Хоразм санъатининг тарихи қадим замонларга бориб тақалади. Бизгача етиб келган турли тасвирий санъат намуналари, олимлар, саёҳатчилар қолдирган асарлар, қолаверса, Хоразм мусиқасининг ўзи бунга далил бўла олади.
Хоразм мусиқа маданияти ҳақидаги энг қадимий манбалардан бири Зардушт ибн Сафид Тумон (зардуштийликнинг асосчиси) томонидан ёзила бошланган «Авесто» китобидир. «Авесто» эрамиздан олдинги VI-VII асрда майдонга келиб, унинг тўла шаклланиши эса эрамиздан олдинги биринчи минг йилликка тўғри келади. У 21 та китобдан иборат бўлиб, «ЗЕНД — АВЕСТО» деб ном олган. Бу китобнинг айрим қисмларигина маълум. «Авесто»даги маросимларни ижро этиш шакллари театр санъатига анча яқинлиги билан эътиборни тортади. Унинг дуо ва байтлари ибодатхоналарда ёки махсус майдонда театрлашган услубда, мусиқа, қўшиқ, пантомима рақслари жўрлигида ижро қилинган. Филолог олимлардан Маркварт, Бартольд, Толстов, Томашек, Гейнерлар «Авесто»нинг Хоразмда яратилганлигини исботлайдиган далиллар топишган. В. В. Бартольд Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқлари орасида кенг тарқалган достонларнинг бош қаҳрамонлари — Тўмарис, Широқ, Сиёвуш, Афросиёб, Рустам, Зариадр, Зарина ва бошқаларнинг келиб чиқишини Хоразм, Бақтрия, Сўғдиёнадан излаш керак, деган тахминни олдинга сурган.
Тарихий маълумотларга кўра, «Авесто»ни ижро қилган аёлларни ўтмишда ҳам халфа деб юритишган. Хоразм халфалари қўшиқ ва рақсларининг қадимийлиги шубҳасиз. Халфалар бизга фақат қадимий маросим, ибодат куйларини эмас, балки энг қадимий лазги йўлларини ҳам етказишда ўз ҳиссаларини қўшишган.
Анъанавий қардош куйларнинг турли миллатлар халқ мусиқасида учраши бу куйларнинг қадимийлигидан ҳамда ўзаро маданий алоқаларнинг ривож топганидан дарак беради. Жумладан, озарбойжонлардаги «Қайтағи», грузинлардаги «Лекури», кабардинлардаги «Кабардинка», Доғистон халқларидаги «Лазгинка», Хоразм ва эронлилардаги «Лазги» куйларининг келиб чиқиш тарихи ҳам айни шу ҳақиқатни тасдиқлайди.
Неолит ва бронза даврига мансуб сопол идиш товоқларга битилган суратларда турли пантомима ва рақс ҳаракатлари тасвирланган санъат ёдгорликлари мавжуд. Тарихдан ибтидоий жамоа даврида ҳар бир аймоқ, уруғ ўз тамғасига эга бўлганлиги маълум. Улар ҳайвон ва қушларнинг номи билан — от уруғи, пишак (мушук) уруғи, эчки, қўй, йўлбарс, айиқ уруғи деб юритилган. Ҳар бир уруғ ўзи ишлаган идиш ва товоқларга ўз тамғасини чизган. Ана шу аймоқ ва уруғлар ўз қўшиқ, ўз рақсларига ҳам эга бўлишган. Хоразм масхарабозлари, дорбозларининг қўшиқ ва рақсларининг номларига бир эътибор беринг-чи: «Чағаллоқ», «Зимлак», «Чорлоқ ўйини», «Юмронқозиқ ўйини», «Айиқ ўйини», «Дев ўйини», «Пишак ўйини» ва ҳоказо. Бу масхарабозларнинг қўшиқ ва рақслари ибтидоий жамоа тузумида овга кетиш олдидан ва овдан қайтганда ижро қилинадиган «овчилик ўйинлари»га ҳамоҳанг эмасмикин? Замонавий Хоразм «Лазги»си йўлларининг айримлари қатор масхарабоз қўшиқ ва рақсларидан: «Бартаул», «АЗ‑аз», «Чипрадалли», «Хўпимбай», «Зимлак», «Чағаллоқ»лардан ташкил топганлиги шубҳасиз.
Хоразм «Лазги»сининг антик давр ва ўрта асрларда ривожланиши тўғрисида археолог С. П. Толстов амалга оширган археологик қазилмалар ишонарли маълумот беради.
