Ҳар сафар Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча» шеърини ўқиганда, айниқса, истеъдодли танқидчи Яшар Қосимовнинг «Тилла балиқча толеи» («Шарқ юлдузи», 1986, 12-сон) мақоласи билан танишганда, В. И. Лениннинг «Ҳодиса қонундан бойроқдир», деган гапи беихтиёр ёдга келади. Шоир шундай теран бир ҳодисани бадиий акс эттирганки, уни мантиқ тили билан изоҳлаш, талқин қилиш анчайин қийинчилик туғдиради — муайян талқин шеърнинг олдида кичик, арзимас, бир томонлама бўлиб туюлаверади. Ҳодисанинг қонуниятдан бойлиги шунда.
Яшар ушбу мақоласида ўзбек танқидчилиги ва адабиётшунослигида «Тилла балиқча» шеъри ва ундаги образнинг канонлашиб қолган талқинини шубҳа остига олади ҳамда ўзининг янги талқинини тақдим этади. Шу образ хусусида илгари айтилган ва мақолада келтирилган фикрлардан (М. Қўшжонов, М. Сафаров) ташқари қуйидаги мулоҳаза ҳам диққатга сазовор: «Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча» шеърида пўпанак босган биқиқ ҳовуздан бошқани тан олмайдиган, ҳаётнинг катта оқимидан чўчиб, бир чеккада ҳаёт кечирувчи «тилла балиқлар» — баъзи мешчанлар қораланган (таъкид бизники — С.М.). Бу кичик шеър мешчанлик психологиясини қораловчи, унинг устидан чиқарилган лирик ҳукмдир». Бу фикр Ўзбек совет энциклопедиясидан (6-том, 391 -бет) олинган бўлиб (у танқидчи Озод Шарафиддиновга тегишли, шунинг ўзиёқ бу талқин нақадар кенг тарқалгани ва нормативлашиб қолганини кўрсатади.
Яшар Қосимов шеърдаги тилла балиқча образини «ёмонликнинг тимсоли сифатида салбий тип, деб талқин қилишга» эътироз билдирар экан, кўп ҳолларда у ҳақ. Жумладан, М. Қўшжонов талқинида шеърни тушунишдаги баъзи ноаниқликлар, масалан, «хору хас, хазонлар устин ёптилар» мисраси талқинда «хору хас хазонлар билан устин ёпибди» тарзида ўзгартирилиб, оқибатда тилла балиқчани айблашга хизмат қилдирилгани ҳам бор гап.
Яшар кўп жиҳатдан ҳақ бўлса, ушбу мақоланинг ёзилиш боиси нимада, дейишлари мумкин. Гап шундаки, назаримда, янги талқинда ҳам бирёқламалик бордек. Агар М. Қўшжонов ва бошқалар тилла балиқчани манфаатпараст, худбин кимсаларнинг тимсоли сифатида тамом салбий баҳоласа, Я. Қосимов уни нобоп замоннинг қурбони сифатида тамом ижобий баҳолайди.
Ҳар иккала фикрда эътиборли жиҳатлар борлигини тан олган ҳолда айтиш мумкинки, мазкур фикрларнинг ҳар бири шеърга бир томонлама ёндашувдир. Уларнинг диалектик бирлигидан, бизнингча, илмий ҳақиқат бунёд бўлади. Аммо уларни қўшишдан олдин ҳар бирининг қусурли томонларини аниқлаш, сўнг икки фикрни синтез қилиш мумкин.
М. Қўшжоновдан Яшарнинг мақоласи ҳақида фикр сўраганимизда, у киши хотиржамлик билан: «Ҳақиқий бадиий асарни ҳар ким ҳар хил тушунади ва талқин қилади. Шеър ҳақидаги менинг фикрим ҳам тўғри, ёш мунаққид талқини ҳам мантиққа зид эмас», деб жавоб бердилар. Бу одамни ўйга толдирадиган жавоб. Бир ёқдан, битта шеър ҳақида қарама-қарши қутбдаги икки фикрнинг бир пайтнинг ўзида тўғри бўлиши шубҳали туюлса, бошқа тарафдан бу жавобда фикрлашга чорловчи, анча теранликда ётган маънони тортиб чиқазишга ёрдам берадиган илгак бордек эди.
