Бадиий ўқиш устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳсин Ҳамидов
— Муҳсин ака, аввало Сизнинг ҳақингизда жуда кам нарса билишимни эслатиб ўтмоқчиман. Неча йиллик газета-журналларнинг бойламларини ҳам кўздан кечириб, фаолиятингиз батафсилроқ ёритилган мақолани учратмадим.
— Молия мутахассисларининг ҳисоб-китобларига қараганда, томошаларим билан давлатга юз миллион сўм фойда келтирибман. Агар ўша маблағнинг бир фоизини ўзимга беришганда ҳам миллионер бўлган бўлардим. Аммо ҳеч қачон менда касса дафтарчаси бўлмаган. Йўқ, мен бойлик, мансаб ёки унвон ортидан қувмадим. Лаганбардорликдан ҳазар қилиб яшадим. Биров оқни қора деса, унга кўр-кўрона жўр бўлмадим. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида ўтган йиғилишларнинг бирида Марказий Комитетга мафкура ходимлари тўғри танланмаганлигини айтдим. Мана шунинг оқибатида маданиятимиз орқада қолаётганини таъкидладим. Марказий Комитет ёнида ўзбек халқининг ривожланиш тарихи, маданияти тарихи намояндаларининг суратларини, улар ҳақидаги материалларни тўплайдиган архив бўлими очиш керак. Бу маданиятимизнинг олтин фонди бўлиб қолади. Сизлар бугун келиб эртага кетадиган амалдорсизлар. Аммо ўзбек халқининг талантли олимлари, санъаткорларининг иши келажак авлодларга мерос бўлиб қолиши керак, дедим. Шунингдек, нотиқлик, бадиий сўз санъатини ривожлантиришни кенг йўлга қўйиш кераклиги ҳақида ҳам тўхталдим. Аммо таассуфки, фикрларим баъзиларга ёқмади. Маълумки, улар нотиқ эмасди. Сўз санъатининг сеҳрини ҳис қилмасдилар. Фикрларимга эътироз билдириш билан чекланмай, зимдан зарба бера бошлашди. Уйим тинтув қилинди. Қамаб юборишларига оз қолди. Мана шулар оқибатида турмушимнинг анчагина қисми лўлиларнинг ҳаёти каби ижарама-ижара саргардонликда кечди. Мен ҳақимда ёзиб Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётига топширилган рисолани чоп этиш ман қилинди. Лекин мен бу таҳқирлашлардан тушкунликка тушмадим. Ҳар кун эрта тонгда болалигимда ўрганган бир форсий тўртликни оятдай такрорлашга ўргандим.
Вақтеки ту омади ба дунё урён,
Олам ҳама хандону ту буди гирён.
Як коре бикунки вақти рафтан,
Олам ҳама гирёну ту боши хандон.
(Мазмуни: Сен қип-яланғоч дунёга келганингда ҳамма кулиб, сен йиғлаган эдинг. Шундай бир иш қилгинки, ўлганингда ҳамма йиғлаб қолсин, сен кулиб кетгин).
Атрофимда рўй бераётган очкўзлик, юлғичлик, порахўрлик, мешчанлик каби иллатларга қарши йиғинларда турли антиқа ривоят, ҳикоятларни, Шайх Саъдий рубоийларини ўрганиб ижро этардим. Шулардан биттасининг мазмуни мана бундай: «Эй дил, нега олам ишидан бехабарсан? Кечаю кундуз бойлик ҳақида ўйлайсан. Бу дунёда тегишинг битта кафан, холос, уни ҳам олиб кетасанми-йўқми, гумон».
— Шарқ классик шеъриятига, умуман умуман бадиий сўз санъатига қизиқишингизнинг боиси нимада?
— Бунга ёшлигимда отам Мирза Ҳамид қори, заъриф таъбли амаким Мирза боболар сабабчи бўлишган. Улар мени 1927 йилда Қўқонда ном қозонган муаллимлардан бири Пўлат Қаюмов раҳбарлик қилаётган мактабга ўқишга беришди. Бу мактабда Усмон Носир, Амин Умарий, Темур Фаттоҳ, Ўткир Рашид билан бирга таҳсил олдик. Менинг шоирликка ҳавасим ана шу дўстларим даврасида куртак отди.
