«Пахта иши» эндигина ёдимиздан кўтарилаёзганда, тузлиғимиздан туз, ариғимиздан сув ичиб турган икки азамат генерал «ўзбек мафияси»ни пеш қилиб, ғижиниб ер тепиниб қолишди. Қалам тутишимга туртки бўлган сабаб шу: Генераллар — Эдуард Алексеевич Дидоренко ва Олег Иванович Гайдановнинг: «Ким-кимни енгади, мафиями ёқи бизми?» («Человек и закон», М., 1989 йил, 2-сон) ҳамда «Ҳақиқатнинг аччиқ таъми», («Звезда Востока», 1988, йил, 12-сон) деб номланган мақолаларидир. Аввало ҳар икки ойноманинг нақ ўттиз бетини банд этган «ўзбек мафияси» ҳамда унга қарши курашга киришган ҳурматли генералларимиз қандай даҳшатли «ички ва ташқи душманлар»га дуч келишаётгани ҳақидаги ривоятларни ўқиш, энг муҳими уқиш лозим.
Одатда, ўқувчи икки тоифага бўлинади: Бири ўқиганини «илиб» одади; иккинчиси ҳақиқий аҳволга солиштириб, мушоҳада этади. Хўш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, органларимизнинг ютуқлари шу қадар беқиёсми? Кечагина жумҳуриятнинг энг юксак минбарларидан баландпарвоз ҳайқириқлар янграб турувди. Энди-чи?.. Энди сўроқ беришга тўғри келяпти!.. Ўзбекистонда генералларнинг овози ҳам биринчи марта янграётгани , йўқ, ҳаш-паш дегунча, Чурбановдан тортиб, Яҳёевгача 20-30 тасининг «миси» чиқди… Лекин ҳуқуқ тидида «Қиёслаш асос бўлолмайди» деган ибора бор, шундай бўлса-да, бугунги ютуғимизнинг бўйини нимага таққослаш мумкин экан-а? Шарқда: «Ўтмишни ўрганаман десанг, мозорга бор, бугунни ўрганаман десанг, бозорга бор», деган мақол бор. Бозор эса… ёнмоқда! Ушбу сатрлар, битилаётган эрта кўклам кунида бозорда, сабзавотнинг нархи дўкондаги давлат нархидан 4—5 марта баланд эканлигини айтиш кифоя эмасми? Олма, анор, нок каби меваларнинг нархини дўкон билан таққослашнинг иложи ҳам йўқ! Чунки бу мевалар дўкон пештахтасини ҳам кўрмайди. Тошкент — атрофи ойнаванд шаҳар, деб фахрланамиз, лекин унинг маҳсулоти дўконни четлаб ўтиб, бозорда нарх-навони гуллатяпти! Марҳамат, бодринг 5—6 сўм, помидор 10 сўм! Шаҳардаги 150 та гўшт дўкони эшигига овора бўлиб, қулф осиб юришибди. Ҳолбуки, ўғри урадиган нарсанинг ўзи йўқ. Шаҳар савдо идорасига таклиф киритаман: Эшик-дарвозалар қулф ўрнига, михлаб ташланса, юзлаб қулф фойдага қоларди! Бу қулфлардан ўринли фойдаланилса, сабзавот дўконларида эснаб ўтирганларнинг оғзини ҳам ёпса бўлади. Шаҳар савдоси хўжалик ҳисобига ўтмаган кўрийади, бўлмаса аллақачон шундай қилинарди!
