Маълумки, оила жамиятнинг асоси, бирламчи негизи ҳисобланади. Оилага хос ғам-ташвишлар ва муаммолар орқали жамиятда таркиб топган вазият акс этади. Шунинг учун ҳам жамиятимизда инқилобий ўзгаришлар амалга ошаётган бугунги кунда совет оиласининг таркиб топиши ва ривожланишини чуқур ўрганиш катта аҳамият касб этади. Бунда гап умуман оила тўғрисида юритилмай, балки унинг маълум ижтимоий-иқтисодий ва минтақа шароитларида қандай ривожланиши ҳақида бориши лозим. Мазкур ҳолатни ҳисобга олиш, айниқса, катта миллий ўзига хосликларга эга бўлган бизнинг улкан мамлакатимиз учун муҳимдир.
СССРдаги ўзига хос аҳолишунослик жараёнлари, шу жумладан оиланинг таркиб топиши ва ривожланиши хусусиятлари бўйича Ўрта Осиё алоҳида ўрин эгаллайди.
Оилани режалаштириш масаласи кўпчилик, айниқса аҳолишунослик соҳасида мутахассис бўлмаганлар томонидан ҳар хил маънода, айрим ҳолларда эса бутунлай нотўғри талқин этилади. Кейинги пайтларда жумҳуриятимиз рўзнома ва жаридалари саҳифаларида оилани режалатириш бўйича айрим фикрлар билдирилмоқда. Уларнинг аксариятида оилани оқилона режалаштириш деганда туғилишни қисқартириш, кўп болалик оиладан болаларининг сони ўртача бўлган оилага ўтиш тушунилмоқда.
Аслида, оилани режалаштириш кенг қиррали, илмий, ахлоқий ва амалий мазмунларни ўзида мужассамлаштирган мураккаб тушунча эканлигини таъкидлаш лозим.
Жаҳон аҳолишунослик илми амалиётида бу тушунча нисбатан яқинда тан олинди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) аҳолишунослик бўйича бўлиб ўтган Бутун жаҳон анжуманида (Бухарест, 1974 й.) «Аҳолишунослик бўйича бутун дунё дастури» қабул қилинган бир пайтда аҳолишунослик фан сифатида тасдиқланди. Мазкур анжуман ишида дунёнинг 137 мамлакатидан вакиллар иштирок этди. Кейинчалик оилани режалаштириш борасида эришилган натижалар БМТнинг аҳолишунослик масалаларига бағишланган иккинчи Бутунжаҳон анжуманида (Москва, 1984 й.) кўриб чиқилди. 148 мамлакат вакиллари иштирок этган бу анжуманда аҳолишунослик борасидаги Бутун дунё дастури яна ҳам ривожлантирилди.
БМТнинг бу икки йирик анжуманининг ишида аҳолишунослик борасидаги бутун дунё ҳаракат дастурининг мазмунини аниқлаш ва ривожлантиришда социалистик мамлакатлар, шу жумладан совет аҳолишунослари ва мутахассислари фаол иштирок этдилар.
Аҳолишунослик масалалари бўйича Бутун дунё ҳаракат дастурининг оилани ривожлантириш ва миллий демографик сиёсатни амалга ошириш борасидаги кенг миқёсли тадбирлар мажмуи бир қатор амалий таклифларни ўз ичига олади.
Мазкур дастурнинг асосий талаби — бу аҳолининг ўсиш жараёнлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўзаро алоқадорлигини чуқур ва ҳар томонлама ҳисобга олиш зарурлигини эсдан чиқармасликдан иборат. Шунинг учун ҳам оилани режалаштириш дастури БМТнинг таклифига биноан давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати доирасида ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши лозим. Бунда «Дастур» оиланинг ҳеч қандай умумжаҳон миқдорини тан олмайди, шу билан бирга ҳар бир ва ҳамма оилаларнинг хоҳлаган миқдордаги болага эга бўлиш орзусини қўллаб-қувватлайди, у ёки бу мамлакат туғилишни қисқартиришга қаратилган сиёсатни амалга оширмоқчи бўлса, иқтисодий ўсиш ва турмуш фаровонлигини кўтарувчи, шу жумладан туғилишга таъсир кўрсатувчи дастурларга кўпроқ аҳамият бериш таклиф этилади.
Аҳолишунослик борасидаги Бутун жаҳон ҳаракат дастури ижтимоий-иқтисодий, тиббий, аҳолишунослик ва сиёсий тарздаги кенг қиррали вазифаларни илгари суради. Аҳолишунослик йўналишидаги энг муҳим вазифа сифатида аҳоли, айниқса болалар ва гўдаклар орасидаги ўлимни қисқартириш, ўртача умр кўриш даврини узайтириш масалалари кўрсатилган. Туғилишни қисқартиришга қаратилган сиёсат хусусига келганда, у мамлакатларда кенг жамоатчилик қўллаб-қувватлаган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.
