Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
«Ёшлик» журнали саҳифаларида ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Ўтмишни унутганнинг келажаги булмайди» бадиасини қизиқиш билан ўқиб чиқдим.
Араблар «Ўтган халқларнинг ким эканлигини билмоқчи бўлсанг, қолдирган асарларига қара» дейди. Ҳақиқатан осори-атиқалар ҳар бир халқнинг қобилияти, маънавияти ва бошқа хусусиятларини очиқ-ойдин кўрсатиб беради.
Ёзувчи зикр қилган мадраса, масжид, хонақо, шифохона, карвонсарой ва работлар бизнинг ота-боболаримиз ким эканлигини ёрқин кўрсатиб турган бўлса, мазкур осори-атиқаларнинг бугунги аянчли ҳоли зукко, хассос боболарнинг бугунги набиралари ким бўлиб қолганини яққол намоён қилмоқда.
Биз ҳам ўзлигимизни англаб, йўл қўйилган хатоларни тузатишимиз вақти аллақачон келиб етди. Боболаримиз ўзларининг суюкли жуфти ҳалоллари шаънига, момоларимиз кўз очиб кўрган эрларига бир умр содиқлик рамзи сифатида масжидлар қурдирган бўлсалар, биз набиралар ўша улуғ бобо ва момолар хотираси ҳурмати, улардан қолган меросни сақлаб қолишга ҳаракат қилайлик.
Абдуқаҳҳор Иброҳимов тошкентлик бўлгани учунми, фақат пойтахтдаги меъморчилик обидалари ҳақида сўз юритган. Жумҳурият миқёсида сўз юритадиган бўлсак минглаб меъморчилик дурдоналари, халқимизнинг улкан маданий мероси ер юзидан супуриб ташланганини афсус билан айтмоқ лозим бўлади.
Динга қарши кураш ниқоби остида халқимизга кўпдан-кўп зарар етказилганини тўла тушуниш учун анча вақт керак бўлади.
Ҳар бир нарса нимага аталган бўлса ўшанга хизмат қилгани маъқул. Масжидлар нимага аталганини ҳаммамиз яхши биламиз, шунинг учун ҳам ҳозирда диндорлар ихтиёрида турган масжидлар ҳавас қиладиган даражада. Ўзгаларнинг ҳолини ҳам кўриб турибмиз…
Қайта қуриш шарофати билан баъзи масжидлар мусулмонларга қайтариб берилди ва улар ислоҳ қилинмоқда. Шу жумладан А.Иброҳимов зикр қилган Сақичмон маҳалласидаги «Тўхтабой» жомеъ масжиди ҳам.
Шубҳасиз, халқимиз бойлиги бўлган обидаларнинг ҳозирги аянчли ҳолга тушиб қолишида ҳаммамиз айбдормиз. Лекин биринчи навбатда шу аҳамиятли ишга масъул бўлган, шунинг орқасидан нон еб, қорин тўйғазган мутасаддилар айбдордир.
Очиғини айтиш керак, бу ишда лаёқатсиз, масъулиятни ҳис қилмайдиган ва халқнинг миллионлаб пулини беҳуда сарфлашга устаси фаранг кишилар ва уларнинг яқинлари тўпланиб олишган. Уларнинг фаолиятини ҳеч ким жиддий тафтиш қилмайди. Баъзи обидаларнинг ислоҳи 20-30 йиллаб давом этса ҳам натижа йўқ.
Хеч эсимдан чиқмайди, ҳозирги Имом Бухорий номли Тошкент Ислом маъҳади жойлашган «Намозгоҳ» масжиди ташландиқ жой бўлиб, ахлатхонага айланган эди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошк,армаси маъҳад очиш мақсадида мазкур бинони ислоҳ қилишни бошламоқчи бўлганда баъзи кишилар «Ўликни тирилтириш билан баробар иш» деб айтган эдилар. Лекин мусулмонларнинг ҳиммати билан «ўлик» обида тирилди. Ислоҳ ишлари тамом бўлиб дарслар бошланган вақтда ёдгорликларни сақлаш ташкилотидан тайёрига айёр одамлар келиб у ёғини-бу ёғини ўлчаб, ғишт қаторларини санаб, ҳужжатлаштириб бўлиб, «бу бино бизнинг ҳисобимизда, рухсатимизсиз бирор ғиштга ҳам қўл теккизмайсизлар» деб кетдилар.
Хайриятки, халқимиз тушуниб етиб, обидаларимиз ҳақида қайғуриб қолди, бу жуда катта гап. Лекин масъул кишилар ҳали тушуниб етмаган кўринадилар. Муаллиф айтиб ўтган ва бошқа маҳаллалардан отахонлар тинмай мурожаат қилишиб, масжидларни қайтариб берилишини сўрашиб, ислоҳни ўз зиммаларига олишларини айтмоқдалар. Лекин уларнинг сўзига қулоқ осадиган мард қани? Кундуз куни чирок, ёк,иб топиб бўлмайди. Уйлаб кўринг, ўзлари эплаб ислоҳ қилиша олмаса, ислоҳ қилишни зиммасига олганларга имкон беришмаса, буни нима деб айтиш мумкин? Бунинг устига маҳаллалардаги отахонлар учун қандай эътибор, аҳамият берилганки, уларнинг бирдан-бир овунчоғи, жамоат бўлиб намоз ўқиш учун ўзлари масжидни ислоҳ қилиб олишмоқчи бўлсалар-у, рад жавоб олсалар, буни нима дейиш мумкин?
Халқнинг ташаббусини сўндириш ўрнига рағбатлантириш лозим.
Муаллиф турар жойлар, кўчалар, майдонлар, шаҳар ва қишлоқлар номи ҳақида ҳам ҳақли фикрлар айтган. Тузукроқ ўйлаб кўрган одам бу номларнинг ўзбекчаси кўпми ёки озми — билмай қолди.
Кези келганда кўча ва майдонлар номи билан бир қаторда ўзимиз ва ота-бобомиз номи ҳақида ҳам чуқурроқ ўйлаб кўришни таклиф этмоқчиман. Менимча, бу таклиф она тилимизга давлат мақоми берилган бир пайтда алоҳида аҳамият касб этса керак. Хужжатларимизда қайд этилган исм ва оталаримизнинг исмлари ёзилишида кўплаб хатоларга йўл қўйилган.
Шуни эътиборга олиб кишилар исмларини тузатиш бўйича бир сафарбарлик ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Халқимиз тарихи ҳақидаги мулоҳазаларга келсак, бу борада қилинадиган ишлар ниҳоятда кўп. Қисқаси, илмий асосда тарихга қайтадан мурожаат қилиб, халқимизга ўз тарихи ҳақида рўй-ростни айтиш тарихчиларимизнинг ўзбек халқи олдидаги ҳам қарзи, ҳам фарзидир.
Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний Бошқармаси раиси, СССР Халқ депутаги
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 4–сон