(Паркент воқеалари хусусида)
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» рўзномаси таҳририятига!
1990 йил 3 март куни Паркент тумани аҳолиси билан ички қўшин аскарлари ва милиция ходимлари ўртасида қонли тўқнашув юз берди. Бу ҳақда марказий ва айрим жумҳурият матбуотлари томонидан берилган хабарлар бирёқлама ва нохолис бўлганлиги туманнинг кўп минг сонли ва кўп миллатли аҳолисини беҳад ғазаблантирмоқда. Ҳатто айрим мухбирлар воқеа содир бўлган жойга келмасдан, одамлар билан учрашмасдан, ёлғон маълумотларни тарқатишгача бориб етдилар. Меҳнаткаш халқ шаънига маломат ёғдирувчи бундай кимсаларни судга беришга қарор қилдик.
Фожиа сабабларини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида, туман ижроия комитети қошида махсус жамоатчилик комиссияси тузилди. Паркентда юз берган қонли фожиа билан боғлиқ тафсилотларни аниқлаш ва ҳалол ёритиш учун ўз вакилингизни юборишларингизни илтимос қиламиз. Таҳририят ходимлари бевосита воқеа содир бўлган жойдаги гувоҳлар, қонли тўқнашув иштирокчилари, ярадорлар, жамоатчилик комиссияси аъзолари билан учрашиб, уларнинг қўлидаги ҳужжатлар ва ашёвий далиллар асосида, холис фикрга келиши зарур, деб биламиз.
Жамоатчилик комиссияси аъзолари: Олимов, Ҳасанов, Нишонбоев, Ҳожиматов ва бошқалар. Жами 20 имзо.»
Ўзбекистонда яна қон тўкилди. Қўқондаги шаҳидларнинг гўри совумай туриб, тўрт йигитдан айрилдик…
Паркентда мотам. Оналар кўк кийди. Тожиқул Алматовнинг тўрт етими чирқираб қолди.
Халқ кўксини алам ўртайди.
Қариялар қовоғи солиқ, болаларнинг кўзлари жовдирайди, келинлик либосини қийишга улгурмаган лобар қизларнинг дийдаси тўла ёш.
Милиция биноси батамом ёниб кетган. Фожиа юз берган сой бўйи бўм-бўш. Бу жой болаларнинг севимли сайлгоҳи эди. Қош қорайгунча қувлашмачоқ ўйнашарди. Ҳозир у ерга ҳеч ким бормайди. Сой бўйида одам ўлди!
Хўш, Паркентда нима юз берди? Учинчи мартдан бери таҳририят телефонлари тинимсиз жиринглайди. Адабий жамоатчилик, Паркент аҳли «Адабиёт» газетаси нега жим, ҳақ сўзни айтинглар, бўлган ишни бўлганича ёзинглар», деб талаб қилмоқда. Жумҳуриятимизнинг бошқа шаҳар ва вилоятларидан ҳам шу мазмунда қўнғироқлар бўлиб турибди. Биз оқсоқоллар, муаллимлар, ишчилар, ҳуқуқшунослар, талабалар, қаламкашлар, шифокорлар, беморлар, раҳбарлар, колхозчилар билан суҳбатлашдик. Халқ комиссияси аъзолари тўплаётган ҳужжатлар билан танишдик. Кўз ўнгимизда зоҳиран ваҳшиёна, ботинан сир-асрор тўла мудҳиш бир манзара намоён бўлди.
…3 март. Шанба. Шаҳар одатдагидек гавжум. Паркентнинг етти кентидан келган одамлар шаҳарни тўлдириб, марказ орқали ҳар томон йўналади. Биров бозорга йўрғалайди, биров касалхонага, биров ишга ошиқади, биров ўқишга. Соат ўнларда, ҳаммомга етмай, катта кўча бўйида одам тўпланиб қолди. Одамнинг эса феъли маълум, тўртта киши йиғилган ерга, нима гап экан, деб бешинчиси ҳам келади. Халқни бир ерга жам қилган нарса — тепада, туман партия қўмитаси биноси олдида турган оқ қалқонли, дубулға кийган аскарлар эди. Паркент аҳли умри бино бўлиб, бунақа «темиртан»лиларни кўрмаган. Хўш, райком биноси олдида аскарлар нима қилиб турибди?
Ноҳия касалхонаси жарроҳлик бўлими мудири Собит Икромов: —Эрталабданоқ ҳаммаёқ милиционерлар ва аскарларга тўлиб кетди. Нима гап, деб сўрасак, «профилактика» дейишди.
