Орол ўлаётир. Бунга ким сабабчи? Турғунлик даври сабабчи, ўзимиз сабабчимиз. Бир неча амалдорларимиз ўзларининг юмшоқ курсиларини ўйлаб Оролга хиёнат қилдилар. Яъни, кўрпага қараб оёқ узатмадилар; остонагача пахта эктирдилар. Пахта — элнинг ризқ-рўзи. Меъёр қонуни — улуғ қонун. Меъёр бузилиб, Оролга Сирдарё билан Амударё оқмай қўйди. Шўрлик денгиз она кўкрагидан ажралган гўдакдек ҳалокатга йўлиқди. Қорақалпоқ, Хоразм воҳаларини шўр, қум босмоқда, бу хавф бутун Ўрта Осиёга таҳдид солмоқда. Бойлик ортидан қувиш ва эртани ўйламаслик оқибати шунга олиб келди. Мана энди, эл-юрт қанчадан-қанча зарар кўраяпти, бундан кейин ҳам кўради.
Ер, Сув, Ҳаво ишдан чиқаётир. Бунга ким сабабчи? Яна турғунлик даври сабабчи, ўзимиз сабабчимиз. Бир тўда одам ўз шон-шуҳратини кўзлади, «Янги ерлар очамиз!» шиори остида иш тутди. Яъни, ўрмон, тўқай, чакалакзорларни қирқтирди, қуш, ҳашорат, ҳайвонларни қирдирди. Ҳаммаёқ яланғоч бўлиб қолди. Дунёда ўрмонсиз юрт борми? Рус, украин, кавказ, болтиқбўйи ўрмонлари чексиз-чегарасиз. Уларни кўриб киши ҳайратланади, қувонади, роҳатланади. Нега биз ўзбеклар уларга эргашмадик? Шунинг учун ҳам табиатнинг мувозанати бузилди. Бу ўз навбатида меъёр қонунини бузди. Янги ерларга ариқ, сой, дарё сувлари етмай қолди. Минг-минглаб насослар ер ости сувларини сўриб ола бошлади. Ер, Сув, Ҳаво, Одам, хуллас, жами мавжудот бутифос каби кимёвий дорилар билан заҳарланди. «Ҳой, бунинг оқибати ёмон бўлади», деган киши балога қолди, «пахта душмани» деган сўзлар билан қораланди. Натижада эл-юрт орасида бундай гап тарқади: «Пахта одамдан азиз».
Болаларни далада ишлатиш — жиноят. Бунинг олдини тез олмоқ керак. Акс ҳолда бу халққа, давлатга катта зарар келтиради. Агар пахта экини фақат Ўзбекистонда эмас, ҳосил етиштириш мумкин бўлган бошқа республикаларда ҳам экилса, нур устига нур бўларди. Масалан, Арманистон билан Жанубий Украинага пахта экиш мумкин-ку. Шунда давлат учун ҳам яхши бўларди. Ўзбекистон эса беда, буғдой, макка каби бошқа экинлар ҳисобига ерни бироз соғайтириб оларди, дарёларини денгизга оқизарди.
Яна, Кубанга мўл-кўл пахта экса бўлади. Кубан пахтаси Иваново тўқимачилик комбинатини таъминларди, бу иш давлатга ҳам фойда келтирарди. Зарафшон, Фарғона, Сурхон, Хоразм, Жиззах воҳаларида эса Ивановодагига ўхшаш тўқимачилик комбинатлари очмоқ зарур. Умуман, РСФСРдан ўрнак олган ҳолда ҳар бир вилоятда завод-фабрикалар очилса, миллий ишчилар синфи шаклланиши тезлашарди. Иттифоқнинг ҳар ёғидан келаётган ўртоқлар шаҳарларда эмас, пахта далаларида тер тўксалар, эл-юртга кўпроқ фойда берардилар, бу эса, студент ва мактаб болаларини меҳнатдан озод этишда ҳам қўл келарди. Пиллачиликдаги оғирликни… ҳам РСФСР, Украина, Кавказ, Молдавия каби ўлкалар ҳисобига енгиллатмоқ керак. Бундан халқ, давлат фақат фойда кўради…
Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одати бор. Бироқ энди бу урф-одатлар аста-секин йўқолаётир, тўғрироғи, битта шаклга кираётир. Тил, тарих, уст-бош, феъл-атвор, маданият, санъат ҳам шу тақдирга йўлиқаётир.
