Орол ҳавзаси экономикасида сув бойликлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга, Совет йилларида бу ерда кенг миқёсли ва кўп планли сув хўжалиги тадбирлари амалга оширилди. Аммо бу медалнинг бир томонидир. Унинг иккинчи томони эса инсоннинг хўжалик фаолияти билан табиат ўртасидаги қонуний зиддият юзага келганлигини кўрсатади. Натижада шундай бўлдики, ер-сув бойликларидан бебошларча фойдаланиш оқибати сифатида, ҳавзада экологик мувозанат ростмана бузилди. Ҳозирги қайта қуриш шароитида, ошкоралик ва демократияни ривожлантириш даврида бу ҳақда очиқ-ойдин гапириш мумкин. Салбий ҳодисанинг асл сабаби ўтган даврда табиатнинг буюк қонунларини ҳисобга олмаган ҳолда таклиф қилинган бир қатор йирик лойиҳаларнинг амалга оширилишидадир. К. Маркс таълим берганидек, бундай лойиҳалар халққа фақат кулфат келтиради. Шундай бўлди ҳам: сув, ҳаво, тупроқнинг ифлосланиши натижасида аҳоли ўртасида ошқозон-ичак, жигар касалликлари ва болалар ўлими кескин кўпайиб кетди. Амударё ва Сирдарё дельталарининг чўлга айланиши, Орол атрофидаги экин майдонларининг шўр босиб, ишдан чиқиши тезлашмоқда, денгиз атрофидаги наботот ва ҳайвонот олами қирилиб кетаяпти. Бундай аҳволда Хоразм воҳаси ва Қорақалпоғистон АССР территорияси яқин келажакда инсон зоти яшаши учун мутлақо яроқсиз бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳодиса табиат билан муносабатда нуқсонларга йўл қўйилса, у ўч олишининг ифодасидир.
КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг 1986 йил 14 августдаги «Шимол ва Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини жанубга оқизиш бўйича ишларни тўхтатиш тўғрисида»ги қарорида Орол денгизи ҳавзаси экономикасини сув билан таъминлаш стратегияси белгилаб берилди. Унинг моҳияти муаммони омилкорлик билан фойдаланиш орқали сувни тежаш ва асраш йўли билан ҳал этишдан иборат.
Бу қарор қабул қилингунга қадар қарийб чорак аср мобайнида кўпгина олимлар, мутахассисларнинг ақли муаммони ҳал этиш ўрнига, Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини Орол денгизи ҳавзасига оқизишни тезлаштириш билан банд бўлди. Улар бунда ҳеч бир асоссиз тарзда, ушбу тадбир амалга оширилиши билан экономиканинг барча тармоқларини сув билан таъминлаш масаласи ўз-ўзидан кун тартибидан тушиб қолади, шунингдек сув бойликларини асраш масаласи ҳам ҳал бўлади, деб ўйлардилар. Юқорида кўрсатилган қарорда кўзда тутилаётган шимол дарёлари сувининг бир қисмини жанубга оқизишнинг экологик оқибатларини тадқиқ этишни янада чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланди. Бу қарор тўғрилигининг исботи тариқасида қуйидагиларни айтиш мумкин. Шимолдан тезда сув келтириш тарафдорлари сув ўта булғанганлиги оқибатида экологик тангликка учраган Амударёнинг қуйи қисмига Сибирдан тоза сув келиши билан аҳолини хўжалик мақсадларидаги ва ичимлик сув билан таъминлаш масаласи ҳал бўлади ва турмушнинг санитария-гигиена шароити яхшиланади, дейдилар. Буларнинг ҳаммаси фактларга зиддир. Жумладан, 500 километр узунликдаги Иртиш-Қарағанда каналидан фойдаланиш шуни кўрсатдики, бир литрида 0,15—0,2 грамм минераллар бўлган Иртиш суви Қарағанда районига етиб келганда таркибидаги эриган тузлар бир литрида 1 граммга етади. Қорақумдаги В. И. Ленин номидаги каналдан оқадиган Амударё суви таркибидаги минераллар (литрига 0,4 граммга яқин) 800 километр йўл босиб Ашхобод шаҳрига борганда 2,5 баравар ортади ва литрига 1 граммга етади. Обь сувининг бир қисмини жанубга олиб келадиган канал 2500 километр узунликда бўлади ва (шўр тупроқли, захоб ерлари ва кўллари бўлган) Тўрғай паст текислигини ҳамда сувни юқори даражада буғлайдиган Қорақум ва Қизилқум саҳроларини кесиб ўтади.
Бундай шароитда Сибирдан чучук сув келтириш орзусининг амалга ошиши даргумон. Бундан ташқари ўзига хос геохимик ландшафтда ҳосил бўладиган Сибирь суви мутлақо ўзгача геохимик шароитдаги районга келади. Турли гидрохимик ҳолатдаги икки сув қўшилиши ва уларнинг тупроққа ва заминга таъсири натижасида нималар бўлиши мумкин? Бу саволларга илмий асосланган жавоблар бермасдан аввал, жумладан, шимолий дарёлар сувини қайта тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилиб бўлмайди.
