Матбуот, радио ва телевидение хабарларидан маълумки, 3—4 июнь кунлари Фарғона область Тошлоқ районида ва Марғилон шаҳрининг Комсомольск посёлкасида бир группа безори ёшлар тартибсизликлар чиқаришди. Натижада кўпгина кўнгилсиз воқеалар содир бўлди. Ички ишлар органларининг ходимлари бу тартибсизликларни олдини олиш чораларини кўришга киришдилар.
Тартибсизлик содир бўлган куниёқ Москвада СССР халқ депутатлари съездида иштирок этаётган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Р. Н. Нишонов, Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг Раиси М. И. Иброҳимов, республика Министрлар Советининг Раиси Ғ. Ҳ. Қодиров, ЎзССР Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосари В. И. Огарок, Фарғона область партия комитетининг биринчи секретари Ш. М. Йўлдошев, Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний бошқармаси ҳайъатининг раиси муфтий Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф, шунингдек, СССР ички ишлар министри В. В. Бакатин Фарғона областига етиб келдилар.
Рўй берган кўнгилсиз воқеанинг сабаблари аниқланмоқда. Бунинг учун Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг Раиси Ғ. Ҳ. Қодиров бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Адлия ва ҳуҳуҳ органларининг мутасадди раҳбарлари иштирокида айбдорлар аниқланмоқда. Жабрдийдаларга эса медицина ёрдами ва бошқа зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Сўнгги маълумотларга қараганда, ана шу нохуш воқеалар натижасида эллик олти киши ҳалок бўлган. 500 дан кўпроқ киши жароҳатланган. 400 дан зиёд уй-жой, 100 дан кўпроқ автомобиль ва 8 саноат корхонасига ўт ёқилган. Шунингдек, олтита муассаса ва ўқув юртига ҳам ўт қўйилган. Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг Фармонига кўра бу ерда комендантлик соати жорий этилди. Фарғона области бўйича ҳарбий комендант қилиб Ўзбекистон ССР ички ишлар министри, генерал-майор Ў. С. Раҳимов тайинланди.
Вазият ҳамон мураккаблигича турибди. Ички ишлар ходимлари ҳарбийлар билан биргаликда вазиятни мўътадиллаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Юзга яқин тартиббузарлар қўлга олинди.
Фарғона областида рўй берган ана шу кўнгилсиз воқеа муносабати билан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети, Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми ва республика Министрлар Совети Ўзбекистон меҳнаткашларига, барча аҳолисига мурожаатнома қабул қилдилар. Унда республикамиз меҳнаткашларини, хусусан Фарғона областида яшаётган барча миллатга мансуб кишиларни аҳил-иноқ, дўст ва тотув яшашга даъват этилади. Айрим экстремистларнинг ғаразли ниятларига қулоқ солмаслик, барча ишларни вазминлик ва ақл-идрок билан ҳал этишга чақирилади.
Фарғонада рўй берган кўнгилсиз воқеа СССР халқ депутатлари съездида қатнашаётган Ўзбекистонлик депутатларнинг ҳам қалбини ларзага солди. Улар республиканинг бутун аҳолисига, Фарғона области меҳнаткашларига мурожаатнома қабул қилдилар. Мурожаатномада жумладан қуйидаги сатрлар бор: «Биз сизларга, атоқли шоирлар, ёзувчилар, мутафаккирлар, маърифатпарварлар авлоди бўлмиш фарғоналик биродарларга, ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, туркманлар, қозоқлар, татарлар ва туркларга, жамики миллатларнинг оқсоқолларига, оталар ва оналарга, йигитлар ва қизларга, муаллимлар ва мураббийларга, ҳамма-ҳаммага қадимий Кремль деворлари ёнида, табаррук Қизил Майдонда туриб мурожаат этамиз.
Эҳтиросларни тезроқ жиловланг, кўпирган қонларингизни совутинг, жаҳл отидан тушинг, қалам тутишга, меҳнат қилишга яратилган қўлларингизни ўз ёр-оғайнингиз боши узра кўтарманг, муқаддас авлодлар руҳига шак келтирманг! Эгилган бошни қилич кесмас деганларидек, нонни ўртага қўйиб, бир бирингиздан узр сўранг, бунақа даҳшат сира такрорланмаслиги учун онт ичинг».
Бу сатрлар республикамиздаги барча пок ниятли кишиларнинг кўнглидаги гаплар каби янгради. Чиндан ҳам ҳар қандай ишни ақл-идрок билан, холислик билан ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун эҳтиросларга берилмай ақл-идрокни ишга солмоқ, вазминлик билан иш юритмоқ зарур.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 9 июнь