Бозор ёнмоқда дедик, шу ўринда бир мисол ортиқчалик қилмаса керак, чунки унинг ҳам олов тушган бозорга дахли бор. Чунки бунга биз журналистлар ҳам аллақачон ўз «ҳиссамизни» қўшишга улгурганмиз… 1984 йилнинг август ойи эди, Марказий Комитетда «Бозор операцияси»нинг ўта сирли плани ўзига хос, махфий тарзда муҳокама қилинди. «Бозорни қачон бундоқ тузукроқ силкийсизлар, ўртоқ газетачилар? Мурасасозлик етар!», дейилган танбеҳни оқсоқолимиз Николай Федорович Тимофеев (ўша пайтдаги «Правда Востока» рўзномаси бош муҳаррири) ўзига олиш билан бирга, лўнда жазоб ҳам қайтарди: «Силкиш билан ҳам, дўқ-пўписа билан ҳам бозор маҳсулотга тўлиб қолмайди! Бозор, ўз пайтпда Маркс томонидан кашф этилган рақобат қонуни бнлан яшайди!» Бозорни бир ҳамлада «тор-мор» келтириш планини чизиб турганларга бундай гап ёқармиди? «Кечирасиз, ўртоқ Тимофеев, деди ўзича хаёл сураётган раҳбар пастдан айтилган оддий ҳақиқатдан ловуллаб кетганини яширолмай, биз бозор мафиясининг бир учи газетага келиб уланишини билмабмиз. Ҳа, кўрамнз, ким-кимни енгади, бозор мафиясими ёки биз?!» Мана шундай дабдаба билан «Бозор операцияси»си ўз тасдиғини топган, кимдир уни ошкор, кимдир сукут розилиги билан маъқуллаган эди!..
Начора? Ўша мажлисидан сўнг, ҳар бир газетачиман деган шоввоз «мафиянинг учи ўзига келиб тақалмаслигини» амалда кўрсатишга тушиб кетди. Милиция биздан олдинда! Ўша «ўта махфий» мажлисдан чиқиб, уч-тўрт киши йўлни беихтиёр Олой бозорига бурганимизни кечагидай эслаймиз. Лекин «Бозор операцияси» нимадан иборатлигини билолмай, ҳар ким ўзича жавоб ахтариб кетяпти Ҳар ҳолда, бозорда қандайдир мўъжиза рўй беришига умид йўқ эмасди: Бозор масаласи шундай юксак минбарда тилга олинди-ку, ахир!.. Ўша куни Олой бозорининг у бошидан — бу бошига неча марталаб кезиб, «махфий ҳолатни» ҳар ким ўзича баҳолаганини кўрсангиз! Ҳар деҳқонни тўрттадан милиция ходими ва «дуржиначи» обдон текширар, паспорти йўқларни алоҳида рўйхат қилар, «Тергов» борарди. Махфий операция наҳотки шундан иборат бўлса? Йўқ-э?! Орқа-олдига қарамай чопган бозор паттачиси биз мухбирлар тўдасига урилиб кетмаганда борми, рости, ўша куни ҳеч биримиз бу махфийлик жумбогини ечолмаслигимиз турган гап эди. Уришга урилиб, ерга учиб тушган қаламини оларкан, паттачи дўқ ҳам қилиб қўйди:
— Хўш, нега саллотдай тизилишиб юрибсиз?
— И-е, мулла ака, узр сўраш ўрнига-я, салкам кўзни чиқариб…
— Эртадан кейин, келинг, узр сўраб қўяман!
— Эртадан кейин? Нега бугун эмас?
— Бугун бозорга ўт тушган кун, хабарингиз йўқми, ука! — деб қолди паттачи кутилмаганда ярим ҳасрат, ярми зарда билан. — Кўрмаяпсанми, бугун бозорга мелиса ўт қўйвотти! Эртага катта пожар! Усмонхўжаев кевотти!
Бу гаплар ўшанда деҳқоннинг тинчини бузиб, уни бозордан бездирганини кўриб-билиб турганлар учун ҳам, «пожар» бўлиб туюлмаган, аксинча, «бозорга ғамхўрлик» сифатида қабул қилинган. У бугун бўлмаса ҳам, эртага инъом этиши аниқ бўлган мевалардан умидвор этгани-чи! Буларни эслашдан мақсад нима? Инсоф билан айтганда, ҳар қандай «пожар»ни фақат бозорнинг қоқ ўртасидан ахтариш керакми? Бир кунлик «маъмурлик» бозорга қанчалар қимматга тушишини билиш учун «пайғамбар» бўлиш шарт эмас. Эртасига киши билмас бир тарзда бозорга бош суқиш кифоя эди…
Бозор атрофидаги умри капалак умридек қисқа маҳобатли тадбирлар, бугун нимаси биландир генералларимиз Гайданов ва Дидоренко ундаётган — уюшган жиноятчиликка қарши кураш усулига ҳамоҳанг туюлмайдими?!
