Қайта қуришнинг уч-тўрт йили Ўзбекистонда етилган муаммоларни англаш, мудҳиш сунъий муаммолар яратиш, турли курашлар билан ўтиб кетди. Янги сиёсатнинг илк аниқ натижаси шуки, ниҳоят, бизнинг жумҳуриятимизда ҳам ошкоралик руҳи қарор топа бошлади. Бироқ бу ошкоралик фақат давраларда мажлис ва бошқа йиғинларда оғзаки баҳслар шаклида намоён бўлиб, айрим нашрларимизда эса ҳамон ишончсизлик руҳи ҳукмрондир. Ҳайриятки, кейинги ойларда ёлғон музтоғлари эриб, баъзи расмий нашрлар ҳам эл сўзини айтиб, «товуш» чиқармоқда.
Қайта қуриш сиёсатининг илк белгиси бўлмиш ошкораликнинг биринчи самараси шуки, ҳурматли устозимиз Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда, илгари «қўғирчоқ эмасмиз» деб чиранган зотларнинг иплари энди ошкор кўриниб қолди. Фоже шундаки, Сталин мамлакатни тиканли сим билан чегаралаб ташлаб, нимаики номаъқулчилик бўлса, шу чегара ичида қилди. Жумҳуриятларнинг миллий тилларини, миллий маданиятларининг ҳар қандай куртагини йўқ қилишга бўлган уринишлар, қадимий анъаналарнинг ўлим ёқасига келиб қолгани айнан ошкоралик туфайлигина аён кўринди.
Бугунги кунда турли касалликларни, хусусан, жигар-касаллагини кўпайтириш, болалар ўлими, табиатни қуритиб, бойликларини талаб, инсонни ҳалокатга бошлаш, минглаб бегуноҳ кишиларни қамаш, эл ичида турфа тўполонлар чиқариб туриш режали равишда махсус уюштирилиши ойдинлашиб қолди. Шу нохуш ҳолатлар боис ҳам қайта қуриш ва ошкораликнинг биз учун энг муҳим босқичи фош қилишдан иборат бўлмоқда ва биз шуни ҳам эплай олмаяпмиз.
Халқ оч бўлса, унинг насли бузилади, деган экан Шарқнинг улуғларидан бири.
Америкалик доктор Ҳайдар узоқ муддат очлик эълон қилганида бир устозимиз таажубланиб сўрабдилар: «Бу очликдан ўлиб қолмайдими? Ўзи очлик эълон қилишнинг қоидаси қанақа бўлади?» «Қоидаси шуки очлик эълон қилган киши нон билан сувдан бошқа ҳеч нарса емайди ҳам, ичмайди ҳам!» деб жавоб берибди устознинг дўстлари. «Ҳайҳот, дебдилар устоз, агар нон билан сувдан бошқа ҳеч нарса еб-ичмаслик очлик эълон қилиш, бўлса, унда ўзбек халқи аллақачон очлик эълон қилган экан…»
Бу ҳазилнинг таги зил. Ўтган турғунлик даврларида турли махфий режа ва тадбирлар асосида қирғин олиб бориш билан бирга миллатнинг наслини бузишга, унинг келажагини ҳам барбод қилишга уринишлар бўлгани бугун сир эмас. Кўплаб аёлларнинг бола ташлаши, яъни гўдакларнинг чала туғилиши, бунинг устига, икки бошли, бир кўзли, қинғир-қийшиқ ёки бошқа ғаройиб шаклларда дунёга келаётгани фақат бутифос, бухлефос ёки бошқа заҳарларнинг натижаси эмас, балки машъум режаларнинг оқибати ҳам эканлиги очиқ кўзларга равшан кўриниб қолди. Очликдан насл бузилади деган мантиққа таянсак, қишлоқ меҳнаткашларининг куни қуруқ нон билан чойга қолгани, иқтисодий жиҳатдан ғариб аҳволга тушгани, тирикчилигига етадиган ойлик ололмаслиги, халқимизнинг умумиттифоқ миқёсидан бир неча баробар кам гўшт истеъмол қилиши, мева-чева, сабзавот ва бошқа сунъий тақчилликлар туфайли аёлларнинг камқонлик ва заифликка дучор этилгани барча сир-синоати фош бўлади-қолади. Ва ниҳоят, жумҳуриятдаги маҳаллий миллат йигитларининг 35 фоизи ҳарбий хизматга яроқсиз эканлиги бу машъум режаларнинг зинҳор-базинҳор яшириб бўлмас оқибати ва исботидир.