Оилани режалаштириш ва регионал демографик сиёсат масалаларига бағишланган фикр ва мулоҳазаларда туғилишни қисқартириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу жараёнда маъмуриятнинг таъсири ва мажбур қилиш тўғрисидаги фикрларга ўрин йўқ. Оила ва фақат оила — эр ва хотин қачон ва қанча болага эга бўлиш масаласини ҳал қилишга ҳақли.
Оилани давлат миқёсида режалаштириш деганда оила қуриш, уни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ўлимни, айниқса болалар орасидаги ўлимни қисқартириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича илмий асосланган тадбирлар мажмуи тушунилади.
Дунёда оилани режалаштириш борасида маълум тажриба тўпланган. Оилани режалаштириш ривожланаётган мамлакатларда сўнгги 30—40 йил ичида давлат сиёсати сифатида амалга оширилмоқда. Бунда аҳолишунослик сиёсатининг уч асосий йўналишини кўрсатиш мумкин. Биринчи йўналишда оилани режалаштириш туғилишни камайтириш ва аҳолининг ўсиш суръатларини пасайтиришга қаратилган. Мазкур сиёсатни Осиё, Африка ва Лотин Америкасида 40 ривожланаётган мамлакат амалга оширмоқда. Иккинчи йўналиш тўққизта ривожланаётган мамлакатга хос бўлиб, уларда оилани режалаштириш она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган. Ривожланаётган мамлакатларнинг 20 тасида оилани режалаштириш туғилишни кўпайтиришга йўналтирилган. Қолган ривожланаётган мамлакатларда демографик сиёсат ишлаб чиқилмаган.
Ривожланган капиталистик ва социалистик мамлакатларда «оилани режалаштириш» нисбатан кам қўлланилади.
Юқорида айтганимиздек, Осиё, Африка вё Лотин Америкасидаги кўпгина мамлакатларда оилани режалаштириш деганда туғилишни чеклашга қаратилган давлат дастури кўзда тутилади. Бу дастурлар ривожланаётган мамлакатларда БМТ кўмагида кейинги 40 йил мобайнида амалга оширилаётганлигига қарамасдан, туғилишни қисқартириш бўйича сезиларли натижаларга эришилгани йўқ. Бунга жумладан, Ҳиндистон яхши мисол бўла олади. Бу мамлакатда биринчи марта 1952 йилда оилани режалаштириш бўйича давлат дастури қабул қилинган бўлиб, унинг моҳияти туғилишни қисқартиришдан иборат эди. Ҳиндистон аҳолисининг аксарият қисми ўша пайтдаёқ бу дастурга салбий муносабат билдирди. У мамлакатда ижтимоий-сиёсий кескинликни келтириб чиқаришдан бошқага ярамади, туғилиш суръати қадимгидай давом этаверди. Масалан, ҳозирги кунда Ҳиндистонда ҳар 1000 аҳолига нисбатан туғилган болалар миқдори 35 нафардан бироз кўпроқ. Бу 1951 йилдаги кўрсаткичдан атиги 5 та болага кам, холос.
Ҳиндистон ҳукумати халқнинг оилани режалаштириш дастурига нисбатан бўлган салбий муносабатини ҳисобга олиб, 1977 йилда бу дастурни оила фаровонлигини таъминлаш дастурига айлантирди. Дастлабки дастурдаги оилани режалаштиришдаги мажбур қилишнинг барча шакллари ман этилди ва бу ишда асосий эътибор оила фаровонлигини ҳар томонлама оширишга, айниқса она ва бола саломатлигини, овқатланишини яхшилаш, аёлларнинг билим ва ҳуқуқларини оширишга қаратилди.
Оилани режалаштириш соҳасида Хитойда бутунлай бошқача вазият таркиб топди. Бу мамлакатда оилани режалаштириш бўйича тадбирлар 70-йиллардан фаол тадбиқ қилина бошлади. Хитойда туғилишни чеклашга жуда муҳим сиёсат сифатида қаралаяпти. 1981 йилдан бошлаб бу мамлакатда Давлат Кенгашига итоат этувчи Давлат туғилишни режалаштириш қўмитаси фаолият кўрсатяпти.
Давлатнинг қаттиқ, инсонпарварликка зид сиёсати натижасида Хитой Халқ Жумҳуриятида туғилиш ва аҳолининг табиий кўпайиши камайди. Масалан, сўнгги йигирма йил мобайнида мамлакатда аҳолининг табиий кўпайиши икки мартага (1970 йилдаги 2,6 фоиздан 1989 йилда 1,3 фоизга) қисқарди. Агар 1960-йлларда бир хитой аёли ўртача 5—6 бола туққан бўлса, 80-йилларда 2—3 бола туғди, холос.
Хитой расмий демографик сиёсатининг асосий шиори — «ҳар бир хитой оиласида фақат бир бола». Хитойда бир болалик оилалар катта моддий ва маънавий имтиёзларга эга бўладилар. Агар оилада иккинчи бола туғилса, у барча имтиёзлардан маҳрум бўлади. Оилада учинчи ва ундан сўнгги бола туғилса, оғирлашиб борувчи жазо қўлланилади. Масалан, иккитадан ортиқ болага эга бўлган оилалар озиқ-овқат талонларидан маҳрум этиладилар ва маошларининг 10 фоизи миқдорида жарима тўлайдилар.