Бу гаплар ўтган кунники, бугун нималар юз беряпти ўзи? Ҳурматли генералларимиз Иттифоқ жаридаси мухбири билан: «Бизнинг мафия Ватанимиз — Ўзбекистон бу борада Сицилияни ортда қолдирадими, йўқми», деган масалани ўртага қўяр эканлар, шундай хулосага келишади: «Ўзбеклар иши»ни ғарбга солиштирганда ҳам умумий томонлари кўп экан! Бу ўртоқ Э. А. Дидоренконинг фикри, лекин ўртоқ О .И. Гайданов бу билан ҳам қаноатланмайди. «Ўзбек мафияси»га баҳо берар экан, у шундай тагдор хулоса чиқаради: «Биз истаймизми, йўқми, бугун тан олмасликнинг иложи йўқ… манзара бир хил — жиноий кучлар айрим давлат ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томон чуқур илдиз отиб кетган. Бугуннинг фожиаси энг хунук қиёфаси билан Ўзбекистонда намоён бўлди…»
Тўғри, Ўзбекистон бошдан оғир кунларни кечирди ва кечирмоқда. Ватан фарзандлари шундай оғир кунда, ҳақиқатдан юз ўгирмаган ҳолда, қандай йўл тутишлари керак? Яқинда Қалмиқ ўлкасида 28 норасида гўдак қонида СПИД касаллиги топилиши муносабати билан, қалмиқлар чекаётган маънавий азобнинг даҳшатлари ҳақида халқ шоири Довуд Қуғултинов юрак бағри ёниб-ёзди: «Қалмиқлар асрлар бўйи чўлма-чўл кўчиб юриб, оддий гигиена талаблари хусусида бош ҳам қотирган эмасдилар, уларда бундай тасаввур ҳам йўқ эди, аммо улар СПИД деган балони ҳам билмасдилар». («Известия» 24 февраль, 1989 йил). Бироқ бизнинг генералларимиз ҳамма ярамас иллатларнинг илдизи Ўзбекистонга келиб тақалади, деб ишонтирадилар.
Э. Дидоренко: «Жиноятчилик ҳам, ҳамма ҳодисалар каби, ўзига хос қонуниятларга эга… Биздаги маълумотларга кўра, фақат рўйхатларда бўлган қартабоз ва турли хил қиморбозларнинг ўзи 1500 дан ошади. Уларнинг жуда кўпчилиги бир неча юз минг сўмлаб ютиб-ютқазиб, ўша жойнинг ўзида нақд ҳисоб-китоб қилиб кетадилар… Ҳозир Ўзбекистонда 160 дан ортиқ яширин милионер ва бир ярим мингдан ортиқ яширин бизнес эгалари бор…»
Ажабо, оддий одамлар учун «яширин» бўлиши мумкин. Аммо ҳуқуқ муҳофазасининг шундай мавқедаги генераллари учун ҳам у «рўйхати аниқ» бўлган қора шарпалар «яширин»ми?! Шундай экан, уларнинг юзини ким очиши керак? Бу йўлда кўзга кўринмас ғовлар бор экан, унда ашаддий жиноятчилар инсофга келиб, ўз-узини фош этишини кутамизми? У ҳолда, чиндан ҳам, ицилияни ортда қолдириш ҳеч гап эмас! Хўш, қоғозга тушган жиноятчини қўлга тушди, дея оламизми?! Сицилияда ҳам шундай жиноий гуруҳларнинг борлигига шубҳа йўқ, лекин бундай генераллар борлигига ишониш қийин. Чунки улар, ишончли манбаларнинг таъкидлашича, жиноятчи орқасидан из санаб хулоса чиқаришмайди, балки аввал қўлга тушириб, кейин санашади!.. Бу борада Ўзбекистон бугун ярқираб кўзга ташланиб турган экан, унинг қиёсини Сицилиядан эмас, анча беридан, бепоён мамлакатнинг қучоғидан ахтарса бўлмасмикан? Бу борада «ўз ишидан мамнунлик» ва «ҳалоллик» туйғулари билан масрурлик туяётган айрим шахсларга «Дружба народов» ойномаси берган сабоқ-тавсия эътиборга моликдир. Ойнома таниқли рус ёзувчиси Юрий Черниченконинг қардош жумҳуриятлар ўртасида , кечаётган мураккаб ҳодисаларга енгил-елпи ёндошишига нисбатан ўз муносабатини билдиради. «Ҳозир Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистонга кўплаб рус ходимлари… жўнатилмоқда, қўпол қилиб айтганда, у ёққа нима импорт қилинмоқда? Билим эмас, ишбилармонлик эмас, четдан ҳалоллик киритилмоқда», — деган Юрий Черниченкога «Дружба народов» шундай жавоб қилади: Онажоним — Россияга, қамоққа олинган министрлари, директорлари, партия ходимлари ва ҳоказо ва ҳоказо казо-казо «собиқ»лари бўлган, Шчелокову Чурбановдек порахўрлари, мафиялари бўлган Россияга ҳалолликни ким импорт қилар экан? Балки, варягларни чақириб келтирсакмикан-а!» (1988 йил, 5-сон).
