Пётр ўз ҳукмронлигини бошлаган йилларданоқ Ўрта Осиёни Русиёга қарам қилишни ўйлаб юрарди. XVII аср бошларида металлургия саноатини ривожлантириш зарурати қистовида ўрислар Ўрта Осиёнинг маъдан қатламлари билан, жумладан, XVI асрдаёқ овозаси чиққан Улуғтовнинг бой конлари тақдири билан астойдил қизиқдилар. Ўрта Осиёда тўлиб-тошиб ётган олтин сочмалари ҳақидаги маълумотларга ҳукумат алоҳида эътибор берар ва шу туфайли Пётрнинг шахсан ўзи ўзбек хонликлари ҳудудига суқилиб кириш режасини ишлаб чиққан эди. У ҳарбий отрядларни хонларнинг «розилигини олиб, уларнинг ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва душманлардан ҳимоя қилиш» баҳонасида Бухоро ва Хива давлатларига аскар киритишни мўлжалларди.
Пётр тажовузкор сиёсатни амалга ошириш мақсадида Ўрта Осиёга 1714 йилда Преображенский полкининг поручиги княз Александр Бекович-Черкасский, 1715 йилда капитан Иван Бухголтс раҳбарлигида Хивага икки марта қўшин юборади. Юришларнинг муваффақиятсиз тугаганига қарамай, Пётр ҳукумати ўз таҳдидидан воз кечмайди. Пётр Бухорога элчи қилиб италиялик Флорио Беневенини жўнатаркан, унга «олтин сочмалар»нинг маконини, у ерга бориш йўлларини аниқлашни топширади. Беневени тарих, жуғрофия, этнография бўйича жуда кўп қимматли маълумотлар тўплади. Унинг фикрича, бу маълумотлар ўрганилса, у ерларда ҳукмрон тариқасида ўрнашиб олиш учун биргина кучли ҳамла кифоя экан. Беневенининг сафари ҳам муваффакиятсиз тугади; унинг ўзи Бухоро амиридан зўрға қочиб қутулгач, Пётр ўлимидан кейин, 1725 йилда Русиёга кайтди.
Чор ҳокимияти Пётр сиёсатини давом эттираркан, ўрус-турк муносабатларига диққатини қаратди. Ташқи сиёсат Қора денгиз соҳилларини босиб олиш мақсади асосида қурилди. Ўзбек хонликлари билан муносабатда эса дастлаб ҳарбий куч ишлатмасдан, Козоғистон орқали доимий савдо муомалаларини ўрнатиш йўлидан боришди.
XVIII аср бошларида ҳар учала Жузнинг қозоқлари қалмиқ (жунгар)ларнинг доимий босқинлари остида қолганди. 1723 йилга келиб оғир очарчиликни бошдан кечиргач, ожизланиб қолган қозоқлар энди ўз мустақилликларини сақлаб қола олмасди. Оқибатда, Катта Жуз жунгарларга сиёсий қарам бўлиб қолди. Ўрта Жуз Бухорога кўчиб бориб, Бухоро хонлигига, Кичик Жузнинг бир қисми эса Хива хонлигига бўйсунди. Қалмиқлар хатаридан сақланиш ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш илинжи катта Жуз ҳамда кичик Жузнинг хони Абулхайрхонни чор ҳокимияти билан яқинлашувга ундарди. Абулхайрхон 1730 йилда Жузни ўрус фуқаролигига қабул қилишларини сўраб Уфага элчи юборади. Русиё ҳукумати Ўрта Осиёга ҳужум қилиш учун ишончли истеҳкомга эга бўлиш ҳамда ўз мустақиллиги йўлида курашаётган бошқирдларнинг қозоқлар билан иттифоқ тузишининг олдини олиш мақсадида хоннинг илтимосини кечиктирмай қондиради. Кўпчилик қозоқ оқсоқолларининг қаршилигига қарамай, 1730 йилда Кичик Жуз билан бирга Семекхон бошчилигида Ўрта Жузнинг бир қисми ҳам Русиё империяси қўл остига ўтдилар[1]. Қозоқларнинг фуқароликка ўтиши чор ҳукуматининг Ўрта Осиёга бундан кейин юриш қилишига бир қанча имкониятлар яратиб берди. Пётр ибораси билан айтганда, Шарқ алоқасини юритишда Козоғистон калит, дарвоза ролини ўйнади. Русиё Қозоғистон ерларида ҳарбий истеҳкомлар қуришда маблағни аямай сарфлади. 1734 йилда Ўренбург губерниясининг котиби И. Кирилловнинг зиммасига қалъалар қуриш, аввал Бухорога, кейинчалик Ҳиндистонга савдо карвони олиб бориш баҳонасида атроф-теваракнинг, йўлларнинг тарҳини чизиш, руда ва олтин қидиришни йўлга қўйиш каби қатор вазифалар юкланган эди. 1742 йилда курилган Ўренбург ўзбек хонликларига суқилиб кириш йўлида ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий истеҳком бўлиб хизмат қилди.
1738 йил августида В. И. Тахтишчев (ўрис тарихчиси) поручик Миллер бошчилигидаги карвон таркибида Тошкент шаҳри томон йўлга чиқади. Унга Бухоронинг бир қанча шаҳарларидаги, Тошкентдаги сиёсий аҳвол тўғрисида ва яна бошқа хил маълумотлар тўплаш топширилганди. Бу карвоннинг ҳам омади чопмади, уни Урта Жуз қозоқлари тор-мор килдилар.
Екатерина иккинчи ҳукумати XVIII аср 70-йилларининг охирларида ўрислар учун ҳар томонлама фойдали бўлган Ўрта Осиё билан савдо-сотиқ масалаларига катта эътибор бера бошлади ва XIX асрнинг биринчи чорагидаёқ ўзбек бозорларида ўрислар мустаҳкам мавқега эга бўлиб олди. (Чунончи, амир Шоҳмурод Эрназар оталиқни Петербургга элчи қилиб жўнатади. Бунинг шарафига Екатерина Эрназар элчи мадрасаси қурилишига 134000 минг сўм ажратган. Михаил Фрунзе истилосидан сўнг ушбу улуғ мадраса ҳам ер билан яксон қилинган эди.) Оврўподаги таранглашаётган халқаро вазият, Наполёнга карши уруш (1805—1807), ўрис-турк уруши (1806—1812), ўрис-швед уруши (1808—1809), ўрис-форс уруши (1805—1813), 1812 йилги Ватан уруши ва Наполёнга карши курашнинг давом эттирилиши чор ҳукуматининг Ўрта Осиёга нисбатан босқинчилик сиёсатини олиб боришига узоқ вақтгача йўл бермади.
Николай иккинчи ҳукумати Ўрта Осиё бозорларини бутунлай Русиёга қарам қилиш мақсадида Туркистонни босиб олишни тезлаштиришни ўйлай бошлади. Ўрта Осиёни босиб олиш талабгорлари ичида энг чаққони Ўренбург ҳарбий губернатўри генерал-майор В. А. Перовский босар-тусарини билмас ва у 1840 йил ноябрининг охирларида 2 та замбарак, 40 арава ҳамда 5 минг пиёда аскар билан 10 минг туядан иборат карвонга бош бўлиб Ўренбургдан чиқиб Ўрта Осиё томон юради. Оғир об-ҳаво шароити, ёқилғининг йўқлиги, озиқ-овқат танглиги, кийим-бошларнинг яроқсизлиги натижасида Перовский қўшиннинг 1/5 қисмини йўқотгандан сўнг Хивага юришни тўхтатишга мажбур бўлади. Истилочилар 1841 йилда Хоников етакчилигида Бухорога отланишади. Бу сафар натижасида Бутенёв «икки хонликни қурол билан босиб олишнинг имкониятлари, йўллари, мақсадга эришиш учун ҳаракат килиш режалари» каби хабарларни ўзида жамлаган «Бухорога қўшин билан бориш имкониятлари ва воситалари» деб аталган нома ёзишга муваффақ бўлади. 1847 йилга келиб мустамлакачилар Сирдарё этакларини босиб олиш режасини тузишади ва у ерда Раим истеҳкоми барпо этилади. 1853 йилда генерал Бларамберг отряди Оқмачитни (ҳозирги Қизил Ўрда шаҳри) ҳужум билан босиб олади. Айни пайтда Ғарбий Сибирдан Семипалатинскка қадар бўлган оралиқда ҳам шимоли-шарқ тарафдан юришлар бошланиб кетганди. 1850—1854 йиллар ичида подшо қўшинлари томонидан Заилия ўлкаси эгалланди, 1854 йилда эса Верное (хозирги Олмаота) истеҳкоми қад кўтарди. Шундан сўнг Ўрта Осиёга босқинчилик юришлари Николай ҳукуматининг Қрим урушига (1853—1856) чалғиганлиги туфайли қисқа муддат тўхтаб колди. Қрим уруши тугагач, Кавказ жанглари Николайнинг қўлини боғлаб қўйганлиги учун у хонликларга қарши ошкора босқинчилик сиёсатини юритолмади ва Бухоро ҳамда Хива хонликларининг бирикишига имкон бермаслик мақсадида айрим чоралар кўриш билан чегараланди, холос.
Чор Русиёсининг Ўрта Осиёга нисбатан жадал мустамлакачилик сиёсатини юргизишига унинг ҳарбий-сиёсий ва иктисодий ахволи асосий сабаб бўлди. Бундан ташкари ривожланаётган енгил саноат учун пахта, пилла, қоракўл ва бошқа маҳсулотлар зарур эди. Гражданлар уруши (1861—1862) туфайли Амрикодан пахта келтирилишининг камайиши ўзбек пахтасига бўлган талабни ошириб юборди. Енгил саноатдаги бўхронлар, уни арзон маҳсулот билан таъминлаш зарурияти подшо ҳукуматини безовта қила бошлади. Ўренбург генерал-губернатўри Катенин ташки ишлар вазирига ёзган хатида: «Ўрта Осиё мулкига ҳукмронлигимизни ўрнатишимиз учун, албатта, Туркистон ва Тошкентни эгаллашимиз шарт», — деб кўрсатиб ўтади. Унинг фикрича, Тошкентни қўлга киритиш Бухоро мулкига қуролли кучлар билан кириб бориш учун ҳам зарур эди. 1862 йилда «Русский Вестник» ойбитигида Ўрта Осиёни босиб олишни қатъий ёқловчи қатор шовинистик мақолалар босилди. «Голос» номли либерал ойбитик эса Хиндистонни босиб олган инглизлардан ўрнак олиб: «Каспийни ўрус денгизига айлантириш, Ўрта Осиёнинг кўчманчи элатларини ўтроқ яшашга ўргатиш, бу саҳройилар билан пачакилашиб ўтирмай, уларни ҳаттоки террор қилишга» чақирди. Ҳарбий вазир Д. А. Малютин ҳарбий чиқишларнинг доимий тарафдори бўлгани туфайли 1864 йил октябрида ташқи ишлар вазирлиги томонидан подшоҳ учун тайёрланган маъруза матнини қўллаб-қувватлади. Бу матнда, жумладан, Русиёнинг Шарққа сирли, лекин тийиқсиз интилиши ҳақида, ярим ёввойилар қабиласи билан тўқнашилган дамда ўта тинчликсевар сиёсатни сақлаб қолишнинг имкони йўқлиги хусусида, Қўқон хонлигининг табиий бойликлари бўлмиш пахта, ипак, қимматбаҳо маъданлар тўғрисида сўз юритилади. Шундай қилиб, олтмишинчи йиллар бошида Ўрта Осиёни босиб олишга ғоявий тайёргарлик кўрилади, эндиликда бу истилони амалга ошириш навбати келганди. 1863 йил ёзда полковник Черняев Ўренбург генерал-губернатўри Безакнинг сукут ичра ризолиги оқибатида Сирдарё ёқасидаги Сўзоқ қалъасини қўлга киритди ва уни атроф-теваракдаги аҳолиси билан бирга «Русиёнинг мулки» деб эълон қилди.
