«Сўзим охирида одил судлардан сўрайман: гарчи мен турли бўҳтон, шахсият ва сохталар билан ҳам англашилмовчиликлар орқасида иккинчи оқланмайдургон бўлиб, қораландим. Лоақал уларнинг, қораловчи қоракўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам менга энг олий бўлғон жазони беракўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмоғон содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Одил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман».
1926 йил, 15 июнь. Самарқанд.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ўтган йил ўзининг биринчи декабрь сонида машҳур адиб Абдулла Қодирийнииг 95 йиллиги олдидан «Суддаги нутқ» мақоласини эълон қилди. Адибнинг невараси Швркон Қодирий ёзади:
Бу мақола ўша пайтда ақллар орасида кўп гап-сўз ва турли мулоҳазаларга сабаб бўлади. Адиб «Ўзбекистон Жиноят Қонунлари мажмуасининг «Раҳбар ходимларни обрўсизлантириш…» деган моддаси билан қораланади. Қарийб уч ойлик сўроқ-терговдан сўнг ёзувчи судда ўзининг ҳақлигини исботловчи ёзма нутқини ўқиб берадилар…»
«Суддаги нутқ» дея эълон этилган ушбу мақоланинг сўнгги сатрларини ўқиб, беихтиёр:
— Бечора Абдулла акам! Ахир, ўзинг Отабек! Ўзинг Мирзо Анвар экансан-ку!? Сен асарларинг янглиғ барҳаётсан! — дея кўз ёшларимни артдим. Чунки, 32-йилнинг кўкламида Абдулла акам Ўзбекистон Давлат нашриётига келганларида, у кезларда мен нашриётда, адабий муҳаррирлик лавозимида (1931—1936 йиллар) ишлар эдим. Уйга бошлаб келдим, меҳмон бўлдилар.
Ўшанда мен «Абдулла ака, Сиз «Тарих тилга кирди» (Зиё Саид ва Назир Сафаров асари) спектаклини кўрдингизми?», дея берган саволимга, кутмаганда, «Бу беҳуд асар-ку», дея жавоб бергандилар. Мен сабабини сўрашга журъат этолмадим. Чунки у кишининг гап-сўзлари, ҳамиша ўлчангандек камгап эдилар. Ўша суҳбат пайти, Абдулла ака, бешикда ётган тўнғич ўғлимга (ҳозир терапевт, медицина фанлари доктори) қараб, ҳа, азамат, биз ажриқмиз, кўпаяверамиз, дея жилмайиб эркалаган бўлдилар.
Менинг кузатишимча, адиб жуда ҳам андишалик, камтар ва камгап эдилар. Буни қарангки, шаҳар ҳовлига нашриётдан бошлаб келган куним ҳам агар бошқа одам бўлганда, бутун нашриётни бошига кўтариб жанжаллашар эди. Чунки шартнома бўйича ёзилаётган «Ўзбекча ва русча» луғатнинг «П» ҳарфини Абдулла ака тузмоқда эдилар. Бир танишлари мен ҳам шу ишда қатнашай, деган бўлса керак, андишали одам эмасмилар, хўп, деб розилик берибдилар. Аммо қалам ҳақини ҳалиги беандиша олдин олиб қўйибди. Ўша куни биз ҳам келибмиз. Чунки биз муҳаррирлар ўша пайтларда, кўп вақт уйда ишлар эдик. Бир оғиз гап-сўзсиз, дами ичида уйига равона бўлай деб турганлари устига мен бориб қолдим. У киши хомуш эдилар. Мен энди шаҳардаги уйга ҳам боринг-да, деб таклиф этганимда қаршилик қилмадилар. Ғ. Ғуломнинг таҳрир этганим — «Нетай» қиссасини машинисткага тез топширдиму, Абдулла ака билан трамвайда уйга кетдик.
Ўша йиллари нашриётимиз бугунги Қизил майдон яқинида, Самарқанд кўчасидаги бир қаватли бинода бўлиб, барча адабиётлар турларидан қатъи назар, ушбу нашриётдан чиқарилар эди. Барча олиму ёзувчиларимиз келиб туришар, биз улар билан суҳбатлашар эдик. Абдулла ака бошқаларга қараганда жуда кам келар эдилар.
