Туркистон тарихига доир манбаларда, аниқроғи, совет даврида яратилган қўлланмаларда инқилобгача Туркистон халқининг атиги 2 фоизи саводхон бўлган, дейилади.. Бу рақам кенг тарқалган, китоблардан китобларга кўчиб келаётир. Афсус билан эътироф этиш жоизки, Ўрта Осиё халқлари тарихини бўяб-бежаб кўрсатишда ўлкамиздан чиққан айрим олимлар жонбозлик кўрсатганлар. Уларнинг «катта хизмат»лари, айниқса, Туркистон тубжой аҳолисининг саводхонлигини ўта бир ёқлама ёритганларида кўринади. Энди бу қўпол хатоларга чек қўйиш фурсати етди.
Саводсизлик ҳар доим маданиятсизлик, жоҳиллик, маънавий қашшоқлик билан узвий боғлиқ тушунчадир. Шу сабабдан ҳам инқилобгача Туркистон аҳолисининг саводхонлиги ҳақида ҳақиқатни айтишнинг муҳим принципиал аҳамияти бор. Бу масалани тўғри ҳал этиш орқалигина Туркистон халқларининг маданий тараққиёти тарихини холисона ёритиш имконига эга бўламиз.
Халқларнинг саводхонлиги даражасини асоссиз ра-вишда пасайтириб кўрсатиш уларнинг тарихий ўтмишини камситади, миллий ғурурига зиён етказади.
Таниқли шарқшунос олим, Фарғона тубжой аҳолисига таълим бериш қандай ташкил этилганини бир неча ой мобайнида ўрганган академик А. Миддендорфнинг Туркистон маҳаллий аҳолисининг саводхонлиги нисбатан юқори даражадалигини таъкидлаб айтган фикрлари диққатга сазовордир. У шундай деб ёзган: «Фарғонада ҳамма ўқиш ва ёзишни билишини назарда тутсак, туб-жой аҳоли учун зарур қўлланмалар нашр этилиши биланоқ тараққиёт жуда тезлашиб кетади» (А. Миддендорф. «Очерки Ферганской долины». СПБ. 1882).
Туркистон халқлари маданияти ҳақида Туркистон генерал-губернатори С. М. Духовскойнинг подшога садоқатини изҳор этиб ёзган докладида (1899 йил) қизиқарли фикрлар бор. Жумладан, у шундай ёзади: «Узоқ вақтлар мобайнида Бухоро бутун мусулмонлар (суннийлар) оламида мусулмон ҳуқуқшунослиги ва илмининг мўътабар маркази сифатида тан олиб келинган, боз устига, бу обрў-эътиборни ҳануз йўқотмай келаётир.
Бир вақтлар ўртаосиёлик руҳонийлар, қонуншуносу араб тили билимдонлари фаолиятининг аҳамияти нақадар улуғ бўлганини бугунги кунда бутун дунёдаги мусулмон — суннийлар қўллаётган машҳур ва мўътабар шариат мажмуаларининг айримлари Ўрта Осиёда бихилганини эслашнинг ўзигина кифоя. «Ҳидояи-Шариф» Марғилонда, «Ақоид» Бухорода, «Ҳикмат-ул-Айн» Самарқандда яратилди. Мусулмон оламига шариатнинг сўнгги талқинини Ўрта Осиё тақдим этди. Булардан ташқари, бу ўлка оламга Навоий, Аҳмад Яссавий, Машраб, Сўфи Оллоёр каби шоир-сўфийларни берди.
Айни пайтда ёшларга таълим бераётган кўплаб мусулмон мактабларини рус мактабларидаги тўғри умумий таълим билан алмаштиришга зўр бериб, узоқ вақт мобайнида, устакорлик ва қатъият билан ҳаракат қилиш туфайли эришмоқ мумкин».
Туркистоннинг бошқа бир генерал-губернатори П. И. Мишенконинг 1909 йил, 19 мартда халқ таълими министрига йўллаган ушбу ёзувларини эса маҳаллий аҳолини таърифлаётган ёки ўлкадаги халқ таълими ишини тушунмай айтилган фикрлар, деб бўлмайди: «Биз мутлақо маданиятсиз ва саводсиз қабилалар орасида халқ таълимини жорий этишни кўзда тутмаганмиз, балки мусулмонлар орасида қадимдан мавжуд бўлиб, ғоят кенг ёйилган таълимни ислоҳ қилмоқчимиз».
