Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм. «Қуръон» сўзи араб тилида «Қироат» маъносини англатади. Қуръон Ислом динининг муқаддас китоби сифатида маълум.
Уламолар бу илоҳий китобни таърифлаб: «Қуръон Оллоҳнинг мўъжиза каломи бўлиб, Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали тушган, тиловати ибодат ҳисобланувчи китобдур», дейдилар.
Мазкур таърифдаги «мўъжиза» сўзини инсонлар бу каби сўзларни айтишга ожиз, деб, «ваҳий»ни эса Оллоҳнинг Жаброил фаришта орқали ўз Пайғамбарига зудлик билан хабар етказиши деб тушунмоқ керак.
Ишончли ислом манбаларида ривоят қилинишича, Муҳаммад алойҳиссалом 40 ёшга етганларида, Макка шаҳри яқинидаги Ҳиро номли ғорда ёлғиз қолиб, ибодат билан машғул лайтида, Жаброил фаришта у кишига биринчи бор Қуръон оятларини келтирган. Одатда фаришта келиб Пайғамбар алайҳиссаломга оятларни ўқиб берар, у киши эса ёдлаб олиб, ўз шерикларига ўқиб етказар, улар ҳам ўз навбатида шундай қилар эдилар.
Ўша даврларда мутлоқ кўпчилик, шу жумладан Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўқиш-ёзишни билмаганликлари учун асосий эътиборни ёдлашга қаратишган. Араблар эса ёд олиш қобилияти ниҳоятда ривож топган халқ сифатида қадимдан машҳур. Ўша пайтда оз сонли кишиларгина ўқиш-ёзишни билганлар. Саводлилар ичидаги мусулмон одамлар Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатмаларига биноан ёзиш имкони бўлган нарсаларга Қуръон оятларини ниҳоятда аниқлик билан ёзиб борганлар. Бу иш шу тариқа 23 йил давом этган. Оятлар одамларнинг саволларига жавоб вазифасини ҳам ўтаган, юз берган ҳодисаларга шарҳ ҳам битишган. Бирор ҳукмнинг тўғри ёки нотўғри экани баён қилина борган. Қуръони мажид оятлари кўкдан тушган, ёдланган, ёзилган; бир пайтнинг ўзида амал ҳам қилинган. Пайғамбар алайҳиссалом вафот этганларида саҳобалар, у кишининг кўп сафдошлари Қуръони каримни тўлиқ ёд билганлар.
Халифа Абу Бакр Сиддиқ даврида муртад (диндан қайтган)ларга қарши ғазавотларда кўплаб қорий саҳобаларнинг шаҳид бўлаётганини кўриб, ҳазрати Умар Ибн Хаттоб халифага Қуръони каримни ёзма равишда жамлаб қўйишни таклиф этди. Ушбу таклиф асосида халифа Абу Бакр буйруғи билан энг зеҳнли, ёш ҳамда Пайғамбар алайҳиссалом охирги марта Қуръонни аввалидан охиригача тиловат қилганларида ҳозир бўлган саҳобий Зайд ибн Собит ва ҳазрати Умар, ўзлари ниҳоятда пухта ёд билишларига қарамай, Пайғамбар ҳузурида ким оятларни ёзиб олган бўлса, ўша ёзувларни ишончли гувоҳлар билан келтиришни сўрадилар. Ниҳоятда аниқлик ва зийраклик билан илмий иш олиб борилди, барча оятлар кийик терисидан қилинган саҳифаларга ёзиб жамланди.
Мазкур саҳифалар халифанинг уйига қўйилди.
Учинчи халифа Усмон ибн Аффон даврларида араб бўлмаган кўплаб ўлкаларда ислом кенг тарқалди. Турли халқлар мусулмонликии қабул қилдилар. Табиийки, улар ислом таълимотларини, энг аввало Қуръони мажидни ўрганишга киришдилар. Шу жараёнда кишмлар ўртасида Қуръон ўқиш борасида ихтилофлар туғилди. Саҳобалардан Хузайфа Ибн Ямон биринчи бўлиб бу хавфни англаб етдилар ва халифа Усмонга бунинг олдини олишни маслаҳат бердилар.
Яна Зайд ибн Собит раҳбарлигида гуруҳ тузилди ва унга Абу Бакр замонида жамланган саҳифалардан бир неча нусха кўчириш топширилди. Гуруҳ аъзолари бу масъулиятли ишни муваффақият ила адо этиб, олти нусхани кийик терисига ёзиб, китоб шаклига келтирдилар. Халифа ҳазрати Усмон ўзларига бир нусха олиб, қолган нусхаларни битта-битта машҳур қорийлар билан турли вилоятларга юбордилар ва барчага фақат мазкур нусхалардан кўчириш ҳамда қорийлардан таълим олиш ҳақида фармон бердилар.