Минг афсуски, метеорологлар, тупроқшунослар, гидрологлар ва гидрогеологлар томонидан ягона сув бойлигини ташкил этган атмосферадаги, тупроқдаги, ер остидаги ва юзасидаги сувларга ўзаро боғлиқ ҳолда қарамаслик, шунингдек улардан айрим идоралар, республикалар ва бошқа маъмурий ташкилотлар манфаатидангина келиб чиқиб фойдаланиш одатига чек қўйилгани йўқ. Орол ҳавзаси ва бутун мамлакат сув бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишдаги кулфатларимизнинг асосий сабабчиси мана шундай одатнинг мавжудлигидир. Жумладан, сўнгги вақтгача (Сирдарё ва Амударё сувларидан фойдаланадиган Ўрта Осиё республикалари учун 1985 йилда сувга лимит белгилангунга қадар) айрим республикалар, тармоқлар, районлар, хўжаликлар сув бойликларидан фойдаланишда тала-тала билан шуғулланиб келдилар. Эҳтиёжидан қатъий назар, ҳар ким ўзига кўпроқ сув олишга ҳаракат қилди. Амударёдан Қорақум каналига, Сурхондарё областига сув олишнинг кучайганлиги, Тошовуз айланма канали қурилганлиги ва бошқа тадбирларни мана шу билан изоҳлаш мумкин. Шу муносабат билан кўзда тутаётган мақсадимиз манфаатлари қечиктириб бўлмайдиган ташкилий вазифаларни ҳал этишни жадаллаштиришни тақозо этади, токи бизнинг ҳаракатларимиз табиатнинг буюк қонунларига мос келсин, яъни ягона сувнинг ягона хўжайини бўлсин, у ягона марказдан бошқарилсин ва комплекс тарзда ўрганилсин. Иқтисодий фойдани ҳам фақат аниқ бир истеъмолчи позициясидан туриб баҳоламай, балки табиатдан фойдаланиш принципларини ҳисобга олиш керак. Шу жиҳатдан баҳоланганда ҳолатига энг оз зарар етказилгандагина сув бойликларидан фойдаланишни самарали ҳисоблаш мумкин.
Орол денгизи ҳавзасининг табиий шароити ва иқтисодий ҳолати сув хўжалигида фақат бир сиёсат бўлишини — тежамкорликни ва ҳар томчи сувдан омилкорлик билан фойдаланишни оқлайди. Унинг учун меҳнат, энергетика ва бошқа табиий ресурслар муаммоси иккинчи даражалидир.
Минг афсус-надоматлар бўлсинки, хусусан 50-йиллардан бошлаб Орол денгизи ҳавзасида сув хўжалиги қурилишини ривожлантириш табиатдан фойдаланишнинг мана шу барчага маълум қоидаларини ҳисобга олмай амалга оширилди. Бу даврда сув хўжалиги муаммоларини илмий ҳал этиш ўрнини тутуриқсизсизлик, хўжакўрсинчилик эгаллади, пахтага топиниш чўққисига чиқди ва ҳамма нарса шунга хизмат қилдирилди. Бу хўжалик юритишда бошқа йўналишни — катта-катта сув иншоотлари қурилишига ружу қўйишни келтириб чиқарди. Хўжалик юритишнинг мазкур йўналиши олимлар томонидан эмас, балки идоралар ва министрликларнинг калтабин, нодон бошлиқлари томонидан юқоридаги раҳбарларга ёқиш ва лаганбардорлик қилиш учун яратилди. Лойиҳалаш ташкилотлари ва тармоқ илмий-тадқиқот институтларининг мутахассислари уларнинг кўрсатмаларини кўр-кўрона бажаришаверди. Хўжалик юритишдаги бу ярамас аҳвол мазкур ҳавзада табиатдан фойдаланишга ваҳшийларча муносабатнинг қарор топишига шароит яратди. Ўз вақтида ҳукумат органлари томонидан Орол денгизи курорт жойларини ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилганди ва бу ерда соғломлаштириш муассасалари қуриш ва уни Бутуниттифоқ шифо масканига айлантириш йўлида дастлабки уринишлар бўлганди. Орадан саноқли йиллар ўтгач эса (1970 йилда), 1971—1985 йилларда ерларни мелиорациялашни ривожлантириш, хусусан Орол денгизи ҳавзасида пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни кескин кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Айнан шу қарор Оролнинг «кафани»ни бичди. Шу муносабат билан СССР Мелиорация ва сув хўжалиги министрлигининг масъул ходимлари «Орол чиройли ўлаверсин — бизга сув суғориш учун керак», деб қайта-қайта баёнот бердилар. Бу ҳукм эди. Шу пайтдан бошлаб Сув хўжалиги министрлиги ўзининг улкан лойиҳаларини ишлаб, чиқиб, амалга оширишга киришди, Оролнинг тақдири билан қизиқмай қўйди, жамоатчилик буни тушунмади, мутахассислар эса муроса қилишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Хоразм, Тошовуз областлари ва Қорақалпоғистон АССР аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш муаммосини ҳал этишда яна эскича йўл тутишди — ҳозир юзага келган сув хўжалиги шароитида ичимлик сув бўлмаслиги ҳаммага равшан бўлса ҳам, Туямўйин сув омборидан ўнг ва чап қирғоқ бўйлаб сув қувури қурилишини лойиҳалаштириш таклиф этилди. Бу чинакамига ўз-ўзини алдашдир. Бу таклиф олға сурилганда, Туямўйиннинг бевосита яқинида Амударёнинг чучук тошқин сувлари ҳисобига махсус Капарос сув омбори бунёд этишни тавсия қилиб, исботлаб бўлмайдиган нарсани исботлашга ҳаракат қилишяпти. Районнинг аниқ шароитида саёз сув омборида йил мобайнида сув юксак сифатли бўлишига кафолот бериш даргумон, Мазкур муаммони сувни чучуклантирувчи ускуналарни жорий этиш, Амударё ҳавзасида сувнинг сифатини тиклаш учун муҳофаза тадбирларини кучайтириш орқали ҳал этиш мақсадга мувофиқ…
Иш шунга бориб етдики, дастлаб Судочье кўли қуриди, балиқ хўжалиги йўқ бўлди. Орол эса йилига келиб турган санитария мақсадларига хизмат қиладиган 4 куб километр сувидан ҳам маҳрум бўлди. Бу сув йўли дарёларнинг қуйи қисмида тўғонлар билан ғиппа бўғиб қўйилган ва сув ирригация каналларига оқади. Бу ишларнинг ҳаммаси СССР Мелиорация ва сув хўжалиги министрлиги ташкилотларининг қўрсатмаси билан қилинган. Орол денгизи сатҳининг жадал пасайиши Амударёдан Қорақум канали, Қарши ва Бухоро магистрал каналларига сув олиш бошлангандан ва Тахиатош гидроузели ишга туширилгандан, Сирдарёда эса ўрта ва қуйи оқимида каналлар қурилгандан сўнг бошланди.
Орол денгизининг қуриши натижасида дарёларнинг дельталаридаги улкан майдон ҳам чўлга айлана бошлади, соҳилдан 300 километр радиусдаги территорияда иқлим анча ўзгарди, денгизнинг қуриган тубидаги тузларни шамол кўчириши тупроқ шўрлаши ва ҳаво булғанишининг янги манбасини юзага келтирди, ер остидаги ва дарё сувларининг жадал ифлосланиб бориши аҳолини тоза ичимлик сув манбаидан маҳрум қилиб қўйди. Оқибатда Орол ҳавзасида экологик танглик вазияти юзага келди, Айниқса Хоразм, Тошовуз, Бухоро областларида, Қорақалпоғистон АССРда ва Қозоғистон ССРнинг Қизил Ўрда областида хавфли вазият содир бўлаяпти. Бунинг асосий сабаби табиатни асраш бўйича қонунлар, шу жумладан, 1970 йилда эълон қилинган «ССР Иттифоқи ва иттифоқдош республикалар сув қонунчилиги асослари» бузилганлигидадир.
Сув хўжалиги министрлигининг Ўрта Осиё республикаларидаги ташкилотлари Иттифоқ бюджетидан кўпроқ маблағ ундириш пайидан бўлиб, сув ва ернинг ҳолатини яхшилаб бориш билан шуғулланиш ўрнига, етарли асосламай туриб янгидан-янги объектлар қураверишди. Бунда улар мелиорацияланган ерларда деҳқончилик маданияти ва самарадорлигини ошириш бўйича қилинган ишларни юксак лавозимдаги раҳбарлар пайқамасликлари мумкин. Жиззах, Шеробод, Қарши чўлларини ўзлаштириш, Қорақум, Қарши, Тошавуз каналлари ва бошқалар эса миқёси катта, гигант ишлар бўлиб, дарҳол кўзга кўринади, деган принципга амал қилдилар.
