Соф маьнода миллий масалалар муаммоси йўқ. Ундай бўлса миллий масаладаги кескинликлар, бир-бирлари билан мисли оғайни — қариндош миллат вакиллари нима учун ўзаро қон тўкишяпти. Чунки мамлакатимизда иқтисодий, социал, ҳуқуқий, экологик ва демографик муаммолар, тил ва маданиятни ривожлантириш, мнллий анъаналарни асраб қолиш муаммоларининг бир-бирлари билан чирмашиб кетган чигал тугуни ҳосил бўлди. Бу ҳақда КПСС Марказий Комитети Бош секретари М. С. Горбачевнинг партия МК яқинда бўлиб ўтган сентябрь (1989 й.) Пленумида қилган партиянинг ҳозирги шароитдаги миллий сиёсати тўғрисидаги докладида алоҳида таъкидланади.
Муҳтарам журналхон, бу сафар иқтисодий ривожланишнинг ҳозирги даражаси, миллатлараро муносабатлар тараққиёти, миллийлик ва байналмилалчиликнинг нисбати, уларнинг диалектикаси тўғрисидаги саволларга иқтисод фанлари доктори, Ўзбек Совет қомуси Бош муҳаррири, Ўзбекистон ССР Олий Советининг депутати Нурислом Тўхлиев жавоб беради.
— Нурислом Тўхлиевич, сир эмас, репрессия ва турғунлик йилларида «социалистик тузум шароитида барча миллатлар тараққиёти эркин кечади… ва ягона социалистик миллат ва маданият вужудга келади» деган нобоп сиёсат зўрлик билан юргизилди. Бу мамлакатимизда миллатлараро муносабатларнинг кескинлашувига сабабчи бўлди. Партия XIX конференцияси, СССР халқ депутатлари I съезди ва КПСС Марказий Комитетининг миллатлараро муносабатларга бағишланган махсус Пленуми материалларида умумдавлат, иттифоқдош республикалар экономикасидаги таназзул ва миллатлараро муносабатлардаги кескинликнинг ошганлиги сабаблари ошкора айтилди. Миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш, бу соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф қилиш йўлида айрим фойдали тадбирлар ўтказилмоқда. Лекин кескинлик ҳамон сақланиб турибди. Табиийки, бу ҳолат масаланинг туб илдизини аниқлашни ва энг маъқул тадбирлар белгилашни талаб қилади.
— Миллий муносабатлардаги муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Жамият ҳаётини демократиялаш ва ошкоралик йўлида қўйилган дастлабки қадамлар бу муаммоларни янада юзага чиқарди. Тўғри, бу соҳада, айниқса, ҳар бир миллатнинг, халқ ва элатнинг тилини, маданиятини ривожлантириш бўйича анчагина тадбирлар белгиланмоқда. Лекин менинг назаримда, биз ҳаммамиз филни пайқамасдан қарғаларга ўт очиб ётганга ўхшаймиз. Фил эса бу — иқтисодиёт. Миллий муносабатлар кескинлашуви ва бу борада юз бераётган айрим нохушликлар иқтисодий қолоқликка, қашшоқларча турмуш шароитига билдирилаётган акс-садодир. Аҳолининг катта қисми фақирона, қўл учида кун кечирмоқда. Оддий социал масалалар ҳал қилинмаган. Биз ана шундай кишиларнинг турмушини яхшилаш у ёқда турсин, ҳатто уларнинг аниқ сонини ҳам билмаймиз… Миллионерларимизни эса жуда яхши биламиз… 70 сўм маош оладиган кишилар бу замонда қашшоқ ҳисобланади. Ҳолбуки, 50 сўм ва ундан кам даромад оладиганлар бор. Бунинг устига нарх-наволар ошиб турибди, халқ истеъмоли моллари ва гўшт-сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёж умуман қондирилмаяпти. Бундай шароитда нима қилиш керак? Кишилар бу сеҳрланган доирадан чиқиш йўлини турли томонлардан, жумладан, катта оиланинг бошқа фарзандларидан — бошқа миллат вакилларидан ахтаради. Кейинги пайтларда миллий республикалар икки қисмга: боқиманда ва қарз олмайдиганларга бўлинди. Айрим республикалар вакилларининг алоҳида валюта, иқтисодий, сиёсий мустақиллик талаб қилиб чикишларини шу бўлиниш билан изоҳлаш мумкин. Болтиқбўйи республикалари ва бошқа минтақаларда иқтисодий мустақилликни кенгайтириш учун олиб борилаётган ҳаракатларни ижобий баҳоламок керак.
