Ўрта Осиёда ёки мамлакатнинг исталган минтақасида яшовчи инсоннинг турмушини кўз олдингизга келтиринг. Агар одамларнинг ҳаёти ва тақдирини улар яшаётган, тўғрироғи, улар мавжуд бўлган давлатдаги тузум билан узвий боғлиқликда олиб қарамасангиз, сира тушуна олмайсиз. Бошқа бирорта сиёсий тузумда назария ва амалиётнинг бу қадар номутаносиблиги кузатилмаган, улар ўртасида биз бугун юзма-юз турганимиз қадар ер билан осмонча фарқ бўлмаган.
Янги давр қийшайиб, хароб ҳолга келган иморатни қайта қуришга ғайрат билан киришган янги ислоҳчиларни яратди. Бироқ бу уйнинг деворини бир томондангина тиклаб бораверсангиз, унинг иккинчи тарафи ҳам эски касалини ошкор этиши тайин. Негаки, кўҳна дард худди бод каби, бир жойни даволасангиз, тананинг бошқа қисмига ҳам ўтиб олади, токи шифокор даволаш йўриғини ўзгартирмагунча, фақат оқибатнинг ўзинигина даволашни бас қилмагунча, касалликни туғдирган сабабиятини аниқламагунча, у азоб бераверади…
Ахир, чиройли нақшлар билан безатилган биномиз замиридаги сохтагарчиликлар ортида, инсон учун азобдан бошқа яна нима бор? Милт этган умид, таскин йўқлигини англаш учун, наҳотки қанчадан-қанча авлодларнинг орзую имкониятлари жамият томонидан бой берилиши керак. Айнан мана шу дўзах бизнинг бой заминимизни хароб қилди, бутун бир денгизимизни домига тортди, дарё ва кўлларимизни қуритди, халқнинг ўзи эса шу қадар ғариблашдики, унинг сабр-бардоши бунчалар чўнг эканига фақат ҳайратланиш мумкин, холос. Ҳатто бизнинг ойнаижаҳонимиз социалистик жўшқинлик билан кўрсатадиган фаластинлик қочоқларнинг омонат чодирларию ирқий жиҳатдан камситилган занжилар маҳалласининг хароб кулбалари ҳам куни кеча Нукус атрофларида кўзим тушган лойсувоқ чордеворлардан шинамроқ эди.
Халқнинг бу қадар қашшоқлиги сабабларини англамоқ учун тарихга назар ташлаш лозим. XIX асрнинг тиккинчи ярмида ҳам дунёни бўлишиб олиш давом этаётган эди. 53—55-йиллардаги омадсиз урушда адабини еган чор Россияси дунёни хомталаш қилишдаги хавфли рақиблари—биринчи навбатда, Англиядан ибрат олиб, Ўрта Осиёга жадал ёпирилиб келмоқда эди. Бу ўлкани забт этишга иштиёқ хала-була эмасди. Америкадаги фуқаролар уруши боис, Россияда пахта кризиси келиб чиққан ва у бундан катта зиён кўраётган эди. Шуни ҳам айтиш керакки, бу даврларда Россия Америкадан, Ўрта Осиёдагига қараганда, кўпроқ пахта сотиб олар эди. Туркистонни босиб олиш жазаваси бу ер тоғларининг маъданларга бойлиги боисидан ҳам ошиб борди. Йигирма йил мобайнида, Ўрта Осиёнинг кенг ҳудуди тўла забт этилди. XIX асрнинг 80-йилларидан бошлаб, музофотдаги пахта майдонлари муттасил кенгая борди. 1900 йилга келиб, у 246 минг гектардан зиёдга етди. Тунаб кетилаётган Туркистон пахтаси эса 83 минг тоннани ташкил қилди. Бу Россиянинг пахта толасига бўлган эҳтиёжининг учдан бир қисмини қопларди. Россия пахта колониясига эга бўлди. Туркистоннинг тараққиёти эса бирданига бир неча ўн йиллар орқага кетди.
