишга солмасди. Фақат ҳузур-ҳаловат кетидан қувиб, ҳаётда лоқайдликни касб қилиб олганларга эса буни нима аҳамияти бор?

Шу нуқтаи назардан қараганда, менинг ғариб ва сукунатга тўла ҳаётим эҳтиёжларига жавоб бергувчи нарсани Альтиненго қасридан топа олдимми? Бу ерга мен танҳолигу осойишталикни излаб келмадимми? Тўғри, шифокорларимга, уларнинг баъзи кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда, дам олишни енгил жисмоний машқлар билан алмаштириб туришга сўз бергандим, бироқ, энди бу кўрсатмаларга амал қилиш менга осон бўлмаслигини кўриб турибман. Келган кунимдан бошлабоқ жонимга бир неча бор азоб беришга улгурган касалликнинг кутилмаган хуружи на қимирлашга, ва на сайр қилишга қўярди. Мени қуршаб олган атрофдаги жиҳозлар эса аввал пайқаганимдек, надомату хотиралардан вазмин тортган қанотлари билан оғирлигини ташламай, елдай учиб борувчи, вақтнинг заволи бўлган аллақандай ноаниқ орзу хаёлларга каминани мубтало қилиб, уйдан чиқмай яшашга кўндирганди.

Ва мен, имиллаб ўтаётган кун ва тунларни ганчкори танобийда, моҳирона ишланган мураккаб нақшлару ақл бовар қилмас хитойликлар тасвири даврасида ўтказа туриб, ловуллаган куз каминининг ёлқини ва шамлар алангаси, оқ сопол намоянда шакллару ибодатхоналарни тебранаётган акс шуъласи билан қандай ёритаётганини, деворий манзараларнинг букик жойларинию рококо усулида ишланган жимжимадор безакларни қандай қилиб ўз нуридан баҳраманд этаётганини, тушуниб бўлмас қандайдир инжиқлик маҳсули бўлмиш фаршдаги қадама нақшларга ора-чора сепиб чиқилган садафларнинг сирли бўлакларини сокин порлаб туришга қандай мажбурлашини мамнун ҳолда кўз олдимга келтирдим.

Шуларни ўйлаб ўтириб, шамларнинг қачон ёнишини кутардим. Бундай ёруғликнинг оқ сополга ва ганчга тушгандаги таъсирини кўришга ишқибоз эдим ва иқрор бўлишим керакки, кўрганларим кутганимдан ҳам ортиқ бўлиб чиқди. Ганчкори танобий ёруғ тушиб турган пайтда ўзига янада кўпроқ маҳлиё этар, атроф нафисликда қиёси йўқ заррин нур билан қопланганди. Ҳеч бир шакл, безак зарраси, печакгул ёки чиғаноқ гўё мана шу нурнинг шуъласидан бебаҳра қолмаётгандек. Хира ва ажабтовур, сирти гўё маъдандек улкан сариқ мармартош билан ҳошияланган биргина кўзгу ўзини унга қарши қўярди, холос… У рўпарамда нариги дунёга олиб чиқувчи эшикдек турарди ва гўё тушдек, ўнгимда ўзининг ўша мураккаб нақшларию шакллари билан биз билган ўша ганчкори танобийнинг акс манзарасини намоён этарди, фақат энди у етиб бўлмас олис ўтмишдаги оламнинг ажиб ва номаълум қаърига кўчганди.

Альтиненго қасрига келганимнинг дастлабки икки ҳафтасида диққатни тортгулик ҳеч бир ҳодиса юз бермади. Эрталаб Верана хоним мени илк нонушта билан сийлади. Хўрак моҳирона тайёрланган шоколаддан, маромига етказиб қовурилиб, устига қалин қилиб сариёғ суртилган нон бурдасидан ва таъми азбаройи ертутни ёдга солганидан “fragola”[30] деб аталувчи бир шингил қора узумдан иборат эди. Иккинчи нонушта ва тушликка келсак, мен Венециянинг қандайдир гавжум ресторанига ташриф буюрдим. Сўнг навбати билан “Vapore”, “Cappoleo Nero”, “Citta di Firenze”, “Antico Cavaletto”да ва ҳатто қоронғи хонасининг пастки қисми тахта билан қопланган ярим деворли, шароб ва шўрсув ҳиди анқиб туриши менга манзур бўлган “Bella Venezia”да ҳам бўлдим. Флорианга бир пиёла қаҳва ичиб, “хитойликнинг пойида” ўтириш учун бинойидек тез-тез кириб турардим. Тиллага бурканган ганчкори танобийимнинг оқ сопол расмларини безаб турган қойилмақом хитой амалдорларию нозикойим подшоҳзодаларга муқояса қилганда, бу “хитойлик” уларнинг олдида нима бўпти?

Гарчи ҳаво яхши бўлса-да, сайр қилишга унча хоҳишим йўқ эди. Дастлаб келган кунларим менга азоб берган хасталик, гоҳида хуружи билан безовталик туғдирса-да, бироқ, хушёқувчи бутун жисмимни эгаллаган қандайдир мажолсизлик, ялпи ланжлик билан ўрин алмашгандан сўнг мени ортиқ қийнамай қўйди. Руҳий аҳволим ҳам бундан қолишмасди. Бошдан кечирган азобларим ҳамон хаёлимдан кетмасди, бироқ бундан оғриқларим пасайганди, буни вақт даволадимикан ёки жойнинг ўзгариши уларни ўз таянчидан маҳрум этдимикан; эҳтимол, мени шу кўйга солган ўша руҳий азоблар вужудимдан куч-қувват аригани учун сезилмай қолгандир. Назаримда, аввалги ҳаётим мени тарк этаётгандек, кун са­йин ўзимга-ўзим бегоналашиб бораётгандек эдим ва мени бу ерга етаклаб келган воқеаларни деярли унутиб, ганчкори танобийда узоқ вақт ёлғиз қолиб кетишимга тўғри келарди. Кимсасиз, бир қолипдаги ҳаёт мени қониқтирарди, жамиятга бўлган ҳар қандай эҳтиёж ҳам уни ўзгартиришга мени мажбур қилолмасди. Бир ёки икки бора Зотареллини йўқлаганиму бир неча бор Верана хоним билан бўлган бир онлик суҳбат – икки ой ичида одамлар билан бор-йўқ алоқам шу эди. Ошнам Прентинальяга келсак, унинг Флориан қаҳвахонасида сўзлаб берган ажойиб ҳикояси бир неча бор хаёлимга келмаганида, уни эсламаган ҳам бўлардим.

“Бир неча бор” эмас, тез-тез ўтди десам ҳам бўлади. Ҳайкалчанинг ғойиб бўлиши билан боғлиқ ҳодиса хотирамда кўп бора беихтиёр пайдо бўлиши менга мутлақо табиий туюлди. Сўнгги пайтларда ҳар қандай воқеа-ҳодисадан холи ҳаётим қандай бўлмасин бирон-бир мавзуда ўйлашга мойил қилиб қўйганди ва хаёлчанлигимга енгилгина озуқа сифатида мен бажонидил айнан шу ҳодисани ўзимга маъқул кўрдим. Шу боисдан ҳам, бу дарҳақиқат “прентинальянча” ҳикоя тасаввуримда камроқ жойни банд этиши учун уринмадим ҳам. Лекин шуниси ҳам борки, диққат билан мулоҳаза қилиб кўрганимдайди, нима учунлигини билмадим-у, қадрли Прентиналья тўқиган уйдирмалар пайдо қилган қизиқиш даражасида ҳайратга тушган бўлардим. Бироқ буни ҳам тушунтириб бериш қийин эмасди. Ўша оқшом Прентиналья Флорианда гўёки Шаҳар музейидан ғойиб бўлган ҳайкал ҳақида сўзлаб берганида, мен ўзгача, ўта дилгир бир ҳолатда эдим. Венецияни яна бир бор кўриш насиб этгани сабаб бўлиб, саёҳатдан толиққаним, ўзгача ҳис-туйғулар ва келган кунимнинг илк соатлариданоқ бошдан кечирган хасталик, руҳий эзилиш – бари яна-да аниқроқ ва ишонарли тарзда Прентинальянинг шунга арзирли сўзларини хотирамда муҳрланиб қолишига имкон туғдирди. Бунинг устига ҳикоя услуби ҳам уни хотирада яхшироқ сақланиб қолишига сабаб бўлганди. Прентинальянинг истаги қандай бўлишидан қатъи назар, – сирли ҳодисаларга ҳавасми у, ё алдашга ишқибозликми, – иқрор бўлишим керакки, у ўз ниятига етди. Альтиненго қасрига кўчиб келган кунимдан бошлабоқ, рококо услубидаги оромкурсида ўтириб, вақтни ўтказиш учун қўлларимни локланган столга тираганча, ганчкори танобийни томоша қиларканман, девордаги мураккаб нақшлардан тортиб, Венециянинг қадимги кўркамлигию унинг нафис манзарасини жонлантириб турган ҳашаматли ва мунгли хонани гўё жуда олисда акс эттираётган сариқ мармартош билан ҳошияланган улкан кўзгугача бирма-бир назардан ўтказар эканман, дарбадар ҳайкал кўз ўнгимда жўн бир буюмдек тез-тез намоён бўларди.

Бу ғайриоддий машғулотга энди-энди киришган дастлабки пайтларимда фикру зикрим бор-йўғи ҳайкалнинг йўқолишигагина доир икир-чикирлар билан банд бўлганди, холос. Бундай ҳийла-найрангни қандай амалга ошириш мумкинлигини англаш учун мен тасаввур қилмаган тахмин қолмади. Баъзилари ўта мураккаб бўлиб, бизнинг энг сара изқувурлик романларга арзирли деса ҳам бўларди. Бироқ мен уларни ҳар қандай хаёлий унсурлардан астойдил халос этмоқчи бўлдим, негаки, илгари айтганимдек, бу масалада уларнинг иштирокига қадрли Прентиналья гарчи ишора қилган бўлса-да, ғайритабиий кучларнинг аралашувига йўл қўйишга унчалик ҳам мойил эмасдим. Мен бундай сафсаталарга эътибор бермадим ва ҳайкал қанчалик санъаткорона ишланиб, мени қойил қолдирган бўлмасин, асл нусхадаги афт-андом ҳам каминани шундай мафтун этган эди, бинобарин, шу қадар ҳаётий ва ўзига хос бу асарни ўғри қандай устомонлик билан қўлга киритганини тагига етишни маъқул топдим. Мана, у бошидан ўтказган воқеаларни ҳайкалча чеҳрасининг ўзи хаёлимдан аста-секин сиқиб чиқара бошлади. Бу исми номаълум венециялик ким эди? Унинг ҳаёти қандай кечган экан? Бу саволни мен қачонлардир музейнинг ойнаванд қутисида турган кулгили туйғуларни жунбишга солувчи нафис чеҳра эгаси бўлмиш нотаниш ҳайкалдан завқ олган кезларим ўзимга бергандим; энди бўлса, бирмунча вақтдан бери мен улкан сабот ва оташин қизиқиш ила унга қайтмоқда эдим. Ўзимдан қанча кўп сўрасам, ҳозир тасвирлашга ҳаракат қилаётган ғалати ҳодиса шунча аниқ юзага чиқиб келмоқда эди.