М. Қўшжонов тилла балиқчага салбий тип сифатида қараганлиги туфайли, унинг аянчли қисмати, разолат қурбони эканлигига эътибор бермайди. Бу, Яшар тўғри таъкидлаганидек, бир ёқлама талқиндир. Аммо унинг ўзи бунга барҳам берамиз деб, қайта бирёқламаликка йўл қўяётганлигини сезмай қолади. Яъни, тилла балиқча ёмонлик тимсоли, салбий тип эмас, балки «ёвузлик ва разолат қурбони», дейди ва унинг трагик тақдирида «истеъдод ва гўзаллик фожиасини» кўради.
Шеър бир қарашда жуда содда кўрингани билан унда ғоят мураккаб, ҳаётий, бадиий теран ҳодиса акс эттирилган. Бу мураккаблик кескин ажратувчи ранглар — оқ ва қорани тан олмайди. Дарҳақиқат, нега тилла балиқчанинг тақдири фақат ғазаб ва нафрат ёки фақат раҳм-шафқат уйғотиши керак.
Дунё фақат яхши ва ёмон ҳодисалардан иборат эмас, шундай бўлганда жуда жўн, тушунилиши ғоят осон бўларди. Яхшиликии ёмонликдан ажратиш учун қарама-қарши ҳолатлардан уйғунлик топиш, яъни диалектик фикрлаш талаб этилади.
Тилла балиқча, бизнинг назаримизда, салбий ҳам, ижобий ҳам эмас. У шу икки хусусиятни ҳам ўзига сингдирган ва ҳар иккаласидан устун мавқеда турувчи хусусият — фожелик билан алоқадор. Бу бизнинг ихтиромиз эмас. Яшар масаланинг ушбу томонига ҳам тўхталган: «Шеърнинг «Балиқча» эмас, айни «Тилла балиқча» деб аталишини бир тасодиф ёки шоирнинг шунчаки ўз хоҳиши дейиш нотўғри бўлар эди, албатта. Ушбу «тилла» эпитетида, шунингдек, шеърнинг бошиданоқ ҳовузчага қўлланган «лойқа» сифатловчисида шоирнинг ўз трагик қаҳрамонига ва унинг фожиасига сабабчи бўлган микромуҳитга муносабати яширинган».
Я. Қосимовгача бўлган танқидчилар «шоирнинг эътироз ва ғазабини» тилла балиқчага қаратишган бўлса, Яшар бу эътироз ва ғазабни «лойқа ҳовуз» муҳитига қарши йўналтираётир. Шеърдаги фожеликни ҳам улар орасидаги зиддиятдан келтириб чиқараётир. Шуни таъкидлаш керакки, танқидчи 60-йиллар поээиясида шакллана бошлаган янги мазмунли бадиий конфликт — шоир идеалига уйғун инсон (лирик «мен») ва шу идеалдан йироқ «одамлар», шу идеалга номуносиб муҳит (микромуҳит) ўртасидаги қарама-қаршиликни тўғри белгилайди. Эътирозли жойи шундаки, тилла балиқчага ушбу конфликтнинг ижобий қутбидан ўрин берилади, у шоир идеалига уйғун инсон тимсолига айлантирилади.
Аслида «тилла балиқча» ва «лойқа ҳовузча» ўртасида конфликтга ўхшаш нарса бўлса-да, бу юзаки, оқибати келишув билан тугаган конфликтдир. Зотан, тилла балиқча лойқа ҳовуздаги ҳаётга кўниккандан сўнг, шу ҳовузнинг ажралмас бўлагига айланиб қолганлиги аниқ ҳақиқат. Шеърдаги асосий, бош конфликт эса шоир идеали билан лойқа ҳовузчада бемалол яшаб, сайр этиб юрган тилла балиқча фалсафаси ўртасидаги зиддиятдан вужудга келади. Шеърдаги фожеликнинг бош манбаи ҳам шу зиддиятдадир.