Ўтган даврда тағин, фақат пахтакор—деҳқонлар эмас, паранжидан қутулиб, ундан даҳшатлироқ кетмонга тутилган аёллар, талаба-ёшларгина эмас, ҳали суяги қотмаган мактаб болалари ҳам оғир меҳнатга гирифтор қилинди. Матбуотнинг асосий машғулоти фақат меҳнатни тарғиб қилишдан, халқни ерга кишанбанд этиб ташлашда воситачилик қилишдан иборат бўлди. Мансабидан бўшатилган қози қудуқ бошига бориб, сув олаётган одамларга қараб, «Кўтар пақирни, тушир пақирни!» деб, ўзича буйруқ бериб турар экан. Ўзбек матбуоти, хусусан, ойнаи жаҳони (телевидениеси) ўша амалдан тушган қозига ўхшайди. Ахир, Россияда ҳам ўзига яраша меҳнат бор, иш бор, лекин Марказий матбуот бунақа ғариб, бунақа «буйруқбардор» эмас-ку! Мир Алишер Навоий фарёд қилганларидек:
Ғараз гар жон эди, олдинг, ана ҳой, Ўлук тандин не истарсен яна, ҳой! Кўнгул қонин ичардин тўйғил эмди, Мени ўз меҳнатимга қўйғил эмди!..Қайта қуришни партиянинг ўзи бошлаб берди. Демак, махфий сирларни очишда, эл-юрт муаммоларини ҳал этишда муайян сиёсий қаршилик йўқ. Бироқ ҳали юқорида ҳам, вилоят, шаҳар, район фирқа қўмиталарида ҳам расмиятчи тўраларнинг мустаҳкам сафлари мавжуд. Жумҳурият муаммоларини ҳал этишда, халқни жаҳолат ва маҳдудлик комидан олиб чиқишда матбуот улуғ хизмат қилиши мумкин. Афсуски, айтганимдек, матбуотимиз аҳволи яхши эмас. Тошкент Давлат дорилфунунидан ҳар йили юзлаб журналист кадрлар етишиб чиқади. Лекин имони бутун, маслаги собит, жасур, сиёсатдон мухбир бармоқ билан санарли. Газетачиларимиз рўзғорга кишанбанд бўлиб қолган. Уларда юрт кезиш имконияти ёки ғайрати йўқ. Ахир, фақат ҳақиқат нуригина матбуотга сайқал бериши мумкин.
Ўзбекистон Телеграф агентлиги айрим мухбирларининг субутсизлиги, ёлғончилиги, ҳатто баъзи ҳолларда бузғунчилиги илгари фош этилган. Матбуотнинг, хусусан ЎзТАГнинг беқарорлиги Қўқон воқеаларини мутлоқ телба-тескари акс эттиришида ҳам равшан кўринди. Бунинг устига, журналист одобига, матбуот табиатига хилоф равишда «газандалар», «пасткашлар» каби қўпол иборалар устма-уст ҳақоратлар халқ оммасининг ҳақли ғазаб ва нафратига сабаб бўлди. Бу борада менинг эл-юртимга айтадиган алоҳида гапим бор. Шу боис мавзуни бошқа ёққа бураётиб, айтмоқчиманки, ЎзТАГдек ташкилотда ўзбекча иш юритадиган мухбирларнинг камлиги адолатнинг қайси мезонига тўғри келади?! У ерда барча материаллар русча тайёрланиб, кейин ўзбекчага пала-партиш таржима қилинади. Бу чала таржималарни ўқиган одамнинг ғаши келади.