Мен адиб билан биринчи марта Наримонов номидаги таълим-тарбия техникумида ўқиб юрган йилимиз танишганман. Ётоқда «Ўтган кунлар»ни коллектив бўлиб ўқиганимиздаёқ асарни севиб қолдим, уни қайта ўқирманман, баъзи араб-форс сўзларига яхши тушуниб етмаганлигим сабабли машҳур адиб билан мулоқотда бўлиш орзусида уйига сўроқлаб, Эшонгузар томон пиёда йўл олганман. Адибни чойхонада учратиб, дафтарга кўчирганларимни олдиларига қўйдим: барчасини тушунтириб, ёзиб бердилар. Уйларига таклиф этдилар. Дафтарни бағримга чақалоқдай босиб қайтдим! Ўша йили кўклам чоғи яна бордим. Абдулла ака мени: «Раҳматулла, келинг, келинг. Меҳмонлар ҳам бор, киринг…» дедилар. Адибнинг мени уйларига, яна меҳмонлар олдига, отимни атаб чақирганларига жуда-жуда хурсанд эдим. Ташқи айвонда Абдулла аканинг бир неча замонавий кийинган тенгқурлари ўтиришган экан. Овқатландик. Меҳмонлар ўринларидан туришди. Абдулла ака менга: «Меҳмонлар чиллак ўйнашмоқчи, яхши келдингиз…» деб қолдилар. Хўш, нима қилиш керак? Ҳамма ҳавас қилган адиб билан чарақлаган офтобда чиллак ёки палка ўйнашни ким истамайди, дейсиз. Абдулла ака меҳмонларнинг кўнгли учун «Хўжа аламбардор» қабристонидаги ялангликка ўйнагани чиқдилар.
Ўйин асноси Абдулла ака югурганларида мен бошқа «она»нинг боласи бўлганим учун у кишини қочиб бораётганда тўғри келган ерларига резина копток билан уришим керак эди. Тўғриси, уришга менинг қўлим бормас эди. «Онам» эса «ўғлидан» ранжиб, мени бошқасига алмаштирди. Мен қувонаман: Абдулла ака билан «онамиз» бир энди.
28-йил март ойи эди шекилли, Эски Жўвадаги босмахонадан чиқиб келаётган Абдулла ака билан бақамти келиб қолдим. У киши салом-алиқдан сунг ён чўнтакларидан корректура олиб кўрсатдилар: «Мана, сизлар кўчиришган «Меҳробдан чаён»нинг корректураси» дедилар. Олиб кузатган бўлдим, аммо бичими менга маъқул бўлмади. Нега бу хил, деб сўрадим. У киши романлар бичими шу зайлда бўлар экан, дея жавоб қилдилар. Чунки биз «Ўтган кунлар»ни журнал бичимида ўқиганимиздан, буниси ҳам шундай бўлар, деб ўйлаган эдим. Мазкур асардан нусха кўчиришда бизнинг техникумдан беш нафар талабалар: Ҳамид Сулаймон, Гулбек (марҳумлар), Фазлиддин Ҳошимий, Мансур Ризқий ва мен адибнинг Эшонгузардаги шаҳар ҳовлиларида ҳашар қилган эдик. Абдулла ака менга: учрашганимиз яхши бўлди, ўзим ёлғиз боргани эриниб турган эдим, дея ўзларининг Тахтапул маҳалласидаги Абдуваҳоб исмли ўртоқлариникига бошлаб бордилар: гап берилаётган экан. 20 чоғли Абдулла ака қатори улфатлар экан. Меҳмон бўлдик. Гап асноси: «Меҳробдан чаён»нинг нашри экан. Абдулла акам, китоб яқин кунларда чиқиб қолса керак, дедилар. Аммо ёнларида дўппайиб турган корректурани мен туйғуларимни ичимга сиғдиролмай, сездириб қўйдим. Суҳбатдошлар, ўқийлик, эшитайлик, норин қорилмасдан, дейишди. Кимдир яна «Ўтган кунлар»ни ўқиган кунингиздек азабозлик бўлмайдими, деб сўраб қолди. Ёдимда, асарни мен бир-икки бобини ўқиб бергач, кеч тарқалишган эдик. Абдулла ака дастлабки бориб юрган пайтларимда бадиий асар ёзишга ҳавасманд бўлганимни пайқар эдилар, шекилли, ҳамиша саволларимга қунт билан жавоб бергувчи эдилар: ёзувчи аввало, ҳаётни билиши керак… Одамлар бир-биридан фарқ этадилар, уларнинг ўзаро муомалалари, сўзлашувлари турлича… айниқса, қаламга олинган ҳар бир образнинг сажияси (характери), унинг тилига алоҳида эътибор лозим. Масалан, бир одам гапирганда бутун танаси билан ҳаракатда бўлади, бири эса, аксинча, ёки кимдир тўтал, мантиқсиз сўзлайди.