КПСС Марказий Комитетининг Пленуми 1989 йил 20 сентябрда КПССнинг ҳаракат дастури деб қабул қилган «Партиянинг ҳозирги шароитдаги миллий сиёсати»да биринчи марта, «Иттифоқдош республикалар ер, ундаги конлар, ўрмон, сув ва бошқа табиий ресурслар иттифоқдош республика ва СССР Иттифоқининг мулки эканлигига амал қилиб, шу масала хусусидаги Умумиттифоқ қонунлари асосида табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисида қонунлар қабул қиладилар» деб кўрсатилди. Бу қоида регионал хўжалик ҳисобига ўтишда, иқтисодий мустақилликни кенгайтиришда муҳим қадам. Менга қолса, бундан ташқари, яна маҳаллий жойларнинг манфаатларини ифодалайдиган ижтимоий мулкнинг муниципал шакли ҳам мавжуд бўлиши мумкин деб ёзиб қўярдим. Мен сиёсий иқтисод атамалари таҳлилига тўлиқ тўхталмокчи эмасман. Хўжалик ҳисобини такомиллаштиришни босқичма-босқич, тажриба туфайли амалга ошириш мумкин. Назарий жиҳатдан хўжалик ҳисоби асослаб берилди-ю, амалиётда эса меҳнаткашлар турмуш даражаси яхшиланиш ўрнига орқага кетаётганини кўриб, кузатиб турибмиз. Моддий асослар марказлаштирилди. Давлат қонунлари ва миллий республикалар эҳтиёжлари ўртасидаги номутаносиблик сақланмоқда. Ўз-ўзидан савол туғилади: иқтисодий қонуниятлар бирламчими ёки давлат қонунлари? Бизда ҳамонки давлат қонунлари етакчилиги сақланар экан, иқтисодий ва миллий низоларнинг бартараф этилиши мумкин эмас. Аслида эса 1991 йилдан бошлаб барча иттифоқдош республикалар тўла хўжалик ҳисоби ва ўз-ўзини маблағ билан таъминлашга ўтиши керак эди. Болтиқбўйи ва Белоруссия республикаларининг 1990 йилдан тўла хўжалик ҳисобига асосланган иқтисодий мустақилликка ўтиши маъмурий буйруқбозлик қолипини синдирди. Инқироз чуқурлашган шароитда ҳам маълум бир эзгу мақсадга қаратилган жасоратдан чўчимаслик керак. Бинобарин, эскича талаблар билан иш тутилганида бой республикалар бойлигича, камбағал республикалар камбағаллигича қолиб кетар эди. Республикамизда иқтисодий мустақилликка ўтиш Ўзбекистон ССР Давлат План Комитети, Ўзбекистон Фанлар Академияси зиммасида. Биз ҳеч бўлмаганда 1995 йилгача республикамизда асосан ўз хом ашёмиздан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи технологияга эга бўлишимиз керак. Бу жар ёқасига келиб қолган экономикамизни маълум бир ўтиш давридан сўнггина ривожлантира олишимиз мумкин холос, деган гап. Иқтисодий мустақиллик жами миллий республикалар ўртасида тенг ҳуқуқли бозорни шакллантиради. Иқтисодий тенглик миллий тенгликнинг асосидир. Биз республикалар, регионлараро иқтисодий нотенгликни тугатиш учун маълум бир андозага, жаҳон халқларининг тажрибасига эгамизми? Дарвоқе, Европа иқтисодий ҳамкорлиги («Умумий бозор»)га кирувчи давлатлар ягона валютага, ягона паспорт системасига ва ҳатто ягона армияга ўтмоқда, улар ўртасидаги чегаралар борган сари рамзий тус олмоқда. Демак, иқтисодий ўсиш ахлоқий тушунча, у барча прогрессларнииг асосини ташкил қилади. Агар иқтисодий, технологик тараққиёт юқори бўлса, қуйидан то республика даражасигача хўжалик ҳисоби асосида иш ташкил қилинса, кишилар ўзларининг шажара, миллатига қараб эмас, балки қобилиятларига қараб муносабат билдирилишини таъминлайдилар.
— Биз узоқ йиллар мобайнида республикамиз иқтисодий жиҳатдан бақувват, халқимизнинг турмуш даражаси баланд деб келдик. Бу фикрни исботлаш учун социал-иқтисодий кўрсаткичларимизни 1913 йил билан солиштирдик. Демак, халқни алдаб келдик!
— Ҳозирги кунда бизнинг республикамиз барча асосий иқтисодий ва социал кўрсаткичлар бўйича иттифоқда энг охирги ўринлардан бирида турибди. Жаҳон стандартлари билан солиштиришни ўйламасак ҳам бўлади. Агар 1987 йилда аҳоли жон бошига фойдаланилган миллий даромад иттифоқ бўйича 2078 сўмни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич республикамизда 1210 сўмни ташкил килди. Ўзбекистондаги ишчи ва хизматчиларнинг ўртача ойлик иш ҳаки иттифок кўрсаткичидан 20, Эстониядан 35, РСФСРдан 27, Латвиядан 23, Литвадан 20 процентга, колхозчиларимизнинг ойлик меҳнатига тўлов ўртача иттифоқ кўрсаткичидан 29, Эстониядан 22, Латвиядан 75, Литвадан 57, РСФСРдан 43, Қозоғистондан 42 фоиз кам бўлса, қайси шоввоз барча регионлар ва миллатлар иқтисодий жиҳатдан тенг деб ишонтира олади?!