Мактаб қошида «Фирқа» клуби ташкил этилганди. Қўқон вилоятининг забардаст санъаткорлари иштирокида бу клубда мунтазам концерт ва спектакллар қўйиб бериларди. Бу санъаткорлар орасида Ҳ. Ҳ. Ниёзий, Миршоҳид Мироқилов, Мария Кузнецова, Абдураззоқ новча ва бошқалар бор эди. 1928 йилда клубда ёшлар драма тўгараги тузилди. Наби Раҳимов, Ҳожиқурбон Назаров, мен тўгаракка фаол иштирок этардик.
1929 йилда бизни Самарқандда ташкил этилган янги республика театрига ишга чақиришди. 1930 йилда эса театр Тошкентга кўчирилди (ҳозирги Ҳамза номидаги академик драма театри). Энди мен спектаклларда Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов каби етук санъаткорлар билан саҳнага чиқардим. «Жалолиддин Мангуберди» (Шайхзода асари)да Темур Малик, «Эрнст Тельман»да Тельман, «Ҳамлет»да биринчи актёр образлари қиёфасида томошабинларга танилдим. Айниқса «Ҳамлет»даги биринчи актёр монологини ўкиганимда зал сув қуйгандек сукутга чўмарди. Кўпчилик томошабинлар ана шу монологни тинглаш учун нечанчи бор қайта спектаклга тушаётганликларини изҳор қилишар, кўнглимни тоғдек кўтаришарди. «Сенинг талаффузингни яхши кўраман, — деди Маннон Уйғур бир гал бу монолог ҳақида гап кетганда. — Шунинг учун ҳам спектаклнинг шу саҳнаси келганда залга кириб эшитиб ўтираман».
Устоз санъаткорлар билан ишлаш қанчалик мароқли бўлмасин, театр мени кейинчалик қониқтирмай қўйди. Меҳнаткашлар билан юзма-юз ўз кечинмаларимни, юрагимнинг туғёнларини тўкиб солишни истаб қолгандим. Шу истак-орзу, сўз айтишга ташналик мени санъатимиз дарғалари бўлмиш қадрдонларим даврасидан чиқиб, Ўзбек Давлат эстрада театри (ҳозирги Ўзбек Давлат филармонияси)га ишга киришимга сабаб бўлди. У ерда бадиий сўз ижрочиси бўлиб ишлай бошладим. Бадиий ўқиш санъати орқали мен ўзим учун зарур йўл топгандай бўлдим. Чунки бу жанговар ва сафарбар этувчи жанр театр етиб боролмайдиган бурчакларга ҳам нур каби кириб боришга қодир эди. Айниқса, уруш йиллари нотиқлик санъати фашистларга қарши қуролга айланди. «Ҳамма фронтга!», «Ҳамма нарса фронт учун!» даъваткор шиорлари янграган пайтда сўз санъатининг қудрати беқиёс эди. «Ўртоқ комиссар», «Лениннинг Финландиядан қайтиши», «Жангчи ва булбул», «Улуғ ном» каби асарларимни халқ олдида — ҳарбий комиссариатда, ишчи-колхозчилар ҳузурида ўқиб, неча бор қайта-қайта таскин топганман.
— Санъатшуносларимиз ҳозирги замон Совет ва жаҳон бир актёр театри жанрига ўзбек бадиий сўз ижрочилиги санъати асос солган деб таъкидлайдилар. Сизнингча, уларнинг бу даъвоси тўғрими?
— Театршунослар А. Я. Закушнякни совет бир актёр театри жанрининг асосчиси деб атайдилар. Чиндан ҳам А. Я. Закушняк бадиий сўз ижрочилиги санъатини мустақил театр, мустақил профессионал жанр даражасига кўтарди. Бу борада унга ўзбек халқ бадиий сўз ижрочилиги санъати қўл келган.
Гап шундаки, В. Э. Мейерхольд, В. Ф. Комиссаржевская каби йирик санъаткорлар билан ҳамнафас ижод килиб юрган профессионал актёр А. Я. Закушняк 1910 йиллар дан бошлаб «Интим ўқишлар оқшоми» номи билан кечалар ташкил этиб, тор доирада ҳикоялар ижро этиб юрган. Ўша йили улар Тошкентга келишади. Закушняк бозор майдонида қуёш селини писанд қилмай ниманидир миқ этмай томоша қилиб ўтирган оломонни кўради. Уларнинг олдида баланд ва узунчоқ арава устига чиқиб олган, башанг кийинган бир ўзбек, ажиб бир мусиқий овозда нималарнидир ҳикоя қилаётганди. У гоҳ алвон рангли чопонига бурканар, гоҳ гўё ўзининг қўли остида турган қандайдир майда нарсаларга ишора қилиб, овоз оҳанги ва қомати ҳолатини тез-тез ўзгартириб турарди. Закушняк ҳаяжонга тушади. У ўзи учун зарур шаклни топганди! Шундай қилиб, ўзбек бозорида топилган бу жанр Закушняк истеъдодидан баҳра олиб, Совет Иттифоқи бўйлаб, сўнгра эса бутун жаҳон бўйлаб тарқалди.
