Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларда бир қадар тинчлик, осойишталик ҳукм сураётгани баъзи бировларга ёқмаяпти шекилли… Марказий матбуот саҳифаларида чўғни ковлашяпти. Бунга янги мисол Темур Пўлатовнинг яқинда «Московские новости» ҳафталигида босилган «Анголани қувиб етамиз ва ўзиб кетамиз» мақоласидир. Эмишки, Ўзбекистонда руслар ва «рус тилида гаплашувчи аҳоли» танг аҳволга тушиб қолганмиш… Шу сабабли оммавий равишда кўчиб кетишаётганмиш… Аҳвол шундай давом этаверса, Анголани қувиб етиш ва ўзиб кетиш ҳеч гап эмас эмиш… Бир пайтлар португаллар бўшатиб чиққанда, Ангола «ерга ўтириб» қолганидек, Ўзбекистон ҳам четдан келган «мутахассислар»сиз «чўкиб» қолиши муқаррар эмиш… Ва ҳоказо…
Табиийки, Ўзбекистондан йироқда яшовчи, биздаги аҳвол ва шароитдан бехабар ўқувчи бу гаплардан ўзича хулоса чиқаради: Руслар ва «рус тилида гаплашувчи аҳоли» кўчиб кетаётган бўлса… демак, бир гап бор. Жабр ўтмаса, зулм етмаса, киши бир юртни қўйиб, иккинчи юртга кўчиб кетармиди? Ҳа, бу — ўша-ўша ўзбеклар иши… Ўшалар кун беришмаяпти… Бу ўзбеклар дегани ҳеч инсофга келишмас экан-да… Ўзлари-ку, боқиманда бўлиб, бошқалар ҳисобига яшашади… Махфия тузиб, давлат мулкини талон-торож қилишади… Ўғри ҳам — шулар, порахўрлар ҳам — шулар… Бу ҳам етмагандай, хотинлари ҳар йили туғишини айтмайсизми? Вой, лаънатилар-ей!..
Хуллас, узоқдаги ўқувчи бу хил чиқишларни ўқиб шундай деб ўйлайди… Ахир, «жабрдийда» руслар ва «рус тилида гаплашувчи аҳоли» Ўзбекистондан оммавий равишда кўчиб кетишяпти-да… Ишонмайсизми? Мана—мақола! Мана — рақамлар!.. Мана, — маҳаллий муаллифнинг имзоси! Рад этиб кўринг-чи?..
Келинг, шу ҳақда бир мулоҳаза юритайлик. Тўғри, жумҳурият парламенти масалага аниқлик киритишга интилиб, қардош парламентларга мурожаат қилди. Аммо гап чала айтилди, бор ҳақиқат айтилмади. Бошимизга янги-янги таъна-дашномлар ёғдиришаётган экан, нега биз ҳамон индамай, андиша қилиб турамиз? Ҳақ гапни қачон айтамиз?
