Шахсга сиғиниш оқибатларининг тугатила бошлаши билан 30—40-йиллар бегуноҳ репрессия бўлган кўплаб совет партия, давлат раҳбарлари, фан, маданият намоёндалари қатори республикамизнинг ҳам Акмал Икромов, Файзулла Ҳўжаев, Абдулла Қодирий, Зиё Саид, Отажон Ҳошимов каби қатор атоқли арбоблари, ёзувчи ва олимлари реабилитация қилинди. Асарлари қайта нашр этилди. Номларига кўчалар қўйилди. Шулардан бири Тошкент шаҳар Октябрь массивидаги Отажон Ҳошимов кўчасидир. Ҳошимов ўзи ким?
Отажон Ҳошимов тошкентлик. 1905 йили таваллуд топган. 1919—1921 йиллари Тошкентдаги ўзбек билим юртида, 1921 —1924 йиллар Москвадаги ишчилар факультетида ўқиган. 1924 йил МГУнинг ижтимоий фанлар факультетига ўқишга кириб, 1927 йил тугатади. Сўнг Ўзбекистон маориф комиссарлиги қошидаги илмий кенгаш (кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси) раиси бўлиб ишлайди. Ўша йили Самарқандда Ўзбекистон Олий педакадемиясини ташкил қилиб, мамлакатнинг турли марказий ўқув юртларидан машҳур олим ва профессорларни Педакадемияга ишга жалб этади. Отажон Ҳошимовнинг рафиқаси марҳума Зайнаб Ҳошимованинг айтишича у шу йиллари педакадемияга дарс бериш учун педагогикадан профессор — Чеханович, физикадан профессор Титов, астрономиядан профессор Нефедов, зоологиядан профессор Заводовский, тарихдан Лесковский, Ўрта Осиё ва Ўзбекистон тарихидан профессор Бўлат Солиев, Вяткин, ўзбек адабиёти тарихидан профессор Фитрат, ўзбек тилидан — доцент Абдулла Алавийларни таклиф этган. Ўзи эса сиёсий иқтисод ва фалсафадан дарс берган. 1929—1933 йиллар Ленинграддаги СССР Фанлар академияси қошидаги Шарқшунослик институти аспирантурасида ўқиб ва ишлаб, академик А. Самайлович раҳбарлигида Ўзбекистонда филология фанининг актуал масалалари бўйича илмий иш олиб борган. Ўрта Осиё республикаларидан борган файласуф тилчи, адабиётшунос олимлар тайёрлаш ишига раҳнамолик ҳам қилган. Отажон Ҳошимовнинг ўша йиллари Ленинграддаги бундай ёрдамларини бевосита кўрган, Тожикистон Фанлар академиясининг акдемиги, тарихчи олим Зариф Ражабов бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:
«Мен Ленинградга 1933 йилнинг совуқ февраль кунларининг бирида етиб келдим. Бу вақтда СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг директори академик С. Ф. Ольденбург эди.
Шарқшунослик институтига мен ўша вақтда институт илмий ишлари бўйича котиб бўлиб ишлаётган, Ўзбекистоннинг таниқли адабий танқидчиси, файласуфи ва жамоат арбоби Отажон Ҳошимов олдига кирдим. У аспирантурани тугатиб, вақтинча илмий секретарь вазифасида ишлаб турган экан.
Отажон Ҳошимов мендан ҳужжатларни олиб С. Ф. Ольденбург билан суҳбатлашишга маслаҳат берди. Эртаси куни Отажон Ҳошимов билан бирга С. Ф. Ольденбургнинг уйига бордик. Ольденбург ўша кунларда бетоб бўлиб, бизни узун қизил кравотида, касал ётган ҳолида қабул қилди. Кўз ўнгимда самимий инсон турар эди. Олим Тожикистонга алоқадор барча масалалар билан қизиқарди. Унинг шарқ халқларининг тарихи, археологияси, этнографияси ва қадимий тиллари бўйича бунчалик чуқур билимга эгалиги мени ҳайратга солди. У менга Ўрта Осиё тарихи бўйича бир неча саволлар бериб кўрди, саволларига ўртачароқ жавоб берган бўлсам керакки, суҳбат сўнггида Отажон Ҳошимовга юзланиб: йигитчани аспирантурага қабул қилса бўлади. Лекин у киши ўз устларида кўп ишлашлари керак бўлади, — деди.
Ўрта Осиёлик аспирантларга Шарқшунослик институтида Ўрта Осиё бўлими раҳбари, машҳур совет турколог олим, академик А. Н. Самойлович раҳбарлик қилар эди».