Сталин қирғини босқичида ва турғунлик даврида барча миллатлар ҳам хўрланди. Лекин Ўрта Осиё халқларидек жабр кўрганлар кам. У ёқда Шарқий Туркистон инқилобининг барбод этилиши, бу ёқда Октябрь инқилобидан сўнг, «сопини ўзидан чиқариб», яъни мавжуд майда низоларни ривожлантириб, асосни маҳаллий раҳбарлар талаби билан мустаҳкамлаган ҳолда Туркистоннинг бўлиб юборилиши, ёзувнинг икки карра ўзгаргани, қрим татарлари ва туркларнинг оммавий сургун қилиниши халқларимиз тарихидаги энг аянчли фожиалардандир. Халқлар у даврда фақат маънавий жиҳатдан эмас, жисмонан ҳам уқубат чекдилар. Бунинг устига, жуғрофий ажрим пайтида муайян уруғ еридан бир парчасини бунга бериб, оға-инилар ўртасида доимий нифоқ солиб қўйишга эришдилар. Бироқ ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ бундай фитнага учмади. Улар қайта қуриш даврида чинакам оға-инилик туйғусини қадрлаб, тобора жипслашдилар ва жипслашмоқдалар.
Тил — миллатнинг биринчи ва олий белгиси эканлиги тўғрисида кўп гапирилди. Турғунлик даврида миллатнинг ана шу белгисига кўпроқ зарба тушди. Ўзбек тилида илмий ишлар ёзиш ва ёқлаш мумкин бўлмай қолди. «Барча санъатлар ичида биз учун энг муҳими» (В. И. Ленин) бўлган кинофильмлар ўзбекча яратилмади. Ўзбекча киносценарийлар қабул қилинмади. Жон бошига тўғри келадиган ўзбекча китоблар миқдори кескин озайди. Почта-телеграф сингари алоқа воситалари ўзбек тилини яқинлаштирмади. Давлат ва давлат бошқарувининг барча идораларидан миллий тил сиқиб чиқарилди. Кўргазмали ахборотнинг кўп турлари асосан русча чиқарилди. Халқнинг маънавий имкониятлари чекланди. Шундай қилиб, ўзбек тилини давлат муҳофазасига олиш, уни жумҳуриятнинг давлат тили деб белгилаш зарурати туғилди. Ва бу борада «Ўзбекистон ССРнинг тиллар тўғрисидаги қонуни» лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳа бирдан жамоатчиликнинг кучли норозилигига дуч келди. Лойиҳанинг қисқа ва тўғри таърифи, дағалроқ бўлса ҳам, хоразмлик иқтидорли мусаввир Шуҳрат Бобожонов жўнатган мактубда акс этган: «Тиллар тўғрисидаги қонун лойиҳаси билан танишиб чиққандан кейин мен бюрократиянинг нақадар яшовчанлиги, нақадар турланишга усталиги ҳақида ўйлай бошладим. Эълон қилинган қонун лойиҳаси ўзбек тилини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилмай, балки уни қайтадан боши берк кўчага тиқиб ташлайди. Қонун лойиҳаси жумҳуриятдаги Рашидов шайтанати даври машъум тил сиёсатининг ҳуқуқий сувратини чизади, холос». Муаллиф аҳволни турғунлик даврига қиёслайди, мен бўлсам «сталин шайтанати даври» деб айтган бўлур эдим.