Шоир идеали охирги икки мисрага жо бўлган:
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…
Яшар шеърнинг ушбу сатрлари билан шу шоирнинг «Арслон чорлаганди…» шеъридаги охирги мисралар орасида маънодошлик кўради:
Дўстим, алам қилар, арслон бехабар,
Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга.
Бу яхши топилган муқояса. Бундай муқоясага таянч ибора «алам қилар» жумласи, аммо бу жумла ҳар бир контекстда бошқа-бошқа вазифани бажараётгани мунаққид эътиборидан четда қолган. Бу ерда нозик фарқлар борки, уларни ойдинлаштириш керак бўлади.
Одатда ҳар бир шеърда субъект (кўпинча «мен») ва тасвир объекти — сўз юритилаётган предмет ёки ҳодиса бўлади. Биринчи парчадаги субъект — «мен» билан объект — тилла балиқча орасида оралиқ масофа анча узоқ, «мен» ўзини анча холис тутаётир. Иккинчи парчада эса «мен» ва тасвир объекти бирлашиб кетади, натижада тасвир «мен» билан бошланиб («дўстим»), биргалик олмоши «биз» билан тугайди («кетсак»), бу икки парча шу жиҳатлари билан ҳам бир-бирларидан принципиал фарқ қилиши, «алам қилар» ибораси бошқа-бошқа вазифани адо этаётгани кўринади.
Биринчи ҳолда «алам қилар» битта «мен»га тегишли ва аламнинг сабаби тилла балиқчанинг дунёни бир кўлмак ҳовуз, деб билишидир. Бунда фожеий қаҳрамон тилла балиқча, яъни биқиқ, ифлос муҳитга тушиб қолиб, асл табиатига зид иш қилган, энг муҳими шу аҳволга кўниккан одам фожиаси. «Мен» эса шу фожиага муносабатини билтираётир, баҳо бераётир, ўзида шоир идеалини ташиётир. Шу сабабли у тилла балиқчадаи кўра юксакроқ, чўнгроқ фожиага дучор. Зеро, балиқча ўз фожиасини англамагани ҳолда, «мен» шу фожиани англаб, юракка яқин олиб алам чекаётир. Том маънодаги фожелик аслида шу. Аммо «мен» тилла балиқча ҳолатидан ташқарида, мустақил нуқтаи назар сифатида турибди.
Иккинчи парчада «мен»нинг ўзи алам қиладиган фожиани бевосита бошидан кечираётир. Образли қилиб айтганда, калтак «мен»нинг ўз бошида синаётир. У идеалидаги буюк мақсадларга етолмаганидан, энди балки ҳеч қачон етолмаслигидан фарёд чекаётир. Шеър конфликтининг иккинчи қутбида ёппа таларга одатланган қумурсқалар — истеъдодсиз нокаслар турибди. Бунда «мен»нинг мустақил, холис нуқтаи назари йўқ, унинг ўзи фожианинг ичида.
Бинобарин, икки шеърдаги «мен» миқдор ва сифат жиҳатидан ўзаро тенг эмас. «Тилла балиқча»даги «мен»нинг кўлами анча катта, айтилганидек, у шоир идеалига тенглашади. «Арслон чорлаганди…»даги «мен»да бундай катта кўлам йўқ.
