Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамду лиллаҳи роббил аъламин, вассалоту вассалому аъло хайри халқиҳи Муҳаммад ва аъло олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
Азиз биродарлар!
Кейинги бир ярим йил ичида, Ўрта Осиё ва Қоғистондаги туркий ҳалқлар ўз тарихидаги энг аянчли қора кунларни бошидан кечирди.
Ҳукуматимиз бошлиғи Ўшдаги воқеаларни гапириб берди. Мендан олдин сўзга чиққан депутат: «Нима учун фақат туркий халқлар бир-бирини ўлдиряпти?» «Нима учун мусулмонлар мусулмонларнинг қонини тўкаяпти?» – деган ҳақли саволни берди.
Ўйлаб кўрайлик: Фарғона, Қирғизистон билан Тожикистон чегарасидаги сув талашиш можароси, Бўка, Паркент, Душанбе ва ниҳоят Ўш воқеалари. Буларнинг барчаси битта занжир. Бир тизимга боғлиқ ҳолда давом этаётган воқеалардир. Бу ерларда жафо кўрганлар фақат мусулмонлар. Ўлганлар ҳам фақат мусулмонлар: уйи куйганлар ҳам шулар. Шунинг орқасидан қамалаётганлар ҳам шулар.
Нима учун бундоқ бўлаяпти? Сабабчилари қани? Хўш, Фарғона воқеасининг ҳақиқий айбдорлари топилдими? Бўкадаги айбдорлар топилдими? Ёки Душанбеда ҳалок бўлган болаларнинг айбдорлари топилдими? Биттаси ҳам топилгани йўқ!
Азалда бир халқ бўлиб келган, улуғ алломалар етиштирган бутун бир халқ дунёга шарманда бўлмоқда. Чет элларда бошимизни тик тутиб юролмай қолдик.
Бизни ким ажратди ўзи – сен ўзбексан, сен қозоқсан, сен қирғизсан, сен тожиксан, деб?! Нега сохта чегаралар қилинди? Ўрта Осиё ва Қозоғистонни бир турк жумҳурияти қиламиз деганлар қамалиб отилди. Нима учун ишларни қилганлар миллатчи бўлмайди-ю, мусулмонлар миллатчи бўлади?
Биз тарихан бир халқмиз. Орамизга низо солиш, қонимизни тўкиш, бир-биримизни ўлдириш учун, тараққиётдан ортда қолдириш учун «турли халқсан» деб номлашди.
Агар бир-биримизни ўлдириб тараққиётга эришадиган бўлсак, бундай тарраққиётнинг нима кераги бор?! Бир-биримизнинг қонимизни тўкиб, яхшиликка эришадиган бўлсак, мол-мулкимизни талон-торож қилиб, хонадонимизни куйдириб мустақиликка эришадиган бўлсак, бундай мустақилликни кимга кераги бор?!
Афсуски, бундай фикрлар ҳали кўпчиликнинг хаёлига келгани йўқ. Кишилар ўзини кўрсатиш, саҳнага чиқариш ва шу орқали бошлиқ бўлиш, мансабга эришиш учун турли даъволарни қилишмоқда. Ўзбек, қирғиз, тожик, туркман ва қозоқларни бир-бирига душман қилиб қўйяпти.
Бу ишларни ким қиляпти? Улар қаердан келишди? Нимага айбдорлар топилмаяпти? Агар биз ҳушёр бўлмас эканмиз, ўзимизни-ўзимиз ҳимоя қилмас эканмиз, бундай иғволар давом этаверади.
Биродарлар! Бу фитналарнинг илдизи жуда чуқур кетган.
Ўш воқеалари махсус идораларга, марказга маълум эмас деб ўйламайсизми? Йўқ! Маълум эди. Бизнинг диний бошқармага ҳам кишилар келиб арз қилишган. “Фитналарга тайёргарлик бўлаяпти, бизга ёрдам беринглар”, деб мурожаат этишган.
Ҳар бир ҳукумат ўз фуқаросининг жонини, оиласини, мол-мулкини ва даҳлсизлигини ҳимоя қила олгандагина у ҳукумат деб тан олинади.
Биз энг аввало бир халқ эканимизни тасаввур қила билишимиз лозим. Агар бир-биримизни сен тожиксан, сен қирғизсан-қозоқсан деб ажратадиган бўлсак, бу душманларимиз учун катта муваффақиятдир. Биз хоҳлаймизми-йўқми, бутун дунё бизни мусулмонлар деб тан олмоқда. Ўтган улуғ аллома аждодларимизга нисбат бериб, ўшаларнинг набираси дейишмоқда. Биз ўшаларнинг пок руҳини оёқ ости қилмаслигимиз керак.