Оилани режалаштириш бўйича Япониянинг тажрибаси жуда ажойиб ва биз учун ибратлидир. Бу ерда оилани режалаштириш туғилишни қисқартиришга эмас, балки аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган.
Японияда оилани режалаштириш доирасида ҳомиладорликни сунъий тўхтатишга қарши кураш муваффақиятли амалга оширилди. Ҳозирги кунга келиб мамлакатда аёл соғлиғи учун жуда хавфли бўлган абортлар амалда деярли йўқ қилинди. Шу билан бирга туғилишни режалаштиришнинг самарали усулларини яратиш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди ва уни аёлларнинг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилдириш бўйича тадбирлар амалга оширилди.
Японияда туғилишни камайтириш тўғрисида ҳеч қачон гап бўлмаган. Аксинча бу мамлакатда болалик оналар давлат томонидан моддий ёрдам оладилар ва маънавий қўллаб-қувватланадилар. Болалик оилаларга ҳар хил имтиёзлар берилади: учинчи ва ундан кейинги бола туғилганда 5 минг иен миқдорида нафақа, туғишгача олти ҳафта ва туққандан кейин олти ҳафта пуллик отпуска берилади. Фарзанд туғилганда ойлик маошнинг ярми миқдорида (камида 150 минг иен) бир йўла нафақа ва 2 минг иен миқдорида ойлик нафақа белгиланади.
Япония болалар ўлимини камайтириш бўйича дунёда энг юқори кўрсаткичга эришган. Бу ерда туғилган ҳар минг боладан атиги 5 нафаригина нобуд бўлади. Бизда эса ҳозир Орол бўйидаги айрим ноҳияларда туғилган ҳар минг боладан 80—90 нафаригача нобуд бўлаяпти.
Совет Иттифоқида туғилишни кўпайтиришга қаратилган фаол демографик сиёсат амалга оширилмоқда. Совет давлатининг бу сиёсати СССР Конституциясида, фирқа ва ҳукуматнинг кўп сонли қарорларида, иттифоқдош жумҳуриятларнинг қонунларида қайд этилган. Совет оиласининг моддий фаровонлигини кўтариш, кам даромадли оилаларга ёрдам бериш мақсадида бизнинг мамлакатимизда ва жумҳуриятимизда бир қатор имтиёзлар белгиланган. Уларнинг қиймат миқдори йилдан-йилга ошмоқда. Кўп болали оилаларга моддий имтиёзлар ва кўп болали оналарни қўллаб-қувватлаш, оилаларга давлат ёрдам пулларини ажратиш бўйича мавжуд система регион ва иттифоқдош жумҳуриятлардаги туғилиш даражаси, демографик ва иқтисодий вазиятдан қатъи назар, бутун мамлакат бўйича тарқалган.
СССРда илмий асосланган демографик сиёсат ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг узвий қисми сифатида, мамлакатдаги ҳар хил демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, регионлар бўйича ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Унинг асосий мақсади мамлакат барча ноҳияларидан қатъи назар, аҳолини ҳар томонлама ривожланишига йўналтирилган.
Болтиқбўйи, Кавказорти, Қозоғистон, Ўрта Осиё… Мамлакатимизнинг ҳар бир миллий ўлкаси ҳозирги кунда ўзига хос ижтимоий-иқтисодий, экологик, миллатлараро, демографик ва бошқа муаммоларнииг мураккаб, таранг тугунидир.
Мамлакатда ўлкалар бўйича режалаштириш ва бошқариш системасида охирги пайтгача ҳисобга олинмаган ижтимоий-иқтисодий ва демографик номутаносибликлар таркиб топди. Бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик системаси ва унинг натижаси бўлган марказлашган режалаштириш шароитида ҳар қандай ўлка, табиий бойлиги ва ундан фойдаланиш имкониятларининг мавжудлиги нуқтаи назаридан баҳоланар эди. Бунда ижтимоий ва демографик шароит ва хусусиятлар буткул ҳисобга олинмас эди. Бу ҳолат, иттифоқдош жумҳуриятлар, ноҳияларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида жиддий салбий ўзгаришларга олиб келди, мамлакатдаги экологик ва демографик вазиятни бениҳоя мураккаблаштирди.
Ҳозир СССРда бир-бири билан аҳоли ўсиши ва ривожланиши, миграция ва урбанизация йўналиши бўйича кескин фарқланувчи номуносиб демографик қутблар вужудга келди. Ўрта Осиё мана шундай ўзига хос қутбларнинг бири бўлиб, ҳозирги кунда ундаги демографик жараёнлар, умумиттифоқ ижтимоий демографик ривожланиш йўналишларига катта таъсир кўрсатяпти.