Янги қурилишлар сифатига келганда, энг муҳими бошлаб олиш ва бир амаллаб қуришдир, тартибни йўлга қўйиш эса — кейин бир гап бўлар, деб ҳисоблашди. Айнан мана шундай муносабат сув ва ер бойликларидан самарасиз фойдаланишнинг, майдонларни шўр босиб, ботқоққа айланиб кетиши, ҳрсилдорлик пасайиб, сув, тупроқ, ҳаво ифлосланишининг бош сабабчиси бўлди. Янги қурилишларни асослашда лойиҳа муаллифлари уларнинг арзон ва самарали эканлигини исботлаш учун ҳарчанд уринишарди. Аслида биронта ҳам қурилиш дастлабки смета таннархига мос келмас, 2—3 баравар ортиқ харажат қилишни тақозо этарди…
Орол денгизини қутқаришда (унинг чиройли ўлими ҳақида калтабин, нодон одамларгина гапириши мумкин, табиат фарзандини йўқ қилиш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган) тадбирларнинг уч группасини ажратиб кўрсатиш мумкинки, буларни маълум изчилликда — босқичма-босқич амалга ошириш лозим.
Биринчи босқичга денгиз сатҳини маълум чизиқда, илмий асосланган экологик минимумдан кам бўлмаган даражада, асосан дарёлардан ноўрин олинаётган сувларни қайтариш эвазига барқарор қилиш киради. У қуйидагилардан иборат.
Биринчидан, Ўрта Осиё дарёларида сув кўпаядиган давр бошланди. Сув олиш ўсишини (асосан суғоришни ривожлантириш учун) тўхтатган шароитда яқин бир неча йил мобайнида дарёларда ортиқча сув пайдо бўлиши керак. Бу сув шу пайтгача ирригация тармоқларига оқизиларди ва тўқайларни сув босиб кетишининг олдини олиш ва суғориш системасида сув оқишини бошқаришда ортиқча ташвишлардан қутулиш учун Арнасой, Сариқамиш сингари сув тўпланадиган жойларга ташланарди.
Дарёлар ўзани эса қуйи оқимларида ғиппа бўғилиб (Сирдарёда икки жойда ва Амударёда бир жойда), Оролга тошқин сув ҳам, санитария мақсадларидаги сув ҳам ўтказилмасди. Жумладан, 50-йилларгача Орол денгизи ҳавзасида ортиқча сувлар тўпланадиган кўллар бўлмаган. Ҳозирги пайтда 40 тага яқин ана шундай кўллар бўлиб, уларнинг умумий майдони 5000 квадрат километрни, сув ҳажми эса 40 куб километрдан кўпроқни ташкил этади. Бу кўлларга ташланаётган сувларнинг йиллик ҳажми эса 7 куб километрдан ортади, шундан 4,5 куб километри Сариқамишга, 1,4 куб километри Арнасойга оқади.
Ирригация системаларига бутун йил мобайнида қатъий лимитга биноан сув бериш, ғиппа буғилган тўғонларни дарё ўзанларидан ортиқча сувларни оқизадиган қилиб қайта жиҳозлаш керак. Бу тадбирнинг амалга оширилиши сув кўпаядиган даврда Оролга йилига 10 куб километр сув оқизиш имконини беради.
Иккинчидан, Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида шолини, чорвачиликни ривожлантириш учун озуқа ва бошқа кам сув талаб қиладиган экинлар билан алмаштириш масаласини юқори ташкилотлар олдига дарҳол қўйиш керак. Натижада йилига Оролга камида 5 куб километр сув оқизиш мумкин бўлади. Бу тадбирни асослашда шундан келиб чиқиш керакки, умуман бутун мамлакат миқёсида гуруч масаласи ҳал бўлган, Узоқ Шарқда шоликорликни ривожлантиришнинг катта имкониятлари бор. Сирдарё ва Амударё этагидаги шоликорлик кўп сув талаб қилади, йиллик суғориш нормаси 1 гектарга 40—50 минг куб метрни ташкил этади. Бунинг устига ҳосилдорлик юқори эмас, маҳсулот сифати паст, шу боисдан зарар келтирадиган тармоқ ҳисобланади.
Жумладан, Қорақалпоғистон АССРда кейинги беш йилликда шолининг ҳосилдорлиги гектаридан 25—30 центрдан ошмади. Ҳар центнерининг таннархи 40—50 сўмга етди (реализация қилинадиган баҳоси эса центнерига 30—35 сўмдир). Маълум миқдордаги гуручни мавжуд шўрланган майдонларни ювиш методи сифатида пахта билан шолини алмашлаб экиш эвазига олиш мумкин.
Бундан ташқари, айниқса Орол денгизи қурий бошлагандан сўнг ўзгарган иқлимий ва экологик шароитда, Қорақалпоғистон АССРда Султон Увайс тоғидан шимолий меридианда пахтачиликни сақлаш масаласини ўрганиш керак. Умуман мазкур зонада паст сортли пахта етиштириш зарурми? Уни чорвачиликка ихтисослаб, маҳаллий аҳолига асрий касбини давом эттиришига шароит яратиш маъқул эмасми? Бу муаммони ҳал этиш территорияни анча соғломлаштириб, озиқ-овқат муаммосининг ҳал этилишига ёрдам берган, сувни тежаган бўларди.