Айниқса, Тупроққалъадан топилган ёдгорликлар эътиборга лойиқдир. Археолог Р. Л. Садоковнинг «Олтин соз парчалари» (М., 1971 йил) китобида ёзишича: «Замонавий «Лазги» рақси асосчиларининг фикрича, археологлар топган рақсга тушаётган скульптура гуруҳларида бир замонлар йўқолиб кетган анъанавий «Лазги» рақсининг асосий позицияси ўз ифодасини топган». Юқоридаги фикр Тупроққалъадаги хоразмшоҳ саройининг деворларидан бирида топилган рақсга тушаётган қиз‑йигитлар ва масхарабозларнинг тасвирига нисбатан айтилган.
Хоразмликларнинг исломгача бўлган мусиқа маданияти тарихида Сиёвуш, Митра, Анахита, Ошиқ, Ойдин, Наврўз, Қовун сайли, Қизил гул, Михраган байрамлари ўтказилиб, уларда театрлашган саҳна асарлари қўйилган. Айниқса, Сиёвушнинг ўлими ва қайта тирилишига бағишланган саҳналор мусиқа ва рақс иштирокида ижро этилганини санъатшунослик доктори Тўхтасин Ғафурбеков ўзининг «Миллий куйларнинг ижодий имкониятлари ва уларнинг ўзбек совет музикасидаги ўрни» (Т., 1987 йил) китобида қайд қилиб, Ўрта Осиёнинг Марв шаҳридан чиққан биринчи бастакор Борбаднинг Сиёвуш афсонаси асосида саҳналаштирилган асарига мос равишда яратган қўшик, ва куйларининг номларини келтиради. Бу жиҳатдан Борбаднинг энг охирги парда учун ёзган Сиёвушнинг тирилишига бағишланган «Омон, Омон» куйи эътиборни жалб қилади. «Омон, омон» куйи «Лазги» эмасмикан? Бундай тахминга асос бор.
Ўзбекистон халқ артисти Ҳожихон Болтаевнинг шогирдларидан бири Қутлимурод Ҳожиев менга айтиб берган дутор лазгиси Хоразмда асримизнинг 20-30-йилларида машуур бўлиб, «Омон, омон Рамазон» сўзлари билан куйланган. Маълумки, Сиёвушга бағишланган маросимни Шарқда Рамазон ойида ижро қилишган. Устод Комилжон Отаниёзовнинг «Лазги» ҳақидаги фикрларида («Ёшлик» журнали 1988 йил, 12-сон) қадимдан «Лазги»нинг илоҳий рақс ҳисоблангани, ҳаттоки уни сўз билан айтиш гуноҳ эканлиги, бу рақсда инсоннинг тирилиши ифодалангани қайд қилинади. Мазкур мулоҳазалар, бизнингча, «Омон, омон» ва «Лазги» куйларининг қариндошлигини асослайди.
Беруний берган маълумотларга кўра, Сиёвуш Хоразм давлатининг асосчиси бўлган ва асрлар давомида хоразмликлар уни ўзларининг тангриси ҳисоблаб, унга сиғиниб келишган. Шу маънода Борбаднинг «Омон, омон!» куйи «Лазги» йўлларидан бири эканлиги ҳақиқатга яқин.
«Лазги» рақсининг мазмуни ҳак,ида ҳар хил афсоналар ва тахминлар мавжуд. Масалан, ўзбек театри ва хореография тарихини ўрганишга ҳисса қўшган Л. Авдеева ва Т. Қиличев каби тадқиқотчилар «Лазги» ўйинини хоразмликларнинг қадимий ҳарбий рақси бўлса керак, деган тахминни олдинга суришади. Т. Қиличев «Хоразм халқ театри» (Т., 1988 йил) китобида «Бу ўйинда («Лазги»да — С. С.) раққос қўлларини юқори кўтариб аста-секин бармоқларини музика тактларига солади. Ўзи эса гўё рақибига қарагандай, гавдасини қимирлатмай тутиб туради. Бир неча вақт ўтгач қўл учи ҳаракатига гавда ҳаракатини қўшади. Кейин бирдан душманга ташланишга ўзини сафарбар қилган жангчидай дадил қадамлар билан югуриб, қўл бармоқларини ўйнатиб, қарс уришни тезлатиб, лашкарларнинг жанг қилаётган ҳолатини ифодалайди», — деб ёзади. Хоразмлик қарияларнинг гувоҳлик беришича, «Лазги»нинг турлари кўп бўлган. Сурнай лазгиси, дутор лазгиси, бўламан, халфа, бахши, масхарабоз лазгилари қадимдан бизларгача етиб келган. Ҳарбий «Лазги» ҳам бўлгани эҳтимолдан узоқ эмас.