Бунга ким сабабчи? Бунга ҳам турғунлик йиллари сабабчи, ўзимиз сабабчимиз. Гўёки оқ, қизил, сариқ… хуллас, жами гуллар ўрнига фақат бир гул бўлишини истаётирмиз. Аслида, чинакам гулдаста турли гуллардан ҳосил бўлишини унутмаслигимиз керак. Турли гуллар ўзига хос тарзда ўсиб ривожланади, ҳеч қачон улар бир гулга айланмайди, зеро, бу табиатнинг ўлмас, ўзгармас қонуни, зотан унинг гўзаллиги, кучи, сири ҳам шунда. Ўзбек ўзбекча, рус русча, эстон эстонча, хуллас, ҳар бир халқ ўзига хос урф-одатини сақлаб яшагани маъқул, шунда дунё ўз рангини, ўз файзини, ўз маъносини йўқотмайди. Бу ҳақда рус файласуфи Белинский яхши фикрлар айтган:
«Ҳар бир халқ ўзига хос тарзда яшасагина, жами халқлар хазинасига ўз улушини қўша олади».
«Урф-одатлар халқнинг қиёфасидир, уларсиз халқ — қиёфасиз образ, беҳуда ва амалга ошмайдиган хаёлдир».
Партия ва ҳукуматимиз «ҳалол бўл», «тинч-тотув яша», «тўғри ишла», деб насиҳат этадилар.
Ленин айтган: «Ҳеч қандай миллатга, ҳеч қандай тилга биронта ҳам имтиёз берилмаслиги керак» (В. И. Ленин, ТАТ 19 т. 77-79-бет).
Бироқ сталинизм даврида ва ундан кейинги турғунлик йилларида бу улуғ назария оёқ ости қилинди, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий каби истеъдодлар шу даврнинг қурбони бўлдилар. Марксизм-ленинизмни тушунмайдиган, адабиётдан «адаб» сўзини билмайдиган бир тўда нодон одам партияни қурол қилиб, партиянинг шаънига доғ туширди.
Баъзи бировлар гуржуларнинг «Тавба-тазарру» кинофильмидаги Варламдек ўттизинчи-эллигинчи йилларда роса «иш кўрсатганлар». Шундоқ экан, саксонинчи йиллар варламларидан ҳам эҳтиёт бўлмоқ зарур. Саксонинчи йиллар варламлари… Наҳот, саксонинчи йилларнинг ҳам варламлари бўлса?! Бор. Мана «Тавба-тазарру»нинг режиссёри Тенгиз Абуладзенинг гапи:
«Бундай (Варламдай) қаҳрамонларни истаган даврда, истаган мамлакатда топиш мумкин… Улар одамийлик ниқобини қалқон қилиб зимдан иш кўрадилар, ўз манфаатлари йўлида ҳар қандаи разилликдан тоймайдилар» («Шарқ юлдузи», 1987 й. 7 сон, 172-бет).
Сталин давридаги варламларни эслайлик: улар қанча-қанча кишиларнинг ёстиқларини қуритмадилар?! Узоққа бормай, ўзимиздан мисол келтирайлик: қани Фитрату Чўлпонлар?! Энди орадан кўп йиллар ўтган бир замонда, ўша машъум йилларнинг хатолари тузатилмоқда. Нега ўшанда бунинг олди олинмади, варламлар янчиб ташланмади?! Қўрқоқлик, соддалик, гўллик, ишонувчилик панд берди. Варламлар шундан фойдаландилар, элпарвар, юртпарвар одамларга «халқ душмани», «юрт душмани» деб айб қилдилар. Ҳа, эл-юрт учун жонини куйдириб хизмат қилган киши «эл-юрт душмани» деб аталди!
