Лев Разгон. Жаллод хиргойиси (1988)

Ёзувчи ва журналист Лев Разгон умрининг 17 йилини Сталиннинг қамоқхоналарида ва жазо лагерларида ўтказди. Уни «аксилинқилобий ташвиқот»да айблашиб, «халқ душмани» тамғасини босишган эди. Ушбу мақолада муаллиф миллионларнинг ёстиғини қуритган ва миллионларнинг юрагига битмас жароҳат солиб кетган ўша йилларнинг мудҳиш фожналари ҳақида сўзлайди.

1977 йил, ноябрь. Москва, Петроверижский кўчаси. Юрак касалликлари институти. Мен билан бир хонада ётган беморлардан бири — Григорий Ниязов. У хушчақчақ, ҳаракатчан ва анча-мунча дилкаш одам. Ҳеч нарса унинг кўзидан қочиб қутулмайди. Қулоғи шундай сезгирки, коридор четидаги ғала-ғовур ичидан алоҳида сўзларни бемалол илғаб, ажрата олади. Аммо унинг қиёфасида қандайдир хира, одамнинг юрагига ғашлик солувчи бир нима бор. У ўзини, ўз тани ва соғлигини ўйлаб нуқул қақшагани-қақшаган. У, мени яхшироқ даволанглар, деб хархаша қилавериб, докторларнинг энка-тинкасини қуритади. Жиндак ишкал топгудек бўлса, уларни таъна-дашномларга кўмиб ташлайди.

Ниязов билан менга бир вақтда сайр қилишга рухсат беришди. Мен бунга хурсанд бўлдим. Нега десангиз, Ниязов менга сирли бир жумбоқ бўлиб туюлар, баҳонада ана шу жумбоқни ечиш имконияти туғилган эди. Бир гал у, дори-давони тўла бермаяпсиз, деб докторни анча хижолат килган эди. Мен буни, қандай била колдингиз, деб сўраганимда, у ғурурланиб жавоб берган эди: «Бе, мени лақиллатиб бўпти! Мен хавфсизлик агенти, Чеканинг одамиман, ахир!»

Ўша, касалхона ҳовлисида илк бор сайр этганимиз куни ундан шу ҳақда суриштирдим:

«Григорий Иванович, Чекада ишлаганман, дедингизми? Қаерда ишлагансиз?»

«Ҳа, Чекада ишлаганман, Омскда».

«Қамоқхонада мазоратчи бўлганмисиз?»

«Ҳа, Омск турмасида. Дастлаб оддий қамоқхонада, кейин ички турмада».

«Қандай қилиб у ерга бориб қолдингиз?»

Григорий Иванович Ниязовнинг оиласи жуда камбағал эди. Онаси кир ювар, отаси ҳовли қоровули эди. Улар бир амаллаб кун кечиришар, ўн бир болани зўрға боқишарди. Григорий кучли, сержаҳл бола бўлиб ўсди. У ўқишни истамади. Онасининг тергов-қистовига қарамай, еттинчи синфдан сўнг мактабни тарк этди. Унинг ўз ибораси билан айтганда, «оиласига ёрдам бериш учун саёқлик йўлига кирди». Бунинг маъноси шуки, у ўғирлик қила бошлади. Бозор оралаб, магазинларни айланиб, одамларни қон қақшатарди. У якка ўғри бўлди, гуруҳларга қўшилмади, бу йўл унга анча хавфсиз ва қулай бўлиб кўринди.

Ниязовнинг балога ақли етарди, у бўйи чўзилиб қолгач, ўғрилик қилишни тўхтатди, негаки, энди қўлга тушиб қолгудек бўлса, милициянинг «болалар хонаси»гамас, ундан нари — қўрқинчлироқ жойларга жўнатилиши турган гап эди. Милиция унга иш топиб берди. У фабрикада ишлай бошлади. Лекин дастгоҳдан лат еб, ишини ўзгартирди, аввалига юк ташиб юрди, сўнг қоровул бўлиб ишлади. Комендантнинг ишончини қозонди. Ўша, 1935 йилда у кимларгадир маъқул тушди шекилли, кўпдан ўйлаб юрган орзусига етди. Уни Омск турмасига кичик назоратчи қилиб ишга олишди. Омади юришиб, олти ойдан сўнг катта назоратчи бўлди. Кейин ички турмага кўчиришди. Шу ерда то 1937 йилгача ишлади. Сўнгра ундан бир оғиз ҳам сўрамай, «махсус лойиҳалар» деган жойга жўнатишди. Бу Узоқ Шарқдаги темир йўлга яқин бир жой эди. Маҳбусларни йирик шаҳарлар ва район марказларидан келтириб, шу ерда отишарди.