Демак, иккала шеърдаги «алам қилар» бошқа-бошқа вазифани бажараётир ва «Тилла балиқча»даги «мен» — лирик қаҳрамон лирик персонаж — балиқчадан ўзини ажратиб, унга объектив баҳо бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолаётир. Шунинг учун «алам қилар» иборасининг замирида шоирнинг тилла балиқча «манфаатпарастлиги ва худбинлиги» устидан заҳархандаси эмас, балки 6у ёвузлик ва разолат қурбонининг аянчли тақдирига қайғуриш (таъкид бизники — С. М.) ётади», деб ёзганида Я. Қосимов бир томондан ҳақ. Чиндан ҳам бу иборада заҳарханда ҳам, нафрат ҳам йўқ, мақолада жуда тўғри таъкидланганидек, «қурбонлар нафрат уйғотмайди». Лекин, «ёвузлик ва разолат қурбонининг аянчли тақдирига» фақат қайғуриш етмайди. Унда танқидчи талқинидагидек, тилла балиқча бутунлай оқланиб, ҳамма айбдан соқит бўларди. Тилла балиқча лойқа ҳовузга тушиб қолганига айбдор эмас, чунки уни бировлар «отдилар», — бу тўғри, аммо шу кунига кўнганига, ўз ҳолига бефарқ, ҳатто хурсандлиги учун (чунки энди кўлмак ҳовуз унинг учун дунёга тенг, бошқача қилиб айтганда, унинг дунёси — кўлмак ҳовуз) айбдор. Бу қисмат «аламли», аммо бу алам, Я. Қосимов ўйлаганидек тилла балиқчани тамомила оқлашга сабаб бўлолмайди.
Ҳамма айбни ташқаридан излаш, «тилла балиқчанинг шаънига ёғилган таънаю айбларни» шеърий конфликтнинг иккинчи қутби — тилла балиқчани шу кўйга солганларга ғазаб ва нафратни қаратиш осон. Чунки биз «оқ-оқ, қора-қора» тарзидаги кескин рангларга ўрганиб қолганмиз. Танқидчилар тилла балиқчани бутунлай қоралаган бўлсалар, Я. Қосимов гўё уларга қасдма-қасд бутунлай оқлайди. Аслида, у бутунлай нафратга ёки бутунлай оқлашга муносиб ҳам, муҳтож ҳам эмас. Бу балиқ тиллами, тилла эмасми, айблими, айбсизми, энди бари бир — у кўлмак ҳовузнинг мулкига айланди, энг даҳшатлиси, кўлмак ҳовуз ҳам балиқчанинг мулкига айланди. Шу кунига кўнди, бошқача бўлиши мумкинлигини, кенг уммонлар борлигини унутди. У — айбсиз айбдор. Унинг фожиаси ҳам, уни туғдирган давр фожиаси ҳам шунда.
Абдулла Орипов адабиётшунос Бахтиёр Назаров билан суҳбатида «Тилла балиқча» шеърига тўхталиб, дейди: «Одамга алам қиладиган жойи шуки, балиқча бор дунёни ўзи яшаётган сассиқ ҳовуздан иборат деб билади. Ҳолбуки, дунё — сассиқ ҳовуз эмас, анча каттакон, гўзал, мўъжизакор бир олам. Лекин шу балиқни сассиқ ҳовузга келтириб ташлайдилар, бунга балиқ айбдор эмас. Нима қилсин, тилла балиқнинг айби йўқ бунда. Ҳовуз шундай бир суви айниган ҳовуз экан, унинг ичидаги балиқ, у тиллами, дурми, илоҳий балиқми, Пушкиннинг ўша мўъжизакор олтин балиғи бўладими, шунга тушгандан кейин нима бўлади, бошқа ер юзини кўрмагандан кейин дунё шу экан, дейди-да».
Кўлмак ҳовуз жамиятимиз 70-йилларда гирифтор бўлган турғунлик даврига ажиб рамз эмасми? Ана шу истеъдодлар кўлмак ҳовуз билан иттифоққа киришиб, турғунлик замонининг «қаҳрамонларига» айландиларки, бу эндиликда кўпчиликка аён.
Яшар Қосимов бу фикрқни исботлашда тарихий-типологик қиёс йўлидан бориб, шоирнинг 60-йиллар шеъриятидаги тилла балиқча образига «тақдирдош» бўлган образларни санайди: Булоқ, Гиёҳ, Дорбоз. Тилла балиқча билан мазкур образлар орасида муайян боғлиқлик, муштарак томонлар борлиги тайин. Аммо муштарак томонлар бу образларнинг фақат ўзигагина хос бўлган жиҳатлар маажудлигини рад этмайди, ҳал қилувчи момент айни шулар эканлигини эсдан чиқармаслик лозим. Тарихий-типологик йўлнинг ожизлиги ҳам айни бадиий асарлар, конкрет образларнинг специфик ўзига хослигига етарли эътибор бермасликда кўринади.