Бироқ «Человек и закон» жаридаси «ўзбеклар иши» ҳақида ўз қарашига эга кўринади. Бу унинг генералларимиз билан суҳбат қурган мухбирлари И .Юферов ва С. Двиганцев қарашида намоён бўлиб турибди! Генералларимиз эса, «ўзбеклар иши»даги маҳобатда бир-биридан ўтиб, пойгага айланган суҳбатда мусобақага берилиб кетадилар. Мухбирнинг қизишган генералларга берган тасаллисини кўринг: «Ҳечқиси йўқ, сизларни тушуниш мумкин. Уруш ахир, урушда эса қараб туриб бўлмайди, ғалаба келтирган воситаларнинг ҳаммаси ҳам яхши!..» Лекин генералларимиз ҳам бўш келишмайди, ётиб қолгунча отиб қол қабилида, жумҳуриятда кўзга кўринмас аллақандай кучлар мавжудлигидан нолиб, фалсафий хулоса ясашади. Э. Дидоренко: «… ички душман (?) билан курашмоқ ташқи душман билан курашмоқдан кўра қийинроқ». Ажабо, бундай даъволардан кейин ўйлаб қоласан киши: Ўзбекистонда «уюшган жиноятчиликка» қарши кураш боряптими ёки биз бехабар, гражданлар уруши бошланиб кетганми? Бунга интервьюда жавоб бўлмаганидек, жиноятчиликнинг оммавий тус олиб кетишидан ҳақли равишда ташвишланаётган халқни умидвор қиладиган бирон илиқ сўз ҳам йўқ! Аксинча, генералларимиз тантанали «ваъда» беришади: «Икки ёки беш йилдан кейин ҳам, уюшган жиноятчиликни енгамиз, дейиш хомхаёл бўлур эди!».
Бу йўналишдаги ҳаракатнинг лоақал бирон бир дастури борми-йўқми, бу ҳам номаълумлигича қолаверади. Бизга «Италия ва ГФР полициясининг илғор тажрибаси етишмаётган» экан, буни яна ўн йил пайсалга солиш шарт эмас, қайта қуриш — шунинг учун ҳам қайта қуришки, ҳамма нарса, шу жумладан, баҳона ҳам ўз номи билан аталиши керак! Бироқ кўпчиликка сирли туюлган яна бир савол бор: Ахир, сиз тажрибасини ўрганишга ошиққан ўша полициянинг ўзи «тажриба»ларини ўртоқлашадитан аҳволдами? Ғарбнинг кўпгина мамлакатларида ҲУҚУҚ муҳофазаси намояндалари қўриқчисиз кўчага ҳам чиқолмай юришади-ку? Ҳозирча Ўзбекистонда,бирорта судья — ҳакам, прокурор — қозини «ўғирлаб» кетишга уюшган жиноятчилик доираси ҳам журъат этганича йўқ. Худога шукур, ўзаро алоқалар мустаҳкам! Бир томондан, ҳурматли генералларимиз ҳам ҳақ кўринади, «қўшиб ёзиш» ва «оммавий порахўрлик»да Ўзбекистон Сицилияни аллақачон ортда қолдириб кетгани аниқ. Лекин ҳайфсан юқоридан пастга, пора эса пастдан юқорига ўрмалайди, деган ҳаётий ҳақиқат ҳам бор! Афсуски, юқоридаги мақолалар руҳида бунга ишора ҳам йўқ. Гўё, Ўзбекистон ўзини талаб кетган! Ҳурматли