Учинчидан, эҳтимол (вақтинчалик тадбир сифатида) ҳозирги ташлама кўллардаги сувнинг бир қисмини турли хил кўчма насос станциялари, масалан, чехлар ишлаб чиқарган насос станциялари билан (секундига 7,5 куб метр сув тортади) тортиб, дарёларга оқизиш мумкин. Шунингдек Амударё этагидаги (Хоразм области, Қорақалпоғистон АССРдаги) коллектор-дренаж тармоқларидан чиқадиган, Сирдарёда эса Мирзачўлдаги Қизил Ўрда ва Ғазали воҳаларидаги коллектор-дренаж тармоқларидан чиқиб, Арнасойга ва Қизилқумга оқадиган барча оқава сувларни дарёлар ўзанига тушириш мумкин. Бу сувнинг йиллик ҳажми 5 куб километрни ташкил этади.
Коллектор-дренаж тармоқларидан чиқадиган оқава сувлар ҳақида гапирганда, Термиз — Орол параллел коллекторини эсламаслик мумкин эмас; ҳозир унинг зарурлиги ҳақида жуда баралла ва тез-тез гапиришаяпти.
Дастлаб шуни айтиш керакки, у йил мобайнида Сурхондарё области, Қарши чўли ва БухороҚорақум воҳасидан 2 куб километр ҳажмдаги минераллар ва заҳарли химикатларга ғоят тўйинган коллектор-дренаж тармоқлари оқава сувларини етказиб бериши мумкин. У Оролни қутқаришда ҳеч қандай роль ўйнамайди. Айни вақтда у Оролнинг «мағзава» ўрага — ўлик денгизга айланишига «кўмаклашади». Оролни мағзава ўрага айлантиришнинг биз учун нима зарурати бор? Бу коллектор ҳақида (матбуотнинг гувоҳлик беришича, унинг қурилиши лойиҳасиз бошланди — «Известия» № 22071). Сув хўжалиги министрлигининг кўпгина вакиллари гапиришаяпти ва ёзишаяпти. Бу министрлик аслида қурилиш ташкилотига айланиб қолган ва ҳозирги пайтда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга жалб этилганлиги ва Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини жанубга оқизиш бўйича ишлар тўхтатилганидан кейин қурилиш ишлари ҳажмига муҳтож бўлиб турибди. Шу йўсинда яна улкан сув иншоотлари қурилиши кетидан қувиш давом этаяпти. Бунинг ўрнига дарё суви сифатини сақлаш бўйича тадбирлар белгилаш, саноатда табиат бойликларидан фойдаланишда (шу жумладан, сувдан ҳам) чиқитсиз технологияни жорий этиш, барча аҳоли пунктларини тўла канализациялаштириш, уларнинг оқавасини тозалаш ва қайта фойдаланиш, суғоришда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институти (ТИИИМСХ) таклиф этган оқавасиз системани иложи борича тўла жорий этиш тадбирларини амалга ошириш маъқул эмасми? Бу тадбир Орол ҳавзасида сув бойликларидан самарали фойдаланиш даражасини оширишдан ташқари, дарёлар суви сифатини ҳам кескин яхшилаш имконини берарди. Суғоришда оқавасиз системани жорий этиш имкони бўлмаган майдснлардаги коллектор-дрэнаж тармоқларидан чиқадиган оз миқдордаги сувлар эса дарё суви сифатини кескин ёмонлаштирмайди.
Шундай қилиб, айтилаётган таклифларнинг биринчи навбатини амалга ошириш Оролга йилига камида 20 куб километр сув оқизилишини таъминлайди, унинг қуриш жараёнини кескин секинлаштиради.
Иккинчи босқич — мавжуд мелиорация системаларини реконструкциялаш жараёнида сув резервларини аниқлаш ва уларнинг айримлари самарадорлигини танқидий баҳолашдан иборат. Бу ерда икки гуруҳ тадбирлар кўзда тутилади.
Биринчидан, сувдан фойдаланишнинг илғор техника ва технологиясини жорий этиш асосида сув бойликларидан самарали фойдаланиш коэффициентини ошириш лозим. Коммунал хўжаликда ва саноатда сувдан фойдаланиш соҳасида бу тадбирларнинг мазмуни маълум ва амалга оширса бўлади. У олинаётган сувнинг мутлақ ҳажмини оширмаган ҳолда бу соҳаларни ривожлантириш имконини беради.