Туркистон XX аср бошларида батамом Россиянинг хомашё омборига айланди; олдинда эса, Россияни жаҳон пахта бозори таъсиридан буткул озод бўлиш режаси маҳлиё этаётган эди. Туркистон пахтасига яккаҳокимлик бошданоқ қатъий ва қаттиққўллик билан ўрнатилган эди. 1903 йили Германиянинг Бишофф фирмаси Ўрта Осиё пахтасига харидор бўлганда, чор ҳукумати Туркистон пахтасини немисларга сотмаслик хусусида қарор чиқарди. Пахтани сотиш юзасидан қарор тайерлаган чиновникларга қуйидаги мазмунда рад жавоби берилди: Империянинг туб аҳолиси томонидан катта талофотлар бериш эвазига қўлга киритилган пахтачилик бизники. Ва у биринчи навбатда, чет элни эмас, рус саноатини бойитиши зарур. (П. Г. Гауза. Туркистон — колония. Москва, 1929 йил, 73-бет).
Ўлкада пахта майдонлари жадал кенгайтирилаверди, бунда хўжалик юритиш ғоратгарларча олиб борилди, ер-сувдан очкўзларча фойдаланилди. Донли экинлар ўрнига ҳам пахта экилаверди. Олимлар пахта майдонларининг ҳадсиз кенгайтирилаётганлиги хўжалик юритишдаги омилкорлик белгиси эмас; деҳқонларнинг жисмоний кучидан аёвсиз фойдаланиш белгиси эканини ўша вақтдаёқ қайд этган эдилар. Оқибатда, пахтачилик аста-секин боши берк кўчага кириб борди. 1915 йилга келиб, ўлкадан 300 минг тоннадан зиёд пахта ташиб кетиладиган бўлди.
Чор ҳарбий вазирлигининг З. Кривошеин томонидан ёзилган кўрсатмаларида, Туркистонда пахтачиликни ҳар кандай йўл билан, ҳатто Россиядан ғалла келтириш эвазига бўлса ҳам, кенгайтириш зарурлиги уқтирилган эди: Туркистоннинг ҳар пуд ортиқча ғалласи рус ва Сибирь ғалласи учун рақобатдир; Туркистоннинг ҳар пуд ортиқча пахтаси эса Америка пахтаси учун рақобатдир. Шу сабабли, бу ўлкага, гарчи қимматроқ тушса ҳам, дон ташиб келтириб, унинг суғориладиган ғалла майдонларини пахтага бўшатиб бермоқ афзалдир (Ўша манба).
Ерни хароб этмасдан деҳқончилик қилиш учун, давлат миқёсида янги суғориш иншоотлари қуриш ҳақида жон куйдириш лозим эди. Бироқ Россия бунинг учун пул сарфлаб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Шу мақсадда яратилган лойиҳалар эса — улар жуда кўп эди — қоғозларда қолиб кетди. Мабодо, маблағ ажратилган бўлса ҳам, ариқ қазишдан бошқасига етмасди.
Мен чор ҳукумати даврида пахтачилик иши қандай юритилгани хусусида бежиз батафсил тўхталганим йўқ, Чор мустабид ҳокимиятининг мамлакат пахта мустақиллигига эришиш йўли Советлар мамлакатининг пахта мустақиллигига эришиш сиёсатига ҳеч қандай ўзгаришларсиз, айнан кўчирилди. Гарчиколониянинг ўзи яшаб қолмаган бўлса-да, империяча муносабату мустабидларча фикр юритиш принциплари сақланиб қолди, яъни кўп ўн йилликлар давомида, пахта тузумнинг ўзини — бундан бошқа нарсани эмас, — сақлаб туришга хизмат қилдирилди. Акс ҳолда, ҳар йили Ўзаро Иқтисодий Ёрдам Кенгаши мамлакатларига 700 минг тонна толани (бу 2 миллион тоннадан ортиқ пахта) жўнатишнинг нима зарурати бор?!
Ҳеч қачон, ҳеч ким ўзбек халқи ва у сингари пахта етиштирувчи бошқа халқлардан, улар пахта экишни хоҳлайдиларми, йўқми, мабодо хоҳласалар, бу қулларча меҳнат эвазига етиштирилган пахта ҳазрати олийлари қанча туради, деб сўрамаган!