Туркистон ўқитувчилари семинарияси директори Н. Остроумов илмий фаолияти давомида маҳаллий аҳолининг саводхонлиги масаласини ўрганишга жиддий эътибор билан қараган. У «К истории народного образования в Туркестанском крае» (Ташкент, 1899), «К истории мусульманского образовательного движения в России в XIX и XX столетиях» (СПБ, 1913) ва бошқа китоблар муаллифи. Эълон қилинмаган «Общий взгляд на историю русской и русско-туземннх школ» сарлавҳали мақоласида (1911 йил) Н. Остроумов шундай ёзади: «Ўлканинг турли вилоятларидаги мавжуд мадрасаларни эътибордан соқит қилган ўша пайтдаги чиновниклар уларнинг таълим бериш тартиби ҳақида етарли даражада тасаввурга эга бўлмаганлар. «Туркестанская ведомость»да (1874 йил, 74-сон) босилган ориенталист А. И. Куннинг ихчам мақоласи бу масаладаги бирдан-бир чиқиш бўлиб, у анча юзакидир. Шундан сўнг, узоқ вақт кекса туркистонликлардан ҳеч ким қадимги мактаблардаги таълим-тарбияни ўрганмадилар».
Маҳаллий аҳолининг саводхонлиги ҳақида «Русско-туземные училиша, мактеби и мадресе Средней Азии» номли тадқиқотнинг (СПБ, 1913) муаллифи Н. Бобровнинг Туркистон генерал-губернаторига 1910 йил, 19 августда ёзган хатидаги ушбу фикрлар муҳим аҳамият касб этади. У шундай деб ёзади: «Ўлкадаги маориф маъмурияти сўнгги пайтларгача, токи хатоси ошкор бўлгунгача, мусулмон мактаблари ўлик, абадий маҳдудликка юз тутган, деган фикрга ёпишиб олган эди… Бундай фикрни «биз билмаган нимаики мавжуд экап, бу нарсалар биз учун йўқдир», деган хулосага олиб келувчи психологик ҳолатнинг натижаси сифатида изоҳлаш мумкин».
Олдиндан айтиб қўя қолайлик, юқорида тилга олинган олимлар ва амалдорларнннг бирортаси инқилобгача Туркистонда саводхонлик ва таълим беришнинг аҳволи хақида гапираётиб, 1897 йили амалга оширилган Россия империясининг биринчи аҳоли рўйхатидаги маълумотларга мурожаат этмаганлар.
Энди Совет тарихчиларининг инқилобгача Туркистон маҳаллий аҳолиси саводхонлиги ҳақида ёзганларига назар ташлайлик. Мана, Ўзбекистон тарихига опд бир неча китобдан парчалар:
«1897 йилги аҳоли рўйхатига кўра, мактабгача ёшдаги болаларни ҳисобга олмаганда, саводлилар атиги 2,9 фоизни ташкил этган» («Народное образование в Ўзбекистане», Ташкент, 1941).
«Туркистон аҳолиси деярли буткул саводсиз бўлиб, ўқишни биладиган кишилар 2 фоиздан ошмаган» (И. Қ. Қодиров. «Народное образование Советского Ўзбекистана», Ташкент, 1964).
1897 йилги аҳоли рўйхатига кўра, ўлкада саводли ўзбеклар—1,6 фоизни ташкил этган. Аҳолининг саводхонлиги шундан кейинги йилларда ҳам ошмаган» (Ш. Абдуллаев. «Ўзбекистондаги халқлар маданияти тараққиётп тарихидан», 1921—1932 йиллар).
«Чор ҳукумати миллий маданиятни ривожлантиришга, мактаблар ва маърифат ўчоқларини кенгайтиришга йўл қўймади. Ўзбекистонда ҳар 100 кишининг 98 таси саводсиз эди» («Ўзбекистон ССР тарихи», ЎзССРдаги Ўрта мактабларнинг 9—10-синфлари учун ўқув қўлланмаси Тошкент, 1974).
«Ўрта Осиё халқлари инқилобгача деярли ёппасига саводсиз эди. 1897 йили ўзбекларнинг атиги 1,9 фоизи ўқиш ва имзо чекишни биларди» (Узбекская ССР, Москва, 1956).
«1897 йилги Бутунроссия аҳоли рўйхатига кўра, саводлилар ўлкада 1,8 фоизни ташкил этган, яъни инқилобгача Туркистон деярли саводсиз ўлка эди» (Т. Н. Қори-Ниёзий, «Совет Ўзбекистони маданияти тарихидан очерклар», Тошкент, 1955).
Инқилобгача Туркистон тубжой аҳолисининг саводсизлигини таъкидлаган китоблар рўйхатини яна давом эттириш мумкин.