Суғорма деҳқончиликда анчагина сув буғланади ва ифлосланади. Бунда сувни сақлаш, оқизиш ва суғориш техникаси ва технологиясини такомиллаштиришдан ташқари, суғорма деҳқончиликни йўлга қўйишдаги мелиоратив режимни қараб чиқиш ва асослашга жиддий эътибор бериш керак. Гап шундаки, мазкур муаммога нисбатан тарихан юзага келган муносабат суғориладиган ерларнинг маълум (гидроморфли) мелиоратив режимини тутиб туриш заруратидан келиб чиқади. Бу шунинг натижасики, ўтмишда мелиорация ишларининг кучсиз техника ва энергетика базаси шароитида олиб борилиши ерларни дренажлашнинг асосий усули сифатида горизонталь дренажлардан фойдаланишни тақозо этди. Маълумки, уларни чекланган чуқурликда ётқизиш мумкин ва оқибатда тупроқдаги сувни 1—2 метрдан ортиққа пасайтира олмайди. Кўп йиллик махсус тадқиқотлар шуни кўрсатдики, тупроқдаги сувни бундай чуқурликка тушириш билан чекланиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш жиҳатидан ҳам, шунингдек сувлардан самарали фойдаланиш жиҳатидан ҳам нобопдир. Тупроқдаги сувнинг пасайиши юқоридаги даражада бўлганда бир гектардаги буғланиш йилига 13.000 куб метр ва ундан ҳам кўпроққа етади, бу шу майдонда тупроқдаги сувнинг пасайиш даражаси 2,5—3 метрдан ортиқ бўлганида буғланадиганидан 3—5 минг куб метр кўпдир. Агар буғланишнинг 35 проценти тупроқ юзасида юз бериши ҳисобга олинса, у ҳар бир гектар майдондаги тупроқда йилига 10 тоннага яқин минерал ва заҳарли моддаларнинг тўпланишига сабаб бўлади. Бунга қарши майдонларни ювиш воситаси билан кураш олиб борилади ва ҳар бир гектарга 5 минг куб метргача еув сарфланади, Бу демак, суғориладиган массивларда ҳозирги (илмий асосланмаган, лекин одат бўлиб қолган) гидроморфли мелиорация режимини автоморфли мелиорация режими билан алмаштириш ҳар гектарда йилига буғланиб кетаётган сувни ўртача 3—5 минг куб метрга камайтириш, майдонларни ювиш учун сув сарфлашдан воз кечиш имконини беради. Бунга (гидрогеологик шароит мос бўлган жойларда) горизонталь дренажларни тик дренажлар билан алмаштириш орқали эришиш мумкин. Тик дренажларни Орол денгизи ҳавзасида камида 3 миллион гектар майдонда жорий этса бўлишини ҳисобга олсак, мазкур тадбирдан кўриладиган йиллик самара оз деганда 10 куб километрни ташкил этади, дарёлардаги сув сифати анча яхшиланади. Суғориладиган деҳқончиликда бу системага ўтиш технологияси (ТИИИМСХ)да етарли даражада ишлаб чиқилган ва амалда жорий этилишини кутаяпти.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сувдан самарали фойдаланиш соҳасида ўзбек халқи катта тажриба тўплаган. Мана шу тажрибадан кенг фойдаланиш керак, 30-йилларда Чирчиқ дарёси водийсидаги, 40—50-йилларда эса Марказий Фарғонадаги ботқоқзор ерлар дарёдаги сув оқимига зарар етказмаган ҳолда ўзлаштирилди. Ўшанда ҳатто суғоришни кенгайтириш дарёлардаги сув оқимига таъсир кўрсатмайди, деган нотўғри тасаввур ҳам пайдо бўлган.
Иккинчидан, айрим суғориш тармоқларининг иш самарадорлигини яхшилаб текшириб кўриш керак. Сирдарё ва Амударёнинг қуйи қисмида шоликорлик ва пахтачилик учун мўлжалланган суғориш системасини сақлаш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Эндиликда журналхоннинг эътиборини текисликлардаги сув омборларининг самарадорлиги масаласига қаратмоқчимиз. Фақат бизнинг республикамизда ҳозир 23 та сув омбори ишлаб турибди, яна 15 таси қурилмоқда, 6 таси лойиҳалаштирилмоқда. Уларнинг ҳар бири дарёлар оқимини жиловлашдан ташқари, кучли сув буғлатгич ҳамдир. Фақат Чордара сув омбори йилига 650 миллион куб метр, Қайроққум сув омбори 500 миллион куб метргача, Толлимаржон, Туямўйин, Хоузхон ва бошқа сув омборлари эса миллиард куб метрлаб сувни буғлатади. Орол денгизи ҳавзасидаги жами сув омборларининг йиллик беҳуда сув сарфи 5 куб километрдан ортади. Умуман сув етишмаётган шароитда шу даражада исрофгарчиликка йўл қўйиш мумкинми? Тоғ дараларида сув омборлари қурилиши кенгайган шаройтда бу масалани ҳал этиш зарурати туғилаяпти. Муаммо тўғри ҳал этилса, йилига бемалол бир неча миллиард куб метр сувни тежаш мумкин.