Шу тариқа, шивир-шивир, миш-миш кучайди. Ўтган-кетган тўхтаб, халққа халқ қўшилди. 50—60 чоғли одам йиғилиб қолди. Тепадаги аскар йигитлар шуни кутиб тургандек, бирдан пастга туша бошлади. Уларни Паркентнинг қадрдон милиция ходимлари бошлаб келарди. Қимдир, алҳазар, дегандек жўнаб қолди. Кўпчилик тарқалмади. Аскарлар қайга бораркан, дегандек, ҳайратланиб уларга қараб туришди. Бекорчига текин томоша керак эди.
— Аскарлар саф тортиб, кўча бетини эгаллашди.— дейди Тошкентдаги 2-вагон депоси ишчиси Тоҳир Мунавваров.— Олдинга милиция подполковниги чиқди. Қўлига мегафон олди.
— Халойиқ! Дарҳол тарқалинглар! — деди дўқ уриб. — Уч минут вақт бераман, яхшиликча тарқалмасанглар, аямаймиз!
Одамлар: «Биз бу кишига нима ёмонлик қилдик, индамай бир ерда турибмиз-ку», деб елка қисдилар. Бир неча киши тўпдан чиқиб кета бошлади. Шу пайт подполковник: «Бир, икки, уч!» — дедию ортига ўгирилди, елкасидан нафас олиб, ҳужумга шай бўлиб турган ҳарбий офицерга им қоқди. Офицер қўлини чулғади: «Олға!», деб бақирдн. Аскарлар резина калтакларини кўтариб, халқ устига ташланди. Ёш демай, қари демай, ёппасига савалай кетди. Уларнинг важоҳати ёмон эди…
Одамлар сой томонга қочди. Аскарлар ҳамон бостириб келар, тик турганларни аёвсиз урар, йиқилиб ётганларни тепиб ўтарди. Милиция ходимлари эса қочолмай қолганларни пешма-пеш машинага тиқиб, ҳибсга жўнатиб туришибди.
— Оломон чекиниб, сой бўйига етди, — дейди Паркент шаҳар ижроқўми раиси Солижон Тўйчиев. — Уларни бу ерга урҳо-ур қилиб тақашганидан сўнг, ёшлар қўлига тош олди. Шунда мен қўлимни кўтариб, одамлар олдига бордим: «Тошни ташланглар, улар қуролланган», деб ёшларни тинчлантириб, аскарлар томонга келаётсам, ўқ отилиб қолди. Улгуролмадим…
Аскарлар: «Қуролга қарши — қурол!» дегандек, автоматга қўл чўздилар. Дастлабки ўқ Мирсоли Миртурсуновни йиқитди. У оҳ дейишга улгурмади. Ўқ эндигина йигирма олтига қадам қўйган йигитнинг миясини тешиб ўтган эдн.
Ўқ товушини эшитиб, чор атрофдан одамлар югуриб кела бошлади. Халқ ўзини ҳимоя қилишга ўтди. Энди қочиш навбати аскарларга келди. Улар чекина-чекина райком биносига, сўнгра янги тушган универмаг ичига кириб яшириндилар. Ҳақоратга чидамаган халқ райком биноси томон кўтарилди. Тинч аҳолига ўқ отган қонхўрлар сардорини талаб қилди. Жавоб бўлмади. Жавоб ўрнига, эшик-тешикдан ўқталган автоматлар кўринди. Одамлар бир неча ойнани уриб синдириб, изига қайтди. Шу ур-сурда сўқоқлик Тожиқул Алматов ҳам ўққа учди.
Мелисахона рўпарасига, тикув фабрикаси дарвозасига баҳайбат БТРни кўндаланг қилиб қўйдилар. У ўқтин-ўқтин осмонга ўт очиб, фабрикада ишлаётган аёлларнинг, боғчадаги болаларнинг ўтакасини ёриб турди. Халқ мелисахона олдига тўпланди. Бекорга калтак еб, ҳибсга тушган фарзандларини талаб қилди. Ички ишлар ходимлари ўз фуқаросининг олдига чиқиб, одамга ўхшаб гаплашиш ўрнига, хонама-хона бекиниб олдилар. Бу ҳам камлик қилгандай, гоҳо деразадан ўқ узиб, битта-яримтани ярадор қилиб туришди. Табиийки, бунақа пайтда халқнинг қони қайнайди. Қўриқчиларнинг номардлигидан, зўрликдан, ҳақоратдан сийнаси чок бўлган оломон мелисахонага ўт қўйди. Биз бу ишни оқламоқчи эмасмиз, зулмнинг дояси зулм, деган қўҳна нақлни эслатмоқчимиз, холос.
