Ўзбек халқининг маънавий меросида «Юсуф ва Зулайхо», «Тоҳир ва Зуҳра», «Баҳром ва Гуландом» каби асарлар қаторида халқ даҳосининг тиниқ кўзгуси бўлган Хоразм жангномаси — «Юсуф ва Аҳмад» достони ҳам алоҳида ўрин тутади. Асар ўтмиш даврларда туркман, озарбойжон, тожик, уйғур, қозоқ, қорақалпоқ, татар ва афғон халқларининг ҳам севимли китобларидан бири саналган. Достоннинг кенг тарқалиш омилларидан бири халқлараро адабий алоқалар яхши ривожланганлигида бўлса, иккинчиси, бир неча маданий марказларда ташкил этилган типолитографияларнинг фаолияти билан боғлиқдир. Ҳозир Ўзбекистон ССР ФАнинг Шарқшунослик ҳамда Қўлёзмалар институтлари фондларида, шунингдек, халқ орасида асарнинг кўплаб қўлёзма ва тошбосма нусхалари сақланмоқда.
«Юсуф ва Аҳмад» достонига дастлаб 1862—63 йилларда Ўрта Осиёга сафар қилган Ҳерман Вамбери катта қизиқиш билан қарайди. У маҳаллий халқларнинг маросим ва урф-одатларини синчиклаб ўрганди. «Тоҳир ва Зуҳра», «Шайбонийнома», «Юсуф ва Аҳмад» каби халқ асарлари бўйича тадқиқотлар олиб борди. Олим «Юсуф ва Аҳмад»нинг Хоразм бахшилари қўлида мавжуд қўлёзма нусхаларидан бирини ҳамда Мулло Исҳоқ деган кишини ўзи билан бирга Венгрияга олиб кетади. У, даставвал, достондан айрим парчаларни немис тилига таржима қилиб, 1867 йили «Чиғатой тили дарслиги» номли тўпламга киритади. Асардан бениҳоя таъсирланган Вамбери унинг ўзбекча-немисча нашрини амалга оширмагунча тинчимади. 1911 йил достонни тўлиқ ҳолда Будапештда чоп эттирди.
Достоннинг кейинги «сафари» қозоқ маърифатпарвари Кўзберган ўғлининг хизматлари билан боғлиқдир. У 1880 йили асарни қозоқ тилига ўгириб, «Бўзўғлон» номи билан Қозонда 1889,1890,1904 йиллари нашр қилдиради. Шунингдек, «Юсуф ва Аҳмад» достони Тошкент, Самарқанд, Хева, Когон шаҳарларидаги босмахоналарда 1901, 1903, 1910 йилларда қайта-қайта чоп этилган. Достоннинг тадқиқи ва нашри масалалари инқилобдан кейинги пайтларда совет олимларининг диққатини ўзига тортди. Ғози Олим Юнусов, Ҳ. Т. Зарипов, В. М. Жирмунский, А. Н. Самойлович достон ҳақида қимматли фикрларни билдирдилар. Хусусан, достонни бахшилар оғзидан ёзиб олиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди. Ҳоди Зарипов 1927 йили «Юсуф ва Аҳмад»нинг Фозил Иўлдош ўғли билан Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан биргаликда куйлаган мукаммал нусхасини ёзиб олди.
«Юсуф ва Аҳмад»нинг қардош тожик халқи оғзаки меросидан ҳам ўрин олганлиги эътиборга моликдир.
XVIII аср туркман адабиёти намояндаларидан бири Қурбонали Маъруфий қаламига мансуб бўлган «Юсуф ва Аҳмад» 1943 йили Б. Қориевнинг таҳрири остида Ашхободда босмадан чиққан. Асарнинг 1961 йили Нукусда чоп этилган Қиёс жиров Хайритдинов куйлаган қорақалпоқча нусхаси, 1982 йили Олмаотада нашрдан чиққан «Уйғур халқ достонлари» тўпламига киритилган уйғурча нусхаси ҳам достоннинг узоқ йиллар мобайнида турли халқлар орасида донг қозонганидан, беқиёс шуҳрат касб этганидан далолатдир.