Шундай қилиб Орол денгизи ҳавзасида сув бойликларидан омилкорлик билан фойдаланишнинг иккинчи босқичидаги тадбирларнинг амалга оширилиши йилига яна 10 куб километрдан кўпроқ сувни тежаш имконини беради. Унинг Оролга етказилиши, биринчи босқичдаги тадбирлар билан қўшганда денгиз сатҳини 40 метрда тутиб туриш ёки бу ерда суғориладиган майдонлар ҳажмини бир неча миллион гектарга кенгайтириш имконини беради.
Учинчи босқич — олис истиқболга мўлжалланган.
Мамлакатда сув бойликларини кенг миқёсда территориал қайта тақсимлаш ва шунинг ҳисобига Орол денгизи ҳавзасига шунча миқдордаги дарё сувини олиб келиши керакки, токи истиқболдаги барча сув хўжалиги муаммоларини, шу жумладан Оролни тиклаш масаласини ҳам ҳал этиш мумкин бўлсин. Масалани бу тарзда қўйиш СССР Мелиорация ва сув хўжалиги министрлиги томонидан Обь дарёси сувининг йилига 25—27 куб километр ҳажмдаги бир қисмини жанубга оқизиш бўйича ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асосларга мос келмайди.
Кўзда тутилаётган тадбир, афтидан келгуси юз йилликда амалга оширилса керак. Уни асослашда бизнингча, истиқболда ҳам сув мўл бўладиган районлардан Орол ҳавзасига юксак сифатли сув етказиб берилишига асосий эътибор қаратилиши лозим. Бунинг учун сувни бошқа жойга оқишининг ҳар икки регионга экологик таъсирини синчиклаб ўрганиш керак бўлади. Масалага шу жиҳатдан қараганда Орол ҳавзасига Каспий ёки Қора денгиздан сув келтириш истиқболсиз, чунки бу ҳавзаларга қуйилаётган дарё сувлари чекланган ва Орол ҳавзаси учун юксак сифатли сув олиш имконини бермайди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Орол денгизини сақлаш ва тиклаш муаммоси ундаги сув миқдори масаласини ҳал қилишдангина иборат бўлмай, балки сув сифатини яъни биологик самарадорлигини тиклашдан ҳам иборатдир. Бу ҳавзага сифати паст сувни олиб келиш — дунёда иккинчи ўлик сув масканини юзага келтиришнинг ҳеч бир маъноси йўқ. Учинчи босқич тадбирлари амалга оширилганда I ва II босқичга мўлжалланган тадбирлар ҳам кун тартибидан тушиб қолмайди, аксинча янада зўрроқ аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтиш керакки, Орол денгизини асраш ва ҳавза чегарасидаги атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш муаммосини умуман ҳал этса бўлади, Бунинг учун муаммога идоравий муносабатни бартараф этиш керак. Уни ҳал этишни биринчи босқич тадбирларини амалга оширишдан бошлаш керак. Шу билан баравар Орол денгизи сув бойликларидан комплекс фойдаланиш ва муҳофаза қилишнинг янги схематик лойиҳасини ҳам ишлаб чиқишга киришиш зарур. Бу ишни Орол денгизини нодир сув ҳавзаси сифатида сақлашнинг мумкин бўлган вариантларини ҳисобга олган ҳолда, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида ҳам шундай схематик лойиҳаларни аниқлаш асосида амалга ошириш лозим. Регионда экономикани ривожлантириш истиқболларИни келишиб олиш учук биринчи навбатда сувларни ҳавзалараро йирик миқёсли қайта тақсимлангунга қадар Оролни тутиб туриш учун, денгизнинг экологик жиҳатдан йўл қўйиш мумкин бўлган сатҳини белгилаш зарур. Шунга яраша миқдордаги сув Амударё ва Сирдарё орқали денгизга тушиб туриши, қолган қисми мазкур ҳавзадаги экономиканинг барча тармоқларини ривожлантиришга хизмат қилиши керак.
Шундай қилиб, Орол денгизи ва унинг ҳавзаси муаммоси йирик комплекс ва долзарб масаладир. Уни айрим ташкилотлар, комиссиялар, мутахассислар, бу ишга етарли дахли бўлмаган иттифоқ илмий-тадқиқот ва лойиҳа-қидирув институтлари фикрига таяниб ҳал этиб бўлмайди. Мамлакат экономикасини қайта қуришнинг асосий қоидаларига мувофиқ равишда Орол муаммосини умумиттифоқ муаммоси сифатида ўрганадиган махсус илмий ташкилот тузилса (унга етарли маблағ ажратилса) маъқул бўларди. Республикамизда сув муаммоси ҳаётий муҳим масала саналади. Бизда эса бу муаммо билан комплекс ва чуқур шуғулланадиган илмий-тадқиқот институти йўқ. Ўзбекистон ССР Фанлар академияси эса аслида ўзини бу муаммодан чеккага олмоқда. Шу боисдан республикада мазкур муаммо билан фақат тармоқ институтларигина шуғулланишаяпти. Табиийки, улар ўз тармоқларини қизиқтирган масалаларнигина ҳал этадилар, муаммога комплекс ёндошмайдилар. Тегишли лойиҳаларни амалга оширишда энг жиддий салбий ҳодисалар юзага келиши ҳам мана шу билан изоҳланади.