Тиберио Прентиналья Флориан қаҳвахонасида ҳайкалчанинг ғойиб бўлиши борасида гап очганда, менинг кўз олдимда ҳайкалчанинг аниқ-равшан қиёфаси яққол намоён бўлганди. Унинг кинояли ва ақлли чеҳраси, бурни ва оғзи, боши ва кўзида акс этган белги нигоҳим олдида элас-элас гавдаланди. Бироқ тасаввуримда пайдо бўлган қиёфа, ўзининг аниқ ва равшанлиги билан ўша, хотираси яхши, бир неча бор эътибор ва қизиқиш билан кўргандан сўнг табиий равишда юзага келадиган одамлардаги тасаввурдан ортиқ эмасди. Очиғини айтганда, турли музейлардаги йигирмадан ортиқ портрет ёки ҳайкалчалар ҳам сирли ғойиб бўлиши билан мени унинг тузилишини ёдга олишга мажбур этган мана шу венециялик асилзода сингари хотирамда жуда аниқ муҳрланиб қолганди.

Бироқ энди мен нимадир ўзгарганига ишонч ҳосил қилишим керак эди: Шаҳар музейидаги нотанишнинг айни дастлабки қиёфаси ажабланарли даражада хунуклаша бошлаганди.

Бироқ, “хунуклашиш” сўзи унчалик ҳам аниқ эмасди ва бу сўз мен айтмоқчи бўлган фикрни англатолмасди. Менинг кўз ўнгимда пайдо бўлган қиёфа айтарли “хунуклашмаганди”, балки бир қадар “ўзгариб, бошқача шаклга кирганди” ва ўзининг янги ҳолатида ҳам шундай аниқ-равшан эдики, ҳатто ҳайкалтарош ҳам бундай теран ва тўла ифодага зўрға эриша олган бўлурди. Ҳаммасидан қизиғи шундаки, нотанишнинг юзи менга ўзидек катталаштириб кўрсатувчи ойнага солиб қарагандек, мутлақо аниқ ва ҳайратланарли даражада ишонарли намоён бўларди.

Бироқ, бу мен айтмоқчи бўлган ягона ҳодиса эмас. Бунга мени ҳаяжонга солувчи яна бошқаси келиб қўшилди: ҳайкалча катталашиб, гавданинг бошқа бўлаклари билан бутланиб борарди! Гоҳ унда қўл пайдо бўлар, гоҳ у белигача ёки яна пастгача узаярди. Баъзида у ҳатто оёқли бўлиб қоларди. Бу ҳодиса ҳамма вақт бўлмаса-да, бироқ тез-тез содир бўлиб турарди. Қаршимда шунчаки кўкрагигача ясалган ҳайкалча эмас, деярли бус-бутун одам гавдаси турарди.

Мен “деярли бус-бутун” деяпман, чунки, тушунтириб бўлмайдиган кутилмаган ҳодиса сабаб, у ўзини ҳеч қачон тўла-тўкис намоён этмасди. У бирон марта ҳам яхлит тасвир сифатида гавдаланмаган, бироқ унинг менга кўринган бўлаклари доим ҳайратомуз аниқ намоён бўларди. Агар нотаниш кимса оёқда турган бўлса, унга муқаррар битта ёки иккита қўл етишмасди. Баъзида фақат биргина қўл, ёки биргина оёқ кўринарди, холос. Томошабинларга аталган бундай кўринишларга шу қадар кўникиб кетгандимки, жуда ғалати кўринувчи бу ўзига хослик каминани унчалик ҳам ажаблантирмади. Лекин, ҳар ҳолда, бу ҳақда ўйлаб кўришимга тўғри келарди, негаки, у туйғуларимнинг ғайритабиий ҳолатига ва асаб тизимимнинг бузилишига ишора қилаётганди. Агар бунга эътибор қаратгудек бўлсам, унда Альтиненго қасридаги ҳаёт тарзим менга унча маъқул эмас, дея хулоса чиқаришимга ва яхшиси, шифокорлар кўрсатмасига амал қилишимга тўғри келарди. Вақтимни бўлар-бўлмас орзу-хаёлларга берилиш билан беҳуда ўтказмасдан, шифокорларнинг маслаҳатларига қулоқ тутган ҳолда буюрилганидек дам олишни енгил жисмоний машқлар бажариш билан алмаштириб туриш айни муддао бўларди. Бироқ, мен бундай ҳаётнинг мазахўрагига айланиб бўлгандим ва ғариб кўнглимни кўтариш учун тақдирнинг ўзи хаёлларимни банд этишга қодир ганчкори танобийдек ҳамроҳни ато этганди ва мен уни камдан-кам ҳоллардагина тарк этардим.

Бир куни кечга яқин, оқшомги ғира-шира қуюқлаша бошлаган пайт мен Верана хонимнинг танобийга янги шамлардан қўйишни унутганини ва устига-устак доим қўл остида бўлгувчи қўр ҳам тугаб қолганини кўриб бироз афсусландим. Аввал айтганимдек, мен жойлашган бино ва саройнинг юқори қаватларидан бирида Верана хоним эгаллаб турган хона орасида ҳеч бир алоқа воситаси йўқ эди. Мен томондан хонимга қўнғироқ сими ўтказилмаганди; бундан ташқари аёл уйда бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Куннинг ҳар хил пайтида мен уни ойнадан бошига аллақандай ғалати қалпоқ кийиб, рўдапо сербар пальтога бурканганча ташқарига чиққанини ёки қайтаётганини кўп бора кўриб қолардим. Бундай кулгили либосда у, бошини эгиб, букчайганча худди ишга отланган фолбин ёки тирноқ безовчи аёлдек девор ёқалаб кетиб борарди. Хўжалигим бошқарувчиси бўлган бу аёл, эҳтимол, бирон-бир иш билан ташқарига чиққандир, ахир бу жувоннинг ҳам ўзига яраша юмушларию дўсту дугоналари бўлиши мумкин-ку. Менинг ёнимда тилини тийиб юргани учун ўзини бирон нима билан хурсанд қилиши ва венециялик кексаларнинг одатий машғулотига айланиб қолган юракни бўшатишдек эҳтиёжни қондириши ҳам керак-ку; улар кўприкнинг усти бўладими, майдонми, кўча чорраҳасими – барибир, тўхтаб, ўзаро сирли суҳбатга киришиб кетишарди, уларнинг бу суҳбатларини томошага чиққанларнинг на биқинга ниқташию ва на ўткинчиларнинг туртиб-суртишлари бўлиб қўя оларди.

Айни пайтда мен учун ягона ва энг оддий чора – бу яқин орадаги дўконлардан бирига бориб, шам сотиб олиш эди. Каминага керак дўкон шу ўртада, Сан Панталеон черкови рўпарасида эди. Қалпоғим ва пальтомни олиш учун хонамга ўтдим, чунки октябрь ойи охирлаб, анча салқин тушиб қолганди. Бир кун бурун мен Верана хонимдан бир қанча тараша сотиб олишни ва уларни одам турмайдиган хоналардан бирига тахлаб қўйишни илтимос қилгандим. Энди, шам масаласида Верана хонимнинг эътиборсизлиги ошкор бўлгач, ўтин борасидаги илтимосимга ҳам худди шундай бепарво тарзда муносабатда бўлса керак, деган ўй хаёлимдан ўтди ва хонимни текшириб кўришга қарор қилдим. Шундай қилиб, мен, вестибюль орқали mezzaninoнинг хонимга камина эгаллаб турган хоналарни иситишга мўлжалланган ўтинларни тахлаб қўйинг, деб айтган томонга йўл олдим.

Бинони ижарага олган куним Верана хоним мени олиб борган қасрнинг бу қисмига ҳали ўшандан буён қадам босмагандим. Қаровсиз, шарти кетиб, парти қолган, тўкилиб тушай деб турган бу хоналарни кўриб, аввалгидан кўпроқ ҳайратга тушмоқда эдим. Шифтлар хатарли тарзда тоб ташлаб, ёғоч қопламаларнинг бир қисми чириб, нам сувоқлар палахса-палахса кўчиб, кошинли фаршда ёриқлар пайдо бўлганди. Бу хоналарга туз ва моғор ҳиди ўтириб қолганди. Қовжираб ёрилиб кетган деразалар тирқишидан кираётган ёғду кишида ажиб таассурот уйғотарди. Баъзи бир деразаларнинг эшиги йўқ, бошқаларининг эса фақат қийшайган кесакиларигина сақланиб қолганди, шу боис у ерга кирган ёруғлик атрофни бемалол кўздан кечиришимга имкон берарди. Хонама-хона юра-юра ахийри ўша боққа чиқадиган жойгача етиб олдим, бироқ излаганимни ҳеч ердан топа олмадим. “Верана хонимга эсидан чиқмайдиган қилиб танбеҳ бериш қолибди”, дея хаёлдан ўтказдим ва нимагадир қия очиб қўйилган эшик диққатимни тортди. Верана хоним ўтинларни ўша ерга тахламадимикан?

Бу шифти ҳаддан ташқари пастак, тангу тор қазноққа ўхшаш ҳужра эди. Девордаги ёғоч қопламадан қолган қолдиқларга синчиклаб разм солиш учун, гарчи ойналари чанг босган бўлса-да, энсиз деразадан тушаётган хира ёруғлик етарли эди. Намоёнлардан бирида, ганчли безаклардан иккита ёнма-ён ҳошия юзага келганди. Улардан бирига сурат жойлашган бўлиб, бу, чамаси, киши сурати эди ва у шу қадар илвираб қолгандики, бир нечагина бўёқ доғини аранг ажратиб олардингиз. Бошқа ҳошияларнинг эса тепалари йиртилиб, орқа томони аянчли бир ҳолатда осилиб тушган матога ишланган суратни базўр ушлаб турарди. Унинг ҳам биринчисидан бешбаттар эканига шубҳа қилмаса бўларди. Нима бўлганда ҳам бунга ишонч ҳосил қилишим осонроқ эди.

Ҳақиқатан, иккинчи расм қаттиқ ғорат кўрганди, – каттакон ёриқ уни деярли қоқ иккига бўлиб ташлаганди. Бироқ унда ифодаланган афт-андомни ҳали илғаса бўларди. Устидаги яхши сақланиб қолган ёзувдан ҳар ҳолда, мен унинг кимлигини билиб олгандим. Дарҳақиқат, мен бўзга энгашганча: “Vincente Altinengo, nobile Veneziano[31]. MDCCL XXП”, – деган ёзувни ўқидим.