Исломдан олдинги Хоразмнинг мусиқа маданиятига тааллуқли масхарабозларнинг «Хатарли ўйин»ида «Қайроқ лазгиси» деб номланувчи «Норим-норим»нинг ва ўша ўйиннинг якуний қисмида «Лазги»нинг ижро қилиниши бу куйнинг асрлар давомида мукаммаллашиб, ривожланиб, классик мусиқамиз шаклланишида муҳим ўрин эгаллаб келганлигини кўрсатади.
Энди Хоразм «Лазги»си ва Доғистон «Лазгинка»си орасидаги қариндошлик масаласига келсак, бу ўхшашлик тасодифий бўлмай, балки у чуқур тарихий илдизларга эга. XIII асрнинг бошларида—1225 йили Жалолиддин Мангубердининг Кавказ орти ва Озарбойжонни ишғол қилгани тарихий манбалардан маълум. Жалолиддин Мангуберди Доғистонни ишғол қилиб, вилоятларнинг бирида катта тўй-томоша бериб, «Лазги» рақсини аскарларга ижро қилдирган экан. «Лазги» ижро қилинган вилоятни шу вақтдан бошлаб Лазгистон деб, у ердаги аҳолини эса лазги ёки лазгиёрлар деб юрита бошлаган эканлар. Бу тахмин тарихий ҳақиқатга ҳам анча яқиндир. Чунки доғистонлик олим М. М. Ихилов ўзининг Махачқалъада нашр қилинган «Лазги халқи гуруҳи» («Народности лезгинской группы». Махачкала. 1967) номли китобининг 62-бетида: «XIII асрнинг биринчи ярмидан бошлаб ҳозирги лазгилар яшайдиган вилоят Лазгистон деган ном олди», — деб ёзади. Бу фактларнинг барчаси Доғистондаги «Лазгинка» ва Хоразм «Лазги»си орасидаги ўхшашлик тасодифий эмаслигига далил бўла олади.
Айниқса, «Лазги» ва «Лазгинка»нинг шаклий ўхшашлиги, куй ва зарб усулидаги оҳангдошлик фикримизни қувватлайди. Икки халқнинг чолғу асбобларининг ўхшашлигига келсак, фақат Ўрта Осиёнинг Хоразм вилоятида кенг тарқалган буломон асбоби доғистонликларнинг ҳам севимли пуфлаб чаладиган чолғусидир. Соз ва сурнай асбобларининг икки халқ орасида кенг ривож топгани ҳам ажабланарли эмас.
Оврупо халқи XIX асрда Михаил Глинканинг «Руслан ва Людмила» операсидаги «Лазгинка» орқали Хоразм рақси билан танишишди. «Лазгинка»ни кейинги даврда Бородин, Балакирев, Хачатурян ва Палиашвили ўз асарларида қўлладилар. «Лазги»дан эса ўзбек композиторларидан Шариф Рамазонов, Матниёз Юсупов, Борис Зейдман, Борис Гиенко, Улуғбек Мусаев, Фарҳод Алимовлар ўз асарларида фойдаланганлар.
Халқимизнинг севимли бастакори Комилжон Отаниёзовнинг Комил Хоразмийнинг «Кимни севар ёрисан» байти билан бошланадиган қўшиғи «Лазги» тарихида янги саҳифа очди ва Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Отажон Худойшукуров, Олмахон Ҳайитова, Раҳматжон Қурбонов, Ўктам Аҳмедов, Карим Раҳмоновларнинг «Лазги» йўлларига асос бўлиб хизмат қилди. Хоразмда ҳар бир истеъдодли хонанда ўз «Лазги»сини ярата олсагина машҳур бўла олишини санъат ихлосмандлари яхши билса керак.
«Лазги», «Лазгинка» шеърият оламида ҳам юксак мавқега эга. Кўплаб ардоқли шоирларимизнинг мана шу буюк ва ҳаётбахш куйга бағишланган шеърлари халқимизга манзур бўлмок,да.
Ўзбекистонда «Лазги», Доғистонда «Лазгинка» рақс ва қўшиқ ансамблларининг бугунги кунда мавжудлиги ҳам тарихий тақдирдошликнинг янги бир кўринишидир.
«Лазги»нинг толеи келгусида. Унинг минг йиллардан буён давом этиб келаётган мураккаб ва нурли йўли шундай дейишга асос беради.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 4–сон