Танқидчи 60-йиллар шеърияти контекстида текширгани сабабли шеърнинг бадиий мазмунига шоирнинг шу давр шеъриятига узвий боғлиқ ҳолда қарайди. Бу бир жиҳатдан тўғри. Аммо шеър яратилган давр чегараларида қолиб кетса, музей экспонати каби ўша даврдан бир ёдгор бўлиб, ёлғиз тарихий қимматга эга бўлади, холос. Ҳақиқий шеърлар бадиий қиммати билан ҳақиқий. Бунда бош мезон шеър ўз давридан узилиб чиқиб, умуминсоний ва мангу аҳамият касб этишидир.
Буюк адабиётшунос олим М. Бахтин кашфиётларидан бири «улкан вақт», яъни ҳақиқий бадиий асар ўз даври ва ундан кейинги замонлар — «улкан вақт»да ўз таъсир кучини сақлаб қолиши ҳақда. Том маънодаги бадиий обидаларгина «улкан вақт»га ўтиб, яшаб қолади. Ўз даври учунгина қийматга эга бўлиб, сўнг аҳамиятини йўқотган асарлар ўз даврида (Бахтин буни «кичик вақт» деб атайди) қолиб кетади. Ёзилганига чорак аср бўлса-да, шу кунда ҳам баҳсга сабаб бўлаётган, қайта қуриш замонида айрича аҳамият касб этган «Тилла балиқча» «улкан вақт»да яшай бошлади, дейиш мумкин.
Маълумки, ҳар бир образнинг ўз ички мантиғи бўлади. Бу мантиқ образ дунёга келиш жараёнида, айниқса, яратилиб, элга тақдим этилгандан кейин ўз ижодкорининг ҳам ҳукмига бўйсунмаслиги мумкин. Чунки энди у ўз тақдирига эга бўлиб, ўз ҳаётини яшай бошлайди. А. Орипов юқорида эслатилган суҳбатда шеър ҳақида яна шундай дейди: «Мен бу шеърни ёзганда Ўзбекистонни ҳам, Ўрта Осиёни ҳам ҳеч қачон кўзда тутган эмасман. Бу шеърни ҳар қандай мамлакатда, ҳар қандай тузумда яшайдиган шоир ҳам ёзиши мумкин. Бундай шеър ҳозир эмас, икки юз йил бурун ҳам ёзилган бўлиши мумкин».
Бадиий образни турлича талқин қилиш имконияти кўп, аммо чексиз эмас. Чунки талқин тўғри бўлса, ҳақиқатни топишга чин дилдан интилса, албатта маълум қонуниятга бўйсунади.
Чунончи, Матёқуб Қўшжонов фикрича: «Ахир дунёни фақат ўзининг тор, буруқсаган дунёқараши орқали кўрадиган, баъзан фақат ўз шахсий манфаати нуқтаи назаридан ҳаётга муносабатда бўладиган, ўзини эр билиб, ҳаётда «шерлар» борлигини тасаввур қила олмайдиган тилла балиқсифат худбинлар бор-ку, ҳаётда!». Яшар Қосимов фикрича эса: «Шеърдаги бирор мисра ёки сўзда ҳам тилла балиқчага нисбатан салбий муносабат сезилмайди. Балки ҳар сатрда, ҳар битта сўзда унинг аламли қисматидан афсусланиш бор. Айииқса, бу мўъжаз ва ғамгин қиссанинг сўнгги икки мисраси туганмас бир алам билан ёнади». Агар диққат билан қаралса, бир-бирини рад этувчи мазкур икки фикрни бирлаштирадиган бир нуқта бор: мунаққидлар шеър ғоясини шоирнинг тилла балиқчага муносабатидан излашади, фақат бирида шоир ундан нафратланади, иккинчисида аянчли тақдиридан қайғуради.