1864 йилнинг бошида Верное (Олмаота) қалъасидан чиққан 2500 кишилик Черняев отряди 4 июн куни Авлиёота шаҳрини эгаллади. Черняев билан изма-из Перовский кўрғонидан чиққан полковник Верёвкин гуруҳи эса Туркистон шаҳрига юриш қилди ва шаҳарни 12 июнда босиб олди. Бу юришда Амир Темур Кўрагон Ҳожа Аҳмад Яссавий хотирасини улуғлаб қурдирган буюк обида — Шайх мақбараси тўпга тутилди. 1864 йилнинг 22 сентябрида Қўқон хонлиги ихтиёридаги Чимкент шаҳрини қўлга киритиш билан аввалбошда кўзда тутилган максад узил-кесил амалга ошди.
1864 йилнинг кузида Черняев Тошкентни босиб олиш учун муваффақиятсиз тугаган биринчи уринишга қўл урди, 1865 йил баҳорида Тошкентнинг сувбошиси бўлмиш «Ниёзбек» қалъасини эгаллаб олгач, шаҳарга навбатдаги юришни бошлади. Черняев аввало Анҳорнинг сувини бўғиб олди ва Тошкент 42 кун давомида сувсиз колди. Подшо қўшинларининг хабарини эшитибоқ тошкентликлар Қўқон хонлигига қарашли бўлганликлари учун хондан ёрдам сўрайдилар. Шаҳар доруғаси Алимқул уларни ўз эрклари учун курашга чорлаб оташин нутқ сўзлади. Қўқондан ёрдам келгач, Тошкент ҳимоячиларининг сони 30 минг кишига етди. Расмий маълумотларга караганда ўрис солдатлари 1950 нафар бўлган. Тартибот ва ташкилотчиликнинг йўқлиги, керакли ҳарбий техника билан таъминланмаганлиги туфайли хонлик кўшинининг сон жиҳатидан устунлиги ҳам тўқнашувда фойда бермади. Черняев ҳал қилувчи ҳаракатни жанубдан, Темур дарвозаси ёқдан бошлади. У Қўқон ёки Бухородан келиши мумкин бўлган ёрдамчи кучларга ҳам халақит бермоқчи бўлган. Илк тўқнашув 1865 йилнинг 9 майида бўлиб ўтди. Бу жангда Алимқул ҳалок бўлди. Черняев Алимқул ҳалокатидан кейин шаҳар таслим бўлар деган илинжда ҳужумни бирпасга тўхтатиб турди. Бухоро амирининг қўшини яқинлашиб келаётганлигидан хабар топгач, 14 дан 15 майга ўтар кечаси шаҳарга ҳужум бошлашга қарор қилинди. 16 ва 17 май кунлари ҳам кўча жанглари давом этди. 17 май куни Тошкент аъёнлари қаршиликнинг беҳудалигини ҳисобга олиб, шаҳарни топшириш учун музокарага киришадилар. Ўренбург генерал-губернатўри Крижановский 1865 йилнинг сентябрида маҳв қилинган шаҳарга келади ва Тошкентни мухтор қарам мулк деб эълон қилади.
Черняев шу йилнинг кузидаёқ Жиззахга юриш бошлайди. Аммо 1866 йил март ойида Черняев Петербургга чақириб олинади ва унинг ўрнига юборилган генерал Романовский 8 май куни Эржарда амир қўшинларини мағлубиятга учратади, 24 май куни эса Хўжандда ҳам ўрисларнинг қўли устун келади. Август ойида Крижановский Тошкент, Хўжанд ва Чирчиқорти ўлкасини Русиё қарамлигига қабул қилиш тўғрисида кўрсатма беради. Амир билан музокарада келишолмагач, Крижановский 2 октябрда Бухорога қарашли Ўратепа қалъасини, 18 октябрда эса Жиззахни босиб олади. 1867 йилда босиб олинган ерларда фавқулодда Туркистон генерал-губернатурлиги тузилади. Инженер-генерал К. П. Кауфман бош қилиб тайинланган бу губернатўрликнинг маркази Тошкент бўлиб, Сирдарё ва Еттисув вилоятлари ҳам унинг таркибига киради.
Ўрис қўшинлари босқинчиликни давом эттириб, 1868 йил 1 май куни Самарқанднинг Чўпонота тепалигида Бухоро қўшинларини енгадилар ва 2 майда Самарқанд шаҳри таслим бўлишга мажбур қилинади. Ўрис қўшинлари чиқиши билан шаҳарда ғазовот бошланиб кетади. 2 июн куни шаҳар деворлари ёнида Шаҳрисабз қўшини пайдо бўлганда эса озодлик қўзғолони кучаяди. Умархўжа ва Жўрабой отрядлари ҳеч бир каршиликсиз Самарқандга кирадилар, бу ерда уларга шаҳар аҳли ҳам қўшилади. 650 кишидан иборат ўрис гарнизони қўрғонга кириб яширинади. Мужоҳидлар 5 кун давомида ҳужум қиладилар, 8 июнда эса Кауфман қўшини шаҳарга киради ва унинг барча ҳимоячилари қатл этилади. Зирабулоқдаги мағлубият, Самарқанд кўзғолонининг бостирилиши Бухоро билан бўладиган уруш тақдирини ҳал қилиб қўйди ва амир Русиё билан тузилган битимга имзо чекди. Битим шартлари (1868 йил 23 июнда) қуйидагича эди: Бухоро ўрисларга вассалликни тан олади ва 500 минг сўм уруш товонини тўлайди. Самарқанд ва Каттақўрғон вилоятлари Русиёга бириктирилди. Бухоро чет давлатлар билан алоқа қилиш ва мустақил боғланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Шу йилнинг кузидаёқ Абдумалик бошчилигида кўтарилган кўзғолон ҳам ўрислар томонидан шафқатсизлик билан бостирилди.
1870 йилда Искандаркўлга уюштирилган ҳарбий юриш натижасида Зарафшон тизмаси ҳам қўлга киритилди. Ўрислар томонидан Ўрта Осиёнинг босиб олиниш тарихидаги навбатдаги босқич Хива хонлигини забт этиш эди. 1873 йил майнинг ўрталарида Туркистон, Ўренбург ва Кавказ губернатўрининг гуруҳлари Хивага яқинлашдилар. Ўрис қўшинини қайтаришга уринган хиваликлар тор-мор этилдилар. Ўрис қўшини Хивага деярли жангсиз кириб келди ва хон амалдорлари билан музокара олиб борди. Тинч йўл билан тузилган битимга кўра Хива хони Муҳаммад Раҳим 1873 йилнинг 12 августидан эътиборан мустақил ташқи алоқалар олиб боришдан маҳрум этилди. Айни вақтда Русиёга 2,2 миллион сўм уруш товонини хонлик тўлаши шарт қилиб қўйилганди. Амударёнинг ўнг қирғоғида, хонлик пойтахтига яқин жойда Петр-Александровский қўрғони (ҳозирги Тўрткўл) барпо этилди. Хива хони қарамликда ушлаб турилган бир пайтда, генерал Головачёв бошчилигидаги жазо тўдаси туркманларни қириб, тор-мор қилишни давом эттирди.
Қўқон хони Худоёрнинг оғмачилик сиёсати туфайли учинчи ўзбек хонлиги ҳам ўз мустақиллигини оз муддат сақлаб туролди, холос. 1874—1876 йилларда марғилонлик Исоқ мулла Ҳасан ўғли бошчилигидаги қўзғолон натижасида Қўқон ҳам мустакилликдан маҳрум қилинди. 1872 йилда бир гуруҳ норози феодаллар Худоёрнинг қариндошларидан бўлган Пўлатбекни тахтга кўтармоқчи бўладилар. У тахтдан воз кечгач, фитначиларнинг розилиги билан Пўлатбек исмини олган Исҳоқ мулла ғазовотнинг бошида туради. 1873 йилда унга Абдураҳмон офтобачи (Қўқоннинг собиқ ҳукмдори Мусулмонқулнинг ўғли), бундан ташқари Худоёрнинг тўнғич ўғли Насриддин (Андижон ҳокими) ва акаси Муродбек (Марғилон ҳокими) келиб қўшиладилар. Қўзғолонни бостиришга ожизлигини пайқаган Худоёрхон «пуштипаноҳ император ҳазрати олийлари»нинг қудратига суянади ва Кауфманга дўстона мурожаат қилиб, «иложи борича тезлик билан Қўқонга ўрис қўшини ва замбаракларини юбориш»ни сўрайди. Юртни сотганлиги учун Худоёрхон ва яқинларига қарши ғазовот эълон қилинади. Худоёр 1875 йил 2 июл куни ўз оиласи билан Тошкентга, ўрис элчихонаси паноҳига қочиб боради. Тарихчи олим Ҳ. Бобобеков «Халқ сўзи» рўзномасининг 1991 йил 20 феврал сонида «Қўқон хазинаси қаерда?» номли хабарида ёзишича, 1875 йилнинг ёзида, Қўқон хони Худоёрхон 70 кишилик аёллар жамоаси, 500 га яқин ҳамроҳлари, 40 арава хазина билан Тошкентга Туркистон генерал губернатори Фон Кауфман ҳузурига паноҳ тортиб келган. Кауфман 40 арава халқ бойлигини олиб, Худоёрхоннинг ўзини Ўренбургга сургун қилган. У кейинчалик Ўренбург тутқунлигидан қочган. Тошкентдан чиққан ўрис гуруҳи қўқонликларни Макрам қалъасида мағлубиятга учратади. 29 августда Кауфман Қўқонга ғолиб сифатида кириб келади. Қўқон аъёнлари Худоёрнинг ўғли Насриддинбек бошчилигида ундан кечирим сўрайдилар. 22 сентябрда Кауфман билан битим тузилади. Бу битимга кўра Қўқон хони ўзини Русиё императорининг қули деб тан олади, генерал-губернатўр рухсатисиз хеч кандай ташқи алоқалар ёки ҳарбий харакатлар қилмасликка рози бўлади. Шундай қилиб, Қўқон феодаллари юртнинг эркини бой бериб, жонларининг тинчини топадилар.