— Дарҳақиқат, санъатшуносларимиз ўзбек бир актёр театри тарихини сизнинг номингиз билан боғлаб талқин этадилар.
— А. Я. Закушняк тажрибалари мен учун мактаб ролини ўтаган. Янги иш жойимда деярли ҳар куни ўз устимда ишлаш, томошабин олдига чиқиш имкониятига эга эдим. Шу билан бирга, сиёсий тарғиботнинг энг фаол шакли билан шуғулланишга эҳтиёж сездим. Дастлабки чиқишларимда В. Маяковский, Ҳ. Олимжон, Ғ. Ғулом шеърларидан тузилган ўн-ўн беш минутлик адабий саҳналарни ижро этдим. Кейинроқ мустақил равишда шеърият кечалари ташкил этишга киришдим. Афишаларда «Адабий концерт» деб аталмиш эълонлар пайдо бўлди. Навоий, А. С. Пушкин, Ҳамза, Ғафур Ғулом, Уйғун, Шайхзода ва яна ўз асарларимдан ташкил топган бадиий ўқишлар тингловчиларнинг қабул қила олиш даражасига қараб 45 минутдан бир ярим соатгача давом этарди. Мана шундай қилиб, ўзбек бир актёр театри жанри республикамизда ўз ҳаётини бошлади.
1952 йилда Борис Печорин «Улуғ ҳаёт саҳифалари» номли икки бўлимдан иборат адабий-бадиий асар устида иш бошлади. Унда В. И. Ленин, Я. М. Свердлов, Ф. Э. Дзержинский, С. М. Киров каби бир қатор давлат арбоблари номидан гапирилади. Бу асар билан мен Ўзбекистоннигина эмас, бир неча қардош республикаларнинг ҳам кўпгина вилоят ва районларини ҳам кезиб чиқдим.
Кейинроқ Расул Ризонинг «В. И. Ленин» поэмаси асосида «Ленин ва Шарқ», шунингдек, «Сўнмас у кунлар шуҳрати», М. Горькийнинг «Инсон» номли фалсафий асари асосида адабий ўқиш материаллари ёзилди.
— Булар ҳақда Борис Печорин шундай дейди: «Бу бадиий ўқиш материалларининг ғоясини даставвал Ҳамидов берди. Қолаверса, уларнинг қандай асар ва лавҳалардан иборат бўлиши, материал танлаш ва монтаж қилиш жараёнига ҳам у жуда фаол қатнашди». Ижро этиладиган спектаклнинг тили жуда равон, кундалик оддий сўзларга яқин ва пишиқ бўлиши шарт. Акс ҳолда, у китобий бўлиб қолади ва тингловчига таъсир этмайди.
* * *
Санъатшунос С. Имомхўжаев «Сўнмас у кунлар шуҳрати» адабий ўқиш спектаклини ҳозирга қадар ўзбек бир актёр театри жанрининг шоҳ асари деб баҳолайди. Умуман, олим Муҳсин Ҳамидовнинг қувваи ҳофизаси ҳақида дейди: «Айтайлик, Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев каби йирик актёрлар энг ками 15—20 соатлик асарларни ёд билганларки, бу бир томондан ғайриоддий, иккинчи томондан машқ қилиб чиниқтирилган хотира кучининг маҳсулидир. М. Ҳамидов ҳам айни шу тоифадаги кишилар, яъни бир ёқдан табиатан юксак даражада тараққий этган хотира кучига эга бўлган, иккинчи томондан эса, ўзининг ана шу табиий имкониятларини махсус машқ ва изланишлар орқали ривожланган кувваи-ҳофизаси олий даражагача ривожланган санъаткорларнинг сони бутун республика бўйича ҳам бармоқ билан санарлидир. Муҳсин Ҳамидов ана шу кам сонли санъат алломасидир.