Кўплаб ривоятларнинг бирида айтилишича, Қуръони каримни Амир Темур Кўрагоний Шомдан Самарқандга келтирган. Туркистон рус аскарлари томонидан босиб олингач, Қуръон Петербургга олиб кетилган. Октябрь инқилобидан сўнг В. И. Ленин мусулмонларга уларнинг муқаддас китобини қайтариб берилишига қарор қилган.
Қуръон поезд вагонида кучайтирилган қўриқчилар назоратида Уфага, кейин Тошкентга келтирилган. Бир неча вақт у бизнинг диний бошқармамизда сақланди, кейинчалик Ўзбекистон халқлари тарихи музейига топшириб юборилди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари IV Қурултойида Диний назорат ихтиёрига қайта топширилган Қуръон нусхаси, халифа Усмон розийаллоҳу анҳу буйруғи билан ёзилган ўша нусхаларнинг биридир.
Бугунги кунда чоп этилаётган кўп сонли Қуръонлар ҳам ушбу нусхаларга мос бўлиши шарт, шу сабабдан ҳар бир нусхага «Ушбу Қуръон халифа Усмон нусхасига мосдур», деган жумла ёзиб қўйилади.
Шу тариқа бу муқаддас китоб бирор ҳарфи ўзгармай авлоддан-авлодга омон етиб келмоқда.
Одатда бирор китобни қўлга олиб, номини ўқиш биланоқ ўқувчида унинг ичида нималар ҳақида сўз бориши тўғрисида фикр шаклланади. Китоблар бобларга, қисмларга бўлинган бўлиб, ҳар боб ёки қисм сарлавҳасидаги маъно унинг ичида кенгайтирилади.
Қуръони каримда эса аксинчадир, турли мавзулар аралаш келган, ахлоқ-одоб ҳақидаги оятдан сўнг жаннату дўзах тўғрисида сўз юритилади ёки никоҳга оид оятлардан сўнг иқтисод ҳақидаги оятларга дуч келасиз. Шунингдек, унда ўтган умматлар ҳақидаги қиссалар, тарих, жўғрофия, илми фалак, илми табиат ёки бошқа илмларга тегишли оятлар ҳам учрайди ва ҳоказо.
Бундай ҳол ўқувчида: «Қуръон ўзи қандай китоб?» деган савол туғдиради, албатта. Жавоб шулки, Қуръони шариф — ҳидоят китоби, яъни инсонларни лутф билан тўғри йўлга бошловчи китоб. Ундаги тарих, тиббиёт, кимё каби бошқа илму фанлар ҳақидаги оятлар ҳам инсон ақлига хитоб бўлиб, уни ҳидоятга чорлаш учун хизмат қилади.
Ўқувчи Қуръони мажид сураларидан бирини ўқиётиб, бир оятнинг маъносини тушунгандан сўнг, бу ҳақда охирги ҳукмни чиқаришга шошилмаслиги керак. Чунки худди шу мавзудаги бошқа бир оят ёки оятлар ўзга сураларда ҳам бўлиши ва сиз ўқиган оятга қўшимча аниқлик киритиши мумкин. Шунинг учун бир мавзудаги ҳамма оятларни тўплаб, солиштириб сўнгра хулосага келиш керак. 23 йил давомида нозил бўлган Қуръони каримни бир ўқишда тўла тушуниб етиш мушкул иш.
XIV асрдан кўпроқ вақтдан буён Қуръони шариф кўпчилик эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда. У ҳақда сон-саноқсиз китоблар ёзилган, кўплаб тафсирлар битилган. Ислом, араб оламидаги ҳар бир соҳа Қуръонга боғланмай иложи йўқ.
Ҳатто наҳв, сарф каби тил қоидалари соҳасидаги илмлар ҳам Қуръони мажид атрофида вужудга келган ва ривожлантирилган.
Шунингдек тарих, жўғрофия, адабиёт, фалсафа каби илмлар ҳам Қуръон билан чамбарчас боғлиқ.
Устига устак диёримизнинг улкан маданий мероси ҳам талай жиҳатлари билан мана шу китобга боғлиқдир. Бобокалонларимиз Ибн Сино, Форобий, Беруний, ал-Хоразмий ва бошқаларнинг бизга қолдириб кетган улкан илмий меросларида Қуръони карим оятларидан, унга боғлиқ илмлардан кенг миқёсда фойдаланилган. Қуръонни тушуниш — уларни яхшироқ англашга ёрдам беради, Шоирларимиз Хожа Аҳмад Яссавийдан Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Машраб, Сўфи Оллоёргача, бу ёғи инқилобгача ва ҳатто инқилоб даврида ўтган кўплаб қалам аҳллари ижодида Қуръоннинг катта таъсири бор. Уларнинг барчаси ўз замонасининг илғор фарзанди бўлганлар. Табиийки, улар Қуръондан ва бошқа диний илмлардан яхши хабардор бўлганлар. Шу боисдан асарларида бир-икки сўз билан Қуръони карим оятларию қиссаларига ишора қилиб кетадиларким, Қуръондан бехабар одам уни тушуниб етиши амри маҳол.