Охирги ўн йил (1979—1989) давомида Ўрта Осиё аҳолиси 7,4 миллион кишига кўпайди. Бу СССР аҳолиси умумий ўсишининг 30,3 фоизини ташкил этади. Ўрта Осиё аҳолисининг ҳозирги пайтдаги ўсиш суръатлари умумиттифоқ ўртача кўрсаткичидан 3 марта ортиқ. Аҳоли ўсишидаги фарқлар Ўрта Осиё жумҳуриятларини мамлакатнинг энг йирик жумҳуриятлари билан таққослаганда яна ҳам кескинлашади. Жумладан, 1979—1989 йиллар давомида Тожикистон жумҳурияти аҳолисининг ўсиш суръатлари Украина жумҳуриятиникига нисбатан 8,5 марта, РСФСРникига нисбатан эса деярли 5 марта юқори бўлган. Ўрта Осиё жами аҳолисининг ўсиш суръатлари Украинаникидан 7,2 марта, РСФСРникидан 4,1 марта юқори бўлган.
Ҳозир 20 миллион киши истиқомат қилаётган Ўзбекистонда аҳоли йилига 600 минг кишига кўпаймоқда, ўртача йиллик ўсиш деярли уч фоизни ташкил қилади. Бу нафақат иттифоқ миқёсида, балки жаҳон миқёсида ҳам жуда катта кўрсаткичдир. Аҳоли сонининг мана шундай тез ва самарали ўсиши яқин келажакда ҳам сақланиб қолади: 2000 йилга келиб жумҳуриятимизда 26,5 миллион, 2005 йилда 30 миллион, 2010 йилда эса 33—34 миллион киши истиқомат қилади.
Мамлакатимизнинг Оврўпа қисмида бошқача манзара кузатиляпти. Масалан, Россиянинг марказий вилоятларида аҳолининг йиллик ўсиши бир фоизга ҳам етмаяпти (0,8 фоиз). Украина, Белоруссия жумҳуриятларида бу кўрсаткич ундан ҳам паст — 0,4—0,6 фоизни ташкил этмоқда. Болтиқбўйи жумҳурияларида аҳолининг ўсишида фақат кейинги йилларда ижобий томонга силжишга эришилди. Аммо кўрсаткич барибир 0,1—0,2 фоиздан ошмаяпти.
Ўзбеқистон аҳолисининг асосий қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади: жумҳуриятга урбанизациянинг паст даражаси хосдир. Шаҳар аҳолисининг салмоғи салкам 41 фоизга тенг бўлиб, бу иттифоқ ўртача кўрсаткичидан 25 фоиз камдир. Ўзбекистон маҳаллий аҳолисининг атиги 20 фоизи шаҳарларда яшайди, айрим вилоятларда мазкур кўрсаткич яна ҳам паст.
Маҳаллий аҳоли ҳудудий ва ижтимоий ҳаракатининг паст даражада эканлиги, туғилиб ўсган ерига мустаҳкам боғланганлик, жумҳурият ишчилар синфи таркибида миллий кадрлар улушининг камлиги Ўзбекистондаги ва бутун Ўрта Осиё регионидаги демографик вазиятга хос хусусиятлардир.
Аҳоли миқдорининг юқори суръатлар билан ўсиши натижасида Ўрта Осиёнинг мамлакат аҳолиси умумий сонидаги салмоғи узлуксиз ортмоқда. Агар 1950 йили Ўрта Осиё жумҳуриятларида мамлакат аҳолисининг атиги 6,0 фоизи яшаган бўлса, 1979 йилга келиб бу кўрсаткич 9,7 фоизга, 1989 йили эса 11,5 фоизга етди. Кейинги 40 йил давомида Ўрта Осиёнинг СССР аҳолиси умумий сонидаги салмоғи икки мартага ошди.
Бу ўсишда миграциянинг ўрни ҳам салмоқлидир. Кейинги 40 йил мобайнида мамлакатимизда аҳолининг шимолдан жанубга кўчиш жараёни кучайди. Мутахассисларнинг баҳоларига қараганда, 2000 йилда СССР аҳоли сони умумий ўсишининг деярли ярми Ўрта Осиёга тўғри келади. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиёга хос демографик жараёнлар чуқур ўрганилиши ва тўғри талқин этилиши лозим.
Ўрта Осиё учун туғилишнинг юқори бўлиши доимий ҳодисадир. Лекин болалар ўртасидаги ўлимнинг инқилобгача ва ундан кейинги даврда кўп миқдорда бўлиши натижасида регионда аҳолининг табиий кўпайиши паст бўлган. Урушдан кейин эса табиий кўпайиш ҳажми орта бориб, ҳозирги кунда юқори даражада турғунлашди.
Кейинги йилларда Ўрта Осиё жумҳуриятлари аҳолисининг ўсишига хос юқори суръатлар марказий ва маҳаллий режалаштириш ташкилотларининг диққатини ўзига жалб қилди. Мамлакатда иқтисодий вазиятнинг инқирозга учраганлиги, унинг моддий ва молиявий бойликларининг кескин камайганлиги шароитида оилани режалаштириш доирасида туғилишни қисқартиришдек «мафтункор» ғоялар юқорига кўтарилди.