Масаланинг бошидан тушайлик. Хўш, руслар бу — руслар, аммо «рус тилида гаплашувчи аҳоли» дегани нимаси? Шундай бир халқ ёки шундай бир миллат борми ўзи? Йўқ, бу — ўйлаб чиқарилган матоҳ. Америкада яшовчиларни «америкалик» деймиз. «Инглиз тилида гаплашувчи аҳоли» демаймиз-ку… Ёки Австрияда яшовчиларни «австриялик» деймиз, «немис тилида гаплашувчи аҳоли», деб атамаймиз-ку… Такрор айтаманки, «рус тилида гаплашувчи аҳоли» дегани тўқиб чиқарилган ёлғон гап, янада қатъийроқ қилиб айтадиган бўлсак, хунук бир ниқоб…
Даъвомни далиллаб беришга ҳаракат қиламан. Биламизки, бизда «рус тилида гаплашувчи аҳоли» деганда, аввало яҳудийлар, украинлар, арманлар, корейслар ва бошқаларни кўзда тутишади. Ҳар бирининг худо берган ўз қутлуғ номи бор. Шу номни улар азиз ва муқаддас тутишади, шу ном ила фахрланишади; шу ном таҳқир этилганда, алам ва изтироб чекишади. Мисол учун яҳудий ёки арманининг олдига бориб, сен яҳудий ёки армани эмассан, рус тилида гаплашувчи аҳолисан, деб кўринг-чи, нима деркин… Ёки украин ва корейсга шундай деб кўринг-чи, нима эшитаркансиз… Ахир, бу яҳудий учун ҳам, армани учун; ҳам, украин учун ҳам, корейс учун ҳам — ҳақорат, яъни миллатининг тайини йўқ, деган гап. Ҳолбуки, бизда миллатсиз киши йўқ. Ҳар кишининг миллати паспортида аниқ қилиб ёзиб қўйилган. Бас, шундоқ экан, нега энди кейинги йилларда «рус тилида гаплашувчи аҳоли» деган сохта ибора тўқиб чиқарилди? Ундан кўра, яҳудийлар, украинлар, арманлар Ўзбекистондан кўчиб кетишяпти, деб тўғрисини айтиб қўя қолса бўлмайдими? Йўқ, унда ниқоб йиртилади, ҳақиқат аён бўлади, айюҳаннос солишга ўрин қолмайди. Нега десангиз, яҳудийлар фақат Ўзбекистондан кўчиб кетишаётгани йўқ, улар Россиядан ҳам, Украинадан ҳам, Кавказдан ҳам кўчиб кетишяпти. Яқин-яқинларгача уларни шу ишлари учун ёмонотлиқ қилишга уриндик, лекин энди ҳақиқатга тан бердик, бугун эътироф этиб турибмиз: Яҳудийлар ўз тарихий ватанларига қайтишяпти. Худди немислар Германияга қайтишаётганидек… Бу — қонуний, табиий жараён, бунда ғайритабиий бирор нарса йўқ. Энди савол туғилади: Яҳудийлар Исроилга кетишса, табиий жараён бўлади-ю, украинлар Украинага, татарлар Татаристонга, арманлар Арманистонга кетишса, нотабиий бўладими? Ахир, улар яҳудийларга ўхшаб, Совет Иттифоқидан чиқиб кетишаётгани йўқ; қайтишадиган бўлса, бор-йўғи ўз ота юртларига қайтишади, холос… Ана, кўряпсизми, «рус тилида гаплашувчи аҳоли» демасдан, ҳар кимни ўз миллати номи билан атаб, сўз юритилса, ҳақиқат аён бўлади-қўяди…
Энди русларнинг Ўзбекистондан кўчиб кетишаётгани хусусида… Бу ҳам табиий жараён. Ҳаттоки, тарихий зарурат… Фикримни англатишга ҳаракат қиламан. Россия империясининг чекка ўлкаларини «руслаштириш» сиёсати 1917 йилга келиб тўхтаб қолгани йўқ, шиддат билан давом этаверди. «Қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш» шиори остида марказий Россиядан миллионлаб аҳолини Қозоғистон яйловларига кўчиришди. «Саноатлаштириш» шиори остида миллион-миллион рус деҳқонларини «ишчи» қиёфасига солиб, Ўрта Осиё шаҳарларига олиб келишди. Подшо ҳукумати қилолмаган ишни қисқа бир муддат ичида биз қойил қилиб бажардик, деб Хрушчев мақтанганини бугун кўпчилик билади!..
Хўш, оқибат нима бўлди? Фойдасидан зиёни ортиқ бўлди. Бир томондан бизда Ўрта Осиёда сунъий равишда катта ишсизлик юзага чиқди, иккинчи томондан, поёнсиз рус ерлари — экин-тикин далалари, қишлоқлари ташландиқ хароб аҳволга солинди. Орқа-кетини ўйламай қилинган кўч-кўч «тадбир»нинг натижаси шу бўлдики, Россияда ўн минглаб қишлоқлар, қарийб бир миллионга яқин ҳовли-қўрғон кимсасиз, ҳувиллаб қолди. Азалий серҳосил буғдойзорларни чим босиб, далалар, гўзал ерлар қамишзор, тўқайзорларга айланди. Москвада бир буханка нонни иккига бўлиб сотишаётганида, Москва атрофида, унумдор Россия ерларида тўкилиб-сочилиб, чириб ётган буғдой ҳосилини йиғиштириб олишга одам топилмади, топилмаяпти… Хуллас, деҳқонларидан айрилган Россиянинг қадди эгилиб, бели букилиб қолди. Агар бунинг чораси кўрилмаса, рус қишлоқлари қайта тикланмаса, Россияни истиқболи қоронғу: ҳеч қачон рўшнолик кўрмайди, қорни нонга тўймайди. Доим чеккага қарагани қараган. Етакчи рус иқтисодчи олимлари ҳам буни қайта-қайта айтишяпти.
