Энг қийини — ўзингни англай олишингдир.
ФАЛЕС
Болаларнинг маънавий дунёсида бирёқламалик устун. Ҳатто уларнинг ота-оналарининг фикрлари ҳам бирёқламароқ. Чунки улар ўз юрти, ўз миллатининг тарихини деярли билмайдилар, билсалар ҳам, юзаки биладилар. Бунга ким сабабчи? Ўзини тан олмай, ўзгани мақтовчилар. Ўзини улуғлаб, ўзгани ерга урувчилар. Юз йилдан бери ўзбекнинг ўтмиши деярли қора рангларда кўрсатиб келинмоқда: «Ўтмишда ўзбек халқи саводсиз эди»! «Ўтмишда ўзбек халқи хор-зор эди»! «Ўтмишда ўзбек халқи қул эди»!…
Хуллас, ўтмишда, ўзбек бирон ёруғ кун кўрмаган. Ўтмишда ўзбекдан бирон улуғ зот чиқмаган. Ўзбекнинг осмони қуёшсиз, ойсиз, юлдузсиз бўлган…
Гапнинг қисқаси, ўзбек тарихи қора, деб алдаб келинган ва оқибатда ўзбек: «Ростдан ҳам ўтмишимиз қора», деган хулосага келиб қолган. Бу фикр эса: «Улуғ оға», деган тушунчани туғдирган. Чиндан ҳам, ҳар бир халқ қатори рус ҳам ўзига хос, улуғ. Бироқ бу улуғлик ўзга миллатларни ерга уриш ҳисобига бўлса, руснинг ўзига татийдими? Йўқ. Чунки, ўзга миллатни таҳқир этган миллат ўзини ҳам таҳқирлайди.
Бобом Аҳмадбек бир гапни кўп такрорлар экан: «Қайси эл ўзлиги, ўз феъл-атвори, урф-одати, куй-қўшиғи, тили, тарихи, табиатининг мустақиллигини сақлаб яшаса, бундай эл хазон бўлмайди, бундай эл тобора гуллаб-яшнаб боради».
Табиийки, ўзбек ўз ўтмишини билмаса, севмаса, эртанги кунини ҳам билмайди, севмайди. Бундай кетишда, ўзбек ўзлигини унутиб қўяди ва миллат сифатида йўқолиб кетади. Шундай экан, ўзбек даққиюнусдан қолган мактаб қўлланмаларини тубдан ўзгартирмоғи керак.. Мактаб, олий ўқув юртларида тарихимиз сузуклари (булоқлари) — Хун, Ҳазар, Кўктурк, Турон, Кушон, Темур, Бобур, Салжуқ, Ота Турк салтанатлари, Туман, Алп Эртўнга (Афросиёб), Тўмарис, Муқанна каби миллий қаҳрамонларнинг ҳаётлари теран ўргатилмоғи лозим. Алжабр (алгебра) ни яратган Хоразмий, ажун (очун — дунё) тортилиш қонунини Ньютондан беш юз йил илгари очган, Ер шари глобусини Овруподан (Мартен Беҳаймдан) беш юз йил олдин яратган Беруний, табобат фанининг даҳоси Ибн Сино, Коперник, Кеплер, Галилейдек осмончиларнинг устози, осмон илмининг отаси — Улуғбек, буюк итальян шоири Данте илоҳга сиғингандек сиғиниб тилга олган Фарғоний ижодларини ўқиб-ўрганмоқ ҳар бир ўғил-қиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Болаларимиз исломгача бўлган тарихимизни билишадими? Йўқ. Исломгача биз — туркларнинг етти хил ёзувимиз (алфавитимиз) бўлган. Семизкентда (Самарқандда) мусулмончиликдан бир неча юз йил бурун қоғоз ишлаб чиқарилган, уйларга сув қувурлари ўтказилган; рассомлик, ҳайкалтарошлик; иморатсозлик, сув иншоотлари қуриш, деҳқончилик; тўқимачилик, ойнасозлик каби саноатларимиз гуллаган. Бизнинг турк аждодларимиз — Туркхон ажунда илк бор аравани, Тавикхон ажунда биринчи марта овқатга туз солишни кашф этган. Илк «ажун кўзгаси» (телевизор) Олтинтепада тасаввур қилинган!..
