Қайта қуриш жамият ҳаётига чуқур сингиб боргани сари маданий ва маънавий меросга ҳам янгича нуқтаи назардан ёндошишга, муаммоларни илмий таҳлил қилишга кенг имкон очилмоқда. Бу ўтмиш халқларимиз ҳаётида мактаб ва мадрасаларнинг ўрни, роли ва моҳиятини ўрганишга ҳам имкон яратди.
Хўш, мактаб ва мадрасалар ўтмишда ҳақиқатдан ҳам зулм ва жаҳолат ўчоғи бўлганми? Бу саволга тўғри жавоб топмоқ учун исломнинг ҳукмрон мафкурага айланиши, араб халифалиги ва Ўрта Осиёдаги VIII — XII асрлар сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий шароити билан яқиндан танишмоқ керак.
Ислом байроғи остига бирлашган улкан араб халифалигида катта илмий ва маданий марказлар — (IX—XII асрлар) Бағдод, Дамашқ, Хева, Бухоро ва Самарқандда жаҳонга машҳур олиму фозиллар етишиб чиқдилар. Бу маданият ўчоқларида қадимги юнон даҳолари — Платон (Афлотун) ва Аристотель (Арасту)ларнинг илмий мероси чуқур ўрганилди. Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Югнакий сингари кўпгина авлодлар меҳри-муҳаббатига сазовор бўлган алломалар ижоди ирод этилди. Хоразмда буюк Беруний минералларнинг тузилиши ва моҳиятини, Самарқандда Улуғбек ва унинг шогирдлари осмон жисмларининг ҳаракати ва жойлашишини ўргандилар.
Нима учун? Бундай илмий тадқиқотларни ислом талаб қилганмиди?
Аниқ фанларнинг ривожланиши дин билан мутлақо алоқадор эмас, дейиш ҳам тўғри бўлмас. Исломнинг аниқ фанлар билан бавосита алоқадорлиги мантиқийдир ва бу фикрни исботлаш мумкин. Бунинг учун IX— XII ва XV асрлар тарихига, хусусан аниқ фанлар ва маориф равнақ топган даврга мурожаат қилиш ўринли бўлур эди.
VII асрнинг иккинчи ярми ва XIII аср бошларида араблар ўнлаб мамлактларни забт қилдилар. Шу даврда бу мамлакатларни сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан тўғри бошқариш зарурати пайдо бўлди. Худди ана шу зарурат аниқ фанларнинг ривожланишига йўл очиб берди.
Уммавийлар сулоласи (661 — 750 йиллар) даврида халифаликнинг пойтахти Дамашққа кўчирилди. Янги сулола даврида халифаликни бошқариш учун дунёвий билимларга эга бўлган маълумотли кишиларга эҳтиёж кучайди. Забт қилинган мамлакатларни идора қилиш, ер, мол-мулкларни тақсимлаш, сунъий суғориш, солиқ солиш, ҳисобкитоб қилиш ишларини чуқур билим эгалламасдан амалга ошириш амри маҳол эди. Мудофаа ва ҳарбий юришлар мақсадида янги қасрлар ва қалъалар, истеҳкомлар қуришга тўғри келарди. Бунинг учун илмли ва малакали муҳандислар, қурувчилар зарур эди. Шундай қилиб мусулмонлардан ҳам кўплаб муҳандислар, меъморлар, мусаввирлар, табиблар етишиб чиқди. Бундай эҳтиёж маорифни, мактаб ва мадрасаларни очишга ва кўпайтиришга имкон туғдирди.
Ислом мактаблари ва мадрасалари дастлаб аббосийлар даврида вужудга келди. Уларда қадимги Юнон ва Рум олимларининг асарларини араб тилига таржима қилиб ўқитилди. Бу жараён ўз навбатида аниқ фанлар ва фалсафада янги йўналишлар пайдо бўлишига имконият яратди, кимё, физика, фалакиёт, алжабр, хандаса, тригонометрия, минералогия, тиббиёт, доришунослик, махсус фанлар сифатида кенг равнақ топди. Унли сонлар тармоғининг жорий қилиниши аниқ фанлар тараққиётини янада тезлаштирди.
Фалакиёт илмида буюк ихтиролар қилинди. Бағдод, Дамашқ ва кейинчалик Самарқандда фалакиётшунослик мактаблари вужудга келди. Птоломей жадвали текширилди, буюк Олим Ал Хоразмий ҳинд фалакиётшунослик жадвалини тузди, Санжлар пасттекислигининг кенглик даражаси ва фазовий яссилиги фавқулодда аниқлик билан ўлчаб чиқилди.