Хоннинг шармандали қочиши ҳақидаги хабар янги қўзғолонга сабаб бўлади. Бу гал унинг маркази Андижон эди. Қўзғолончилар Пўлатхон номи билан юрган Исҳоқ муллани хон деб эълон қиладилар. Пўлатхонга қарши жўнатилган ўрис гуруҳи Андижон остонасида мағлубиятга учрайди, 1875 йилнинг 7 октябрида эса қўзғолончилар хон қўшинини енгиб, Қўқонни эгалладилар; Насриддинхон Хўжандга, ўрислар паноҳига қочгач, 11 ноябрда Балиқчи яқинида исёнчилар генерал Скобелев томонидан тор-мор этиладилар. Скобелев қишлоқларга йўл-йўлакай шафқатсизларча ўт қўйиб, яксон қилиб олға силжиди. Скобелев Андижон шаҳрини қотилларча тўпга тутиб, бомбардимон қилдирди, унинг ўз сўзлари бўйича, уч минг чоғли одам вайроналар тагида қолиб кетган. 9 январда Скобелев вайрона Андижонга кириб боради. Пўлатхон қолган-қутган кучлари билан Учкўрғон қалъасига чекинганди. 1876 йилнинг 27 дан 28 январга ўтар кечаси Скобелев томонидан юборилган отряд Учқўрғонни эгаллади, барча ҳимоячилар ўлдирилди. Пўлатхон бу ердан қочиб улгурди, аммо кўп ўтмай Марғилонда қўлга тушди ва жазоланди.
Кауфман бир амаллаб халқ ҳаракатини бостиргач, Қўқонни мустақиллигидан маҳрум этишга аҳд қилди. 1876 йилнинг 19 февралида Қўқон хонлиги бекор қилинди ва унинг ўрнида Фарғона области ташкил этилди. Жазо экспедициясининг бошлиғи, бўйсунмас қўқонликларни шафқатсиз қийратган генерал Скобелев эса ҳарбий губернатўр қилиб тайинланди. Хуллас, ўзбек халқи мустақиллик курашининг сўнгги босқичи Пўлатхон қўзғолони бўлди ва ундан сўнг учала ўзбек хонлиги ҳам ўрис подшолигига тўла қарам бўлиб қолди.
Ўрта Осиёнинг Русиё томонидан забт этилиши босқинчилик туфайли Туркистон ўлкасининг вайрон этилганлиги, меҳнаткаш халқ оммасининг чор амалдорлари ва махаллий золимлар томонидан эзилиши тафсилотлари ўрис ва маҳаллий тарихчилар, воқеанавислар, ўрис воқенавис офитсерлари томонидан бир қадар тўғри ёритилган. Инқилобгача яшаб ижод этган М. Терентьев, К. Абаза, А. Макшеев, А. Серебряников, С. Дмитриев, А. Калужин, Л. Костенко, В. Наливкин, Д. Логофет каби ўрис тарихчилари, Муҳаммад Солиҳ, Мирзо Аъзам Сомий, Мирза Салимбек, Садри Зиё каби маҳаллий муаррихлар ўз
асарларида Ўрта Осиёнинг чоризм томонидан босиб олиниш тарихини ҳалол ёритганлар. Хоразмлик шоир ва тарихчи Баёний «Хоразм тарихи» номли қўлёзма асарида Ўрта Осиёнинг чор Русиёси томонидан забт этилиш воқеаларини холис тасвирлаб беради. Д. А. Логофетнинг «Бухарское ханство под русским протекторатом» (Спб, 1911), В. И. Вяткиннинг «Каршинский округ организации в нем войска и собития в период 1800— 1803 гг.» (Спб, 1805), Л. Ф. Костенконинг «Путешествия в Бухару русской миссии в 1870 г». (Спб, 1871), К. Абазанинг «Завоевание Туркестана» (Спб, 1902), А. Макшеевнинг «Исторический обзор Туркестана и наступательные движения в Средней Азии» (Спб, 1906), В. Наливкиннинг «Краткая история Кокандского ханства» (Казань, 1888 г) китоблари, макола ва эсдаликлари бу жиҳатдан диққатга сазовордир.
Чоризмнинг ҳарбий сиёсати халқларни бўлиб ташлаб, уларни қўрқитиш билан бўйинсиндиришдан иборат бўлган. Кейинги вактда эса тарихий китоблар, тарихий бадиий асарларда Ўрта Осиёни босиб олган чор Русиёсини мадҳ этувчи А. Горбовский ва Ю. Селиновнинг «Ўқ узмасдан», М. Поповнинг «Ак-пашша — белый генерал», В. Пикулнинг «Дарвозангни оч, Хива!» асарларида тарихни нотўғри, бўяб кўрсатишларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу ва бу хил асарларда «Халқлар турмаси» (В. И. Ленин) бўлмиш чор Русиёси беозор, адолатпарвар тарзда кўрсатилмоқда.
Бу ўринда шуни айтиш керакки, қадим замонлардан буён, айниқса, XV—XVIII асрларда Оврўпа мамлакатлари, шу жумладан, Англия ва Русиё Ўрта Осиё бойликларига жуда ҳам қизиқиб қарай бошладилар. Пётр даврида тараққиёт йўлига чиқиб олган Русиё атроф ўлкаларни босиб олиш ҳисобига ҳудудини кенгайтирди ва Ўрта Осиё билан савдо ва дипломатик алоқаларни ривожлантиришга, шу йўл билан ўлканинг олтин, кумуш, маъдан конларини аниқлаш, иложи бўлса, қўлга киритиш режаларини амалга ошириш учун ҳаракат қила бошлайдилар. Русиёнинг Бухорога келган элчиси Флорио Беновели подшо Пётр I га йўллаган маълумотларидан бирида шундай деб ёзган эди: «Тоғларда олтин ва кумуш қидириш қатъияи ман этилган. Барча конлар яқинида доимо қоровуллар туради». Ўрта Осиёдаги қазилма бойликларни аниқлаш ниятида Пётр Бухоро, Хива хонликлари ихтиёридаги Қизилқумга 1714 йили А. Бекович-Черкасский бошчилигида уч ярим минг кишилик ҳарбий тўда юборди. Черкасский ҳарбий аъзоларини Хива хони Шерғозихон ўлдиртирган бўлса ҳам, лекин экспедиция Каспий бўйига уя куриб (ҳозирги Красноводскда), Каспий билан Орол ўртасидаги «дамбалар»да мавжуд бўлган олтин сирларини билиб оладилар. XIX асрда тарихчи, сайёҳ ва олим Ҳерман Вамбери ҳам разведка максадида Англиё томонидан Ўрта Осиёга юборилган эди.
Инглизлар Ўрта Осиёни чор Русиёсидан олдинроқ истило қилмоқчи эди. Бироқ Русиё империяси отни илгарироқ қамчилади. Рус олимларидан И. Мушкетов, П. Семёнов-Тяньшанский, Н. Северцев, Д. Логофет, В. Наливкин, В. Вебер ва бошқалар Ўрта Осиёнинг жўғрофик, жойлик ва қазилма бойлиги тузилишини тадқиқ эта бошладилар. Билониҳоя, XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўрта Осиё Русиё империясининг мустамлакачилик домига тортила бошланди. XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиё ва Қозоғистон ерларига қилич ўйнатиб келган чор Русиёсининг бағритош генераллари, офитсер, аскарлари туб меҳнаткаш халқ қонини зулукдек сўриш ниятида «империянинг иқтисодий таянчи Ўрта Осиёда» деб оламга жар солди. Русиё молия вазири Вишнегородский эса Ўрта Осиёдек жаннатмакон ўлкани, «ўрис тожидаги энг кимматбаҳо дур», деб таърифлаган эди. Босқинчи генералларнинг башорати тўғри бўлиб чиқди. Узоқ йиллардан буён Ўрта Осиё ва Қозоғистон диёри Русиёнинг нажот маскани, мустамлака базаси бўлиб келмоқда. Иқтидорли шоир Хуршид Даврон «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» рўзномасининг 1990 йил 15 апрел сонида эълон қилган «Босқинчилик қаҳрамонликми?» номли танқидий мақоласида ўтган асрнинг иккинчи ярмида чор Русиёсининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон ерларига қилган ҳарбий юришини қаттиқ қоралайди. Адиб узоқ вақт то Ўктябр инқилоби ғалабасига қадар бўлган давр ичида меҳнаткаш халқ оммасини қуллик занжирида тутиб туришда Русиё империяси генералларининг хизмати беқиёслигини тўғри таъкидлайди.
Чор Русиёсининг тўлақонли мустамлакаси бўлган Туркистон ўлкасида Скобелев, Черняев, Кауфман каби ўрис генералларининг талончилик сиёсатини аёвсиз фош этади. Дарвоқе, чоризмнинг Ўрта Осиёдаги ваҳшийликларини илғор фикрли сиймолар К. Маркс, Ф. Энгельс, Л. Толстой, П. Герцен, М. Горькийлар ҳам қоралаган эдилар. Улуғ санъаткор Л. Н. Толстой босқинчи чор Русиёсининг шуҳратпараст генераллари хўжайинга мутеъ сарбозларининг Ўрта Осиё ва Қозоғистонда олиб борган хунрезликларидан ғазабланган эди. Буни биз яқиндагина жанг майдонидан қайтган ёш юнкер билан ёзувчи ўртасидаги суҳбатдан ҳам билиб олишимиз мумкин. Лев Николаевич Толстойнинг севимли қизи ва сирдоши Татьяна Сухотина-Толстая ўз эсдаликларида 1889 йилнинг қаҳратон кишида бўлиб ўтган бир тарихий вокеани шундай ёзади: «Бугун эрталаб бир юнкер дин хусусида маслаҳатлашиш ниятида отам ҳузурида бўлди. Сўнгра, отам у билан яхшигина гурунглашганини ва, айниқса, унга сингдирилган эътиқодга шак келтириб қўймаслик учун эҳтиёткорлик билан муомала қилганлигини сўзлаб берди. Шароб тўғрисида ҳам сўзлашибдилар. Юнкер ичмаслигини айтди. Дадам уни ҳушёрлик жамиятига киришга таклиф этди, лекин у аҳён-аҳёнда ичиб тураман, деб жавоб берди. «Нима учун?» — деб сўради отам. «Мана, масалан, Скобелев бутун аҳолини қириб ташлаш керак бўлиб қолганда аскарлар бундай қилишдан бош тортдилар, шу ишни амалга оширишлари учун уларни ичкизиб маст қилиш зарур бўлади», — деб жавоб қилди юнкер. Дадам бир неча кунгача буни унутолмай ҳаммага ҳикоя қилиб берди». Л. Н. Толстойнинг қизи Татьяна Сухотина-Толстоянинг эслашича, ҳарбий юнкернинг бу ҳикоясидан кейин ёзувчи ойлар эмас, йиллар давомида қаттиқ изтироб чекади.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон ерларини босиб олиш режаларини аввалдан ишлаб чиққан чор Русиёсининг колинизаторлари XVIII—XIX асрларда Семипалатинск, Ўренбург, Петропавловский, Троицкий, Усть-Каменогорский каби 40 дан ортиқ ҳарбий қалъа ва 100 га якин ҳарбийлаштирилган кичик қалъалар барпо қилингач, 1853 йилда Ўренбургда генерал Перовский бошлиқ Ўренбург генерал-губернатўрлиги ташкил этилади.