Демократия ва ошкоралик яқин-яқинларгача ҳам ғоят устомонлик билан сир тутиб келинган нарсалар ҳақида рўй-рост сўзлаш имконини берди. Бироқ, иш гапдан нарига ўтаётгани йўқ! Ўрта Осиёнинг пахтаси билан мамлакатнинг бирон халқи бойиб қолмади. Россия деҳқонлари ҳам, Ўзбекистон ва Туркманистон пахтакорлари сингари, ярим оч кун кечирмоқдалар. Фақат болалар ўлими кам демасангиз, уларнинг далалари ҳам кимёвий заҳарларга тўлиб-тошган. Бироқ, бугун кимнинг кўпроқ камбағаллигини ҳисоб-китоб қилиб ўтирадиган пайт эмас!..
Маънавий қашшоқланиш шу даражага бориб етдики, халқни ўз тарихи билан боғлаб турувчи илдизлар узила бошлади. Ҳатто, диний тақиқлашлар ҳам аёлларни ўзига ўт қўйишдан тўхтатиб қололмаяпти. Ҳеч бир қора кунда ёшгина навқирон қизларнинг бу қадар телбаларча жонига қасд қилиши рўй бермаган. Одамлар буни пахтадаги қулликка бежиз боғлашаётгани йўқ. Тўғри, эҳтимол, баъзилар айтгандек, пахта етиб бормаган олис тоғ қишлоқларида, катта шаҳарлар атрофидаги қишлоқлардагига нисбатан, аёлларнинг ўзига ўт қўйиш ҳоллари камроқ учрар. Бироқ, гап унинг қаерда озу қаерда кўплиги устида кетаётгани йўқ. Бизнинг аёлларимиз ва деҳқонларимизнинг шу қадар маънавий ғариблашиб кетгани жонни ўртайди.
Яқинда менга америкалик бир ёзувчи АҚШнинг ҳиндилар яшайдиган резервацияларида (туб жой аҳоли зўрлик билан кўчириб олиб борилган муайян жойлар) ичкиликбозлик авж олиб бораётганини айтди. Олимлар бу ҳайратомуз ҳодисани ҳиндиларнинг ўз маданияти ва тарихи билан боғлаб турувчи қадриятлардан батамом узоқлашиб кетгани билан изоҳламоқдалар. Олдинда милт этган чироқ йўқ. Умидсизликдан ўз жонига қасд қилаётган аёлларимиз, ҳаёт чечакларини ўз қўллари билан олов исканжасига тутаётган бенаволар ҳақида ўйладим. Уларни сўнгги қадамга, мудҳиш ўлим чоҳига маънавий ғариблик итариб юбормаяптими?
Болалар меҳнатидан аёвсиз фойдаланиш ҳамон давом этаётир. Ҳанузга қадар тирикчиликнинг ягона шарти пул экан, ҳеч қандай тақиқ ота-онани боласининг даладаги серзаҳмат ёрдамидан воз кечтиролмайди. Жумҳуриятларнинг иқтисодий мустақиллиги ҳақида ҳар қанча кўп гапирилмасин, марказнинг ўз амрини қонунлаштирилган тарзда ўтказиб келиши давом этар экан, унга эришиб бўлмайди. Ҳозир марказ мамлакат юритаётган сиёсат учун қанча пахта керак бўлса, пахтакор жумҳуриятлардан айнан шунча миқдорда пахта етказиб беришни амирона талаб қилмоқда. Маҳкамалар ва пахта етиштирувчилар ўртасидаги муносабатлар боши ердаю оёғи осмонда қилиб ўрнатилган!..
Ўша маҳкамалар деҳқонни қандай хоҳласа, шундай хонавайрон этаверади. Харид нархларининг арзир-арзимас ошиши гўё пахтакор ҳақидаги улуғ ғамхўрлик қилиб кўрсатилади. Хўш, баҳони нега сотувчи эмас, олувчи белгилаши керак, деб сўрагим келади. Нега пахтакор оқ олтиннинг эгаси бўлиб туриб мутеларча бош эгиб юриши керак? Агар давлат чиндан ҳам, ҳар бир инсон тақдири учун ғамхўрлик қилса, молия нозирлиги деб аталган умумий қозонга барчанинг заҳматли меҳнати эвазига келган сон-саноқсиз бойликни аввал тўплаб, сўнгра қайтадан тақсимлаши шартми? Бунинг ўрнига, ўша бойликни у яратилаётган жойнинг ўзида қолдиришни раво кўрса, яхши бўлмасмиди?! Ахир, бу маҳкам.а қачонгача маҳсулот етказиб берувчининг иштаҳасини, еб-ичишини ўз ихтиёрига кўра белгилайди Ақлга сиғдириб бўладими шуни? Соғлом мантиққа кўра, ишлаб чиқарувчи, яъни оғир меҳнат билан пахта етказиб берувчи даромадини ўз эҳтиёжига кўра тасарруф этиши, сўнгра бошқаларга ёрдам қўлини узатиш ҳақида ўйлаши керак.