Бу ҳеч шубҳасиз, қасрнинг узоқ ўтмишдаги соҳибларидан бириники  ҳамда mezzanino ни ўзига маҳлиё қилгудек ганчкори нақшлару чиннилари билан безаган ва уни ҳашамату шукуҳга буркаган одамники эди. Сана мени кундан-кунга ўзига маҳлиё қилиб бораётган безаклар услубига мос келаётганди. Шундай қилиб мен, бу уйларда ўзимгача яшаб ўтган ва бу ерларни шундай дид ва ҳашамат билан безай олган ўтмишдошим билан юзма-юз турардим. Ғамхўр оламнию унутилаёзган ҳаётни излаб бу ерга келган каминадек ғарибга маъюс ва тилсимли шундай маконни таппа-тахт қилиб қўйган венециялик бу асилзода ҳаётлигида қандай кўринишда бўлгани мени жуда қизиқтирарди.

Чўнтагимдан дастрўмолни олдим-да, қалин чанг босган расмни артдим. Сўнг ички деворларга қопланган тахталардан битта михни суғуриб, шунинг ёрдамида суратни чорчўпга маҳкамладим ва бир неча қадам орқага тисландим. Суратга қарадиму ҳайратдан қичқириб юбордим. Бу одамни мен кўпдан бери танирдим! Истеҳзоли боқиш, жўшқин, зийрак табассум, узун бурун ва энсиз ориқ юз – бари таниш. Бу маккор чеҳра менга таниш эди; упа-элик билан пардозланган манглайдаги ясама сочни ҳам кўрганман. Шаҳар Музейидаги ихчамгина бюстда тасвирланган Винченте Альтиненго ва Нотанишнинг бир одам эканига энди шак-шубҳа қолмаганди! Сурат билан ҳайкал ўртасида ақлга сиғмас ўхшашлик бор эди ва мен бу бахтли воқеа туфайли ўша заҳоти уларни айнан бир одам деб ҳисоблашга муяссар бўлдим. Музейда турган қадимий чорчўпдаги Нотаниш мана шу Альтиненго эди. Бир вақтнинг ўзида олис қадим ўтмиш қаъридан ва яқиндан, деярли жонли назар ила боқаётган ўша, бошқанинг нигоҳларидан нигоҳимни узолмай, тўхтаб деворга суянганча қолдим, жойимдан жилдирмай мени лолу ҳайрон қолдирган бундай кашфиётни очиш нега энди айнан менга насиб этди экан?..

Миямга келган дастлабки фикр – Шаҳар Музейи директори, жаноб Тальвентининг ёнига бориш ва бу кашфиётни у билан баҳам кўриш эди. Чиндан ҳам тасодиф менга Венеция иконографияси бўйича қизиқдан қизиқ маълумотларни тақдим этганди. Бироқ, камина ихчамгина ҳайкалчанинг сирли тарзда ғойиб бўлиши марҳаматли Тальвентининг дилини вайрон қилганини Прентинальядан эшитгандим. Бу қадар ибосизлик ила унга билдирмасдан жуфтакни ростлаб қолган нафақахўрнинг ҳаётлигида исми Винченте Альтиненго бўлганини айтиб, унинг ярасини янгилашнинг нима кераги бор? Бироқ бу, мақсадларимни амалга оширишга халал берувчи ва шунингдек, мени IV танобийдаги ойнаванд қутидаги қочоқнинг исмини билишимга имкон берувчи воқеаларнинг бир-бирига тўғри келиб қолгани тўғрисида Прентинальяга ёзишдан тўхтатиб қолувчи ягона важ ҳам эмасди. Ўзимни ундан ва бошқасидан тийганимнинг асосий сабаби, бу, ҳодиса сўзлаб берилган кундан кейин содир бўлган ва камина бир неча бор тилга олиб ўтган касалликнинг хуружларидан бирини бошимдан ўтказганим эди. Ундан аввал ҳам менга роса азоб берган ва уни англашга уринишларим бесамар кетган ўша руҳий тушкунлик туйғуси мени қайтадан ўз домига олганди. Бу орада касалликнинг ҳеч бир аломатлари кўринмади. Иштаҳам жойида, уйқум ҳам унчалик яхши бўлмаса-да, ҳар ҳолда чидаса бўларди. Мени сурункали зерикиш ҳиссидан бўлак ҳеч нима безовта қилмаётганди.

Яна шуни ҳам айтишим керакки, мен бошдан кечирган азоб-уқубатларга зерикишнинг ҳеч бир тааллуқли ери йўқ эди. Венецияга келмасимдан аввал жисмоний жиҳатдан танг аҳволда қолган пайтларимда орттирган аччиқ аламларим кўнглимни ҳали ҳам тарк этмаганди. Қалбим тилка-пора бўлганини ва бу зарбадан сўнг энди ўзимни ўнглолмаслигимни билардим; ва мен ҳеч бир нолишларсиз беихтиёр тақдирга тан бердим, негаки, барча қайғу аламлару ночорликларга қарамай, қийноқларга барҳам бериш учун ўзимда журъат топа олмадим. Руҳиятимдаги асабий зўриқишга ўтмиш ҳақидаги аччиқ хотиралар сабабчи эмасди.

Буни об-ҳавонинг алмашишидан кўриш, назаримда, мутлақо табиий бўлурди. Бир неча туманли ва ёмғирли кунларни айтмаганда, бутун октябрь ойи жуда ажойиб ўтди; мана бир неча кундирки, ҳарорат яна сезиларли даражада пасая бошлаганди. Айнан шу мени Верана хонимга ўтин сотиб олиши учун буйруқ беришга ундаган ва бир йўла кашфиётимга ҳам сабаб бўлганди. Альтиненго қасрининг хоналарига унча-мунча иситиш кор қилмасди. Ганчкори танобийдаги улкан каминга ловуллаб ёнадиган олов зап боп тушарди. Мен тажриба ўтказмоқчи бўлдим.

Муранлик ойнасозлар ўз иситиш қурилмаларини ёқиш учун қўшни Альпдан олиб келинган танаси узун ва йўғон дарахт бўлакларидан фойдаланар эдилар. Сариқ мармартошли улкан каминнинг ўлчами айнан шундай ўтинлардан фойдаланишга мўлжалланганди. У ерда олов ўз учқунларини сачратиб чарс-чурс қилиб ёнарди ва қимматбаҳо тошдек чақнаб, ўзидан мўъжизавор чўғ қолдирарди. Оловнинг бу дабдабаси, заррин нақшлар, чиннилар ва майда безаклардаги ҳашамга мўъжизавор тарзда мос тушарди ва ҳавога ҳозирги касалманд аҳволимга шифо бағишловчи ёқимли илиқлик тараларди.

Танг аҳволим ва каминнинг илк кузги иссиғи одатдагидан кўпроқ уйда ўтириш истагини туғдирарди. Агар нонуштани ресторанда қилишни маъқул кўриб ташқарига чиққан бўлсам, кечга томон тушлик учун иккинчи маротаба чиқишга ўзимни мажбурлай олмасдим. Верана хоним каминанинг буйруғи билан тайёрлаган баъзи бир егуликларни жавондан олардим ва енгилгина таом билан столнинг бир бурчагида камтарона дастурхон тузашни афзал кўрардим. Шу тарзда Альтиненго қасрини бир кунда бир маротабадан ортиқ ташлаб кетмасдим ва шу боис ҳам кўпинча Сан-Марко майдонига етиб боролмай, уйда йўқ соатларимни қисқартирувчи яқин орадаги чоққина ресторанга бориш билан қаноатланардим-да, яна тезда қасрга қайтардим.

Айни шу қисқа вақт уйда йўқ пайтларимда кўпинча, сизга айтган касалим қайталарди; унга ҳамроҳлик қилувчи номаълум тушкунлик ҳисси уйга яқинлашишим биланоқ сусаярди. Оёғимни қўлга олганча Кампо Санта Маргерита ва Карминигача етиб борардим. Альтиненго қасрининг ярим хароба олд томонига, унинг эндор айвонларию тавақасиз дераза ромларига, деразаларининг кўкариб ётган ойналарию нақшиндор кўра қўндирилган икки устунли пештоқига кўзим тушиши ҳамоно касалим яна хуруж қилиб, мени ҳолдан тойдира бошларди. Каминани ҳар ҳолда бу уйга ҳеч ким таклиф этмаганди. Одатда қадрли гўшамизга қайтганимизда бизни кўзи тўрт бўлиб кутиб турувчи на бир дўстона табассум, на бир суюкли чеҳра ва на яқинларнинг қадам товушлари, на биронта қадрли сас менга интизор эди у ерда. Маъюсгина ёлғизлигимнинг кутилмаган суянчиғи бўлган бу маконнинг ҳувиллаган хоналарида ҳеч бир хотирага ўрин қолмаганди. Шунга қарамай, ғам-ғусса мени камина учун бир замонлар шу қадар севимли бўлган Венециянинг энсиз, тор кўчаларидан қува бошлаши биланоқ у ерга қайтишга ошиқардим. Мен у ердан юрагим уриб ва одимларим вазминлашиб ўзимга бошпана излардим.

Бу шу қадар тез такрорланар эдики, ўзимни тасодифий хатарга дучор қилмасликка ҳаракат қила бошлардим. Мен аста-секин майхонада овқатланишдан воз кечдим ва ўша ондан бошлаб тамомила узлатда яшай бошладим. Эрталабки ювиниш-таранишдан сўнг, ичига кўплаб афсонавий суратлар солинган шакллари бисёр ва ислимий безаклар берилган хонамни тарк этардим-да, ганчкори танобийга келиб жойлашардим. Верана хоним сариқ мармартошли каминга ўт ёқди. Оловни кун давомида ва ярим тунгача сақлаб туриш учун узун-узун тарашалар кошинли ерга етарли миқдорда тахлаб қўйилганди; негаки мен у ерда кечқурунлари соатлаб ўтирардим ва улар орасида вақтим туганмас хаёллар оғушида қандай чопқиллаб ўтиб кетганини ҳам сезмай қолардим. Ёлғизлигимга ҳалал берувчи бирдан-бир кимса бу Верана хоним эди; бироқ унинг келиб-кетганини деярли пайқамай ҳам қолардим. Альтиненго қасрида мен ҳеч кимни қабул қилмасдим. Прентиналья ва лорд Сперлинг ҳали қайтишмаганди; уларнинг Сицилия бўйлаб саёҳати ҳали тугамаганди. Прентиналья бирон марта ҳам менга дарагини солмади. Шундай бўлса-да, қўнғироқ овози аҳён-аҳёнда эшитилиб қоларди. Хат ташувчи менга ора-сира Париждан келган мактубларни олиб келиб турарди. Манзилимни шифокорим, доктор Ф.га ва яна икки-учта оғайнимга бермай иложим йўқ эди. Хат ташувчи мактубни шу мақсад учун мўлжалланган ва менга тегишли бино даҳлизи деразасидан чоққина ҳовличага тушириб, арқон учига осиб қўйилган саватчага ташларди, – венецияликларнинг бу таомилидан мен ҳам бебаҳра қолмагандим.