Дастлаб лойиҳа мафкура комиссияси қошидаги Тил муаммоларини ўрганувчи ишчи гуруҳ номидан эълон қилингандек туюлди. Ишчи гуруҳ аъзоларининг баъзилари ҳам гўё лойиҳани ўзлари тузиб тақдим этгандек кўриндилар. Кейин жамоатчилик тазйиқи сабабми, улар ҳам лойиҳани кескин инкор эта бошлашди. Ҳар ҳолда, мен лойиҳани тузишда ишчи гуруҳ аъзоларидан бири иштирок этганини ва унинг лойиҳаси кимларгадир жуда маъқул бўлганини биламан. Хуллас, бу борадаги ҳал қилувчи гапни ишчи гуруҳ раиси Эркин Юсупов марказқўмдаги бир йиғинда дангал айтди: — Ушбу лойиҳани Тил муаммоларини ўрганувчи ишчи гуруҳ тайёрлагани йўқ, ишчи гуруҳ фақат ўзбек тилига давлат мақомини бериш тўғрисидаги хулосани ишлаб чиққан, холос…
Биз, «гулгун давримизда миллий маданиятлар гуллаб-яшнади, миллий тиллар равнақ топди», демасдан туриб, бу миллий маданиятлар ва миллий тилларнинг ўлимига юз тутганини айта олмаймиз. Яъни аввал жиндек хушомад, кейин… ҳақиқат! Ҳолбуки, бизнинг танқидимиз жамиятга эмас, жамиятни таназзулга етаклаган дарғаларга — муайян шахсларга қаратилгандир. Майли, ривож топди, ундоқ бўлди, бундоқ бўлди, дейлиг-у, аммо ҳақиқат ҳурмати, баъзи далилларни назардан соқит қилмайлик.
Мутахассисларнинг аниқлашича, ҳар бир миллат ўз вакилларини ҳозирги замон ахбороти билан етарли таъминлаши учун бир йилда 300 тадан 500 тагача журнал, 8 мингдан 12 мингтача номда китоб чиқариши лозим экан. Бусиз миллий маданият, миллий тил равнақи тўғрисида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
1985 йилги маълумотга кўра, Ўзбекистонда 88 та журнал ва журнал шаклидаги вақтли матбуот тури нашр этилади. Шундан атиги 32 таси ўзбек тилида 4 таси қорақалпоқ тилида, қолгани асосан рус тилида чиқарилади. Тағин турли тўпламлар, вақти-вақти билан нашр этиб туриладиган хабарномалар (бюллетенлар) ҳам ҳалиги 32 нашрнинг таркибига киради. Буни мустақил жумҳуриятда ўрнатилган адолат дейиш мумкинми?
1913 йилда уч ярим миллионлик татар халқи ўз она тилида 600—650 номда китоб нашр қилган. Кейинги даврда эса етти ярим миллионлик татар аҳолиси она тилида бор-йўғи 270—280 номда китоб чоп этяпти. Бу Сталин сиёсатининг оқибати ва тузатилмаган давоми эмасми? Қаранг, 1940 йилда тўрт миллионлик ўзбек халқи 640 номда китоб нашр этган, яъни ҳар юз минг нафар ўзбекка 11—12 тадан китоб тўғри келган. 1985 йилги маълумотга кўра, ўн олти миллионлик ўзбек аҳолиси 958 номда китоб чоп этяпти, яъни ҳар юз минг нафар ўзбекка 4—4,5 тадан китоб тўғри келади. Аҳолининг кўпайиши тўғрисида миқ этмай, рақамлар ўсганини айтиб мақтанишимиз ҳам мумкин! Ҳа, биз бу кун миллий тафаккуримизнинг ортиқ талафот кўриб, емирилиб, ғариб аҳволга тушиб қолганининг асосий сабабларини биламиз. Қарангки, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг нашриётида чиқадиган адабиётнинг 80 фоизи рус тилида, 16 фоизи бошқа турли тилларда, қолган 4 фоизи ўзбек тилида нашр этилади. Энди қайта қуриш шарофати билан 70 фоиз адабиётни миллий тилда нашр этишга Москва рухсат берибди. Ўзбек тилида чиқадиган адабиёт миқдорини яна оширмоқ лозим. Бироқ вице-президент Эркин Юсупов нашр этиладиган ўзбекча манба оз, демоқдалар. У кишининг ҳасрати бесабаб эмас, албатта. Лекин инқилобдан бурунги илм ҳам — илм, тарихий мерос ҳам — манба! Қолаверса, айрим олимларимиздан ташқари, бошқа айрим олимлар ўз илмий асарларини аввал ўзбекча ёзиб, кейин таржимон ёллаб, русчага ўгириши сир эмас. Менимча, ҳар қандай ҳолда ҳам, чоп этмоқ учун 70 фоиздан кўпроқ адабиёт мавжуд! Босмахонада ҳарф терувчи ўзбек ишчиларининг етишмаслиги эса бошқа масала. (Балки ўзбекча ҳарфларнинг ўзи йўқдир?) Афсуски, шундоқ экан, деб қўл қовуштириб ўтириш мумкин эмас. Кечган адолатсизликни кўнгилчанлик ва хушомад билан тузатиб бўлмайди. Кимнингдир кўнглини ранжитмай туриб, бутун халқ кўнглини шод этмоқ мушкул. Рухсат берибдими, демак, бутун чора-тадбирни ишга солиб, имкониятдан фойдаланмоқ зарур.