Бироқ ҳақли саволлар туғилади. Хўш, саводсиз халқ бутундунё халқларининг фахру ифтихорнга айланган Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент ва Хевадаги Гўри Амир, Шоҳи Зинда, Бибихоним каби кошоналарни ва бошқа кўплаб осори-атиқаларни қандай қилиб бунёд этган экан? Саводсиз халқ қай йўл билан жаҳонга Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Беруний каби оламга машҳур алломаларни етказиб берди экан? Саводсиз халқ Форобий, Улуғбек, Навоий ва бошқа кўплаб шоиру фозиллари билан оламга донг таратганининг сири нимада? Фурқат, Муқимий, Авлоний, Беҳбудий каби минглаб маърифатпарварлари бўлган халқнинг саводсизлигига ишониш мумкинми?!
Совет даври олимларининг инқилобгача Туркистон маҳаллий аҳолиси саводсизлигини таъкидлаган илмий тадқиқотларининг характерли жиҳати нималарда кўринади?
Биринчидан, бу масалада чоп этилган китобларнинг муаллифлари: ЎзССР ФА президенти Т. Н. Қори-Ниёзий, ЎзССРнинг собиқ маориф министри И. Қ. Қодиров, Тошкент педагогика институтининг собиқ ректори Ш. Абдуллаевдир. Ҳақли савол туғилади: Авторитар система ҳукмрон бўлган, маъмурий буйруқбозлик усулидаги раҳбарлик ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига томир ёйган шароитда бирон-бир оддий олим фан ва маъмуриятни ўз қўлида ушлаб турган юқори лавозимли амалдорларга қарши чиқиши мумкинми? Йўқ, албатта. Шунинг учун ҳам, маҳаллий халқнинг «саводсиз»лиги ҳақидаги маълумотлар тадқиқ этилмай, ижодий ўрганилмай, шунчаки китоблардан китобларга кўчиб келаётир,
Иккинчидан, муаллифлар маҳаллий халқларни ёппасига ёки деярли саводсиз, дея чиқарган хулосаларини Россия империяси аҳолисининг 1897 йилги биринчи рўйхати материаллари билан асослайдилар. Бу рўйхат материаллари қанчалик ҳақиқатга яқин!
Умуман, бу фактларни инқилобгача Туркистон халқлари саводхонлигини илмий тадқиқ этишда тарихий манба сифатида ишлатиб бўладими?
1896 йил 27 июлда Россия империясида биринчи марта аҳолини оммавий рўйхатга олишни амалга ошириш ҳақида подшоҳнинг буйруғи чиқади. Шунга мувофиқ тарзда 1896 йил, 24 ноябрда Туркистон генерал-губернатори ўлкада аҳолини рўйхатга олиш ҳақида буйруқ чиқаради, айни пайтда вилоятлар (Сирдарё, Фарғона, Самарқанд) ва уездларда рўйхатга олиш комиссияларини тасдиқлайди.
Бу ишда умумий раҳбарликни генерал-губернатор ўз зиммасига олади. Аҳолини рўйхатга олиш тадбирига Туркистон ўлкасининг маҳаллий маъмурияти вакиллари қандай муносабатда бўлганлар? Бу ҳақда уезд бошлиқларннинг вилоят ҳарбий губернаторларига рапортларида қуйидагича маълумотлар бор.
Марғилон уездининг бошлиғи шундай ёзади: «…Осиёдаги рўйхатга олиш Европа Россиясидагидан кескин фарқ қилиши керак. Диний урф-одатлар кучлилиги ва тилдаги фарқ туфайли, рўйхатга олиш қийин кечадиган иш».
Қўқон уездининг бошлиғи ёзади: «…Туркистон ўлкасидаги мавжуд мураккаб шароитда бундай ишга (аҳолини рўйхатга олиш—Ким П. Г.) маҳаллий аҳолини жалб этиш ғоятда мушкул. Бунинг учун қандайдир программа ишлаб чиқишни ҳам хаёлга келтириб бўлмайди».
Тошкент уезди бошлиғи ёзади: «Аёлларни рўйхатга олишни ақлга сиғдириб бўлмайди. Аёллар ва болаларни ҳисобга олишда уй эгалари — оила бошлиқларининг жавоблари билан чекланишга тўғри келади».
Кўриниб турибдики, уезд бошлиқлари аҳолининг хулқ-атворини назарда тутишиб, рўйхатга олишнинг муваффақиятли чиқишига кўзлари етмаган. Сирдарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳарбий губернаторлари ҳам шундай хулосага келишган ва ишнинг ютуғидан умид қилишмаган. Улар бу ҳақда генерал-губернаторга ахборот берганлар.