Бизнинг юз тубан кетишимизга, биринчи галда ўзимиз ва Ленин тили билан айтганда, қора гуруҳчи шовинистлар сабабчи бўлганлар. Кейин Сталин… Сталин «шоҳ»лик курсисини оқил, одил эгаллаб олишидан қўрқди; миллатларнинг уйғонишидан ваҳимага тушди ва миллатларни миллатларга бўлиб қон тўкди. «Халқлар отаси» буни «социализмни ёт унсурлардан қутқазиш» ниқоби остида қилди. Уни қонли йўлдан қайтармоқчи бўлганлар ўлдирилди. Оқибатда, бутун мамлакат, айниқса, Туркистон маънавий-маданий, иқтисодий қашшоқ бўлиб қолди. «Саховат ниқоби остида ёвузлик қилинмаганда эди, дунёда бу қадар ёвузлик бўлмасди», деган Австрия адибаси Эбнер-Эшенбах. Шу фикрлардан келиб чиқиб қаралса, юз минглаб кишиларни қатл эттирган Сталиннинг башараси очилади. Ҳатто, Сталин шу даражага бориб етганки, тўнтариш доҳийси — Лениннинг ҳам қадамини чеклаб қўйган…
Ўз вақтида рус файласуфи Чернишевский: «Миллатнинг муҳим бойлиги — халқнинг маънавий қиёфасидир», деб ёзган. Сталин сиёсати туфайли, Туркистоннинг муҳим бойлиги тилка-тилка қилинди: Сталин ўтмиши бой Туркистоннинг кучайиб кетишидан қўрқди; шунинг учун бир бутун Туркистонни майдалаб ташлади, бир бутун ТУРК миллатини эса туркман, ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ сингари миллатларга бўлиб юборди. Бу майдалаб бошқариш сиёсати эди, бу қонли сиёсат эди. Сталин шу тарзда туркийларнинг насл-насаби ТУРК эканини унуттиришни, кейин бир туғишган миллатни манқурт даражасига етказишни ва уларнинг ўрталарида доимий қонли низолар уйғотишни, элини пахта қулига айлантиришни, бойлигини талашни, табиатини ғорат этишни кўзда тутган эди.
Сталин бу қабиҳ ишларни амалга ошириш учун бир туғишган элнинг ёзувини ўзгартирди. Оқибатда, Туркистон халқи ўз тарихини ўқиёлмай қолди. Мана, бизнинг бош фожиамиз! Энди биз ишни қайтадан, М. С. Горбачёв шарофати билан туғилган қайта қуришдан бошлаймиз, «халқлар отаси» топтаган ёзувимизни, бир туғишганлигимиз, табиатимиз ва ғуруримизни тиклаймиз. Бу қийин иш. Бироқ бунга эришишнинг бир калити бор, бу калит—Туркистон элининг бирлигидир. Энг оғир дамларда ҳам эл бир бўлса, уни ҳеч қандай куч енголмайди.
Ленин ҳам тарихий атамага қарши бормаган, у тилида ҳам, асарларида ҳам бу гўзал, бой юртни Туркистон, деб атаган. Туркистон ҳарбий округи ҳам шундан ном олган. 1921 йили бу юртда «давлат тили турк тили», деган фармон ҳам чиққан. Туркиядаги турклар бу юртдан асосан минг йилча бурун кетишган. Улар билан биз бир туғишганмиз, улар билан қонимиз ҳам, тилимиз ҳам, динимиз ҳам бир. Уйғур, сариқ уйғур, қозоқ, қирғиз, туркман, кўк ўғуз (гагауз), қорақалпоқ, қирим татари, озарбойжон, тотор, бошқирд, қорачой, қумиқ, шўр, эвенк, хокас, олтой, тува, ёқут, яғмо, чуваш, жапон (япон), мўғул, булғор (болгар) бизнинг қадим турк аждодларимиздандир, қадим турклардир. Сталин бу тарихни маккорлик билан яшириб, «миллати нима ёзилса ёзилсин, фақат турк ёзилмасин», деб ўйлаб, ҳали айтганимдек, бизни миллат ва юртларга бўлиб юборди. Туркистон деган қадим номни ўзгартирди. Сталиннинг фикрига қарши чиққанлар «пантуркист» — «туркпараст», деб айбланди, қамалди, отилди. Украин, белорус, рус… бир туғишган деса, славянпарастликка кирмай, турк, ўзбек, озарбойжон… бир туғишган деса, туркпарастликка кирар эканми? Халқлар дўстлиги — қон-қардошлик туйғуларини мустаҳкамлайди, бу ленинча сиёсатнинг негизидир.