Гап бу ерда фақат меҳнаткашларнинг турмуш даражасини бараварлаштириш устида кетаётгани йўқ. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Хўжалик ҳисобининг ўзи моҳиятига кўра дифференциаллаштириш демакдир. Гап турли республика ва регионларда яшовчиларнинг меҳнат шароитини яқинлаштириш устида кетяпти. Бу марказлашган капитал маблағлар республикалар ўртасида адолатли тақсимлаш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Лекин кейинги ўтган 8 йил мобайнида иттифоқда капитал сарфлар 21,5 фоизга, яъни барча қардош республикаларда сезиларли ошган бўлса, республикамизда 15 фоизга камайди. Ноишлабчиқариш соҳалари бўйича капитал сарфларнинг ўсиши ҳам республикамизда иттифоқ кўрсаткичидан паст. Булар ўз навбатида ишлаб чиқаришни интенсивлаштириш, социал соҳаларни ривожлантириш имкониятларини чеклайди, турли хил норозиликларни келтириб чикаради, миллий муносабатларни яхшилашга салбий таъсир этади.
— Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билаи таъминлаш мамлакатимиз, хусусан, Ўзбекистон учун катта муаммо бўлиб қолди.
— Ҳақиқатан шундай. Аҳолининг шахсий томорқасига муносабат ижобий тус олганлиги қувончлидир. Ўлкамизда барча томорқа хўжалиги майдони 203 минг гектарни ташкил этиб, асосан турли экинзор, мевали дарахтзор ва узумзордан иборат. Совхоз ва колхозлар ерига таққослаганда бу бор-йўғи 4 фоизни ташкил этади, холос. Шундай бўлса-да, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда томорқа хўжалигининг салмоқли ҳиссаси бор. Зеро, Ўзбекистонда етиштирилаётган картошканинг 35 фоизи, сабзавотнинг 46, гўштнинг 45, сутнинг 65, тухумнинг 35 ва жуннинг 65 фоизи шахсий хўжаликлар улушига тўғри келади. Савол туғилади: қўл кучига асосланган шахсий хўжаликларнинг бундай юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришишининг боиси нимада? Сабаб — деҳқоннинг хўжаликка ўзи эгалик қилиши. Бунинг маъноси шуки, томорқа хўжалигида меҳнат қилувчига ҳеч ким буйруқ, топшириқ беролмайди, у нимани, қачон, қандай ва қанча экишини, экинларга ишлов бериш, иш куни, соатини, шунингдек, етиштирган маҳсулоти нархини белгилайди. Дарвоқе, томорқа хўжалигидан тушган даромад йиллик оила бюджетининг 26 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Республикада боғдорчиликни ривожлантириш лозим. Боғдорчилик равнақи эса қандолатчиликка бўлган муносабатни ўзгартириш билан боғлиқ. Иттифоқ бўйича аҳоли жон бошига 27 килограмм қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилса, Ўзбекистонда бу 9 кг. га тенг. Айрим чекка шаҳар ва районларда аҳолига атиги 1-1,5 кг. ширинлик ишлаб чиқарилади. Ахир, дунёнинг энг ширин узумлари, қовунлари, ноклари пишиб етиладиган Ўзбекистон шароитида қандолатчиликка эътибор қаратилмагани мутлақо мантиқсиздир.
Қоракўл тери учун кўплаб қўзичоқларни сўйиб юборишга ҳам чек кўйиш керак. Бу қўйларнинг умумий сони ортишига, аҳолининг сервитамин гўштга бўлган эҳтиёжини қондиришга асос бўлади.
— Тил масалалари ҳозир миллатлараро муносабатларнинг асосий объектига айланди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши бошқа тилларнинг аҳамиятини пасайтиради, миллий тараққиётга таъсир кўрсатади деяётган кишиларнинг шубҳалари ҳамон асосий ишга тўсиқ бўлмоқда.
— Тилни асраш, ривожлантириш фақат тараққий этаётган жамиятда бўлиши мумкин. Мабодо бирор тил, бирор этнос йўқоладиган ёки бошқаси билан қўшилиб кетадиган бўлса, бу ҳодиса бирон бир кишининг хоҳиш-истаги ёки маъмурий йўл билан эмас, балки табиий йўл билан, тарихий-эволюцион тараққиёт орқали амалга ошади. 1926 йилги аҳоли рўйхатида мамлакатимизда 200 га якин миллат ва халқлар мавжудлиги қайд қилинган. Кейинчалик «халқлар отаси»нинг хоҳиш-истаги билан уларнинг расмий сони 60 тагача туширилди. Кейинги йилларда эса статистикада бу рақам 100 дан зиёдроқ деб ўзгартирилди. Ҳозир эса 128 миллат ва 40 дан ортиқ халқлар мавжудлиги расмий эътироф этилди. Айрим этнографларнинг маълумотларига кўра, мамлакатимизда яна 60 га яқин халқлар мавжуд. Уларнинг ҳаммаси ўз тили, маданияти ва урф-одатларига эга.