Уезд бошлиқлари, аҳолининг урф-одатлари ва турмуш шароитини ўрганишиб, вилоятлардаги аёлларни рўйхатга олиш учун кўрсатма беришларини сўраб, мурожаат этишган. Бу ўринда Фарғона вилоятадаги рўйхатга олувчи комиссиянинг 1896 йил, 12.декабрь куни бўлган мажлиси протоколи эътиборга молик. Унда шундай ёзилган: «Наманган уезди бошлиғи рўйхатга олишда маҳаллий аҳоли хонадонларининг ичкарисини — аёллар, болаларни рўйхатга олиш учун кўрсатма беришни сўраганлар, чунки маҳаллий аҳолининг урф-одатлари хонадонларнинг ичкарисига бегона кишиларнинг киришларини ман этади. Бу масалага ойдинлик киритиш учун комиссия қарор қилади: «Намангандаги, шунингдек, бошқа барча жойлардаги комиссияларга маълум бўлсинки, ҳар бир мусулмон ҳовли — жойининг ичкариси дахлсизлиги билаи боғлиқ маҳаллий аҳолининг азалий урф-одатларини бузишга йўл қўйилмасин ва масъулият юкланган раҳбарлар, ҳисобчилар рўйхат варақасига аёлларни қайд этишда уй эгаларининг берган маълумотларига амал қилсинлар».
Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари уездларидаги рўйхатга олувчи комиссияларга ҳам шундай буйруқ берилган эди. Шунингдек, маҳаллий халқни рўйхатга оладиган варақани тўлдириш тартиби ҳам мутлақо нотўғри ҳал этилган. 1896 йил 21 июнда Министрлар Комитети «Оқмулла, Семиреченск, Семипалатинск, Тўрғай вилоятлари ва Туркистон ўлкасида рўйхатга олишнинг умумий тартибига айрим тузатишлар» низомини эълон қилди. Бу «Низом»га кўра ушбу вилоятлар ва Туркистон ўлкасидаги кўчманчи аҳолини рўйхатга олишда рўйхат варақасидаги 6—11 ва 14 — графаларини тўлдирмасликка рухсат берилди. Туркистон генерал-губернатори 1896 йил 30 июлда ички ишлар министрига мурожаат этиб, ўлкадаги ўтроқ аҳолини рўйхатга олишда ҳам шу «Низом»га кўра иш юритишга рухсат беришни илтимос қилади.
Бу илтимосга министр телеграмма орқали жавоб йўллаб, аҳолини рўйхатга олишда рўйхат варақасидаги; 6—11 ва 14-графаларни тўлдирмасликка рухсат беради.
«Низом»га кўра, маҳаллий ўтроқ ва кўчманчи аҳолини рўйхатга олишда варақадан табақа, касб-кор, эътиқод ва бошқа муҳим жиҳатларга аниқлик киритадиган, демакки, аҳоли рўйхатининг соф илмий қимматини таъмин этадиган графалар чиқариб ташланади. Натижада рўйхат варақасида асосан аҳоли сонини аниқлашда етакчи аҳамиятга молик графалар қолдирилади. Хуллас, Туркистонда маҳаллий аҳолини рўйхатга олишни амалга оширишнинг шундай тартиби юзага келадики, бунга кўра рўйхат варақасининг етти графаси ўчириб ташланади.
Фарғона вилоятида бизни қизиқтирган масала, яъни аҳолининг саводхонлигини ҳисобга олиш масаласи руслаштириш сиёсати манфаатидан келиб чиқиб ҳал этилган. Фарғона вилоят ҳарбий губернаторининг шахсий ташаббуси билан рўйхат варақасидаги 13-графага «Саводи», деган қўшимча киритилади. Маҳаллий халқнинг саводхонлигини рўйхатга олиш учун губернатор яна бир — «Рус тилида гапира оладими?» деган саволни ҳам қўшади. 13-графага киритилган ўзгаришларни губернатор шундай тушунтиради: «Бу форманинг икки бўлимдан («а» ва «б») иборат 13-графасига яна бир бўлимни кўшиш фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман. Менингча «Рус тилида гапира оладими?» деган савол ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бу саволга берилган жавоб Туркистонда ҳоким миллат тилининг тузем омма орасида тарқалиш меъёрига ижобий хизмат қилади».
Кўриниб турибдики, Фарғона вилоятидаги маҳаллий аҳолининг саводхонлиги фақат рус тилида ўқий олишига эмас, шунингдек русча гапира олишига қараб аниқланган…
Шуцдай қилиб, 1897 йил 28 январдан ўлкада аҳолини: рўйхатга олиш бошланди.
Маъмурият бу муҳим тадбирга етарли тайёргарликсиз ва тушунтириш ишларини амалга оширмай туриб, кўчманчи аҳолини ҳисобга олишда рўйхат варақасидан 7 графани ўчириб ташлаб, аёллар ва болаларни рўйхатга олишда хатоликка йўл қўйилаётганини билган ҳолда ҳамда етарли миқдорда рўйхат варақаларига эга бўлмай туриб киришди.