Ўз тарихини билган киши ўзлигини, ўзгани билади. Шундай экан, минг-минг йиллик тарихимиз ҳалоллик билан матбуотда ёритилиб борилиши ва китобларимиз кўплаб нашр қилиниши керак. Болаларимиз фақат ўзбек-турк тарихини эмас, рус, форс-тожик, хитой, ҳинд, араб, инглиз каби халқлар тарихларини ҳам билсалар, ютадилар. Бунинг учун улар шу тилларни эгалласалар, ёмон бўлмайди. Ўзга тилларни билиш фақат яхшилик уруғларини ундиради.
Ўз вақти-соати билан ҳар бир мева пишиб етилганидек, энди Тил, Адабиёт ва Тарих марказини очиш вақти ҳам етди. Бунга Марказком ва шахсан президентимиз Ислом Қаримовнинг ўзи ҳам ёрдам бермоқда. Бу марказ ишга тушса, бутун дунё, бутун туркий олам ёзарлари ҳам олимлари билан узилмас алоқа боғланади. Бу ўз навбатида эллар ўртасида қон-қардошлик туйғуларини уйғотишда муқаддас кўприк бўлади. Марказ минг-минг йилларнинг қат-қатларида қолиб кетган олтин асарларимизни ёруғликка чиқаради. Шунда қиз-ўғлонлар ўзларининг қадим, бой, гўзал, бўронли тарихларини ўқиб, билиб оладилар. Шунда уларда ўзлигига, ўтмишига ҳурмат туйғулари уйғонади.
Бироқ ҳозирча биз ўғил-қизларимиз билан мақтанолмаймиз. Улар билимда, ўзлигини англаш ва ўзига ишонишда оқсайдилар. Лекин, ҳарқалай, болаларда илгарига силжиш бор. Мана, менга Андижонда мактаб ўқувчилари қандай саволлар бердилар:
«Нега ўзбеклардан Сиёсий Бюрога аъзолар йўқ?»
«Нега ўзбеклардан Иттифоқ миқёсида бирон бошқон (министр) йўқ?»;
«Нега ўзбеклардан осмончи (космонавт) чиқмаяпти?»..
Аввал мен бу саволлар қаршисида ожиз қолдим. Сўнгра: «Қайта қуриш замонида бу тенгсизликка чек қўйилади», дедим. Дедиму ўзим ҳам ўйлар қуршовида қолдим.
Бирон бир марта Совет Иттифоқи Компартияси Марказқўмининг Бош секретари ўзбек бўлганми? — деб кўнглимдан кечирдим, — мана энди демократик сайловлар йўлга қўйилиб, адолат тикланар… Ё СССР Олий Кенгаши ҳайъатининг раиси бўлганми? — дедим. — Йўқ. «йўқ», дедим-у, кутилмаганда: — Нега кадрлар Овруподан келишаётир? — деб ўзим-ўзимга савол бердим. — Ё ўзбек қолоқ, ишончсиз ҳам лаёқатсизми? Ахир, бу ўзбекнинг иззат-нафсига тегади. Бу ҳақда бутун ўзбек халқи, бутун Совет Бирлиги ва чет эллар ҳам гапирмоқдалар. Ленинча дўстлик шундай бўладими? Совет Бирлигидаги миллатлараро туғилган, туғилаётган ишончсизлик манбаининг бир тармоғи худди шундан бошланади. Ўзбекистондаги аксарият кадрлар бошқа миллат кишиларидан бўлса, ундан ўзбек юрти, ўзбек давлати, ўзбек миллати, деган номлар қаерда қолади? Ўзбекка нисбатан уйғотилаётган бундай ишончсизлик, бу ишончсизликни уйғотаётган миллатга ҳам шундай ишончсизлик уйғотади ва, шунингдек, унга қарши нафрат ҳам исён уйғотади. Бу— ҳаёт қонуни! Дейлик, рус давлатидаги кўп кадрлар рус тилини, феълини, урф-одатини; билмайдиган, ҳатто билишни истамайдиган ўзбеклардан бўлса, бу рус миллатининг иззат-нафсига тегадими, йўқми? Туркистонга нисбатан бундай сиёсат тагида «ерли эл қарам» деган «ғоя» ётадими, йўқми? Модомики, ётса, бу нафрат ҳам исён уйғотадими, йўқми?