Шуни алоҳида қайд қилиш лозимки, тил фақатгина кишилар ўртасида муомала воситасигина эмас. Фан-техника тараққиёти жадаллашаётган бизнинг давримизда тил иқтисодий ёки тарқоқ маънода технологик тараққиёт воситасидир. Хўш, ўзбек тили шу охирги функцияни бажара оладими? Йўқ. Бу ролни ҳатто рус тили ҳам бажара олмайди. Гап шундаки, биз узоқ вақт давомида халқаро муносабатлар майдонида, шунингдек, илмий-техника тараққиётида, маданий алоқалар айирбошлашда, ишлаб чиқаришни ташкил қилишда ва бир қатор жабҳаларда маҳдудликка йўл қўйганмиз. Натижада, узоқ вақт рус тили ҳам бир мамлакат доирасида биқилиб қолди, технологик тараққиёт «ишбилармон доиралар» тили бўлмай қолди. Бу сеҳрли доирадан чиқиш йўли борми? Бу йўлни энг аввало Япония англади ва бу масалани муваффақиятли ҳал қилди. У Осиё консерватизмига содиқ колиб, ўз тилини, иероглифини, ҳатто император тахтини сақлаб қолди. Иккинчи томондан технологик паритетни қўлга олиш учун инглиз тилини ўрганишга катта эътибор берди, бу ишни кенг рағбатлантирди, унга шароит яратди. Чунки иқтисодий тараққиёт мамлакат, халқ тақдири билан боғлиқ эди. Лекин Европа тилларини мустаҳкам эгаллаш японлар учун ўз она тилининг аҳамиятини пасайтиргани йўқ. Бошқа тилларни мукаммал эгаллаш шунинг учун ҳам она тилимизнинг, рус тилининг аҳамиятини асло пасайтирмайди. Тарихга бир назар ташлайлик. Ота-боболаримиз икки тиллиликкина эмас, балки уч ва ҳатто тўрт-беш тиллилик бўлишган. Ф. Энгельс «Табиат диалектикаси» асарида шундай деб ёзади: «Одамлар ўша даврларга хос бўлган ғаройиб саргузаштларнинг мафтуни эдилар. Ўшанда узоқ саёҳатларга чиққан, тўрт ёки беш тилни билган, ижоднинг бир неча соҳаларида ўзини синаб кўрган шахсни топиш унчалик мушкул эмас эди». Ўрта Осиё халқлари, масалан, араб тилида ўқиш ва ижод қилишнинг афзаллигини сўзга чечанликда, форс тилининг афзаллигини теран фикрликда, турк тилининг ўзига хослигини эса содда ва самимийликни ифодалашда деб билишган. Улар бу тилларда бемалол гаплашиб, ҳатто баракали ижод қилишган. Кейинчалик урду тилининг ҳам аҳамияти ошиб, бу тил ҳам кўпчилик сўзлашадиган тил бўлган, ҳатто бу тилга XVII асрда Қуръон ҳам таржима қилинган эди. Мана шу сабабларга кўра ҳам қайси тилда ижод қилганига қараб шу миллатга мансуб дейиш ҳамма вақт тўғри эмас. Ҳатто Бартольддек йирик шарқшунос ҳам ёзган асарларига қараб Берунийни форс деб таъкидлайди.
Миллий ўзига хосликни таъминлайдиган яна бир восита, бу — Табиат. Орол, Амударё ва Сирдарё Ўзбекистоннинг миллий ғурури. Улар ҳақида халқимиз асрлар оша қўшиқ ва эртаклар куйлаб келди. Агар денгиз ва дарёлар қуриса, кенг кўламда пала-партиш қишлоқ хўжалигини химиялаштириш ва мелиорациялаш натижасида табиатнинг бузилиши давом этса, тоғларимиз қорсиз бўлиб қолса бу қўшиқ ва эртаклар ҳам тугаши аниқ. Бу нақадар даҳшатли!
Шарқ ривоятига кўра, ҳали кишилик жамиятининг тонгида икки қабила ўзаро қонли тўқнашиб, энг охирги жангчиси қолгунча қирғинбарот давом этар экан. Ана шундай қонли жангларнинг бирида ҳар иккала томондан саноқли аскар қолганда уларга йиртқичлар галаси хамла қилибди. Ҳар иккала мухолиф томон энди бирлашиб йиртқичлар ҳамласини қайтарибди ва уларни енгишибди. Ҳозир эса инсониятга хавф солаётган йиртқич бу — экология. Ҳукумат ва ижтимоий ташкилотлар томонидан табиатни қўриқлашга қаратилган ҳар бир ҳаракат, тадбир ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиши ва экологик маданиятни шакллантиришга хизмат қилмоғи лозим. Тил каби она табиат ҳам ёрдамга муҳтож. Агар тил ва урф-одатлар йўқолиб кетса, миллий республикаларда ҳеч нарса қолмаганидек, экология бузилса, табиатнинг ҳам Антарктидадан фарқи қолмайди.