Осмонда ҳарбий вертолёт пайдо бўлди. Бу Паркентдаги «исён»ни бостириш учун юборилган қўшимча куч эди. Ҳавода дағдага қилиб, кўздан ёш оқизувчи сертутун портлагичлар учди.
«Тартиб» ўрнатувчилар шунчалик қизишиб кетишган эдики, ҳатто кўчама-кўча юриб, «боши бузуқларни» излай бошлашди. Уларнинг наздида, ҳар бурчакда бир «экстремист» бекиниб тургандек эди. Бўлмаса, Музаффар Ҳамидовнинг ўлимини қандай изоҳлаш мумкин? Уни уйининг ёнида отиб кетдилар. Ҳамидовнинг уйи қайдаю мелисахона қайда! Ораси бир чақиримдан ортиқ. Шу ерда ўринли бир савол туғилади. Ноҳия раҳбарлари қаерда эди? Улар фожианинг олдини олишолмадиларми? Ноҳия раҳбарлари жунбушга келган оломоннинг ичида эди. Эркин Рўзматов бир кунгина аввал ноҳия ижроия қўмитасига раис этиб сайланган. У киши «ҳай-ҳайлаб», халққа пешвоз чиқди, ёшларни тинчитишга уринди, гоҳо аламдийда одамлар тўдасини тўсиб гоҳо ҳарбийлар билан тиллашиб, фожиа ўчоғини сўндиришга уринди. Шаҳар ижроия қўмитаси раиси Солижон Тўйчиев ҳам ғазабнок оломон билан тиккама-тикка гаплашди. Оқсоқоллар, туман фаоллари, муаллимлар, Паркентнинг нуфузли кишилари халқ талабини эшитиб, уларни осойишталикка чорлади.
Хўш, туман партия комитетининг биринчи котиби-чи? У йўқмиди? Бор эди. Пастда ўнлаб одам ярадор бўлиб, шаҳидларнинг қони тўкилиб ётганда, Исмоил Салимов тепада, ўз кабинетида ўтирарди. Эҳтимол, у хотиржам ўтирмагандир, эҳтимол, воқеанинг боришини кузатиб, ғалаённинг тинчишини кутиб тургандир? Ёки халқ олдига тушгани чўчигандир? Ақл бовар қилмайдиган ҳолат! Бу ёқда 84 минг аҳолининг тақдири ҳал бўлаётган бўлса-ю, биринчи котиб халқ олдига отланиш ўрнига, кабинетидан чиқишни ўзига лозим кўрмаса! Ахир, уни паркентликлар яқиндагина жумҳурият халқ депутатлигига сайлаган эдилар.
Ниҳоят, биринчи котиб журъат қилиб, оломон олдига келди. Бироқ энди кеч бўлган эди. Мелисахона ёнган, аскарларни олиб келган автобуслар ёқилган, ўладиган ўлиб, ярадорлар сони ўттизга яқинлашиб қолган эди. Тушдан кейин халқ бироз тинчиди. Жумҳурият ҳамда вилоят раҳбарлари кўмагида қўшин олиб чиқиб кетилди…
Неча кундирки, Паркентда осойишталик ҳукмрон. Шаҳарда битта ҳам милиционер зоти кўринмайди. Туманни халқнинг ўзи бошқармоқда. Халқнинг ишончли, нуфузли фарзандларидан иборат комиссия ишлаб турибди. Унга янги сайланган райкомнинг биринчи котиби Эркин Рўзматов раҳбарлик қиляпти. Халқ орасидан чиққан кўнгилли посбонлар кўчаларни, дўконларни, банк, идора, касалхона, боғча, мактаб каби жамоат мулкини туну кун қўриқлаб турибдилар. Ўтган кунлар ичида биронта тартибсизлик, ўғрилик рўй бермади. Паркент халқи ориятли, меҳнаткаш халқ. Сабрли, инсофли. Шунинг учун ҳукумат раҳбарларини ишонтирди. Ўз ноҳиямиз шаънини ўзимиз ҳимоя қиламиз, бошимизда калтак ўйнатиб, милтиқ ўқталиш шарт эмас дедилар. Сўзларининг устидан чиқишди.