Бу гапларни очиқ айтиш миллатчиликка кирадими? Йўқ! Бу тўғрида бутун халқ гапиряпти. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Ким буни миллатчиликка йўйса демак, у марксизм-ленинизмни тушунмайди, у —сиёсий кўр. Биринчи, лавозимлар ерли миллат кишиларига моликлиги ҳақида Ленин айтган. Ё энди Ленинни ҳам тан олмай қўйишдими? Ленин миллий масалаларга ғоят эҳтиёт бўлиб ёндашган. Чунки, ажунда миллий масаладан нозик масала йўқ. Шунинг учун ҳам Ленин: «Миллатларнини манфаатларига жуда катта эътибор берилгандагина зиддиятларга сабаб бўладиган замин йўқолади, ўзаро ипюнчсизлик йўқолади», деб ёзган.
Зўравонлик, авраш-алдаш миллатлар дўстигини емиради. Чунки, бунга қарши эзилган, алданган миллатларнинг бирлик кучи туғилади. Самимият Эрк, Адолат, Тенглик, Дўстлик ипларини боғлайди. Бу гапларнинг мағзини ҳар бир ўғил-қиз чақиб олиши керак. Зеро, мактабларда ҳам Самимият, Эрк, Адолат, Тенглик сабоқлари ўтилиши керак. Бу сабоқларда сталинизмнинг Туркистонга юборилган соялари — Бутурлин, Гайданов, Дидоренко, Огарок, Теплов, Иванов, Гдлян каби кимсаларнинг ниқоблари бутунлай йиртилади. Бу сабоқларда машъум сояларга «озуқа» бераётган кимсаларнинг олчоқ башаралари очилади. Давомли сояларнинг қадам, жағ, мушт, нафслари тийилади. Фарғона фожиасига ўхшаш фожиаларнинг олди олинади. Чунки, ўқувчи, талаба, эл-юрт оқ нимаю қора нималигини англаб боради. Қачонки, миллат ўзлигини тушуниб етса, бир бутун бўлади. Бир бутун бўлса, қудратли бўлади; бу қудрат олдида эса ҳар қандай куч, алдов, найранг ожиз қолади.
Фарғона фожиасини ўғил-қизларимизга бошқача қилиб тушунтирдилар. Ўзбекнинг бошкентидан (пойтахтидан) Фарғонага ёзувчилар юборилмади.
Нега?
Асл ҳақиқатнинг очилиб кетишидан қўрқишди…
Москвадан келган айрим репортёрлар, журналистлар эса ўзбекни бадном этиш учун асл ҳақиқатни яшириб, ёлғонни ямламай ютдилар.
Нега энди келиб-келиб ўзбек тили, дини, миллати бир — қон-қариндоши турк билан уришади? Қани бу ерда мантиқ? Дидоренко, Гайданов, Гдлян, Иванов, Бутурлин, Теплов, Анишчев, Огарок кабилар Фарғона фожиасининг сабабчиларидан бўлдилар, деган гаплар юрибди… Бу қанчалар тўғри — келажакда маълум бўлар. Лекин бу каби ишлар оқибатида, бир туғишган халқ, эндиликда ўзини, ўзлигини, тарихини унутган халқ бир-бирини сўйдилар, деган гап ҳам юрибди… Турк билан ўзбекнинг ишсизликдан, очликдан, қувғиндан, тенгсизликдан бўғзига келган нафрати шундай сўндирилмадими? Балки, бундай разилликни ҳали тарих кўрмагандир?
Қадимий қора гуруҳчи шовинистлар шундай разил ишлар билан шуғулланиб келадилар. Бу ҳақда В. И. Ленин 1914 йилдаёқ қаҳр билан ёзган: «Миллатларни эзиш сиёсати — миллат ажратиш сиёсатидир. Бу сиёсат, шу билан бирга, халқ онгини доимий равишда заҳарлаш сиёсати ҳамдир. Қора гуруҳчилар, ҳамма мақсадлари турли миллатларнинг маанфатларини бир-бирига қарши қўйишга, жоҳил, ва нодон омманинг онгини заҳарлашга асослангандир».