Байналмилалчиликка миллийлик орқали борилади. Номиллий байналмилалчилик беилдиз дарахтга ўхшайди. Табиатда ўсимликнинг шунақа тури мавжуд: у ерда, тупроқда илдиз отмасдан бошқа ўсимликларга чирмашиб, ўралиб яшайди…
— Назаримда, нафақат тилга, умуман, тарихга муносабатни бутунлай ўзгартирадиган вақт етиб келди. Жуда катта бой тарихга эгамиз. Лекин унда оқ ва қора доғлар жуда кўп… Нима учун биз Темурни англиялик Хилда Хукэмдан ўрганишимиз керак?
— Узоқ вақт давомида мозийни ўрганиш тугул, унга қизиққанлар ҳам таъқиб этиб келинди, тарихга қизиққанлар феодализмни илоҳийлаштирувчи, ўтмишни қўмсовчи деган ёрлиқлар олди. Ўз ФА мухбир аъзоси, таниқли марҳум шарқшунос Р. Набиевнинг «Қўқон хонлиги тарихидан очерклар» номли йирик монографияси узоқ вақт ҳибсда сақланди. Айтиш керакки, турғунлик даври бу борада шахсга сиғиниш давридан қолишмайди. Агар 20-40 йиллар тарихий адабиётларида, партия, совет ҳужжатларида Ўрта Осиёнинг чор Россияси колониясига айлантирилганлиги тўғрисидаги вокеалар ўз номи билан айтилган бўлса, 50-йилларнинг иккинчи ярмидан «пардали» дипломатияга ўтиб олинди. Бу даврда қўшиб олиниш ва унинг фақат прогрессив аҳамияти ҳақида ёзилди. Бунинг ажабланарли томони йўқ. Турғунлик маъмурий системанинг қонуний давоми. Агар Сталин одамларни отган бўлса, Брежнев одамлардан маънавиятни ўғирлади. Ачинарлиси шуки, кишиларнинг катта бир авлоди нотўғри тарбияланди. Ҳатто И. Глазуновдек буюк одам ҳам Россия колония нима эканлигини билмайдиган Ягона мамлакат деб ёзмоқда. Маълумки В. И. Ленин Ўрта Осиё колониянинг соф типи деб атаган эди.
Бу борада, айниқса, Темур ва темурийлар даврининг «омади» келмади. Тўғри, бу давр ниҳоятда зиддиятли ва чигал. «Бутун дунё икки подшоҳ ҳукмронлик қилишига арзимайди», деган Темурда ҳам ёвузлик, ҳам яратувчанлик мужассамлашди. Бу икки бир-бирига қарама-қарши фаолият ўртасидаги нисбат иккинчиси фойдасига фақат темурийлар давридагина ўзгарди. Агар тарихга муносабатда эҳтиёткорона, баъзида эса объектив ҳақиқатга хилоф иш тутадиган бўлсак, унда синфий ёндошиш принципи қаерда қолади? Ҳамма нарсани, жумладан, тарихни ҳам ривожланишда олиб қарамоқ лозим. Бир даврда юз берган ҳодиса бошқа бир даврда юз бермаслиги мумкин. Диалектиканинг конунияти шундай. Ўз халқининг тарихини, маданиятини, урф-одатларини ҳурмат қиладиган, уларни ўрганадиган киши миллатчи эмас. Миллатчилик бир халқни иккинчи халққа қарши қўйишдан ёки бирини кўкларга кўтариб, иккинчисини камситишдан бошланади.
— Ўрта Осиё бой маданият ўчоғи. Лекин бу ҳақиқатни ёритишда ҳам баъзан жиззакиликка, ортиқча эҳтиросларга берилиб, даҳо талашишгача бориб етамиз…
— Ҳеч бир маданият бўш жойда вужудга келмайди. албатта. Маданиятларнинг қон-қариндошлигини исботлайдиган тарйхий далиллар жуда ҳам кўп. Эрамиздан икки минг йил олдинги ҳинд Ведаларини, эрамиздан олдинги VIII—VII асрларда яшаган қадимги юнонда афсонавий Гомер қаторида турадиган Гесиодни ё ўртаосиёлик Форобийни ёки Томас Мор утопиясини, Кампанелланинг «Қуёш шаҳри»ни олайлик. Уларнинг ҳар бирида ўзлари яшаган замон ва макондан қатъи назар, умумийлик — идеал, адолатли ва ҳаммани бахтиёр қиладиган жамиятга — олтин асрга, ижтимоий муносабатларни яхши инсоний фазилатлар асосида куришга интилиш кўзга ташланади. Ҳар бир халқ фақат ўзидан устун маданиятни қабул қилади. Нима учун Ўрта Осиёда араб маданияти доминантлик қилди? Гап фақат Қутайбанинг тиғ ва найзаларида эмас. Ўлкани истило қилган араблар маданий тараққиёт жиҳатидан маҳаллий аҳолидан анча устун турар эди. Кўп худоликдан якка худога сиғинишга ўтишнинг ўзи ҳам олға ташланган қадам эди. Бобур ва бобурийларнинг Ҳиндистондаги тутган ўрни ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.