Бундай хулосага оддий ҳисоб-китоблар натижасида келинди: агар биз миллий даромаднинг аҳолига хос юқори суръатлар билан ўсишини ва халқ турмуш даражаси ошишини ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш ҳисобига таъминлай олмаган эканмиз, ҳеч бўлмаганда аҳоли сонини қисқартириш йўли билан турмуш даражаси кўрсаткичларини яхшилашимиз зарур (аҳоли жон бошига ҳисоблаганда). Муаммонинг мана шундай қўйилиши муносабати билан Ўрта Осиё жумҳуриятларида туғилишни чеклаш масаласи бундан уч йил муқаддам Марказ томонидан расман қўйилган. 1987 йил август ойида бошқа мутахассислар қаторида бизни ҳам Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасига ушбу масалага бағишланган йиғилишга таклиф этишган эди. Ана шу анжуманда жумҳуриятнинг ўша пайтдаги раҳбарлари, масъул кишилар иштирок этишганди.
Йиғилишда сўзлаган КПСС Марказий Қўмитасининг масъул ходими И. Е. Понамеревнинг нутқидан келиб чиқадиган хулоса битта эди: Ўрта Осиё жумҳуриятларидаги оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш учун маҳаллий аҳоли ўртасида туғилишни чеклаш зарур. У очиқдан-очиқ шуни қайд этдики, Москва олимларининг ҳисоб-китобига қараганда, СССР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳамма бюджет маблағини Ўрта Осиё жумҳуриятларига сарфлаган тақдирда ҳам, туғилишнинг ниҳоятда юқори даражадалиги сабабли бу регионда таббий хизмат кўрсатишни 2000-йилда ҳам иттифоқдаги ўртача кўрсаткичга етказиб бўлмайди. И. Е. Понамаревнинг фикрича, мавжуд вазиятдан қутулишнинг бирдан-бир йўли туғилишни камайтиришдир.
Йиғилишда Марказдан келган масъул ходимнинг бу тезисини «илмий асослаш» учун йиғилиш иштирокчиларидан иборат бўлган махсус комиссия тузилди. Бу ишни мувофиқлаштирувчи илмий марказ сифатида Ўзбекистон Фанлар академиясининг битта ҳам аҳолишунос мутахассиси бўлмаган фалсафа ва ҳуқуқ институти танланди.
Шундай қилиб, фалсафа ва ҳуқуқ институти «кутилган» «илмий хулосани» йил охиригача тайёрлаб топширди. Жумҳурият Компартияси Марказий Қўмитасининг 1988 йил февраль Пленуми «оилани оқилона режалаштиришга» ўтиш зарур деган ғояни олға сурди. Бу аслида туғилишни камайтириш керак деган сўз эди.
Раҳбарликнинг маъмурий-буйруқбозлик усули маҳсули бўлган бу нотўғри тезисни, ҳамиша бўлганидек, маҳаллий ахборот воситалари орқали қўллаб-қувватловчилар топилди. «Правда Востока» газетасида маҳаллий аҳоли ўртасида туғилишни чеклаш ўша кунларнинг долзарб мавзусига айланди. Жумҳуриятнинг бир қатор вилоят ва ноҳияларида хотин-қизлар ўртасида туғишни чеклаш бўйича тарғибот ишлари олиб бориш тўғрисида норасмий кўрсатмалар ҳам берилди.
Ўйламасдан амалга оширила бошланган бу сиёсатга маҳаллий аҳоли ўта салбий муносабат билдирди. Халқ орасида турли-туман миш-мишлар тарқаб кетди. Бу масала атрофида мураккаб ижтимоий вазият юзага кела бошлади.
Шундай қилиб, туғишни камайтириш масаласи кун тартибидан олиб ташланди, акс ҳолда у чуқур ижтимоий ихтилофларга олиб келиши мумкин эди.
Мунозаралар туғилишни камайтириш масаласи Ўрта Осиё жумҳуриятларига бутунлай тўғри келмаслигини кўрсатди. Бундай муносабат инсонпарварлик ғояларига, ягона кўпмиллатли социалистик давлат бўлмиш Совет Иттифоқида миллатларнинг тенг ҳуқуқлик принципларига мос эмас. Ахир СССРнинг бошқа ўлка ва жумҳуриятлари учун туғишни ҳар томонлама кўпайтириш вазифаси қўйилган-ку!
Аслида, жумҳуриятдаги ижтимоий-иқтисодий қолоқликнинг туғилишни чегаралаш, оилани режалаштириш асосида бартараф этиш мумкин деб жар солиш хатодир. Бу борада янги иш жойларини жорий этиш, халқ хўжалигида бандлик даражасини кўтариш ва меҳнат кучларидан оқилона фойдаланиш, ҳар бир иш жойида юқори меҳнат унумдорлигига эришиш, халқ хўжалигини илмий асосланган режалаштириш йўли билан юксалтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жумҳуриятдаги демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш муҳим ҳисобланади.