Кўпгина халқ достонларига хос булганидек, ўзбек халқ достонлари ҳам эл-юрт ҳаётида, мамлакат тарихида юз берган улкан воқеалар, ижтимоий-сиёсий ҳодисаларга муносабат тарзида юзага келган. Шунинг учун ҳам бир халқ достончилигининг илдизини ўша ижод намунаси мансуб бўлган халқ босиб ўтган тарихий йўлидан излаш мақсадга мувофиқдир. Она-заминимизга тажовузона юришлар уюштирган юнон, эрон, араб ва мўғул босқинчиларининг жабр-зулмлари, маҳаллий халқнинг уларга бўлган чексиз ғазаби ўзбек халқ достонларида акс этмасдан қолиши асло мумкин эмас эди. Ўзбек халқ достончилигининг каттагина қисмини эронийлар билан туронийлар орасидаги низо ва урушлар тасвири ташкил этади. Бу баъзи асарларда яққолроқ, айримларида хирароқ акс этган. Широқ ва Тўмарис номи билан боғлиқ афсоналар, Эргаш Жуманбулбул ўғлидан насрий мазмуни ёзиб олинган «Ойсулув» достони шу борадаги фикримизга далилдир.
Эронийлар билан хоразмликлар ўртасидаги низолар ҳам ана шу тахлитда бўлган. Абулғози Баҳодирхоннинг «Шажараи тарокима», Муниснинг «Фирдавс ул-иқбол», Баёнийнинг «Шажараи Хоразмшоҳи» каби тарихий асарларида эътироф қилинишича, Эрон шоҳлари Хоразмга кўп марталаб юриш қилиб, халқ бошига аёвсиз кулфатлар солганлар. Зикр этилган манбаларда Эрон тажовузининг талофатлари, хусусан, Шоҳ Исмоил, Шоҳ Аббос, Таҳмасп I, Нодиршоҳ сингари ҳукмдорларнинг Хоразмда кўплаб офат ва қирғинларга сабаб бўлгани хусусида батафсил маълумотлар берилади. Иккала давлат ўртасидаги қонли муҳорабалардан безган халқ тинч ва фаровон ҳаётни қўмсади. Ўз орзу-умидларини эпосларда тасвирлашга интилди. Биз фикр юритмоқчи бўлган «Юсуф ва Аҳмад» достони ҳам Хоразм халқи тарихида рўй берган ана шу мудҳиш воқеа-ҳодисаларга кескин нафрат, тинчлик ва адолатли ҳаётга меҳр-муҳаббатнинг меваси сифатида рўёбга келган.
Атоқли фольклоршунослар В. М. Жирмунский ҳамда Ҳоди Зариповлар достонни, XVI—XVII асрларда Хоразмда яратилган, деб эътироф қиладилар. Бу фикрнинг ҳақиқатга яқинлигини XIX асрнинг иккинчи ярми, XX аср бошлари Хоразм адабий ҳаракатчилигининг истеъдодли вакилларидан бири, шоир, муаррих, тазкиранавис Ҳасанмурод Лаффасийнинг «Озоднома» қўлёзма асаридаги қуйидаги сўзлар ҳам тасдиқлайди: «эронийлар билан хоразмликлар орасидаги ёвчилик ва душманликлар масалалари… билан Хоразмда ёзилғон «Юсуфбек ва Аҳмадбек» достони шу замонларда туғдирилғон адабиёт эрконлиги англошиладур». (ЎзФАШИ инв. № 12581, 25-варақ).