генералларимиз олиб борган катта кураш шуни кўрсатиб турибдики, «ўзбеклар иши» нафақат «па[та мафbяси» ва «сут мафияси»дан иборат, «қароқчилик» ва «босқинчилик»да ҳам устаси фаранг эканмиз! Қаранг-а, Иттифоқда «биринчи» бўлган ҳолда, ўзимиз буни билмас эканмиз. Бу ўринда марказий матбуотнинг қанчалар беқиёс хизмати: борлигини ҳам кўплар билмайди-да!.. Мана сизга, «ўзбеклар иши!» Пахта доғини ўтган йили эндигина тер билан, ҳалол меҳнат билан ювдик деганда, навбатдаги, қароқчилик ёрлиғи ҳам ўзбекларга тегиб турса-я?! Икки генералимиз имзо чеккан ушбу хулосадан ўзингиз бир маъно чиқариб кўринг: «Уюшган жиноятчилик… Бу сўзлар тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди. Бу тушунчанинг ортида нима туради? На ССЖ Иттифоқи, на жумҳуриятлар жиноят Қонунчилигида, на Жиноят кодексларида бу саволга жавоб бор. Бу саволга, афсуски, ҳуқуқшунос олимларимиз ҳам чап бериб келишади. Уюшган жиноятчилик, ҳаммадан кўра, «Ўзбеклар иши» (?) деб ном олган «пахта» иши», «сут иши» билан боғлиқликда кўринади…»
Мана сизга, ноҳақ маломатдан ойлаб, йиллаб халос бўлолмай юрган халқни кўриб-билиб турган икки генералнинг баҳоси! Бир гуруҳ порахўр жиноятчилар қачондан буён бутун бошли халқ — ўзбеклар қиёфасини белгилайдиган мезон бўлиб қолди? Боз устига, ўн миллионли жарида Иттифоқ бўйлаб учган кезда, Москвада «ҳурматидан айрилган» саккиз генерал устидан ўқилган суд ҳукми ҳам бу «ҳақиқат»нинг қарор топишида озмунча роль ўйнамади!
Хайриятки, Ўзбекистоннинг куни фақат генералларга қолган эмас! Ҳар ишнинг баҳосини охир-оқибатда, энг олий ҳакам — вақт белгилайди. Ўзбеклар иши — қадим-қадимдан ҳалоллик, меҳнатсеварлик бўлиб келган. Бир майизни қирқ бўлиб ейиш — ўзбеклар иши эканлигини билмаган ким бор?! Бутун Осиё фахри ва ғурури Чингиз Айтматов «Қайта қуриш ошкоралик — омонлик дарахти» мақоласида ўзбекларнинг кимлиги ҳақида тарихнинг ўз баҳоси борлигинн айтди: «Ўзбек халқининг мамлакат учун қилган меҳнатини бирма-бир санайверсак, буларнинг бари бошимизни қуйи эгиб, таъзим этишга сазовордир. Қадимдан қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византия Қадим Русга кўрсатган таъсир билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ва совет даврида ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимизу юзимиз бўлиб келди. Йўқ, ўзбек халқининг бокира юзига ҳеч нарса доғ туширолмайди!» («Правда», 1988 йил, 13 февраль).