1853 йилда генерал Перовский бошлиқ икки мингдан ортиқ ўрус қўшинлари Оқмачит (Қизил Ўрда)га ҳужум қилдилар. Йигирма икки кунлик жангу жадалда чор кўшинларидан 25 киши ўлди, 46 киши яраланган бўлса, истеҳком «ҳимоячиларидан бор-йўғи 74 киши тирик қолди, холос. Оқмачитни қайтариб олиш учун шу йилнинг декабрида Ёқуббек бошчилигида 13 минглик қўшин душманга қарши ташланади. Бир неча кунлик қаттиқ жангдан сўнг Ёқуббекнинг икки мингдан ортиқ мард йигитлари ҳалок бўлади. Бу шиддатли жангда чор кўшинларининг аскарларидан атиги 55 кишигина нобуд бўлган. Ушбу мағлубиятдан сўнг Ёқуббек Қошғар хонлигига асос солади. Бу мустақил давлат ҳам кейинчалик Русиё ва Хитой қуршовида йўқ қилинган эди.
Тарих фанлари доктори, профессор Ҳамид Зияев ўзининг «Чоризм истилоси» («Шарқ юлдузи», 1990, 8-сон, 18—19 саҳифалар) номли ҳужжатларга бой нуфузли мақоласида чоризм истилочиларининг Пишпек, Тўқмоқ, Авлиёота шаҳарларининг забт этиш тафсилотини шундай ёзади: 1860 йилда Пишпекда ҳам душман қўшини билан тўқнашув бўлади. Бу жойни эгаллаш учун чор қўшинлари 954 та снаряд ва 13 мингга яқин ўқ отганлари маълум. Ҳимоячилардан анча киши ўлдирилади ва ярадор қилинади. Шу йили Тўқмоқ қалъаси ҳам чор қўшини томонидан забт этилади, бу ҳол бутун хонликни катта ташвишга солади. Ўзбек, қозоқ, тожик ва қирғизлар Тошкент ҳокими Қаноатшоҳ бошчилигида урушга отланишади. Уларнинг умумий сони 20 мингга борар эди. Пишпек остонасида ҳар икки томон ўртасида қонли тўқнашув юз бериб, ҳимоячилар қаҳрамонона жанг қилдилар. Мудофаачиларга қарши душман томонидан 2051 та снаряд, 31879 та ўқ ва 63 тўп ўқи отилган. Бу жангда Қўқон қўшинларидан ва оломондан 15000 киши ўлдирилади ва кўпи яраланади. Душман аскарларидан атиги 13 киши ўлдирилади ва 29 киши жароҳатланади. 574 ҳимоячи асирликка олинади. Шунингдек, истеҳкомда 82 савдогар, 92 та аёл ва болалар бор эди. Чор қўшинлари 1864 йил май ойида Авлиёота остонасида 15000 кишилик Қўқон қўшинлари ва халқ қасоскорлари билан яна тўқнашади. Бу сафар ҳам ҳимоячилар мағлубият аламини тортадилар, улардан 307 киши ўлдирилиб, 390 киши ярадор бўлган эди».
Кўряпсизки, Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг ҳар бир қишлоқ ва шаҳарларини вайрон қилиш, аҳолини қириш ва асир олиш эвазига чор қўшинлари Тошкент ва Қўқон, Фарғона, Андижон сари зобитона ҳарбий юриш қилганлар. Авлиёота ва Туркистоннинг душман томонидан ҳарбий куч билан забт этилиши Қўқон
хонлиги, Тошкент ҳокимини таҳликага солиб қўяди. Қўқон хонлигининг ботир лашкарбошиси Алимқул бошлиқ ўн минг дан зиёд сарбозлар ва халқ қасоскорлари Чимкент ҳимоясига отланадилар. Чимкентни қўлга киритиш учун тиш-тирноғигача қуролланган душман генерал Черняев қўмондонлигида ватанпарварлар билан қаттиқ жанг олиб боради. Бу ҳал қилувчи жангда ўрисларнинг тўп, милтиқ ва замбараги зарбидан 12 мингдан ортик фидоийлар қаҳрамонларча ҳалок бўлади ва яраланади. Чимкент жангида элсеварлар душманга кўп курбон берган бўлса ҳам, чор қўшинларини Тошкент сари юришига йўл қўймайдилар. Саркарда Алимқулнинг мардлиги ва жасорати Черняев аскарларини саросимага солиб кўяди. Генерал Чимкентни ташлаб орқага, Туркистон сари чекинишга мажбур бўлади. Истилочиларни изма-из қувиб, ўз вақтида она тупроғимизни тозалаш ниятида бўлган Алимқул ва унинг баҳодир навкарларининг кучи фавқулодда иккига бўлиниб кетади. Ачинарлиси шундаки, Қўқон хонлигининг аскарлари энг хавфли босқинчи душманлар билан ҳаёт-мамот жанги олиб бораётган ва ғалабани қўлга киритаётган бир пайтда Қўқондан нохуш хабар келади. Бухоро амири амир Музаффар фурсатдан фойдаланиб, катта куч билан Қўқонга қўшин тортади. Худбин ва калтафаҳм амир ҳужумига қарши курашиш учун Алимқул ноилож ва шошилинч ҳолатда ҳаракатдаги жангчиларининг бир қисми билан Қўқон ҳимоясига отланади. Чекинаётган генерал Черняевга бу воқеа кутилмаган бир далда эди. Алимқулнинг бир қисм жангчилари билан Қўқон ҳимоясига кетганлигидан хабар топган генерал Черняев қалбида қасоскорлик ўти чақнади. У тезлик билан изига қайтиб, 1864 йилнинг 21 сентябрида бир зарб билан Чимкентни эгаллади ва бу билан Тошкент томон юришга ҳозирлик кўрди.
Чор истилочилари Ўрта Осиё ва Қозоғистон ерларини эгаллаш йўлида ҳар қандай ваҳшийлик ва қотилликлардан тортинмаган. Русиё империясининг қонли юришларини тарихчиларимиз ошкоралик даврида объектив ёритиш пайти етиб келди. Чор Русиёсининг биргина босқинчи генерали М. Скобелевнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон ерларида олиб борган хунрезликлари бир неча китоб, киноэпопеяни ташкил этади. Қонхўр генерал Скобелев ўзининг босқинчи ҳарбий гуруҳи билан 1881 йилнинг 12 январида Кўктепада 22,5 мингдан зиёд бегуноҳ туркман, қозоқ, ўзбек, кирғизларни ваҳшиёна чопиб ташлайди. Туркман халқи Кўктепа мудофаасида ҳалок бўлган ватанпарвар фидойилар учун 1991 йил 12 январда хотира музейи очдилар. Туркманистон ва қардош жумҳурият халқлари ҳар йили 12 январ кунини Кўктепада хотира сифатида кутиб оладилар.
Бу ўринда шуни ҳам айтиш керакки, биз талантли рассом сифатида кўкларга кўтарган В. В. Верешчагин ҳам бир қўлида қилич, бир қўлида мўйқалам билан чор Русиёси генераллари жанг майдонларини кезган ва ўз асарларида уруш воқеаларини қаламга олган. Бинобарин, ўрислар истилоси оқибатида қўшин ва тинч аҳоли орасидан жами 598 минг одам нобуд бўлган. Ҳеч бўлмаса юрт дея шаҳид кетганларни хотира кунларида руҳини шод этишимиз мумкин-ку?
Рус тарихчиси генерал М. А. Терентьев ўзининг «Русиё ва Англия» (Спб. 1876) китобида: «1864 йил ўрис зулмига қарши Еттисувдаги дунганлар қўзғолон кўтардилар. Лекин улар қириб ташланди, ҳаммаёқ қонга ботирилди», деб ёзади (65-бет).
«Ўрислар, — дейилган ўша китобда, — вақти-вақти билан сарбозорлар уюштириб турар, маҳаллий савдогарлардан ўз дўконларини ёпиб, сарбозорда савдо қилишни талаб қилар эдилар. Ким бунга бўйсунмаса, уларни мажбур қилар, дўконларини ёндириб ташлар, жуда катта пул жаримаси солар эдилар. Маҳаллий савдогарлар учун сарбозорларда энг ёмон жой — қуёш қиздириб турадиган жойлар ажратиларди» (164-бет).
Русиё тарихчилари Туркистонни забт этишда чор Русиёсининг ўзи ночор бўлишига карамай, дур, жавоҳирлар ўлкасини кўлга киритиш учун миллион-миллионларни сарф этганлигини ёзадилар.
М. Терентьевнинг асарида «Хивани босиб олиш учун Туркистон округига 287300 сўм, Ўренбург округига 2000000, бошқа буромадлар учун шахсан Кауфман ихтиёрига 400000 сўм пул ажратилди», дейилади (111-бет). Яна: «Хива юришига қатнашувчи аскарларга озиқ-овқат ва отларга ем-хашак сотиб олиш учун 465414 сўм 64 тийин пул ажратилди» (117-бет), деб ёзади тарихчи. «Турли анжомлар: от, туялар сотиб олиш учун 516351 сўм, 40 тийин ажратилганини ёзган (153-бет) тарихчи китобнинг 283-бетида. «Артиллерия запаслари учун ва лазаретлар учун 94285 сўм пул ажратилди ва кўприкларни тузатиш учун эса 1475558 сўм 68 тийин пул ажратилди», деб очиқ-ойдин кўрсатади. Кўринадики, Русиё империяси Ўрта Осиё ерларини босиб олиб, унинг меҳнаткаш халқларини қулликка солиш ниятида пул ва маблағни сира-сира аямаган, ўрис тарихчи олимлари қўли билан ёзилган тарих китоблари, архив ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, чор ҳокимиятининг генераллари, ҳарбий жазо отрядларининг офитсер, аскарлари маҳаллий ҳукмдорлар, меҳнаткаш халқни дўқ-пўписа ва қўрқитиш, ҳийла йўли билан ўзларининг мустамлакачилик, боскинчилик сиёсатларини амалга оширганлар.