Мен Ниязовнинг саволларимга берган жавобларини сира унутолмайман, уларни сўзма-сўз келтираман, виждонимни ўртага қўйиб айтаманки, ўзимдан ҳеч нарса қўшмадим.

«Махсус лойиҳалар» дегани унча ҳам катта лагерь эмасди. 200—250 кишига мўлжалланган эди. Баъзан оқим кучайиб, маҳбуслар сони 300 тага етарди. Шунинг учун эски ошхонани баракка айлантириб, маҳбуслар ётадиган сўрилар қуришганди. Аммо бу ер ҳамма вақт ҳам гавжум бўлмасди, маҳбуслар бу ерда кўпи билан икки ёки уч кун туришарди, холос. Бу ерда «махсус лойиҳалар»дан бўлак гаплар ҳам бор эди…

Ниязов «лойиҳалар» сўзини қатъий қилиб, мағрур туриб, айтди. Унинг назарида, бу сўзнинг маъноси буюк эди.

«У ерда нима ишлар қилгансиз?»

«Одатдаги ишларни. 24 соат ишлаб, 24 соат дам олардик. Кундузи юк машинаси билан станцияга чиқардик. Маҳбусларни поездда келтиришарди. Биз уларни машиналарга ўтқизиб, лагерга қайтардик. Сўнг уларни хоналарга жойлаштирардик. Кейин соқчилар маҳбусларга шўрва тарқатишар, мен эсам қозон бошида туриб, уларнинг ишини кузатардим. Хуллас, одатдаги ишлар…»

«Уларни ким отарди? Махсус кишиларми?»

«Ҳеч қандай махсус кишилар йўқ эди. Ўзимиз отардик.»

«Қандай қилиб?»

«Эрталаб навбатимиз тугарди. Биз қоровулхонага бориб, автоматлар билан қуролланиб, бир стакандан ароқ ичиб олардик. Кейин рўйхат бўйича хоналарни айланиб, маҳбусларни ташқарига ҳайдаб чиқардик-да, машиналарга ўтқизардик.»

«Қанақа машиналарга?»

«Усти очиқ, оддий юк машиналарга. Ҳар бир машинага олти маҳбус, тўрт соқчи жойлашарди.»

«Улар ўзларини қаёққа олиб кетишаётганини билишармиди? Уларга ҳукм ўқилармиди?»

«Ҳеч қандай ҳукм ўқилмасди, ҳеч нарса дейилмасди. Фақат: «Чиқинг!.. Тўғрига юринг!.. Машинага ўтиринг!..» Вассалом».

«Улар машинада ўзларини қандай тутишарди?»

«Эркаклар овоз чиқармай, жим ўтиришарди. Аммо хотинлар йиғлашар ва жаврашарди: «Оҳ, нима қиляпсизлар ўзи? Бизнинг ҳеч гуноҳимиз йўқ, ўртоқлар, нима қиляпсизлар ўзи?.. ва ҳоказолар…»

«Уларни узоққа элтармидингиз?»

«Тахминан 12 километр нарига ўрмон орасига. Атрофи тепаликлар билан ўралган эди. Биз ана шу жойнинг ўртасига етиб тўхтардик ва маҳбусларни машиналардан туширардик »

«Уларни машиналардан тушириб, бир нималар дермидингиз?»

«Нима ҳам дердик? Биз бақирардик, холос: «Қани, туш! Қимирла! Сафлан!» Уларнинг қаршисида катта хандақ қазилган, тайёр турарди. Улар машинадан тушибоқ, бир-бирларига суқилишиб ғуж бўлиб олишарди. Биз эса шу ондаёқ уларга қараб ўт очардик».

«Улар жим туришаверармиди?»

«Айримлари жим туришар, айримлари эса, биз — коммунистлармиз, бизнинг ҳеч гуноҳимиз йўқ, деб қичқиришарди. Аммо хотинлар фақат йиғлашар, бир-бирларииинг пинжига суқилиб, ғуж бўлиб олишарди биз эса шу ондаёқ уларга қараб…»

«Сизлар билан доктор ҳам бўлармиди?»

«Докторга не ҳожат? биз уларни отардик. Битта-яримтаси ўлмай тирик қолгудай бўлса, уни ҳам тинчитиб, машинага қайтардик. Команда дарҳол ишга киришарди»

«Қанақа команда?»