Мўғул истилоси ҳам юртимизга араб истилосидан кам кулфат келтирмади. Лекин мўғуллар Ўрта Осиё халқларидан маданий жиҳатдан анча паст турардилар, кўп худоларга сиғиниш ва ҳатто ҳали уларда одамларни қурбонликка бериш сақланиб қолган эди. Боз устига улар бу ерда ўтроқлашиб қолмадилар, исломга ва араб ёзувига бефарқ бўлдилар. Шунинг учун ҳам улар халқларимиз маданий ҳаётида деярли из қолдирмадилар. Агар исломгача бўлган 1000 йиллик антик маданият устунлиги билан характерланса, кейинги минг йиллик, яъни Ўрта асрлар шарқ маданияти донорлик қилган даврдир. Бу даврда Шарқ, жумладан, Ўрта Осиё жаҳон маданиятини мислсиз бойитди, унинг умуминсоний цивилизацияда тутган объектив ўрни ҳам ана шу билан белгиланади.
— Маълумки, кўчманчи қабилаларнинг тўхтовсиз ҳужуми натижасида Рим қулади. Айни пайтда бу антик маданиятнинг ҳам инқирози эди. Энди бу цивилизация деярли бутунлай бузиб ташланди ва унинг ўрнига янги ижтимоий муносабатлар вужудга келди. Маданий устунликнинг Шарқдан Европага ўтиши ҳам тасодифий эмас.
— Бу ерда умумийликдан кўра, ўзига хос хусусиятлар кўпроқ. Шарқда инқироз аста-секин етишди ва унинг заминида асосан иқтисодий шарт-шароитлар ётади. Буюк жуғрофий кашфиётлардан кейин янги денгиз йўлларининг очилиши карвон йўллари фаолиятини анча пасайтириб юборди. Европада шаҳарлар тез суръатлар билан ўса бориб, улар маданий марказларга айлана бошлади. Бунда исломнинг ҳам консерватив роли ўзини кўрсатмасдан қолмади. Масалан, европаликлардан шарқийлар ўт очар милтиқлар, замбараклар, порохни ҳеч иккиланмай қабул қилди. Туркларда флот бошлиғи «капитан» деб аталганлиги (Қапудан подшо) ёки адмирал (Амир-ул Баҳр) араб сўзи эканлиги ҳарбий соҳада алоқалар ниҳоятда интенсив бўлганидан дарак беради. Лекин китоб босиш системасини Шарқ Ғарбдан 3 аср кейин қабул қилди. Китоб босиш ўқув системаси ислоҳи билан боғлиқ эди. Ўқув ишлари ислоҳи эса исломнинг аралашувисиз мумкин эмасди. Ўрта Осиёга ҳатто руслар келгунга қадар на типография, на литография бор эди. Темур ва темурийлар давлатининг парчаланиб кетиши, ўзаро феодал низолар ҳам албатта бу ишда ўз муҳрини босди.
— Яқинда Сиз «Социалистическая индустрия» газетасида эълон қилинган «Бузилиш илдизлари» номли мақолангизда «Саводсизликни тугатиш юзасидан тиғиз муддатда ўтказилган тадбирлар маданий йўқотиш ўрнини тўлдира олмади», деб ёздингиз. Бу ерда гап жумҳуриятимизда қисқа муддат ичида 2 марта алфавит алмашиб, халқ 2 марта бутунлай саводсиз бўлиб қолгани ҳақида борган бўлса керак?
— Маълум маънода шу ҳақда ҳам. Шубҳасиз, араб алфавитидан воз кечиш халқни 13 асрлик она тарихидан узоқлаштирди. Бунинг устнга ўша йилларда бутун мамлакатда бўлганидек зиёлилар — эскича ўқиш-ёзишни биладиганлар, эски алфавитда ёзилган динийми, фалсафийми, поэтикми — қандай бўлишидан қатъи назар китобга эга бўлган кишилар қатағон қилинди. Натижада, кўплаб китоблар йўқ қилинди, бутун бир маънавий дунёдан маҳрум бўлдик. Бу қайси варварликдан қолишади?! Янги системадаги мактаблар ҳам, ўқитувчилар ҳам етишмас эди. 1930 йилда Москвада чиқарилган «Национальная политика ВКП (б) в цифрах» китобида кўрсатилишича, 1926 йилги аҳоли рўйхатига кўра ўзбекларнинг атиги 4 фоизи ўқиш ва ёзишни билишар экан. Хўш, бу ҳолатда манқуртлардан фарқимиз нимада? Худди ана шу йилларда маъмурий-бюрократик система учун асос яратилди. Чунки у халқнинг маданий савияси, кадрларнинг маълумот даражаси паст бўлган жойда чуқур илдиз отади. Табиийки, ана шундай шароитда кам саводли кишилар, айниқса, бошқариш аппаратларида қийинчиликларга дуч келади ва юқоридан ипидан игнасигача инструкцияларга муҳтож бўлади.