Модомики, шу ҳақда гап очилдими, табиий равишда шундай савол туғилади: бош миллатчи ким эди ўшанда? Шубҳасиз, Сталин! Қорачой, болқар, чечен, ингуш, нўғай, қримтатар ва туркларни ким бадарға қилди? Сталин!.. Наҳот бутун-бутун халқлар айбдор бўлсалар?! Бунинг илдизига етмоқ керак. Бунда Сталин ўзининг маккор миллатчилигини сездириб қўйган. Худди шу Сталин Қутайба мисол, халқлар ўз тарихини билмасин, деган ёвуз ниятда алфавитларни ўзгартирди…
Н. С. Хрушчев даврига келиб эркинликка қисман йўл очилди, жумладан, адабиётга ҳам… Мадҳ, қофиябозлик, риторика… хуллас, аравани қуруқ олиб қочиш замонлари нисбатан чангда қолди. Рус халқи биринчи бўлиб ибратли ишлар қила бошлади. Бу ҳақда Чингиз Айтматовнинг гапи бор:
«Рус ёзувчилари, адабиётшунослари каттакатта ишларни амалга ошираяптилар. Кимнингдир субъектив фикри туфайли тарих қатида анчадан буён қолиб кетган бир қатор ижодкорларнинг, жумладан Гумилев, Хлебников ва бошқаларнинг номи тикланди, асарлари чоп этилди.
Дейлик, Бунин. Унинг ёзганлари орасида Улуғ Октябрь социалистик революциясини қораловчи «Лаънати кунлар» асари ҳам бор эди. Агар рус биродарларимиз бу адибга нисбатан ҳанузгача кек сақлайверишганда эди, биз Буниндек улкан ёзувчининг бирорта ҳам асарини ўқий олмаган бўлардик» («Шарқ юлдузи», 1987 йил, 7 сон, 10-бет).
Ҳақ гап. Кек сақланса, фақат ютқизилади. Бу борада руслардан бағри кенгликни ўрганиш лозим. Борис Пастернак, Александр Набоков, Ходосевич, Анна Аҳматова, Марина Цветаева, Михаил Булгаков каби атоқли адиблар қанча-қанча жабр-зулм кўрдилар. Охири ҳақиқат қарор топди. Халқ уларнинг асарларини севиб ўқимоқда. Ичи ковак, ғаразгўй, талантдан «т» ҳарфи йўқ варламлар эса ном-нишонсиз йўқолдилар.
Энди кўзни катта очиб ишламоқ, саксонинчи йиллар варламларидан эҳтиёт бўлмоқ керак. Варламлар… Улар — инсон қиёфасидаги махлуқлар…
Тил — миллатнинг жони, деймиз, тилини йўқотган миллат ўзини ҳам йўқотади. Тил ҳақида Э. Юсупов ўринли фикр юритган:
«Тилни қадрлаш — миллатни қадрлаш демакдир. Миллатлар ўртасидаги муносабатларга ҳам тааллуқлидир» («Тошкент оқшоми», 1987 йил, 5 ноябрь).
Шу нуқтаи назардан қаралса, ҳатто ҳозирги кунда ҳам Она тилга эътибор етарлича эмасдек туюлади. Ҳар бир ўзбек фарзанди ўз миллатини, ўз тилини севишни, улуғлашни руслардан ўрганиши керак. «Тилга эътибор — элга эътибор», деган мақол бор. Ким ўз Она тилини қанча севса, элини қам шунча севади. Миллат сони билан эмас, сифати билан белгиланади. «Миллатнинг муҳим бойлиги — миллатнинг маънавий қиёфасидир», деб Н. Г. Чернишевский бежиз айтмаган. Туркий тилларнинг бир тармоғи бўлмиш — ўзбек тили — бой, гўзал, бутун рангларга тўла тилдир. Бироқ, Она тилимизга эътиборсиз қарамоқдамиз. Мактабларда «Ўзбек тили» кам ўтилаётир. Тўққизинчи, ўнинчи синфларда эса «Она тили» ўқитилмаяпти. Институтларда-ку «Ўзбек тили» дарсини фақат орзу қилмоқ мумкин. Шу сабабли ҳам мутахассислар, олимлар ўз тилларида ёзиш-ўқишни унутиб қўймоқдалар. Кандидатлик, докторлик ишлари ҳам рус тилида ёзилаётир ва буларнинг тақдири Москвада ҳал бўлаётир. Киносценарийлар ҳам шундоқ. Ҳатто Ўзбекистон ССР Агросаноат Давлат комитетида деҳқонларга тавсиялар рус тилида чиқарилаяпти. Сувчи, ҳайдовчи, теримчи, чўпон, ўроқчи… хуллас, оддий қишлоқ хўжалик кишилари бундай гапларни ўз тилларида ўқишлари керак. Мабодо мутахассис олимга: «Ўзбекча ҳам ёзинглар», деб айтсангиз улар: «Ўзбекчага қўлимиз келмайди», деб жавоб қайтаришади.