Шу билан бирга, Ўрта Осиё жумҳуриятларидаги ижтимоий-демографик вазият оилани режалаштириш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш ишини узлуксиз яхшилаш асосида аҳоли саломатлигини тубдан мустаҳкамлаш ишига қаратилиши зарурлигини тақозо этмоқда. Оилани режалатириш бўйича амалга ошириладиган кўп қиррали ишлар фақат шундай ёндошган ҳолдагина кўрилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши лозим.
Ўрта Осиё жумҳуриятларида оилани режалаштириш ўлканинг миллий анъаналари ва урфодатлари, турмуш тарзининг хусусиятлари, ижтимоий-иқтисодий ва экологик шароитлари билан боғлиқ ҳолда ўзига хос муаммоларга ва уларни ҳал этиш йўлларига эга. Энг аввало Ўрта Осиё халқлари — ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, қирғизлар, қозоқлар ва қорақалпоқлар учун кўп болалиликни асрий анъана сифатида миллий маданиятнинг узвий бир қисмига айланганлигини унутмаслик керак. Кўп болалилик бу ерда ўзига хос халқ анъаналари, оила-никоҳ муносабатлари, ахлоқ қонунлари, қариндош-уруғчилик алоқаларини шакллантиради, маҳаллий аҳоли турмуш тарзининг ҳамма томонларига таъсир кўрсатади.
Бу борада жумҳуриятда демографик ва экологик вазиятлар жиддийлашувининг сабабларини аниқлаш ва уларни ҳар томонлама таҳлил этиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Уларни юқори даражадаги туғилиш билан боғлаш тамомила нотўғридир. Демографик ва экологик муаммолар келиб чиқиши ва жиддийлашуви асосида бизнинг фикримизча, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тарздаги чуқур сабаблар ётибдики, улар жумҳурият ижтимоий-иқтисодий ривожланишини илмий асосланмаган режалаштириш билан боғлиқ. Натижада ривожланиш ўрнига иқтисодий турғунлик, тармоқ структурасининг ноқобил бўлиши, ижтимоий соҳа ривожланишини тамомила инкор этиш, экологик муҳит билан хўжалик юритиш ўртасидаги алоқанинг бутунлай бузилиши келиб чиқди.
Демографик ҳолат ўзаро алоқадор омилларнинг мураккаб мажмуи, у жумладанг оила — турмуш ва хўжалик юритиш хусуоиятлари, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар ва турмуш тарзи, аёлларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришда бандлиги, урбанизация жараёни ва бошқа шунга ўхшаш омиллар таъсирида таркиб топади. Улар ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланишга узвий боғлиқ бўлиб, халқларнинг турмуш даражасига қараб ўзгариб боради.
Туғилишнинг камайиши — бу аҳоли ривожланишининг реал, умумжаҳон жараёнидир. Бунга ҳар бир халқ эртами-кечки, ўзига хос йўл билан келади.
Жумладан, Ўрта Осиё маҳаллий халқининг демографик дастурлари ҳам кейинги йилларда сезиларли ўзгармоқда. Олдинги йилларда ўтказган тадқиқотларимизда «Оилада болалар сони нечта бўлса яхши бўлади?» деган саволга деярли бир хилдаги «Қанча кўп бўлса, шунча яхши», «Худо хоҳлаганича», деган жавоб олар эдик. Кейинги йиллардаги тадқиқотларимизда бундай жавоблар амалда учрамади. Кишилар оилада кутилган болалар сонини аниқ айтишмоқда. Қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги оилада 5—6 бола, шаҳарликлар 4—5 болага эга бўлиш хоҳишини билдирдилар.
Бундай вазият Ўрта Осиё халқлари ўртасида ҳозирги кунда оила катта-кичиклиги хусусидаги истак ўртача кўп болалик даражасида эканини кўрсатмоқда. Яқин келажакда ҳам бу ерда кўп болалиликка бўлган мойиллик сақланиб қолади, фақат унинг миқдорий қўрсаткичи ўзгаради. Тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, маҳаллий аҳоли туғилишни режалаштиришни хоҳлайди, лекин имконияти йўқ ва буни қандай амалга оширицжи билмайди. Ўлка соғлиқни сақлаш муассасалари эса оналарга ёрдам беришдан ожиздир. Улар на моддий, на ташкилий нуқтаи назардан бунга тайёр эмаслар. Ўрта Осиё маҳаллий аҳолисининг асосий қисми истиқомат қилувчи талай қишлоқ жойларда ҳомилдор аёллар, она ва болаларга хизмат кўрсатиш бўйича оддий медицина ва санитария-гигиена широитлари ҳам яратилмаган.
Ўрта Осиё маҳаллий халқининг демографик дастуридаги қайд этилган ҳозирги ўзгаришлар халқларнинг режалаштирилмайдиган юқори даражадаги туғилишдан режалаштириладиган паст даражадаги туғилишга ўтган умумдунё демографик қонуниятларига мос ва хос эмас. Демографик назария ва дунё амалиётида шу пайтгача бундай ўтиш халқларнинг моддий фаровонлиги ва турмуш даражасининг ўсиши натижасида амалга ошиб келди. Ўрта Осиёда эса бундан фарқли равишда демографик дастурнинг ўзгариши асосан аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва экологик турмуш шароитларининг ёмонлашиши ва натижада аёллар саломатлигининг ночор аҳволга тушган вазиятида амалга ошмоқда. Бошқача айтганда, ўзбек, тожик, туркман аёллари турмуш кечириш оғирлашиб кетганлиги сабабли кўп туғишни истамаяптилар. Агар илгари болалар оиланинг иқтисодий самарасининг асоси ҳисобланган бўлса, ҳозирги кунда эса ҳар бир ортиқча гўдак ота-оналар учун «ортиқча оғизга» айланмоқда.