Қора гуруҳчилар сахий ўзбек юртини булғаб, қонга қориб кетдилар, зимдан, пул билан ёвуз махфия — мафияларни (уюшган жиноятчиларни) ишга солдилар… Ёвуз махфиялар эса турк, ўзбек, рус, арманларнинг пулга ўч калтафаҳм кишиларини ишга солдилар. Бу калтафаҳмлар аввал даҳшатли миш-мишлар тарқатдилар, кейин қўлларини қонга ботирдилар. Шундай разил йўл билан икки оға-ини — турк билан ўзбекни жунбушга келтирдилар. Содда ўзбек билан содда турк қора гуруҳчиларнинг фитналарига йўлиққанларини билмадилар. Ўзбек: «Айб туркда», турк: «Айб ўзбекда», деб бир-бири билан қирпичоқ бўлдилар. Бу пайтда қора гуруҳчилар: «Ўзбеклар ваҳший, ўзбеклар экстремист», деб ўзбекларга бўҳтон тошларини ёғдирдилар…
Ёвуз «иш» хўжалари эса, тўрт мучаси соғ ҳолда, ўз юртларига кетдилар. Қани бу ерда ҳақиқат? Ўртада яна ўзбек ёмонотлиқ бўлиб қолди. Қора гуруҳчилар эса ўз юртларида яна мансабга миндилар.
Узоқ бир кезлари қора гуруҳчи ва сталинчилар Иттифоқ миқёсида сунъий равишда очарчилик уюштирган эдилар. Бу тўғрида Сергей Заваротний ва Петр Положевец шундай ёздилар:
«1933 йилнинг ёзида уюштирилган очарчилик ниҳоясига етди. Турли маълумотларга қараганда ўша очарчилик ўлатидан 4—10 миллион кишининг ёстиғи қуриган» («Комсомольская правка» газетаси, 3.02.90).
Хўш, очарчиликни уюштиришдан мақсад нима эди? Мақсад —халқни қўрқув ва асоратда сақлаш эди… «Сталин чиндан ҳам ёвуз эди, — изоҳлайди «Комсомольская правда», — унинг қўллари қонга ботган. У қўрқув ва даҳшат билан суғорилган жамият барпо этди. Бу жамиятнинг пойдевори зўравонликдан бунёд этилди».
Очарчилик. Фарғона фожиаси… Бир-бирига ўхшаш бу икки фожианинг сунъий равишда такрорланишига ўзлигимизни, тарихимизни билмаслигимиз ҳам сабабчи бўлган. Гўллик —ўзингга душмандир; гўллик — душманга қуролдир. Бу гўллик дарахтларини қора гуруҳчилар билан сталинчилар экишган. Очарчилик… Фарғона фожиаси… пахта қуллиги… қашшоқлик… ер, сув, ҳавонинг заҳарланиши… бола, аёл, Орол ва ўрмонлар ўлими… ўзлик, урф-одат, тил, тарихни унута бориш… манқуртга айлана бориш… — бу дарахтларнинг меваларидир.
Бу машъум офатларни ўғил-қизлар билишармикан? Билишмас. Бироқ энди қайта қуриш эшиги очилиб, баъзи нарсаларни фаҳмлай бошладилар. Мен буни Самарқанд улусига борганимда, болаларнинг гап-сўзларидан сездим:
— Нега пахтада фақат ўзбек ишлаяпти?
— Шаҳарда шароит қулай-да, — дейишди ўқувчиларнинг ўзлари, — етти-саккиз соат ишлайсан, шанба, бозор кунлари дам оласан, иссиқ, совуқ сув бор… маош ҳам яхши… Метро, автобус, трамвай, троллейбус, таксилар ғир-ғир қатнаб турибди… Бизда-чи? Бизда тиним йўқ, шароит йўқ, нон билан чойга қаноат қиламиз, ўн кунлаб гўшт емаймиз, ота-онамизнинг олган ойлиги ўттиз-қирқ сўмдан ошмайди, шундай яшаб бўладими?!
Мен бу чин гаплар қаршисида ожиз қолдим. Ростдан ҳам, ўзбек элининг аҳволи оғир. Расмий маълумотга кўра, юртимизда 9 миллион киши қашшоқ яшаяпти. Ҳеч шубҳа йўқки, пахтада ишлаётган ялпи ўзбек камбағал. Чунки, пахтадан келадиган даромад қулнинг даромадидан ҳам оз. Чунки, пахта меҳнати қулнинг меҳнатидан ҳам оғир. Масалан, 100 килограмм буғдой (сабзавот ё мева) етиштириш учун 8 соат меҳнат сарфланади. Шунча пахта учун 38 соат сарфланади. 1 гектар ердан олинган буғдойдан (сабзавот ё мевадан) 12 минг сўм даромад қилинади. Шунча жойдан олинган пахта учун 1,5 минг сўм… Бу —миллий ҳақ-ҳуқуқни қора гуруҳча, сталинча оёқости қилиш эмасми? Бу вақти келиб, миллий низоларга сабаб бўлмайдими?