1870 йил 18 январда генерал Кауфман Хива хонига 3 марта хат ёзиб: «Мен Сизга уч марта хат ёзиб бирортасига ҳам жавоб олмадим. Бунинг устига менинг сўнгги элчиларимни ҳам ушлаб қолгансиз. Бундай ҳаракатларга ортиқча чидаб бўлмайди. Иккитадан биттасига ёки айтганларимизга кўнасиз — дўст бўлиб қоламиз ёки айтганларимизга кўнмасангиз душман бўлиб қоламиз» (ўша асар, 67-бет), деб дўқ қилган.
Ўрта Осиёдаги ҳар бир шаҳар ва қишлоқларни босиб олишда империянинг қонхўр генераллари, бағри тош офитсер, солдатлари турли-туман фириб-найранг ва жазо йўлларини ишга солар эдилар. Маҳаллий халқларни талаш, ўлдириш йўлида чор Русиёсининг димоғдор ҳукмдорлари маблағни аямас, ўрис солдат, офитсерларининг босқинчилик ва талончиликдаги хизматлари орденлар ва мукофотларга кўмиларди.
Фон Кауфман, Черняев, Куропаткин, Верёвкин каби генералларнинг айтганини қилса, Хива хони асосий мулкларидан ажралар, шартларни бажармаса, босиб олинар эди. Хўш, шу гаплардан кейин Ўрта Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон ерлари қўшиб олинди дейишга арзигулик асос қолармикан? Чоризм истилочилари Сибир ва Ўрта Осиёни ҳарбий куч билан забт этгани атамалар тарихида ўз ифодасини топган. Биргина «Владикавказ» (Кавказни эгалла) ёхуд «Владивосток» (Шарқни эгалла) каби атамаларнинг ўзидан ҳам аёнки, бу ўлкалар чоризм томонидан босиб олинган.
Чоризм ўзи босиб олган маҳаллий аҳолидан жуда-жуда хавфсирар эди. Шунинг учун ҳам қўрғонлардаги ўрис казаклари қатъий огоҳлантирилиб, уларни зўр сиқув, қўрқувда сақлашга уринарди. Ўрис казакларидан ўз қуролларини бошқаларга, айниқса, маҳаллий одамларга сотмасликни қатъиян талаб қилинган ва бу ҳақда қурол бераолган ҳар бир деҳқондан тилхат олинган эди. Маҳаллий халққа сир бермаслик, уларга ишонмаслик уқтириларди.
Шуни ҳам айтиш керакки, келгиндилар аскарликка ўқитилар, ўргатилар ва биринчи чақириқ биланоқ ўзини армияга чақирилган деб ҳисоблар эдилар. Улар кечалари ва кундуз кунлари шаҳар ва қишлоқларни, атроф ерларини доим кузатишар, назоратда сақлашар, салгина шубҳали воқеа ва ҳодисани сезсалар, дарҳол эҳтиёт чораларини кўрардилар.
Чоризм босиб олган Ўрта Осиё халқларининг ҳар қандай хақ-ҳуқуқларини йўқ қилиб, уларни ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий ва ҳарбий қолоқликда сақлаб туриш учун ўзининг тўрачилик, маҳкамачилик бошқариш усулини жорий қилдики, бунда энг қуйи мансабдан энг юқори мансабга қадар бўлган ҳамма лавозимлар фақат ўрис ҳарбий тўралари орқали идора қилинадиган тартиб ўрнатилди. Чор ҳукумати Ўрта Осиёни забт этган ва шу ўлкада яшаётган ўрис генераллари, офитсер, аскарларига маҳаллий халқ тилини билганлиги, «туземчи»лар урф-одатини ўрганишга ҳаракат қилганликлари учун ойлик маошларига қўшимча равишда 180 сўмдан пул ҳам тўлаб турган.
Маҳаллий халқлардан таланган барча бойликлар (пахта, маъдан, рангли металл, қоракўл тери, тулки териси, пилла, мева маҳсулотлари ва бошқалар) авваллари туя, от, эшак, ҳўкизга юкланган карвонларда ташилган бўлса, Ўрта Осиёда темирйўл ўтказилгандан кейин узун эшолонлар орқали Русиёга олиб кетиладиган бўлди. Ўрта Осиёнинг ер ости ва ер усти бойликлари Русиё империясининг асосий хом ашё базасига айланди.
Ўрта Осиёнинг ярим подшосига айланиб қолган «Туркистон генерал-губернатўри бошлиқ бир гуруҳ мутгаҳам, юлғич генераллар турли баҳоналар билан бир неча ўн минглаб гектар серҳосил ерларни зўрлик билан маҳаллий халқ қўлидан тортиб олиб, уни қиммат баҳода сота бошладилар». (История народов Узбекистана, т. 2, Тошкент, 1947, стр. 253—268). Шундай зўравонлик билан маҳаллий ҳунармандлар, деҳконларни тирикчилик манбаидан, чорвадор хўжаликларни эса яйлов ерларидан маҳрум қилдилар.
Юртимизнинг Русиё ҳукмдорлари томонидан забт этилиши тарихини Қўқон, Бухоро ва Хива хонликлари саройидаги шоирлар, тарихчилар, воқеанавислар, ёзувчилар хам батафсил ёзганлар. Тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳнинг 1875 йилда ёзиб битирган «Тошкентнинг янги тарихи» номли шарқшунослик институтида сақланаётган (444 бетлик форсча қўлёзма) китобида таъкидланишича, Тошкент шаҳри золим ва қонхўр генерал Черняев томонидан 1865 йилнинг ёзида бир неча бор тўпга тутилган ва шаҳар қамал қилиниб, «Кайковус» ариқ тўғони бузилиб, суви Чирчиқ дарёсига буриб юборилган. Натижада Тошкент шахри маркази аҳолиси ёз кезлари 42 кун давомида қарийб сувсиз, озиқ-овқатсиз оғир аҳволда қолдирилган. Афсуски, «Тошкентнинг янги тарихи» сингари кўплаб тарихий китоблар чанг босган ҳолда эътибордан четда қолган.
Давримизнинг машҳур сўз санъаткори, қозоқ адабиётининг улкан намояндаси, оташқалб шоир Ўлжас Сулаймон 1989 йилда «Алма-Ата жали»да нашр эттирган қимматли мақолалар ва шеърлар китобида Русиё империясининг Ўрта Осиёдаги босқинчилик сиёсатини фош этувчи ҳужжатларни келтиради. Адиб мазкур китобнинг «Мой Чокан» («Менинг Чўқоним») номли мақоласида чор Русиёсининг босқинчи генералларидан Черняев Қозоғистон ва Ўрта Осиё ерларига очкўзларча бостириб кириши, Оқмачит, Жамбулни тўпга тутиб, қалъани вайрон қилиши ва бегуноҳ халқнинг қони тўкилганлигини ғазаб билан баён этади. Қозоқ халқининг маърифатпарвар олими Чўқон Валихонов тузган харита асосида Ўрта Осиёга ҳарбий юриш қилган генерал Черняевнинг босқинчилик сиёсатини фош этган. Ўшанда манман генерал Черняев Петербургда ҳарбий таълим олган Чўқон Валихоновга: «Сен тузган харита менинг қўлимда экан, Қозоғистон ва Ўрта Осиёни забт этиш менинг ихтиёримдадир. Сенинг, эндиликда, бизга керагинг йўқ. Тўрт томонинг қибла, кетишинг мумкин», дея қўшиндан ёш олимни ҳайдаб юборади. Генераллар томонидан алданган олим Черняев устидан арз килиш учун уч-тўртта офитсер дўстлари билан Петербургга қараб йўл олади. Бироқ унинг адолатли талаб ва шикоятига ҳеч ким қулоқ солмайди. Зотилжам касалига йўлиққан Чўқон Валихонов қирқ ёшга ҳам кирмай оламдан кўз юмди. Мавриди экан, шуни таъкидлаш лозимдирки, генерал Черняев Ўрта Осиёга қиладирган ҳарбий юришини яшириб, Чўқон Валихоновни айёрлик ва маккорлик ила алдаган. Зотан, босқинчи зоти ўз мақсадига эришиш йўлида ҳар қандай тубанлик ва ваҳшийликлардан қайтмасди. Русиё империясининг тажовузкор, айёр ва доғули генераллари маҳаллий халқ ичидан етишиб чиққан илғор зиёлиларни турли йўллар билан авраган, алдаганлар.
Туркистон халқларининг иқтидорли фарзанди Чўқон Валихонов сингари шоир Зокиржон Фурқат ҳам ана шу алданганлардан бири эди. К. Маркс бошқа халқни асоратга солувчи халқ ўзига кишан ясашини уқдирар экан: «Ҳеч бир миллат бошқа миллатларни эзишда давом этиб, ўзи озод бўлолмайди» (К. Маркс, Ф. Энгельс, 4-том, 372—373 саҳифалар), деган хулоса чикаради. Доҳий В. И. Ленин ҳам Русиёнинг босқинчилик ва мустамлакачиликдан иборат ғаразли шовинистик сиёсатини чинакамига фош этиб ташлаган эди: «Золим сармоядорлар Русиёсида, — деб ёзган эди улуғ инқилобчи, — бошқа халқларга қарши жаллодлик ролини ўйнаган эски, қонли ва ифлос ўтмишни битиришимиз лозим. Биз бу ўтмишни супуриб, тилка-тилка килиб ташлаймиз». (В. И. Ленин, 26-том).