Умуман айтганда, Альтиненго қасридаги ҳаётим узлатда кечиши олдиндан қўйилган талаб бўлса-да, мен, деярли мутлақо ёлғизликдаги бу дамларни анча дуруст босиб ўтдим, десам ҳам бўлади. Лекин келган кунимнинг ҳали илк ҳафтасидаёқ гарчи саломатлигим кўтариб, Венециянинг ўша “барча учрашадиган”, айни Сан-Марко ва унинг қаҳвахонасидек ерларга қадам ранжида қилишга улгурган бўлсам-да, бу билан узлатдаги ҳаётим издан чиқди дегани эмасди. Мен Венецияда таниш-билиш орттиришдан ҳамма вақт ўзимни тийганман. Бу шаҳарда менинг мулоқотим Прентиналья ва лорд Сперлинг билан кифояланарди. Парижлик танишларимга келсак, йилнинг ўша фасли мени улардан етарли даражада ҳимоя қиларди. Парижликлар – сентябрь ойининг меҳмонлари. Октябрнинг ўрталарига бориб, ҳатто энг сабр-тоқатлилари ҳам бу ердан жуфтакни ростлаб қолишарди. Ноябрь ойига келиб, Венеция яна аввалгидек бутунлай венецияликларники бўлиб қолаверарди.

Агар руҳий ва жисмоний ҳолатим кўтарганида эди, бундай хавфсизликдан мен ҳам жон-жон деб фойдаланган бўлардим. Шаҳарнинг тор кўчалари ва майдонларидан, анҳорларидан ва шунингдек, кўлнинг ўзига бу қадар ром этувчи кеч кузакдаги бор жозибасидан, маъюс ҳусну тароватидан ҳузур қилардим. Бундай кунлар ҳақида менинг ёдимда жуда кўп қимматли хотиралар сақланиб қолганди ва барини яна қайтадан бошдан кечириш каминага қувонч бағишлаган бўлур эди. Венециянинг турли-туман нашъу намолари нечоғлик битмас-туганмас эканини билиш учун мен шаҳардан яхшигина хабардор эдим. Унда энг дабдабалигию ошкор этиб бўлмайдигани қайси, бундан буткул бохабар эдим. Унинг барча донғи чиққан ерларию ҳар бир бурчаги, бор-йўқ чиройию бор сир-асрори менга маълум эди. Бироқ айни пайтда бошдан ўтган ўтмиш таассуротларга яна берилиш учун ўзимда етарли куч борлигини ҳали ҳис этмаётгандим. Эҳтимол, сал кейин бироз маъюс ҳаётимга қайтолсам керак, дея хаёлдан ўтказдим.

Ҳозирча ўзим учун энг мақбули бу – Альтиненго қасрини сира тарк этмаслик эмасмикан?

Ҳамиша ғам-ғуссанинг бениҳоя азобловчи хуружи билан ниҳоя­ланадиган бу беҳуда сайр-томошанинг нима кераги бор? Кунларни яхшиси ловуллаб ёниб турган камин ёнида мутолаага ёки сукунатни фақат ўтинларнинг чирсиллашию мужмал, базўр илғаш мумкин бўлган товушлар бузиб турган, – англаш мушкул изҳори дили ила мана шу серҳашам ва гўзал танобийда хаёлларга чўмган ҳолда ўтказганим дуруст эмасми?

Шундай қарорга келишим ва ўз инон-ихтиёримга зуғум ўтказишни бас қилишим биланоқ ўша заҳоти ўзимни енгил ҳис эта бошладим. Барча хавотирларим тумандай тарқади. Оромини бузган ташвишлардан озод бўлган вақт, одатдан ташқари шундай жадаллик билан ўта бошладики, кўп ўтмай мутолаани йиғиштирдим. Париждан ўзим ёқтириб олиб келган баъзи китобларни бошқа очмадим. Париждан олган мактубларга аранг кўз югуртириб чиқдим. Уларга жавоб беришга келсак, хатлар ҳали ноаниқ режалар рўйхатида сақланиб турарди ва эрта-индин дея орқага сурилаверарди. Мен Прентинальяга Шаҳар Музейидаги ҳайкалчага тааллуқли кашфиётим ва ўта синчковлигим боис Альтиненго қасридаги қаровсиз қолган хоналардан бирида топилган киши сурати шарофати билан ҳайкалчада ким тасвирланганини аниқлашга муваффақ бўлганим хусусида лом-мим деганимча йўқ эди. Бир вақтлар фикру хаёлимни ўғирлаган ҳайкалчанинг ғойиб бўлиши воқеасининг энди менга қизиғи қолмаганди. Мен у ҳақда ўйламай ҳам, хаёл сурмай ҳам қўйгандим.

Шу муносабат билан бир қизиқ воқеа устида муфассал тўхталиб ўтмоқчиман. Бу воқеа билан қизиқиб қолган кезларим ҳар сафар диққатимни Шаҳар Музейидаги нотанишга қаратишимга тўғри келарди, у хаёлимда жуда аниқ гавдаланарди, бироқ бунда, аввал айтганимдек, баъзи бир ўзгаришларга дуч келарди, асосийси, у деярли аслидай, бор бўйича ўсиб, гавданинг баъзи аъзолари билан бутланиб борарди, бироқ шундай бўлардики, мен уни ҳамиша ҳам бус-бутун ҳолда кўра олмасдим. Борлиқни нотўғри идрок этиш энди деярли бутунлай тўхтади ва буларнинг тўхташи – қайд қилишга арзийдиган нарса – тасодиф Альтиненго қасридаги қазноққа беркитиб қўйилган эски матодаги нотаниш кимса исмини ошкор этган ўша кундан бошланди. Каминани унинг қасрининг бир қисмида истиқомат қилувчига айлантирган ажиб бу ўхшашлик мен учун узоқ вақт жумбоқ бўлиб келаётган бу шахсга нисбатан бурунги ва ке­йинги қизиқишларимни ошириш ўрнига, аксинча, қизиқишимга бутунлай барҳам берди. У ҳақда ўзимга шу қадар дам-бадам берган саволлар Верана хонимнинг бепарволиги туфайли киришимга тўғри келган ўша тешик-телуги йўқ зах қазноқда нобуд бўлаётган сурат, ҳайкалчада тасвирланган шахс Винченте Альтиненго эканини билганим заҳоти мени бошқа безовта қилмай қўйганди.

Унда мени ўзига мойил қилувчи нимадир бор эди. Танобийни барокко усулидаги мўъжизавор ганчкори нақшлар билан безатиб, ҳаётимга мазмун олиб киргани учун мен ундан миннатдор эдим. Ўзининг антиқа жиҳозларию ранглари, нақш қисмлари билан бу серҳашам ва қойилмақом танобий, Верана хоним mezzanino га мени олиб кирган ўша лаҳзаданоқ қалбимни ўзига қай даражада асир этганини айтиб ўтгандим. Ва бу мафтунлик кучайса кучайдики, асло сусаймади. У узлатдаги ҳаётимнинг бирдан-бир овунчоғи эди. Нақшдаги чирмашиб кетган чизиқларни, ганчкори нақшларнинг шаклини, кошинли фаршдаги расмларнинг майда-чуйдасигача назардан ўтказиш учун озмунча вақт кетдими! Мен ҳатто садаф майдаси фаршдаги қадама нақшларнинг қайси бўлаклари орасига сочиб ташланганини ҳам яхши эслайман. Кундузги ёруғликнинг жилваларини ва зарҳалланган шаклчаларга эга чиройли намоёндаги шам ёлқинини ҳам ўрганиб чиққанман. Бу подшоҳзода хонимлару қадим хитой амалдорлари куннинг қай пайтида қандай тусга киришини, уларнинг бор жилоларию товланишларини биламан. Уларнинг расмини шифтдаги шаклларга ёки рококо усулида ишланган камин тепасидаги чоққина кўзгунинг гирдидаги теварагини ўраб турган чиғаноқ тошларга ўхшатиб хотирамда чиза олардим.

Бироқ бу қадар жимжимали ва ажибу ғариб безаклар ичида, айниқса, бир нарса диққатимни тортди. Аввал айтганимдек, ганчкори нақшин танобийда учта эшик бўлиб, улар жозибадор қизғиш рангдаги туганакли ёғочдан ясалганди. Дераза қаршисидаги иккитасидан даҳлизга ўтиларди. Тумор шакл ичига афсонавий суратлар солинган хонага ўтиладиган учинчи эшик нақ дабдабали кўзгунинг рўпарасига тўғри келарди ва мен аввал тилга олиб ўтган, мутаносиб акси билан яна худди шундай мармар ҳошияли тўртинчи эшикни юзага келтирганди. Шундай қилиб, катталиги жиҳатидан Венеция санъатининг дурдонаси ҳисобланмиш улкан кўзгу хаёлий тўртинчи эшик вазифасини бажарарди. Вақт ўтиши билан у ер­ости сувларидек чуқурликдаги тасвирлаб бўлмас ажойиб тусга эга бўлиб борганди ва унда пайдо бўлган барча қиёфалар гўё қандайдир сирли ва олис туман билан қоплангандек эди. Оловлар ҳам бу кўзгуда туманлидек акс этарди. Ундаги ҳамма нарса гўё нариги дунёдан келиб қолгандек ғоят таъсирли ва олис кўринарди.

Бу хусусияти билан у охири мени ўзига мафтун этганди. Ғарибона ҳаётимга мазмун олиб кирган орзу-хаёлларга асирликда, менинг ташнаком ва синчковлиги кучайиб бораётган нигоҳларим, Шаҳар Музейидаги ҳайкалчани ва ташландиқ қазноқдаги расмни кўриб, чиндан-да, ажойиб тасодиф сабаб уни бир эмас, икки маротаба таниш бахти менга насиб этган, сергак боқаётган юзи сирли ва истеҳзоли, қаср ҳали ҳануз унинг номи билан аталишда давом этаётган ва бари, ўша, Худо ярлақаган Альтиненго соҳибнинг инжиқликлари шарофати билан бунёдга келган ва мени, ажабтовур жиҳозлардан тортиб бор-йўғини акс эттираётган мармар чорчўпдаги ғайриоддий манзарага тушди.

Бир қанча ҳодисаларга асос бўлган “воқеа” содир бўлган оқшомнинг бошқалардан сира фарқи йўқ эди. Барча воқеаларни тўғри англаётганимга ишонч ҳосил қилишим ва хотираларимнинг тиниқлигига таянган ҳолда аниқ санани айтмоқчиман: бу 27 ноябрда содир бўлганди. Ҳақиқий ҳис-туйғуларимдан ҳали жудо бўлмаганимни исботлаш учун бу кунни қандай ўтказганим тўғрисида тафсилотни қўшимча қилмоқчиман. Эрталаб одатдагидек анча кеч уйғондим. Мени Верана хонимнинг ганчкори танобийдаги қадам товушлари уйғотиб юборди. Хоним узоқ ухлашимдан фойдаланиб, у ерни йиғиштириб, каминга олов ёқди ва нонушта тайёрлади. Ишларини тугатгандан сўнг у эшигимни қоқди ва ювиниш хонасидаги каминга ўт ёқди. Ўрнимдан туриб, уй кийимимни кийдим-да, бир пиёла шоколад ичгани кетдим: бу орада Верана хоним хонамни йиғиштириб,  менга иссиқ сув олиб келди.