— Абдулла ака, Сиз асарларингизга план тузишингиз қандай? — сўрайман.
— Мен асарларимга план тузиб, шу асосда ёзмайман. Ёзадиганларимни, аввало, бошда роса пишириб олгач, сўнг ёзишга ўтираман. Агар план тузиб, сўнг шу асосда ёзадиган бўлсам… Ахир бу ижод, шундай ҳоллар бўладики, ўйламаган бир ерда бир нарса мени ёз, дегандек юз кўрсатиши мумкин.
Шу ўринда бир нарсани эсладим: ёш, ҳаваскор шоирлардан, кимдир, Абдулла акага сиз қандай ёзасиз, дея савол берди, «Мен уйда, сандалда ўтириб ёки дафтарни хонтахта устига қўйиб, гоҳо кароватда ўтириб, ёстиқ устига патнис қўйиб ёзаман…» дея жавоб қилганларида, бир танилган шоир: «Сиз ёшларни заҳарламанг» дея аччиқ гапиргани ёдимизда. Аммо мен ёзувчининг на шаҳардаги уйида, на дала ҳовлисида, на ижодхонасида бир неча марта бўлиб, бирорта стол-стулга кўзим тушганини эслолмайман. Аммо уйларининг бошқа хонасида бўлса бордир. Қишда борганимда уйларида ва ижодхоналарида ҳам сандалда ўтирар эдик. Яқинда ўқувчиларимдан бири — Абдуғофир Абдулла Қодирий асарлари уйидан топилган баъзи одамларни ҳам тергов қилишиб, қамоққа олишган экан, сиз қандай қилиб омон қолгансиз, деб сўраб қолди. Мен бир фурсат жим қолдим. Лоп этиб кимга биринчи навбатда «Меҳробдан чаён»ни кўчиришда иштирок этишимни ўша йили ёзда Абдулла аканинг ўғиллари Ҳабибуллонинг Қўқон аравада боғимизга олиб келиб, меҳмон бўлганини кўз олдингизга келтиринг, ёраб! Ҳа, шу чоққача ҳазиллашиб бўлса-да, бирор кимса шу зайл савол бермаган эди. Ўйлаб, дедим: минг бор шукрки, замон мени асради! Йўқса, шу одамнинг уйига бир кириб кўрмайсизми, шубҳам бор, деб кимдир айтса, «Ўтган кунлар»ни, «Меҳробдан чаён»ни ва ниҳоят, орқасига «Ўртоқ Раҳматуллага ёдгорлик учун» дея ўзим айтгандек дастхати билан ёзиб тақдим этилган, бошида духоба дўппи, эгниларида банорас тўн билан тушган беқиёс адиб суратини топса, нақ олтин топгандек қувонишларини айтинг! Аммо мен уларни ўз вақтида ноилож, боғимиз ёнидан ўтадиган анҳорга оқизиб юборганимга ҳамон ачинаман.
— Ҳа, Абдуғофир, — дейман мендан жавоб кутаётган ўқувчимга, — бахтли эканман… Ўша даврдаги вайсақи, муттаҳам, бўҳтончилар назарига тушмаганимга шукр қиламан. Мана, бир мисол: ўтган 1988 — йил ёзида Ҳабибулло Қодирий билан маҳалламиздаги қудалариникида меҳмон бўлганимизда Қодирийнинг сўнгги кунлари ҳақида ёзаётганлар борасида гап очдим. У киши бир фурсат жим қолиб, сўнг: «Мени қамоққа олганларида, мана, сенинг отанг…» деб бир хат кўрсатишди. Унда адамни «аксил инқилобчи…» деб бир неча ёзувчи қўл қўйган экан… ёзарман.
Ҳа, ўша кезларда, бир-бирини кўролмаган, ғаразгўй, тошбағир, қораюракларнинг ови юргани аниқ!
Ўз ҳамкасбларининг қурбони бўлган буюк инсон ва беназир адибнинг асарлари бадииятимизнинг олтин фондидан яна муносиб ўрнини олди. Ахир, машҳур шарқшунос олим Е. Э. Бертельс «Дунёда бешта, яъни француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилик мактаблари мавжуд эди. Эндиликда олтита, яъни ўзбек романчилигини Абдулла Қодирий яратиб берди», — дея ҳақли равишда баҳолайди.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1990 йил, 12 январь