— Ўрта асрлар маданиятини ўрганишдаги мураккабликлардан яна бири унинг ислом таълимоти билан қўшилиб кетганлигида бўлса керак. Биз энди динга ҳурмат билан ёндошишни ўрганяпмиз. Унтер Пришибеевча атеизм фақат зарар келтирди.
— Ҳа, исломни фақат хурофот ва бидъат деб келдик. Исломнинг ўз даври учун, масалан, кўп худоликка нисбатан, ёки инсонни қурбон қилувчи қабила динларига нисбатан бир қадам олға эканлиги, унинг христианлик ва иудаизмга ўхшаб марказлашган давлатни ташкил қилишдаги роли тўғрисида камроқ гапиришга ҳаракат килдик. Тўғри, ислом ўрта аср кишиси учун ахлокий нормалар йиғиндисини, кўп жиҳатдан унинг турмуш тарзи асосини белгилайди. Улуғ адиб Т. Манн Европа маданияти икки бош элементдан — эллинизм ва насронийликдан ташкил топган деб ёзган эди.
Албатта, Сиз билан бизнинг ҳозирги мавзуимиз исломни реабилитация килиш эмас. У бунга муҳтож ҳам эмас. Ислом қулдорлик ва феодализм шароитида бош идеология ролини ўйнади. Капитализм ва социализмда бақамти яшаб келяпти. «Ислом социализми», «Ислом коммунизми» ғоялари ҳам йўқ эмас. Анъанавий мусулмон укладининг ҳозирги замон цивилизацияси билан қўшилиб кетгаии-чи?
Агар биз исломнинг фақат қоронғи томонини кўрадиган бўлсак, Ибн Синолар, Ал-Хоразмийлар, Берунийлар ва Форобийлар қандай пайдо бўлганини тўғри белгилай олмаймиз. Ахир улар ислом мафкураси ҳукмрон бўлган даврда яшаб ижод килишди-ку. Уларнинг соясида кўринмай келаётган алломалар саноқсиз. Бу давр фан ва маданият намояндалари шунчалик кўпки, улар менга катта бир сув каскадини эслатади. Голландиялик шарқшунос Адам Мец «Мусульманский Ренессанс» китобида ёзишича, ҳар бир каттароқ масжид ўз кутубхонасига эга бўлган, чунки китобларни масжидларга васият қилиб қолдириш одат эди. Бу кутубхоналарда нафақат диний, шу билан бирга фалакиёт, риёзат, тиббиёт ва поэтик асарлар ҳам сақланган. Китоб бор жойда маърифат, маданият устивор. Мен бу ўринда диннинг зиддияти, салбий томонларини ҳам назарда тутяпман. Гарчи ислом католицизмдаги инкивизацияни билмаса-да, ўзига итоат қилмайдиган ва у билан ҳисоблашмайдиган кишиларни кечира олмайди. Бунга буюк Фирдавсийнинг тақдири мисол бўла олади. «Шоҳнома»нинг қаҳрамонлари исломгача мавжуд бўлган кўп худоликка сиғинувчилар бўлгани учун ҳам бу ўлмас асарнинг муаллифи ўз юртида иззат-икромга сазовор бўлмади, муҳтожликда, дарбадарликда кун кечирди, вафот этганида эса унга мусулмонлар қабристонидан бир неча қарич ер топилмади… Шунинг учун ҳам кўпчилик алломаларга дин дунёвий билимларни ифодалаш воситаси бўлгани аниқ.
— Кўриниб турибдики, халқимиз бой тарихга, маданиятга, ўзининг традицияларига эга. Бу бойликларнинг бошланишини ўлчайдиган бўлсак, минг йиллар камлик қилади. Халқимиз тарихан байналмилал. Лекин кейинги пайтларда чуқур ўйламасдан айрим кишилар томонидан айтилган «боқиманда», «қарздор» ва ниҳоят «ўзбеклар иши» деган таъналар халқимизни ранжитди, умуман олганда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмади.