Улуғ сўз санъаткорлари Ф. М. Достоевский ва А. Н. Крестовский сингари ўрис адиблари Русиёнинг шавкатли генералларини туркий халкларнинг азалий мулкларини босиб олишга чорлаган бўлсалар, улуғ инсонпарвар адиб Л. Н. Толстой, А. Н. Герцен, М. Горкий ва Н. Г. Чернишевскийлар ўрисларнинг мустамлака сиёсатини қаттиқ қоралаган, айрим ҳолларда ошкора қаршилик кўрсатган эдилар. Тарих ва ҳаёт ҳақиқатини бўяб кўрсатувчи олимлар, жумладан, улкан рассом И. Глазуновнинг ҳам: «Русиё мустамлака нима эканлигини билмайдиган ягона мамлакат ҳисобланади»,— деб ёзиши ўтмиш ҳақиқатига туҳматдир. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, чор Русиёси томонидан Ўрта Осиёга уюштирилган истило баробарида турли-туман максадларни кўзлаб уюштирилган илмий юришлар ҳам ва ҳатто савдо-сотиқ алоқалари ҳам охир-оқибатда бир мақсадга — босқинчилик ва мустамлакачилик сиёсатига хизмат қиларди. Империя жуғрофия жамиятининг ҳақиқий аъзоси Д. Логофет асримиз бошларида Қозоғистон ва Ўрта Осиёнинг шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб бир неча саёҳатлар уюштиради. Олим ўзининг «Ўрта Осиё чегараларида», «Ҳуқуқсизлик ўлкасида», «Русиё — Афғон чегараси», «Бухоро тоғлари ва текисликларида», «Бухоро — Афғон чегараси» сингари қимматбаҳо асарларида китобхонларни Ўрта Осиё халқларининг турмуши, табиий шароити, ўсимлик ва Қозоғистон мулкларини босиб олишдаги қонхўрликларидан кўз юмолмаган. Д. Логофет 1868—1880 йилларда Русиё империясининг такаббур генераллари Черняев, Кауфман, Куропаткин, Скобелевлар Ўрта Осиёнинг қишлоқ ва шаҳарларини бузилган ўлкага айлантиришлари-ю, бегуноҳ халқнинг қонини тўкканларининг тирик гувоҳидир.
«1868 йилда, — деб ёзади Д. А. Логофет «Бухоро тоғлари ва текисликлари» китобида, — амирлик анчагина қўшин тўплаб, бизнинг сарҳадларимизга ҳаракатидан сўнг махсус отряд тузилди ва у Тошкент тарафдан ҳужумга ўтиб, кўп қон тўкишлардан сўнг Бухоро қўрғонлари — Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғонни бирин-кетин эгаллай бошлади. Шундай қилиб, бутун Зарафшон водийсининг юқори қисми эгалланиб, Русиё томонидан босиб олинди». Д. А. Логофет истилочиларнинг Самарқанд, Шаҳрисабз, Китоб шаҳарларини забт этиш тафсилотларини батафсил баён этади. «Самарқанд ўрислар қўлида бўлишига ва унда ўрис қўшинлари жойлашганлигига қарамасдан, Шаҳрисабз воҳасида жуда кўп кўнгиллилар қўшини тўпланди ва Китоб беги Жўрабек, шаҳар беги Бобобек, Яккабоғ беги Муҳаммад Ражаб бошчилигида Самарқандга қараб юрдилар, шаҳарни қамал қилдилар. Аммо ўрис аскарлари генерал Кауфман гуруҳи етиб келгунча, қаҳрамонларча туриб бердилар. Шаҳрисабз беклари мағлубиятга учрагач, улар тоғларга чекинишга мажбур бўлдилар». Генерал Скобелев юришларида иштирок этган В. Наливкин «Қўқон хонлигининг қисқача тарихи» (Қозон, 1888 й.) деган асарида Қўқон хонлигининг чор Русиёси истилоси давридаги иқтисодий ва сиёсий аҳволини тасвирлайди. Ўрта Осиёда чоризм зулмига қарши халқ кўзғолонларидан бири Андижонда пойтуғлик эшон Султонхон Тўранинг муриди, «Дукчи эшон» номи билан ном чиқарган 42 яшар Муҳаммад Али Халифа (Мадали эшон) бошчилигида халқ қўзғолони бўлди. Дукчи эшон суддаги жавобида: «Ўрис ҳукумати закот олишни бекор қилди, вақфларни даромаддан маҳрум этди ва Маккага ҳажга боришни тақиқлаб қўйди», дейди. Оқ пошшо томонидан олиб борилган зулм, зўрликнинг авж олишига қарши 1898 йил 17 май кечқурун Мингтепа (Марҳамат)дан 200 отлиқ, 300 та пиёда мужоҳид шаҳарга юриш бошлайди. Дукчи Эшон бошчилигида кўзғолончилар Андижон шахрида жойлашган ҳарбий гарнизонга ҳужум қилиб, ғазабга минган қўзғолончилар 23 та ўрис аскарини ўлдириб, 24 тасини ярадор қилиб, 30 тача милтиқни ўлжа оладилар.
«Эшон тўполони» тезда Қува, Асака, Шаҳрихон, Аравон қишлоқлари, Ўш, Марғилон, Наманган шаҳарларига кенг ёйилади. Бироқ ўрис генераллари, сипоҳи аскарлари томонидан қарши ҳужум уюштирилиб, кўзғолончилардан шафқатсиз ўч олинади. Дукчи эшон билан бирга Рустамбек Сотиболди ўғли, Ғойибназар Ортиқхўжа ўғли, Субҳонқул, Бўтабой, Мулла Мирза Ҳамдамлар қўлга олиниб, бутун халқ ва, айниқса, ёш болалар иштирокида қўзғолончиларни дорга осиб ўлдирадилар. Тарихчи олим С. Жалиловнинг «Андижон» рисоласида ёзилишича, подшо Николай II қўзғолончиларни «намуна» бўладиган қаттиққўллик билан жазолашни буюради. Қўзғолончилар устидан бошланган суд 3 ой давом этиб, дастлаб 447 киши суд қилинади, 800 га яқин киши гувоҳликка чақирилади. Қўзғолон ҳақидаги суд материали («Андижанское дело») 20 жилдни ташкил қилган экан. Суд 380 кишини жазолашга ҳукм чиқаргач, дастлаб 362 киши отиб ўлдиришга ҳукм қилинади. Қўзғолончилардан 351 киши турли муддат билан қамалган, 15 киши оиласи билан Сибирга сургун қилинади. Қўзғолон маркази деб топилган Мингтепа, Тожик, Қашқар қишлоқларини 3 кун тинимсиз тўпга тутилиб, қишлоқлар кунпаякун қилинади.
Дукчи эшон бошчилигидаги халқ кўзғолонининг бостирилишида жасорат кўрсатган 15 та ўрис сипоҳи ва аскарлари империянинг орден, медаллари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Бу ўринда бир кўрсаткичга эътибор беринг, қўзғолончилар 23 та ўрис аскарини сўйган, 24 тасига тан жароҳати етказган. Бунга жавобан қўзғолончилардан 362 киши отиб ўлдирилди, 6 киши дорга осилди, 12 киши отилди, 351 киши турли муддат билан қамалди, 15 киши оиласи билан Сибирга сургун қилинди. Шаҳар ва қишлоқлар 3 кун тўпга тутилиб, меҳнаткаш халқ уйи хонавайрон этилди.
Ўрта Осиёдан чиққан Абумуслим, Фойк Турк, Амир Темур, Бобур сингари улкан саркардалар босқинчи, золим сифатида баҳоланади жами тарихий рисола ва тадқиқотларда. Золимлик бобида улардан қолишмайдиган Иван Грозний, Борис Годунов, Екатерина, Николай каби ўрис подшоларини эса одил, доно қилиб таърифлаймиз.
Тарихдан маълумки, тарқоқ Русиё устидан узоқ йиллар ҳукмронлик килиб келган мўғул-тотор империясининг белини синдирган Амир Темурнинг халоскорлик хизмати бебаҳодир. Олтин Ўрда хонлигининг зулмидан қутилган ўрис князликлари Иван Грозний раҳбарлигида бирлаштирилди. Қозон (1552), Астрахон (1556) хонликларини босиб олган Иван Грозний тезда Волга қирғокларини бутунлай ишғол қилиб, 40 кунлик қамалдан сўнг Қозон шаҳрини эгаллайди ва унинг атрофида муқим тоторлар, бошқирдларни қиличдан ўтказиб, ихтиёридан серҳосил ерларини тортиб олиб, мусулмон динидаги бу халқларни зўрлик билан насроний динига кирита бошлайди. Тотор ва бошқирдларнинг Кремл майдонига кириши, Волга яқинида яшаши ман қилинган, имон даргоҳи — мачитлар бузиб ташланиб, уларнинг маълум қисми ўрис черковларию ибодатхоналарига айлантирилган ёхуд мослаштирилганди. Ноинсоний ваҳшийликлар қилиб, Волга бўйидаги, Ғарбий Сибирдаги ўнлаб халқларни қирдириб юборган Иван Грознийнинг жаллодлиги тарихи шаънига мадҳиялар ўқилди, ўқилмоқда. У ҳакда бадиий асарлар, тарихий ва солномавий бадиий филмлар, опера, балетлар яратилган. Волгабўйи халқларини бўйсундирган Иван Грозний кўп ўтмасдан Сибир ерларини забт этишга киришди. Атаман Ермак бошлиқ казаклар Сибирдаги Қўчум хонлигини тугатиб, Ғарбий Сибир ерларини босиб олди. Сибирияда тарихан муқим 30 дан ортиқ ўрис бўлмаган маҳаллий халқларнинг мулкини тортиб олиш, ўзларини қириб ташлаш айнан шу асрда бошланади. Истилонинг қора булутлари Қозоғистон ва Ўрта Осиё осмонида қуюқлаша бошлади. Василий Пеярков, Тимофей Хабаров бошчилигидаги илк экспедициялар, Амур ўлкаси ва Тинч океани қирғоқларига қадар чиқиш билан якунланди. Шарқий Сибир, Чукотка, Камчатка, Сахалин босиб олингач, маҳаллий халқлар ўрис мустамлакасининг чангалида қолдилар. Уларнинг ов манзиллари, бўғи боқиладиган ўтлоқлари тортиб олиниб, ўзлари қириб ташланди ва ёхуд яшаш учун ноқулай бўлган узоқ шимол тайгаларига, ботқоқзорларга ҳайдаб юборилди. Босиб олинган ерларни мангу мустамлакага айлантириш ва ўрис аскари тиғи етган юртларни Русиё деб аташ миллий анъанасининг яратувчиси Иван Грознийдир. Унинг ўзи эса тарқоқ ўрис ерларини бирлаштирган буюк подшо деб кўкларга кўтариб мақталди. Москва, Ленинграднинг ўнларча музейларида ўрис князларию подшоларининг, уларнинг аждоду авлодларининг тутган буюмлари, кийимлари табаррук ашё сифатида ардоқланмоқда, бузиб ташланган ёки эскирган соборлари миллионлаб сўм пул сарф қилиниб таъмирланмоқда, бойитилмоқда, тўлдирилмоқда. Бу хайрли ишлар насроний динининг қабул қилинишига минг йил тўлиши муносабати билан Русиёда бошланиб кетган оммавий тантаналардан сўнг янада авжига чикди.