Паркент сойи икки кун лойқаланиб, яна тингандек бўлди. Келинг, биз ҳам (олий мартабали носиҳларимиз айтмоқчи!) эҳтиросга берилмай, бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Фожианинг олдини олиш мумкинмиди? Мумкин эди. Ҳамма балонинг бошини месхети туркларига олиб бориб тақашади. Тўғри «Кумушкон» санаторийсига олти юзга яқин турк жойлаштирилган эди. Бироқ уларга ҳеч ким тегмади.
— Месхет туркларидан бирор киши бизга, тиббий ёрдам сўраб, мурожаат қилгани йўқ, — дейди ноҳия шифохонаси бўлим мудири Собит Икромов.
Паркентликлар сабр қилдилар. Вақти-соати билан кетишар, деб ўйлашди. Турклар шаҳарга тушиб, дўконларда савдо қилар, Паркентни бемалол айланиб юрарди. Ҳеч ким уларга озор бермади-ку! Ҳатто ўша тўс-тўполон куни туркларни жунбушга келган халқ орасидан намойишкорона олиб ўтишганда ҳам, на бир ёмон сўз айтилди, на ёнғоқдек тош отилди. Бу гапимизни истаган паркентлик тасдиқлаши мумкин.
Хўш, шундай экан, ички қўшин аскарлари ва милиция қўшимча кучлари Паркентга нима мақсадда олиб келинди. Бунга ким буйруқ берди? Халқ мана шуни билишни истайди.
Улуғ Ватан уруши ногирони Арслон Азимхўжаев:
— Мен икки марта мелисалар олдига бориб, бу қуролланган аскарларни ким бошлаб келди, олиб кетинглар, дедим. Лекин улар қулоқ осмадилар. Ўша куни ҳалок бўлган милиция ходими, аввал ўт ичида қолиб, сўнгра ўзини иккинчи қаватдан пастга ташлади. У отган ўқлардан одамлар яраланиб, бир йигит нобуд бўлгани учун аяб ўтирмадилар.
Паркент шаҳар ижроқўми раиси Солижон Тўйчиев:
— Одамлар умуман мажлис ўтказиш учун йиғилишмаган эди. Митинг ўтказиш ҳақида туман ва шаҳар ижроқўмларига бирорта ариза тушгани йўқ. Бунга ҳаракат ҳам бўлгани йўқ. Мен қонли фожиалар рўй берган жойда эдим. Шу нарса ажабланарлики, митинг ўтказиладиган жой бошқа, одамлар отилган, калтакланган жой бошқа. Ҳайронмиз…
Биз Паркент туман касалхонасида ётган ярадорлар билан ҳам суҳбатлашдик.
Нишонбой Ҳабиев, «Навбаҳор» совхози ишчиси: — Ўша куни Паркентнинг марказий кўчасидан туғруқхонага, кўзи ёриган аёлимни кўргани ўтаётганимда ўқ тегди.
Миркомил Собиров: — Ўша кўчадан касалхонада ётган отамга овқат олиб ўтаётганимда ярадор бўлдим.
Фахриддин Эрматов (ўқитувчи): — Ёнаётган бино ичидан отилган ўқ сонимдан тешиб ўтиб кетди…
Ҳа, ўша куни 24 киши милиция ва ички қўшин аскарлари отган ўқлардан яраланди. Дастлабки куни улардан уч киши ҳаётдан кўз юмган эди. Етти кундан сўнг, оғир яраланган ўсмирлардан яна бири— 16 ёшли Зуҳриддин Эшматов ҳам касалхонада жон берди. Шифокорлар яна 20 дан ортиқ йигитнинг ҳаёти учун курашмоқда. Улар орасида енгил жароҳат олганлар ҳам, таёқлар зарбидан ер тишлаганлар ҳам, ҳаёти қил устида турганлар ҳам бор. Ҳа, шундай, тўппончалар, автоматлардан отилган ўқлар бу йигитларнинг оёқ ва қўлларига тегди. Аммо халқнинг нафрати ўқ узганларнинг юрагига тегишига шубҳа йўқ.