Хоним менга иккинчи нонуштани келтирди ва егуликни унинг кўмагисиз бирёғлиқ қилганимдан сўнг уни тушликни тортиб, бирйўла нонуштадан қолганини йиғиб-териб кетишга соат бирда келгандагина кўрдим.

Ўша куни бари одатдагидек ўтди. Ўрнимдан туриб, ганчкори танобийга ўтдим. Каминда олов ловуллаб ёниб турарди; унга тараша ташладим, гарчи ҳаво очиқ бўлиши кутилган бўлса-да, хона барибир салқин эди. Ташқарида тиниқ мовий осмон кўзга ташланарди. Ҳавонинг тозалигига гап йўқ эди, чунки Кармини ва бошқа қўшни черков қўнғироқлари тиниқ садо берди. Қўнғироқ товушларини ўзига хос оҳангларига қараб аниқлаш менга завқ бағишларди. Мен Сан-Себастьяно, Фрари, Арканжело Рафаэле жомларини бир-биридан яхши фарқлай олардим. Хиёл титроқ овозли Кармини қўнғироғи яқин ўртада бўлгани боис мен унга унчалик эътибор бермасдим. Бироқ, шамол баъзан анча олисдаги қўнғироқ жарангини ҳам олиб келарди ва мен у қаердан келаётганини аниқ айтиб беролмасдим. Венеция иқлимининг ўзига яраша инжиқликлари бисёр эди. Унда, ҳаво оқими ҳам худди шаҳардаги денгиз канали тармоқларидек чатишиб кетганди.

Бу куннинг бирдан-бир воқеаси қиёмдан сўнг соат иккиларда юз берган қайиқчиларнинг жанжали бўлди. Бирига мевалар, бошқасига тахта ортилган иккита оғир юк кемаси Санта-Маргерита каналида тўқнашиб кетди; булар, ҳар бирининг қуйруқ қисми қизил ўйма нақшли қоп-қора ва бесўнақай иккита юк кемаси эди. Тўқнашув зарби анча кучли бўлиб, иккала қайиқчи ҳам юк кемаларни ажратишга ҳаракат қилганча, бир-бирларини аямай сўка кетдилар. Улар орасидаги бу бақир-чақир ёқалашишгача бориб етса керак, деган хаёлга бориш мумкин эди, бироқ рақиблар, юк кемаларидан бирида каттакон кўппакнинг қаттиқ-қаттиқ вовуллаши жўрлигида бир-бирларига лаънат ўқиш билан чекланиб қўя қолишди. Кўз очиб-юмгунча Фондамента Фоскарини, Кампо деи Кармини ва канал устидаги кўприк томошабинга тўлди: тўпланганлар орасида болалар ҳам, шолрўмолли аёллар ҳам, тасодифий ўткинчилар ҳам бор эди. Жанжал авжига минди, ва бирдан, ҳеч бир сабабсиз таққа тўхтади, балки бу икки шоввоз йигитнинг луғатидаги ҳақоратли сўзлар тугаб қолганидандир. Нима бўлганда ҳам, бўшаган юк кемаси йўлида давом этиш учун аста жилиб қолди. Кўппакнинг вовуллаши эса анчагача эшитилиб турди. Оломон тарқалди ва кимсасиз қолган канал сукунатга ғарқ бўлди.

Чўккан сукунат тунгача бузилмади. Кейинги соатларда мен бошқа ҳеч нарса эшитмадим. Фақат каналда сирпаниб сузаётган гандолаларнинг ёки юк кемаларининг овози ва Фондамент тоштахталари устидаги қадам товушларию аёл ва гўдак саси, кўчманчи мол сотувчиларнинг бақир-чақири ва Жудекки каналидаги кемаларнинг ҳуштагию сиреналари билан қоришиб кетган барча ҳаракатсиз нарсаларнинг хўрсиниғи ва ҳаяжон тўла сукунатнинг сирли шитирлаши бундан мустасно. Верана хоним одатга кўра шамдонга ўрнатган янги шамларни ёқиш учун оромкурсидан тургунимга қадар ҳаммаси шундай давом этди…

Бу лаҳзаларни мен, аввал айтганимдек, ҳар куни бетоқатлик билан кутардим. Шубҳасиз, мен қуёш нурларининг улуғвор ва фусункор ганчкори безаклардаги товланишини яхши кўрардим, бироқ туннинг нозиктабиат жилваси олдида бошқа барчаси ўтаверсин. Девордаги улкан чинни суратда Хитой манзаралари акс этган – маликалару катта амалдорлар, тахтиравонлару ибодатхоналар, паррандалару гуллар ўзининг серҳашам жозибасини кўз-кўз этиб турарди. Қадимий зарҳал жонланиб, бутун хона ажиб ҳашаматга бурканганди. Қадама нақшли фаршдаги садаф доначалар худди тунги денгиз ёғдуси каби нафис ярақлаб турарди. Ўчоқ ёлқини шам ёлқини билан қўшилиб кетганди ва мен ҳеч ҳам кўнгилга урмас бу сирли тебранишни берилиб кузатдим.

Бироқ, кўп ўтмай, бундай ҳузурбахш томошага қарамай, нигоҳларим улкан кўзгули эшик томон йўналди. Мен ҳикоя қилаётган оқшомда бари одатдагидек ўтди. Каминда ловуллаб ўтин, шамдонда эса шамлар ёниб турарди ва улкан кўзгу, одатдагидек, ўзининг олис ва хира нури қаърида танобийнинг янада ўзига хос бўлиб кўринаётган қойилмақом ва оҳангжамали жиҳозларини акс эттириб турарди. Бу манзарадан мириқиб завқ олдим. Ундан фақат наридан-бери қорин тўйдиришу куч тўплаш учун бир неча дақиқагагина узоқлашдим, сўнг ёниб тамом бўлган шамлар одатда ухлаш вақти бўлганидан дарак бергунига қадар яна хаёлга берилдим.

Мен кўзимни очиб мудраб ўтирардим ва шамлардан бири мудроғимни бузди… Қутичага афтидан адашиб тушиб қолган ва бошқасига қараганда кичикроқ ўлчамдаги шамнинг чарсиллаши эътиборимни тортди, у деярли ёниб бўлганди ва ундаги тугаб бораётган ёлқин энди шамдондаги тармоққа уловчи шиша мосламага хавф солиб, уни ёрай-ёрай деб турарди. Мен уни ўчириш учун ўрнимдан турдим.

Бу шам сохта эшикнинг шундоқ ўнг томонида жойлашганди. Ғалати бир нимани сезишим ҳамон олдинга базўр бир қадам ташладим. Ганчкори танобий кўзгуда ҳар доимгидек менга бошдан-оёқ кўринди. Девордаги улкан расм, шамдон, ўчоқ ва уй жиҳозлари – барчаси ўз ўрнида, у ерда фақат менгина йўқ эдим, холос. Олис бўлса-да, бироқ атрофдаги бор-йўқ буюмларнинг барини аниқ кўринишда тақдим этаётган кўзгу айнан мени кўрсатмаётганди.

У ерда йўқлигимдан таажжубланиб, бир жойда қотиб қолгандим; сўнг яна бир қадам олға ташладим. Акси кўринаётган танобийда аввалгидек яна камина йўқ эди. Қўлим билан ойнага тегиб кўргани унга яқинроқ бордим. Барибир на қўлим, на юзим ва на жисмим кўзгуда акс этарди. Агар мен жисмсиз, шаффоф, кўланка бўлган тақдиримда ҳам кўзгу мени булардан ортиқ кўрмаган бўларди. Улар орасида мен чақирилмаган меҳмон ҳисобланган серҳашам, жимжимадор жиҳозларгина кўринарди, холос.

Нима бўлганда ҳам ҳали тирик эдим, шубҳасиз, тирик. Нафас олардим, қимирлардим. Бу туш эмасди. Унинг олис қаърида, аввал ҳам барча буюмлар орасида ўз қиёфамни аниқ акс этган ҳолда кўп маротаба кўришга мушарраф бўлган ўша шиша эшик қаршисида мен ва айнан мен турардим. Камина ҳамон ўша-ўша аввалгидек эдим, ён-атрофимда ҳам ҳеч нима ўзгармаганди. Шамдонда шамлар ёниб турар, каминда қизғиш олов ловулларди. Альтиненго саройи ҳам ўша-ўша бурунги Альтиненго саройи эди, Венеция ҳам ўша-ўша қадимги Венеция эди. Шунга қарамай, мен бирдан фавқулодда одамга айланиб қолганимга иқрор бўлишга тўғри келарди ва ўша дақиқаларгача каминага батамом одатдагидек туюлган шу бугунги кун мени ақлга сиғмас мавжудликка кўчишимдан дарак берарди, – башарти бу кўзгули эшик, ўзимга аталганидан мутлақо бехабар аҳволда камина остонасида турган ва у орқали сирли ва ақл бовар қилмас оламга қадам қўйиш мумкин бўлган сеҳрли дарвозанинг шартли белгиси бўлиб чиқса-чи?

Чиндан ҳам ўзим учун хаёлий жонзотга айланиб қолишга сира тайёр эмасдим. Бундай савдога рўпара бўлиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Ғайритабиий нарсаларга ҳамиша бепарво қараб келганман. Ҳаётимда ажойиб ҳодисага сира дуч келмаганман, бу сўзнинг ҳар икки маъносида ҳам… Менинг хурсандчилигим ҳам, ғам-қайғум ҳам, машғулотларим ҳам оддий одамларникидек бўлган, энди қарабсизки, – томдан тараша тушгандек, бирдан араб ҳикояларидаги қаҳрамонга айланиб ўтирибман!

Бундай ўзгариш каминани ҳангу манг қилиб қўйиши керак эди. Аксинча, бу ҳолга жуда хотиржам ва бепарво, ҳеч бир ҳаяжонсиз муносабатда бўлдим, башарти агар, тасвирланган воқеа ўткинчи бўлиб, уни бир лаҳзалик кўз чалғишидан иборат дея изоҳлаш мумкин бўлганда, унда тушунса бўларди. Бироқ аҳвол бундай эмасди. Воқеа бир-бирига шу қадар ўхшаш вазиятда такрорланар эдики, уни кутилмаган хомхаёл деб қабул қилиш мумкин эмасди.