Аниқ фанларнинг ривожланишида мактаб ва мадрасалардаги ўқитиш муҳим ўрин тутди. Ислом ҳукмрон мафкурага айланган дастлабки даврларда мусулмон мактаблари ва мадрасалари бўлган эмас. Қуръон ва сунналар бўйича баҳслар илоҳиёт олимлари томонидан даставвал диний жамоаларда ва мачитларда ўтказилган. Уларнинг атрофига ўнлаб шогирдлари тўпланган ва баҳсларни катта қизиқиш билан кузатишган. Тарихий манбаларда ёзилишича, баъзи илоҳиётчи ва фиқҳ олимларининг ваъзларини минглаб одамлар тинглаганлар. Чунончи, IX асрда Бағдодда уламолик қилган бухоролик илоҳиётчи Исмоил ал-Бухорийнинг ваъзларига минглаб мусулмонлар тўпланганлар. Шундай қилиб мадрасалар (ислом дунёсига хос ўрта махсус ва олий дорилфунунлар)га асос солинган. Мадрасалар қуриш, уларни пул билан таъминлаш, уламо ва талабаларга ёрдам бериш хайрли, илоҳий ва савоб иш ҳисобланарди. Халифалар, бой-савдогарлар, амалдорлар мадрасалар ва мактабларга биринчи бўлиб моддий ёрдам бериб турганлар.
IX—X асрларда Ўрта Осиёнинг маданий марказлари бўлган Бухоро ва Самарқандда ҳам ислом мадрасалари вужудга келди. Бу ҳақдаги илк маълумотлар араб тарихчиси Наршахийнинг «Бухоро тарихи» мажмуасида учрайди. Унинг ёзишича, 936 йилгача Бухорода машҳур бўлган кўҳна Фаржок мадрасаси ўша йили рўй берган даҳшатли ёнғинда куйиб кетган. Бу вақтда Бухоро Сомонийлар давлатининг пойтахти эди. Айни вақтда у йирик илмий, маданий ва иқтисодий марказ ҳам ҳисобланган. Сомонийлар даврида биргина Самарқанднинг ўзида турли ислом мазҳабларига қарашли 20 та мадраса ишлаган.
Мадраса бинолари ниҳоятда нафис, маҳобатли қилиб қуриларди. Улар катта-катта ўқув хоналари, меҳмонхоналар, емакхоналар, домлалар ва талабалар учун махеус ҳужралардан иборат эди. Ҳар бир мадрасанинг катта ҳовлилари бўлиб, ҳовлиларда албатта ҳовузлар бўларди. Талабаларнинг ҳар бирига алоҳида ҳужра ажратилган. Уларга қийналмай ўқишлари учун пул, кийим-бош, озиқ-овқат берилган.
О. Эйхгорннинг немис тилидан таржима қилиниб, 1887 йилда Тошкентда чоп этилган «Исломда мактаб, фан ва санъат» номли китобида ёзилишича, Самарқанд ва Бухоро мадрасаларига турли ислом мамлакатларидан кўплаб талабалар, ҳатто улар билан бирга домлалар ва устозлар келиб турганлар. Ва ўз ўрнида Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Урта Осиёнинг бошқа шаҳарларидан Дамашқ ва Бағдод мадрасаларига талабалар ва домлалар бориб таҳсил олганлар. Бу борди-келдилар икки ўртада илм-фан равнақига хизмат қилган.
Ана шундай яхши анъана XII—XV асрларда ҳам қисман давом этган. Улуғбек, Жалолиддин Румий, Али Қушчи, Насриддин Тусийларнинг мадрасаларда устозлик қилганлиги фикримизнинг тасдиғидир. Ғиёсиддин ал Коший ўзининг «Улуғбек ва Самарқанд илмий мактаби тўғрисида мактуб»ида қуйидагиларни хабар беради: «Бир неча кунлар ичида шоҳ Улуғбек ҳазрати олийлари машғулотларда қатнашарди. Бундай кунларда машғулотлар асосан ҳисоб-китобдан бўларди. Каминангиз ҳам бу машғулотларга қатнай бошлади».
Мусулмон мадрасаларида асосан ислом асослари ва фалсафаси ҳисобланмиш: «Шамсия» (формал — логика), «Ақоид» (ислом ақидалари асослари), «Шариат» (ислом қонунчилигиасослари)ни ўқитиш, маърифат беришнинг биринчи вазифаси ҳисобланган. Ўқитиш «Аввали илм»дан бошланар, у савол-жавоб шаклида тузилиб, талабалар унинг мазмунини ёд олишар эди. Мадрасаларда ўқитиладиган илоҳиёт — ҳуқуқ фанлари ислом илоҳиётчилари асарларидан иборат эди. Улар Қуръон ва ҳадисларга ифодаланган ақидалар мажмуига асослангандир.