Отажон Ҳошимов Ленинграддан келгач, Ўзбекистон Фанлар комитети раиси, 1934 йилдан то 1937 йил ўрталаригача Тил ва адабиёт институти директори ва Ўзбекистон ёзувчилари союзи раҳбариятида ишлаб турди. Бу давр ичида у рус адабиёти классиклари асарларини ўзбек тилига таржима ва тарғиб қилишнинг фаол раҳбари ва муаллифларидан бўлди. Бу соҳада унинг ўзи «Диалектика ва диалектик усулда ўйлаш», «Давлатсиз жамият», А. С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» таржимаси ҳақида мақолалар ёзди. Маркс ва Энгельснинг санъат тўғрисидаги асарларини Ойбек, Ҳ. Олимжон, Уйғун, М. Шайҳзода, Ҳ. Ёқубов ва бошқалар иштирокида таржима қилиб нашр эттирди. Ойбек таржима қилган Пушкиннинг «Евгений Онегин»ига сўзбоши ёзиб, Пушкин асарларини ўзбек тилига таржима қилиш қийин дегувчиларга зарба бериб деди: «Баъзи одамлар Пушкин асарларини ўзбекчага тўла-тўкис ва равон қилиб таржима этиш мумкин эмас десалар, бу билан фақат ўзларининг тил билмасликларини ва маданиятсизликларини ошкора қиладилар холос. Ўзбек халқ адабиётининг намуналари, адабий меросларимиз ва бугунги уста ёзувчиларимизнинг асарлари яққол кўрсатадики, Пушкин каби улуғ адибларнинг асарлари, барча хусусиятлари билан ўз тилимизга кўчирила олади. Ойбек ва Усмон Носир каби ўртоқларнинг таржималари ҳам бунга бир далилдир».
Отажон Ҳошимов республикада биринчи бўлиб классиклар асарлари, айниқса, уларнинг адабий-маданий мерос ҳақидаги қарашларини ўзбек тилига таржима қилибгина қолмай, уларнинг бой илмий-назарий мероси асосида ўзбек классик адабиёти ва фольклори, тили ва маданияти, янги социалистик адабиётнинг яратиш йўллари ҳақида ҳам оригинал илмий асарлар яратди.
Афсуски, бу талантли олим ва таниқли ташкилотчи раҳбар ўзининг тадқиқотчилик ва ташкилотчилик ишлари айни гуллаётган бир пайтда шахсга сиғиниш қурбони бўлди. 1937 йил 9 августда қамалиб, 1938 йил 5 октябрда ҳалок этилди ва у фақат партия XX съездидан кейингина оқланиб, ўзбек совет адабиётининг классиги Абдулла Қодирий каби халқимизга кечикиб бўлсада қайтарилди. Отажон Ҳошимовнинг жияни, ҳозирда республика юрист ходимлари малака ошириш курсининг директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Жонрид Қосимовнинг ҳикоя қилишича, тоғаси Отажон ака қамалгач ҳам унинг оиласи ва яқин қариндошларига тинчлик бўлмаган. Отажон Ҳошимов ҳибсга олингач, 52 кундан сўнг унинг рафиқаси Зайнаб Ҳошимова ҳам бегуноҳ қамалган. «Айниқса, — дейди Жонрид Қосимов, — тоғамнинг фарзанди бўлмаганидан мени жуда севар, исмимни ҳам ўша даврда «Дунёни титратган ўн кун» асарининг муаллифи, машҳур Америка ёзувчиси Жонридга тақлидан «Жонрид бўлсин» деб ўзлари қўйган эканлар. Келажагим ҳақида ғамхўрлик қилиб, мактабда яхши ўқиш, она тилимиз ва рус тили, адабиёти ва маданиятига илк муҳаббат уйғотганлар ҳам шу киши».
Ўзбекистон ССР Фанлар академияси мухбир аъзоси, профессор Иззат Султоновнинг хотирасига кўра унинг кўпгина курсдошлари Юсуф Султонов, М. Афзалов, Ж. Шарипов, Ш. Абдуллаева ва бошқаларни 1935—1936 йиллар Москвадаги Коммунистик Академияга дарс тинглашга юборган, ўзи эса илк бор уларга фалсафадан дарс берган. Ўзбекистонда биринчи бор Фанлар комитети раиси, А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтининг директори сифатида фалсафа, адабиётшунослик, тилшунослик, фольклористика соҳаларига бевосита раҳбарлик қилган. Ва ўша вақтдаёқ бу энциклопедик (қомусчи) олим сифатида зиёлиларимиз орасида ҳақли равишда ўзбекларнинг «Плеханови» деган фахрий ном ҳам олган эди.
Отажон Ҳошимовнинг ҳаёти ва ижодини янада чуқурроқ ўрганиш, унинг асарларини излаб топиш ва энг муҳимларини қайта нашр этиш, унинг номини абадийлаштириш ҳозирги авлоднинг муҳим вазифаларидан биридир.
Шерали Турдиев, филология фанлари кандидати.
“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 11-сон