Паркент аҳли туман партия комитетидан, хусусан, унинг биринчи котиби И. Салимовдан қаттиқ хафа. Ахир, бир кун олдин, 2 мартда Паркент четига юздан ортиқ жанговар аскарлар олиб келиниб, ҳунар-техника билим юртига жойлаштирилганидан у хабардор эди-ку? Ўша куни райсоветнинг сессияси бўлди. Аммо И. Салимов сессия иштирокчиларига ёки бюро аъзоларига буни бир оғиз билдириб қўймади. Бюро аъзолари хабар топганларида, саҳар кўчага чиқишмасмиди, аскарларнинг олдини тўсиб, халқни ўлимдан, жароҳатдан ва энг хунуги, узоқ йиллик бадномликдан асраб қолишмасмиди?
Муваққат халқ вакиллари комиссияси аъзоси, туман рўзномаси муҳаррири Маҳмуджон Тоиров дардчил, аммо тўғри бир гап айтди: «Ўзбекистоннинг сувини ичиб, нонини еб катта бўлган баъзи қаламкаш «дўстларимиз» яна ёлғон-яшиқ нарсаларни ёзиб, ўзбекларни бутун дунёга ёмонотлиқ қилишмоқда. Уларга, ҳай, дейдиган одам йўқми?»
Ҳақ гап. Марказий матбуот, марказий радио, телевидение ходимлари тағин жамоатчиликка уйдирма тарқатди. Биз эса, тақдирга тан бериб, тағин миқ этолмай турибмиз. Паркентда митинг 40—50 киши йўл бўйида тўпланиб, умрида кўрмаган совутли аскарларни томоша қилса—шу митингми? Митинг бўлса, нега шаҳар ижроия қўмитаси, бошқа мутасаддилар билишмайди?
Телефон симлари узилиб, симёғочлар қулатилган эмиш. Ғирт ёлғон! Битта ҳам далил йўқ.
«Боши бузуқлар» райком биносини эгалламоқчи бўлганмиш. Туҳмат бу. Халқ истаса, ҳаммаёқни вайрон қилиши мумкин эди. Ҳолбуки, кичкина сув дўконига ҳам шикаст етмади. Фақат ўз халқини ўзгаларга боғлаб бергани учун одамлар милицияга ғазабини сочди.
Паркент туман партия комитетининг шу воқеалардан сўнг сайланган биринчи котиби Эркин Рўзматов:
— Ўша куни биз паркентликлар учун ички қўшин аскарларининг ҳам, қўшимча милиция кучларининг ҳам кераги йўқ эди. Башарти бирон йиғин бўлган тақдирда ҳам, биз ўз халқимиз билан осойишта гаплашишга тайёр эдик. Аслида эса одамлар йиғилиб митинг ўтказади, деган биронта ишончли гап йўқ эди. Миш-мишлар бўлса бўлгандир. Ўша куни аскарлар ва милиция қўшимча кучлари ташланишига буйруқ берган одамда бирор «хавф» тўғрисида маълумот бор экан, нега туман ва шаҳар ижроқўми раҳбарлари бундан ўз вақтида огоҳ этилмади?
Нима мақсадда бу нарса сир тутилди? Тушунолмаяпмиз. Одамлар йиғилиб бирон жойга ҳужум қилса экан, эҳтиёт чораси кўрилди деб баҳона қилиш мумкин эди. Борингки, бирор хавф-хатар олдидан аскарлар ва қўшимча милиция кучлари олиб келинсин ҳам дейлик. Барибир, ўқ узишни оқлаб бўлмайди. Рухсат этилмаган митинглар учун жавобгарлик тўғрисидаги фармонда ҳам жамоатга қараб ўқ отилсин, улар калтаклансин, дейилмаган-ку? Марказий матбуот ёлғонни ёзди. Биз 4 мартда мотам йиғилишимизда одамлар билан 6 соат гаплашдик. Биронтасидан на ҳукумат, на раҳбарлар шаънига ҳақоратли гап чиққани йўқ. Нега туманга аскар киритилди? Тинч аҳолига ўқ узишга ким ҳуқуқ берди? Халқ мана шуни аниқлаш учун комиссия тузди. Халққа ҳақиқат керак? Элни тинчитиш, осойишта ва хотиржам этишнинг бундан ўзга йўли йўқ.
… Биз борган куни Паркентда жала ёғди. Жала дўлга айланди. Паркентликлар табиатнинг бунақа нағмасига ўрганиб кетишган. Аммо 15 кундан бери заҳматкаш, содда халқ бошига ёғаётган маломат тошларига кўниколмай ҳасратда. Қарияларнинг соқолида ёш, болаларнинг боши хам, оналар кўк либосда. Халқ амри — вожиб; Унга қулоқ солмаслик бугунги кунда хиёнатдан бошқа нарса эмас!
«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.