Мазкур мулоҳазалардан келиб чиқадиган хулоса шулким, ўзини маданиятли деб билган ҳар бир киши Қуръондан хабардор бўлиши керак.
Қуръони карим ахлоқ-одоб, инсоний тарбия китоби ҳамдир. Ҳозирги маънавий, руҳий тарбияга катта эътибор бериб турилган бир пайтда бу нарса катта аҳамият касб этади. Ёшларни ота-онага, ўзидан катталарга ҳурмат-эҳтиромли, муҳтож кишиларга меҳр-шафқатли, одоб-ахлоқли, жамиятга фойдали кишилар бўлиш руҳида тарбиялашда ҳам Қуръон муҳим ўрин тутади.
Қуръон дунёда энг кўп тарқалган китоб ҳисобланади. Турли тилларга таржима, шарҳ қилинган Қуръон билан барча халқлар танишдир.
Лекин бир вақтлар ўлмас асарлар яратган забардаст уламолар юрти, Қуръонга тафсир ёзган Жоруллоҳ Замаҳшарий, Фахриддин Розий, Абул Баракот Насафий, Абу Мансур ал-Мотурийдий ва бошқа улкан муфассирлар юрти бўлган бизнинг ўлкамизда яшаётган авлодларнинг асосий қисми юз йилдан ошдики, Қуръонни ўқиб-англашдан маҳрум эди, таржима ҳам, тафсир ҳам йўқ эди.
Тўғри, муҳожирликда яшаётган баъзи ватандошларимиз, жумладан Мулло Маҳмуд Тарозий бу ишга қўл урганлар, лекин улар ўз воқеликларидан келиб чиқиб қилинган таржималардир.
Юртимизга, кишиларимиз қалбига ҳурфикрлик, эркинлик, миллий муносабатларни яхшилаш, ўтмиш маданий меросига ҳурмат, диний таълимотларга янгича эҳтиромли муносабатни олиб келган қайта қуриш ва ошкоралик ўлароқ Қуръонни ўзбек тилига туржима қилиш ҳаракати бошлангани қутлуғ воқеадир.
Шу муносабат билан кишиларимиз орасида Қуръони карим таржимаси ҳақида турли баҳс ва фикрлар борлиги табиийдир. Мазкур фикрлар хилма-хил, мунозарали бўлиши ҳам турган гап. Одатда, бундай ҳолатда мутахассис уламолар фикри ҳал қилувчи ўринни тутади. Шу боисдан қадимда ҳам бундоқ фикр алмашувлар рўй берганини, уламоларимизнинг бу масалада берган фатво ва кўрсатмаларини эслатиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.
Қадимги ва ҳозирги уламолар барчаси, Қуръон оятлари Оллоҳнинг мўъжиза каломи, унга ўхшаш каломни на араб, на бошқа тилда келтириб бўлади, деганлар…
Қуръони каримни тушуниш кишиларнинг илми, савиясига қараб турлича бўлади. Шунинг учун ҳам кишиларга Оллоҳнинг каломини тушунтиришга хизмат қилувчи «тафсир» илми таърифида уламоларимиз: «Инсоннинг Каломуллоҳни тушуниш учун қўлидан келганича ҳаракат қилиши тафсирдур», деганлар. Шу боисдан тафсирлар ҳам турличадир.
Мазкур фикрларга биноан уламолар, Қуръонни таржима қилиб бўлмайди, деган ҳукмни айтганлар. Яъни, таржима араб тилидаги Қуръон даражасида бўлмайди, мўъжизалик хусусиятини йўқотади, деганлар. Шунинг учун ибодатда Қуръони мажид фақат арабча ўқилади, ҳукм чиқаришда, Қуръонга тегишли барча ишларда ҳам худди шундай қилинади.
Демак, Қуръоннинг ўзини эмас, балки маъносини таржима қилиш мумкин. Ҳозирги кунда мавжуд барча тиллардаги таржималар ҳам Қуръони карим маънолари таржимаси деб аталади.
Холисона айтиш керак, аҳли дин қайта қуриш ва ошкоралик сиёсатидан алоҳида фойда олган тоифа бўладилар. Авваллари кўплаб қувғинлар, сиқувларга дучор бўлган бундай кишиларга энди муносабат адолат томон ўзгарди. Бунинг учун шукрона этмак жоиз.