Шуниси ачинарлики, мактаб программалари деярли қотиб қолган, уларда узоқ йиллардан бери бир хиллик ҳукм сурмоқда. Бу ҳаёт қонунига зид, ҳаёт қонуни ҳамиша ривожланишда, акс ҳолда унинг кўлмакдан фарқи қолмайди. Шу сабабли ҳам мактаб программаларини Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Ҳусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид, Қозизода Румий, Наршахий, Шарафиддин Али Яздий, Шахобиддин ан-Насафий, Мирхонд, Хондамир, академиклар Ҳабиб Абдуллаев, Яҳё Ғуломов сингари аждодларимизнинг номлари билан бойитмоқ керак. Шунингдек, мактабларда тасвирий санъат, унинг мағизи ва тарихи ҳақида дарс бермоқ керак. Ўтмишда Самарқандда, Тожмаҳалда, Ҳиротда рассомлар академиялари бўлганлиги, уларда Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб, Самарқандий, Боғишамолий каби ўнлаб улуғ рассомлар ўлмас ишлар қилганликларини унутмаслик зарур. Самарқандда тасвирий санъат академиясини қайтадан тикласа бўлмасмикан?
Яна бир гап: Бартольд, Бертельс, Греков, Якубовский, Гумилев каби шарқшунос олимларнинг асарларини, Ал Мутаннабий, Гегель, Шеллинг, Кант, Фейербах сингари файласуфларнинг китобларини ўзбекчалаштирмоқ лозим. Бу борада ҳам руслардан ўрганмоқ керак. Архаик сўзларни ҳам зийрак кўз билан қараб чиқмоқ зарур… Хулоса қилиб айтганда, мактаб, институт программалари юқорида қайд этилгандек бойитилса, «Ўзбек тили» ва «Ўзбек тили стилистикаси» қувват билан ўқитилса, мутахассис олимлар ўз тилларида ҳам ёзиб-ўқий оладилар. Қолаверса, мактабларда араб тили ҳам ўқитилиши керак. Чунки тарихимиз шу тилда ёзилган. Аслида тарихимиз ва маданиятимизни кенгроқ ўрганмоқ учун аввалги имломизга қайтадиган вақт келди — бу марксизм-ленинизмга мос иш бўлади. Бунинг учун олимларимиз, ёзувчиларимиз, хуллас бутун халқимиз жон куйдириши керак…
Қутайба биринчи галда туркий ёзувни йўқотди. Турк ўз тарихини ўқий олмай қолди. Сабаби, энди турк араб ёзувида ўқимоқда эди.
Сталин эса, араб имлосини ҳам ўзгартирди. Натижада, энди араб босқинидан кейинги тарихимизни ҳам ўқий олмай қолдик.