Достондаги кўпгина лавҳалар XVI аср Хоразм тарихида рўй берган воқеаларга анча яқин келади. Ҳукмрон табақаларнинг жамиятда тутган мавқеи, давлатни идора этишдаги усул ва қоидалари ҳақида анчагина маълумотлар учрайди. Тарихдан маълумки, Хоразм ҳам Мовароуннаҳрдаги Шайбонийлар давлатига ўхшаб, бир-бири билан унчалик боғланмаган феодал мулкларга бўлиниб кетган эди. Асарда худди шу тарқоқликка ишоралар мавжуд. Унда Ойхон, Кунхон, Нодирбек султон, Шералихон каби образлар Хоразмга қарашли вилоятларнинг хонлари сифатида кўрсатилади.
XVI асрга келиб Хоразм хонлигида асосан келиб чиқиши жиҳатидан уч гуруҳ аҳоли яшаган. Булар ўзбеклар, туркманлар, кўчманчи ўзбеклардир. Достонда Нодир Султон ва Ойхон туркманнинг асилзодалари экани таъкидланади. Эралихон уруғи эса ерлик ўзбеклардир. Юсуф ва Аҳмад билан келганлар кўчманчи ўзбеклардир. Асарда Юсуф ва Аҳмаднинг кўчманчилигини асословчи кўп далиллар бор. Чуқурроқ назар қилинса, уларнинг турмуш зайлида, тилида кўчманчи халқларга хос сифатлар акс этади. Шунингдек, достонда ўша даврда Хоразм атрофида яшаган турли қабила ва уруғларнинг (қўнғирот, нукуз, манғит, қангли, қиёт, эмрели, кенагас…) номлари ҳам тилга олинади. Хоразм ва Эроннинг ўша пайтдаги йирик марказлари, шаҳар ва қишлоқларининг номлари ҳам акс этган (Урганч, Хева, Вазир, Манғилоқ, Исфаҳон, Хуросон…)
«Юсуф ва Аҳмад» достони ижодкор халқнинг эзгу орзу-ниятлари меваси, ижтимоий тузум, ижтимоий адолат ҳақидаги ўй-қарашларининг маҳсули. Адолат ва адоват, ҳақиқат ва ёлғон, садоқат ва бевафолик ўртасидаги кураш масаласи достоннинг қон томирига сингдирилган. Достонда она-Ватанга садоқат, эл-юрт манфаати йўлида фидойилик ғоялари тараннум этилади.
Асарда тож-тахт, мансабга ўчлик масаласи асосий зиддият қилиб қўйилиши ҳам бежиз эмас. Сарой фисқу фужурлари, манфаатпарастлик, шуҳратга мойиллик каби қусурлар ака-ука, ота-бола ўртасидаги низоларни, фожеий ҳолатларни келтириб чиқариши табиий. Юсуф ва Аҳмаднинг ўз юртини тарк этиши, Гўзалшоҳнинг уларга ҳасади ҳам ана шу иллатларга бориб боғланади. Халқ шу йўл билан шуҳратпарастлик, бойлик асири бўлган замона ҳокимлари устидан кулади, аччиқ, адолатли ҳукм чиқаради. Улар тасвири, фожеий тақдири орқали шоҳларни одилликка, меҳр-шафқатга чақиради. Асарда босқинчи, золим Гўзалшоҳ образи қисмати бунга яққол мисолдир. Ижодкор халқ адолатсиз ҳукмдорларга зид ўлароқ идеал шоҳ образини яратади. Улардаги фазилатларни улуғлайди, қадрлайди.
Халқнинг ижтимоий ҳодисаларга муносабати, давр, замона ҳақидаги ўй-қарашлари, интилишлари достоннинг бош қаҳрамонлари — Юсуф, Аҳмад саргузаштлари орқали очиб берилади. Қайноқ меҳр, ёлқинли эҳтирос билан тасвирланган бу образлар шу маънода халқ орзу-умидларини ташувчи образлардир.