Эртасига эрталаб ўрнимдан туришим билан, биринчи қиладиган ишим, яқиндагина менинг аксимни кўрсатишни ғалати тарзда рад этган кўзгуга назар ташлаб қўйиш эди. У итоат билан ўзининг яшил қаърида менинг қиёфамни намоён этди. Бу тажрибамни якунига етказиб, одатдаги турмуш тарзимга қайтдим ва Верана хонимдан мен учун ихчамгина қўл кўзгусини сотиб олишини сўрадим. Аёл кетгандан сўнг аҳён-аҳёнда сеҳрли эшикка назар ташлаб, яна камин олдида ўтириб хаёл суришу мутолаа қилишда давом этдим. Ҳар сафар у ерда ўзимни кўрдим. Аста-секин қош қорая бошлади ва шамни ёқадиган пайт келди. Мен шошмай шам ёқа бошладим. Шу зайлда бутун танобийни айланиб чиқдим ва сўнг “эшик” олдига келдим. Унинг ойнадек силлиқ юзаси бўм-бўш танобийни акс эттириб турарди.

Шу тажрибани қаторасига уч кеча такрорладим. Кун давомида салобатли кўзгу менинг қиёфамни қабул қиларди, кечга бориб эса уни рад этарди. Бироқ Верана хоним сотиб олган кўзгу ўзини бошқача тутарди. У мени акс эттиришни сира канда қилмасди. Демак, ҳодисанинг сабаби кўзнинг панд берганида эмасди. Бироқ бундан у яна-да ғалатироқ бўлиб борарди. Нега айнан кеч кириб, шамлар ёниши биланоқ, қалбаки эшикнинг ойнали намоёни мени ўраб турган атрофдаги буюмларнинг икир-чикиригача акс этдиради-ю, бир мени кўрсатмайди? Мен учун жумбоқлигича қолган қандайдир сирли хоҳишдан бошқа сабаби йўқ физикавий қонундаги бундай истисно қаердан келди ўзи?

Фақат тўртинчи оқшомдагина нима содир бўлаётганини тушуна бошладим. Бу оқшом, мен жуда аниқ тасвирлаб берган воқеага янада ғайриоддий бошқаси келиб қўшилди. Аввал ўтган оқшомлар каби мен шамларни ўт олдиргандан кейин ўчоқ олдидаги оромкурсига келиб чўкдим. Бошимни чангаллаб, бир мунча вақт жойимдан қўзғалмадим ва шу тобда ғалати бир нима юз беришини кўнглим сезгандек бўлди. Бу айнан нима экани менга қоронғи эди, бироқ юрак ниманидир аниқ сезарди, шу қадар аниқ сезардики, ҳатто нигоҳларим ўша синоатнинг юз беришига ишонганча ойнали эшикка қадалди.

Мен адашмагандим: ганчкори танобийнинг ичкарисида ҳали унчалик яхши кўринмаётган мавҳум қиёфанинг акси туртиб чиқиб турарди, бироқ у меники эмасди, негаки мен жойимдан қимирламай турсам ҳам акс ҳаракатланарди. Бу инсон тасвири менинг мавжуд бўлмаган қиёфам ўрнини босиб турарди; у равшанлаша борган сайин мен буни яна-да яхшироқ англаб ета бошлагандим. Қиёфа аста-секин шу қадар тиниқлаша бошладики, ўзини кўрсатган бу одамни мен олдиндан билардим. Унинг эгнида узун ёмғирпўш ва калта шим, ясама сочнинг устидан эса учбурчак бош кийим кийган бўлиб, юзи ҳали кўринмаётганди. Бари каби ўша пайт у ҳам гўё булут ичида қолгандек бўзарган тусда анча аниқ акс этиб турарди. Бу одамнинг туриши сал тараддудли эди. У баайни анча вақтдан сўнг уйига қайтаётган саёҳатчига ўхшарди. Бир вақт у қўлини юзига яқинлаштирганча қимирлай бошлади. Шунда мен, илгари ўзимга бир парча булут бўлиб туюлган ўша нимадир қадимда венецияликлар фойдаланган карнавал ниқобларидан бири эканини пайқадим; бироқ, у ниқобни ечмасданоқ тунги йўқловчим ким эканини сезгандим. Шунча аломатлар унинг пайдо бўлишидан дарак бергани учун мен уни чиндан ҳам кутиб туришим керакмиди? Венецияга етиб келган кунимнинг илк оқшомида мен Флориандаги “хитойликнинг пойида” ўтириб, Прентинальянинг ҳикоясини тинглаётган пайтимда у атрофимда аллақачон тентираб юрган бўлса-чи? Балки унга тегишли қасрга келиб жойлашишимни ўзи истагандир? Менга исмини ошкор этган ҳам унинг ўзи эмасмикан? Мавжудлигини менга билдириш учун бошқаларнинг ичида у каминани танладимикан? Буларнинг барини мен ўша куни шундай теран ҳис этгандимки, энди ажабланишимга ҳеч бир ўрин қолмаганди. Шундай мафтункор ганчкори танобийга эгалик қилишни яна қайта қўлга киритса, бу адолатдан бўлмасмикан? Унга икки букилиб таъзим қилишиму: “Ассалому алайкум, Винченте Альтиненго, ассалому алайкум! Ўз уйингизга хуш келибсиз!” дейишим қолганди, холос. У ниқобни олиб, юзи аниқ-равшан кўриниб турганда энди шубҳага ҳеч ўрин қолмаганди. Винченте Альтиненго ўзининг ҳар икки сурати – ҳайкалчадагига ҳам, портретдагига ҳам жуда ўхшарди. Қаршимда, кўзгу қаърида мени суриб чиқарган унинг қиёфаси, ҳақиқий Винченте Альтиненго турарди. Хол-хол садафли қадама нақшли фаршни у, рангдан маҳрум, вазнсиз, деярли ҳали мавжуд бўлмаган оёқлари билан депсиганди; унинг ташрифи шундай оддий ва табиий бўлиб кўринардики, мен ҳатто бунинг мағзини чақишга ва сирли мақсадини англашга ҳаракат ҳам қилиб ўтирмадим.

 

* * *

Винченте Альтиненго салобатли эшик ойнасида ҳар куни ҳам бир хил кўринишда пайдо бўлавермасди. У ҳар сафар шамни ёқишимни кутиб турса-да, бироқ қаршимда ҳар доим ҳам учбурчак бош кийимда, эгнига ёпинчиқ ташлаган, юзида ниқоби билан – хуллас, илк кўринишда намоён бўлмасди. Баъзида у столда тирсагига суяниб ўтирган бўларди; гоҳо кўчани томоша қилаётгандек дераза ёнида турарди. Баъзан шундай бўлардики, тез-тез чуқур ўйга чўмган одамдек танобийнинг энию бўйини “ўлчаб” юриб чиқарди. Бу қадар хилма-хил ҳолатларни ягона янгилик деб ҳам бўлмасди. Кун сайин кучлироқ акс этаётган бошқа ўзгаришлар ҳам содир бўлиб борарди. Чунончи, қиёфанинг зичлик даражаси ҳам аста-секин ўзгара бошлаганди. Бошда айтганимдек, Винченте Альтиненгонинг шарпаси қандайдир мавжуд эмасдек, вазнсиздек ва устига-устак туссиз, хира-кўкимтир рангда эди; бироқ кўп ўтмай, у менга вазни ортиб, моддийлашаётгандек кўрина бошлади. Шу билан бирга у аввал анча рангпар эди, бироқ энди бир-биридан сезиларли даражада ажралиб турувчи муайян рангларга кира бошлаганди. Винченте Альтиненго бу ўзгаришлар юз берган сайин аста-секин кўланкага ўхшамай қолаётганди. Бир мунча вақт ўтиши билан мен унинг энгил-бошинию матонинг сифатини ажратишга муваффақ бўла бошладим. Юзи ва қўлларига секин-аста жон кираётганди.

Мен барини диққат билан кузатиб борардим. Тунги ошнамга аллақачон одатга айланиб қолган қизиқишу эътибор билан синчиклаб разм солардим. Салобатли кўзгу қаърида қандай у ёқдан-бу ёққа юраётганини кузатардим. У ҳам мен каби ўз ғарибона ҳаёти билан андармон эди; биз юзма-юз турардик ва ҳар иккимизга тегишли ҳар икки ғариб оламни юпқа ойна шишаси ажратиб турарди.

Ҳодисанинг бу тарздаги кўриниши унча кўп давом этмасди. Шу орада Винченте Альтиненго илгари қисқа муддатга кўринган бўлса, энди у билан учрашув тобора узоқроқ чўзилиб борарди. Ўзининг илк ташрифида шарпа бир мунча машаққат билан қиёфа шаклига кириб, ўз наздида аниқликнинг энг авж нуқтасига етиб борарди-да, ғойиб бўлишдан аввал хира тортиб, аста-секин йўқолиб кетарди. Энди у мавжуд қиёфага анча тез эга бўла бошлади ва бу кўринишни у шамлар ўча бошлагунга қадар сақлаб турарди.

Гарчи мен бошқаларга ўхшамайдиган йўқловчимга тез кўникиб кетган бўлсам-да, олдимда барибир битта савол кўндаланг турарди. Менинг мавжудлигимни Винченте Альтиненго сездимикан? Мен уни кўра олганимдек, у ҳам мени кўра олдимикан? Шу каби тахминларга боришимга биронта сабаб йўқ эди, бироқ шундай фараз қилиш мумкин бўлган дақиқалар ҳам келди. Ўша кеча Альтиненго қўлини орқага қилганча, у ёқдан-бу ёққа юрди; унинг бор қадди-басти ўша оқшом жуда аниқ кўринди. У дабдурустдан таққа тўхтади-да, бирдан мен томонга ўгирилди ва ажабланиб қўйди, сўнг яна сайрини давом эттирди; бироқ у нимадандир хавотирланаётгани, нимадир уни ҳаяжонга солаётгани аниқ эди, эҳтимол, бу безовталикнинг сабабчиси мендирман.

Бу ўй-хаёллардан камина эртанги оқшомга қадар ҳам қутулолмадим, негаки, Альтиненгодаги саросима борган сайин кучайиб борарди. Бу унинг изтиробли важоҳатида, менга ташлаган кўз қарашларида, баъзи бир ишораларида намоён бўлиб турарди. Альтиненго мени гоҳ ошкора, гоҳ яширин кузатарди. Баъзида у эндигина ўтириб олган оромкурсидан шартта турарди-да, бир неча бор хонани айланиб чиқарди, сўнг қулоғини динг, кўзини лўқ қилиб турган ерида тонг қотиб қоларди. Мен уни кўриш қобилиятининг панд беришидан халос бўлишга уриниб, кўзини одамга ўхшаб бир неча бор ишқалаётганини кўрдим. Мана, қандай шароит сабаб, энди мени сўнгги шубҳа-гумонлардан озод қиладиган оқшом ҳам етиб келди.