Диний таълимотлардан инсон манфаати учун фойдаланиш, жамият ҳаётидаги салбий кўринишларни йўқотишда диндорларнинг фаол иштирок этиши кучаймоқда. Қуръон маъноларини ўзбек тилига ўгиришга қарор қилингани беқиёс омил бўлди.
Шубҳасиз, бу иш биринчи тажриба бўлса-да, халқимиз маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлиб қолади. Чунки Қуръони карим — улкан муқаддас мерос ва халқимиз тарихида ниҳоятда муҳим ўрин тутган мўътабар китобдир.
Менимча, бу илмий иш ўзбек тили қудратига шубҳа билан қараётган баъзи гумончиларга зарба бериши, ўз халқимизга эса она — ўзбек тилининг имкониятларига бўлган ишончларини янада мустаҳкамлаши лозим. Шўролар иттифоқида сон жиҳатидан учинчи ўринда турадиган, бир неча миллион фарзандлари чет элларда яшаётган ўзбек халқининг она тили нақадар гўзал эканини ҳам кўз-кўз қилишимиз лозим.
Таржимонларимиз олдида ниҳоятда машаққатли ва шарафли иш турибди. Қуръондек мўъжиза китоб маънолари таржимаси, албатта, осон бўлмайди. Хусусан узоқ давом этган диний саводсизлик ўзини кўрсатади. Чунки ҳозирги қалам аҳли, таржимонларимиз нафақат араб тилидан таржима қилиш, балки диний истилоҳларни ҳам кам ишлатадиган бўлиб қолишган. Диний илми борлар эса аксинча, фақат оғзаки нутққа эътибор бериб, ёзма ишлардан четда қолганлар. Ўзингиз ўйлаб кўринг, кўп йиллардан бери бу мавзуда ҳатто бирорта кичикроқ мақола ҳам чоп этилмаган.
Лекин хайрли ишга доимо жонкуярлар топилади, диний, илмий ва адабий ходимлар бирлашиб ҳамкорликда Қуръони карим маъноларини таржима қилиб, халқимизга тақдим этишга бел боғладилар.
Тажриба сўзма-сўз таржима мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатди. Шунинг учун изоҳли таржима ихтиёр қилинди. Қуръондаги баъзи оятларнинг тушиш сабабларини билгандан кейингина тўлиқ тушуниш мумкинлигини эътиборга олиб, керак бўлганда мазкур сабабларни ҳам зикр қилиб ўтишга келишилди. Шунингдек, баъзи бир сўзлар, истилоҳлар етарлича изоҳ талаб қилади, баъзи жўғрофий номлар, аввалги пайғамбару умматлар ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар борки, шарҳсиз, изоҳсиз тушуниш қийин. Изоҳли таржима қилишга сабаб шу.
Ўзбекистон Жумҳурияти Ёзувчилари уюшмасининг ҳайъати Қуръонни ўзбек тилига ўгиришга қарор қилгани, уюшманинг таржима маркази мазкур таржима ҳақида маъқулловчи фикр билдиргани, кўп йиллардан буён халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутиб келаётган «Шарқ юлдузи» журнали таҳрир ҳайъати бу ишга ташаббускор бўлгани ҳаммамизни хурсанд қилди.
Айрим биродарларимиздан, Қуръон таржимаси чоп этилса қандай бўларкин, ахир бу — муқаддас китоб, журнал саҳифалари ерга тушиб, оёқости бўлиши мумкин, деган фикрларни эшитдик. Бу андишага шундай жавоб қилиш жоиз. Биринчидан, Қуръон «Шарқ юлдузи»да саноқли саҳифаларда шу тарзда босиладики, уларни ажратиб олиб китоб ҳолига келтирса бўлади. Иккинчидан, инсонни эзгуликка ундовчи ҳар қандай калом ёзилган қоғоз оёқости қилинса, бунинг учун журнал, газета ёки китоб айбдор эмас, уларни оёқости қилган одамлар гуноҳкордир. Бинобарин, биз — биродарлар, аввало ўзимиз, хеш-ақраболаримиз бундай хатоликлардан холи бўлишимиз, қолаверса, фарзандларимизни, ёшларни шунга даъват этишимиз айни муддао бўлади, деб ўйлаймиз.
Аввал таъкидлаганимиздек, мазкур таржима Қуръон маъноларини замонавий ўзбек тилига ўгиришда илк тажриба. Унинг ўзига яраша фазилат ва камчиликлари бўлиши мумкин (таржима бизнинг назоратимиз остида чоп этилмоқда). Ҳарқалай бу хайрли иш маданий ҳаётимизда катта воқеа деб ўйлаймиз ва бу билан журналхонларни муборакбод этамиз.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний Бошқармасининг раиси, муфтий
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 3-сон