Маълумки, Ўрта Осиё жумҳуриятлари аҳолининг турмуш даражаси, тиббий хизмат билан таъминланганлик бўйича бошқа иттифоқдош жумҳуриятлардан анча орқада туради. Устига-устак пахта яккаҳокимлигининг тугатилмаётганлиги, қишлоқ хўжалигида заҳарли кимёаий моддаларни қўллашнинг узлуксиз равишда кўпайишига ва экологик вазиятнинг кескинлашувига олиб келди.
Оналар ва болалар ўртасидаги ўлим даражасига ва улар саломатлигининг ёмонлашишига юқори даражадаги туғилиш ва айниқса, кам вақт оралиғида туғишлар ҳам таъсир қилиши шубҳасиздир. Ўрта Осиё жумҳуриятларида ҳар иккинчи гўдак икки йилгача бўлган муддат оралиғида ва ҳар бешинчи гўдак бир йилдан кам давр ичида туғилганБутун дунё соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бир йилдан кам давр ичида туғилган болалар икки йил ва ундан ортиқ давр ичида туғилган болаларга нисбатан икки марта кўпроқ ўлади. Туғишнинг оралиқ даврини 2—2,5 йил бўлишига риоя қилиш, шифокорларнинг фикрича, ўлимлик миқдорини оналэр орасида 2 мартагача, болалар орасида 4 мартагача қисқартиради.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига қараганда, жумҳуриятда аёлларнинг 70 фоизи кам вақт оралиғида туғишлар натижасида кам қонлилик, буйрак, қон-томир системаси, модда алмашув жараёнларининг бузилиши ва бошқа касалликлардан изтироб чекмоқдалар.
Нисбатан кам вақт оралиғида туғувчи аёлларнинг 68 фоизида ҳомиладорлик ва туғишнинг ҳар хил қийинчиликлари кузатилади, улар аксарият вазни нормадагидан кам, жисмоний камчиликлари бўлган болаларни туғишади. Кўп болалик оналарда болаларнинг касалланиши эҳтимоли юқори. Касалга чалиниш даражаси болаларнинг оиладаги сони кўпайиб бориши билан ўсиб боради. Масалан, гипотрофия ва анемия касалликлари оилада тўртинчи ва ундан кейинги туғилган болаларда иккинчи ва учинчи бўлиб туғилган болаларга нисбатан уч марта кўп.
Шу билан бирга туғилишнинг юқори кўрсаткичи ўлкадаги гўдаклар ва оналар ўртасидаги юқори даражадаги касаллик ва ўлимнинг бевосита асосидир деб ўйлаш нотўғридир. Бу ташвишли ҳолатнинг асосида экологик ва ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги чуқур сабаблар ётибди. Ўрта Осиё жумҳуриятларида экологик вазият ташвишли бўлган шароитда соғлиқни сақлашнинг ривожланиши ва моддий-техника таъминоти жуда паст даражада қолиб келмоқда. Айниқса унинг энг муҳим демографик соҳаси — оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ачинарли ҳолатдадир.
Ўрта Осиёнинг энг ривожланган жумҳурияти — Ўзбекистонда болаларни даволаш муассасалари ва туғруқхоналарнинг 60 фоизидан ортиғи махсус жиҳозланмаган биноларда жойлашган. Уларнинг кўпчилигида беморлар сони керагидан ортиқча. Туғруқхоналарда саккиз мингга яқин, гинекологик беморлар учун мўлжалланган шифохоналарда тўрт мингдан зиёд жой етишмайди.
Жумҳуриятда доя ва гинекологлар, педиатрларнинг ва бошқа тиббий касб эгаларининг етишмаслиги яққол сезилмоқда. Худди шундай ҳолатни Ўрта Осиёнинг бошқа жумҳуриятларида ҳам кузатиш мумкин.
Экологик вазият оғирлашган шароитда соғлиқни сақлаш, айниқса оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишининг талаб даражасидан узоқлиги туғиш даври қисқаришининг асосий сабаби ҳисобланади. Чунки ўлка аёлларининг кўпчилиги саломатлиги ёмонлашгани сабабли болаларини кўкракдан эмизиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолишаяпти. Аёлдаги гўдакни эмизиш имконияти табиатан ҳомила ҳосил бўлишининг олдини олишдан ташқари, боланинг соғлом ўсишининг гарови ҳамдир.