Илоҳиётчилик фанлари билан бир қаторда мадрасаларда сарфу наҳв (грамматика) ҳам ўқитиларди. Ҳар бир мусулмон араб тилини Оллоҳнинг тили, деб юксак қадрлайди. Шунинг учун мусулмонлар бу тилни пухта билиши, «Калому оллоҳ» оятларини зўр эътибор ва қироат билан, жарангдор қилиб ўқиши шарт эди. Қуръон, сунна ва шариатни араб тилини ўрганмай тушуниб бўлмайди. Натижада араб тили сарфу наҳвини ўрганиш кенг йўлга қўйилди ва у фавқулодда тез ривожланди. У ислом, фан, маданият, адабиёт тилига айланди. Ўрта осиёлик буюк алломалар араб тилини шу даражада мукаммал билганларки, ҳатто улар ўз илмий рисолаларини шу тилда яратганлар.
XIII асрдан кейинги даврда Ўрта Осиёда феодал тарқоқлик, ўзаро феодал урушлари авж олди. Маънавий ҳаётда тушкунлик, диний мутаассиблик кучайди. Пирларга, эшонларга, тўраларга, турли азиз-авлиёларнинг сохта мозорларига ва қадамжоларига сиғиниш авжига чиқди. Бу эса фан, маориф, маданият ва адабиётнинг равнақига катта ғов бўлди.
Ислом мусулмонлар онги ва турмушинигина эмас, ҳатто деҳқончилик ва касб-ҳунар бўйича фаолиятини ҳам назоратга олди, уларни тартибга солди. Деҳқон, тўқувчи, темирчи, қурувчи, новвой, чўпон, косиб, кулол, қўшчи, сартарош каби ҳунармандлар учун алоҳида диний рисола-низомлар (улар 40 тага етарди) яратилиб, ҳунармандларнинг қонунига айлантирилди. Ўрта Осиёда ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихининг билимдони академик Иброҳим Мўминов юқоридаги рисола-низомлар ўтган аср охирларида «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида мунтазам эълон қилинганлигини таъкидлаган эди.
Ҳар бир рисоланинг муқаддимаси шундай бошланарди: «Худойи таоло ўз паноҳида сақлаб, марҳамат қилиб айтибдирки, ушбу рисолада ёзилган фармойишларни бажарган ҳар бир уста, агар худо хоҳласа, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахт-саодатли бўлади».
Рисолалар мазмунини тасаввур қилиш учун тўқувчи амал қилиши шарт бўлган қоидаларни тилга олиш мумкин «…савол: Тўқув ҳунармандчилигида неча қоида бор? » «Жавоб: 12 та қоида бор — усти-бошини тоза тутиш; таҳорат қилиш; пок виждонли бўлиш; ўз вақтида беш вақт номоз ўқиш; тавба қилиш; устоздан ёрдам сўраш; олимлар билан дўст бўлиш; эрталаб ва кечқурун шогирдларни ўқитиш-ўргатиш; хушмуомалали бўлиш; эҳсон-садақа бериш; устахонани тоза тутиш ва келувчиларга салом бериб, ҳурмат қилиш; зикр тушиш ва тасбеҳ ўгириш».
Кўриниб турибдики, қоидаларнинг ярмидан кўпи одамийлик, қадр-қиммат, инсон ва касбга ҳурмат, шогирд тарбиялашга, қолганлари эса эътиқод тарбиясига қаратилган.
Мадрасаларда «Мухтасарул виқоя», «Ақоид» китоби, мантиқ, араб тили қоидалари, воизлик, шариатга ва каломга оид китоблар, жўғрофия, арифметикага доир билимлар ўқитиларди. Демак, ўрта асрларда бўлганидек, XIX аср охири ва XX аср бошларида мадрасаларда ислом асослари ва қонунчилигини ўрганиш таълимнинг мазмунини ташкил қилган.
Кўринадики, мактаб ва мадрасалар узоқ давр Ўрта Осиё халқлари тарихининг мафкура, таълим-тарбия, маданият марказлари бўлиб хизмат қилган. Улар кишиларда исломга чексиз эътиқодни, унда илгари сурилган инсоний фазилатларни, меҳр-оқибат ва одобни шакллантирган. Шу билан бирга мадрасалар жаҳон фани ва маданияти ривожига буюк ҳисса қўшган улуғ алломаларни етиштирган. Мадраса бинолари эса миллий меъморчилик санъатининг ҳайратомуз тимсоллари бўлган. Афсуски, уларнинг кўпчилиги сталинизм даврида яксон қилинди. Бутун қолганларини таъмирлаш ва авайлаб асраш келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир. Ҳар қалай, фан аҳли ислом ва Қуръонга маънавий маданият намуналари сифатида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиши мақсадга мувофиқдир.
Шукуржон Валиев, фалсафа фанлари номзоди, доцент
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 10-сон