Энди асрлар давомида таркиб топган ўзбек илм-фан тилини тиклаш, тараққий эттириш ва такомиллаштириш учун бутун чораларни кўрмоқ, она тилимизда илмий-техникавий, ижтимоий-сиёсий атамалар яратишни қатъий йўлга қўймоқ зарур. Бу борада Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти алоҳида ташаббус кўрсатмоғи ва ёки алоҳида атамалар (терминология) институти ташкил этилмоғи лозим. Биз муштарийларимизга ҳозирги замон ахборотини, жумҳурият, мамлакат ва дунё аҳволи тўғрисидаги энг муҳим маълумотни етказмоғимиз учун етарли нашр имкониятига эга бўлмоғимиз керак. Афсуски, қишлоқ ва шаҳарларимизда халқимизнинг, юртимизнинг ҳақиқий аҳволи тўғрисида оддий ахборот шаклидаги тасаввурга ҳам эга бўлмаган кишилар кўп. Маърифат биздан ҳали анча йироқ. Нашриётларимиз учун ажратилган қоғозни ҳар қандай бўлмағур нашрларга сарфламай, ўз она тилимизда жаҳоннинг кўплаб яхши китобларини чоп этмоғимиз лозим. Тил тўғрисида қабул қилинажак қонун халқ талабига тўла жавоб бермоғи шарт. Бу ўринда найранг ва бурама гапларнинг кераги йўқ. Биз она тилимизга дахлдор бўлган барча тадбирларни қатъий қонунлаштириб олмоғимиз зарур. Ўзбекистонда миллатлараро муомала воситаси ҳам, иш юритиш тили ҳам ўзбек тили бўлмоғи керак. Ахир, аҳолимизнинг 70 фоизидан кўпроғини ўзбеклар, муайян қисмини эса туркий халқларнинг вакиллари ташкил этади. Ўзбек билан қирғизнинг, қозоқ билан ўзбекнинг ёки ўзбек билан қорақалпоқнинг, қримтатар, уйғур ёки тожик биродарларимизнинг бир-бири билан русча гаплашиб ўтирганини ҳеч кўрганмисиз? Тил эркинлиги тўла тикланмоғи лозим. Зарафшон шаҳрида 6 мингга яқин ўзбек ва ўзбек тилида сўзлашувчи қозоқ, тожик биродарларимиз яшайди. Илгари рус мактаби қошида ўзбекча синф очишган эди, пичинг, истеъзо ва камситишга чидай олмай, ҳеч ким қатнамай қўйди. Алоҳида ўзбекча мактаб очиш зарурлиги кўринди. Ўнлаб олий маълумотли йигитлар у ерда иш тополмай, оддий ишчи бўлиб юрибди.