Қанча пахта экиш, уни қандай нархда ва кимга сотиш масаласини халқнинг ўзи мустақил ҳал этинг ҳуқуқини қўлга киритсагина, у бугунги қайта қуришга ишониши мумкин. Биз эса деҳқонларга шундай ҳуқуқни бериш ўркига, ғирромлик асосига қурилган кўҳиа иморатнинг деворларини ямаб-суваш билан оворамиз. Бу ҳолда ўша иморатнинг қулаб тушиши ҳеч гап эмас. Ҳозир жумҳуриятимиз ҳуқумати марказий маҳкамаларнинг марҳамати боис, ботқоққа чўқиб қолган ўлкани қутқаришга уринмоқда. Эҳтимол, бу саъй-ҳаракатлар муваффақиятли якунланар. Ҳар ҳолда, қандай қутқариш ва қайси воситалар ёрдамида қутқариш хусусида, фақат юқоридан бериладиган кўрсатмалар билан аҳволни ўнглаб бўлмаслиги ҳаммага аён. Шу маънода жумҳурият Нозирлар Кенгаши раиси Ш. Р. Мирсаидовнинг Ўзбекистон ССР Олий Совети биринчи сессиясидаги ушбу фикрлари диққатга сазовор: Иттифоқ органлари қўллайдиган қонунлаштирилган ҳийла-найранглар ҳисобга олишнинг бу айёрона усули, оқибатда, Ўзбекистон ССРни бир неча йил давомида дотацияли жумҳуриятлар қаторига тушириб қўйди. Содда қилиб айтганда, Ўзбекистон сунъий равишда қашшоқ жумҳуриятга айлантирилган ва ҳар йили саховат юзасидан унга Иттифоқ ғазнасидан пулли ёрдам ажратилиб, унинг халқи хайр-эҳсон ҳисобига яшовчи қилиб кўрсатилди.
Аслини олганда Ўзбекистон Иттифоқ фондига ҳар йили 9 миллиард сўмга яқин фойда келтириб, субвенция тариқасида, 3,1 миллиард сўм олади. Нима бу—дотацияда бўлишми ёки аксими?
…Ўзбекистонга келадиган маҳсулотлар жумҳуриятдан чиқадиган маҳсулотлардан кўп, Иттифоқ олдида қарзимиз катта, йилига 2—3 миллиард сўм хайрия олиб яшовчи, қарздор жумҳурият деган таъналар асоссиз эканлигини исботлаш зарур. …Ахир, Оролга шунчалик экологик зарар етказилиши ва у ҳалокатга юз тутиши марказнинг топшириқлирини бажариш туфайли юз берди-ку!…
Жумҳурият ҳукуматининг иқтисодий мустақиллик йўлида қўяётган дадил қадамларию бошқалариладиган бозор иқтисодиётига ўтишда Ўзбекистоннинг мавжуд шарт-шароитидан келиб чиқиш масаласининг илгари сурилганлиги, Ташқи савдо ва хорижий мамлакатлар билан алоқа давлат комитети, шунингдек, хомашё ва енгил саноат маҳсулотлари таъминоти ҳамда уларни сотиш бош бошқармаси тузилганлиги умид уйғотмоқда. Албатта, ҳали олдинда жуда катта муаммолар қалашиб ётибди. Бу муаммоларнинг бир жиҳати Ўрта Осиёнинг сувтекин пахтасига ўрганиб қолган марказий мақкамаларнинг осонликча ён бермаслиги бўлса, иккинчи жиҳати, турғунлик йилларидан мерос бўлиб қолаётган ақидаларнинг ҳамон кучлилигидир. Масалан, мен яқинда Оролбўйида бўлиб қайтдим. Ўша кунларда бу ерда ўртоқ В. X. Догужиев бошлиқ ҳукумат комиссияси иш олиб бораётган эди. Комиссия Мўйноққа келганида, магазинларда ҳамма нарса муҳайё этиб қўйилган эди, учрашувга келган одамларнинг ўзи ҳам худди байрамлардагидек ясан-тусан қилиб олишган. Улар ўз порозиликларини ҳеч нарса билан изҳор қилганлари ҳам йўқ. Ҳолбуки, заҳар соча-соча ўлиб бораётган денгизнинг ёнгинасида яшаётган айнан мана шу одамлар авлод-аждоди билан батамом йўқ бўлиб кетиш хавфи остида машъум қисматга юзма-юз туришибди!..