Бизда эса маҳаллий югурдакларнинг «зукколиги» сабабли юртнинг асл эгаларининг Ватан ўтмишини ўрганиши миллатчиликка олиб келади, деган маъшум «ақида» асосида барча маданий ёдгорликлар, меъморчилик обидалари бузиб ташланди, йўқ қилиш ҳамон давом этмоқда. Ярим вайрона тарихий обидалар таъмирлашга муҳтож, қаровсиз ҳолда, маблағ топилмайди. Ўрта Осиёдан чиққан буюк тарихий сиймолар ҳақида эса тўла бўлмаган, оёқости қилинган қўлёзма манбалардан бўлак ҳеч нарса сақланган эмас, аксарияти йўқотилган, Масковга олиб кетилган, қолганлари ҳам «тасодифан» ёниб кетмоқда ёхуд ўғирлангач, топилмасдан келмоқда.
Машҳур ёзувчи ва олим Абдурауф Фитрат тарихий обидаларга, ўтмиш меросга, нотўғри, нигилистик муносабат ҳақида «Сайёҳи ҳиндий» (1912 й.) асарида ёзган эди: «Оврўполиклар ўзларидан келажак учун ёдгорлик қолдирадилар, ҳар кун яхшилик учун бир сарой қурадилар, мусулмонлар эса келажак авлод-аждодларини унутмаслиги учун ёдгорлик қолсин деган аъмолни эсга ҳам олмайдилар. Ҳатто ўз салафларимиз ва буюк одамларимиз қолдирган ёдгорликларни вайрона ва харобага айлантирамиз».
Қозоғистон ва Ўрта Осиё ўлкаларига қилич яланғочлаб, замбарак судраб келган Перовский, Қуропаткин, Черняев, Қауфман, Скобелев каби чор Русиёсининг босқинчи генераллари жиндек бўлса ҳам виждон олдида ҳисоб бердиларми? Асло! Улар ўзгалар ерига хўжайин бўлишни шараф деб билдилар. Мустакил Ҳиндистоннинг улуғ фарзанди Жавоҳарлал Неру «Ҳиндистоннинг кашф этилиши» номли асарида Бобур ва унинг набираси Акбаршоҳ ҳақида шуларни ёзган эди: «Бобур дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган, у санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур килишни яхши кўрарди. Унинг набираси Акбар яна ҳам дилбарроқ бўлиб, кўп яхши фазилатларга эга бўлди». Агар биз боскинчи генераллардан Черняев, Романовский, Кауфман, Скобелев ва бошқаларни худди Бобурдек ўзга юртларни босиб олган ҳукмдорлар сифатида баҳоласак, ўрта осиёлик бирорта сиймонинг чор генералларига нисбатан ижобий баҳо бермаганлигини, аксинча, зобитлардан нафратланганлиқларини кўрамиз. Маърифатпарвар зиёлилар, тарихчи олимлар, айрим ўрис тарихчилари ҳам Ўрта Осиёни ҳарбий йўл билан, зўрлик билан, қон билан босиб олиш компаниясини мустамлакачилик деб қораладилар. Ўрис мустамлакачилари худди Мирзо Бобурдек ўзгалар юртини босиб олиб, бутун бойлигини талон-тарож қилиш, халқнинг қонини зулукдек сўриш ишини хатолик, юзи қаролик эмас, айни муддао, амалга ошган асрий ниятлар рўёби деб билдилар. Чор ҳокимиятининг очкўз амалдорлари маҳаллий бойлар билан тил бириктириб, меҳнаткаш халк оммасини ҳадсиз эздилар, унинг иқтисодий ва маданий ўсишига ғов солдилар.
Экологик олимларнинг узоқ муддатли кузатишларидан чиқарган илмий хулосалари билан таништирсам сиз азиз муштарийларни: табиий мувозанат узоқ ўтмишда ҳам, ўтган асрда ҳам, шиддаткор асрда ҳам сиёсий ва иқтисодий қарам иқлим мамлакатларининг ҳудудидан бошлаб бузила борган. Инглизларнинг қўй юнги ва гўштига иштаҳаси Австралияни еб қўйишига салгина қолди холос, дея киноя қилади олимлар. Русиёнинг пахта, олтин, кумуш ва ош тузига бўлган эҳтиёжи истилонинг асоси бўлди.
Ўрус Туркистони генерал-губернатори фон Кауфманнинг императорга ёзган мактубларининг бирида истило Ўрта Осиё халқларининг маданиятини, ижтимоий тараққиётини уч юз йилча орқага суриб юборганлиги тўғрисида мактаниб ёзган. Шубҳасиз, инқилобдан аввал мачит, мактаб, мадрасаларда ўқишлар чегараланган, араб, форс, тожик ва туркий халқлар тилларида битилган ноёб қўлёзмалар чор маъмурияти томонидан олиб кетилган, инқилобдан кейин И. Сталиннинг қирғинбарот даврида эса маърифатлилар билан бирга эски китоблар хам йўқ қилинганди. Омон қолган бой кутубхоналар, Шарқшунослик ва қўлёзмалар олийгоҳларининг хазинасида чанг босиб ётибди. Уларни кенг ўрганмоқ, зарурларини чоп этиш мавриди етди. Эл ҳақиқатни ўз кўзи билан ўқиб кўрсин-чи, Ўрта Осиё ҳақиқатда ҳам қўшиб олинганми ёхуд босиб олинган — зўраки мавҳумот тугунини қалбан ўзлари ечган бўлардилар.
Биринчи жаҳон урушида енгилиб, катта моддий ва ҳарбий зарар кўрган чоризм фронт ва фронт орти мудофаа ишлари, ҳарбий алоқа бўлимлари, кўприклар, темир йўлларни таъмирлаш ва барча қурилиш ишларини бажариш учун маҳаллий халқларни мажбурий хизматга чақиради. Туркистон аҳолисидан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркаклар мардикорликка олиниши ҳақида фармон чиқарилди. Фарғона вилояти 50 минг, Самарқанд 30 минг, Тошкент ва Сирдарё 87 минг, Еттисув 60 минг, Закаспий 15 минг одам бериши айтилган эди. Шу муносабат билан Ўрта Осиё шаҳар ва қишлоқларида чоризм зулмига қўзғолонлар алангаланиб кетди.
Адолатли ва доно тарихчи Ф. Хўжаевнинг «1916 йилги қўзғолоннинг тарихий аҳамияти» мақоласида келтирилган фактларни қайта эслаш зарурдек туюлди. Чор ҳукумати ва буржуазия қўзғолончилари у ёқда турсин, ҳатто қўзғолон кўтармаган уезд ва туманлардаги тинч аҳолига нисбатан ҳам қандай ҳаракат қилганликларининг ёрқин манзарасини тасвирлаб берувчи баъзи ҳужжатлар кўрсатиб ўтилади уларда. 1916 йил 6 августида Жиззах жазо гуруҳининг бошлиғи қўзғолонга қўшилган чорвадор ва ғаллакорларнинг уй-жойини ёндириб, йўқ қилиш тўғрисида ўзига қарашли қўшинларнинг барча турларига, командирларига буйруқ юборган. Бундан сўнг қуролсиз эркакларнигина эмас, хотин-қизлар ва болаларни ҳам отиб ўлдирган подшоҳнинг содиқ малайлари гуруҳ штабига бирин-кетин маълумотлар юборишган: «Маълум қиламанки, бизнинг гуруҳимиз Пешагар қишлоғини деярли тамомила ёндириб ташлади. Қучтол ва Чамбилда бир неча уй-жой қолди холос». (Рота командири.) «Бугун мен Жиззахнинг эски шаҳаридан 1607 нафар эркак, 2224 нафар аёл ва 1705 нафар туб жой халк болаларини кўчиртириб юборганлигини маълум қиламан» (колонна бошлиғи полковник Чижиков).
«Қоратош, Ота-Ямичи, Янги қишлоқ, Сафарота, Саримсоқ қишлоқларига ўт қўйилганлигини маълум қиламан» (жазо гуруҳининг бошлиғи, ясовул ёрдамчиси Ершов). «Сартлардан 856 эркак, 1140 аёл, 1107 бола тўпланди. Уларни Қилли қишлоғига жўнатмоқчиман. Бу сартларнинг бирортасида нону ғалла йўқ. Улар кўчириб юборилганда очдан ўлишлари тайин» (буни ҳам полковник Чижиков ёзган).
«Катта шайкаларга дуч келинмади. Тоғларда беш кишидан ўн кишигача бўлган кичикроқ тўдалар топилди, улар отиб ташланди, мол-мулки ёндирилиб юборилди (полковник Вархатовнинг юборган маълумотномасидан). Чор ҳукумати 1916 йилги қўзғолонни мисли кўрилмаган шафқатсизлик билан бостирди. Мана шу шафқатсизликлар натижасида хонавайрон қилинган ва куйдирилган қишлоқлардан юз минг киши қочиб кетди, эл очликдан, сувсизликдан ўлиб кетди. Чор ҳукумати қўзғолон кўтарганлардан мана шундай шафқатсиз равишда ўч олиш билан ўлкани узоқ йиллар «тинчитишни», уни чор Русиёсига қарам, мустамлака ҳолида сақлаб қолишга умид қилган эди»[2].
Тарих фани Ўрта Осиё давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам хўжакўрсингагина ўргатиляпти. Ҳозирги ёшларимизнинг Ўрта Осиё халқлари тарихи, аждодларимизнинг бунёдкорлик анъаналарини билмаслигининг сабабларини кандай изоҳлаш мумкин? Яхшиямки, ҳаёт дарслиги адабиёт ва санъат баёнда собитқадам ва шиддаткорлиги билан одамларимиз калбида шуур учкунини алангалатиб келмоқда.
Турғунлик йилларида турмуш воқелиги ва тарихий ҳақиқатлар замирида яратилган ёзувчи П. Қодировнинг «Юлдузли тунлар», «Авлодлар довони», М. Маҳмудовнинг «Ўлмас қоялар» романлари асоссиз танқид қилинди. Ёзувчининг ғоявий йўналиши сиёсий хатоликда айблангач, «Ўлмас қоялар» романи нашр эттирилмади. Ҳолбуки, романда Русиё империясининг Қозоғистон ва Ўрта Осиё ерларидаги мустамлакачилик сиёсати бадиий образлар орқали ҳаққоний тасвирланган эди. Бу қайта қуриш, ошкоралик ва демократиянинг улуғ самарасидир, албатта.