Нега ўзбек халқи ўз меҳнатини ўзи баҳоламаяпти, Москва баҳолаяпти. «Ҳукумат таклиф этган тадбирлар ҳам регионларни баравар кўрмайди, — деди СССР Олий Кенгашининг II съездида собиқ Ўзбекистон Бошқонлар Кенгашининг раиси, СССР халқ депутати М. Мирқосимов, — Масалан, бизда пахта толасига давлат буюртмаси 100 фоизни ташкил этади. Яъни, пахта толасининг ҳаммасини Иттифоқ идоралари тақсимлайди. Бунда марказни кучайтириш истаги сезилиб турибди. Лекин жумҳуриятлар ожиз ва ҳуқуқсиз бўлса, марказ ҳеч қачон кучли бўла олмайди… Пахта толасига асосли нарх белгилаш биз учун ҳаётий аҳамиятга эгадир… Пахта толасини кейинчалик қайта ишлашдан олинган фойда ҳануз жумҳуриятдан ташқарида қолмоқда».
Марказий бошқарув системаси — ўзбек элини, ўзбек табиатини бутунлай ҳолдан тойдирди. Шунданми, Эркин Воҳидов: «Ўз ерига, ўз мулкига эга бўлган халқ мустақил халқ», — деб насиҳат қилади ва бу билан эзилган элни ўз юртига ўзи эгалик қилишга ундайди.
Қайта қуриш даврида бу гаплар амалга ошар, деб ўйлайман. Бу ўзимизга, бирлигимизга боғлиқ. Бироқ шунга қарамай, миллий тенгсизликлар тўлалигича барҳам топмаяпти. Масалан, Иттифоқда жон бошига 3900 сўм миллий даромад тўғри келади. Ўзбекистонда 1200 сўм… СССР бўйича ҳар бир деҳқон 167 сўмдан маош олади. Ўзбек деҳқонининг ойлиги — 40 сўмга ҳам етмайди. Бу рақамларнинг мағзини чақиб кўрайлик!
…Ўқувчилар менинг узоқ сукутга толганимни кўриб, жим қолдилар. Кейин яна саволга тутдилар:
— Пахтани биз етиштираётирмиз. Бироқ нега тўқимачилик саноатлари олисда жойлашган? Ахир, бундан халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам зарар кўряпти-ку? Ўзимиздаги завод, фабрикаларда ҳам асосан бошқа юртлардан келган кишилар ишлаяптилар. Ўзларининг қишлоқлари бўлса, ҳувиллаб қолмоқда. Буни биз рўзнома-ойномаларни ўқиб, телевизорда кўриб турибмиз…
Бу ҳақли саволлар мени яна ўйга толдирди. Юз йиллардан бери Тиркистон хомашё базаси бўлиб келмоқда. Бунинг учун Туркистонга ким раҳмат айтди?
Ўтмиш хатоларига чек қўймоқ керак. Миллий ишчилар синфимизни шакллантиришимиз зарур. Худди шуни Оқ подшо ҳукумати истамаган. Сталин ҳам…
Ўғил-қизларнинг гап-сўзларига синчиклаб қаралса, уларда оз бўлса-да, ҳар ҳолда миллий, ижтимоий, сиёсий онг етилаётгани маълум бўлади. Бироқ, барибир, билим ва фикрлашда, соғлиқ ва саломатликда, хуллас, кўп жиҳатдан улар литва, эстон, латиш, молдаван, украин, рус болаларидан орқада… бунинг сабаблари кўп.
Бироқ мен бири-иккита сабабини очаман. Энг ёмони — пахта ўқувчини эзиб қўйган. Даладан қора терга ботиб келган бола шубҳасиз ота-онасига кўмаклашади: Томорқага қарайди, мол-ҳолларга қарайди, оғилини тозалайди… Хуллас, оғир меҳнат, рўзғор ишлари уни ҳолдан тойдиради… Ўзбек ота-онаси рус ота-онасидай болани вақтида ювиб-таролмайди, вақтида едириб-ичиролмайди, вақтида ўқитиб, вақтида ухлатолмайди, бунга унинг имкони йўқ. Шундай оғир шароит ва оғир тангликда ўсаётган бола ўқишга вақт топадими? У «ажун кўзгуси»га қарар-қарамас уйқуга кетади. Қолаверса, ҳамманинг уйида «ажун кўзгуси» бор, деб ким айта олади? Бунга кучи етганлар бор, етмаганлар бор… Оғир меҳнат, оғир танглик, оғир шароит болани ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан сиқиб қўйган. Бундай тенгсизлик ўзбек боласининг юрагида қандай туйғулар уйғотади?!