Хўш, рус қишлоқларини ким тиклайди? Қамиш, тикан босиб ётган ўша ажойиб далаларга ким қайта ҳаёт бағишлайди? Албатта, бутун умид турли-туман шаҳарларни тўлдириб, Т. Пўлатов айтмоқчи миллий низолардан «гангиб» юрган кечаги рус деҳқонлари ва уларнинг болаларидан. Шуни ҳисобга олиб Ельцин ҳукумати қардош жумҳуриятларда яшовчи рус аҳолисига мурожаат қилди, уларни ўз юртига чорлади, рус қишлоқлари тикланмас экан, Россия ҳеч қачон; ўз қадрини ўнглаб ололмайди, деб гапнинг дангалини айтди. Буни тушуниб етганлар ва етаётганлар, бу тарихий чақириққа «лаббай», деб жавоб бераётганлар бор. Ўйлаб қаранг, Россияга кўчиб бораётганларни фермерлик истиқболи — катта истиқбол кутмоқда. Бу — камида юз-ёки эллик гектар ерга хўжайин бўлиш деган сўз. Бу ўзбек деҳқонининг тушига ҳам кирмайди. Хуллас, бугун Ўзбекистондан (бошқа қардош жумҳуриятлардан ҳам) руслар озми-кўпми Россияга кўчиб кетишаётган экан, бу —табиий бир жараён, тарихий бир зарурат, давр тақозоси. Негаки, бошқа йўл йўқ. Рус қишлоқларини руслар тиклайди, космосдан тушиб, биров обод қилиб бермайди. Гапнинг индаллоси шу. Нега шуни баралла айтмаймиз? Ахир, бу гапнинг қўрқадиган, ваҳима қиладиган ери йўқ-ку… Ҳолбуки, ҳақиқатни баралла айтиб, яхши ниятда Россияга кўчиб кетаётшанларга,. давлат йўли билан, зарур шарт-шароитлар ҳозирлаб берилса, майда-чуйда гап-сўзларга, фикрни бошқа ёққа буришларга ўрин қолмасди. Балки шу мавзуда қалам тебратаётганлар ҳам пича инсофга келар, гапни бу қадар айлантиришмасди.
Мутахассислар-чи, сўрайди ўқувчи, улар кетишаётганмиш, касалхоналар врачсиз, заводлар инженерсиз қолаётганмиш… Қайси касалхоналар? Қайси заводлар? Темур Пўлатов даъвосида ҳақ бўлса, бирма-бир айтсин уларни, номларини қатор қилсин! Аравани қуруқ олиб қочишнинг нима кераги бор. Борингки, кетаётганлар бўлсин ҳам дейлик. Қаерда истиқомат қилиш ҳар кимнинг ўз ихтиёри. Бу аввало ўша мутахассиснинг инсоний ҳақ-ҳуқуқи, ҳеч кимса унинг йўлини, ихтиёрини тўсолмайди. Гап-сўзларни кўпайтириш ўрнига кўчувчиларга ҳар томонлама ёрдам бериш керак. Россиядан мутахассислар кетишмаяптими? Москвадаги элчихоналар олдида навбатда турган минглаб одамларни кўргандирсиз, Темур Пўлатов? Хуллас, кетадиганлар Россиядан ҳам! кетишяпти. Аммо, ҳар ҳолда, осмон узилиб, ерга тушгани йўқ!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1990 йил, 7 декабрь.