Аҳоли ҳам, ҳатто ҳисобчиларнинг ўзлари ҳам, аксарият ҳолларда, бу тадбирларнинг мақсад-муддаосини тушунмаган. Рўйхатга олувчи комиссияларнинг ҳисоботларига қараганда, аҳоли тадбирларнинг моҳиятидан бехабар бўлган. Оқибатда, бир қанча жойларда (Сирдарё вилояти, Самарқанд уездининг Матчойи ва Кўктепа волостларида) ҳисобчиларга қаршилик кўрсатилган.
Яна эътибор қиладиган томони шундаки, оила аъзолари рўйхати ёзилган қоғозлардаги маълумотлардан рўйхат варақасига фақатгина ушбу маълумотларни кўчириш мумкин бўлган: Фамилияси ва исми, жинси ва яшаш жойи. Саводи ҳақида эса ҳеч қандай маълумот қайд этилмаган.
Жиззах уездида ҳам оила аъзолари рўйхати қайд этилган қоғозлардаги маълумотларнинг ўзинигина рўйхат варақасига кўчириб ёзиш билан қаноатланилган. Синтоб, Кўктепа волостлари ва Ўш уездида болаларни рўйхатга олишдан яшириш ҳоллари, ҳатто вафот этганлар рўйхатда қайд қилингани кузатилади.
Тадбирга аҳолининг қаршилик кўрсатгани қуйидаги фактларда яққол кўринади:
Фарғона вилоят Балиқчи волостида волост ишбошиси унда яшайдиганларнинг ҳаммасини хатга олгани учун калтакланган.
Қўқон шаҳрининг Саримозор қисмидаги «Али» мадрасасида ҳисобчини мутавалли ва муаллалар таҳқирлайдилар, оқибатда, Фарғона вилояти ҳарбий губернаторининг буйруғи билан, бу мадраса мутаваллиси мансабидан четлатилади. Ўш вилоятида рўйхатга олиш ҳақида ёлғон гапларни тарқатгани учун саратовлик савдогар қувғин қилинади.
Ишнинг сифатини текширишганда, Самарқанд вилоятининг бир неча волостларида аҳолининг 50 фоизига рўйхат варақаси очилмагани маълум бўлади.
Самарқанд вилояти волостларида, аксарият ҳолларда тадбирдан бўйин товлаган кишилар учун волост ишбошиларининг рўйхатларидан кўчириб рўйхат варақаси тўлдирилган. Текшириш хулосаларига доир материалларда таъкидланишича, бланкалар йўқлиги сабабли, ҳисобчилар маълумотларни оддий қоғозга шунчаки рўйхат тариқасида қайд этишган.
Фарғона вилояти аҳолисини рўйхатга олувчи комиссияга қирғиз (қозоқ) тилидаги рўйхат варақалари жўнатилган. Фарғона вилоят генерал-губернатори аҳолини рўйхатга олувчи бош комиссияга мурожаатида бу ҳол жуда катта қийинчилик туғдираётганини айтади.
Қўқон уездидаги рўйхатга олувчи комиссиянинг ҳисоботида шундай дейилади: «Тузем-мусулмонларнинг, балки яратганнинг ўзи уларнинг сон-саноғидан огоҳдир, диний хурофотга берилганликлари, аёлларнинг ҳаёти тутқунликда кечаётгани, ҳисобчи эркакларнинг аёллар ва болалар сонини тўғри қайд этишларига тўсиқ бўлиши эҳтимоли, умуман, бу каби мураккабликлар аҳолини рўйхатга олишнинг натижасига жиддий салбий таъсир кўрсатиши кутилган эди».
Қўқон шаҳрининг 40 фоиз аҳолисига рўйхат варақаси очилмаган.
Сирдарё вилояти аҳолисини рўйхатга олувчи комиссия ҳужжатли материалларга эга бўлмаган. Бу вилоятда рўйхатга олиш қай тарзда амалга оширилганини аниқлаш мушкул. Фақат тахмин қилиш мумкинки, бу жойда қам рўйхат варақасининг барча графалари тўлдирилмаган. Сирдарё ҳарбий губернаторининг Туркистон ўлка генерал-губернаторига 1897 йил 28 сентябрда йўллаган рапорти тахминимизнинг тўғрилигига далил бўла олади. Унда айтилишича, вилоят губернатори рўйхат варақасинннг энг асосий саволларинигина зарур, деб ҳисоблайди, қолган барча саволларни мураккаблиги, ҳисобчилар ишини қийинлаштиргани учун варақадан истисно қилади. Бироқ губернатор қайси графаларни асосий, қайсиларини «асосий эмас» деб ҳисоблашини тушунтириб бермайди.