Ўрта Осиёда оналар, агар кўкракларида сут бўлса, гўдакларини иложи борича узоқ вақт давомида эмизишга ҳаракат қиладилар. Оврўпалик аёлларга хос бўлган гўдагини эрта кўкракдан ажратиш (чиройли қадди-қоматни сақлаб қолиш мақсадида) ўлка халқлари ўртасида амалда учрамайди, чунки туғишнинг зарурий вақт оралиғи мусулмонларнинг кўпчилиги томонидан тан олинадиган ислом шариати талаблари билан ҳам қўллаб-қувватланади. Жумладан, Қуръонда оналар болаларини икки йил давомида эмизиши лозимлиги таъкидланган. Агар ана шу икки йилга ҳомиладорлик вақти қўшилса, ҳозирги замон тиббиёти томонидан она саломатлиги учун зарурий ҳисобланган туғишнинг 2,5—3 йилга тенг бўлган даври келиб чиқади.
Оилани режалаштиришнинг ўлкага хос дастурида қариндош-уруғлар ўртасида никоҳни бартараф этиш долзарб муаммолардан ҳисобланади. Аҳоли саломатлигига бевосита таъсир қилувчи бу хавфли ҳодиса Ўрта Осиё жумҳуриятларида ҳозирги кунга қадар кенг тарқалган. Ўлкада қариндош-уруғлар ўртасида никоҳ тузиш оқибатида наслий касалликлар пайдо бўлмоқда, жисмонан ва ақлан заиф болалар туғилмоқда.
Ўрта Осиёда она ва бола соғлиғини мустаҳкамлаш учун биринчи навбатда қандай тадбирларни амалга ошириш керак? Аввало, қишлоқ жойларида аёлларга маслаҳат берувчи, доя-гинекология хизмати кўрсатувчи муассасалар ишини тубдан яхшилаш, у ерларда «Оила ва никоҳ» хоналарини барпо этиш лозим. Уларнинг ҳаммаси биргаликда оилани ривожлантириш хизматларини ҳосил қилишади.
Ўрта Осиё жумҳуриятларида бу йўналишда баъзи бир тадбирлар амалга оширилмоқда — «Оила ва никоҳ» хоналари, Туркманистондаги она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича илмий-текшириш институти қошида «Оилани режалаштириш маркази» барпо этилган.
Бу ерларда она ва бола соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича амалий ишлар оила-турмуш дастури, миллий анъаналар ва Ўрта Осиё халқларининг турмуш тарзини ҳисобга олиб, маҳаллий аҳолининг кундалик ҳаётига сингиб кетган анъана ва урф-одатларни чуқур ҳурмат қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Ўлкада қариндош-уруғлар ўртасида никоҳга киришни бартараф этиш анча мураккаб ва қийин вазифадир. Бу борада шундай никоҳ қандай салбий генетик оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш зарур. Афсуски, ана шундай никоҳлар оқибатида жисмоний ва ақлий заиф болаларнинг туғилиши ҳам бу хавфли қадамдан одамларни тўхтата олмаяпти. Бу ҳолатни одамларнинг нодонлиги билан боғлаш нотўғридир. Қариндош-уруғлар ўртасида никоҳга кириш Ўрта Осиё зиёлилари орасида ҳам кўп учраб турибди. Унинг асосида, бизнинг фикримизча, ўта мураккаб ва чуқур сабаблар, шу жумладан миллий-анъанавий ва моддий йўналишга эга бўлган муаммолар ётадики, уларни ўрганиш ҳозирги кун талабидир.
Шу мақсадда ўтган йили Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги педиатрия илмий-текшириш институтида тиббий-генетик тадқиқотлар билан шуғулланувчи бўлим ташкил этилди. Ундан сал илгари тиббий-генетик амалий вазифаларни ҳал этиш мақсадида тиббий-генетик маслаҳатхона барпо этилган эди.
Она ва бола соғлиғини мустаҳкамлаш доирасида эрта (20 ёшгача) ва кеч (35-49 ёшдан кейин) туғишлар саломатликка салбий таъсир кўрсатишини тушунтириш муҳимдир.
Она саломатлигига айниқса Ўрта Осиё маҳаллий аҳолиси орасида шариат бўйича катта гуноҳ ҳисобланган абортларнинг кенг тарақалаётганлиги салбий таъсир кўрсатмоқда. Исломда қашшоқлашишдан қўрқиб ўз фарзандини ўлдириш катта гуноҳлиги таъкидланган. Шу боисдан аборт умуман таъқиқланиши зарур.
Бу муаммолар жумҳуриятлар юқори ташкилотларининг диққат-марказида бўлмоғи лозим. СССР Олий Кенгашида аёллар, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари бўйича доимий қўмита ташкил этилган. Шунга ўхшаш бўлимлар СССР Вазирлар Кенгашида ва Давлат меҳнат қўмитасида ҳам ташкил этилмоқда. Шундай қўмиталар иттифоқдош жумҳуриятларда ҳам бўлиши лозим. Бу қўмиталар оилани ривожлантириш бўйича жумҳурият дастурларини моддий жиҳатдан таъминлаши ва ҳаётга тадбиқ этиш борасидаги ишларга раҳбарлик қилиши лозим.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 12-сон