Дунёда «тоза тил» йўқ, тилларнинг бир-бирига таъсири бор. Бироқ, барибир ҳар киши ўз тилининг тозалиги учун қайғуриб курашмоғи керак. Ушбу сатрлар муаллифи ўзбек, туркман, озарбойжон каби туркий қавмларнинг отлари асосан арабча ва қисман форсча эканлигини ҳисобга олиб Уйғон, Қўзғол, Кунтуғди, Ойтўлди, Чекилма, Бирлаш, Қўрқмас, Турон, Жайхун, Сайхун, Йиқит, Севил, Ўзар, Тикла, Қутлуғ, Эрк, Ёнар, Ёрит, Эврил, Олиш, Қирқар, Титрат, Ярат, Ўзгармиш, Кураш, Ёқар, Етказ, Тингла, Ўрган, Қайтма, Етук, Чекинма, Етакчи, Аланга, Оқла, Сўнма, Кучайт, Ечар, Аяр, Оқой, Кучли, Кескир, Ёйил, Элчи, Туташ, Тиниқ, Енгар каби ўн мингга яқин туркий отларни тўплади ва уни китобча шаклида эл-юртга ёйиш ниятидадир.
Ҳар бир миллат кишиси ўз тилининг тозалиги учун курашмоғи зарур ва бу ҳеч ҳам миллатчиликка кирмайди. Ким аксинча ўйласа, демак унинг нодон одамдан фарқи қолмайди, демак унинг ўзи миллатчидир. Ҳар бир киши ўз тилини қон-қони, жон-жони билан севса, шундагина у ўзлигини теран англаган бўлади. Бироқ, қадам суст.
Миллий туйғу — дунёда энг нозик туйғудир. Унга тиниқ кўнгил билан ёндошилмаса, халқлар ўртасидаги меъёр қонуни бузилади. Шубҳасиз, Ўзбекистонда ўзбеклар кўп яшайдилар ва шунинг учун ҳам бу юртнинг номи Ўзбекистон. Демак, ҳақли равишда, ҳамма соҳада китоблар ўзбек тилида ҳам чиқиши ва ишлар ҳам ўзбек тилида олиб борилиши керак. Кўча, магазин, иш жойи, хуллас, ҳамма-ҳамма ерда ёзувлар ўзбек, рус тилларида ёзиб қўйилиши лозим. Бу миллатчиликка кирмайди! Ўзбек ўз миллатини, ўз тилини, ўз юртини бошқалардек севолсагина оламшумул ишларни қилишга кўпроқ қодир бўла олади. Бошқа халққа ошиқча суянган халқнинг мустақил фикр юритиши қийин. Ленинча миллий сиёсат бунга қарши ва шунинг учун ҳам халқлар ўртасида тенг ҳуқуқлилик мавжуд.
Ўзбеклар рус тилини биладилар, бироқ нега Ўзбекистонда яшовчи рус ва бошқа миллатлар ўзбек тилини деярли билмайдилар? Мамлакатнинг Европа қисмидан келган, келаётган кадрлар балки жуда ишчан, қобилиятли кадрлардир, бироқ улар ўзбек тилини, ўзбекнинг ўзига хос урф-одатларини билармиканлар? Бу ўринда олим Эркин Юсуповнинг: «Янги раҳбар кадрлар маҳаллий шароитлар, имкониятларини яхши билиб, халқнинг урф-одатлари, маданияти, тилини ҳурмат қилган тақдирдагина муваффақиятли иш олиб боришлари мумкин», деган фикрга тўла қўшилмоқ керак. Қолаверса, етмиш йил ичида маҳаллий ўзбек, рус, татар каби миллатлардан ҳам муносиб кадрлар етишиб чиқдилар. Зеро, улар бир-бирларининг тилларини ҳам яхши биладилар. Тил ўрганиш фақат фойда беради. Мана юнон файласуфи Пифагор (Эр.олд. 580-500 й.й.) билан нидерланд ёзувчиси Эразм Роттердамскийнинг (1469—1536 й.) фикрлари:
«Қайси халқнинг урф-одатини билай десанг, аввало унинг тилини ўрган».
«Тил — дўстлик, ҳамжиҳатлик воситаси».
Карл Маркс: «Ҳар қандай миллат бошқа миллатлардан ўрганади ва ўрганиши ҳам керак», деган. Демак, ўзбек халқидан ўрганиш учун унинг тилини билмоқ лозим.