Умуман, Туркистонда аҳолини руйхатга олишнинг натижалари қандай бўлган?
Самарқанд вилоятида рўйхатга олиш чоғида ғоятда қўпол хатоликларга йўл қўйилади. Вилоят аҳолисини рўйхатга олувчи комиссия ҳисоботига кўра, рўйхатга олиш жараёнида 6—14, шунингдек, «саводи»ни қайд этадиган графалар тўлғазилмаган. Ваҳоланки, 1896 йил 21 июндаги «Низом»га кўра 12 — («она тили») ва 13 — («саводи») графаларни тўлғазиш чекланилмаган. Хўжанд, Жиззах, Ўш уездлари комиссияларининг ҳисоботлари ҳам 13-графа тўлғазилмаганидан гувоҳлик беради. Уездлардаги рўйхатга олувчи комиссиялар аъзоларининг маҳаллий ташкилотларга жўнатган ёзма равишдаги докладларида шу ҳақда сўз юритилади.
Тенерал-губернатор А. Б. Вревский 1895—1897 йиллари қилинган ишлар юзасидан подшоҳга йўллаган ҳисоботида, аҳоли рўйхатида келтирилган маълумотлар, жумладан, халқнинг саводхонлигига доир кўрсатгичлар асоссиз эканлигини тан олишга мажбур бўлади.
Инқилобгача Туркистон тарихи билан шуғулланадиган мутахассислар, 1897 йилги аҳоли рўйхатининг натижалари ҳақиқатдан йироқлигига қарамай, ўз тадқиқотларида уни бемалол ишлатаверадилар. Рўйхат натижалари эса халқ маорифи ва саводхонлиги ҳақидаги хулосаларга асос бўлиб келаётир.
Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқиб айтиш керакки, Туркистонда ўтказилган 1897 йилги аҳолининг умумий рўйхати маълумотларидан инқилобгача Туркистон халқларининг саводхонлигини аниқ белгилашда ишонарли манба сифатида фойдаланиб бўлмайди.
Шундай савол туғилиши табиий: Инқилобгача Туркистон тубжой аҳолисининг саводхонлик даражаси аслида қандай бўлган?
Бу саволга жавоб беришдан олдин 1897 йилги аҳоли рўйхатида саводхонлик деганда нимани назарда тутишганига эътибор берайлик. Кўринадики, 1897 йилги аҳолини рўйхатга олишда «ўқишни биладиган, нари борса, бўғинлаб ўқишни эплай олганлар саводли деб ҳисобланган» (И. М. Богданов «Грамотность и образование в дореволюционной России и в СССР». Москва, 1964).
Ф. А. Брокгауз ва И. А. Эфроннинг Энциклопедик луғатида (9-жилд, СПБ, 1898) ўқиймиз: «Саводхонлик — «саводхон» деган сўз замирида ўқиш ва ёзишни биладиган ёки фақат бирор-бир тилда ўқий оладиган одам назарда тутилади». В. Далнинг «Изоҳли луғати»да (1-жилд. Москва 1955 й.) ҳам мазмунан шунга ўхшаш шарҳ берилган: «Саводхонлик — ўқиш ва ёзишни билиш, айрим ҳолларда фақат биринчиси, ўқий олиш». Бу ўринда В. Далнинг изоҳли луғати XIX асрнинг иккинчи ярмида яратилганини таъкидлаб ўтиш лозим.
Маданият, фан ва техника тараққиёти туфайли саводхонлик тушунчаси ҳам ўзгарди. 1926 йилги аҳоли рўйхатида саводхонлик ўқиш ва ёзишни билишга қараб аниқланган, 1989 йили аҳолини рўйхатга олиш варақасида саводхонликни аниқлаш учун қуйидаги саволлар қайд этилган: «маълумоти» (10-графа), «касб-ҳунар билим юртини тугатганлиги» (11-графа), «таълим олаётган билим масканининг тури». ЮНЕСКО Бош конференциясининг (1958 йил декабрь ойи) Парижда ўтган X сессияси барча мамлакатларга аҳолини рўйхатга олишда саводхонлик тушунчасини аниқлаш учун кишиларнинг ўқий олишлари, ўқиганларни тушуна билишлари ҳамда ўзларининг кундалик ҳаёти ҳақида қисқача баён ёзишга қобилликларини ҳисобга олишни тавсия этади. (Бу фикр И. М. Богдановнинг «Грамотность и обоазование в дореволюционной России и в СССР» китобидан олинди, Москва, 1964).