Фаробий, Беруний, имом Бухорий, имом Сарахсий (ўзганлик) бир-бирини ўзбегу қирғиз дейишмаган. Бу алломалар бирлик туфайли тараққиётга эришишган.
Мен сиз депутатлардан, зиёлилардан, бутун Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларидан ушбу ҳақиқатни тўлиқ тушуниб етишларингизни ўтиниб сўрайман. Агар биз ҳар биримиз ўзимизни ўйлайдиган бўлсак, ҳеч қачон олға юролмаймиз.
Ўшдаги фожиа – бу халқимизнинг бошида турган буюк фожианинг бир ҳалқаси холос. Биз жиноятчиларни топишга ҳаракат қилмоғимиз шарт. Токи бирорта жиноятчи жазосиз қолмасин. Агар биттаси қолса ҳам, ҳалқнинг давлатга ишончи қолмайди. Ким ташкил қилган, ким ижро этгану ким аралашган, барча-барчаси халқ олдида жавоб берсин.
Мусибат, фақат Ўзбекистоннимас, балки бутун мусулмон оламини ларзага солди. Чет элдан келган меҳмонларимиз, масалан, Маккаи мукаррамадан, Иорданиядан келганлар кўзларида ёш билан масжидларда гапиришди. Улар Ислом таълимотидан хабардор бўлганлиги туфайли кўзларига ёш олишмоқда. Чунки Ислом доимо раҳм-шафқатга чақиради. Дилларни меҳру муҳаббатли қилиб тарбиялайди.
Мусибат кўрганларга, хусусан Ўшдаги биродарларга ўз таъзиямизни изҳор қиламиз, уларни сабру бардошга чақирамиз. Шаҳидларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло раҳмат қилган бўлсин. Қолганларга сабр берсин.
Бутун халқимизга мурожаат қиламан. Ўшлик биродарларимизга таъзия изҳор қилиш билан бирга, уларнинг оғир аҳволини тушунган ҳолда хайру эҳсонларимизни ҳам аямайлик. Худди шу мақсадда диний бошқармамиз ўз маблағлари ҳисобидан эҳсонлар ажратди. Бугун уламоларимиз муҳтожларга ёрдам бериш учун Андижонга жўнаб кетишди. Андижон вилоятида ёрдам ҳисоби очилган. Уни эълон қилайлик. Бутун халқимиз ўз хайру саҳоватини яна бир бор кўрсатсин.
Энди Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятларининг ҳукумат раҳбарларига мурожаат этаман. Ҳурматли раҳбар оғалар, сизлар тушунинглар, биз азалдан бир халқмиз. Бир-биримиздан ажраб ҳеч қаерга боролмаймиз.
Қурултой давомида Қозоғистон Олий кенгашининг Орол бўйича қабул этган мурожаатини муҳокама қиласизлар. Унда, «биз бир халқмиз, Орол учун курашайлик», деган гап бор. Нафақат Орол учун, балки ҳамма жабҳада биргаликда курашмоқ лозим. Дарёларимиз, сойларимиз, ариғларимиз, тошларимиз, ерларимиз бир-бирига туташ. Агар уларни бир-биридан ажратсак, ҳаммамиз оғир кунларга қоламиз. Шунинг учун ҳам бирлашмоғимиз керак. Агар раҳбарлар буни тушунмаса, биз халққа айтайлик – халқ ўзи тушунтириб қўяди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятларидаги ССЖИ халқ депутатларига мурожат қиламан. Биродарлар, биз марказий парламентда бирлашиб халқимиз бахту саодатини ҳимоя қилайлик.
Ҳурматли адибларимиз Чингиз Айтматовга, Ўлжас Сулаймоновга, Отахон Латифийга, Туркманистондаги биродарларга илтимосим ва таклифим – йиғилиб кенгашайлик. Керак бўлса бирор бир ташкилот тузайлик, шу орқали бутун Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги мусулмонларга бир халқ эканлигимизни етказайлик. Бирлашишга чақирайлик! Тарихимиз, динимиз, урф-одатларимиз бир эканлигини зиёлиларимиз тушунсинлар. Токи халқимиз бирлашсин. Эътиборингиз учун раҳмат!
Ушбу нутқ Ўзбекистон жумҳурияти халқ депутатларининг 1990 йил 18 июнь кунги II – қурултойида сўзланган.