У бир чиқишнинг ўзида бир-бир ярим, ҳатто икки соатлик асарни ёддан гапиради. Ижро этганда ҳам шундай эмоционал, туғён, шундай табиий эҳтирос, ҳиссиёт билан ижро этадики, худди асар биров томонидан ёзилган эмас, худди шу топда унинг юраги қаъридан қайнаб чиқаётгандай таассурот қолдиради. Шунинг учун ҳам кўпчилик тингловчилар унинг қувваи-ҳофизасидан ҳангу манг бўлиб қоладилар. «Шунча нарсани қандай эслаб қоласиз?» деб сўрайдилар. Ҳолбуки, ана шу узоқ муддатлик асар Муҳсин Ҳамидов ёд билган ҳамма нарса эмас, балки унинг хотира хазинасидаги беҳисоб бадиий жавоҳирларнинг фақат бир қисми холос.у
Суҳбатдошимга олимнинг бу фикрларини айтиб, сўрадим:
— Чиндан ҳам Сизнинг бадиий ўқиш санъатингиз олдида ҳайратга тушмай илож йўқ. Айтинг-чи, сиз бунга қандай эришасиз? Бунинг биз тингловчиларингизга маълум бўлмаган сири борми?
— Бунинг сири инсон иродасининг тобланишида, деб биламан, — жавоб беради санъаткор. — Нотиқ бўлиш учун одамда аввало ёниқ дил бўлмоғи лозим. Яъни у қайнай билиши зарур. Бизнинг кўпчилигимиз дангаса бўлиб кетганмиз. Ўз нутқ маданиятимиз, сўз бойлигимиз устида ишлашни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Сўзда аввало ўзингиз бўлишингиз керак. Ана шундагина у тингловчига бориб етади. Шу билан бирга, маълумот, ирода, фидойилик талаб қилинади.
Мен ҳар бир бадиий асарни ёдлаш учун бир-икки ҳафта сарфлайман холос, Асар доирасидаги бажариладиган ҳаракатлар аниқ бўлгандан кейин сўзлар ўз-ўзидан ёд бўлиб қолади.
Адабий асарни асосан эрталаб, соат 5—6 ларда туриб, бирор сокин боғда ёки хиёбонда ёдлайман. Эрта тонгдаги икки соатлик ёдлаш асарнинг жуда яхши эсда қолишига ёрдам беради.
— Шоирларимизнинг ўз шеърларини ўқиш санъати борасида нималар дея оласиз?
— Биласизми, шеърни насрга яқинлаштириб ўқиш яхшироқ натижа беради. Шахшахадор қилиб ўқиш маданиятдан эмас. Қуёшми, қуёшнинг ҳароратини бера ол ўқувчига. Насрни эса назмга кўчирсангиз, ўқувчи қофияни ўзи топиб олади. Ҳозир эса бизда шеърнинг сатрларини чўзиб, худдики лўли фол очаётгандай ўқийдилар. Бу билан шеърнинг қимматини тушириб юборганликларини билишмайди. Шоирми, профессорми ёки халқ раҳбарими, ўз вазифасини ҳалол уддалашни истаса, аввало нотиқлик санъатини эгаллаши лозим. Доҳиймиз В. И. Ленин, Киров, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов ҳам зўр нотиқликлари билан халққа таъсир қилганлар. Илгари Н. Муҳиддинов Наманган вилояти партия комитетининг секретари вазифасида ишларди. Ленинградда ўтган йигилишларнинг бирида сўзга чиққанда унинг талаффузига ленинградликлар ҳайратда қолишган…
— Шогирдларингиз?
— Афсуски, улар йўқ. Тошкент Театр ва рассомлик институти талабаларига икки йил бадиий ўқиш санъатидан дарс бердим. Аммо ёшларимизнинг бадиий ўқишни ўрганишга қунт қилмасликлари, сўзга ҳарорат бағишлай олмасликларини кўриб, ҳафсалам пир бўлган. Бадиий ўқиш кафедраси очилса, эҳтимол, ишлар юришиб кетармикан, деган умид билан ректоратга мурожаат қилдим. Аммо илтимосимни инобатга олишмади. Жуда катта соҳа бу. Аввало жағларни ишлата билиш, овоз, нафас олиш устида ишланса, ҳатто чўпдан нотиқ тайёрласа бўлади.
Суҳбатни Н. Йўлдошева ёзиб олди.
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 8-сон