Узоқ йиллар мобайнида шиорбозлик ва ақидага айланган коммунистик ғояларнинг устиворлиги одамларни ёлғонга кўниктирди, гангиб қолиш, маънавий ғариблик, умумий лоқайдлик чоҳига итарди. Тиниқлик — миллий ўзига хослик шаклланадиган ўзакдир. Маънавий саёзлик эса халқ сифатида ўлимга юз тутишнинг биринчи аломати. Бу машъум аломат, ўзининг барча қадриятларини ҳимоялашга ожизлик, ҳар қандай балолардан муҳофаза этиб турувчи қудратини бой бериш — офатга қарши туролмаслик белгисидир. Маънавий инқирозга юз тубан кетишшундан сўнг бошланади. Худога шукурки, биз ҳали бу сўнгги чегарага борганимиз йўқ… Бироқ, мамлакатнинг турли жойларида бўй кўрсатаётган миллий низолар, миллатчилик кайфиятлари, агар таъбир жоиз бўлса, ақлдан озишнинг дастлабки белгиларидир. Бу қадар телбалик ҳам осмондан тушган эмас, уни биз яшаб турган тузумнинг ўзи туғдирган. Сиёсий тузумнинг маънавий ғариблиги, беахлоқлиги ялпи беандишаликка йўл очади, халқларнинг ички маънавий имкониятларини, унинг бўҳтон ва юзсизликка қалқон бўлувчи ҳимоя кучларини емиради.
Эски иморатнинг пештоқларини бўяш билан демократик жамият қуриб бўлмайди. Бу ҳаммага кундай равшан. Тузумни тутиб турувчи таянчларнинг ўзини ҳам қайта қурмоқ керак. Эзилган ва бор буди таланган пахтакор ҳали янги уй ва мактаблар қуриб берилгани, томорқаси кенгайгани, хомашёга тўланадиган ҳақнинг ошгани билан ҳам, яхши яшаб қолмайди. Маоши мамлакатдаги энг юқори иш ҳақи даражасига етган тақдирда ҳам, улар, барибир, пахта қули бўлиб қолаверадилар. Тағин унинг кўзлари наҳордан ярим тунга қадар пахта даласидан бўлак нарсани кўрмайди. Агар биз уни пахта нархини ошириб бориш, яъии оз-оздан моддий рағбатлантириш эвазига, пахта экишга бангиларча ўргатиб бораверсак, ҳеч қачон унинг елкаси офтоб кўрмайди.
Ўз тақдири ва болалари тақдирини мустақил ҳал этиш пахтакорнинг ўз қўлида бўлиши керак! Агар шундай бўлмаса, биздаги пахта даласининг машъум резервациялардан мутлақо фарқи қолмайди.
Эҳтимол, бизга хавф солаётган экологик фалокатлар ҳам унчалик қўрқинчли эмасдир. Чунки, еримиз яна бизни боқа олишига, инсон жамики касалликлардан фориғ бўлишига, ўлаётган денгизимиз қайта тирилишига умид билан яшаяпмиз. Бироқ, инсоннинг қулларча меҳнатга, барча маҳрумликлар ва ночорликлар, ғарибона ҳаёт тарзига ўрганиб қолишининг ўзи даҳшатлидир!!!
Яна бир бор такрорлашга мажбурман: Пахтакор халққа етказилган маънавий ва жисмоний талофотни ҳеч қандай сабаб, ҳеч қандай зарурат, ҳеч қандай иложсизлик билан оқлаб бўлмайди!
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.