Икки генералимиз — Э. А. Дидоренко ва О. И. Гайданов ўзларининг Иттифоқ журналига берган интервьюларида юристлар ва журналистлар иттифоқи яхши самаралар бераётганидан мамнун эканликларини таъкидлаб, «биз ошкораликка, айниқса, уюшган жиноятчиликни ёруғликка олиб чиққан журналистларга миннатдорчилик билдирамиз», дейишадики бунга қўшилмоқ керак. Лекин шу ўринда, бундай яқинликка интилишни табриклаган ҳолда, айтиш керакки, матбуот ва ошкоралик майдони, худди ҳуқуқ жараёни каби, ғоятда ҳалол, ҳар бир сўз ўлчовида нақадар эҳтиёткор бўлишни тақозо этади. Аммо академик Эркин Юсуповнинг «Парвозга шайланган қуш мағрур бўлмоғи керак» мақоласига («Звезда Востока», 1988 йил, 8-сон) раддия сифатида О. Гайданов ёзган «Ҳақиқатнинг аччиқ таъми» «(Звезда. Востока», 1988 йил, 12-сон) мақоласи «шовла кетса ҳам обрў кетмасин», деган мақолни эслатади. Мақолага О. Гайданов жумҳурият прокуроринииг ўринбосари сифатида имзо чекса-да, олим ва жамоат арбоби ҳақида юритган фикр-мулоҳазаларини унинг шахсий фикрига йўйиш мумкин. Бироқ унинг асоссиз даъволарини қандай баҳолаш керак? Прокурор мақола бошидаёқ «тайёр» хулосага келади: «Айни пайтда муаллиф (яъни, Эркин Юсупов) айрим доираларга қўшилиб (?), Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети XVI пленумининг (1984 йил) жумҳуриятдаги негатив кўринишларга қарши курашиш ҳақидаги қарорлариии тафтиш этишга интилади… Прокурор айбловни давом эттириб ёзади: «Улар жумҳуриятда юз бераётган ўзгаришлар, оммавий ўғрилик, порахўрлик, уюшган жиноятчиликка нисбатан кўрилаётган тадбирларга қарши жамоатчилик фикрини қўзғатиш ниятидадирлар»…
Бундай «айбнома»лар прокурорнинг мунозара маданиятигина эмас, ҳуқуқий савияси ҳам мақтовга сазовор эмаслигини кўрсатмайдими? Академик Эркин Юсупов мақоласида мунозарали ўринлар бўлиши мумкинлигидан кўз юмиш ёки уни хаспўшлаш ниятидан узоқмиз, бироқ асосан, маънавий юзтубан кетган бир гуруҳ шахслар ўзбек халқи қиёфасини белгилай олмаслиги ҳақидаги мақоланинг нимаси прокурорга ҳазм бўлмади экан? Мақолани минг қайта ўқиганда ҳам, бундай бешафқат «ҳукм»га асос йўқ! Наҳотки, ўзбекнинг бағри ва қаноти бутун бўлиши учун, аввало унинг шаъни ерга урилмаслиги, минг йиллик мағрур қиёфасини асраб-авайлаб муносабатда бўлишга даъват этувчи фидойи сўз ҳуқуқ-тартибот намояндасига мунозарали туюлса? Бундай шиорни ҳар бир халқ фарзанди ўртага ташлаши мумкин ва шунга ҳақлидир. Аксинча, ҳуқуқ-тартибот муҳофазаси ҳам шу томонга юз буриб, жиноий гуруҳларни фош этишда изчиллик йўлини тутиши, улар қилмишига баҳо берганда, халқ кўзига чўп ташламай, мағрур қалбни мажруҳликка маҳкум. этмаслик санъатини эгаллаши керак эмасми?! Бизга аллақачон ҳамюрт бўлиб қолган Гайданов ва Дидоренко ҳам ўзлари таъкидлаб ўтганларидек, «1984 йилдан буён Ўзбекистон — меҳмондўст ва очиқ қалбли юрт»да яшамоқдалар, ахир!
Хўш, ўртоқ О. Гайдановни дарғазаблик ила қўлга қалам олишга ундаган сабаб аслида нима? Гап шундаки, академик Эркин Юсупов, мунозарали тарзда бўлса-да бироқ умум манфаати, шу куннннг талабидан келйб чиққан ҳолда, жумҳуриятда ҳуқуқ-тартибот ишлари кўнгилдагидек эмаслигини айтиб балога қолди. Олим тергов органлари айби билан бир неча ой ноҳақ ҳибсда сақланган Зияева тақдирига куюнади. Бу аёл юз минг сўмлаб пора олишда айбланган, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Суддан кейин нафақат ўзини, уни партия аъзолигига тавсия этганларни ҳам жазолашга тушиб кетдилар. Жазога маҳкум этилган тавсиячилардан бири эса юрист эди. У Зияеванинг ҳақлигига шубҳа қилмаган ҳолда, ўз ёнидан отпуска олиб, Москвага учиб боради ва бир қанча вақт жиноий ишни ўрганиб чиқади. Холис ниятли одамнинг чуқур гражданлик туйғуси ва одамийлиги туфайлигина, бу иш «составида жиноят аломати бўлмагани учун», ҳаракатдан тўхтатилди. Зияева қамоқдан озод қилинди. Хўш, шу билан, инсон, партия аъзоси ва оила бекасининг қалб жароҳати барҳам топди, деб айта оламизми? Уни партияга тавсия этганлар орасида юрист бўлмаганда-чи? Бундай ҳолатлар тергов ишларида ягона ҳодисами? Прокурор қаёққа қарамоқда, ўзи?!