Бу оқшом Альтиненго танобийни анча вақт айланди ва мен унинг тўсатдан эшиклардан бири томон кетаётганини кўрдим. Унинг имо-ишорасидан ёнига кимдир ташриф буюрганини ва келганнинг кимлиги менга номаълумлигича қолган бўлса-да, унинг муддаоси ҳам, суҳбатнинг мавзуси ҳам менга аён бўлганди. Суҳбат шубҳасиз мен ҳақимда борарди. Альтиненго ўзи кузатган ҳайратомуз ҳодисалар тўғрисида ҳикоя қиларди. У суҳбатдошининг эътирозини рад этар, шериги чамаси, буларнинг бари тасаввур ўйини эканини уқтиришга уринарди, бироқ Альтиненго ҳеч бир далил-исботни эшитишни истамаган одамдек бош чайқарди. Альтиненго ва мен бир-биримиз учун яшардик!

Менга шу қадар яқин ва айни замонда ёт-бегона зот билан алоқага киришишга бўлган иштиёқнинг туғилиши ва, назаримда, Альтиненгода ҳам худди шундай иштиёқ борлиги мендаги ишончнинг маҳсули эди. Кўнглимиз яқинлигига ажабланишнинг ҳожати бормикан? Бизни – парижлик, ҳозирги давр кишиси бўлмиш мени ва ўтмишдаги венециялик бўлмиш уни учраштирган асли шу сирли ҳодиса эмасмикан? Ё бу тақдирнинг бизга атаганимикан? Қадимдан қолган бу қаср бизнинг учрашув жойимиз бўлишини истаган фалакнинг сирли гардиши измига тушиб қолмадикмикан? Мен, гарчанд бу ажиб саргузаштга ҳеч бир тайёргарликсиз рўпара келган бўлсам-да, уни ажабланишсиз қарши олдим… Модомики, у менинг ёнимга шундай оддий ва шундай бир табиий тарзда ташриф буюрган экан, нега энди мен унга пешвоз чиқмаслигим керак? Бу арвоҳларни безовту қилиш ёки биронта сеҳр-жодунинг натижаси эмасди. Бўлиб ўтган бир неча аҳамиятсиз, боши-кети қовушмаган воқеалар мени аста-секин унга яқинлаштирганди. Модомики у менга пешвоз чиққан экан, нега энди мен ундан ўзимни олиб қочишим керак? Ва, ниҳоят, бо­адаблик ила унинг қорасига қўлимни узатиш, менинг, Винченте Альтиненгонинг меҳмони бўлмиш каминанинг бурчим эмасми?

Альтиненго ҳам бу масалага худди шундай ёндашаётганди; бунга энди имоним комил бўлди. У шу пайтгача хонанинг қаърида бўлишни хуш кўрди, энди эса кун сайин олдинга чиқиб келарди. Ҳозир мен уни жуда яқиндан кўрдим. Биз бир-биримизни соатлаб юзма-юз туриб кузатардик. Бизни атиги юпқа ойна қаватигина ажратиб турарди ва биз унинг чилпарчин бўлишини билардик, негаки унинг синиши турган гап эди. Шундай бўлиши шубҳасиз, зарур ва муқаррар эди. Бироқ бундай дадил қадамни ташлашга иккимиздан қай биримизнинг журъатимиз етаркин? Альтиненгонингми ёки менинг? Шарпанингми ёки тирик жоннинг? Иккимиздан қай биримиз ботирроқмиз, – иккаламиз ҳам юзма-юз туриб, ўз оламимиздан бир-биримизга савол назари билан боқардик, бу пайтда орқа томонда, шамлар ёруғида дабдабали ва жилвадор қадимий ганчкори нақшлару чиннилар олтин тобидан ярақларди, бошимиз узра эса вақт таъсирида чириб путури кетган кўҳна Альтиненго қасрининг қозиқ оёғи юксалиб турарди; бу вақтда эса ташқарида, атрофини ўраб турган кўлларию ичкарида илонизи бўлиб буралиб-буралиб кетган минглаб канал сувларида ўз меъморчилиги санъати маҳсули бўлмиш кошинларни икки карра кўпайтирганча ўз кўланкаси устида кеккайиб турган нозик, тушуниб бўлмас ва мўъжизавор, сирли тунги Венеция,– тепасида, қаср фаршидаги садаф бўлагидек, қайтаётган ой гардиши порлаб турган Венеция ястанган эди…

Ҳар оқшом муқаррар ҳодиса яқинлашиб келарди. У ўй-хаёлларимни батамом банд этганди. Мен Альтиненгога бевосита алоқадор барини унутгандим. Ўзимни ҳам эсдан чиқаргандим. Агар мендан бундай эски қасрга бекиниб олганча нега Венецияда яшаётганимни ва бу ерга мени қандай шароит етаклаб келганини сўрашса, бу саволга эҳтимол жавоб беролмаган бўлардим. Бироқ ҳеч ким менга бу саволни бермади. Ғариб кўнглимни кўтаришга ҳеч ким келмади. Мени ўраб турган сукунатни эса ёлғиз Верана хоним билан кундаги бир-икки оғиз гап сотишларгина бузарди, холос; бу пайтда кузги тўлқинларни чақирувчи Венеция каналлари қўзғалиб, сув соҳилбўйи кўчаларининг зиналаридан то бандаргоҳгача, ундан қаср йўлагигача кириб борарди, бу орада гувиллаб эсаётган кучли шамол ва бўрон уларнинг баланд мўриларини тебратганча болохона айвонларининг ўқ ёғочларини ларзага келтирарди. Тўлқин баъзан шу қадар қутуриб кетардики, ғовлардан ҳам ошиб ўтиб, Сан-Марко майдонини кичкина тўлқинчалар ҳосил бўлган кўлга айлантирарди-да, ўзини, мармартошдан қилинган ва кошинланган, ҳаворийларнинг шоҳона биносига ўхшаш Венеция кемаси Букентавер сузиб юргандек қилиб кўрсатганча Пьяцеттга келиб қуйиларди; порфир устунида шер ўзининг очкўз тумшуғи билан шўр тўлқин ва денгизнинг қудратли шамолидан ўпкасини тўлдириб нафас оларди ва унинг бринчдан ясалган қанотлари тасаввурдаги парвоздан қўрққанча қалтираб борарди…

Буларнинг бари менга нега керак? Мени фақат бир нарса қизиқтирарди: биз иккимиз ҳам кутаётган, негаки буни биз иккимиз ҳам истаган, иккимиз ҳам уни хоҳлаган бу ҳал қилувчи қадамни ким босади, иккимиздан қай биримиз, Альтиненгоми ёки мен? Юзларимиз деярли бир-бирига тегиб, нигоҳларимиз бениҳоя синчковлик билан тўқнашиб, қўлларимиз бир-бирини излай бошлади. Бу мўъжизани амалга ошириш кимга насиб этаркин, Альтиненгогами, ёки менга, ёки, пировардида, бу жўнгина содир бўлармикан?

 

* * *

Мен ғалати туш кўриб уйғондим. Назаримда, у анча узоқ давом этди ва уни бир кечадаги туш деб бўлмасди. Таг-туби кўринмас бу туш ҳаётимни бутунлай тўхтатиб қўйиш билан кечди. Мендаги бори – жисмим ҳам, қоним ҳам, хотираму бугунги куним, ўтмишим ҳам, бари беҳуш қилинганди. Бу уйқу – тубсизлик қаъридан аста-секин, шошилмайгина уйғондим; мана мен сиртга тегдим, мана, яна ҳаётга қайта бошладим. Мен ҳали яшашни бошлаганим йўқ, бироқ ҳозир яшай бошлайман. Ҳадемай кўзимни очаману оёқларимни қимирлатиб, ҳаракатга келтираман ва тилга кираман.

Сукунат ичида атрофга алангладим. Ҳамон ўринда ётардим. Атрофимда деворлари оққа бўялган, камтарона жиҳозланган хоналар кўзга ташланди. Эгнимда дағал газламадан кўйлак. Нимадир бошимни сиқарди. Бу боғланган жароҳат эди. Мен ўзи қаердаман? Нега кўрпа-тўшак қилиб ётибман? Бу яна қанақа оқ кулба бўлди? Қандай воқеа содир бўлди ўзи? Қўлимни қимирлатгандим, қўнғироқ нокчасига тегиб кетдим. Ёшгина ҳамшира ёнимга келди. Ҳамшира кулимсираганча бармоқларимдан тутди-да:

– Ҳа, бугун ёқимтой беморимизнинг аҳволи анча дуруст! Сизга бирон нима керакми? Мен ҳозир шифокорни чақираман, у ўз хонасида… У менга буюргандики… – деди.

Мен уни тўхтатдим-да:

– Аввал айтинг-чи, қаерда ётибман?

Ёшгина ҳамшира кулиб юборди.

– Ҳа, сиз Жудеккедаги доктор Беллинчонининг клиникасидасиз.

Жудеккени бир неча бор сайр қилатуриб, қалпоқчали баланд мўриси бор ва эшигига шифохона белгиси сифатида катта қизил хоч ўрнатилган уйнинг ёнидан ўтгандим. Ҳатто бир кун ташқари томондан вестибюль орқали кўриниб турган боғни бироз сайр қилиш учун ичкарига ҳам киргандим.

– Лекин бу клиникага қандай тушиб қолдим?

– Сабр қилинг, докторнинг ўзи сизга бир бошдан ҳаммасини гапириб беради.

Шифокор Беллинчони соч-соқоли яхшилаб олинган, юзлари сип-силлиқ, тўладан келган, қувноқ ва кўринишдан ёқимтойгина киши эди. Саволларимга жавоб беришдан аввал у мени кўрикдан ўтказди. Кўрик натижалари афтидан уни қониқтирди, шекилли, охирига етказибоқ бемалол каравотнинг оёқ тарафига ўтириб олди-да, қўлларини бир-бирига ишқалаганча, деди:

– Хўш, хўш, азизим, бари яхши кетяпти. Энди хавф-хатар ортда қолди. Ҳа, яна бироз дам олишу етарли парвариш ва осойишталик бўлса, бас. Жароҳат ҳали битганча йўқ, бироқ ҳар қандай нохуш ҳодисаларга мутлақо барҳам берилди. Жин урсин, зап зарба бўлган экан ва бу сизга жиддий шикаст етказган!

Мен ёстиқдан бошимни бироз кўтардим.

– Қандай зарба, доктор?

– Қандай зарба? Қандай зарба бўларди, ўз чорчўпидан чиқиб, бошингизга қулаб, ағдарилиб, чил-чил синган залворли кўзгунинг зарбаси-да! Сиз ҳозир даволанаётган оғир жароҳатингизга бу синган ойна парчаларию лат еган ерингиз сабаб бўлган. Тағин ҳам сиз тирик қолибсиз. Фик­римни билдиришга ижозат этсангиз, шуни айтмоқчи эдимки, эски, путури кетган Альтиненго қасрига келиб жойлашишингизни маслаҳат берган шахс сиз учун жуда нобоп ерни танлаган, чунки кўзгунинг ағдарилиб, сизни шикастлагани етмагандек, бу фалокатнинг эртасига деворнинг ярми қулаган ва уйнинг фарши ўпирилиб тушган. Қаср сиз келмасингиздан бурун хатарли даражада омонат бўлган ва бино тўлқиннинг кучли босимига ҳам, бўронга ҳам қаршилик кўрсата олмаган. Иморатнинг таг-туги билан каналга қулаб тушишига бир баҳя қолган. Ҳозир шаҳар бошқармаси бинони ижарачилардан бўшатишга фармойиш берган ва уни бутунлай бузиб ташлашни мўлжаллаётибди.