Юрт кезсангиз, «ишчилар синфи — жамиятнинг етакчи кучидир», деган шиорга кўп марта кўзингиз тушади. Шу ишчилар синфи шаклланмаган миллат учун яхшигина тўқмоқдир. Жумҳуриятимизда ўзбек миллатининг етмиш фоиздан зиёдини жамиятнинг етакчи кучи бўлмаган колхозчи-деҳқонлар ташкил этади. Ишчилар сафида эса М. С. Горбачев танқид қилиб кетганидек, маҳаллий миллат вакиллари 30 фоизга етмайди. Дарвоқе, нега шундай? Ошкоралик даврида бу нарса фош бўлмоқдаки, бундай чегара турғунлик даврида, зимдан, режали равишда қўйиб-қўйилгандек таассурот қолдиради. Лекин, ҳатто, катта шаҳарлардаги саноат корхоналарига маҳаллий миллат вакилларини ишга олмаслик тўғрисида махсус қарорлар ҳам бор экан! Исбот тариқасида Алишер Ибодиновнинг «Совет Ўзбекистони» газетасида чиққан мақоласидан кўчирма келтираман: «Масалан, ўтган йили Фарғона шаҳар Совети теварак-атрофда яшовчиларни ишга олмаслик ҳақида қарор чиқарди…» (1989 йил, 13 июнь сони ) Ҳолбуки айни пайтда бошқа ўлкалардан ишчилар келтирилаверган. Тағин, ўзбеклар завод-фабрикларда ишлагилари келмайди, деб матбуотда туҳмат ва маломат ҳам қилиб турилади. Жумҳуриятимизнинг ўзида минг-минглаб ишга муҳтожлар борлигига қарамай, четдан, ишчи кўчириб келавериш ёзилмаган қонунга айланган. Яна ташкилий равишда кўчириб келтирилганлар дарҳол тайёр уй-жой, зарур шарт-шароитлар билан таъминланади. Қишлоқдан оддий иш қидириб келган йигитлар у ёқда турсин, ҳатто олий маълумотли бўлажак олим, адиб ёки меъмор ўз юртининг пойтахтида паспортини рўйхатдан ўтказолмай (прописка қилолмай) қанча хор-зор бўлади.
Оммавий кўчиришни тўхтатиш фақат бизнинг жумҳуриятимизда қўзғалаётган муаммо эмас. Бу тадбир бутун мамлакатда сталинча талончилик сиёсати сифатида қораланмоқда. Кузатган бўлсангиз, Иттифоқда қўзғолган муҳим муаммоларнинг кўпи, масалан, туб жой миллат тилини давлат тили деб белгилаш ва бу йўлдаги тўсиқлар ҳамда ғовлар, иқтисодий муносабатларнинг чалкашиб, издан чиқиб кетгани, маҳаллий миллат вакиллари ўртасида ишсизликнинг кўпайиб, уларнинг ижтимоий ҳаётдан четлаштириб қўйилгани, миллий маданият куртакларининг йўқ қилиниши ва ҳоказолар асосан шу хосиятсиз тадбир — ташкилий равишда четдан «ишчи кучи» кўчириб келиш туфайли юзага келмадими?
Илм-маърифатга интилмоқ миллатни ҳалокатдан қутқаради. Бирон бир илм даргоҳида ота-она ёки уларнинг фарзанди ўқитувчи бўлиб хизмат қилса, дарров улардан бирини четлаштиришади. Айни вақтда, уялмай, тинимсиз, колхозчи-деҳқоннинг боласи фақат колхозчи-деҳқон бўлиши керак, деб аҳолининг онгига қуйилаверади. Нега ўқитувчининг фарзанди ўқитувчи бўлиши мумкин эмас экан-у, колхозчининг боласи фақат колхозчи бўлиши керак экан? Ҳолбуки, биздаги колхоз тузумининг ўзи инқилоб мақсадига, инсон эркига номувофиқ тузилгани айтилмоқда. Ишчининг дам олиши, китоб ўқиб, кинотеатрга қатнаб, адабиёт ва санъатга, илму маърифатга ошно бўлиш имконияти бор. Айни вақтда маҳаллий миллат вакилларидан ишчилар синфини яратмоқ даври келди. Қурилган ва қурилаётган барча корхоналарни қаттиқ назорат остига олиб, миллий ишчилар миқдорини дадил ошириб бормоқ зарур. Четдан келтириш ўрнига ўз қишлоқларимиздан ишчилар тайёрласак, узоқдан келганларга яратиладиган уй-жой шароитини ўз юртдошларимизга яратсак, бу борадаги муаммолар бирмунча бартараф этилган бўлади. Дейлик, Тошкентдек шаҳарга қишлоқларимиздан ишчи чақирсак, ўзи қийналиб, колхоздан бир парча ер ололмай, сарғайиб юрган йигитларимиз жон деб, гуррос-гуррос кўчиб келишлари шак-шубҳасиздир.