Дейлик, икки жойга ниҳол эксак, бирини парвариш этсак, яъни унга вақтида ишлов берсак, вақтида сувд вақтида «озуқа» берсак. У соғлом кўрқам, бақувват бўлиб ўсади. Иккинчисига қарамасак, у бужмайиб қолади… Ўзбек боласига парвариш керак, шароит керак, моддий неъмат керак, шунда у соғлом, чиройли, эсли-ҳушли бўлиб етилади.
Чирчиқ шаҳрида ўн биринчи синфда (кечки) ўқиётганимда, шундай саволим учун бошим балога қолган:
— Муаллим, нега Ўзбекистон ССР Давлат гимни Ассалом, рус халқи, буюк оғамиз, . Ассалом доҳиймиз Ленин жонажон, — деб бошланади? Бундан рус кишиси ўзини ноқулай сезмайдими? Чин дўстлик шунга зорми?..
Йиллар ўтиб, менга Москвада: «Рус оғамиз», «рус улуғ», «рус қудратли» деган мақтовларга зор эмасмиз, — дейишди рус ёзарлари, — дўстлик тенглик, самимийлик асосларига қурилмоғи керак, акс ҳолда: «Сендан мен камми?», деган гап келиб чиқади ва ўртада миллий низолар туғилади».
СССР Конституциясида виждон эркинлиги қайд этилган. Бироқ бунга амал қилинаётирми? Виждон эркинлиги мавжуд экан, Иттифоқдаги ҳамма мактаблар бир тусда бўлмаслиги керак, балки ҳар бир миллатнинг мактаби ўз руҳи, ўз урф-одати ва ўз тарихига мос тарзда миллий бўлиши керак. Ҳар бир мактабда дунёвий илмлар билан бирга «Номус», «Иффат», «Ростлик», «Гўзаллик», «Жасурлик», «Элпарварлпк», «Юртпарварлик» дарслари ҳам ўтилса, тоза инсонлар кўпаярди.
Виждон эркинлиги мавжуд экан, мактабларда христианларга христиан, буддавийларга будда, мусулмонларга ислом дини сабоқлари ўқитилиши тақозо этилади. Дин ҳам болани тўғри тарбиялашга хизмат қилади. Қуръонда: «Илмни эгалланг! — дейилади. — Илм саҳрода — дўст, ҳаёт йўлларида— таянч, ёлғизлик дамларида — йўлдош, бахтиёрлик дақиқаларида — бошлиқ, қайғули онларда — мададкор, одамлар орасида — зебу зийнат, душманларга қарши курашда — қуролдир».
Ота-оналар, ўқитувчилар, жамоат вакиллари—катта ёшли кишилар бир бутун бўлиб, бола тарбиясига эътибор беришлари керак. Қийшиқ ўсаётган ниҳолни тўғрилаш мумкин. Дарахтни-чи?.. Улуғ файласуф Жон Локкнинг қуйидаги фикри ибратлидир: «Халқнинг бахт-саодати — болаларни тўғри тарбиялашга боғлиқ».
Милоддан беш юз йил олдин яшаб ўтган юнон файласуфи, математиги Пифагор: «Ҳар қандай халқнинг урф-одатини билай десанг, аввало унинг тилини ўрган», деб айтган. Араб, рус, инглиз, немис, форс ва бошқа тилларни ўрганиш ўзбек фарзандининг маънавий дунёсини бойитади. Бироқ биринчи галда ўз тилингни чуқур билишинг шарт. Турк — ўзбек тили ажундаги энг қадимги, энг бой энг гўзал, энг бурро, энг доно, энг жасур тиллардан биридир. Бу ажойиб, бу ғаройиб тилни севмаган ўзбек ўз ота-онасини ҳам, ўз миллатини ҳам, ўз юртини ҳам чинакамига севолмайди. Навоий бобомизнинг: «Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз», деган сўзларини биз бўйнимизга тумор қилиб тақиб юришимиз керак! Тилимиз — миллатимизнинг жони, имони, виждони, ҳаётидир. Зотан, тилидан айрилган миллат — миллат сифатида ўлади.