Чор Русиёсининг қонхўр генераллари Куропаткин, Скобелев, Қауфман, Черняев каби истилочилар Туркистон диёрини вайрон қилиб, тинч меҳнат жабҳасидаги халқ оммасини зулмга гирифтор қилдилар. Чор чиновниклари, босқинчи генераллар зулмига қарши меҳнаткаш халқ қўзғолонлари бўлиб турди. Чор чиновниклари ва махаллий бой, амалдор зулмидан сабр косалари тўлган халқ ўзи тўқиган «Салом айтинг», «Поездингни жилдирган», «Николай қонжаллоб» каби қўшиқларда босқинчи золимларнинг кирдикорлари фош этилди. Масалан, Андижонда халқ орасида босқинчиларга қарши бир қўшиқ шундай янграган эди:
Ҳар тарафга чим босиб,
Хўп бўлди маҳкам Андижон,
На йигитлар бор экан,
Милтиққа тутди қўймайин,
Ўлдириб жандармни,
Ҳайдаб чиқарди Андижон.
Орзуқул аблаҳ яна
Хилват билан йўл бошлади
Қултепага опчиқиб,
Тўпни қўйди ҳар тараф
Хўп бўлди вайрона Андижон!
Чор Русиёси жаллодларининг тўп, замбарак зарбидан, милтиқ ва қилич ҳамласидан Қозоғистон ва Ўрта Осиё халкларининг қонлари дарё бўлиб оққан эди.
Шўро тарихчи олими Ю. А. Соколовнинг «Ташкент, ташкентцы и Россия» (Т. 1965 г.) номли ажойиб китоби бор. Бу китобда кўрсатилишича, ўн кунлик қонли курашлар натижасида Тошкент шаҳри ҳимоячиларидан 12 минг киши ўлган, кўплаб ярадор бўлган ўрислардан эса бор-йўғи 25 киши ўлиб, 117 киши ярадор бўлган. Ана шундан кейин шаҳар қозикалони Ҳакимхўжа бошлиқ ўн кишидан иборат вакиллар Русиё империясининг генерали Черняев билан мажбуран битим-аҳднома тузиб, Тошкент шаҳрининг ўн икки дарвозасининг ўн икки олтин калитини топширадилар.
Кўринадики, замонасоз тарихчиларимиз ёзганларидек, Ўрта Осиё Русиёга ихтиёрий қўшилган ёки қўшиб олинган эмас, балки кучсизликдан зўравонларга, босқинчиларга мажбуран таслим бўлганлар. «Ҳақиқат кучда» деб билган чор империяси шу ҳолатда Ўрта Осиёни забт этди. Бироқ минг афсус-надоматлар бўлсинким, бир қатор тарихчи олимларимиз «Ўрта Осиё Россияга ихтиёрий қўшилган» ва «қўшиб олинган» деган силлиқ ибора билан ҳақиқатдан йироқ, мантиқсиз, ғирт ёлғон гапларни ёзиб келдилар. Бу олимларнинг иши ҳозирда ўзбек тилига давлат мақоми берилган бир пайтда ўз қадриятини, ўз тилини унутган, ўз илдизига ўзи болта ураётган айрим олимларнинг «давлат мақоми ўзбек тилига эмас, ўрис тилига берилсин», деган бўғиқ, нохуш овозини эслатади. Бундайларни биз манқуртлар деб атаймиз. Юқорида айтилганидек Тошкент шаҳрининг босиб олиш тафсилотини тарихчи Муҳаммад Солиҳ Тошкандий «Тошкентнинг янги тарихи» китобида шундай ёзади: Тошкентнинг нуфузли кишиларининг Сибирга жўнатилиш воқеасидан қўрқиб кетган шаҳар бошлиқлари, қози калонлари, жумладан, Ҳакимхўжа қози калон генерал Черняев айтган аҳдномани безаш ва тузишни Абдусаттор Қорабош ўғлига топширди. Аҳднома тайёр бўлгандан сўнг унга шаҳар катталари ва савдогарлари қўл қўйиб муҳр босадилар ва генерал Черняевга топширадилар. Генерал Черняев 1865 йил 17 июнда Тошкентнинг Шайхонтаҳур, Бешёғоч, Чорсу ва бошқа халқ гавжум яшайдиган даҳалари, бозор расталарига тўп-замбараклар ўрнатиб, дарҳол Тошкент шаҳри таслим бўлмаса, шаҳарни вайрон қилиб, халқни қонга ботириш дағдағасини қилади… Шаҳар бошлиқларини тезроқ ўз томонига жалб этиш мақсадида генерал Черняев шаҳар қози калони Ҳакимхўжа уйига меҳмонга бориб, айёрлик билан унинг кўксига Оқ пошшонинг олтин медалини тақади. Генерал Тошкент шаҳри аҳолисига ўзини «халқпарвар», «адолатпарвар» кўрсатиб, извошда Регистон ва бозор расталарида айланиб, камбағаллар, дарвеш, гадолар орасига тангалар сочади, уларга совға-саломлар ҳадя этади. Жангда ўлганларни кўмишга рухсат беради, ярадорларга, беморларга тиббий ёрдам кўрсатади. Асирларни, қочоқларни озод қилади, мактабда ўқишни давом эттиришга фармон беради» (39-61-саҳифалар).
Генерал Черняев Тошкентни босиб олгандан кейин қўлга киритилган барча бойликлар билан шаҳарнинг ўн икки дарвозасининг ўн иккита олтин калитини Оқ пошшо ҳазратларига ҳадя этади. Черняев ўз босқинчилик сиёсатини яшириш ва пинҳон тутиш учун аҳдномани Абусаид ва Ҳадихўжа номли савдогарлар қўлига бериб, катта совға-саломлар билан бирга Петербургга, ўрис подшосига олиб бориб топширишни буюрган. Бундан мақсад Русиё Ўрта Осиёни босиб олганлигини яшириб, жаҳон афкор оммаси фикрини чалғитган, тўғрироғи, алдаган. Русиё ҳукмдорлари қозилар, савдогарларни қўрқитиб, «Ўрта Осиёнинг Русиёга қўшилиши» тўғрисидаги ёлғон аҳдномага қўл қўйдириб, муҳр босганлар. Улар ҳоким, савдогарларни кўкларга кўтариб, аҳдномани матбуотда эълон қилганлар. Хорижий мамлакатлар, жумладан, Истанбулдаги ўрис элчихонаси орқали аҳдномани кўпайтириб, Туркиянинг шаҳар бозорлари, дўкон-расталарига ёпиштириб қўйганлар. Аслида эса Русиё Ўрта Осиёни тўп-замбарак гумбири, қилич, найза зарби билан босиб олганлиги афкор оммага равшан эди. Бу воқеани улуғ Усмонли турклари салтанатига ўзга туркий халқларнинг мулклари бўйсундирилишини писанда қилишдек шовинистик бир тадбирдир, дея шарҳлаш мумкин.
Ўрта Осиё чоризм томонидан босиб олингач, Русиёдан турли тоифадаги чиновниклар — муттаҳамлар, қаллоб, порахўрлар, юлғичлар, бетайин, ярамас нусхалар Ўрта Осиёга чигирткадек ёпириладилар. Бу ерда пахта «касаллигига» мубтало бўлган мустамлакачи фабрикантлар, давлатманд савдогарнинг талончилиги ҳам авжига чиқди. Масалан: 1884 йилда 300 десятина ерга пахта экилган бўлса, 1889 йилга келиб 44550 десятина ерга пахта экилди. Агар 1888 йилда 873000 пуд пахта етиштирилган бўлса, 5 йилдан кейин эса ўлкада 3588025 пуд пахта етиштирилди. Шундай қилиб, монополистик экин ҳисобланган пахта етиштириш йилдан-йилга кўпайиб борди, 1914 йилга келиб, фақат ўрис тўқимачилик саноати учун Ўрта Осиёдан 269 милён сўмлик пахта толаси олиб чиқиб кетилди. («История народов Узбекистана». Т., 1947, Т.,2. стр. 272 русс. изд.) Биргина Қўқон хонлигидан 1862 йилда жами 160 минг пуд пахта Русиёга олиб кетилган бўлса, 1867 йилга келиб эса 274 минг пуд лахта олиб кетилди, дейилади М. А. Терентьевнинг «Россия и Англия» (Спб, 1876, 51-саҳифа) китобида. Демак, пахта яккаҳокимлиги учун кураш 100 йилларча аввал бошланган экан. У ҳозир ҳам давом этмоқда.
Генерал-губернатор, округ қўмондони Кауфман қўзғолонлар ҳақида шуларни ёзган эди: «Биз хон билан эмас, балки халқ билан тўқнашдик. Уни бостириш осон бўлмади. Ўрислар ҳали Ўрта Осиёда бундай узоқ ва қаттиқ қаршиликка дуч келмаган эдилар». 1892 йилги Тошкентдаги «Вабо исёни», 1898 йилги Андижондаги Дукчи эшон, Пўлатхон қўзғолони ана шулар жумласидан бўлиб, бу қўзғолонлар чоризмнинг Ўрта Осиёдаги мустамлакачилик сиёсатига жуда катта зарба берди, уни иқтисодий, сиёсий жиҳатдан қаттиқ заифлаштирди.
Маҳаллий саноат, халк хўжалиги, чорвачилик, ўсиб борган сари меҳнаткаш халқнинг иккиёқлама эзилиши янада кучайди. Ўтмишда қолоқ халқларнинг ўсиб бораётган озодлик ҳаракати, мустақилликка бўлган интилишидан чўчиётган миллий буржуазия, маҳаллий ҳукмдорлар ўрис буржуазияси ва чор чиновниклари билан иттифоқ яшашга, бирини иккинчиси ҳимоя қилишга киришдилар. Ўрис императори Александр II — Русиё подшолигига тобе бўлган Бухоро ҳукмдорлари амир Саид Музаффархонга (1860—1885) генерал-адютант, Хива хони Муҳаммад Раҳимхонга (1865—1910) генерал-майор ҳарбий унвонларини берди. Ўрта Осиё хонликларининг амалдорлари, бой-савдогарларнинг авлодлари Петербург ва Москва каби шаҳарларда ўрис дворянларининг фарзандлари билан бирга савдо-сотиқ ҳамда ҳарбий билим юртларида таълим олдилар. Русиё императорларининг «сахийликлари» туфайли Бухоро амирининг кейинги авлодлари Абдулаҳадхон (1885—1910) генерал-полковник бўлди; сўнгги амир Саид Олимхон Русиёда ҳарбий таҳсил кўрди ва генерал-лейтенант унвонига эга бўлган эди. Ўтмишда бой бойга боқар, сув сойга оқар қабилида иш кўрилиб, халқлар турмаси ҳисобланган чор Русиёси халқларни ҳам, мустамлака Туркистон меҳнаткашларини ҳам инқилобга қадар шафқатсиз эзиб келди.
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 7-сон
_______________
[1] Бу ҳақда профессор Ҳ. Зияевнинг «Чоризм истилоси» номли мақоласи («Шарқ юлдузи», 1990 й. 8-сони)да батафсил маълумот берилган.
[2] Ф. Хўжаев. Танланган асарлар. III том. Т. 1980 йил.