«Бизнинг махсус зонамизда жиноятчилардан иборат команда бўларди. Улар лагерда у-бу юмушларни бажаришар, асосий хизматлари — хандақ қазиш. отилганларнинг устига тупроқ тортиш ва эртага отиладиганлар учун янги хандақ ҳозирлаш эди. Улар бу ишларни саранжомлаб лагерга қайтишарди. Шу йўсинда уларнинг қамоқ муддатлари қисқариб борарди. Уларни яхши боқишар, бажарадиган ишлари ҳам деярли оғир эмас, ўрмон кесишдан кўра анча енгил эди».

«Хўш, кейин нима қилардингиз?»

Биз лагерга қайтиб автоматларни қоровулхонага топширардик-да, кейин истаганча ароқ ичардик. Ароқ текин эди. Баъзилар ётиб олиб ичишарди. Мен эсам бир стакан ичардим, холос. Сўнг ошхонага кириб, бирор иссиқ овқат еб олардим-да, баракка бориб, ухлардим».

«Яхши ухлармидингиз? Безовта бўлмасмидингиз?»

«Нега безовта бўлай?»

«Ахир ҳозиргина одамларни ўлдириб келдингиз. Уларга ачинмасмидингиз?»

«Йўқ, уларга ачинмасдим. Мен буни ўйламасдим ҳам. Маза қилиб ухлардим. Эртаси куни сайр қилардим. Гўзал манзарали жойлар бор эди. Аммо жуда зерикарли эди. Хотинлар йўқ эди».

«Орангизда уйланганлар ҳам бормиди?»

«Йўқ, уйланганларни хизматга олишмас эди».

«Ўзингиз отган одамларнинг гуноҳсизлигини билармидингиз?»

«Ўшанда мен буни ўйламаганман. Лекин кейинчалик билдим бизни прокурорларга чақиришди. Сўроқ қилишди. Сиз отган одамлар гуноҳсиз экан, хатолик ўтибди, начора… Аммо нима ҳам қила олардингиз, сизларда гуноҳ йўқ, дейишди»

«Хўп. Сизга «от!» дейишган экан, отгансиз. Аммо ўзингиз отган ўша эркаклар ва аёлларнинг гуноҳсизлигини билганингиздан кейин виждонингиз қийнамадими?»

«Виждон дейсизми? Йўқ, қийнамади. Мен бу ҳақда ҳеч қачон ўйламаганман. ўйлаган тақдиримда ҳам ҳеч нарса ўзгармас эди. Одамларга энди ачина бошладим — айниқса, кексалар азоб чекканини кўрсам. Уларга ачиниб кетаман, ҳатто баъзан ўзимни тутолмай ҳўнграб юбораман Аммо анавиларга сира ачинмайман. Назаримда, улар ҳеч қачон тирик бўлмаган .»

Ўша «лойиҳалар»дан энди асар ҳам қолмаган — на Освенцим ёки Маутҳаузенга ўхшаш қўрқинчли музейлар, на Хатин, Салеспилс ёки Лидис сингари аламангиз ёдгорликлар тупроққа қапишган минглаб, юз минглаб, номсиз қабрларни ўрмонлар, бутазорлар, қуюқ ўт-ўланлар қоплаб ётибди…

Лекин уларни отганлар-чи? Улар ҳамон тирик. Ўша жаллодлар оз бўлса-да, ҳозир ҳам учрайди. Бироқ ўшандай қатлгоҳларга сира бормаган, аммо қотиллик устига қотиллик қилганлар анча-мунча топилади. Улар айбномаларга: «мен шундоқ деб ҳисоблайман», «мен розиман», «эътирозим йўқ», «ҳукм этилсин» деб имзолар чекишган эди… Мана, энди улар пенсияга чиқиб, кексалик гаштини суришаяпти. Боғларда ўйнаб юрган болаларга боқиб, завқланишади, концертларга боришади. Биз уларга турли давраларда дуч келамиз. Улар менга тенгдош, айримлари мендан ҳам ёш.

Ниязовнинг ҳикояларини эшитиб, аввалига ҳанг-манг бўлиб юрдим, кейин хасталаниб ётиб қолдим. Аммо шуниси даҳшатлики, унга нисбатан юрагимда нафрат туймадим. У ана улардан яхши бўлмаганидек, ёмон ҳам эмас эди.

«Москов ньюс», 1988 йил, 17 ноябрь

Инглиз тилидан Жамол Камол таржимаси

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 6 январь