Энди савол туғилади, 1897 йилги аҳоли рўйхатнда қайд этилган маълумотлар ҳақиқатдан йироқ экан, у ҳолда инқилобгача Туркистон халқларининг саводхонлигини қандай қилиб аниқлаш мумкин?
Бу мураккаб масалага аниқлик киритиш учун тарихий манбаларни тарихий-сиёсий таҳлил усулида тадқиқ этишга уриниб кўрайлик. Қуйида инқилобгача Туркистон, Россия ва Белоруссиядаги таълим бериш ва саводхонликнинг тарихий аҳволини қиёслаймиз. Нега қиёслаш учун атай… Россия ва Белоруссия танланган, деган савол туғилиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, совет олимлари ҳозиргача Россия ва Белоруссияда инқилобгача саводхонликнинг аҳволини, ҳамда 1897 йилги аҳоли рўйхатида қайд этилган Россия империяси халқлари саводхонлигига доир маълумотларни чуқур ўрганганлар.
Аҳолининг саводхонлигини шакллантиришда халқ таълими системаси асосий база бўлиб хизмат қилган. Россия, Белоруссия ва Туркистондаги халқ таълимининг ташкилий томонларида қандай ўхшашликлар бўлган? Аввало шуки, Белоруссия ва Туркистон чор Россиясининг узоқ ўлкалари ҳисобланган. Россия, Белоруссия, Туркистон мактабларида умумий жиҳатлар анчагина. Биринчидан, илдизи қадим-қадимларга кетган диний анъанавий тарбия барча ўлкалар мактаблари учун хос бўлган. Ҳар учала ўлка мактабларида диний қонун-қоидалар қироат қилиш тартиби билан ўргатилган, прогрессив таълим бериш усулларига интилиш сезилади. Туркистондаги мактаблар равнақи Россия империясида халқ таълими тараққиёти жараёнининг бир қисми бўлган. Шунинг учун ўлкадаги мактаблар тарихини Умумроссия маданияти тараққиёти тарихидан ажратиб қарамаслик лозим.
Бу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, ўлкадаги чор ҳукумати маъмурияти мактаб ва мадрасаларга нисбатан турли хил кураш усулларини қўллаган: 1899 йилгача менсимай қараган, 1890 йилдан бошлаб, идоравий йўл билан назорат қилиб туриш учун махсус 3-инспектор лавозимини таъсис этган, 1896 йилдан бошлаб, мактаб ҳам мадрасалар шаҳар ва уезд бошлиқлари орқали назорат қилинган.
В. Наливкиннинг (Туркистон ўлкасидаги халқ билим юртлари 3-инспектори) маориф министрига 1896 йил 8 майда йўллаган ахборотида мактаблар сони ҳақида қизиқарли маълумот бор. У шундай ёзади: «Эътиборингиз учун ушбу хабарни етказишни лозим деб биламанки, айни пайтда Турк ўлкадаги олий мактаб-мадрасаларгина халқ билим юртлари 3-инспекторининг раҳбарлигидадир. Қуйи мактаблар бу инспекторнинг раҳбарлиги доирасидан ташқарида, уларнинг ниҳоятда кўплиги сабабли ҳали сонини олишга муваффақ бўлинмади, менга топширилган инспекция ишларида мактабларнинг сони ҳақида аниқ расмий маълумот йўқлигининг боиси шунда. Бироқ бунга қарамай, қўлимдаги чаларасмий маълумотларга таяниб, ўлкадаги мактабларнинг умумий сони, овуллардаги кўчманчи аҳолининг мактабларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 5000 дан ошишини маълум қилишни жоиз деб биламан».
И. Ғаспирали (1851—1914) — (жадидизм асосчиси. Мадрасада таълим берган, рўзнома нашр қилган, Туркия, Миср, Кавказ ва Туркистон мусулмонлари ҳаётини ўрганган) 1892 йил 7 июлда Туркистон генерал-губернаторига йўллаган мактубида айтилишича, мактабга қатнаган 7—8 ёшдаги болаларга «араб тилида ўқиш (қуръон, намоз ва ҳадис), ёзиш ўргатилади ва абжад-арифметикадан бошланғич сабоқ берилади. Туркистон генерал-губернаторининг 1909 йил 19 мартда маориф министрига ёзган мактубида, Тошкент уезди бошлиғининг 1901 йил 15 ноябрда Сирдарё вилояти ҳарбий губернаторига ахборотида ҳам шу ҳақда гапирилади.
Маҳаллий аҳолига хат-савод ўргатишда мактабларнинг аҳамияти ҳақида С. Граменицкий шундай ёзади: «Маҳаллий халққа шу жойнинг хат-саводини ўргатиш иши Туркистон ўлкасида жуда қадим даврлардаёқ ғоят кенг тарқалган. Ўлка босиб олингач, руслар бу ерда жуда кўп мактаблар борлигини кўрдилар, уларда араб алфавитида она тили ўқитилишига, хат-саводни эгаллаш мусулмон дини билан уйғунлашиб кетганига гувоҳ. бўлдилар» (С. Граменицкий. «Положение инородческого-образования в Сирдарьинской области», Ташкент, 1916).