Ишчи бўлмоқ чин маънодаги юртпарварлик эканини ёш йигит-қизларимиз ҳам англаб олмоқлари лозим. Ҳеч бўлмаганда, ўз юртимизда, «етакчи — куч» бўлайлик, ахир. Ишчилик касбини юртимиз учун, халқимиз истиқболи учун қилаётганимиз бизга ҳамиша таскин, руҳ, рағбат бахш этиб турсин!
Сталинчилик давридан қолган миллий ишончсизлик руҳи ҳамон баъзан юз кўрсатади. Ўзбек йигитлари ҳарбий таълимда пухта эгаллаб, Ватанни ҳимоя қилишни ўрганиш ўрнига, нуқул қурилиш баталъонларида хизмат қиладилар.
Жумҳуриятимизда қанча ҳарбий билим юрти бор! Ҳарбий толиблар сафига битта-иккита ўзбек хўжакўрсингагина қўшиб қўйилди, фазогир (космонавт) ёки учувчи бўлиши-ку, ўзбекнинг фақат тушига кириши мумкин. Лекин сиёсат тақозо этиб, керак бўлганда афғондан ҳам фазогир чиқардик! Мутлоқ кўпчилик аҳоли ўзбек бўлса ҳам, жумҳуриятимиз спорт шарафини асосан бошқа халқ вакиллари ҳимоя қилади. Бундоқ мадад ва олижаноблик учун ташаккур, албатта! Лекин, ўзига ҳам қўйиб беринг, ахир! Сизни осмонга кўтарган халқни ерга ураверманг! Руфат Рисқиев фақат мамлакатда эмас, бутун дунёда энг нодир боксчилардан саналади. У аъзойи баданини шикастлаб, Ўзбекистон номини кўкларга кўтарган оловқалб йигитдир. Хўш, бу кун Руфатнинг аҳволи қандай? У қадр топмоғи учун наҳотки улуғроқ миллат вакили бўлиб туғилиши керак эди? Ўзбекдан Биродар Абдураимов деган битта бош тренер чиққан эди, айбу нуқсони элга ноаён, уни ҳам кўп кўрдилар. Гдлян билан Иванов минглаб бегуноҳ ўзбекларни қамади. Ҳозирча юзлаб айбсизлар оқланиб чиқди. Терговбошилар «ўзбеклар иши» деган тавқи лаънатни бутун оламга ёйди. Уларнинг қилмишида махфий фитналар бўлиши турган гап. Лекин икки тузоқчига биз ҳеч нарса деёлмадик-ку! Улар ҳатто Лигачевни порахўрликда айблаган эдилар, иккисининг аҳволи нима бўлди. Халқ депутатлари съездида бу терговбошилар устидан комиссия тузилгани адолатли иш бўлди. Марказий газеталардан бирида бир муаллиф Ҳиндистондаги жаҳон мўъжизаси бўлмиш Тожмаҳал қасрини Бобурийлар қурмаган, ҳиндларнинг ўз аждодлари қурган, деб фитна қўзғади. Гўё ҳиндларнинг тарихи ва аждодини улуғ ва маърифатли ҳинд халқининг ўзидан ҳам яҳшироқ биладигандек, ўзича ҳакамлик қилди. Бир атоқли санъаткорнинг ўғли, отасининг ўлмас дардидан бехабар, улуғ саркарда Амир Темурнинг ўзбек миллатига алоқаси йўқ, деб чиқди ва Тоҳир Қаҳҳордан етарли жавобини олди. Бири Ибн Сино кимники? — деб фитна қўзғаб қўйди. Бири «Ўзбеклар иши», яна бири «Ўзбекистон иши» деди. Ҳатто Ҳайдар Яҳёевнинг суд залига дўппи кийиб борганини писанда қилиб, дўппини масхара қилдилар.