Қолаверса, ўртоқ Гайданов жумҳурият прокуратурасида етакчи лавозимни эгаллаб турган кейинги уч йилнинг ўзидаёқ ноҳақ қамалган қарийб 500 киши оқланиб, уларга тўланган товон 1 000 000 сўмдан ошди! Ҳурматли прокурор, шулар ичида қанчаси унинг шахсан «ўз ижоди», қолганлари иқтидорли шогирдлари ўртасида қандай тақсимланиши хусусида сўз юритса, бундай ҳикоя ошкоралик ва мардлик юзасидан ҳам, «мароқли»роқмиди? Бинобарин, Э. Юсупов «қонун посбонлари»; ҳамласига учраган биринчи ва ягона муаллиф ҳам эмас. Бу борада жумҳуриятдаги бирмунча ёзувчилару Анатолий Ковалев, Сафар Остонов, Ҳабибулло Олимжоновдек талай журналистлар ҳам аллақачон «гуруҳбоз», «миллатчи», «қасоскор» каби қатор ёрлиқлар мажмуасига мушарраф бўлганлар!
О. Гайданов мақоласида академик «пўстагини қоқиб», сўнг унга шундай амирона талаблар қўйилади: «Эркин Юсуповдек атоқли олим турли шубҳали одамларнинг этагини тутмай ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашадиган материаллар ёзиши керак!» Ажабо, академик бўла туриб, шу пайтгача ўзининг муқаддас вазифаси нимадан иборатлигини билмаса-я? Наҳотки, ҳурматли генералларимиз ҳамон дунёда русдан бўлак кўз ва ақл йўқ, деб билишса?!
Генераллар сўзининг мавқеи ҳар қанча баланд бўлса-да, у ҳали жумҳурият ҳуқуқ — тартибот идораларининг якдил овози бўла олмайди. Улар орасида ҳалол ҳам ошкора, самимий ҳурмат, энг муҳими, ҳақиқатга кўмаклашиш асосига қурилган ҳамкорликни юксак қадрлайдиган милиция, прокуратура ва суд ходимлари жуда кўп! Бу билан бирга, Гайданов, Дидоренко, Лаптев, Шитов, Шаболкин, Абдиев, Торопов, Савиновских, Овсенюк, Галкин, Попова, Артомонов каби инсон тақдири билан ўйнашмоқни касб қилган «ҳуқуқ посбонлари»нинг афт-ангорини ҳам зндиликда элимиз яхши билади!
Ҳамкорлик ўрнига найзавозлик йўлини тутишдан ким манфаатдор? Бундан кимларнинг ошиғи олчи? Бошимиз устидаги осмонни суяб турган генералларнинг баҳси нима ҳақида? Ҳар иккала мақолада, «ўзбеклар иши»даги олди-қочди чекинишларни истисно этганда ҳам, гап «қуён ови» ҳақида эмас, цивилизациянинг СПИДдан кам бўлмаган даҳшатли иллати — уюшган жиноятчилик ва унга қарши кураш устида боради. Шундай экан, ашаддий жиноятчилар осонгина уюшган ва тил топишган чоғда, соғлом кучлар нега бир-бирлари билан тил топишолмай овора? Соғлом кучларнинг бирикмаслиги — уюшган жиноятчиларнинг орзуси, холос. Халқимизнинг якка отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас, деган нақли бор. Ҳозирча, осмонни суяб турганлар марҳамати билан, фақат чангимиз чиқмоқда!..
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил 5 май.