Ўлка билим юртлари бош инспекторининг 1902 йили маориф министрига ёзган хатида мактабларга шуидай-батафсил таъриф беради: «Рус мусулмонлари худди Европа Россияси, Сибирь ва Ўрта Осиёдагидек ўзларининг мактаб ва мадрасаларида билим олаётирлар. Мактаб ва. мадрасалар халқ турмушида муҳим аҳамият касб этади, ёш авлодга муайян йўналиш беради… Биздаги мактаб ва мадрасалар қайси тартибга кўра ташкил топган? Бизнинг жойларга бу мактаблар, агар маҳаллий шарт-шароитлар тақозосига кўра, ташқи кўринишидаги жузъий ўзгаришни айтмаганда, Бухорода деярли ўзгаришсиз жорий этилган.
Мактаблар бошланғич таълим беришга асосланган. Уларда энг кичик ёшдаги болалар арабчада ўқиш ва ёзишни ўрганадилар, Қуръонни, намозни ва туркий тилдаги бир неча шеърий асарларни ёд оладилар. Мактабларда неча ёшгача ўқиш кераклиги тайин этилмаган. Синфлар ҳеч қандай гуруҳларга ажратилмайди. Таълим босқичлари бир китобни ўзлаштириб, иккинчисига ўтиш билан белгиланади. Таълим олиш муддати ўқувчиларнинг қобилияти, шунингдек, ўқитувчиларнинг тажрибаларига боғлиқ бўлиб, 3—5 йилга боради»…
Совет олимлари Қ. Е. Бендриков ва Й. Абдуллаевнинг китобларида мактабларда хат саводни ўргатиш жараёнлари тадқиқига махсус боблар бағишланган. Бу китобларда, айниқса, Й. Абдуллаев китобида мактабларда хат-саводга ўргатишнинг барча асосий босқичлари батафсил таърифланган.
Шундай қилиб, архив ҳужжатларидаги, бошқа манбалардаги мактаблар ҳақида айтилган барча маълумотлар, уларда хат-савод ўргатилган, деган хулосага олиб келади. Бироқ ҳанузгача тарих фанида инқилобгача мактаблар қотиб қолган, қолоқ эди деган, манбаларга таянилмаган, асоссиз фикр ҳукм суриб келди.
Россия, Белоруссия ва Туркистондаги мактабларнинг ташкилий жиҳатини қиёслаганда, шундай хулосаларга келинади:
Биринчидан, улардаги ўқиш муддати бир хил — 2-3 йил;
Иккинчидан, ўқув предметлари ўхшаш;
Учинчидан, Россия ва Белоруссия мактаблари черковлар қошида, турли жамиятларда, айрим шахслар томонидан очилган. Туркистонда мактаблар мачитларда ва маҳаллаларда очилган.
Тўртинчидан, Россия, Белоруссия ва Туркистон мактабларининг моддий-техника жиҳатдан бўшлиги ҳам бир хил.
Энди манбаларда келтирилган фактларга асосланиб, 1897 йили Россия, Белоруссия ва Туркистонда аҳодининг, мактабларнинг, улардаги ўқувчиларнинг сонларини кузатсак, бу ўлкалардаги саводхонликнинг даражаси ойдинлашади.
Россияда аҳолининг умумий сони — 126 368 800, мактаблар сони — 33 401, ўқувчилар сони — 2 318 100, аҳолининг умумий сонига нисбатан ўқувчилар— 1,8 фоизни ташкил этган ҳолда аҳолининг саводхонлиги — 21 фоиз; Белоруссияда аҳолининг умумий сони 6 492 857, мактаблар сони — 2263, ўқувчилар сони — 125 41.8, аҳолининг умумий сонига нисбатан ўқувчилар — 1,9 фоизни ташкил этган ҳолда, аҳолининг саводхонлиги —24,7 фоиз; Туркистонда аҳолининг умумий сони — 3 792 774, мактаблар сони — 6027, ўқувчилар сони — 64 015, аҳолининг умумий сонига нисбатан ўқувчилар — 1,7 фоизни ташкил этган ҳолда аҳолининг саводхонлиги—19,55 фоиз бўлган.
Инқилобгача Туркистон халқларининг саводхонлигини ўрганиш эътиборни талаб қилади. Бинобарин, давр тарихий ҳақиқатни тиклашга даъват этаётир.
«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.