Бу камситиш ва таҳқирлардан мақсад — тинмай халқнинг қанотини қайириш, унинг парвозига йўл қўймаслик, пешонасига тубанлик тамғасини уришдан иборатдир. Бундай камситишлар тарихимизда янгилик эмас. «Тарихи Комил» асарининг муаллифи Ибмул Асир улуғ аллома «фалакиёт ва илми нужумда ягона олим» Қутулмишнинг туркий халқлардан экани ҳайрон қоларлик ҳолдир», деб ёзган экан. У гўё ўз таажжубини изҳор этади.
Ҳозир ҳам, мавжуд ҳолатимизда хўрлаш камлик қилганидек, гоҳ-гоҳ тарихимизга ҳам тош отиб туришади. Улуғ тарих ворисларига шубҳа ва ишончсизлик билан қарашади. Маҳмуд Қошғарий, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, зиддиятли шахс, улуғ салтанат ва ягона давлат соҳиби Амир Темур, Ҳусайний, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо ва бошқа зотларнинг номи айрим бечора воқеанависларни ҳамон чўчитади. Аммо улуғ зотлар руҳи бизнинг халқимизга синмас қанот, баланд руҳ бахш этади.
Менинг назаримда, ҳал этиш мушкулдек кўринган айрим масалаларни ўртача даражадаги раҳбарнинг тадбиркорлиги ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун фикр керак, мустақиллик керак. Турғунлик даврида ўз халқига, ўз миллатига заррача қайишган раҳбар амалида ишлай олмас эди. Четлаштириларди. Ҳозир ҳам ўша қўрқув кайфиятининг таъсири ҳамон сезилиб туради. Кадрлар масаласига эса нуқул четдан келганлар раҳбарлик қилиши тушуниб бўлмас ҳолдир. Мен кўп вақт юқоридаги раҳбарлар билан бўлган баҳс-мунозара ва мулоқотлар натижасида бир нарсани кузатдим: у ерда «Совершенно секретно!» (Мутлоқ махфий) деган варақа ва матнлар қўлма-қўл, столма-стол учиб юради. Албатта, ҳар бир идоранинг ўз ички сири бўлиши мумкин. Лекин халқ тақдирига, Ватан ҳаётига дахлдор бўлган ишларнинг «Совершенно секретно!» бўлиши мумкин эмас! Бу — бутун халқни хўрлаган, пахта яккаҳокимлигини ўрнатган, Оролни қуритган, болаларни мажруҳ қилгзн, хотин-қизларни ўз-ўзини ёқишга маҳкум этган, она тилимизни камситган, жумҳурият иқтисодини ҳалокат ёқасига келтирган, энг маккор усулдир! Жумҳуриятимиз депутатлар гуруҳи кўплаб мажлислар ўтказиб, талай қарорлар қабул қилганига қарамай, Она денгизимизга йил бошидан буён арзимаган сув тушди.
Бир маҳал мен ишқ ўтида ёниб, «Нетай бордир бу тоғларнинг орасида оёқ изи юрагимнинг ярасида» деб ёзган эканман. Бу кун эл-юрт қайғусида куйиб, теграмга қарайман: мустабидлар ўтди, «ўттизинчи» қирғинчилар ўтди. Турғунликнинг тақдирбозлари ўтди. Лекин уларнинг барчаси бизнинг юрагимиз устидан юриб ўтдилар. Нопок оёқларнинг изи юрагимизга чуқур ботди. Биз топталган юрак билан ҳақиқат қўшиғини мағрур айтажакмиз. Қайта қуриш ойдинида қарасак, ҳуқуқий деганимиз — адолатли жамиятнинг қандай бўлиши кераклиги бундан беш юз йиллар муқаддам Алишер Навоий деган зот тилидан айтиб қўйилган экан. Давлат бошқарувининг барча идоралари пештоқига ёзиб қўйгулик бу сўзлар адолатталаб халқларнинг нидосидир:
То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас, То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас, То зулму ситам жониға бедод ўлмас Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил 28 сентябрь.