Юсуф — ҳақиқатгўй, адолатпарвар, баркамол инсон. У ҳар бир ишни бажаришда халқ фикрига таянади, эл-юрт маслаҳати унинг учун раҳнамо. «Маслаҳат биткарур кори дунёни» дея англаган Юсуф элатига қарата шундай дейди:
Маслаҳат бер, мунда турган халойиқ…
Улуғ подшомиздан инъом келибди,
Овозамиз юртга маълум бўлибди,
Бекларим, маслаҳат қандай бўлади?
Эслиларинг, эл оғаси, келинглар,
Юсуфман Аҳмадга беринг маслаҳат,
Қариндош, маслаҳат қандай бўлади?
Мана, Юсуфнинг эътиқоди, яшаш ва кураш тутуми. Эл-юртнинг талаб ва истаклари, маслаҳатлари билан иш юритиш унинг учун бурч ва қонун. Юсуфнинг фикрича, халқнинг хоҳиш-иродасига суяниб иш тутиш аҳиллик ва тотувликнинг, тўқлик ва фаровонликнинг муҳим мезони.
Достонда Юсуф сажияси, руҳий дунёсидаги қарама-қаршиликлар ҳам яққол акс этганки, бу ўз навбатида, асарнинг ҳаётий хусусиятларини юзага чиқарган. Юсуф мулоҳазакор, камтарин шахс бўлиши билан бирга ҳар нарсага ишонувчан, бир қадар ҳавойи ҳамдир. Унинг табиатидаги ана шу қусурлар кейинчалик унга панд беради, бошига кўп мусибатлар келтиради. Тоғаси Бўзўғлонхоннинг огоҳлантиришларига қарамасдан манманлик қилиб, шоҳ айғоқчиси Мирза Маҳмуднинг сўзларига ишониб, тутқунликка тушади. Кўп азоб-уқубатларга гирифтор бўлади. Ижодкор халқ шу йўл билан инсон руҳиятидаги баъзи бир номаъқулчиликлар, оний ҳолатлар кишини офат-балоларга дучор қилиши мумкинлигини образли ифодалайди.
Достонда Юсуфнинг руҳий кечинмалари, сажияси тасвири билан боғлиқ яна бир масала борки, бу халқнинг ичкиликка, сархушликка бўлган азалий нафратидир. Халқ наздида ичкилик ақл ва идрок кушандаси, дўстнинг кулфати, душманнинг ютуғи, жирканч ишларнинг, мудҳиш фожиаларнинг сабабчиси. Шунинг учун ҳам кўпгина ижод дурдоналарида, хусусан, «Тўмарис», «Ойсулув», «Алпомиш» каби асарларда қаҳрамонларнинг асир тушиш сабаблари ана шу иллат билан боғланиши бежиз эмас.
Достонда яна бир қатор образлар ўз мақсад-қиёфаларига эга ҳолда жонли ва ҳаракатда тасвирланади. Аҳмад яхши ва ёмон кунларда оғаси дилига малҳам, жангларда камарбаста, диёнатли ука сифатида гавдаланса, Аширбек садоқатли, жонкуяр дўст (тоға) қиёфасида намоён бўлади. Бобо Қамбар образида шарқона донишмандлик туйғуларини сезсак, Лаълихон образи орқали ҳижрон изтиробларидан «бағри кабоб бўлган» дилгир она қалбини ҳис этамиз. Гуласал, Гулхадича образларида эса мушфиқ аёл, вафодор ёр сиймосини кўрамиз.
Мазкур образлар бир томондан асарнинг ғоявий мазмунини очишга хизмат қилса, иккинчидан, бош қаҳрамонлар — Юсуф, Аҳмад қиёфасини тўлдиришга хизмат қилади.
Умуман, достон руҳи, ундаги ҳар бир лавҳа, образ ягона мақсадга — адолатнинг барқарорлиги, адоватнинг мағлуб бўлиши ҳақидаги халқ орзу-умидларини ифода этишга қаратилгандир.
Раҳимбой Жуманиёзов, ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг илмий ходими
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 8-сон