Маркс билан Энгельс: «Тил — онг каби қадимийдир», деб айтишган. Ҳар бир миллатнинг тили замонлар оша ўз гўзаллигига гўзаллик, ўз кучига куч, ўз бойлигига бойлик қўшиб боради ва доим шундоқ ривожланишда бўлади. Ривожланиш эса материя каби чексиздир. Бироқ қайси тил ўзини «Улуғ», «қудратли» деб мақтаб, ўзга тилни «қашшоқ», «дағал» деб камситса, шубҳасиз, у нафрат ва қарғишга йўлиқади! Шунинг учун ҳам немис драматурги, театр арбоби Г. Лаубе (1806—1884): «Халқнинг тилига ҳужум, унинг юрагига ҳужумдир», деб айтган.
Шубҳасиз, эл-юртни севиш керак, бундай туйғудан маҳрум кишининг маҳлуқдан фарқи бўлмайди, бироқ эл-юртни севиш туйғуси самимий бўлиши керак. Ким ўз Ватанини, ўз халқини, ўз тилини, ўз урф-одатини севмаса, у бошқа миллатни севолмайди. Байроннинг мана бу гапи фикримизни яққол тасдиқлайди:
«Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч нарсани севолмайди».
Жуда тўғри гап. Ўзини севмай, ўзгани севиш мумкин эмас. Бироқ ўзини севиш, ўзгани ерга уриш ҳисобига бўлса, бундай севги сохтадир.
Бу Маркс, Энгельс, Ленин таълимоти асосида келиб чиққан мушоҳададир. Бироқ, масалан, «Освобождение Европи» кинофильми шу таълимотга жавоб бера оладими? Кинофильмнинг оти, мазмуни яхши. Лекин унда байналминаллик руҳи етинқирамайди. Фильмда ўзбек, туркман, қирғиз, эстон, озар, қозоқ, абхаз… каби миллатларнинг ўғлонлари ҳақида ҳатто бир оғиз ҳам гап йўқ… Аслида, СССР халқ ва элатларининг бирлиги босқинчиларни енгди. Буни унутиш — марксча-ленинча байналминалликдан узоқлашиш демакдир.
Тағин шуни айтмоқ жоизки, Москва, Ленинград, Курск каби шаҳарлар ҳақли равишда қаҳрамон шаҳарлардир. Бироқ уруш учун моддий негиз вазифасини ўтаган Ўрта Осиёнинг лоақал бирор вилоятига шундай ном берилса бўлмайдими? Ахир, Ўрта Осиё фуқароси Улуғ Ватан уруши йилларида ўзи оч-яланғоч қолиб, топган-тутганини жангчиларга жўнатган, етим-есирларни ўз бағрига олган эди-ку. Бу, қайси қаҳрамонликдан қолишади?
Қуёш, Сув, Ҳаво, Ерсиз ҳаёт йўқ. Тарихсиз юрт, миллат, тил йўқ. Тарих халқнинг ўзлигини танитгувчи ва уни ботирликка, тўғриликка, ватанпарварликка ундовчи улуғ кучдир. Ўзбекнинг тарихи ҳам қадим ва бой. Бироқ, мактабларда бу хазинанинг миллиондан бир бўлаги ҳам ўтилмаётир. Тўққизинчи, ўнинчи синфларда бўлса Ўзбекистон тарихи ўқитилмаяпти. Институтларда тарих дарсини фақат орзу қилиш мумкин. Ҳатто дорилфунуннинг журналистика факультетида бу фандан сабоқ берилмаётир. Қани, айтинг-чи, ўз тарихини, қолаверса, дунё тарихини билмай туриб журналист бўлиш мумкинми?
Сўнгги йилларда «Ўзбекистон ССР тарихи»нинг тўрт томи нашр этилиб, хайрли иш қилинди. Бироқ минг-минг йиллик тарих бир китобга жо бўлганлигини қандоқ тушунмоқ керак? Нега ўтмишимиз тўғрисида том-том китоблар чиқмаяпти? Тарихимизни холис ёритадиган вақт келиб етди.
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 6-сон