Булар ҳаммаси Ўзбекистон ССР Фанлар академияси системасида махсус «Сув муаммолари ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш» институти ташкил этишни тақозо этади. Бунинг учун зарур материал аллақачаноқ СССР Ҳукуматига тақдим этилган, лекин ҳамон қарор қабул қилингани йўқ. Республиканинг юқори ташкилотлари ва Ўзбекистон ССР Фанлар академияси раҳбарлари 6у борада фаоллик кўрсатмаяптилар.
Бу институт ҳозирги долзарб сув муаммоларини, атроф муҳит ва унинг ажралмас қисми бўлган Орол денгизи масаласини ҳал этиш учун республикага «тоза сув»дай зарур.
Орол денгизи ҳавзасидаги экологик муаммоларни бартараф этишда бутун мамлакат ва республика миқёсидаги яна бир қатор ташкилий масалаларни ҳал қилиш ҳам муҳимдир. Булар қуйидагилар:
СССР Мелиорация ва сув хўжалиги министрлиги ва унинг ташкилотлари статусини аниқлаш керак. Мамлакатда бу министрлик билан ғалати вазият юз берди. У сув хўжалиги муаммоларини ҳал этишда алоҳида мавқега эга: ўзига вазифа белгилайди, ўзи маблағ билан таъминлайди, ўзи лойиҳалаштиради, ўзи лойиҳани, қурилишни тажриба синовидан ўтказади, ўзи сувдан фойдаланишни назорат қилади, охирида эса қурилган объектларни турли ҳийла-найранглар билан фойдаланувчи хўжаликларга топширади ёки ўзи ишлатади. Яъни бу министрлик номаълум сабаб билан имтиёзли мавқега эга бўлиб олган ёки давлат ичидаги давлатга айланиб қолган. Ишнинг пировард натижаси учун жавоб бермайди, Бизнингча бу аҳволга дарҳол чек қўйиш керак. Маблағларни ер ва сувни тежаб-тергаб фойдаланишдан, унинг ҳолати яхшиланишидан ким манфаатдор бўлса ўшанинг (яъни агросаноат бирлашмаларининг) қўлига бериш, сув хўжапиги министрлиги ташкилотлари эса фақат буюртмаларни бажарадиган, ишнинг пировард натижаси учун охиригача жавоб берадиган пудратчи ташкилотга айланиши лозим. Министрлик ихтиёридаги ҳозирги фойдаланиш ташкилотлари ҳам агросаноат ихтиёрига, сув бойликларини муҳофаза қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ССР Табиатни муҳофаза қилиш иттифоқ-республика давлат комитети ихтиёрига берилгани маъқул, Сув хўжалиги министрлиги зиммасида сув хўжалиги объектларини қуриш вазифаси қолгани мақсадга мувофиқ.
Республика Министрлар Совети қошида ёки Ўзбекистон ССР Табиатни муҳофаза қилиш иттифоқ-республика давлат комитети қошида халқ хўжалиги қурилиши объектларининг тайёрланаётган ва тугалланган лойиҳаларини экологик жиҳатдан баҳолаш бўйича махсус экспертлар кенгаши таъсис этиш лозим.
СССР ва республика Министрлар Советлари қошида атроф муҳитнинг аҳволи бўйича Бош давлат маслаҳатчиси лавозимини, унинг ҳузурида эса етакчи ва масаладан яхши хабардор бўлган олимлар кенгашини таъсис этиш керак. Улар зиммасига табиий бойликлардан омилкорлик билан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга дахлдор барча масалалар бўйича таклифлар тайёрлаш вазифасини юклаш лозим, токи уларнинг хулосасиз атроф муҳит ҳолатига у ёк и бу даражада таъсир кўрсатадиган биронта ҳам тадбир қабул қилинмасин ва амалга оширилмасин.
Мен шунга аминманки, Давлат маслаҳатчиси ёки Кенгаш аъзоси вазифаларини республиканинг йирик олимлари жамоатчилик асосида ҳам бажариши мумкин. Фақат улар зиммаларига юклатиладиган бурч билан бир қаторда, тегишли ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари керак. Чунки бу ерда гап биринчи навбатда табиат фарзанди бўлган ҳар бир инсон ўзининг юксак гражданлик бурчини бажариши ҳақида бораяпти.
Саидраҳмон Мирзаев, геология-минералогия фанлари доктори, профессор
“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 7-сон