Бизнингча, шеърнинг ғоясини «мен» — шоирнинг тилла балиқчага муносабатидан эмас, балки «мен»нинг тилла балиқча дунёни бир кўлмак ҳовуз деб билишига муносабатидан қидирмоқ керак. Алам қиладиган нарса ҳам аслида — шу.
Шеърда шубҳасиз тилла балиқчанинг фожиаси бор, аммо бу фожиа ўзидан каттароқ фожиани бошлаб келади. Асарда эзгу, олий мақсадлар фожиаси акс этган. Эзгулик, олий мақсадлар ташувчиси бўлиши лозим бўлган одамлар (балиқча оддий эмас, тилла балиқча, шу жойда Я. Қосимовнинг «тилла» ва «лойқа» эпитетларига урғу бериши ўринли) ифлос муҳитга тушиб қолса-ю, шу муҳитни тан олса, у билан бирикиб кетса, бундан оғир яна нима бор? «Одамга алам қиладиган жойи шуки, балиқча бор дунёни ўзи яшаётган, сассиқ ҳовуздан иборат, деб билади. Ҳолбуки, дунё — сассиқ ҳовуз эмас, анча каттакон, гўзал, мўъжизакор бир олам» (А. Орипов).
«Тилла балиқча» ва «лойқа ҳовузча» ўртасидаги конфликтга келсак, улар орасида қайсидир даражада зиддият бор, аммо тилла балиқчанинг енгилиши — кўлмак ҳоауз унинг дунёсига айланиши билан зиддият тугайди ва худди шу ердан ҳақиқий зиддият: олий мақсадлар, идеал билан ифлос муҳитга кўникиб, унга ем бўлганлар дунёси орасидаги асрий зиддият бошланади.
Бу осон ҳал бўладиган зиддият эмасди. У охир-оқибатда турғунлик деб аталаётгаи ва жамиятнинг юксак идеалларини зир қақшатган фожиаларни бошлаб келди. Бу ялпи фожиа эди — тилла балиқчанинг ҳам, сохтакор муҳитнинг ҳам, лирик «мен» — шоирнинг ҳам, қисқаси, ҳамманинг кулфати эди.
Дангалчи шоир Ярослав Смеляковнинг: «Тилла балиқча учун калтак еган Абдулла Орипов сенмисан? Ундан кўра кит ҳақида ёзиб калтак есанг бўлмасмиди?!» — деган ҳазили тагида катта бир ҳақиқат ётади. Шоир кит ҳақида ёзолмасди, чунки лойқа ҳовузчага кит сиғмасди, сиққан тақдирда ҳам кит балиқчага айланар, тилла балиқчани тиллалиги қолмагани сингари китнинг ҳам китлиги қолмасди. Турғунлик жамиятида қанчадан-қаича потенциал китлар балиқчага айландики, бу ҳақда фақат тахмин юритиш мумкин.
Мен ушбу мақолани Я. Қосимовнинг талқинини чиппакка чиқариш учун ёзмадим. Адолат билан айтганда, мақола пишиқ ва пухта ёзилган. Асосийси, у кишида фикр қўзғайди. Мақола шеърни янада теранроқ тушунишга хизмат қилади. Нильс Бор айтганидек, «одми ҳақиқатнинг муқобили — ёлғондир, теран ҳақиқатнинг муқобили эса янада теранроқ ҳақиқат».
Биз шеър ҳақида сўнгги ҳақиқатга даъвогар эмасмиз, айтилган фикр-мулоҳазалар ушбу шеърни янада чуқур, объектив тушунилишига кўмаклашса, шунинг ўзи етарли. Зеро, ҳақиқат зинапоялардан иборат бўлиб, қадам-бақадам юқорига янада теран ҳақиқат томон интилиш жараёнидан иборатдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 23 июнь