— Тўғри, халқимиз азалдан байналмилалчи. Консолидация жараёни хусусан Ўзбекистонда жуда тез борди. Биргина мисол. Октябрь революциясигача ўзбекларнинг 182 та уруғи маълум бўлган. Ҳозир хоҳлаган кишингиздан сўранг, у қайси уруғга мансуб? Кўпчилик ўз уруғини билмайди. Ўтган ярим асрча вавт ичида барча вабила ва уруғлар ягона ўзбек миллатига бирлашди. Бошқа яна бир шундай халқ борлигини мен билмайман. 1979 йил аҳоли рўйхатига кўра ўзбеклар республикамиз аҳолисининг 68,7 фоизини ташкил қилди. Лекин улар ҳозир ишчи ва хизматчиларнинг саноатда 53, қишлоқ хўжалигида 76, транспорт ва алоқада 55, қурилишда 50, савдо ва умумий овқатланиш тармоқларида 66, аҳолига коммунал ва маиший хизмат кўрсатиш соҳасида 55, соғлиқни сақлаш, физкультура ва социал таъминотда 64, маорифда 69, маданият ва саноатда 63, фанда 39, бошқариш органларида 57 фоизни ташкил қилмоқда. Шундан кўриниб турибдики, республикамизда касб танлашда, хизматга қабул қилишда кишиларнинг миллатига қараб амалга оширилмайди. Афсуски, шунга қарамасдан кейинги пайтларда олий ўқув юртларига қабул қилишда ўзбек бўлмаган миллат вакилларининг ҳиссаси камаймоқда, Ўзбекистон ССР Олий Совети депутатлари составида республикада истиқомат қилувчи барча миллат вакиллари йўқ деб аюҳаннос солувчилар ҳам топилиб қолди. Аммо бу ўртоқлар ўзларига мана шундай саволларни бериб кўрса, балки ўз фикрларини ўзгартирарди: қишлоқ хўжалиги мутахассисликлари бўйича бошқа миллатларнинг ҳиссаси анча паст-ку?! Наҳотки, Совет ҳокимиятининг 8-10 йиллигида олий мактабга билимига, ихтиёрига, регионига қараб эмас, миллатига қараб қабул қилиш лозим бўлса? Ёки бўлмаса Ўзбекистон ССР Олий Совети депутатлари орасида барча миллат вакиллари бўлиши шарт бўлса, республикада уларнинг сони 100дан ортиқ, аҳолининг карийб 70 фоизини ташкил қиладиган ўзбекларнинг манфаатига зид бўлмайдими? Олий Советдан ташқари маҳаллий советлар депутатлар корпуслари ҳам мавжуд-ку. Хуллас, сунъий муаммоларни туғдирмасдан, олий ҳаётий жараёнлар объектив таҳлил қилинса, анча фойдали бўларди. Айниқса, миллий масалада.
Кейинги пайтларда иттифоқ матбуотида «ўзбеклар иши», «ўзбек порахўрлари», «ўзбек детективи» деган терминлар пайдо бўлди. Ю. Черниченко Ўзбекистонга виждон экспорт қилинмоқда деб ёзди. Д. Лиханов «ўзбек порахўрлари» деган иборани ишлатишдан ўзини тия олмади. Ҳолбуки, суд курсисида ўтирган милиция генерал ва полковниклари орасида рус ва яҳудий ҳам бор эди. Мен бу атамаларга ортиқча тўхталиб ҳам ўтмас эдим, лекин яқинда «Огонёк» журналида (37-сон) публицист-иқтисодчи, журналистлар Р. Симонян ва А. Друзенколар: қаерда социализм кўпроқ: монархия Швециясидами ёки социалистик Ўзбекистондами деган луқмани ўртага ташлади. «Новое время» журналида (38-сон) эса социолог К. Мяло ва иктисодчи П. Гончаровлар «Яширин экономика» ва наркомафияни ҳам республикамизга ёпиштиришга уриниб кўришдн. Мана уларнинг ўз уйдирмаларига исботи: «Ўзбекистон ССРда наркокапиталнинг йиллик обороти талайгина сўмларни ташкил қилади». Бу талайгинаси қанча экан? Бу ўқувчига ҳам, авторларга ҳам, журнал ҳайъатига ҳам қоронғи. Буларнинг ҳаммаси нафақат халқни ҳақоратлайди, миллий муносабатларни кескинлаштиради, балки турғунлик даврининг шармандали оқибатига бежама тус беради, унга қарши курашдан чалғитади. В. И. Ленин 1909 йил синглиси Ульянова-Елизаровага ёзган хатининг изоҳида шундай деган эди: «Равшанки пора бермай туриб, Россия тўппослари билан иш қилиб бўлмайди. Агар китоб 10.IV да чиқадиган бўлса, метронпажга 10 сўм бериш керак, ноширдан ташкари босмахонага таъсир ўтказиш лозим». Ёки Гоголнинг «Ўлик жонлар»ини ўқиб, қўшиб ёзишни ҳеч ким рус миллий характеридан ахтармайди-ку. Агар кимки айнишларнинг илдизини топмоқчи бўлса, уни миллий қалблардан эмас, бошқаришнинг маъмурий-буйруқбозлик системасидан, социализмнинг деформациясидан ва унинг такомил даражасидан, иктисодий ва сиёсий волюнтаризмдан ахтарсин!
Суҳбатдош: Барнобек Эшпўлатов.
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 11-сон