Бироқ Ўзбекистоннинг 20 миллион халқларидан қарийб 17 миллиони ўзбек тилида гапиришига ва ўзбек тили давлат тили бўлишига қарамай, партия, совет, ҳукумат идораларида ҳамон она тилимизда иш олиб борилмаётир. Бу кечирилмас ҳолдир!
Туркий — ўзбек тилимизни бойитиш, қадрини ошириш йўлида Алишер Навоий умр бўйи курашди. Бунинг учун улуғ бобомизни қанча бошимизга кўтарсак оз. Бироқ Алишер Навоийдан бир неча юз йил олдин ўтган Аҳмад Яссавийни нега унутиб қўймоқдамиз? Улуғ бобомизнинг тили — араб, форс сўзларидан холи тил, худ-и бугунги тил, тоза турк — ўзбек тилидир. Буни одил баҳолаш вақти етди.
Улуғ бобомиз Аҳмад Югнакий ҳақида ҳам худди шундай фикрдаман.
Биз Бобур ўзбекники, Махтумқули туркманники, Обой қозоқники, Тўқтағул қирғизники, Бердақ қорақалпоқники, Билол уйғурники десак янглишамиз. Ахир, бизлар — туркман, қирғиз, уйғур, қозоқ, қорақалпоқ, ўзбек… қадимдан то тўнтаришгача бир тилда сўзлаб, бир тилда ўқиб, бир ёзувда ёзиб келганмиз. Бизлар эски ёзувимизга қайтишимиз керак. Шунда аслимизга қайтамиз. Ахир, бизлар — қозоқ, қорақалпоқ, ўзбек, қирғиз, уйғур, туркманлар билан туғишганмиз, бир миллатмиз — туркмиз. Демак, ҳақли равишда, бизлар бир бутун бўлиб яшашимиз керак, — ўзимизни турк деб, юртимизни Туркистон, деб аташимиз керак. Шунда тарихий адолат тикланади!
Туркий элларни маънавий-ижтимоий, сиёсий жиҳатдан боғлайдиган ойнома ва рўзнома чиқаришимиз албатта керак. Токи, биз доим бир-биримизнинг ҳаётимиздан хабардор бўлиб турайлик, бу қон-қардошлик туйғуларини мустаҳкамлайди ва қора гуруҳча, сталинча қарашларни парчалашда восита бўлади…
Ўзбекистонда юздан ортиқ миллат вакили яшаяпти, дедик. Буларнинг асосий қисми туркий халқлардир. Дейлик, улар билан тилимиз бир. Қолганлари рус, украин, корейс, немис каби дўстлардир. Булар Ўзбекистонда яшар эканлар, ўзбек халқига ҳурмат юзасидан ҳам, ўзбек тилини ўрганишлари керак. Қадимдан: «Пичоқни ўзингга ур, оғримаса ўзгага», деган мақол бор. Масалан, биз ўзбеклардан бир қисмимиз Россияга бориб, яшаб, ишлаб: «Россияда давлат тили ўзбек тили бўлсин ёхуд иккитиллилик бўлсин», деб даъво қилсак, бу бизнинг рус миллатига, рус юртига, рус нон-тузига ҳурматсизлигимиз, менсимаслигимиз, адолатсизлигимиз, тазйиқимиз бўлади. Чунки, бу ерда рус миллати яшаяпти. Шунинг учун ҳам бу ерни Россия, деб атайди, яшаган жойга ҳурматсизлик қилиш — нонкўрликдир, нонтепкиликдир. Шу мантиқдан келиб чиқиб айтаманки, ким юртимизни, халқимизни, тилимизни, ҳурмат қилмас экан, демак, биз уни зўрлаб тутиб турмаймиз…
Болаларимиз — гўзал эртамиздир. Эртага улар бизнинг ўрнимизни эгаллайдилар. Болаларимиз қадим тарих, қадим маданиятга эга бўлган халқимизнинг муносиб авлодлари бўлиб етишишлари керак. Зеро, миллат шунчаки сонига қараб эмас, етук фарзандларининг кўнглигига қараб қадрланади. Ўз миллатини, ўз юртини севган ҳар бир ўғил-қиз бу йўлда бутун куч-ғайрати билан курашмоғи зарур. Миллат қанча маънавий бой бўлса, у шунча тоза, шунча улуғ, шунча қудратли бўлади.
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.