Шифокорни сўзларини диққат билан тингладим. У сўзида давом этди:

– Бу фалокат тунда содир бўлган. Ҳайрон қоларли ери шундаки, қасрда истиқомат қилувчилардан биронтаси бу шовқин-суронни эшитмаган. Тўғри, сиз жойлашган бино бутунлай ажратиб қўйилган ва бунинг устига тундаги кучли шамолдан тўс-тўполон кўтарилган. Тонгда эса хонангизга кирган хўжалик бошқарувчиси Верана хоним сизни у ердан ҳушсиз, қонга беланган ҳолда топган. Аёл оқилона йўл тутиб, сизни ўша заҳоти менинг клиникамга етказган. Сиздан хабар олиш учун бир неча бор аёлнинг ўзи, шунингдек, Зотарелли исмли қандайдир илтифотли антиквар, ва яна, сиз бахтсиз ҳодисага учраганингиздан икки кун ўтиб, саёҳатдан қайтган биродарингиз Прентиналья ҳам келиб кетишди. У жуда изтиробли кўринарди ва буларнинг бари қандай юз берганини мендан сўраб-суриштирди; бироқ мен унга батафсил сўзлаб беролмадим. Сиз, балки, барини мендан кўра яхшироқ тушунтириб берарсиз ва сизни нариги дунё­га равона қилишига сал қолган жин ургур ўша лаънати эшик билан сизнинг орангизда аслида нима содир бўлганини, эҳтимол, эслай оларсиз. Дарвоқе, бугунга етар, шундай ҳам жуда кўп гапириб юбордик. Энди сиз кечки ярани боғлаш вақти келгунга қадар ётиб, бир неча соат дам олишингиз керак.

Мен шифокор Беллинчонига итоат этдим-да, кўрсатган ғамхўрлиги учун миннатдорчилик билдирдим ва ўйга толдим. Доктор Беллинчони айтган сабабларни эътиборга олсаммикан? Мен бир неча ҳафта давомида қурбонига айланган мия чалғишига балки мана шу ҳодиса нуқта қўйгандир? Бехосдан қулаган эшикнинг менга етказган тан жароҳатидек Винченте Альтиненгонинг омонат кўланкасига ҳам зиён етдимикан? Бизнинг сирли мусоҳабамиз тасодифан узилиб қолдимикан? Мен гўёки остонасида турган сирли саргузашт ҳали поёнига етмай туриб, наҳотки шу тариқа аҳмоқона жароҳат олиш билан якун топса? Доктор Беллинчонини шу қадар ҳайрату ташвишга солган, ғайритабиий бу уйқу яна давом этармикан? Балки Винченте Альтиненго ташқарига чиқишни истаган ва каминани ҳам эргаштириб кетмоқчи бўлган ўша сирли оламда у билан уйқумда бўлгандирман? У ерда бошимдан не ўтган бўлмасин, барчасидан айрилдим. Шундай қилиб, бир лаҳзага бўлса-да, қайғули борлиғим чегарасидан сўнгги бор ҳатлаб ўтиш имконидан маҳрум бўлдим! Эҳтимол, бир замонлар Винченте Альтиненго ҳам худди шу ганчкори ва чинни билан безатилган танобийда мен каби ўша руҳий тушкунликдан азоб чеккандир ва мен энди ҳеч қачон эшитолмайдиган таскин сўзларини айтиш учун ёнимга келмоқчи бўлгандир? Ёки буларнинг бари, ҳар ҳолда, мен мабодо ҳикоя қилиб беришни лозим топсам, доктор Беллинчонини кулдиришга мажбур этувчи пачоқ бошимнинг алахсирашимикан?

Оқшом доктор, анча машаққатли бўлган жароҳатни боғлаш муолажасидан сўнг докани тўғрилаганча деди:

– Мана, энди жароҳат анча дуруст, анчагина дуруст. Мабодо эртага Зотарелли ва Прентиналья жаноблари сизни кўргани келиб қолишса, уларга олдингизга киришларига ижозат бераман.

Биринчи бўлиб жаноб Прентиналья келди. У ётган еримга ўзини отганча қўлларимдан чўлп-чўлп ўпа бошлади.

– Афсус, дўстим, минг афсус, мен ўзимни шундай койидимки! Ахир бу менинг айбим! Бу бало-қазоларнинг барига сизнинг Прентинальянгиз айбдор. Бу лаънати Альтиненго қасрини сизга кўрсатган мен эмасмидим? Оҳ, жароҳатланган шўрлик бошингиз! Бунинг учун ўзимни ҳеч қачон кечирмайман!

Шундай дея бир қўли билан у кўксига урди, бошқаси билан докани кўрсатди. У ҳар доимгидек чойшабдек ёмғирпўшига бурканганча, кулгили саҳна асари қаҳрамонидек ўзининг одатдаги машак башараси билан қаршимда турарди. Унинг бармоғида Фондамента Фоскаринидаги қасрнинг ва Верана хонимнинг манзили кўрсатилиб, менга юборилган мактуб муҳрланган сирли узук ярқираб турарди. Кўзлари олайган, индамас Верана билан ниқоблангандек башарали бу Прентиналья ўртасида қандай умумийлик бўлиши мумкин? Каза дельи Спиритидан бўлган савдойи лорд Сперлинг билан ишлар қай аҳволда? Прентиналья у билан Римгача борди ва у Миланга “руҳий ҳодиса” тадқиқотчиларининг конгрессига бориш учун ўша ерда қолди. Улар яқинда “хитойликнинг пойида” йиғилишармиш, шу ростмикан? Прентиналья – бепарвогина қўшимча қилди:

– Ҳа, айтмоқчи, азизим, мен сизга ҳикоя қилиб берган Шаҳар Музейидаги ихчамгина ҳайкалчанинг ғойиб бўлиши билан боғлиқ воқеа ёдингиздами? Гап бундай, ҳайкалча яна ойна қутидаги ўз жойига қайтди! Бир куни эрталаб уни ўша ердан топишди, у одатдагидай ясама сочда, табассум қилиб турарди. Фақат ҳайкалчани кўтариб келаётиб, фирибгар уни тушириб юборган бўлса керак, чунки унда кўзга ташланадиган анча-мунча ёриқлар борлиги маълум бўлди. Уни ҳозир асил ҳолига келтиришяпти… Лекин мен, азизим, роса жонингизга тегдим! Яқин орада кўришгунча! Ҳали яна келаман.

Шундай дея бошига момиқ қалпоқ кийган ва эгнига ёмғирпўш илган Прентиналья кўздан ғойиб бўлди ва у хайрлашув ишорасини қилаётганда кўрсаткич бармоғидаги тамғаси сеҳрли қимматбаҳо тошли қизғиш узук ярқираб кетди.

У кетгандан сўнг ўзимни ҳорғин ҳис этдим ва кўзимни аста юмдим. Оппоқ хонамда ёлғиз қолгандим. Мени Жудеккенинг чуқур сукунати қуршаб олганди. Хаёлан Фондамента Фоскаринини, дераза ромлари яшил, олд кўриниши кулранг кўҳна қасрни, унинг пўртаҳол рангли пардаларини ва туртиб чиққан дўмбоқ долонларини, ейилиб кетган зинапояларини, шўр босган деворларини, терма нақшли фаршига садаф бўлакчалари қадаб чиқилган чоққина даҳлиз саҳнини, вестибюлини, ҳандасавий шаклларга бой хонасини, безакдор ганчкори танобийсини, уй ўчоғинию зарҳал шаклли чинниворларни яна бир бора кўришга муяссар бўлгандим. Қаршимда мармар билан ҳошияланган ойнали эшикни кўрдим, унда кўҳна уй-жойида янги меҳмонни кутиб олиш учун тубсизлик қаъридан, нариги дунёдан венециялик Винченте Альтиненгонинг тасвири қошимда пайдо бўлди. Унинг сиймоси билан мен сўнгги бор саломлашдим ва гўё у ҳам сирли, истеҳзоли ва маъюс табассуми билан Реденторе ва Санта-Эуфелия қўнғироғи ўз жаранги билан биллурдек шаффоф ҳавони айни титроққа солаётган пайт саломимга алик олди, сўнг хайрлашув маъносида им қоқиб қўйди-да, кўздан ғойиб бўлди. Шундан кейин мен уни бошқа кўрмадим.

Рус тилидан Дилдорхон Алиева таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 9-сон

____________________

[1] Эстетизм (эстет–санъатда формализм тарафдори) – шаклбозликка берилиш (Таржимон изоҳлари).

[2] “stai!” “ Тўхта!” (италь.)

[3] Vir – сигара тури.

[4] Virqinia – Канал.

[5] Calli – Венециядаги кўча ёки тор кўчалар.

[6] Campi – майдонлар ва саройлар.

[7] Vim nostrani – маҳаллий шароб.

[8] Strega – маҳаллий мусаллас.

[9] tabare e bauta – плаш, маскарадда кийиладиган кенг кийим, ниқоб.

[10] Айнан: “Руҳлар макони”.

[11] Mezzanino – уйнинг ўрта (кўпроқ иккинчи)қавати.

[12] Non so – билмадим.

[13] Scuola – ожизларга ҳиммат кўрсатиб, азиз-авлиёлардан бирининг номи остида фаолият юритувчи ҳамжамият.

[14] Сalamai – саккизоёқ (денгиз ҳайвони).

[15] Scampi – қисқичбақа.

[16] Valpolicella – кучсиз маҳаллий мусаллас.

[17] Candeia – шам.

[18] Деколлато – чўқинтирувчи Иоанн Мубоширнинг боши кесилганлиги насронийларда жувонмардлик намунаси сифатида кенг нишонланади.

[19] Vaporetto – кичик кема.

[20] Баут – қалпоғи учбурчак, фақат кўзигина очиқ турадиган ва ҳатто бўйин ва елкаларга тушиб турувчи бариси бир бутун яхлит ниқоб.

[21] Боғдаги уй, шийпон.

[22] Балюстрада – нақшинкор панжара.

[23] Чангакчи.

[24] Эшкакчи.

[25] Мукофотланган.

[26] Оккультизм –– бидъат ва мўъжизаларга ишониш таълимоти (Тарж.)

[27] Sandolo – таги ясси ов қайиғи.

[28] trattoria – оддий ресторан.

[29] Кьянти – қизил мусалласнинг бир тури.

[30]  fragola – ер тути.

[31] Veneziano – венециялик зодагон.